Menu
Categories
Муҳаммад Исмоил: ИЛМИМНИ ЗИЁДА ҚИЛ, ПАРВАРДИГОРИМ !
09/16/2018 Дунё

ИЛМИМНИ ЗИЁДА ҚИЛ, ПАРВАРДИГОРИМ !
(Тоҳа сураси, 114-оят)

Яқинда икки ёш турмуш қуришга розилик бермаганлиги учун ўзини поезд тагига ташлаганлигини эшитдим. Қиз ўн етти ёш, йигит йигирма бир ёш экан.
Бу ҳодисани турлича талқин қилиш мумкин. Муҳаббат учун жон қурбон қилиш дейиш ҳам..
Бир бирлари учун жонини ҳам аямади дейиш ҳам…
Бу дунёда бирга бўлмасак, нариги дунёда бирга бўламиз дейиш ҳам…
Бизни бу дунёда ҳеч бир куч ажратолмайди дейиш ҳам…
Қаршиликларга қарши исён дейиш ҳам мумкин.
Шоирона романтика дейиш ҳам мумкин.
Ёшлик бебошлик дейиш ҳам мумкин.
Ёшликка хос жўшқинлик оқибати ҳам дейиш мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам энг катта жабр, улар ўйлаганидек, бошқаларга эмас, айнан уларнинг ўзларига бўлди. Улар қарши чиққан, улар ўч оламиз, улар мана кўриб қўйишади, нима бўлишини деб ўйлаган, улар душман деб ўйлаган, ўз ота-оналари, қавму-қариндошларига эмас, энг катта жабрни, энг катта йўқотишни, энг катта фалокатни ўзгалар эмас, айнан икки ёшни ўзлари кўришди. Улар ўз ҳаётларини йўқотдилар. Ўз умрларини бой беришдилар. Бу дунёдаги энг азиз нарса тириклик деган улуғ неъматдан бебаҳра қолдилар. Қолганлар эса тирик. Қолганлар ғам андуҳ чекиб, қайғуга ботсаларда, ҳаёт деган бебаҳо лаззат, ўз гўзалликларини баҳраманд этиб, қолганларни турли туман саодат билан роҳатлантиришда давом этмоқда.
Қолаверса… муҳаббат бу, бир бирини жарга итариш эмас, бир бирини юксаклик сари етаклашдир. Йигит ростдан ҳам қизни жон дили билан севганида, уни поезд тагига ташлашга ҳеч қачон рози бўлмаган, аксинча, мен сени дунёдаги энг бахтли, энг саодатли, барча орзу умидлари ушалган, маликалар сингари ҳаёт кечирувчи қизга айлантираман ва бунинг учун танимда қатра қон қолгунча курашаман, бу дунёда ҳеч қандай тўсиқ йўлимни тўсиб қолаолмайди, мени ҳеч ким ҳеч қачон тўхтатаолмайди дейиши керак эди.
Агар қиз ҳам йигитни жону-дилидан севганида, авваломбор бу сўзни қиз йигитга айтиши керак эди. Чунки, яшаш маъносида қиз болалар ўғил болаларга нисбатан ҳамиша ақллироқ, донороқ, яшовчанроқ, ҳаётни севувчанроқ, камроқ таваккал қилувчи,камроқ мардлик, камроқ жасорат кўрсатувчи бўлишади. Агар қиз бола, қўйинг, бу йўлдан қайтайлик, мен сизни яшашингизни истайман, мен сизни дунёдаги энг бахтли инсон бўлишингизни, севги ва муҳаббатдан ҳамиша сармаст яшашингизни, сиз давримизнинг энг мард, жасур, оилапарвар, халқимизга, миллатимизга хизмат қиладиган буюк инсон бўлишингизни, галстук тақиб, кўча кўйда ғоз юришингизни истайман, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, оила қурамиз, бир умр чўрингиз бўлиб хизматингизни қиламан деганда, албатта йигит ўз шаҳдидан қайтган бўлар эди. Аммо… афсуски улар бошқа йўлни танлашди. Улар ота оналарига, қавму қариндошга, ҳамшаҳру-ҳамқишлоқларига, жамиятга қарши… қасддан, ўчакишиб бошқа йўл танлашди.
Энди 21 яшар фарзандини йўқотган ота онанинг аҳволини тасаввур қилинг. Она, сен ўлгандан кўра мен ўлсам бўлмасмиди деб, оҳу фарёд чекаётганини кўрасиз. Мени қаро ерга киргизиб кетдинг, ўғлим деб унсиз нола қилаётган ота кўз олдингизга келади. Бундай жабру-жафони, бундай оғир мусибатни ҳеч кимга раво кўрмаган бўлар эдик. Ота онани мана шундай кулфатга, фалокатга қасддан, атайлаб ташлаб кетиш қайси фарзандлик ўлчовига тўғри келади.
Ўн етти яшарлик гулдай қиз, ҳали она қучоғидан чиқиб улгурмаган, ҳали болалик завқу-шавқи танасидан кетиб улгурмаган, ҳали ҳаётга боқиб ҳайрати кўзида балқиб турган қиз, ота-онаси не машаққатлар билан уни парваришлаб, бошида тож сингари кўтариб, катта қилганини, ўзлари емай унга едирганини, ўзлари ичмай унга ичирганини, ўзлари киймай аввал унга кийдирганини, ўзларидан кўра уни яхшироқ кўришини унутишга улгурмаган қиз, ота онасига қарши исён қилиб, қасдлашиши ҳеч қандай ақл торозусига ҳам, ҳеч қандай инсонийлик одоб аҳлоқ чегараларига ҳам сиғмайди. Бу фақат ваҳшийлик, бу фақат йиртқичлик, бу фақат қутириш аломатлари холос. Улар ўзлари билмаган ҳолда, ота оналарига қарши энг ашаддий душманлари ҳам қилмаган ваҳшийликни қилдилар.
Улар балки, тушкинлик тузоғига тушиб қолганликлари учун қилгандирлар. Балки, жоҳилликдан, балки илмсизликдан, балки ўз қобиқларига ўзлари ўралашиб қолганликлари учун, бу ишни қилгандирлар. Балки қўрқувдан, балки ваҳима босганидан, балки бирор доирини таъсиридан бу ишни қилгандирлар. Бу сирни улар ўзлари билан олиб кетдилар. Бу сир нималиги энди биргина Худонинг ўзигагина аён.
Бу мақолани ёзиб, икки ёш норасидани ортидан тавқи лаънат отмоқчи эмасман. Ўлган ўлиб кетди, Худойимнинг ўзи энди улар билан ҳисоб китоб қилади. Ўз қилмишларига энди улар ўзлари жавоб беришади. Тирикларнинг ҳеч бири энди, уларнинг ҳисоб китоб дафтарига, на яхши гап, на ёмон гап қўшаолади. Энди уларнинг ортидан гапиришга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Гап шундаки, гап уларнинг ўзидагина бўлганида ушбу мақолани ёзиб ўтирмасдим. Ёзаётганимнинг сабаби, афсуски ундайлар битта иккита эмас, ўнта ўн бешталаб эмас, бундай фожеалар кейинги йилларда юзлаб бўлаяпти. Бу ёзаётганларим ўликларга эмас, тирикларга, тушунмай бундай фожеаларга қўл уриши мумкин бўлганларга атаб ёзилмоқда.
Яқинда, ўн олти ёшга кирган қизга атаб, синфдоши севги мактубини ёзган. Мактуб айланиб айланиб қизнинг акасининг қўлига тушган. Акаси, мактуб ёзган “ошиқи беқарор”ни ўласи қилиб урган. “Ошиқи беқарор”ни отаси қизникига кетмон кўтариб келган, қизнинг уриб дарвозасини синдирган, болани урган, болага қўшиб онасини урган, онасини ураётганда отаси етиб келган, бутун қишлоқ иккига бўлиниб, уруша кетган, бу шармандаликларга, гап сўз, ур-йиқитга чидайолмаган қиз, уйга кирган-у, ўзини дераза пардасига осган. Салга тушиб кетадиган дераза пардаси, фалокат босиб, мустаҳкамроқ чиқиб қолган, то қизнинг жони чиққунча кўтариб тураверган…
Куч ишлатар тизими ходимлари ер солиғи, уй солиғи, даромад солиғи тўламагани учун уй эгасини қаттиқ қийин қистовга олган. Уйни тортиб оламиз дея, дўқ пўписа қилган, иш ёқалашишгача, судгача борган. Уй эгаси жаҳл устида қасддан, барча уй оила аъзоларини, икки боласини, хотинини, ўзини уй ичига олган-у, эшикни қулфлаб, бутун уйни ёққан. Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқди, деганларидай аламини ўзидан олган, ғазабини ўзига сочган. Ўз ҳаётини, болалари, аҳли аёлини ҳаётини жуда жуда арзонга сотган. Жоҳилликнинг, калтафаҳмликнинг, ваҳшийликнинг энг олий намунасини намойиш этган.
Бундай ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари намунасини яна ва яна бир қанчасини мисол қилиб келтириш мумкин. 2018 йил 6 ойи давомида Сурхондарёда 59 нафар ёш йигит-қиз ўз жонига қасд қилган ва улардан бор йўғи 21 нафаригина тирик қолган. 2017 Самарқанд вилоятида 145 аёл ўз жонига қасд қилган. 2017 йил етти ойи давомида Фарғона вилоятида 24 бола ўз жонига қасд қилган. Бундай мисолларни мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятидан келтириш мумкин.
Аммо гапни чўзиб ўтиришдан, мисол келтиришдан мақсадимиз нима эканлигини, нима демоқчи эканлигимизни айтиб қўя қолайлик.
Мақсадимиз, қиёматда энг оғир жазога мубтало бўлгувчилар, айнан ўз жонига қасд қилганлар эканлигини айтиш, Оллоҳ ўз ояти каримасида “Шунингдек, ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Оллоҳ сизларга раҳм-шавқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят) деганлигини тушинтириш ва бундай қалтис ва мудҳиш йўлга кириши мумкин бўлганларни огоҳлантиришдир.
Оллоҳ инсонни ҳамма гуноҳларини кечирар экан, аммо ўз жонига қасд қилган, ўзини ўзи ўлдирган одамни, ҳар қандай ҳолатда, у ҳатто мана шунга мажбур бўлган ҳолатда ҳам асло уни кечирмас экан. Ўзини ўзи ўлдирган одам албатта жаҳаннамнинг энг чуқур, энг оловли, энг қақшатгич азобли алангасининг ўртасидан жой топар экан.
Оллоҳ, нафақат одамни ўзини ўлдиришга, ҳатто оғир лаҳзаларда ўзига бирон тан жароҳати беришдан, қўлни кесишдан, юзни тимдалашдан, бошга муштлашдан, совуқ сувга ташлаб ўзини атай касал қилишдан,гиёҳвандликдан, турли туман маст қилувчи дориларни ичишдан, ўткир дориларни атай кўп ичиб, ўзини бир балога дучор қилишдан, спиртли ичимликлардан, ўзини ўзи абгор қилишнинг, ўзига ўзи суиқасд қилишнинг, жонини гаровга қўйишнинг ҳар қандай туридан қайтаради ва буни қаттиқ қоралайди. Энди Оллоҳ таолонинг бу ҳақдаги ояти карималарини мазмун моҳиятини мағзини чақишга ҳаракат қилайлик: “Ерда ўрмалаган нарса борки ҳаммасининг ризқи Оллоҳ зиммасидадир”(Ҳуд сураси, 6-оят). “Оллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Бақара сураси, 286 – оят).”( Эй, Муҳаммад алайҳиссалом ) Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу фоний дунёда эзгу ишлар қилган зотлар учун боқий дунёда жаннат боғлари бордир. Оллоҳнинг даргоҳи кенгдир. Ҳеч шак шубҳа йўқки, сабр тоқат билан ҳаёт кечирганларга роҳатда яшашлари учун фирдавс кошоналаридан гўзал масканлар берилур.( Зумар сураси, 10-оят).” Оллоҳ ўз бандаларига меҳрибондир”. ( Шўро сураси, 10-оят). “У деди: “ Парвардигорингиз фазлу марҳаматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлур”. (Ҳижр сураси, 56-оят). “ У одамлар тушкунликка тушганларидан кейин, уларни шодлантириш учун ёмғир ёғдирадиган ва ўз марҳаматини, барокатини кенг ёядиган Зотдир. ( Шўро сураси, 28-оят)
“ У зот ҳар куни ҳаётни янгилаб турар. Албатта ҳар бир машаққат ортидан Оллоҳнинг изни билан фароғат ҳам келар. Албатта ҳар бир мушкулотнинг ортидан енгиллик-ҳаловат ҳам келур. У Зот ҳамиша уйғоқ, бедор ва огоҳ, ўз вазифасини бажариб тургувчидир. (Шарҳ сураси, 5-6 оятлар).
Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, инсон озгина сабр қилса, бу ҳаёт тегирмони ўзгарувчан, алмашиб турувчи, ёмон кунлар ортидан, яхши кунлар келувчи, қийинчиликлардан кейин роҳат фароғатли кунлар, саодатли лаҳзалар келадиган, ҳаловатдан кейин ҳалокат келадиган, соғлиқдан кейин касаллик келадиган, инсон яна соғайиб яна ўйнаб куладиган, бир имтиҳондан ўтиб иккинчи имтиҳонга борадиган, кундан кейин тунни, тундан кейин тонгни юборадиган, ойнинг ўн бешини ёруғ қилиб, қолган ўн бешини қоронғу қиладиган, сабр тоқат билан юксакликка интиладиганларга туганмас бахту-тароватни насиб қилдирадиган, Яратган Парвардигори олам бошқариб турган ҳаёт чархпалагидир бу ёруғ олам. Ҳаёт бир лаҳза бўлсин бир жойда туриб қолмайди. У ҳамиша ўзгарувчан. Ҳеч қачон қаро кунлар ортидан яна қаро кунлар келмайди, албатта тун тонгни етаклаб келади. Шунинг учун, одам ўзини ўзи ўлдириши Оллоҳга ишонмасликдан, Оллоҳнинг ёруғ кунларига, кенг марҳаматига ишонмасликдан, ношукурликдан, бесабрликдан, иймонсизликдан, шунингдек ўз ота онасига ҳам ишонмасликдан, уларнинг меҳру-муҳаббатига беписандликдан, ёру-биродарлар, ошна оғайнилар, таниш билишларни қадрламасликдан, халқ, миллат деган қадриятларни оёғ ости қилиб топташдан, нонкўрликдан, қалбан сўқирликдан, инсониятнинг юзига оёқ қўйишдан бошқа нарса эмас. Ўз ўзини ўлдирган одамга ҳатто жаноза ҳам ўқимаслигининг сабаби ҳам шу. Чунки, ўзини ўзи ўлдирган одам Оллоҳга кофир бўлади. Кофирга эса жаноза ўқилмайди. Чунки у мусулмон биродарларини бирортасини биродар деб ёнига бормади, бу ишда Оллоҳнинг хукми менга қандай бўлади деб сўрамади, жамоатдан узилди, жамоат ҳам энди ундан юз ўгиради ва унинг жанозасида қатнашишни ўзига маън қилади. Оллоҳ ҳаммамизни бундай фалокатдан, бундай даҳшатли хатодан омон сақласин, бало қазоларни нари қилсин. Омийн. Биз яшашимиз учун, ҳайратланишимиз учун, мўъжизаларга гувоҳ бўлишимиз учун бу ёруғ оламда миллион миллион мўъжизавий хилқатларни яратдики, фақат лол қолишдан, Оллоҳнинг буюклигига таслим бўлишдан, бу дунёни нақадар мукаммал ва бебаҳо гўзалликларга лиммо лим тўлдириб ташлаганига маҳлиё бўлишдан, бутун вужудимиз, бутун ақлу ҳушимиз, онгу шууримиз, қалб қўъримиз билан тан беришдан, бандачилик қилишдан, ҳамду сано айтишдан, Яратганни улуғлашдан, Парвардигоримизнинг аркони, Қуръони шарифни ўрганишдан, ояти шарифлар асосида яшашдан, ислом йўлини энг тўғри йўл деб билишдан бошқа ишимиз қолмабди. Оллоҳ яратган, жимитдеккина пашшада қанчадан қанча мўъжиза борлигини кўрайли-га !
“400 минг марта катталаштириб кўрсатадиган электрон микроскопда кўрилганда маълум бўлдики, пашшанинг бошида юзта кўзи, оғзида 48 та тиши, кўксида 3 та юраги бор экан. Пашшанинг танасида ҳароратни ўлчовчи термометр бор экан. У атрофидаги нарсаларни рангидан, шаклидангина эмас, ҳароратидан ҳам таниб олар экан. Пашшанинг қонни таҳлил қилувчи ускунаси бўлиб, у орқали қайси танага қўниш, қайси танадан қон олиш, қайсидан олмасликни ҳал этар экан. Шунинг учун, у ҳаммадан қон сўравермай, худди биз овқатни танлаб егандай, у ҳам танлаб танлаб, ўзига маъқул келган, ўзига хуш ёққан қонни сўрар экан. Пашшанинг нинаси бўлмиш хартумида олтита йўлак бўлиб, ҳар бири ўз вазифасини бажарар экан. Пашшанинг панжаларида худди бургутники сингари ўткир тирноқлари бўлиб, қўнган пайтларда ишга солар экан.( Шайх Набулсий китобидан)
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:
“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар” (Луқмон сураси, 11-оят).
Оллоҳ таоло биргина пашшада (Тошкентда уни чивин дейишади) шунча мўъжиза яратган экан, пашшадан каттароқ қушларда, қўй қўзида, сигир-у бузоқда, қолаверса ҳамма ҳамма нарсада қанчадан қанча мўъжиза мужассам экан. Инсоннинг ўзи мўъжиза эмасми? Кўзинг, қулоғинг, бурнинг, қўл оёғинг ҳамма ҳаммаси мўъжиза эмасми ? Олимларнинг аниқлашича, битта одам танасидаги томирларнинг узунлиги юз минг километр экан. Бу ақлни танг қолдирадиган мўъжиза эмасми? Инсон юраги шу қадар қудратли ва мустаҳкам эканки, бутун умр мобайнида у икки юз эллик миллион марта урар экан? Бу лол қолдирувчи мўъжиза эмасми? Инсоннинг тухум катталигидай буйраги бир миллион икки юз минг фильтрга эга экан. Бу Оллоҳдан бошқа ҳеч ким бажараолмайдиган мўъжизаку! Инсон миясига икки ярим миллион гегабайтлик хотира сиғар экан. Инсоннинг кўриш қобилияти 576 мегапихсел экан. Дунёдаги энг зўр фотоаппарат ёки видеокамеранинг кўриш қобилияти бор йўғи 50 мегапихсел, холос. Нега шунча мўъжизага эга бўла туриб, Оллоҳ унга шунча марҳамат кўрсатган бўлсада, нега инсон ўзини ўлимга махкум этади? Бу берилган тана, бизга Оллоҳнинг омонатику? Нега уни асраб авайламаймиз? Доноликни чегараси бору, нодонликни чегараси йўқ деб, балки шуни айтсалар керакда. Одам ўзини ўзи ўлдириши, шу ўринда айтиш керакки, ахмоқликнинг энг юқори чўққисидир. Бундай нодонликдан, бундай жоҳилликдан, калтаўйликдан, илмсизликдан Оллоҳим барчамизни асрасин.
Ҳадиси шариф: “Кимда ким тоғдан ўзини ташлаб ўлдирса, бас, у жаҳаннамда абадул абад ўзини жаҳаннам ўтига ташлайверади. Кимда ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, бас, заҳари қўлида бўлган ҳолда абадул абад жаҳаннам оловини ичаверади. Кимда ким ўзини темур асбоб билан ўлдирса, жаҳаннамда ўша темир асбоб билан ўз қорнига абадул абад ураверади.” Имом Бухорий.(5778)
Шу ўринда биз адибларда ҳам озгина айб, озгина нотўғри фикрлаш, озгина ҳаволаниб кетиш ва бу нуқсонларимиз ортидан ўқувчиларимизни чалғитиб қўядиган гуноҳларимиз бор. “Ёрим сенга жоним фидо,” “Сени бир лаҳза кўрмасам ўлиб қоламан,” “Сенсиз яшолмайман”, “Сен мени ҳаётимсан”,”Сенсиз менга бу дунё қоронғу”, “Адо бўлдим” каби мисралар қаламимиз остидан чақнаб чиқиб кетаверади.( Бу сўзларим бугунги замонавий шоирлар ҳақидадир. Асло, Алишер Навоий ёки Бобораҳим Машраб боболаримиз ҳақида эмасдир. Улар авлиё зотлар эдилар. Нафақат уларнинг ўзлари, балки уларнинг адабий қаҳрамонлари бўлмиш Лайли, Мажнун, Фарҳод ва Ширинлар ҳам, Оллоҳнинг ошиқлари, валий зотлар эдилар. Бу ҳақда, бошқа мақолаларимизда бошқа сафар батафсилроқ тўхталиб ўтамиз. ) Шу гапларни рост деб билган баъзи ошиқи беқарорлар ўзини ўлдирмай кимни ўлдирсин. Аммо билишмайдики, шу сўзларни ёзган шоирларни бирортаси ҳали ўзини ўлдиргани йўқ. Шунчаки ёрга яхши кўриниш учун шеър ёзиб қўйишган, холос. Айниқса, бу шеърларни қўшиқ қилиб куйлаган хонандалар, ўзларини ўлдириш тугул, адо бўлиш фикридан ҳам мутлақо йироқлар. Аммо, шу ўлдим куйдимларга ишонадиган, ўзларини ўлдириб, куйдирадиганлар ҳам, шу шеърлардаги гапларни рост деб биладиганлар ҳам орамиздан чиқиб қолаяпти. Эй, ёронлар, бу сўзларга мутлақо ишонманглар. Албатта, дунёда муҳаббат туйғуси бор нарса. Муҳаббатнинг борлиги ҳам рост. Аммо ҳақиқий муҳаббат, инсонни ҳалокатга етакловчи эмас, улуғликка етакловчидир. Агар у ҳалокатга етакласа, демак у муҳаббат эмас. Қолаверса, ҳақиқий инсон, ўз ақлу ҳушини таниган, баркамол инсон, маҳлуқни эмас Ҳолиқни севувчи инсондир. Оллоҳни севган, Оллоҳга иймон келтирган инсон, Оллоҳ турганда, у яратган нарса учун, у яратган инсон учун жонини фидо қилмайди. Оллоҳ қолиб, у яратган инсон учун ўзини қурбон қилса, албатта кофир бўлади. Қолаверса, Еру-осмонларни, бутун самоватни, Ой-у юлдузларни, сайёраларни, миллиард миллиард одамларни, миллиард миллиард ҳайвонларни, уммонларни, дарёларни, тоғу тошларни, кўзимиз кўриб, ақлимиз англаб турган ҳамма ҳамма нарсани Яратган зот Оллоҳ бўлса-ю, ўша биз севган маҳбубанинг ўзини ҳам Оллоҳ яратган бўлса-ю, нега Оллоҳга эмас, унинг махлуқига жонимизни фидо қилишимиз керак. Бизда озгина иймон бўлса, ёзадиган жонбахшида сатрларимизни бундан кейин ўйлаброқ ёзсак, ўзини ўлимга махкум қилиб қўяётган ошиқларимизни сафини бироз камайишига хисса қўшиб қолар эдик. Бу хусусда Оллоҳ таолонинг шундай ояти каримаси ҳам бор: “ Шоирларга эргашганлар адашурлар, магар иймон келтирганларигина бундан мустаснодир”. (Шуаро сураси, – оят).
Иймон келтирган шоир эса, ҳар гўзални кўрганда жонини нисор қилавермайди. Ҳеч бўлмаганда номаҳрамга қараш (албатта кўпчилик шоирлар негадир маҳрамига қараб жунбушга келавермайди, негадир уларга атаб туну-кун шеър ёзавермайди), гуноҳ эканлигини англайди, хаёлларидан ҳеч бўлмаганда Оллоҳ таолонинг ушбу ояти карималари ўтади: (Эй, Муҳаммад алайҳиссалом), иймон келтирган аҳли мусулмонга айтинг, номаҳрам аёлларга қарашдан ўзларини тийсинлар ва авратларини ҳаром ҳаришдан сақласинлар!” ( Нур сураси, 30-оят.)
Сўз якунида шуни айтмоқчиманки, албатта ушбу мақола ўтганларни, ўзини ўзи ўлдирганларнинг ортидан отилган таъна тошлари эмас, балки тирикларга қарата, “Ҳаётни севинг, тирикликни улуғ неъмат деб билинг, умрингизни ҳар бир лаҳзасини завқу-шавққа, меҳру-муҳаббатга, эзгуликка, савоб ишларга тўлдиринг !” маъносидаги даъатнома деб тушинишингизни истар эдим. Ҳаёт сиз ўйлаганчалик узоқ ва туганмас муддат эмас. Бугун йигирма ёшда бўлсангиз, ҳадемай элликка кириб қоласиз. Элликка кирсангиз, ҳаётингиз поёнига етаётганини ҳар лаҳза ҳис қилиб турасиз. Шундай экан, Худо берган, тириклик деган улуғ неъматни қадрига етайлик, ҳар бир лаҳзасини ардоқлайлик, ҳар бир кунни шарафга, шонга тўлдирайлик. Агар бу ишлар қўлимиздан келмаса, Каъбани зиёрат қилишдан ҳам улуғроқ иш, бир инсон қалбини шодликка, бахтга, севинчга, фарахга тўлдирайлик. Ёинки эллик йил нафл номози ўқишдан ҳам улуғроқ иш, бир соат илм олиш, илму-ирфон билан тафаккуримизга чироқ ёқиш билан машғул бўлайлик. Ёки энг олий саодатларнинг бири, бир неча дақиқа бўлсин Қуръон ўқиб, ўзимизни азизлар қаторига қўйиш бахтига мушарраф бўлайлик. Буларнинг ҳеч бири ҳеч бир машаққат талаб қилмайдиган, аммо инсонга катта саодат келтирадиган барокатли юмушлардир. Аслини олганда, оддий инсонийлик бурч бўлмиш, онангизни она деб суюшнинг ўзини ҳам, қанча гашти, қанча завқу шавқи бор. Онанинг қучоғида бир лаҳза бўлишнинг ўзини қанча таровати бор. Фарзандингизни бир лаҳза қучиш, меҳру муҳаббат билан эркалашнинг ўзи дунё дунё фароғат бахш этади инсонга. Дўстингиз билан бир соат хангома қилиб ўтириш, дилдан суҳбат қилиш туганмас ҳузур ҳаловат эмасми ? Яна қанча бахт керак инсонга ?! Ҳеч бўлмаганда ФБда ўтириш ҳам, одамларнинг фикри билан ўртоқлашиш ҳам кишига қанчалик завқ беради. Хуллас, бу дунё бахту-саодатга тўла ! Биз ундан баҳраманд бўлишни билишимиз керак, холос. Бундай бахту саодатларни бир бир санайверсам, уларнинг сони фалакдаги юлдузларнинг сонидан ошса ошадики, асло кам бўлмайди. Албатта, ҳаёт қийинчиликларга, хафагарчиликларга, машаққатларга тўла. Аммо, уларнинг ҳаммасини йиғиб, хирмон қилиб уйсангиз, уйган хирмонингиз қабр дўнгалагича бўлса, бу дунёнинг яхши ва гўзал жиҳатларини тўпласангиз, баландлиги Ҳимолай тоғидан баландроқ ва салобатлироқ бўлиб кетади. Чунки, “Оллоҳ ўз бандаларига Меҳрибондир!” (Шўро сураси, 19-оят)

МУҲАММАД ИСМОИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси азоси.

Image may contain: 1 person, suit
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
"1" Comment
  1. Ilmni xudo ziyoda qilmaydi. Ilmni o’rganib mehnat qilib zoyoda qilinadi.

Leave a Reply
*