Menu
Categories
Ҳиндистон – мўъжизалар мамлакати (Президентнинг Деҳлига расмий сафари боис)
09/30/2018 Бош мақола
ҲИНДИСТОН МЎЪЖИЗАЛАР МАМЛАКАТИ
Ҳиндистонни ҳақли равишда мўъжизалар мамлакати деб аташлари бежиз эмас. Бу ерда кўха ибодатхоналар,замонавий бинолар,табиат манзаларалари ва сунъий боғлар, гўзаллик ва беўхшов одатлар, байрам ва фестиваллар, диний ва халқ маосимлари, юзлаб миллат ва элатларнинг урф-одатлари бир бири билан қоришиб кетганлигининг гувоҳи бўласиз. Ҳинд киноларида кўрган романтик вақеалар ҳаёлингизни узоқ-узоқларга олиб кетади. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқалар, иқтисодий ҳамкорлик илдизи олис ўтишга бориб тақалади.
Яқинда “Правда востока” газетасидаги бир мақолага кўзим тушиб қолди. Самарқанд вилоятидаги Иштиҳон туманида истиқомат қилувчи Жалил Мардонов ўз ҳовлисида янги уй қуриш орзуси билан ер ковлар эди. Унинг кетмони қаттиқ бир нарсага урилади. Қараса хум, у кетмон зарбидан чил-чил бўлган. Ичидаги кўкимтир нарсалар  сочилиб кетади. Улар 16 асрга оид думалоқ шаклдаги 207 дона ҳинд тангалари эди. Мутахассис таъкидлашича, улар Ҳиндистоннинг Лаҳор, Аҳмадобод ва Фахешпур шаҳарларида ясалган. Мазкур тангалар 1573 йилдан 1600 йиллар оралигида қуйилган. Бу даврда Ҳиндистонни Бобурийлар сулоласи бошқарар эди. Топилган  ҳазина Бобурнинг набираси –Ҳумоюннинг ўғли Акбаршоҳ даврига мансуб бўлиб, у 49 йил давлатни бошқарган даврида зарбланган экан.[1]  Акбаршох 14 ёшида  тахтга чиқади, Ҳиндистоннинг энг буюк подшоҳларидан бирига айланади. У мамлакат куч-қудрати ошиши,  барча халқлар ўртасида тинчлик ва адолат хукм суриши, сулоланинг мустаҳкамланиши,давлат ҳудудининг кенгайиши ва санъатнинг гуллаб яшнашига улкан хисса қўшади.
Ҳиндистон ланшафт  дизайни тарихига назар ташласак, Бобурийлар салтанати даври (ХVI-XVIII асрлар) алоҳида ўрин тутади. Анъанавий ҳинд боғлари Шарқ исломий белгилари билан  уйғунлашиб, янада сирли ва мафтункор жозиба касб этади. Буни “Чорбоғ” услубининг қўлланишидан ҳам сезиш мумкин. Унда тўртта квадрат майдон, боғ ҳудудининг яна тўртга бўлиниши кўзга ташланади. Уларни ажратиб туриш учун йўлчалар эмас, балки сувли ариқлар қўлланилган. Квадрат майдоннинг марказида фаввора ёки   кичик фавворали ҳовузлар бўлган.Шарқда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳудди ана шу замонларда долзарблик касб этган. Ариқ ва ҳовузлар қирғоғи мармар тошлар билан қопланган.Айвонларга кўплаб  зинапоялар билан чиқилган. Гул,дарахт ва ўриндиқлар қўшимча безак бўлиб,ариқларга кўркамлик бағишлаган. Шимолий Ҳиндистондаги ҳозир ҳам сақланиб қолган Пинжор ва Нишот боғлари  ҳамда Тож Маҳал мақбараси Бобурийлар яратган боғларнинг энг  ноёб намуналаридир. Тож Маҳал остонасидаги ўзигаҳос сув йўли масчит томон  чорлаётганга ўхшайди. Бу тенгги йўқ маскан Ҳиндистон рамзидир.[2]
Тож-Маҳални дунёнинг етти мўъжизасидан бири деб атайдилар.Бу мақбара  Шоҳ Жаҳон  фармонига кўра севимли ёри Мумтоз Маҳал ҳотираси учун   бунёд этилган. Мангу  муҳаббат рамзи саналган  бу обиданинг тарихи ва гўзаллигига мафтун бўлган одамлар Агра шаҳрига ошиқадилар.
Меъморчиликнинг ноёб намунаси бўлган бу иншоат қурилишида 20 мингдан ортиқ қурувчи ва меъмор-усталар, ҳунармандлар иштирок этган. Қурилиш 1632 йили бошланиб, 1648 йилда якунланган. Мақбара қуриб  битказилгандан сўнг, яна беш йил давомида унинг атрофида  ободончилик ишлари олиб борилди.
Тож-Маҳал – Бобурийлар услубининг ажойиб намунаси. Унда форсий, исломий ва ҳиндий меъморчилик унсурлари қўлланилган. Қизил қумтош ва оқ мармар бобурийлар услуби учун одатий қурилиш ашёси саналади. Баъзи хорижий олимлар уни мўғил услуби,форсий услуб дейишларига қарамай, Марказий Осиё, Кавказ, Хуросон, Афғонистон, Покистондаги намуналар Темурийлар даври меъморчилиги услублари йиғиндисидан иборат бўлганлиги боис, “уйғунлик услуби” деб номлаш ҳақиқатга яқин бўлади. Мўғил сўзи ўрнига ҳамюртимиз Шоҳ Бобур шарафига замонавий илмий дизайн  атамасида Бобурийлар услуби деб қўллаш мақсадга мувофиқ келади.Ундан ташқари мақбарада қабр тоши яққол кўзга ташланиб туради. У   квадрат супага  қўйилган, арк ва гумбаз пештоқлар билан безатилган. Бу услуб ва шаклларни Самарқадда Гўри Амир мақбарасида ҳам учратиш мумкин.Демак  Тож-Маҳал Бобурийлар услубида бунёд этилган десак, тўғри бўлади.
Иншоат  куб шаклида бўлиб, унинг бурчаклари кесилганлиги боис, томонлари тенг бўлмаган саккиз бурчакни ташкил этади ва унинг  узунлиги 55 метр келади.Тўрт томондаги деворлар бир бири билан гумбазли пештоқлар билан боғланган. Оқ мармар мақбара биносини, ҳар бир бурчакда кўтарилган тўрт минора чегаралаб туради.Улар  мусулмонлар озон айтишлари учун мулжалланган  бўлиб,масчитнинг  ажралмас қисми саналади. Ҳар бир миноранинг баландлиги 40 метр бўлиб, улар йиқилгудек бўлса ҳам, мақбара деворларига зарар келтирмаслиги, қарама-қарши томонга йиқилиши ҳам ҳисобга олинган. Бинонинг асосий залида  Мумтоз Маҳал ва Шоҳ Жаҳон сағанаси, яъни саркофаги жойлашган. Аммо уларнинг жисми эса тошқабр остидаги ерга, тупроққа дафн этилган.
Бинонинг энг эътиборли унсури  баландлиги 35 метр бўлган мармар гумбаз ҳисобланади. Унинг устки қисмига 7 метрли цилиндр шаклидаги минора қурилган. Нилуфар гулини эслатувчи гумбаздаги нақшлар унга яна ҳам салобат бағишлайди. Худди ана шу шакл бинонинг тўрт бурчагидаги кичик гумбазларда ҳам такрорланади. Бу кичик ҳажмдаги гумбазлар ойнасидан мақбара ичига ёруғлик тушиб туради. Баланд найзасимон миноралар деворнинг асосдан бошланган бўлиб, нилуфар гули шаклини ёдга солади.
Мақбара қурилишида минглаб ҳунармандлар иштирок этганлиги, устки қисмидаги, турли поғонадаги безакларда аниқ кўзга ташланади.Тош йўнувчи,наққош, ҳаттот,қадамачи ва тош терувчилар ана шулар жумласидандир. Хаттотлик намуналари ҳам турлича шаклларга эга. Мавҳум шакл, ўсимлик, гул тасвирлари билан безатилган. Қуръони Карим оятларини ҳаттотлар ниҳоятда маҳорат билан битганлар.
Тож-Маҳалнинг ташқи кўриниши қанчалар жозибали бўлса, унинг интерьери ҳам ана шундай бетакрор. Аммо қадама услубидаги қимматбаҳо тошлар, наққошликнинг нафислиги ўз ишни қилган, бинонинг ташқи ва ички гўзаллиги уйғунлашиб, ниҳоятда мафтункорлик касб этган. 1983 йили Тож Маҳал дунё аҳамиятига молик меърос  сифатида ЮНЕСКО рўйҳатига киритилган.
Кўҳна Қутб Минорни  эса “мамлакатнинг ташриф белгиси” дейишади. XIII асрда қурилган  Деҳли шаҳридаги бу миноранинг баландлиги 73 метр келади.Бу меъморий обида думалоқ шаклда, қизил  рангли қум ва оқ мармардан қурилган  улкан беш қаватли иншоотни эслатади. Унинг айвонлари нозик ўйма нақшлар билан безатилган. Шу ерга яқин жойда  V асрга тааллуқли Темир устун қад кўтариб турибди. Бу сирли устун Маур давлати ва сулоласининг асосчиси  Чандрагупта  номи билан аталади. Ҳиндистонда “кимки уни қўлларини орқага узатган ҳолда қучоқлаб, икки қўлининг панжаларини  бирлаштира олса, тилаган нарсасига етишади, деган одат бор[3].
Ҳиндистонда боғлар  сарой ва бино атрофларини кўкаламзор қилиш ёки безаш учунгина ташкил этилмайди. Балки боғ-хиёбон яратиш санъати ҳиндлар  маънавий ҳаётининг ажралмас бир қисми, диний эътиқодини ошкор қилишнинг  рамзий  изҳори саналади. Ҳинд халқи эпосларига кўра, дарахт худоси донолик ва умрбоқийлик ато  этувчи сифатида намоён бўлади. “Маҳабхарата” ва “Рамаяна”– қадимий ҳинд достонларида  шаҳар боғлари ва парклари, у ерда парваришланадиган ўсимликларнинг номлари тилга олинади: манго-анбаҳ,шакар пальмаси, панданус, бигнония, самбитгул, ясмин,чирмовиқ ва нилуфар ана шулар жумласидандир.
Гўзалликнинг қадрига етиш,  ўзида барча тирик нарсаларни ардоқлаш хиссини тарбиялаш хиндистонликларнинг яшашдан мақсади ҳисобланади. “Менинг боғим–менинг ҳаётим” дейди донолар. Ҳиндистон ўсимлик турларининг кўплиги бўйича етакчи мамлакатлардан биридир. Унинг ҳудудида абадий ям-яшил тропик ўрмонлар, дашт ва саҳролар ястаниб ётибди. Пурвиқор Ҳимолай тоғлари бағрини қарағай, арча, кедр ўрмонлари қоплаган. Дарахтларга илоҳий мўъжиза сифатида муносабатда бўлган ҳиндлар учун гулловчи ўсимликлар янада илоҳийроқ туюлади. Нилуфарни тенгсиз қудрат рамзи сифатида эъзозлайдилар.[4]
Ижодкорлар табиатнинг бу гўзаллигидан илҳом олади.Яратган  тасвироий санъат асари, мусиқа, қўшиқ,либос, тақинчоқ, безаклар ва меъморчиликда андоза сифатида фойдаланишади. Буни ҳунарманд ва заргар дизайнерларнинг замонавий ишида ҳам кўриш мумкин. Умуман ҳинд халқ амалий санъати, хунармандчилигида зебу зийнатлар ясаш,заргарлик санъати қадимдан мавжуд. Бу иш билан бутун бир қабила, уруғ, хатто шаҳар аҳли шуғулланганлиги тарихдан маълум. Заргарлик отадан болага, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтади. Тарихий қўлёзмаларда ҳикоя қилинишича, 5000 йил аввал  зебу зийнатлар билан безаниш фақат аёлларга хос хусусият бўлмай, эркаклар ҳам тақинчоқ таққан. Ҳиндистонда заргарлик буюми билан  безанмаган бирорта аёлни учратмайсиз.Аслида Хиндистонда заргарлик буюми одамнинг қандай мавқеда, насабда эканлигининг белгиси саналади.Умуман олганда,  ҳиндлар заргарликка санъат сифатида эмас, балки оддий ҳунармандчилик сифатида ёндошадилар.
Ҳинд заргарлик буюмлари  ноёб шакл ва ясалиш технологиясга эга.Ҳинд аёллари зебу зийнатлари бир қанча буюмларни ўз ичига олади. Сирға-зираклардан бошланиб, сочга тақиладигани, билак узук, узуклар, аёққа тақиладиган безаклар ва ҳокозолардан иборат бўлади. Ҳинд кинофильмларида заргарлик буюми билан боғлиқ воқеага кўп марта гувоҳ бўлгансиз.
Тақинчоқлар икки ҳил мақсадда яратилади. Биринчиси диний урф-одатларга кўра, иккинчиси безак намунаси сифатида. Ҳатто саноат йўли билан ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларида ҳам ана шу услубларни кўриш мумкин. Одамнинг тақинчоқларига қараб жамиятда тутган ўрнини,қайси ҳудуддан эканлиги, яшаш тарзини ҳам билиш мумкин.Бунда заргарларнинг услуб ва технологиялари ҳам кўзга ташланиб туради.[5]
Тамил –Наду ва Керала  заргарлик услублари табиат унсурларидан олинган бўлса, Меенакари ва Кундан  услублари дунёга келишига Бобурийлар сулоласининг таъсири бор. Ҳозир ҳам Роджасхан, Гуджарат, Мадхия Прадеш ва Химачал-Прадеш штатларида  мунчоқ билан безаш санъати сақланиб қолган. Ассам заргарлик буюмлари кўринишида  шу ер ўсимлик ва ҳайвонот олами белгиларини учратасиз, Манипури тақинчоқлари шакли ҳайвон тирноғи ва тишиларини эслатади.
Ҳинд либослари асосан ёрқин рангдаги матолардан тикилади ҳамда инсон танасидан қуйилиб турган сув чашмасини эслатади. Либос ва мода мамлакатнинг маданий ва этник ранго ранглигини ифодалайди ҳамда ҳинд ёзининг жазирама ҳароратидан сақланишга хизмат қилади. Ҳиндистон ёшлари дунё модаси ва турли маданият услублари асосида кийинаётган бўлишса ҳам, мамлакат мода ва либос тарихининг асосий қисми  индуизм анъаналари таъсирида юзага келганлигини қайд этиш лозим. Иқтисодиёт ривожланган сари мода ҳам тараққий этиб бормоқда. Мамлакат саноатининг ўсиши ҳарид имконияти кенгайган ўртаҳол истеъмолчилар синфи дунёга келишига сабаб бўлди. 1915 йили Ҳиндистонда 64 миллион оила йилига ўртача 4 минг доллардан ортиқроқ даромад топган.
Ҳинд истеъмолчилари ғарб телевидениеси, фильми, рекламаси ва интернетидан кенг фойдаланади. Бу ўз навбатида мода ва услуб  соҳасида янги ғояларга ундайди. Шу билан бирга ҳинд услублари ҳам ғарб модаси йўналишларига ўз таъсирини ўтказади.
Тўғридан-тўғри ҳорижий инвестиция борасида ягона бренд остидаги товарлар чакана савдосига чеклов бўлишига қарамай кейинги пайтда америка ва европалик совдогарлар учун Ҳиндистон қулай бозорга айланди.
Истеъмолчиларнинг истаклари билан дунё брендлари  Ҳиндистон бозорлари учун таклифларининг мос келиши аҳлоқий-экологик ҳавфсиз мода маҳсулотларига талаб ошаётганлигини кўрсатмоқда. 2015 йилда бу умумий бозор ҳажмининг 5 фоизини ташкил этди. Экспертларнинг хулосасига кўра, хинд истеъмолчиларининг 70 фоизи атроф муҳит учун ҳавфсиз бўлган ,сифатли товарларни  сотиб олиш истагини билдирган. Мол кўп, аммо ҳаридорлар уларни танлаб ҳарид қилади.
Marks & Spencers, Duke, Nike и Van Heusen каби дунё брендлари Ҳиндистон учун ўзларининг “яшил” тизимини таклиф этмоқда. Балливуд фильмларидаги  либослар мамлакатнинг одатий кийимларининг безатилган нусҳаси бўлиб,  ҳинд либослари дизайни ва услубига  сезиларли даражада  таъсир ўтказади.Режиссёрлар балливуд учун ёрқин ранг ва бежирим кастюм яратиш  мақсадида  юқори  мода дизайнерларини таклиф қилишади.Аммо  фильмларда асосан милллий  илдизларга эга бўлган либослар қўлланилса  ҳам,кўп киноасарларда ёш актерлар замонавий жинси ва куйлакларда пайдо бўладилар.Натижада ғарб кийимлари янада машҳурлик касб этмоқда.
Бугунги Ҳиндистон мода соҳасида дунёнинг бирон бир мамлакатидан орқада қолаётгани йўқ. У жадал ривожланяпти. Мумбей шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳинд  модаси ҳафталиги (Lakme Fashion Week) ва дизайнерларнинг  ҳар йили ўтказиладиган шоуси (Annual Shows by Fashion Designers) мода ишқибозлари учун йилнинг унутилмас  воқеалари саналади. Ҳиндистоннинг энг яхши дизайнерлари Риту Кумар, Риту Бери,Роҳид Бал, Рина Дхака,Тарун Таҳилиани, Жж Валайа ва Маниш Малхотра яратган либослар бутун дунёда ҳам ўз ўрнига эга.Анъанавий шальвар-қамиз, сари, чуридара ва куртис каби либослар шим, жинси ва капри каби машҳур бўлиб кетган. Эндиликда  аёлллар сарига  оддий читдан тикилган,ҳатто америкача ўмизга, жимжимадор енг ва бўйни чуқур очилган  блузка  кийган ҳолда замонавий усулда ўранишади.
Мумбей шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳинд  модаси ҳафталигида (Lakme Fashion Week), дизайнер Абдул Ҳалер  ҳам фаол иштирок этиб келамоқда.  У Майкл Жексон, Яқин Шарқ қироллари оиласи, Америка президенти Обаманинг қариндошлари ва бошқа бир қатор таниқли кишиларга либос тиккан истеъдодли мутаҳассис саналади.
Мода шоусига тақдим этилган дизайнерларнинг ишлари турли туман. Сийдом эркакларинг кастюмидан тортиб, узун ва калта юпкали, қирқимли аёллар либосигача, қаватма-қават ва ҳаррир оқшом кўйлакларидан  бошлаб ўрама аёллар либосларигача намойиш қилинади. Уларнинг барчасида сарининг таъсирини сезишингиз мумкин.
Сари ҳинд аёлларининг  миллий либоси. Унинг узунлиги 4,5-9 метргача бўлиб, танани ўрашга мўлжалланган матодан иборат.Ҳиндистонда бу либосни келинлар, турмушга чиққан аёллар киядилар. Ўсмир қизлар уни киймайдилар. Сари қандай матодан тикилганлигига қараб, аёл кишининг  қандай ижтимоий мавқега эга эканлигини сезиш мумкин. Тумушга чиқаётган қизнинг яқинлари унга сари совға қилади. Шу тариқа унинг сони бир неча ўнларни ташкил этади.Бу ўз навбатида келиннинг қандай оиладан эканлигини билиб олса бўлади. Мато ҳошиялари ва нақли безаклари аёлнинг қандай табақадан эканлигини кўрсатиб туради. Бугунги кунда олий табақага мансуб аёллар қимматбаҳо сунъий матоларни танлашади. Аммо қўлда тўқиладиган шойи ва  чит матолари ҳануз ўз қадрини йўқотган эмас. Читдан тайёрланган сари кундалик кийим саналади,шойи матодан тикилган сари байрам ва расмий танта либосидир.Бой-бадавлат аёллар саноат йўли билан пахтадан турли сунъий иплар қўшиб тўқилган матони ҳушлашади.
Ҳиндистон Мустақилликни қўлга киритгандан сўнг сари мустақиллик ва миллий ўзига хослик рамзи сифатида намоён бўлди.   Аммо ҳозирги кунларда аёллар, айниқса катта шаҳарларда яшовчи хотин-қизлар кўпроқ ғарб либосларини киядилар. Олдинлари сари уйда,ишда, байрам кунлари, умуман ҳамма вақт қийилган бўлиб, фақат безак ва нақшлари, рангги тадбирларга мос бўлар эди. Энди аёллар сарини дазмоллаш учун кетган вақтларини қизғонишади, бу либосни  фақат алоҳида тантана ва байрам кунлари киядилар.Кундалик турмушлари учун эса қулай либосларни хуш кўришади.[6]
Мамлакат мода тарихида Риту Кумарнинг алоҳида ўрни бор. Бу  чиройли аёл, истеъдодли дизайнер мода империясини ташкил этиш билан биргаликда жиддий илмий фаолият олиб борди. Унинг “Ҳиндистон қироллиги тўқимачилиги ва кастюмлари”[7] деб номланган китоби жамоатчилик орасида кенг тарқалди.
Риту Кумар лойиҳалаштирган ишларининг асосини ҳинд миллий услублари ташкил этади. У безак санъатидаги янгиликларни ўзига жо қилган анъанавий сарига ўхшаган, бугунги кунда  машҳур бўлиб кетган “шальвар-қамис” хотин-қизлар кастюмини яратди. Бу либос лозим, узун блузка-кўйлак, анъанавий бўйинбоғ-рўмол шаклини сақлаб қолган ҳолда яратилган. Аммо улардан конструкция бўйича тубдан фарқ қилади. Риту Кумарнинг кийимлар дўконига кирсангиз оқ-қора тасвирдаги ҳинд миллий либосини кийган одамларнинг расмларига кўзингиз тушади. Энг асосийси эса унинг мода расмлари билан безатилган рисола-китоби бўлиб, ҳар қандай дизайнер илмий фикрларини тақдим этишдан ўзини бахтиёр сезади, албатта.
Риту Кумар либосларининг ўзига ҳос хусусияти анъанавий  рангларга янги ёрқинлик ва тўқлик  қўшиб бойитишдан иборат. У яшил билан қизил рангларнинг аралаштириш орқали шарқ руҳиятини шакллантиради. Либосларни металлдан тайёрланган қадама ёрдамида безаш унинг услубига хосдир.
Риту Бери – Нью-Делидан бўлган дунёга машҳур дизайнер. У Scherrer француз брендига раҳбар этиб тайинланган биринчи Осиёлик дизайнер саналади. Риту Бери  Мода технологиялари миллий институтини томомлаган.Риту Acustyl журнали саҳифаларда ўз илмий мақолалари билан дунё модаси анъаналарини шархлаган  ягона ҳинд модельеридир.Унинг қаламига мансуб  ”Ораста кўринишнинг 101 усули” номли китоби  мода ишқибозлари орасида кенг ёйилган.Мода технологиялари миллий институти бошқарув кенгаши аъзоси, Savera Association ҳайрия ташкилотининг фаҳрий  раҳбари сифатида ҳинд  хотин-қизлари ҳаётини яхшилаш борасида жамоатчилик ишларини олиб боради. Риту Бери –  мижозлари орасида собиқ бывший америка президенти Билл Клинтон, Шаҳзода Чарльз, Николь Кидман, Энди Мак Дауэлл, Летиция Каста ва бошқалар бор.
Маниш Малхотра  Ҳиндистоннинг энг машҳур ва  мода олами юлдузларидан бири саналади.  Дизайнер ижодига мансуб либослар “Қувноқ йигит” фильмида иштироқ этган актриса Урмила Матондкарга янада
гўзаллик ва жозиба касб этган.Унинг либосларини Каджол, Кришма  Капур,Карина Капур, Рани Мукерджи, Айшвария Рай, Сонам Капур ва Прейти Зинта каби актрисалар ҳам мамнуният билан кийганлар.
 “Канна-2015” кинофестивалида дунё гўзали, Болливуд киноюлдузи Ашвария Рай  ва унинг эгнидаги ҳинд миллий анъаналари асосида моделлаштирилган ферузаранг либос муҳлислар нигоҳини оҳанграбодек ўзига тортди.
Дизайнер Маниш одатда аёл ижрочиларга кийимлар тиксада, “Севишганлар” фильмида Шоҳруҳ Хон ва “Ишқ афсонасини ёмон кўраман” фильмида Имрон Хон учун ҳам кастюмлар яратган. Майкл Жексон  Балливудда ўтказилган шоуга ташриф буюрганда ҳам қўшиқчи учун  Маниш Малхотрадан кастюм тикиб беришини илтимос қилишган. “Рожа Ҳиндистони», “Ўғирланмаган келин”, “Ҳаётда нелар бўлмайди”, “Юрак сиғмас қинига”» ва “Севаман деб айт! “ деб номланган фильмларга ҳам мана шу мода юлдузи томонидан либослар тикилган.
Ҳиндистоннинг дунёга машхур қилган дизайнерлари, олимлари ва мутахассислари ҳақида гап кетганда, албатта мамлакат таълими тажрибаларини тилга олиш мумкин.Мамлакатнинг яна бир ўзига хос томони аҳолининг 99 фоизи ингилиз тилида мулоқат қила олишини таъкидлаш лозим. Ўтган асрнинг охирларида 226 университетфаолият олиб борган. Улардан 16 таси марказий университетдир, қолганлари штатларга бўйсунувчи олий ўқув муассасаларидир. Мамлакатдаги коллежлар сони 11 мингдан ошади. Анъанавий таълимдан ташқари махсус олийгоҳлар ҳам бор. Хайрагархе шаҳридаги Висва Бхарати ва Индира Кала Сангитх ўқув юртларида фақат ҳинд мусиқаси ўргатилади. Калькуттадаги Рабиндра Бхарати университетида бенгал тили ва тагоршунослик йўналишида мутахассислар тайёрланади. Калькутта  университетида 150 минг нафар, Мумбей университетида ҳам 150 мингдан ортиқ,Рожастхонда ҳам шунча, Деҳлидаги М.К.Ганди номили университетда 130 минг талаба билим олади.
Кейинги пайтда ёшлар техника-мухандислик соҳсига кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Ҳиндистонда одам ресурслари ва миллий иқтисодиётнинг ривожланишида техника таълимининг аҳамияти ниҳоятда катта.Мустақиллик йилларида политехника институтлари сони 43 тадан 1130 тага ўсди. Ҳозирда 200 дан ортиқ институтда мухандислик ва техникавий фанлар бўйича аспирантурага қабул қилади. Йилига 20 мингдан ортиқ талаба илмий  изланишларни кўзлаб ўқишга киради.[8]
Мамлакат таълим тизими ҳудди британия таълим тузилиши билан бир хил. Аммо Ҳиндистон иқтисодиёти ва саноат ишлаб чиқариши жадал суратлар билан ривожланиб бормоқда. Ёшлар қандай қилиб бўлса ҳам билим олишга интилади. Айниқса камбағал оила фарзандлари бу борада кўпроқ қийинчиликларга учрайди. Дизайн таълими ва мода соҳасида билим олиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди.
Дунё иқтисодиёти тараққиёти тарихидан маълумки, дизайн ва мода соҳасида Европа ўқув юртлари доимо олдинги ўринда турган. Аммо матоларни тўқиш ва уларни қайта ишлаш қадимдан Шарқ халқларига хос машғулот бўлиб келган. Моделлаштириш эса  ана шу умумий жараённинг фақат бир қисми саналади. Шу боис ҳам Ҳиндистон Тўқимачилик вазирлиги томонидан тасис этилган Мода технологиялари институтини  инглиз ва француз фешн-академиялари билан тенглаштириш мумкин. Бу олий ўқув юртида ноёб мутахассисликлар бўйича факультетлар мавжуд.
Чарм,аксессуарлар, тўқувчилик буюмлари, фэшн-коммуникация ва бошқа соҳалар дизайни ана шулар жумласидандир. Бу ўз навбатида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясини чуқур ўрганиш имконини беради. Мода технологиялари миллий  институти ( ингилизча аббревиатурага кўра- NIFT ) Ҳиндистоннинг бир қанча штатларида ўз бўлимларига эга.Институтда бакалавр ва магистр  даражасига эга бўлиш билан биргаликда ҳамкорлик дастурига биноан Нью Йорк Фэшн технологиялари Институтининг  (Fashion Institute of Technology) дипломини ҳам қўлга киритиш мумкин.
1990 йилларнинг бошларида   амалга оширилган либирал ислоҳотлар иқтисодий ўсиш учун шарт-шароит ҳозирлади. Аммо у даврда мода фақат олий табақали одамлар учунгина ўйлаб топилган, унинг социалистик иқтисодиётга бутунлай алоқаси йўқ деб ҳисоблашарди. Аммо мода индустрияси ташкил этилиб, ишчи ўринлари яратилган вақтдан бошлаб бу шубҳа туман каби тарқаб кетди.
NIET ташкил этилиши хақиқий наваторлик иши бўлган эди. Эндиликда бу олий ўқув юрти мода, менежмент, технология  бўйича мода индустриясининг етакчи дизайн институтига айланди. Бу ердан етишиб  чиққан юқори малакали мутахассислар мамлакатда ва чет элларда  ҳам довруғ қозонишяпти. Институтни мода касб таълими рамзи деб аташлари бежиз эмас.
1989 йилнинг май ойида Институтда дизайнерлик касбини танлаган биринчи битирувчи гуруҳ ўзлари яратган либосларни намойиш қилади. Подиумда тақдим қилинган дизайнерлик ишларини томошабинлар олқишлар билан кутиб оладилар. Бу воқеа модали либос яратувчи ҳинд дизайнерлари дунёга келганидан далолат эди. Ҳиндистоннинг дунёга танилган бир қатор дизайнерлари          Мода технологиялари миллий институтини битирган. Уларнинг ўз ишига ижодий ёндошуви ва юқори даражадаги маҳорати халқаро доираларда тан олиняпти. Эндиликда институт битирувчиларидан 2000 нафардан ортиғи мамлакат ичкарисида ва ҳорижда фаолият юрзазяпти. Кўпчилик ўзининг брендини яратиб, муваффақият билан иш олиб бормоқда.Ҳиндистонлик дизайнерларнинг иши  Париж, Милан,Лондон, Нью-Йорк  ва бошқа шаҳарларда ўтказилаётган мода хафталикларида намойиш қилиняпти. Уларнинг кўпчилиги мода индустриясининг  фотография, мультимедия, фильм, интерьер буюмлари дизайни, график дизайн, хореография ва бошқа турларига эътибор қаратганлар. Институтда дизайнерлар  ҳунармандчилик  анъаналарини эъзозлашга ва уларни  чуқур тушинишга ўрганишади.
Ҳозирги кунда дунё олий модаси “уйғунлашган”,”табиий” ва ”қўл иши” каби тушунчаларни кўп қўллайди.Битирувчи  ўз ижодий ишида ана шу тамойилга қатъий амал қилади. Дизайнерлар мода соҳасида менежмент ва боқариш асосларини чуқур ўрганади. Чунки улар турфа хил ички ва ҳалқаро бозорнинг рақобатли шароитида фаолият юргазади. Модельерлар ўз ижодкорлиги намунасида янги  мода оқимларни акс эттириши, ранг,услубларни илғаши ҳамда ҳаридор ва бозор талабига мос маҳсулот яратишлари лозим. Маҳсулотининг  80 фоизи ички бозорга йўналтирилади, халқаро бозорнинг каттагина қисми Яқин Шарқ ва ҳиндлар яшайдиган мамлакатларга тўғри келади.
Ҳиндистон дизайнерлари халқаро бозорга чиқиш, ўз маҳсулотларини чет эл мамлакатларида сотиш учун харакат қилади. Шу боис улар Ҳалқаро мода  хафталигида мунтазам қатнашадилар.Рожеш Пратап, Ашиш Сони,Маниш Арора, Варун Бехл каби машҳур дизайнерлар ўз йиғмаларини ана шундай тадбирларда намойиш қилади.  Икки истеъдодли дизайнер Рожеш Пратап ва Маниш Арора Парижда ўтказилган Мода ҳафталигига таклиф этилди. Бу мамлакат учун, айниқса  NIET учун катта шараф.
Мода технологиялари миллий институти  Ҳиндистон мода индустрияси юксалишида алоҳида ўрин эгаллади. У ўз олдига мамлакат  мода бизнесини  янада ривожлантриш мақсадини қўйган. Шу боис таълим дастурлари, ўқув машғулотлари маҳорат ва ижод руҳида ташкил этилади ҳамда дизайнерларнинг юқори малакали мутахассис бўлиши учун қайғуради. Бу эса рақобатбардошликни оширади.
2000  йиллари юз берган ўзгариш “ Ҳиндистон Ахборот технологиялари инқилоби”деб номлаган эди.Бу “Инқилоб” ахборот технологиялари индустриясида ишловчи мутахассислар сони тез суратда ошигани, мамлакат ялпи ички даромади ўсгани билан тансифланади. Аҳолининг каттагина қисми  Ченнаи офислари ва маҳаллий “Силикон водийси” деб аталмиш Бангалорда ишга ёлланган, Сан-Франциско ёки Нью-Йорклик буюртмачиларнинг ҳизматида эди.
Электрон саноат департаменти ва Software Technology Park хукумат қарорига биноан технопарклар тизимини яратишга киришди. Ундан асосий мақсад  илғор фан ва технологияга йўналтирилган марказларни ташкил этиш ҳамда зудлик билан уларни ишлаб чиқаришга жалб этишдан иборат эди.Ҳиндистонда технопарклар импорт , беш йил давомида ички солиқ ва йиғимлардан озод қилинади. Ундан ташқари энергия ва алоқанинг барча тури билан таъминланиш юзасидан имтиёзларга эга бўлди. Бугунги кунда улар  энг замонавий инфратузилмага эга бўлган комплекс илмий-тадқиқот марказларига  айландилар. Айтиш жоиз бўлса, улар айланма ишлаб чиқариш доирасини ташкил этади.
Бангалор.          Бу шаҳарни Ҳиндистон мўъжизаси пойтахти деб атайдилар. Унинг аҳолиси  5,5 миллиондан ортиқ. Карнатака штатининг маркази, катталиги жиҳатидан  мамлакатда учинчи ўринда туради. Штат аҳолиси 61 миллиондан кўпроқ.  Шаҳар 1534 йилда Виджаянагар  давлатининг  кичик бир қалъаси сифатида бунёд этилган.
Ҳиндистон жанубидаги Британия мустамлакачилик маъмуриятининг маркази ҳисобланган Бангалор  мустақиллик қўлга киритилгач Майсур штати маркази этиб белгиланди. 1973 йили  бу штат Карнатаки номини олди. Шаҳарнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири Қирол саройи бўлиб,  бино (ингилиз Виндзор қалъасининг кичикрок  нусҳаси) 1862-1944 йиллар давомида қуриб битказилган.
Шаҳар ҳудуди Декан тоғи ёнбағрида жойлашган бўлиб, мамлакатдаги илм, саноат ва университетлар марказидир. Маҳаллий корхоналар электроника, машинасозлик, аэрокосмик ва ҳарбий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Бу ерда бизнесдан олинадиган даромад  йилига 70 миллиард доллардан  кўпроқни ташкил қилади.
1978 йилда ташкил этилган  Халқаро юқори технологиялар паркини  (ITPB) “ҳинд мўъжизаси” пойтахти дейишади. Парк билан  аэропорт орасидаги масофа 12, Бангалор шаҳри марказигача   эса 18  километрни ташкил этади.Бу ерда дунёга танилган Microsoft, Oracle, Motorola, Toshiba, IBM ва бошқа корпорацияларнинг ваколатхоналари жойлашган.Паркда 10 мингдан ортиқ маҳаллий миллионерлар фаолият олиб боради.[9]
Ҳиндистон Ахборот Технологиялари дастурий таъминоти экспортининг учдан бир қисми Бангалор хиссасига тўғри келади.
Бошқа манбаларда  таъкидланишича,Бангалор технопарки Ҳиндистон хукуматининг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида ташкил этилган биринчи технопарк- “Миллий Силикон водийси”. Унинг тарихи  1984 йили Texas Instruments компанияси билан тузилган шартномадан бошланди.1986 йилда эса  бу ерда расмий равишда Software Technology Park очилди. Бугунги кунда бу ерда 80 минг нафардан ортиқ олий даражадаги ахборот технологиялари мутахассиси меҳнат қилмоқда.Юқори  даражада ривожланган тадқиқот ва таркибида 55 коллеж, университетларни бирлаштирган  таълим институтлари фаолият олиб боряпти.Бу ерда шу каби қўшма корхоналар кўп.
Технопак ҳудудига назар ташласангиз, шаҳар чегарасида, қашшоқ кулбалар билан қўшни ҳудудда жойлашганлигининг гувоҳи бўласиз..Аммо технопарк  панжаралари ичида бутунлай бошқа манзара. Гольф майдонлари, ховуз, дўкон, спорт иншоатлари, дастурчилар учун яратилган  олий даражадаги шарт-шароитлар кўзга ташланади.
Ҳиндистон технопарки – бу камбағал мамлакатда юқори технологиялар муаммосини ҳал этиш қуроли саналади.Ёшлар олий маълумотга эга бўлган одам қандай яшаши мумкинлигини худди шу ерда намойиш қиладилар.Парк хизматчиларининг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Хеч қандай байналминаллик йўқ, бу ерда ишловчиларнинг барчаси ҳиндлардан иборат.Эркаклар сон жиҳатдан кўпроқ. Улар европача кийимда ишга келади. Хотин-қизлар асосан сари кийишади. Улар Ахборот технологияси трансмиллий компаниялари буюртмасига биноан қудратли суперкомпьютер  мосламаларини йиғишади.Кадрлар шу ернинг ўзида, Бангалорда билим олади.Мактабни тугатган ўқувчи яна икки йиллик коллежда таълим олади ва дастурловчилик мутахассислигини эгаллайди. Лойиҳа раҳбарлари яна ўқишини давом этириш имкониятига эга бўлишади.[10]
Ҳиндистон ва Ҳитойда иқтисодиётни реструктуризация қилиниши, мамлакат ичкарисида юқори малакали илмий-муҳандис кадрларга бўлган тадабнинг сезиларли ўсишига олиб келди. Бу эса юқори технологиялар бўйича Америка етакчилигига ҳавф сола бошлади. Мамлакатда давлат ва бизнес ҳамкорлигида техника университетлари ва телекоммуникация инфрастизимлари учун жиддий инвестиция йўналтирилиши технопарклар ташкил этиш шароитларини яратди. Натижада мамлакат рақобатбардошлиги ошди, инвестор ва халқаро корпорацияларни жалб этди.  Америкада юқори технологиялар соҳасида ишлайдиган малакали ва истеъдодли  ҳинд мутахассислари ўз юртига қайтишди.
Давлат томонидан қўллаб-қувватланиши туфайли Ҳиндистон  оффшор компьютер дастурлаш бозорида етакчи ўринга чиқиб олди.Мамлакатдаги 13 та технопаркда 1300 дан ортиқ дастурий таъминот билан шуғулланадиган компания  фаолият олиб бормоқда, уларда ярим миллионга яқин хизматчи ишлайди. Ҳиндистон бу йўналиш орқасидан йилига 13 миллиард доллардан ортиқроқ маблағ ишлаб топади.
Ахборот технологиялари тизими даромадига назар ташласангиз, унинг бир меъёрда ривожланаётганлигини кўрасиз. Бу соҳа экспорти 70 фоиз атрофида, ички бозор учун эса 30 фоиз дастурлар жорий этилмоқда.Экспертларнинг  бу соҳа янада ривожланади, деган фикрлари ўзини оқламади. Мамлакат  Ахборот технологиялари асосан хориж учун ишлаяпти ва бу улуши  тўртдан уч қисмни ташкил этади.Асосий харидор АҚШ ва Англия, бу кўрсатғич  мамлакатда яратилган дастурларнинг тенг ярмига тенг.
Ҳиндистон мобиль алоқа бозори чаққон ҳудудлардан бири саналади.Мамлакатда уяли телефонлар тармоғи фоизларда ҳам, уларнинг истеъмолчилари сонига нисбатан ҳам  ўта катта рақамларни ташкил этади.Уяли алоқадан фойдаланувчилар 886 миллион, улардан 185 миллиони мобиль интернет, 80 миллиони смартфон хизматидан фойдаланади.
2016 йилда  Ҳиндистон  дунёдаги энг катта мобиль алоқа ҳудудига айланади, дея Research2Guidance таҳлилчилари Smartphone App Market Monitor  маълумотларига таяниб башорат қилмоқда. Смартфонларн асосан Android тизимида ишлайди. Ундан кейинги ўринда Windows Phone, iOS эса тарқалиши жиҳатидан учинчи ўринда туради.
Даромаднинг ўсиши орқасидан аҳоли турмуш шароитлари ҳам яхшиланмоқда. Бу эса  бир қатор компанияларга маҳаллий бозорда муваффақият олиб келиши тайин.Ҳозир ҳам мамлакатда  камбағаллик ва ҳарид қилиш имкониятлари чекланганига қарамай,  бир миллард истеъмолчига ҳизмат кўрсатиш ва жуда катта маблағни айлантириш шароити  мавжуд.
Биз рисоламизни ёзар эканмиз, ҳар бир мамлакатдан фақат бир соҳани кенгроқ ёритишга ҳаракат қилдик. Ҳиндистонда энг кўп ишчи ҳизматчи ва мутахассисларни ўзига жалб қилган Ахборот технологиялари, уларга дастурий таъминот берувчи соҳага алоҳида тўхталдик. Чунки лойиҳалаш ва технологиялар билан боғлик ваб-дизайн туурлари ана шу замонавий технологияларнинг асосини ташкил этади.Бугунги кунда мамлакатда туб ўзгаришлар юзага чиқмоқда. Буни ҳақли равишда “ҳиндча инновация” деб атасак, ҳато қилмаймиз.
1990  йилларда  “глобаллашув”  сўзи урф бўлган эди, бугун эса “инновация” тушунчасини энг кўп қўллаяпмиз. Ҳатто Ҳиндистон  президенти 2011–2020 йилларни “инновация декадаси” деб номлади.Олим, саноатчи ва тижоратчилар ҳам барча диққат эътиборини мана шу сеҳирли сўзга қаратишяпти.
Кўп давр  мобайнида кашфиётчилик  маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган эди. Эндиликда у буютмачиларга кўпроқ фойда келтирадиган ҳизмат кўрсатиш соҳаларига  қаратилмоқда. Вазият тубдан ўзгариб, дунёда танилган Microsoft, PepsiCo, IBM, Cisco, Nokia, GE, Xerox компаниялари янги бизнес модел ва ташкилий тузилмаларни синовдан ўтказиш ҳамда глабал миқёсда тарқатиш мақсадида  илмий-кашфиёт  марказларини Ҳиндистонга кўчиришяпти. Шу тариқа трансмиллий компаниялар ўзларининг илмий лойиҳаларини рўёбга чиқармоқда. Бу масаланинг бир томони холос. Аслида эса ҳинд инновациясини харакатга келтирувчи  асосий куч  маҳаллий тадбиркорлар саналади.
Мамлакат қишлоқларида  аҳолининг 71 фоизи (742 миллион киши) истиқомат қилади. Шу боис инновациянинг асосий қисми қишлоқлар учун мўлжалланган.Мисол учун дунёдаги энг катта ахборот технология лойиҳаси–  Ҳиндистон фуқароларини индификациялаш электрон тизимини яратиш.Бу лойиҳа давлат режалаштириш ҳайъати томонидан миллий тиббиёт тизими самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу ўз навбатида турли-туман давлат дастурларини ҳам мониторинг қилиш имконини беради.
Ҳиндистоннинг оддий одамлари учун бу (Aam Aadmi) ҳақиқий инқилоб. Улар “электрон одамларга айланадилар” (e-nagrik),натижада  соғлиқни сақлаш тизими, таълим ва банк соҳаларидаги электрон хизматларни кенг қўллаш орқали уларнинг турмушини яхшилаш имконияти туғилади.[11]
Силикон водийсига ўхшаган ҳудудни ташкил этиш борасида ҳам қизиқарли тортишувлар кетмоқда.Унинг нусҳасини Ҳиндистонда яратиш билан иш битмайди, аммо тадбиркорлик маданияти билан  фан билимларини биргаликда  қўллаш орқали мўъжизалар яратиш мумкин. Шу боис мамлакатда яна ҳам кенгроқ, бутунлай янги турдаги технопарклар қуриш назарда тутилади.
Мўъжиза ўз кучини кўрсатиб, “мамлакатни тарк этган бошлар”ни   орқага қайтаряпти. Бир қатор дунёга танилган истеъдодлар ўз юртига, Ҳиндистонга келишди. Шаҳарда истиқомат қилувчи ёшлар энг сўнгги технология янгиликларини кузатиб, мамлакат қиёфасини ўзгартириш истагини билдиришяпти.
Ҳиндистон аҳолисининг 54 фоизи 25 ёшдан кичик (ундан 45 фоизи 19 ёшдан ошмаган) бўлиб, дунёда сон жиҳатдан энг кўп ёшлар истиқомат қиладиган мамлакат сирасига киради.Бу эса ўйин тартибини бутунлай ўзгартирувчи инновациянинг туғилишига олиб келади.
“Тескари инновация”  деган қараш ҳам бутунлай янги ходиса, унинг моҳияти ривожланаётган дунёда иҳтиро қилинган ва яратилган маҳсулони ривожланган мамлакат бозорига чиқаришдан иборат. Ҳиндларда jugaad (уларнинг жисми жонига синггиб кетган хусусият) – кичик имконият, қўлда мавжуд нарсадан, кам ҳаражат сарифлаб, маҳсулот  яратишнинг самарадор усулларини қўллаш одати мавжуд.
Америка GE қўл электрокардиографи, шу фирма ишлаб чиқарган компьютер ультратовуш аппарати,кўтариб юришга мўлжалланган, ChotuKool ва Godrej  фирмалари ишлаб чиққан электр қувватисиз ишлайдиган музлатғич, дунёда энг арзон Tata Nano автомобили, Tata  фирмаси томонидан яратилган Swach  арзон сув фильтри “Тескари инновация”   намуналаридир.
Ideacts компанияси  Ҳиндистонда 37% интернет-хизматлари  кафеларда жойлашганлигидан фойдаланиб, бепул Clinck дастурини тақдим қилди. У ана шу кафе эгаларига бизнесларини ривожлантиришда  анчагина кўмак берди. Шу билан биргаликда тармоқда реклама эълонлари томошабинларини 2,5 баробар кўпайишига олиб келди.[12]
Tata Consultancy Services  компанияси кичик ва ўрта бизнесда ахборот технологиялари учун сарифланадиган маблағларни камайтириш мақсадида ўз хизматини тақдим этмоқда.  Олис қишлоқларда  қуёш батареяларини ўрнатяпти.
Ҳиндистон автомобиль саноати  ҳам етакчи тармоқлардан бири саналади. 1991 йили транспорт воситалари ишлаб чиқариш 2 миллион дона атрофида бўлган эди, 2006 йилга келиб, 10 миллион донадан ошди. Баъзи маълумотларга қараганда, мамлакат  энг катта автомобиль ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига кирган.Тижорат техникалари  бозорида тўртинчи , икки ғилдиракли техника бозорида эса иккинчи ўринни эгаллаган. Research & Design  ҳажми  ҳам кенгайиб  боряпти.Ҳиндистонда Renault, Suzuki, Honda, Hyundai компанияларининг тадқиқот ва дизайнерлик марказлари очилмоқда.
Автомобилларнинг  Swift ва  WagonR моделларини 2012 йилда  Maruti Suzuki компанияси ишлаб чиқара бошлади. Ўша йили бу икки модел Ҳиндистоннинг India Design Mark 2012 дизайн соҳасидаги энг нуфузли мукофотига сазовор бўлди. Бу митти автомобилларни Suzuki Motor Corporation компаниясининг Maruti Suzuki India Ltd шуба  корхонаси томонидан ишлаб чиқарилди ва сотувга қўйилди.
India Design Mark мукофоти Ҳиндистон савдо-саноат вазирлиги қошидаги дизайн Кенгаши (India Design Council) томонидан таъсис этилган. Унга Япониянинг Good Design Award  мукофоти асос қилиб олинди, чунки Кун чиқар мамлакатининг дизайнни ривожлантириш институти бу борада ёрдам қўлини чўзган эди. Мукофотни ташкил этишдан асосий мақсад ишлаб чиқарувчиларга сифатли дизайн стандартини тақдим этиш, ҳинд саноати такомиллаштириш ҳамда дизайнни ахоли орасида тарғиб этишдан иборат. Swift и WagonR  компакт, митти  автомобиллари Ҳиндистон  автомобильбозорини ларзага келтирди. Фақат 2011 йилнинг ўзида бу моделларнинг ҳар иккиси ҳам 150 минг донадан ортиқроқ сотилди.[13]
Swift  моделининг ўзига хослиги унинг  бежирим ташқи кўриниши саналади. У енгил, ёрқин ва шу билан биргаликда   жуда чиройли дизайнга эга. Салони эса спорт дизайнига хос ва аъло даражадаги қулайликка эга.
WagonR  модели эса кўпўринли енгил автомобилдир. Унинг кабинаси кенг ва жуда қулай. Ўриндиқлари  кириш ва чиқиш учун мослаштирилган. Юкхонаси ҳам кенг. Бу  машина Японияда сотилаётган WagonR автомобилининг ўзи, аммо   Maruti Suzuki  мухандис ва дизайнерлари  ҳинд истеъмолчилари талабларини инобатга олган ҳолда  уни қайта модификациялаштирган.
Энг арзон – “Bajaj Qute”. Ҳиндистоннинг “Bajaj Auto” фирмаси маҳсулоти Ҳиндистоннинг яна бир автомобили “Tata Nano”дан энг арзон автомобиль унвонини тортиб олди. Ички бозорда янги машина деярли икки минг долларга тушади («Нано» – камида уч минг долларга).
“Bajaj” янги маҳсулотини дунёнинг 16 мамлакатига экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Ҳиндистонда замонавий архитектура ҳам жадал ривожланмоқда. Уларнинг услуб ва дизайнида дунёнинг барча архитектура оқимларини ҳинд анъаналари ва маҳаллий урф-одатларига уйғунлашган ҳолда учратасиз.
Жаҳонга Нилуфар Ибодатхонаси номи билан танилган Бахаи дини кошонаси Нью-Дели – яъни Янги Деҳлида жойлашган. Иморат эронлик архитектор  Фариборзо Соҳба лойиҳаси асосида ва 1986 йили қуриб битказилган. Ибодатхонага  70 миллиондан  ортиқроқ  зиёратчи ташриф буюрди. Бу ибодатхонага  кириш учун барча дин вакилларига руҳсат берилган.
Биринчи қарашда Нилуфар Ибодатхонаси  Сидней опера театри биносини эслатади. Аммо бу иморат диний мақсадларни инобатга олган ҳолда бунёд этилган. Бахаи ибодатхоналари асосини тўққиз бурчакли думалоқ шакл ташкил этади. Соҳба асос тариқасида “нилуфар гултожлари” шаклини қўллайди, улар 27 дона бўлиб, ҳар бири учтадан бўлингач, доира шаклидаги тўққиз бурчак кўринишини олади.  Ҳар бир гултож –алоҳида мармар плитадан иборат. Нилуфар гулини акс эттираётган бу ибодатхона ҳозиргизамон архитектурасида табиатнинг ажралмас бир қисмига айланган қурилиш иншооти сифатида намоён бўлади.
Нилуфар Ибодатхонаси ва унинг ижодкори дизайн ва архитектура соҳасидаги кўплаб халқаро совринларни қўлга киритган. Улар ичида Мухандис-қурувчилар Институтининг эътирофи (1987), Шимолий Америка Ёруғлик техникаси жамияти томонидан тан олиниши (1988), Хитой Архитектура уюшмаси томонидан 100 илоҳий лойиҳа ишлари рўйҳатига киритилганлиги (2000), Вена GlobArt архитектура Академияси мукофоти  (2000) каби совринлар бор.
Кейинги ўн йилликлар давомида Ҳиндистон архитектура дизайни борасида ҳам анчагина изланишлар олиб борилди. Миллий дизайнерларнинг лойиҳаларига ҳам аҳамият қаратилди.Бангалор шаҳридаги Ҳиндистон Бошқарув Институтида архитектор Доши ижоди яққол кўзга ташланади. У лойиҳалаган бош режага кўра қуриладиган қатор майдонча ва  қўрғонча утунлар билан ўзаро боғланган бўлиб, у Фатехпур Сикридан андозаси асосида яратилганлигини, жанубий ҳинд ибодатхоналари каби бир қанча мақсадлар учун ҳизмат қилиши инобатга олинган. Бино айвонлари турлича лойиҳалаштирилган, Жайпур ва Жайсалмер архитектураси анъанлари асосида бунёд этилган. Калакшетра театри дизайнида архитектор Аппукутан Наир мумтоз рақс ва мусиқа санъатини янада ёрқинроқ номойиш этиш мақсадида Жанубий Ҳиндистон миллий меъморчилик анъанасини кенг қўллаган.[14]
Таниқли рассом, ҳайкалтарош ва фреска тасвирий санъати устаси Сатиш Гуджрал  яна архитектура соҳасига қайтди. У  Ҳалқар услубга қарши ўзини рационализмнинг душмани деб эълон қилди. Унинг лойиҳаси асосида бунёд этилган Бельгия элчихонаси биноси улкан геологик қуйилмани эслатади. Унда тупроқдан уюлган баланд тепаликлар устига ғишт устунлар кўтарилган ҳамда гумбазлар билан бирлаштирилган. Бу ўзигахос фалсафий рамзлар нишонасидир. Пойтахтдан анча олисда, Ладакха тоғида архитектор Рам Шарма томонидан Буддизмни ўрганиш Марказий институти қурилмоқда. Бу эса архитекторлар Ҳиндистоннинг чекка ўлкаларига ҳам кириб борганлиги, технология  тараққиётидан далолат бериб турибди. Меъморчилик объектларида қуёш энергиясидан фойдаланишга эътибор қаратиляпти.
Ҳиндистондаги 34 ўқув муассасасида архитектура бўйича таълим олиш мумкин. Яқин ўн йилликда мамлакат меъморчилиги қандай  анъана ва йўналишда ривожланади, умуман дизайн қандай бўлади, деган саволга бугунги талаба, ўқитувчилар яратаётган метод, ғоя ва кашфиётлар жавоб беради. Улар яқин келажакда ўз мевасини бериши аниқ.
Ўзбекистон санъат арбоби Дадахон Ёқубов.
Дилноза Зупарова ТДПУ доценти
[1] // podrobno.uz, 10 октября 2014 № 1195036
[2] www.greeninfo.ru
[3] http://www.evaveda.com/ayurveda-2/indiya/
[4] «Ландшафт 21 Век»
[5] © 2010 – 2015 Zen Designer.
[6] www. Womenclub.ru
[7] Kumar R. Textiles and Costumes of Royal India. New Delhi, 2006.
[8] 2009 – 2014 Global Study Group
[9] http://www.worldpropertychannel.es/news-assets/Bangalore-India.jpg
[10] Ярошенко С. Становление и развитие технопарков в странах Юго-Восточной Азии .
© ООО “ЭнтерПрайс”1998-2015 г.г.13.05.2006
[11] INSEAD The Global Innovation Index 2011: Accelerating Growth and Development.Образование, наука №368377  // mn.ru, 6 июля 2011г.
[12] INSEAD The Global Innovation Index 2011: Accelerating Growth and Development.
[13] © «Suzuki»
[14] Чаттерджи М. Архитектура Индии. Источник: http://achababa.tripod.com
Leave a Reply
*