Menu
Categories
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга
09/05/2018 Бош мақола

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга
ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевга
Бош прокурор Отабек Муродовга
Ички Ишлар вазири Пўлат Бобожоновга
Олий Мажлиси Инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) раиси
Улуғбек Мухаммадиевга
Фарғона вилоят, Қува туман  “Раста” М.Ф.Й,  Ғалаба кўчаси 85 уйда яшовчи, 1962 йил
12 февраль куни туғилган фуқаро
Болтабоев  Бахтиёр Хошимовичдан
А Р И З А.
Мен Болтабоев  Бахтиёр Хошимович юқорида кўрсатилган манзилда яшаб келаман. 3 нафар фарзандим бор. Маълумотим олий.
Фарғона вилоят хуқуқни мухофаза қилувчи идора  ходимлари томонидан ўғлим Хошимов Шодиёр Бахтиёр ўғлига нисбатан қилинган нохақликлар ушбу аризани ёзишга мажбур қилди.
          Мен суд хуқуқ тартибот идораси ходимларини шаффофлигига жуда ишонар эдим, шунинг учун хам ўғлим Хошимов Шодиёр Бахтиёр ўғлига нисбатан юритилган жиноят иши буйича суд хукми эълон килингунига қадар сабр килиб келган эдим. Хар кандай ота-она ҳам ўз фарзандини “оппоғим” дейди, аммо ушбу ҳолатда Ўзбекистон  Республикаси фуқароларини Россия давлатига алдов йўли билан чақиртириб олиб, уларга хайвонларга килингандек муносабатда бўлган, ўзи Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб кетиб, Ўзбекистон фуқароларига қахр кўзи билан қараб келган, уларга қулларга қилинганидек муносабатда бўлган, Қўқон шахар ИИБ томонидан “Одам савдоси” жиноятини содир этганлиги учун қидирувда бўлган Халимов Олим томонидан ўғлимни “ит”дек қийнаб, уни ўлдирмоқчи бўлган вақтида уни ўзини жарохатлаб, автомашинасини юкхонасига жойлаб уйга, Ватанига қочиб келган ҳолати бўйича адолатсиз жазо чораси тайинлангани, ушбу аризани ёзишга ва сиздан ёрдам сўрашга мени мажбур қилди.
Воқеа тафсилотларига келадиган бўлсам, ўғлим Ш.Б.Хошимов 1990 йил 2 ноябрь куни туғилган, хали уйланмаган, ёшлиги туфайли муқаддам судланиб қолган, оилада ёлгиз ўғил ҳисобланади, ишга жойлаша олмай кўпчилик қатори ўз тақдирини Россияда ишлаб пул топишга боғламокчи бўлди, чунки оилавий шароитимиз яхши бўлмай қолган эди, опасини турмушга узатишимиз керак эди.
2016 йил июнь ойида Қўқон шахрида яшовчи Жасур исмли таниши уни Россияга ишга таклиф қилган экан. Биз уни Россияга бориб ишлашига дастлаб қарши бўлдик, аммо ишсизлиги туфайли судланиб колаётганлигини уйлаб, уни Россияга ишлаш учун кетишига розилик билдирдик. Жасур ўз таниши Халимов Олим орқали ўғлимга Москва шахрида иш билан бирга ётоқ, озиқ-овқат, йўл кира хақи билан таъминлашини ваъда қилиб, уни хайдовчиликка таклиф қилган экан. Халимов Олим ўғлим билан телефон орқали гаплашган вақтида, ваъда килинган шароитларни яратиб бериш билан 300 АҚШ доллари микдорида иш хақи беришини таклиф қилган экан.
Ўғлим 2016 йил 18 июль куни Тошкент-Внуково рейси бўйича Тошкент халқаро аэропортидан жўнаб кетди. Москвага етиб олиб телефон орқали бу хақда хабар берди. Уларни асли Қўқон шахридан бўлган Халимов Олим деган шахс кутиб олибди. Шундан сўнг орадан икки хафта утмай, яъни 2016 йил 2 август куни ўғлим жарохатланган бир холатда уйимизга қайтиб келди.
Ўғлимнинг сўзидан воқеа холатини эшитдик ва ИИБга хабар беришни таклиф қилдик. Бизга маълум бўлишича воқеалар қуйидагича содир бўлган экан:
Халимов Олим Россияга ишлаш учун кетиб қолгач, у ерда Россия фуқаролигини олган экан, уни Москва марказида, шунингдек Москва шахридан 130 км узоқликда бир нечта дўконлари бўлиб, Ўзбекистон ва Тожикистондан фуқароларни алдов йўли билан ишга таклиф қилиб, уларни ишлатиб, иш хақларини тўлик бермай бойиган шахс экан. У ўз машинасида ўғлимни ишчилар яшайдиган квартирасига олиб бориб, ўзаро сухбат чоғида ўғлимдан Қўқонлик бир нечта болаларни исмини айтиб, уларни таниш, танишмаслигини сўраган экан. Ўғлим у айтган шахслардан баъзиларини танишлиги ҳакида айтганида, унинг ҳолати ўзгарибди. Шундан сўнг Фарғона вилоят МХХ ва ИИБ ходимлари ҳақида қизиқиб сўрабди. Бунинг сабаби, ўзи қидирувда бўлгани учун ўзини ушлаб келиш учун Ўзбекистон махсус юборилган шахсларни аниқлаш мақсадида шундай сўровларни ўтказар экан.
Халимов Олим ўғлимни “Подмосковье”даги дўконида ишлашини айтиб, уни ўша ердаги дўконига олиб бориб, уни ўша ердаги ишчилар билан таништириб, ишчилар устидан назорат килиб бориш ваколатини берибди, шунда ўғлим унга “хайдовчиликка ишга таклиф қилган эдингиз-ку”-, деб бундай масъулиятли ишни эплай олмаслигини айтибди. У эса “бу ерда мени айтганим бўлади, мен кимни қаерга ишга қўйсам уша ерда ишлайди” деб жавоб берибди.
Шундай қилиб, ўғлим ишчиларни норози қиёфада, нохуш кайфиятда ишлаётганликларини сабабини сўраган вақтида, улар бир неча ойдан бери ойлик иш хақи ололмаётганликларини айтишиб, ундан иш хақларини олиб беришни талаб қилишибди. Шунинг учун Олимга телефон қилиб, ундан ишчиларнинг ойлик иш хакини беришини сўраган вақтида, у ўғлимга “сен ақлли бўлиб кетяпсан, бу ишлар билан ишинг бўлмасин” деб бақириб берибди.
Ўғлим ишчилардан иш сифатини талаб қилиши натижасида Тожикистонлик Акмал исмли йигит иш хақини сўраб жанжаллашиб кетибди, Олим машинасида келиб уларни икковини ўрмонга олиб бориб, машинасидан бир дона қирқма милтиқ ва бир дона пистолет олиб, уларга бериб “қани от, қайси биринг зўрсан” деб дўқ қилибди. Улар қуролни олишмагач, у ўзини мақтаб “Москвада бирорта Ўзбекистонлик мендек бўла олмайди” деб гапирибди.
Шундан сўнг дўконига қайтиб келиб ўғлимга сен билан энди очиқчасига гаплашайлик, сен мени ишимни, ўрнимни эгалламокчисан, ёки сени Ўзбекистондан бирортаси ёллаганми?”-, деб сўраб қолибди. Ўғлим ишлаб пул топиш учун келганлигини айтганида, у ўғлимни хақорат қилиб, унга ташланиб, қўлидаги қирқма милтиқ билан бошига уриб жарохатлабди, ўғлим қўли билан ҳимояланганида қўли йиртилиб қон оқа бошлабди. Ўғлим машинадан тушиб қочмоқчи бўлган вақтида орқасидан ерга бир-икки маротаба ўқ узиб қўрқитибди. Ўғлим тўхтаб қолганида “қочсанг бошингдан отаман, машинага ўтир”-, деб қуролини ўқталибди. Уни машинасига қайтариб ўтқазиб “мана энди қўлимга тушдинг, энди менга сен шпионни Ўзбекистондан ким жўнатганини айтасан, Миллий Хавфсизликни одамимисан ёки ИИБ бўлиминими?”-, деб боши ва юзига қурол билан тинмай урибди, ва “энди қўлимга тушдинг жосус, барибир ўласан, ўлимингдан олдин айтиб кет, кимни одами эканлигингни”-, дея тинмай уятли сўзлар билан хақорат қилибди, йўлда кимларгадир телефон килиб “менга Ўзбекистан “жосус” жўнатибди, мана уни башараси” деб ўғлимни ўз телефонидан ўзбек миллатига мансуб бўлмаган қандайдир одамларга кўрсатиб кетибди.
Халимов Олим ўғлимни фуқаролик паспортини олиб қўйиб, шу зайлда уч кун давомида машинасига ўтқазиб, эшикларини қулфлаб олиб, егулик бермай олиб юриб, унга “сенга ўхшаганларни бир нечтасини ўрмон ичида тинчитиб юборганман” деб айтиб, қуролларни ўқталиб қўрқитибди, ўзининг сўзларини тасдиқламоқчи бўлиб ўғлимни ўзи яшайдиган уйи олдига бориб, хотинига телефон қилиб, уйида сақланаётган қуролларини олиб чиқишини буюрибди. Хотини 2 та катта сумкага солинган автомат, ўқотар қуролларини олиб чиқиб берибди, у эса шу қуролларни намойиш қилиб, ўқталиб яна қўрқита бошлабди.
Халимов О. ўғлимни ўзи билан олиб юриб Ўзбекистонга “Жасур” исмли танишига телефон қилиб, бўхтон гапларни гапириб, ўғлимни “МХХ агенти” эканлигини айтиб, уни қандай қийнаётганлигини “ИМО” мессенжери орқали кўрсатиб қийнабди.
Шундан сўнг Олим ўғлимни бошқа миллат вакиллари ишлаётган дўкон олдига олиб бориб, унга қурол ўқталиб кўчадаги оқ стол тагига тўрт оёқлаб киришга мажбурлаб, сўнг итни чақиргандек стол тагидан уни “ма-ма” деб чақириб, устидан кулиб, итдек хўрлабди. Шунда бошка миллат вакиллари Олимга “уялмайсанми? ўзингни юртингдан – Ўзбекистондан-ку” десалар, у юртимизни ва Юртбошимизни хақоратлаб сўкиб ташлабди.
Шу воқеадан сўнг ўғлим билан бирга ишлаш учун борган Лазиз, Дадахон ака ва унинг ўғли Хусанбойларни чақириб “сенларми Жасурнинг қариндошлари” деб уларни хам уриб, сўка бошлабди. Сўнг уларга нарсаларини йиғиштириб чиқишларини айтиб, хаммаларини машинасида қаергадир олиб кетибди. Йўлда уларни тинмай хақорат қилиб “энди кунларинг битди” деб бақириб ўғлимни яна қўлидаги қуроли билан уриб, Жасурга телефон қилиб “ИМО” мессенжери орқали кўрсатиб кетибди. Йўлда Жасурга уларни ўлдириш учун олиб кетаётганини айтиб, йўл четига тўхтаб олиб, уларга қараб “сенларни кунларинг битди” деб яна тазйиқ ўтказа бошлабди, Жасур унга “уларга тегма, улар Ўзбекистон фуқаролари, ҳаммаси учун жавоб берасан” деганида, Олим “хали сен мени қўрқитяпсанми, хей Ўзбекистониниям, Президентиниям… тушундингми” деб пистолетни қўлига олиб, ўқлаб машинани олди ўриндиғида ўтирган Дадахон ака томонга қараб отибди, менимча қурқитиш учун отган бўлса керак ўқ машина ойнасига тегибди, сўнг ўғлим томондаги эшикни очиб уни тепиб қўлидаги пистолетидан унга қарата ўқ узибди, аммо ўқ машина ўриндиғига тегибди (бу холатлар автомашинани кўздан кечириш баённомаларида ҳам қайд этилган экан), Олим “сени шунчаки ўлдирмайман, қийнаб ўлдираман “шпион””-, деб ўғлимнинг бошига қирқма милтиғининг қўндоғи билан урибди, ўғлим шу вақтда қаттиқ қурқиб, рухий карахтлик холатига тушиб колган экан, тирик қолишдан умидини узиб, ўлим ёқасига келиб қолганини аниқ, равшан сезиб, кўзи олдига бизни келтириб, унга: “Ота-онамни бир дона ўғиллариман, мендан бошқа хеч кими йўқ, мени ўлдирманг”-, дея олибди холос.
Олим эса вахшийларча муносабатда бўлиб, уларни хақоратлашда давом этибди. Шу вақт машинани нариги томонида ўтирган Лазизхон Олим ўтирган ўриндиққа ташланиб ўша ердаги қуролини олишга эришибди, Олим ёнида ўтирган Хусанбойни устидан ўтиб Лазизга ташланибди, натижада улар иккови машинадан пастга юмалаб тушиб кетишибди, шу вақтда ўғлим жон холатда ташқарига отилиб чиқибди, шу вақтда пастда бир маротаба ўқ овозини эшитибди, Лазиз ерда ётган ҳолатда Олим эса унинг устида пичок билан унга хамла қилаётган пайтда ўғлим Олимни орқасидан ташланибди, шунда Олим ўғлим томонга ўгирилиб унга бир мушт тушириб яна Лазиз томонга юзланган вақтда Олимни ёнидан қирқма милтиқ тушибди, ўғлим жон ҳолатда уни ердан олиб, Олимни бошига бир-икки маротаба уриб ерга йиқитибди, шундагина Лазизни хаёти сақланиб қолибди ва ердан туришга уринибди.
Дадахон ака ва Хусанбойлар эса ўша ўқ овозидан сўнг қочиб кетиб бўлишган экан. Шундан сўнг Олимни ўз автомашинасини юкхонасига жойлашиб, машинани бошқариб йўлга яқин қишлоқ яқинига, уша ердаги одамлар кўрар деган мақсадда қолдириб, Лазиз билан қочиб кетишибди. Москва шахрига келиб Жасурга телефон қилиб, Олимдан шу зайлда қочиб кетишганлигини айтиб, Ўзбекистонга қайтиш учун йўл кирага пул жўнатишини илтимос қилишибди.
Шундан сўнг Жасур уларга электрон чипта жўнатибди ва улар 2 август куни уйимизга қайтиб келишди. Биз ўғлимизни аҳволини кўриб қўрқиб кетдик. У бизга бўлган воқеаларни батафсил айтиб берди ва биз унга ИИБга бориб бўлган воқеалар ҳақида хабар беришини тайинладик. Орадан бир неча кун ўтиб Қува тумани марказий шифохонасига борган вақтида Қува тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари Жўраев Дониёр ва Зохидларни кўриб қолиб, уларга Россия билан боғлик ҳолатларни айтиб берибди.
2016 йил декабрь ойида Фарғона вилояти ИИБдан Комил ва Элёр исмли ходимлар келишиб ўғлимни Қува туман ИИБга олиб кетишди, у ерда ўғлимни шафқатсизларча уриб, калтаклаб сўроқ қилиб, ўғлимни номидан ўзлари тушунтириш хати ёзиб, ўғлимга ўқитмасдан имзо чекдирган эканлар. Бу ҳолатни судда эшитиб билдик.
Минг афсуслар бўлсинки, ўзи қидирувда бўлган ва Ўзбекистон фуқароларининг мехнатидан фойдаланиб, уларнинг иш хақларини бермай, азоблаб келаётган Олим Халимовдек шахсни ўлимида ўғлимни ва Лазизни айблаб тергов харакатлари ўтказилди. Жиноят иши судга берилди. Мен одил суддан умид қилган эдим, афсус суд ҳам ўғлимни қотилликда айблаб 16 йил 6 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазосига хукм қилди.
Тўғри! ўғлим муқаддам судланган, қонунни бузган, аммо қонунни бузишига     О. Халимовнинг зулмлари, ўлдириш билан реал холатда қўрқитишлари сабаб бўлмаганми? Қонун Россияда бузилган, агарда ўғлимни Россия қонунлари билан суд қилишганида эди, уни албатта зарурий мудофаа чегарасидан четга чиққанликда айблаган бўлар эдилар, ёки О. Халимовнинг кирдикорларини, шахсини инобатга олиниб ўғлимга енгилрок жазо чораси тайинланган бўлар эди.
Мен, Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳимоя қилади деб умид қилган эдим, аммо бу ҳолатда аксинча бўлиб чиқди. Ўзи қидирувда бўлсада, одамларни ўз манфаати йўлида ёллаб, уларнинг мехнатларидан фойдаланиб келаётган, одам савдоси билан шуғулланиб юрган О. Халимовнинг ўғлимга ва бошқаларга берган азоблари ва тахқирлашлари, шунингдек Лазизхонни ўлдириш учун қилган харакатлари туфайли унинг бошига уриб жарохатлагани, уни ўлдириш мақсади бўлмагани умуман инобатга олинмади.
Агарда ўғлимда ёки Лазизхонда О.Халимовни ўлдириш мақсади бўлганида, уни уша ерни ўзида қуролидан ўқ узиб ўлдирган бўлмас эдиларми?, ўғлим ва Лазизхон бундай қилмай, уни автомашинасини юкхонасига жойлаб, ахоли яшаш жойига яқин жойга ташлаб кетган эканларку.
Бунинг сабабини сўралган вақтида О.Халимовни бирор шахс топгунига қадар Ўзбекистонга қочиб қолайлик деган мақсадда шундай қилганликларини билдиришди, бу хақиқатга мос ҳолат бўлсада, суд буни инобатга олмади.
Азиз юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган махкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги 2017 йил 29 сентябрь кунги Ф-5071-сонли Фармойишини, 2018 йил ийд Рамазон хайити муносабати билан баъзи махкумларни афв этиш ҳақидаги қарорини эшитиб, ўқиган вақтимдан бошлаб  ўғлимни афв этишларини сўраб ариза ёзишни мақсад қилиб келаётган эдим, чунки Мустақкил Ўзбекистон Республикасининг бир фуқароси сифатида ўз Президентимдан ўғлимни афв этишни сўрашга ўзимни ҳақли деб ҳисоблайман.
Мухтарам Президент ва давлат арбоблари
Мен Россияга иш ахтариб борган ва ўша ерда одам савдоси билан шуғулланиб юрган О. Халимовнинг содир этган жиноий қилмишларидан ўзини ва дўстини ҳимоя қилиши натижасида унга ўлими билан боғлиқ жарохат етказган ўғлим Хошимов Шодиёр Бахтиёр ўғлига нисбатан бўлган жиноят ишини қайта кўриб чиқишни Ўзбекистон Республикаси Олий судига топширишингизни, шунингдек ўғлимга имконият бериб афв этишингизни илтимос қилиб сўрайман.
Ўғлим Хошимов Шодиёр Бахтиёр ўғлини албатта тузалиш йўлига ўтиб, мустақил Ватанимизга содиқ фарзанд бўлишига сўз бераман.
           Сизларга хурмат билан:
                              Аризачи:                               Б. Х. Болтабоев
                                                          2018 йил 25 июль
Leave a Reply
*