Menu
Categories
Американинг бугуни: “2018 йили полиция томонидан 136 ногирон ўлдирилган”
10/09/2018 Муҳокама учун мавзу

 

Американинг бугуни: “2018 йили полиция томонидан 136 ногирон ўлдирилган”

Adam Trammell and Ethan Saylor

АҚШда ҳар йили юзлаб одамлар полиция томонидан отиб ўлдирилади. Сўнгги вақтларда қора танлиларнинг полиция нишонига айланаётгани борасида хавотирлар кучаймоқда. Айни пайтда эса кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган яна бир муаммо авж ола бошлаган.

Уэст Милвоук полицияси душда чўмилаётган 22 яшар Адам Траммелнинг уйига бостириб кирганда соат эндигина саҳарги 5:00 дан ўтган эди.

Шизофренияга чалинган Адамнинг аҳволи ўша пайт беқарор эди. Қўшниси полицияга қўнғироқ қилиб, унинг яланғоч ҳолда иблис билан суҳбатлашаётганидан хавотирга тушаётганини маълум қилади.

Отаси Ларри Траммелга кўра, Адам тез-тез ўзи билан гаплашар, галлюцинация (йўқ нарсаларни кўриш, эшитиш ва сезиш)ларга учрар эди. Ваҳимаси орта бошлаганда ўзини тинчлантириш учун душ қабул қиларди.

Полиция бостириб кирганда Адам бирор кимга таҳдид солмади ёки қуролланмаган эди. У фақатгина полиция талабига биноан душни тарк этмаганди, холос.

Adam Tremmel's apartment building

Полициячилар уни электрошок тўппонча билан 15 марта ўққа тутади. Электр токининг оғриқли таъсири остида ҳолдан тойган Адам қичқирганча ётиб қолади.

Бироз вақтдан сўнг Адам нафас олишдан тўхтайди. Уни касалхонага олиб кетишади, аммо у вафот этади. Бу воқеа 2017 йилнинг 25 май куни содир бўлган эди.

Агар бу ҳодисалар полициячилар таққан камераларга муҳрланиб қолмаганида, у ҳақида ҳеч ким ҳақиқатни билолмасди.

“Уни базўр кўрдим. Уни аёвсиз таҳқирлашди, ҳар қичқирганда, у ҳис қилган оғриқ менинг танам бўйлаб елгандек бўлди. Ўғлим қурбонга айланди,” дейди видеони кўрган Адамнинг онаси Катлин.

Адам Траммел
Image captionАдам Траммел

Катлин полиция нега ўзини бундай ваҳший тутганини ҳали ҳам англай олмаслигини айтади.

«У шунчаки уйида тинч ўтирган эди. Кўчада эмасди, қуроли ҳам йўқ эди. Ҳаттоки, кийимсиз эди, беозор душ қабул қилаётганди. У қандай хавф солган бўлиши мумкин? Ҳеч қандай,» сўзлайди у кўзларидан оқаётган ёшни артиб.

Ларри Траммел эса ўғли полициячиларни кўзимга кўриняпти, деб ўйлаганлигига ишонади. У полициячилар Адамга “Брендон” деб мурожаат қилишганини эслайди. Кейинроқ маълум бўлишича, хабар берган қўшни аёл полицияга унинг исмини шундай айтган.

«Улар бошқа исм билан чақиргани туфайли Адам полициячиларни ҳақиқий, деб ўйламаган,» дейди Ларри.

Отаси Адамнинг полициячиларга сув сепиб кўрганини ҳам айтади. У бу ишни полициячиларнинг ҳақиқийлигини текшириб кўриш учун қилган, деб ўйлайди.

Ҳатто полициянинг ўзи ҳам Адамнинг ҳеч қандай жиноятга қўл урмагани ёки бирор жиноятда гумонланмаганини тан олади. У ҳолда нега унга бундай муносабатда бўлдилар?

Полиция фақатгина Адамга кўмак бериш учун уйга бостириб киргани, тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганини иддао қилади. Видео тасвирда ҳаммаси ойдин кўриниб турганига қарамай, Милвоук бош прокурори Жон Чишолм “полициячилар томонидан амалга оширилган хатти-ҳаракатларнинг жаноб Траммел ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқ” деган тўхтамга келди. Бирор полициячига нисбатан айблов эълон қилинмади.

Бу воқеага матбуот ҳам эътибор қаратмади, ногиронлар ҳуқуқини талаб қилиб, ҳеч ким намойишга чиқмади. Адам шунчаки ҳамманинг назаридан четда ҳар йили полиция қўлида жон таслим қиладиган юзлаб инсонларнинг бирига айланди.

Тахминий ҳисоб-китоблардан англашинилишича, ҳар йили полиция хатти-ҳаракати туфайли ҳалок бўлганларнинг чорак қисмини имконияти чекланган шахслар – ақлий, руҳий ёки жисмоний нуқсонга эга одамлар ташкил этади. Кўпчилик бу сон янада юқорироқ бўлиши мумкин, дейди.

2018 йилнинг ўзидаёқ, маҳаллий матбуотдан олинган маълумотларга таянган ҳолда, 136 нафар имконияти чекланган шахс полиция томонидан ўлдирилгани маълум этилган.

Аксарият мамлакатларда ногирон шахслар камдан-кам ҳолларда полиция қўлига топширилади, АҚШда эса бунинг акси. Бунинг бари ногиронлар билан ишлай оладиган мутахассислар камлиги туфайлидир.

Агар маҳаллий газеталар варақлаб чиқилса, Адам билан бўлган ҳолатга ўхшаш воқеалар мамлакатнинг турли қисмларида қайта ва қайта рўй берганини кўриш мумкин.

26 ёшли Итан Сейлор даун синдромига чалинган эди. Мериленд штатининг Фредерик округида 2013 йил 12 январь кечаси у энагаси билан кинога тушади.

Ethan Saylor
Image captionEthan Saylor

Кинодан руҳланиб кетган Итан намойиш тугагандан сўнг уйга қайтишни истамайди – филмни яна бир бор кўришга ошиқади.

Энагаси уни уйга олиб кетишга кўндириш умидида машинани бинога яқинроқ олиб келишга чиқиб кетади. Итан эса ҳозиргина кино томоша қилган ўрнига бориб, қайта ўтириб олади.

Шу пайт бўш вақтлари хавфсизлик ходими бўлиб ишлайдиган уч нафар назоратчи полициячига бир одам кейинги сеансни чиптасиз кўришга уринаётгани тўғрисида айтишади.

«Шунда полициячилар уни қўлтиғидан кўтариб, бинодан ташқарига судрай бошлайдилар,» ҳикоя қилади Итаннинг онаси Патти.

Онасини чақириб, йиғлай бошлаган Итаннинг қўлига кишан урилади.

“Орада нимадир бўлиб, бир неча сония ёки дақиқадан сўнг Итан нафас олишдан тўхтайди,” дея сўзлайди келгуси тергов натижаларини кутаётган Патти.

Итанни сақлаб қолиш учун уринишлар зое кетади.

Бошида Патти ўғлини соғлиғи ёмонлашгани туфайли жони узилган, деб ўйлайди.

“Бошида бу табиий ўлим эканлигига ишонгандим. Бироз ўтиб, ёриб кўриш натижалари келди ва мутахассис менга бу қотиллик экани ва ўғлим асфикция [бўғилиш – Таҳ.]дан ўлганини айтди.”

Итан полициячиларни жуда севар, ҳатто, ўзи ҳам полициячи бўлишни орзу қиларди. У шунчаки офицерларни кўриш учун гоҳида полицияга қўнғироқ қилар эди.

Ethan Saylor

Ўлимидан атиги бир неча ҳафта олдин Патти маҳаллий шерифнинг идорасига ширинликлар олиб бориб, полициячилар ўғлининг ёш болача қилиқларига сабр қилаётгани учун ташаккур изҳор этиб келган эди. Сўнг у айни ўша полициячилар қўлида ҳалок бўлди.

“Даун синдромига чалинган шахсга ўлиб қолгунгача жисмоний куч қўллаган полициячининг ақли жойидамикан?” савол беради Патти.

Патти ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам қонун муҳофазачилари агар Итан полиция кўрсатмаларига амал қилганда, ҳозир соғ-омон юрган бўларди, деб ҳисоблагани ҳақида сўзлайди.

Бироқ шу ерда савол туғилади – Итан кўрсатмаларга амал қилишга ақлан қобилиятли эдими? На Итан, на Адам полиция талабларини бажаришга лаёқатли эмасди.

Бу муаммо 2017 йил 19 сентябр куни Оклаҳомадаги ўз уйи олдида полиция билан тўқнаш келган 35 яшар Магдеил Санчез воқеасида янада яққолроқ кўзга ташланади.

Магдеил Санчез
Image captionМагдеил Санчез

Полиция жаноб Санчезнинг қурол кўтариб олган, деб ўйлаб, уни ерга ташлашни талаб қила бошлайди. Аслида эса, «қурол» шунчаки бир парча қувур бўлаги эди. Оқибатда, полиция Магдеилни бир қанча қўшнилар кўз ўнгида отиб ўлдиради.

Воқеанинг фожиали жиҳати шундаки, Магдеил полиция талабини умуман эшитмаган – у кар эди. Ҳодиса давомида қўшнилар буни полицияга айтишга ҳаракат қиладилар, аммо полиция уларга қулоқ солмайди.

Кўчадаги кузатув камерасидан олинган тасвирда Магдеил бир марта қўлидаги қувур билан полиция томон югургани, сўнг яна улардан секин узоқлашгани кўринади.

«У эшитмас ва жуда қўрқоқ эди. Ёши катта эркак бўлса ҳам, ҳаракатлари ёш боланикидек эди,» дейди воқеани ошхонасидан кузатиб турган Регина Смит.

Аслида, полиция машинада одам уриб қочишда гумонланган Магдиелнинг отасини излаб, унинг уйига борган ва унинг ўрнига уй атрофида қўлида қувур бўлаги билан айланиб юрган ўғлига тўқнаш келган эди.

Қўшни Кевин Тиллери ўзи доим ёввойи итларга қарши қурол сифатида қувур бўлагини кўтариб юрганини кўрган Магдиел ҳам унга тақлид қилишга урингани ҳақида сўзлайди.

«Ҳар куни кўчага қувур билан чиқишимни кўрар эди ва бир куни эрталаб ўзи ҳам қўлига шундай бўлак кўтариб олибди. У менга кулиб қараган эди,» дейди Тиллери.

Кевин Тиллери
Image captionКевин Тиллери

Оклаҳома шаҳар полиция департаменти эса офицерларнинг ҳаракатини оқлашга уринган.

«Қўшнилар унинг эшитмаслигини полициячиларга айтишга уринганини ҳеч ким инкор қилмайди,» дейди Оклаҳома шаҳар полицияси бошлиғи Уилям Ситти.

Бироқ: «У улар полициячи эканлигини билган эди. Шу сабабдан ҳам биз форма киямиз,» қўшимча қилади жаноб Ситти.

Жаноб Ситти Магдиелнинг карлиги ва ақлан ожизлиги туфайлигина полициячилар бошқача ҳаракат қилишга мажбур эмас эди, деб ҳисоблайди. У полициячилар қувур билан ҳужумга учрашдан қўрқиб, ўзини-ўзи ҳимоя қилганини таъкидлайди.

«Вазиятни юмшатиш бизнинг вазифамиздир,» дейди у.

«Бу бурчни адо этиш вақтида куч ҳам ишлатилиши мумкин.»

Chicago

Адам ва Итан билан содир бўлган ҳолатлар каби бу ишда ҳам бирор полициячига айбдорлик эълон қилинмаган.

АҚШ бўйлаб полиция томонидан ўлдириладиган ногиронлар ҳисобини юритиш мушкул. Тадқиқотчилар бундай ҳолатларни маҳаллий матбуот саҳифаларидан излаб топишга ҳаракат қиладилар. Юзлаб ишларда қурбон имконияти чекланган шахс бўлгани ёки йўқлигига умуман эътибор қаратилмаган. Бундан ташқари матбуот юзини кўрмаган ҳолатлар кўплиги ҳам тахмин қилинади.

Бундай ҳолатлар ҳақида инсон ҳаётига нуқта қўйган полициячиларнинг ўзи нима дейди?

Сержант Корей Нунер 15 йил аввал бир мактабнинг ёнида шизофренияга чалинган аёлни отиб ўлдирган.

«Бошқа бирор танловим қолмаган вазиятга тушиб қолган эдим,» хотирлайди у.

«Мактаб ташқарисида эдик. Аёл қўлида катта пичоқ кўтариб олган, менинг талабларимга қулоқ солмаётган эди.»

Нунер бугун яна шундай вазиятга тушиб қолса, айни ўша ҳаракатини такрорлашини айтади.

Бироқ воқеа унга қаттиқ таъсир қилган.

«Ҳаммаси тугаганидан сўнг менга аёлнинг руҳан носоғлом бўлганини айтишди. Ҳодиса давомида буни билмаган эдим. Нима бўлаётганини тушунмаган эдим,» маълум қилади у.

У Америка полицияси исталган пайт қурол ишлатишга тайёр туради, деган қарашдан жаҳли чиқишини айтади.

«Ким ҳам шундай вазиятга тушиб қолишни истайди? Ҳақиқат шундаки, ҳеч ким кимгадир қурол ўқталиб, тепкини босишга мажбур бўладиган ҳолатга тушишни хоҳламайди.»

Нега унда полиция томонидан ўлдирилган ногиронлар сони шунчалик кўп?

АҚШдаги полициячиларнинг бари қуролланган. Уларнинг қуролли жиноятчиларга тўқнаш келиш эҳтимоли ҳам катта.

Жорий йилнинг ўзида мамлакат бўйлаб 40 нафар полиция ходими отиб ўлдирилган.

US police car

Шу сабабдан полициячиларнинг катта қисми, аввало, қурол билан муомала қилиш ва ўзини муҳофаза этишга ўргатилади. Бироқ танқидчилар бундай эҳтиёткорлик чоралари полициячиларни зиддиятли шахсларга айлантириб юбораётганини таъкидлайди.

Чикаго шаҳридаги Сауз Сайд ногирон шахслар энг кўп ўлдириладиган ҳудудлардан бири. Бу ер АҚШдаги полиция томонидан қаттиқ назорат этиладиган жойлардан бири ҳамдир.

Кузатувчилар полиция, айниқса, қашшоқ ҳудудларда кимдир талабларни дарҳол бажаришга ошиқмаганда бақириш ва жисмоний куч ишлатишга одатланганига ишора қилади. Бундай ҳолларнинг баъзиларида полициячилар зудлик билан қурол ўқталишга интилади.

Адам, Итан ва Магдиел воқеаларида кўзга ташлангандек, талабларни бажаришга лаёқатсиз бўлган шахслар полиция билан тўқнаш келганда вазият осонликда аянчли тус олиши мумкин.

Мия ярим фалажига учраган Кендес Колмен Access Living ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи билан имконияти чекланган шахсларга кўмак қўлини чўзиб келади. У Чикагонинг Сауз Сайд ҳудудида вояга етган ва шу ерда ногиронлар, хусусан, шизофрения ва аутизмга чалинганлар билан ишлайди.

Candace Coleman

“Улар полицияга йўлиққанда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатни ўйлаб, даҳшатга тушиш мумкин,” дейди у.

Қўлини кўтариб туриш ёки офицерга тик боқиш буйруғини улар тушунмаслиги мумкин.

Шунингдек, баъзида бундай инсонларга қўл билан тегиниш уларнинг жазавага тушишига сабаб бўлади.

Адамнинг отаси Ларри Траммел буни тасдиқлайди.

“Айрим вақтлар бўлардики, Адамга тегиниб бўлмасди. Мен буни ҳар доим сезардим ва ундан узоқроқ туриб, гаплашишга ҳаракат қилардим.”

«Унга отаси эканимни эслатиб, тинчлантиришга уринишларим ҳам иш бермас эди,» эслайди жаноб Траммел.

Adam Trammell
Image captionАдам Траммел

Адамнинг ўлимига полициячилар томонидан қилинган ҳаракатларнинг бирор алоқаси йўқ, дея қарор олган Милвоук бош прокурори Жон Чишолм эса ҳануз ўз фикридан қайтмаган.

“Полициячилар уни тинчлантириб, тиббий ёрдам кўрсатиш учунгина электрошок тўппончадан фойдаланган,” такрорлайди у.

Адам оиласининг адвокатлари полиция кўплаб тартибларни бузганини айтади. Шулардан бири бирор шахснинг 15 сониядан ортиқ электрошок тўппонча таъсири остида қолдирмасликдир.

Бундан ташқари ёриб кўришдан сўнг Адамда кўплаб оғир жароҳатлар, жумладан, қовурғалари цингани аниқланган.

US police car

Ёзилган тартиб-қоидага кўра, полициячи руҳий соғлиги жойида бўлмаган шахс билан юзлашган вақтда «уни жазавага солиш, жисмоний таъсир кўрсатиш ёки тутиб туришдан тийилиши ва тинчлантиришга ҳаракат қилиши лозим.»

Полициячилар нотўғри хатти-ҳаракатга қўл урмаган, деб таъкидлайдиган прокурор Чишолм Адамнинг соғлиги ёмонлашгани туфайли вафот этган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Ногиронлар билан содир бўлган ўхшаш воқеаларда иштирок этган полициячиларнинг жуда кам қисмига айблов эълон қилинган.

АҚШда тиббий ёрдам кўрсатиш учун тез-тез полиция чақирилади. Бунга юқори малакали тиббий ходимларнинг етишмаслиги сабаб.

William Citty
Image captionWilliam Citty

«2012-2016 йиллар ичида фуқароларнинг руҳий ҳолати юзасидан қилинган қўнғироқлар сони уч мартага ошган,» маълум қилади Оклаҳома шаҳар полицияси бошлиғи.

Бошлиқнинг айтишича, руҳий касалликларни даволаш учун етарлича маблағ ажратилмайди. Шу сабабдан аслида шифокорлар қилиши лозим бўлган ишни полициячилар бориб бажаришга мажбур.

Итаннинг онаси Патти Сейлор ҳозирда бир гуруҳ полициячиларни имконияти чекланган шахслар билан қандай муомала қилишга ўргатмоқда.

“Итаннинг полициячиларга ўз ҳолатини тушунтириш учун ақлий қобилияти етишмас эди. Офицер, ҳозир мен жойимга ўтириб, филмни иккинчи марта томоша қиламан, онам эса йўлда. У келиши билан чипта пулини тўлайди, деб тушунтиролмас эди,” сўзлайди у залда ўтирган полициячиларга қараб.

Патти полициячилар орасида шахс ногиронлигини ҳисобга олмаслик кайфияти мавжуд эканлиги ва бу ҳолат, умуман, бутун жамиятдаги огоҳлик даражасининг инъикоси эканлигини айтади.

Унинг сўзларига кўра, Итан билан бўлган воқеани тинглаган баъзи полициячилар бу ишда ўзини ҳам айбдор ҳис этган.

Бироқ Итанни ўлимига сабабчи бўлган полициячилар ёки уларнинг идораси Патти билан бирор марта алоқага чиқмаган. Фредерик округи полицияси унга моддий товон тўлашга розилик билдирган, аммо бўлган воқеа учун ҳеч қачон узр сўрамаган.

Оклаҳома шаҳар полицияси Магдиел Санчезнинг ўлимида ўзини айбдор санамаса ҳам, ногиронлиги бор шахслар билан муомала қилиш бўйича офицерлар малакасини ошириш ишларини бошлаган.

Малака ошираётган полициячилар орасида 15 йил олдин руҳан носоғлом аёлни отиб ўлдирган сержант Корей Нунер ҳам бор. У узоқ йилдан бери ногиронлар дунёсини англашга уриниб келади.

Sgt Corey Nooner

Аксарият кузатувчилар фикрича, полициянинг зўравонлиги асосида офицерларни аввал бошидан шахсий муҳофазага зўр бериб тайёрлаш ётади. Вазиятни қандай юмшатиш бўйича улар нисбатан кам вақт тайёргарликдан ўтказилади.

Ногиронларга кўмак берувчи Кендес Колмен Сауз Сайд ҳудудида яшовчи имконияти чекланган шахсларнинг кўпи полициядан қўрқиб қолгани ҳақида сўзлайди.

«Полициячиларни ногиронлар билан тўғри муомала қилишга ўргатиш муҳим, аммо бу етарли эмас,» дейди у.

“Уларнинг турли вазиятларда ўзини тутиши ўзгариши лозим. Бирданига қурол ёки электрошок тўппончани чиқариб, бақира бошлаш шарт эмас,” қўшимча қилади Колмен хоним.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

https://www.bbc.com

Leave a Reply
*