Menu
Categories
ИСМАТ ХУШЕВ ЛИБЕРАЛМИ (Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири ҳақидаги тадқиқот)
09/23/2018 Бош мақола

 

 

ИСМАТ ХУШЕВ ЛИБЕРАЛМИ

 

“Дунё ўзбеклари” халқаро интернет нашри асосчиси

Исмат Хушевга тўёна ўрнида қутлов мактуби.

 

1. 

Бир донишманд:   – ҳақиқатни шул қадар кўп айтингларки, токи уни таъқиб этиш имкони қолмасин., деган экан.  Исмат Хушевнинг ранг – баранг мавзудаги мақолаларини ўқиб беихтиёр шу ҳикмат ёдимга келади.  

Олис Канадада туриб, Ватанимизда бўлаётган сиёсий – ижтимоий жараёнлар, қонун ниқобидаги зўравонликлар, порахўрлик, коррупция, мардикорчилик каби юзлаб муаммолар ҳақида давлат раҳбарига оқилона ечимлар илинжида самимий мактублар ёзаётган., дўстим ҳақида фикри тиниқ дўстларнинг илиқ фикрларини эшитганда дилим ёришади! 

 “Дунё ўзбеклари” сайтига кирсам, “Адабиёт ва санъат” газетасига устоз Одил Ёқубов муҳаррир бўлган дамларни эсладим.  Айни дамда Ватандан олисда бўлсада., озод овози боис, исмат Хушевни ватанда ҳар кун сени эслайдилар! Тўғрироғи, Исмат ўзимизга ўзимизни эслатиб, айни чоғда ўзини унутмасликга ҳам мажбур этмоқда.  

Мамлакат ичкарисида зуттар ахборот воситаси йўқлиги  “Дунё ўзбеклари” нашрига кенг йўл очди. Бу ҳақда “Мушук қани, ёхуд чимилдиқ кўрмаган нашрлар” мақоламизда ўз мулоҳазаларимизни билдирганмиз. Эркин фикрга муштоқ хабарлар жамланиб улкан ахборот марказига айланиб бораётган бу жараённи улкан халқ ҳашарига менгзаш ҳам мумкин.  

Исмат, дастлаб “пошшо” деган оғаси: – кечиримли бўлайлик., деб ўта даҳшатли хунрезликни хаспўшлаб турганида, унинг “Қирғизлар” шеъри жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳали, донишманд сиёсатдонлар бу жуда ўткир памфлет – асарга муносиб баҳо беришга шошилмай, шеър таъсирида сукут сақлаб туришган бўлсалар – НЕ АЖАБ!

 “Дунё ўзбеклари” кўтарган бундай долзарб мавзулардан кўра, унинг эътиборидан четда қолган муаммоларни санаш осонроқ…

 

2. 

Қайси адабий даврага бормайлик, “Дунё ўзбеклари” ва унда чоп этилган оташин мақолалар қизғин баҳсларга сабаб бўлади! Улуғ Алишер Навоий ҳазратларининг:   

Чун бу насим эсди азал тоғидан,

Мунча гул очилди жаҳон боғидан.,

деган  сатрлари бугунги тезоб интернет асрида худди башорат каби янграйди.

Демак – масофа нисбий. Интернетда тинимсиз гаплашадиганлар ҳам бор. Аслида, ҳамма гап уларнинг нима ҳақда гаплашишларида:

Кўп сирларни фош қилдинг.,

жаҳон сайти қўлингда,

Темур руҳи қўлласин

 дўстим юрар йўлингда…

Келгусида Ўзбекистон журналистикаси тарихида алоҳида “ностандарт” – Исмат Хушев асос солган – журналистика мактаби  тан олиниб дарслик ҳолида чоп этилишига шубҳам йўқ!

Хотираларимни титкилаб кўрсам дилимга яқин дўстлару, оғайниларга турфа

муносабатлар  ила ёзилган шеърлар ҳам бир китоб бўлипти. Ҳали чоп этилмаган “Бағишловлар” китобида дўстим Исмат номи қайд этилган “Соғинч” сарлавҳали шеър ёзилганига ҳам 26 йил бўлипти: 

Сизларни соғиндим дўстларим

Бекпўлат, Ихтиёр, Искандар, Исмат…

Бир ой йироқларда яшадим Сиздан

Бир ой тутқунликда сақлади қисмат.

                                               

Бир ойки юрагим санчиб оғрийди.

Ғалати тушларим, тахминларимдан.

Вужуд ҳам жимгина нурай бошларкан

Узоқлашган сайин яқинларингдан.

 

30.05.90. Ғарбий Украина.  

26 йил муқаддам Трусковец  саноториясида ёзилган сатрларни, дўстимнинг туғилган куни арафасида ажиб бир ҳасрат ила 21 асрнинг 2017 йил санасида олис Канаданинг Торонтасига йўллаётирман. 

Вужуд ҳам жимгина нурай бошларкан., узоқлашган сайин яқинларингдан.,

биз бугун ўша пайтларда нураб бошлаган вужуднинг қартайган эгаларимиз.

Кимдир ватанда, кимдир мусофиратда. Вақт ўтаяпти деймиз, аслида биз ҳам вақт аталмиш кўҳна кеманинг борар манзили қайдалиги, у лангар ташлаган кўрфазда нелар кутаётганини, ҳатто чекаётган сигаретимиз чўғи ўчгунича не бўлишимизни билмайдиган ожиз йўловчиларимиз…

 

Устоз Асқад Мухтор: – уни ҳамма талантли дер эди. Лекин, бу тасаввурни унинг ўзи бузиб қўйди:  – унинг ўзи ҳам шундай деб ҳисоблар экан., деган эдилар.  

Зеро, ижодкор ҳар гал қалам тутганида ишни ҳаваскордек ҳавас билан бошламаса,  Тажриба аталмиш мижғов қария уни самимийликдан мосуво этади.  

Доғули журналист Дадахон Ёқубовнинг қутлов мақоласини ўқир эканман, у  эпиграф олган шеъримдаги:

Исм қисмат., дерлар бул кўҳна ҳикмат,
Бир кун бирлашади барча исматлар.,  деган сатрлар ёдимга тушди.
 

Хуллас Исмат Хушев деганда:

 

  • Уруш қатнашчиси бўлган китоблик Маҳмуд муаллимнинг ўжар лекин, аълочи ўғли;
  • Талабалар шаҳарчаси ётоқхоналарида Абдулла Орипов шеърларини соатлаб ёддан ўқиб ҳамкурсларини лол қолдиргач, Исмат Хушевга шон – шараф., деб ҳайқирадиган чапани студент.;
  • Сўнгра, Москва университетида таҳсил олиб, шиддат билан ўзбек матбуотига кириб келган, мақолалари чоп этилмаса марказий нашрларда бостирадиган жангари журналист;
  • Гоҳ, Борис Ельцинни қутлаб, гоҳ академик Андрей Сахаровни ҳимоя қилиб Кремльга телеграмма юбориб Ўзбекистон раҳбариятини хижолатга қўйган исёнкор мухбир.;
  • Ногоҳ, Ислом Каримов эътиборига тушиб, Бош муҳаррир, сўнг пошшо эркатойига айлангач, эски дўстларни унутиб, айрим сафдошларини фельетон қилиб катта жанжалларга сабчи бўлган журналист.;
  • Бир марта қамалиб, сўнг яна Бош муҳаррирликга тикланиб., сўнг яна икки бор қамалиб, пошшодан аразлаб, олис Торонтада қўним топган муҳожир журналист.;
  • Хорижда ҳам тинч юрмай, “Дунё ўзбеклари” интернет газетаси очиб “Оқланмаган ишонч қиссаси”, “Пошшо эркатойининг саргузаштлари” ва бошқа юзлаб қисса – хотиралари билан Ўзбекистондаги улуғ зотларни дунёга танитиш баробарида ўз кирдикорларини ҳам қўшиб фош этган демократ журналист.;
  • Ўзи ҳақидаги энг расво мақолаларни ўз сайтида чоп этиш борасида рақибларини лол қолдирган журналист., хуллас санайверсак кўп.

Исмат Хушев деганда қувваи ҳофизамизда жуда кўп образларлар, қиёфалар чарх уради.   

Бошқа Исматларни билмайману, лекин бу таққослар қадрдон дўстимнинг таваллуд кунига бағишланган бағишловни ёзиш жараёнидаги мулоҳазалар. Яъни, биз бугун қутлаётган Инсон:  –   ичидаги юзлаб ўжар, исёнкор, жанжалкаш, шуҳратпараст, амалпараст барча исматларни жамлаб, тарбиялаб ҳар доим Ватан хизматига шай чин ватанпарварга айлантириш шарафига муяссар бўлган “Дунё ўзбеклари” халқаро интернет нашри асосчиси, ўзимизнинг ўзбек журналисти ИСМАТ ХУШЕВДИР!

 

4.

Дўстим, ичингдаги исматларни санаб, ревизия қилганимга парво қилма! Бошқаларнинг ичида ҳам юзлаб ана шундай исматлари бор. Ўзим, ҳам бу унсурдан холи эмасман.  Ушбу ғаройим ҳолатни 21 йил бурун ёзган “Ҳамроқулвозлик” сарлавҳали  шеъримда баён этишга урунган эканман:   

Мени қўрқитолмас асло ёлғизлик…

Йўлга чиқсам –

изларига қайтса йўлдошлар,

Кечаги, бугунги, 

эртанги ҳамроқулларни чақириб

ҳамроҳ қилиб оламан дарҳол  ўзимга.

Шу тахлит йўл танобин тортсак учовлон,

Ҳамроқулсизлик муаммоси бўлмагай бизда. 

Мабодо, пайдо бўлса шундай муаммо:

бултурги,

бу йилги,

келгуси йил,

ҳатто ўтган ва келаси асрлардаги барча

ҳамроқулларни чақириб олавераман

тадбиркорлик ила. 

Токи –

бу бемаъни ҳамроқулвозликка

барҳам бермагунча Тангрининг ўзи.

ТашМИ. Кардиология.

17.06.1996 йил.

Хуллас, ўзаро ихтилофдаги исматларимиз бирлашгач, кучайиб Исмат Хушев деганлари машҳури жаҳон бўлиб кетди! Назаримда, у программаси янгиланган компьютерга ўхшаб тезлашган кўринади. Бу ҳолатни программистлар “переустановка” дейди. Хуллас, ғарб иқлими асоратими, мутлақа янгиланган Исматимиз аввалгидай баҳслашиб асабийлашмасдан, не десангиз:  – қўявер, жойига тушади, яхши бўлиб кетади., бўлаверади.,  дейдиган хотиржам фазилат соҳибига айланган…

 

5. 

Сал, мулоҳаза этсак бу қўявер., қўявер., бўлаверадилар либераллик хасталигини эслатади. Шу ўринда, улуғ шотланд шоири Роберт Бёрнеснинг шу ҳолатга аниқлик киритадирғон бир шеъри эсимга тушди:

 

Яхшими, ё ёмонми менга бир хотин керак,

Фақат эрсиз бўлсину, ҳусни ҳам бўлсин андак.

 

Лорсиллаган семизми, ё ориқми барибир,

Майли хунук бўлса ҳам, тун қоронғуку ахир!

 

Туғиб берса ҳам майли, қий – чув бўлар уйимда,

Туғмаса ҳам майлига, тинчлик бўлар уйимда.

 

Гар, шаробни ёқтирса, камроқ ичса бўлгани,

Ичмаса ҳам майлига кўпроқ менга қолгани…

 

Ушбу шеърга бемалол “Қўявер.,” деб сарлавҳа қўйилса узукга қош қўйгандек бўлар. Роберт Бёрнесни билмадиму, кўриб турибсиз лирик қаҳрамон ғирт либерал! 

Дунё ўзбеклари интернет тармоғида машҳури жаҳон бўлгач, унинг ёвқур бош муҳарририга ҳавас қилган ёш жўрналист ҳақида чет элдан қайтган Ҳикмат деган хоразмлик танишим тўқиган ҳангомани бугун эсламасак бўлмас.

Чироқчининг Чиёлидан Жовлибой деган чапани журналист ишга кираолмас, ёзганини бирор газета чоп этмас экан. Шу ўжар, бунинг устига қашқадарёлик йигит интернетда Исмат Хушев мақолаларини ўқибдию, кўнглида ҳавас аралаш ҳасад туғён қилиб, мен ундан ҳам зўр ёзиб машҳур бўлиб кетаман., деб ният қилипти.  

Емай, ичмай мардикорчилик қилиб йиққан пулига билет олиб, Канада сари сафарга отланса., самолётнинг мотори ишламай амаллаб бир манзилга омон қўниптилар. Фожиани қарангки, жунгли аталмиш одамхўрлар юрти экан, бир офатдан омон қолган йўловчиларни емоққа чоғланишипти.  

Даҳшатга тушган Жовлибой жон ҳолатда: – илтимос мени еманглар, мен ахир Ўзбектонданман., деб ёлборсаям, Амир Темур ватаниданман десаям қулоқ солишмапти. Тиғ бўғзига тақалгач, не деярини билмай: – мен Қашқадарёдан, Исмат Хушев землягим бўлади., деган экан. Одамхўрлар сардори: – э, ошна шунақа демайсанми., Исмат Хушев  биз ҳақимизда ҳам ёзганлар., деб роса ҳурматини жойига қўйган экан. 

Жовлибой одамхўрлар билан хайрлашиб, узоқ йўл босиб бир муҳташам мамлакатга борса, жуда катта майдонга тумонат одам йиғилган эмиш. У ҳам томошага қизиқиб, оломонга ваз ўқиётган нуроний руҳонийни кўрсатиб, ёнидагилардан у ким деб сўраса: – ҳув анови Исмат Хушевнинг ўнг ёнидаги оқ сочли чолми, у Рим папасику.,  дейишипти.

Эл кезар Ҳикматнинг ҳангомасига кўра, шу жавобдан сўнг ҳайрати миясига қўпиб, беҳуш бўлган Жовлибой ўзига келгач, ўша мамлакатда ҳануз мардикорчилик қилиб юрган эмиш…

 

6.

Машҳур инсонларнинг дўсти ҳам душмани ҳам кўп бўлади Исмат Хушев ҳақидаги латифанома ҳангомаларни тўпланса бир китоб бўлар ҳолга келган.  Дўстим Исмат Хушевга ўтган Наврўз айёмида бағишланган шеърий мактуб ҳам ана шу ажиб хотиралар таъсирида битилган бўлса –  НЕ АЖАБ!

“Дунё ўзбеклари” айлади ишғол,
Дилларни қитъалар, уммонлар оша.
Исмат Хушевни ҳам эслашар хушҳол,
Ватан фурқатлари ўзга яраша.

То, ҳаёт бор экан инсон зотига,
Сув билан ҳаводай зарур ҳақиқат.
Аччиқ қамчи урмай даврон отига  –

Англасак бўлгани надур тариқат! 

Хотинни алдама, болангни тинч қўй.,
Мўъжаз рўзғорингнинг бўлгайсан шоҳи.
Гоҳида
Туркия, Торонтада тўй,
Улгурмай қоласан кечикиб гоҳи…

Сени унутганни унутгин сен ҳам,
Душманинг тушига кирма беташриф.
Қаерда дил
лар шод, ҳидоят ҳамдам –
Ўшал маскан Макка, Қуддиси шариф.

Момом дуосини эслайман ҳануз,
Инсоф берсин., дерди азиз шоҳларга.
Таомни бузгайдир гоҳо чимдим туз,
Тўқлар қулоқ солмас оҳу воҳларга.

Душман орттирма., деб айтарди отам,
Дуолар айлагач нон – туз ҳақига.
Истиқлолдан сўнг озод бўлса ҳам,
Душман камаймади ўзбек халқига?!

Буғдой донасидай сочилиб гирён,

Турон фарзандлари кезади жаҳон.

Бир тараф Россия, Америка бир ён,

Яна қул қилмоққа интилар ҳар он. 

Кимнинг ҳақи бўлса бир кун узармиз,
Токи, жонимиздан бўлгунча жудо.
Ташқи душман билан сулҳ ҳам тузармиз,
Ички душманлардан асрасин Худо! 

Эски йил кетгиси келмай турипти,
Иши чала қолган бозорчи каби.
Шоиринг оқидан яна урипти –
Хонавайрон бўлган янги
бой каби.

Дунё ўзбеклари меҳрга маҳтал,
Эъзгулик элчиси бўлсин сайтларинг.
Ҳамиша битганинг шеър ила ғазал,
Муҳаббатга ошно бўлсин байтларинг…

Бу дунёда Исмат отли инсонлар кўп. Лекин, бизнинг Исмат Хушев ягона! У ўн, ўн беш йиллар муқаддам бонг урган муаммоларнинг энди ечими яқинлашгандек ойдин кунлар бўй кўрсатмоқда. Дунё ўзбекларини дунё ўқиб, кузатиб бормоқда…

Биз бугун ушбу муборак Моҳи Рамазон кунларида дунёнинг ҳар буржига сочилиб кетган ўзбекларни бирлик ва адолатга чорлаш жараёнида миллат минбарига айланган “Дунё ўзбеклари” нашри бош муҳаррири, ўзбек журналисти Исмат Хушевни қутлуғ таваллуд айёми билан қутлаб унинг фарзандлари ва аҳли аёлига умргузаронлик тилаб қоламиз!

Қайда бўлсанг ҳам доим соғу – омон бўл дўстим!

Ҳамроқул Асқар

18.06.2017 йил.

 

Тошкент қилояти,

Занги ота тумани.

 

PS: – Исмат Хушев демократми, либералми, жосусми., бу савол очиқ қолсин.  Буни яқин кунларда Ватанга қайтганида унинг ўзидан сўрайсиз…

Leave a Reply
*