Menu
Categories
Вазир Абдулазиз Комиловга: Ўзбекнинг пули кераг-у, ўзи керак эмасми?!
09/05/2018 Бош мақола
 
Бердиёр ЖУМАЕВ,
халқаро журналист.
ЎЗБЕКНИНГ ПУЛИ КЕРАК-У – ЎЗИ КЕРАК ЭМАСМИ?!
 
Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири Абдулазиз КОМИЛОВга!
 
Жаноб вазир! Мана, деярли тўрт ҳафтадир-ки, Россиядаги “Ватандош” минтақалараро ўзбеклар юртдошлиги жамиятининг президенти ва муҳожир ўзбекларимизнинг фидойиси ҳамда жонкуяри Усмон Баратов асос солган “Ватандош” телеканали томонидан тарқатилган ҳамда интернет тармоқларини остин-устун, ағдар-тўнтар қилиб юборган давомли мудҳиш видеохабарлар бутун дунё ахборот олами бўйлаб кезиб юрибди.
Уларда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлидан бўлган Бахтиёр Отажонов исм-шарифли 34 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг 2018 йил 8 март куни Москва вилоятидаги Солнечногорский тумани полициячиси томонидан, мутлақо асоссиз равишда, итдан-да баттар тепкиланганлиги ва калтакланганлиги, хўрланганлиги ва ҳақоратланганлиги, сўнгра эса, авахтага тиқиб ташланганлиги тўғрисида бутун жумлаи жаҳонга жар солинди.
Ушбу хусусда сизнинг бевосита тасарруфингизда ва бўйсунувингизда бўлган Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонасигаям қайта-қайта расмий ва норасмий тарзда хабарлар берилганлиги, аммо у тарафдан ҳеч қандай муносабат билдирилмаганлиги ҳақидаям такрор-такрор бонг урилди.
Янада энг даҳшатлиси, Россиядаги “Ватандош” минтақалараро ўзбеклар юртдошлиги жамиятининг президенти Усмон Баратов ҳамда бир неча ўзбекистонлик кўнгиллилар ўша калтакланган Бахтиёр Отажонов исм-шарифли йигит ҳамда мана шу машъум ҳодисадан кейин Москвага боришга мажбур бўлган унинг онаси Дилбар Нурумова билан биргаликда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига боришган экан.
Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳимоялари ҳамда ҳуқуқий муҳофазалари билан шуғулланишлари мажбурий ва шарт бўлган расмий ваколатхонангиз ходимлари эса, уларни қабул қилиш ҳамда яқиндан тегишли-ю ваколатли ёрдам кўрсатиш ўрнига, ўз қоровулларига буюриб, ушбу жабрдийдаларни мазкур элчихонанинг дарвозасидан-да киритмасдан туриб, ташқарига ҳайдаб чиқарганликлари миллионлаб одамларнинг, ҳаққоний равишда ғазабларини қўзғатди ҳамда нафратларини уйғотди.
Минг-минг таассуфлар билан қайд этмоқ даркор-ки, ўтган давр мобайнида мана шу масалага бевосита дахлдор ҳамда масъул бўлган на Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси ва на Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ҳеч қандай муносабатларини билдирмади. Гўёки ушбу ҳодисалар ерда рўй бермоқда-ю, лекин мазкур жавобгар масъуллар ўзларини осмонда учиб юрган каби тутдилар.
Ушмундоқ бепарволикнинг-беписандликнинг ўзиёқ Россияда меҳнат қилиб юрган ҳамда давлатимизнинг бўшаб қолган ғазнасини тўлдириб келаётган (2017 йилда Россиядаги муҳожир ватандошларимизнинг Ўзбекистонга 3 миллиард 902 миллион АҚШ доллари юборганликларидан ҳамда ушбу борада биринчиликни згаллаганликларидан хабарингиз бордир…) Ўзбекистон фуқароларининг тақдирлари ҳамда фожиалари сизларни мутлақо қизиқтирмаслигидан яққол далолат кўрсатиб турибди. Ҳолбуки, бу ўзингиз раҳбарлик қилаётган вазирлик ва унинг Россиядаги жавобгар шахсларининг бевосита хизмат бурчи ҳамда асосий вазифасига киради-ку!
Нима, уларнинг, яъни мардикор ўзбекларимизнинг, ниҳоятда қийин-оғир шароитларда ишлаб топишлари эвазига юборилаётган миллиардлаб доллар маблағлари Ўзбекистонга керак-у, аммо уларнинг ўзлари керак эмасмилар?!
Балки ёдларингиздан кўтарилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” – дея номланувчи иккинчи бўлимидаги 22-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди” – дея таъкидланганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг паспортидаги “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир” – дея уқтирилганлигини эслатиб ўтиш ўринлидир.
Ўзбекистоннинг Асосий Қонунидаги ҳамда Ўзбекистоннинг бош ҳужжатидаги мана шундай таъкидлар, наҳотки, Ўзбекистоннинг мана шу уқтиришлар билан бевосита боғлиқ бўлган Ташқи ишлар вазирлигига дахлдор бўлмаса?!
Холисанлиллоҳ айтиладиган бўлса, бундай фожиалар мутлақо янгилик эмасдир ва улар йиллар мобайнида давом этиб келмоқда.
Балки шахсан ўзингизнинг вақтингиз йўқдир-у, аммо тегишли одамларингизга топшириқ бериб, текширтириб кўришингиз мумкин ва зарур-ки, ижтимоий тармоқлар, айнан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўзбекистонликларга мутлақо эътиборсизлиги, ходимларининг қўполлиги хусусидаги эътирозларга, арзларга, ҳамда лаънатлашларга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхоновнинг фаолиятсизлиги устидан шикоятларга ва сўкишларга тўлиб-тошиб кетганлигига гувоҳ бўласиз.
Очиғини айтадиган бўлсам, булардан шахсан сизнинг воқиф эмаслигингизгаям ишониш мумкин эмас.
“Ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини, ватандошларининг дард-у ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб, Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин?!”.
 Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишда айтган юқоридаги гапларини бежизга келтираётганим йўқ. Мен Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов ўзбек халқининг тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини қай даражада билишидан хабарсизман-у, бироқ унинг ватандошларимиз дардлари-ю ташвишларидан нақадар йироқлигига, уларни юрагидан ўтказмаслигига ишончим комил. Эндиликда эса, шахсан ўзингизнинг ҳам-ки, ушбу борадаги позициянгизга шубҳа пайдо бўлди, жаноб вазир…
Дарвоқе, Ўзбекистон Президенти юқорида келтириб ўтганимиз йиғинда: “Ўзингиз айтинг, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?” – дея қаттиқ танқид қилганди. Мана шу издиҳомдан сўнг, ўзбекча “Ахборот” дастуридаги чиқишида Баҳром Ашрафхонов рус тилида гапирган эди.
“Озодлик” радиосининг яқиндаги, янаям аниқроғи 22 мартдаги мазкур мавзуга бағишланган видеолавҳасида таъкидланди-ки: “Подмосковьенинг Солнечногорский туманида 8 март – Хотин-қизлар байрами куни икки нафар полиция ходими ўзбекистонлик бир гуруҳ муҳожирни ўларча калтаклади. Ҳақоратланган, калтакланган муҳожирлар, устига-устак, “полицияга кўрсатган қаршилиги” учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин”.
“Озодлик”нинг тағин уқтириши-ча, бундан 4 йил, олдин ўзбекистонлик 39 яшар Фаррух Ўрозов ҳам, айнан ана шу полиция бўлимида 3 нафар полициячи томонидан уриб ўлдирилган экан.
* * *
Хуллас, юқоридаги сингари фожиалар ҳамда можаролар тўхтовсиз давом этмоқда. Мундоқ олганда, Россиянинг ҳадсиз ҳудудларида – тегишли қонуний ҳамда ҳуқуқий кўмаклар кўрсатилмаётганлиги оқибатида – ноҳақ хорланаётган, хўрланаётган, зўрланаётган, майиб-мажруҳ қилинаётган, ўлдирилаётган меҳнат муҳожирлари сон-саноқсиз.
Айни муносабат билан, жаноб вазир, сизга саволим:
– Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси бундан буёғигаям Ўзбекистоннинг Россиядаги фуқаролари билан боғлиқ бўлган мана шундай фожиалар ҳамда ҳақсизликларга бефарқ қараб, лоқайд томошабин бўлиб тураверадиларми?!
"1" Comment
  1. В. Путин В. Медведевга тахтни топшираётганда 10 та мухим тактикани ўргатган экан. Бу тактикани эса Каримов дархол амалга жорий килган экан. Шундан 2 тактикадан иқтибос: “Юқори мансабдаги амалдорларни садоқатда ва итоатда ушламоқчи бўлсанг, уларнинг фарзандларини элчихоналарга, чет элдаги хар-хил фондларга, давлатимиз корхоналарини чет элда савдо уйларига ишга жойлаштир. Бунда уларнинг фарзандларига компромат уюштириш ва бу компромат билан амалдорларни ўзларини тизгинда ушлаб туриш осон бўлади” иқтибос тугади. Шунинг учун Россия давлати хам чет элда фаолият юритаетган ўзларини вакилларини билими ва ақли билан фукороларини химоя килишга кодир булган илғор давлатлар қаторига қўшила олмайди. Уларда хам буткул порахўрларнинг ноқобил фарзандлари шундай амалларда ишлаб юришади.

Leave a Reply
*