Menu
Categories
Сирожиддин Иброҳим: ЎҚИТУВЧИМГА МУХЛИСМАН
09/30/2018 Бош мақола
ЎҚИТУВЧИМГА МУХЛИСМАН
Аввалига бу фанни ҳам, ундан дарс берадиган ўқитувчини ҳам хушламадим. Хушламадим эмас, қўрқдим десам, тўғрироқ бўлади. Қўрқдим – фан дегани ҳам шунчалик қийин, ўқитувчи дегани ҳам шунчалик жиддий ва қаттиққўл бўладими?!
Мен таълим олган Шеробод туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар чиндан ҳам қаттиққўл эди. Лекин қатиққўллар ичра қаттиққўллари ҳам бор эдики, Худодан уларга дарсдан бошқа пайтда (иложи бўлса дарсда ҳам) юзлаштирмаслигини илтижо қилиб сўрардик.
Олтинчи синфга кўчганимизда физика фани ўтила бошлади.
Янги бўлгани, қолаверса моҳиятини англанмаганимиз, меҳр қўймаганимиз сабабидан жуда мураккаб туйиларди бу фан. Ундан сабоқ берувчи Музаффар Қурбоновдан эса ҳаммамиз чўчирдик, ҳатто энг “аъло”чи бўлган бизлар ҳам. Ёши эндигина ўттиздан ўтган, жуссаси кичик, нигоҳи ўткир муаллимнинг дарсида жони ичига сиғмайдиган тартиббузар болалар ҳам бошдан оёқ одоб либосига бурканиб ўтиришарди.
Ўқув йили охирроғида фалокат босиб, Музаффар аканинг оёғи шикастланиб қолди. Шунда унинг ўрнига билим бериши у қадар яхши бўлмаган юмшоқфеъл ўқитувчи дарс ўта бошлаганида қанчалик севинганимизни ҳис қилиш учун фақатгина ўша синф ўқувчиларининг ўрнида бўлиб кўришингиз керак албатта.
Синфдошим Мунира билан қўшни турардик. Сой соҳилига молини ҳайдаб, қўлидан физика китобини туширмасди. Лоф бўлса ҳам ўтилган мавзунинг ҳар бир вергулу нуқтасигача ёд оларди. Аммо эртаси дарсга борганда устознинг бирор саволига жавоб беролмай, дудуқланиб тураверарди. Нега бундай бўлди, ахир ёдлаганди-ку, деб ўйлардик.
Билмас эдикки, фанни ўрганиш учун ёдлаш эмас, уни тушуниш, унга меҳр қўйиш керак эди. Бироқ бошқа фанлардан ҳам худди шундай ёдлаб келиб жавоб берарди-ку кўпчилик…
Музаффар аканинг бошқалардан фарқи мана шу ерда очилади. У “доскага чиққан” ўқувчига мавзуни гапириш баҳонасида гапни олиб қочишига имкон яратиб бермасди. Саволларни айлантириб, дўлдек ёғдирардики, бу дўлга фақатгина билган бола дош бера оларди. Савол-жавоб жараёни 1-2 дақиқадан нарига ўтмасди.
Устоздан чўчишимизнинг, у билан орамиздаги қатъий чегаранинг сабабини кейинроқ тушундим. Музаффар ака бизга ўқитувчидан бошқа ҳеч ким эмасди. Аслида қайсимизгадир қариндош, қайсимизгадир қўшни, қайсимизгадир яна кимдир, ҳеч қурса қишлоқдош эди.
Лекин у киши мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам бир лаҳза бўлсин, ўзининг ўқитувчилигини, бизнинг эса ўқувчилигимизни унутган эмас. Таълим жараёнида бу ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги энг фойдали муносабат экан. Ҳозир шаҳарларда ўқитувчининг қадри, ҳурмати қониқарли эмасдек кўринади. Биз учун эса болалигимизда ўқитувчидан кўра ҳурматлироқ кишининг ўзи йўқ эди.
Шундай қилиб, физика дарсларини юрак ҳовучлаб ўтказиб юрдик.
Еттинчи синфга кўчганимизда 80 йиллик мактабимиз қайта қуриладиган бўлди. Биз вақтинча ўзимиз “қуёнхона” деб атайдиган эски хоналарда ўқий бошладик. Поли қўпориб олинган хонада оталаримиз ўтириб ўқиган парталар териб қўйилган, иссиқ кунларда оёғимиз остидаги тупроққа озроқ сув сепалаб, намда оёқяланг бўлиб ўтирардик.
Ором дарслар бўларди ўзиям. Бу кунлар ҳам ўтди. Мактабимизнинг икки қаватли, ўша йиллар ўлчови билан қараганда анчайин ҳашамдор биноси битди. Ҳар бир фан хонаси дарсда фойдаланиладиган кўргазмалар, лаборатория жиҳозлари билан таъминланганди.
Ҳатто информатика хонасига компьютер ҳам келтирилганди. Биз – қишлоқ болалари учун у пайтларда компьютер деганларини мўъжизанинг айни ўзи эди. Чунки то шунгача қишлоқда синфдошим Нурмуҳаммаддан бошқа ҳеч бир идорада ва ҳеч кимнинг уйида компьютер йўқ эди.
Мактабимизга-ку комьютер келди, аммо уни биладиган, информатика дарсларида фойдаланадиган ўқитувчи топилмасди. Шунда устоз Музаффар ака компьютерни ўрганиб, хона масъуллигини ўзига олди. Сўнгра устознинг обрўси икки ҳисса ошгандек бўлди. Ана энди биз савдойиларча компьютерни ўрганиш, у билан ишлаш иштиёқида ёнар эдик. Лекин Музаффар аканинг олдига ким яқинлашолади! Атайин қилгандек электр токи информатика дарси ўтилаётган чоқдамас, физика ўтилаётганда ёнади. Ҳожибой Тожибоевнинг қисқа муддатда овқатланишга улгурмаган аскарларига ўхшаб, кўзларимиз жовдираб қолаверамиз.
Компьютерга яқин йўлаш учун нима қилиш керак? Айни шу савол ётса ҳам, турса ҳам каминанинг хаёлини тарк этмас эди. Ниҳоят, бунга жавоб ҳам топилгандек бўлди. Энг аввал Музаффар аканинг кўнглини топиш лозим. Бунга эса физикани яхши ўқиш билангина эришиш мумкин.
Ишга жиддий киришдим. Физикадан ўтилган мавзуни ўқидим, уқдим, ўрганишга бор вужудим билан талпиндим. Қарасам, ҳаммаси аниқ-равшан гаплар. Илҳомланиб кетдимми, келгуси мавзуни ҳам ўқиб тушунишга уриндим. Не тонгки, бунинг ҳам уддасидан чиқилди. Ана энди гапни дарсга бориб, ҳам гердайиб, ҳам қўрқув аралаш ҳаяжонланиб турган ўқувчидан эшитинг.
Устоз Музаффар ака журналдан бошини кўтармай “мардинг борми” дегандек оҳангда сўради:
– Доскага ким чиқади?
Устоз бу сўровига жавоб бўлмаслигига ўрганиб қолган эди. Аммо бехосдан ўқувчилар орасидан титроқ оҳангда “Мен чиқай” деган овоз эшитилди. Устоз ҳайратланса-да сездирмади, бошини кўтариб қаради ва: “Чиқ!” деди.
Ўтган мавзуни гапирдим. Устоз кетма-кет саволлар ёғдирди. Жавобларимдан қониқиш ҳосил қилди, шекилли:
– Ўтир, беш! – деди.
Мен эса турган жойимда амаллаб журъат топиб, яна гап қотдим:
– Янги мавзуни ҳам гапирай…
Устоз яна ажабланди. Бу сафар ҳам жиддий туриб:
– Гапир, – деди.
Биринчи қадамни босиб олган кишининг ўзига ишончи ортади. Мен ҳам энди ўтилажак мавзуни баҳоли қудрат баён қилиб бердим.
– Ўтир, мана шундай ўқиш керак! – деди устоз синфдошларимизга қараб.
Электр бор. Компьютерлар эса ошиғини кутган маъшуқларлардек қаторлашиб турибди. Минг истиҳола билан устозга юзландим:
– Малим, компьютерда ишлай.
– Ўт, ишла, – деди устоз.
Оғзим қулоғимда, бориб компьютерни ёқдим. Синфдошларим эса ҳасад эмас-у, ҳавасдан ўткирроқ қандайдир ҳис ила кузатиб туришарди. Нурмуҳаммаддан ўша кунларда компьютерни ўчириб-ёқиш, “Microsoft Word”ни очиб, унда матн ёзишни ўргангандим. Менинг завқ олишим учун матн теришнинг ўзи етиб-ортарди!
Шу зайилда эртакдаги баҳодирлар каби компьютернинг “васли”га ҳам эришдик. Қишлоқда электр токи муаммо эди. Кундуз кунлари қайси пайтдадир ярим ё бир соат ток берилса, кечқуринлари тез-тез ёниб ўчаверарди. Ҳаммасини жамласангиз, электр токи билан таъминланиш вақти тўрт соатга етмасди. Музаффар ака компьютерда бажариладиган ишларини кечқурин қиларди.
Устознинг кўнглига йўл топганим учун менинг ҳам кечки пайт келишимга рухсат берганди. Баъзан уйимиздан мактабгача бўлган икки километр йўлни ҳаллослаб ўтиб, компьютерни ёққаним заҳоти электр ўчиб қоларди. Эҳ, ундаги ўртанишлар!.. Қишлоқ атрофида бўри изғиган совуқ қиш кунларида ҳам кечқурин устознинг ёнига келаверардим.
Кунлар ўтиб, ўзим ёмон кўрган ўқитувчини ҳам, у ўтадиган фан физикани ҳам яхши кўриб қолдим. Физикани ўрганишга шу даражада берилдимки, уйда ҳам, кўчада ҳам, овқатланганда ҳам, ишлаганда ҳам ечими чиқмаган масалалар хаёлимдан чиқмас эди.
Хаёлда турли формулаларни келтириб чиқариб, кўп ҳолларда уларга ечим топардим. Мактабни битиришимизга оз қолганда устоз менинг шу фан бўйича яхши мутахассис бўлиб етишишимга умиди борлигини билдириб қўйди. Ўзим ҳам келажакда физик олим бўлишдан бошқа нарсани тасаввур қилолмас эдим.
Мактабни тамомлаб, Термиз шаҳридаги академик лицейнинг аниқ фанлар йўналишига ҳужжат топширдим. У пайтларда қишлоғимизда мобил алоқа йўқ, имтиҳондан уч кун ўтгандан сўнг бир ўзим академик лицейга борганман. Имтиҳон ўтиб кетганини эшитгач, довдираб қолдим. Ортимдан ҳеч ким келмаган, ўзим эса қишлоқдан чеккага чиқиб кўрмаганман. Лекин мустақил ҳаракат қилишим кераклигини ҳис қилиб турардим.
Академик лицей директори Қудрат Бобомуродов университетда Музаффар акага дарс берган, иккаласи баъзи масалаларда келишмаган ва лекин ахийри устозимнинг билимига тан бериб: “Иш бошлаганингда ўзингга ўхшаган шогирд юборасан”, деб айтган экан. Буни устоз шу муассасага ўқимоқчилигимни билганида айтиб берганди. Шу гап ёдимга келиб, директорни кута бошладим. Келди. Важоҳатини кўриб фил ҳуркади.
Ёнига бориб салом бергач:
– Мен Зарабоғдан Музаффар Қурбоновнинг ўқувчисиман, – дедим. У киши қовоқ уйганча:
– Ҳа, нима қилай, имтиҳондан йиқилиб, энди Музаффарнинг ўқувчисиман, деб келяпсанми? – деди.
Мен имтиҳон ўтадиган кунни билмай, унда қатнаша олмаганимни айтганимдан сўнг ўқитувчилар хонасига етаклаб кириб, ўзи бошимда туриб, ўқитувчилар билан биргаликда имтиҳон қилди. Олган билимимни оқладим. Имтиҳон билети саволларига ҳам, ҳар томондан ўқитувчилар ёғдирган саволларга ҳам жавоб бердим. Академик лицей ўқувчиси бўлиш насиб этди.
Ўқиш бошланди. Ўтилаётган мавзуларни билганим учун менга дарсларнинг унчалик қизиғи бўлмади. Шунда бадиий китоб мутолаасига ва шеър машқ қилишга киришдим. Кутубхонадан Усмон Азимнинг “Сайланма”сини топиб олдим. Китоб шеърият ҳақидаги болаларча тасаввурларимни парчалаб юборди ва мени ўзига сеҳрлаб олди. Ана шундан сўнг дарслардан буткул кўнглим совуди. Шеър жиннисига айландим.
Ўқишни ташладим-у, қишлоққа жўнадим. Камбағал ота-онам бундан кўп ҳам куйинмади. Совуқ хонада, сим караватда, чироқ ёруғида туршакми, туғдонами кавшаб мутолаа билан тонг оттирардим. Юрагим тўлиб кетаверарди, шеър ёзардим. Ўқиш ҳақидаги гаплар қулоғимга чалинмас даражада олислаб кетганди. Фақатгина қишлоқда Музаффар ака билан учрашиб қолишдан қўрқардим. Юзим чидамасди.
Ўшанда устоз умидлари чиппакка чиқиб, ошкора бўлмаса-да куйинганди. Буни кўришганда аввалгидек меҳр билан қарши олмаслигидан сезардим. Менинг эса юрагим эзилиб кетаверарди. Лекин шеърият, адабиётга мубталолигим тобора авж олиб бораверарди. Уриниб-суриниб бир неча йиллар адашиб юрдим. Кейин вилоят газетасига ишга чақиришди. Ундан сўнг телевидениеда ҳам кўрсатувлар тайёрлай бошладим. У ёқ-бу ёқда кўриниб қолганимдан кейин устознинг дилидаги ғашлик ҳам бироз аригандек бўлди. Мен эса у кишининг умидини рўёбга чиқаролмаганимдан мудом афсус чекаман.
Қишлоғимиз, мактабим ё болалагим ҳақида ўйласам, кўз олдимга энг аввал устоз гавдаланади. Бирор қишлоқдош билан гаплашиб қолсам, албатта устозни яқин орада кўрган-кўрмагани сўрайман, нималар қилаётгани билан қизиқаман. Ҳамон у кишининг ҳар қадами менга қизиқ, аҳамиятли туйилаверади. Бу мухлислик аломати. Бугун ўйлаб кўрсам, бандалар ичида мен энг биринчилардан бўлиб мухлислик қилган киши қадрли ўқитувчим Музаффар Қурбонов экан!
Устоз ҳақида каттагина асарга жо бўладиган хотираларим бор. Уни ёзиш насиб этадими, йўқми – буниси даргумон. Шунинг учун байрам баҳона хотира-ю эътироф омухта ушба битикларни қоғозга туширдим. Буни ўқитувчисига мангу мухлисга айланган ўқувчининг қатра изҳори ўлароқ қабул қиласиз, деган умиддаман.
Сирожиддин ИБРОҲИМ
Image may contain: 2 people, suit
Leave a Reply
*