Menu
Categories
Ўзбекистон – Франция: Ўзъаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида – ЎзА
10/09/2018 Бош мақола
 Ўзбекистон – Франция: узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида
Ўзбекистон – Франция: узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 9 октябрь куни бўлиб ўтди.

Париж шаҳридаги Шон-шараф майдонида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Франция давлат мадҳиялари янгради. Шавкат Мирзиёев ҳарбий оркестр садолари остида фахрий қоровул сафи олдидан ўтди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Франция Республикаси Президентининг Елисей саройига йўл олди.

Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макроннинг музокарасида Ўзбекистон – Франция муносабатларини янада ривожлантириш, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Президентимиз мамлакатимиз делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ишончли ва узоқ муддатли шерик бўлган Франция билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини алоҳида таъкидлади. Франция давлатимиз раҳбари расмий ташриф билан келган Европадаги биринчи мамлакат эканини қайд этиб, ўн бешинчи аср бошида буюк Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён давом этиб келаётган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч мамлакатларимизни боғлаб туришига эътибор қаратди.

Эммануэль Макрон давлатимиз раҳбари билан Парижда учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар нафақат аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг етакчи давлатлар сафига кириши, балки Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ёки мос экани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақа давлатларининг изчил тараққиётга эришиши мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини қайд этдилар. Минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлиги яна бир бор таъкидланди. Бунда олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш ушбу муаммони ҳал этишнинг бирдан-бир йўли эканига эътибор қаратилди.

Кейинги йилларда сиёсий мулоқот фаоллашгани ва бундан буён мунтазамлик касб этиши лозимлиги таъкидланди.

Ҳукуматлар ва вазирликлар даражасида мунтазам мулоқот амалга оширилмоқда. Ташқи сиёсий идоралар ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Парламентлараро алоқалар изчил ривожланмоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссияси фаолиятига ижобий баҳо берилди. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган, Икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисида конвенция ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.

Музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми мавжуд имконият ва салоҳиятга мос эмаслиги таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “МЕДЕФ” Франция тадбиркорлари ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган бизнес-форумда Европанинг илғор тажрибаси, билими ва технологиялари асосида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди.

Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Винчи», «Орано», «Тоталь Эрен», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил ривожланмоқда. Учрашувда бунга алоҳида эътибор қаратилар экан, маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришнинг аниқ йўналишлари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонга келаётган франциялик сайёҳлар учун визасиз тартиб жорий этилгани ва Франция бу борада Европанинг биринчи мамлакати бўлганини таъкидлади.

Мамлакатимизда француз тилини ўрганишга қизиқувчилар кўп. Яқинда Тошкентда Француз тили ва маданияти маркази ташкил этилди.

Иқтисодиёт, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаш бўйича Ўзбекистонда Франциянинг етакчи университетлари филиалларини очиш борасида келишувларга эришилди.

Мамлакатимиз тарихи ва маданияти халқаро ҳамжамиятда, жумладан, Франция илмий доираларида доимо катта қизиқиш уйғотиб келган. Ташриф давомида юртимиз тарихи ва маданиятини ўрганишга муносиб ҳисса қўшган Франциянинг таниқли адабиёт ва илм-фан намояндалари – ёзувчи Амин Маалуф, олимлар Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним ва Франц Гренега Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси унвони берилди.

Мамлакатимиз тарихий ва маданий меросига улкан қизиқишни ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилди. Ушбу тадбир жаҳонга машҳур музейда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатлардан бирига бағишлаб ўтказиладиган илк кўргазма бўлади.

Ташриф доирасида автомобиль транспортида халқаро йўловчи ва юк ташиш, туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, Франция тараққиёт агентлиги билан 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш тўғрисида аҳдлашув битими имзоланди.

Шунингдек, 2019-2020 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Франция экология, барқарор тараққиёт ва энергетика вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасида ҳамкорлик, икки мамлакат ички ишлар, маданият вазирликлари, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми каби ҳукуматлараро ва идоралараро жами 10 та ҳужжат қабул қилинди.

Музокаралар якунида имзоланган ҳужжатлар ўзаро алмашилди.

Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунида эришилган натижалар Ўзбекистон билан Франция ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканининг ёрқин тасдиғи бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Лувр музейига ташриф буюрди.

Лувр – дунёдаги энг машҳур музейлардан бири, Франциянинг ўзига хос “ташриф қоғози”дир. У бадиий коллекцияси бўйича жаҳонда биринчи, майдони бўйича иккинчи ўринда туради. Ушбу музейга ҳар йили қарийб 10 миллион сайёҳ келади.

Музей биноси 1190 йилда Франция Қироли Филипп-Август томонидан қалъа сифатида бунёд этилган. Лувр сўзи мазкур мудофаа қўрғони номидан олинган. У бир неча аср давомида Франция қироллари қароргоҳи бўлган. Кейинчалик Версаль саройи қурилгач, 1793 йилда музейга айлантирилган.

Лувр музейида 300 мингдан зиёд экспонат сақланади. Уларнинг энг қадимгиси эрамиздан аввалги 7 асрга оиддир. Музей залларида уларнинг фақат 35 мингтаси намойиш этилади. “Милослик Венера” ҳайкали ва Хаммурапи қонунлари, Леонардо да Винчининг “Жоконда” ва Ян Вермеернинг “Чевар қиз” картиналари улар орасида энг машҳурларидир.

Музей экспонатлари 6 та коллекцияга ажратилган. Фақат Шарқ коллекциясининг ўзи 24 та зални эгаллаган. У ерда бизнинг мамлакатимиз тарихига ҳам оид минглаб ашёлар бор. Жумладан, Амир Темурнинг Карл VI га ёзган мактуби, Аҳмад Яссавий мақбараси учун Соҳибқирон томонидан ясатилган шамдон, қадимий қурол-аслаҳалар, битиклар ва бошқа осори-атиқалар буюк ўтмишдан сўзлайди.

Давлатимиз раҳбари музей экспонатларини томоша қилди ва улар тарихи билан қизиқди. Бу ерда сақланаётган тарихий меросимиз намуналари халқимиз учун ниҳоятда қадрли ва аҳамиятли эканини таъкидлади. Ўзбекистон ва Франция музейлари ҳамкорлигида кўргазмалар ташкил этиш, археолог ва тарихчи олимларнинг илмий ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи ниҳоясига етди.

Абу Бакр Ўрозов,
 
ЎзА махсус мухбири
Тошкент – Париж – Тошкент.

Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон музокара ўтказди

Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон музокара ўтказдиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифининг иккинчи куни Елисей саройида Эммануэль Макрон билан музокара ўтказди.
Париж, 9 октябрь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ишончли ва узоқ муддатли шерик бўлган Франция билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини алоҳида таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев мазкур ташриф Европа давлатлари ичида биринчи марта Францияга бўлаётганини қайд этиб, ўн бешинчи аср бошида буюк Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI давридан буён ўрнатилган тарихий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч ришталари мамлакатларимизни боғлаб турганига эътибор қаратди.

Эммануэль Макрон дастлабки амалий музокараларни ўтказиш учун давлатимиз раҳбари билан Парижда учрашишдан мамнуният билдириб, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, улкан ислоҳотлар нафақат аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатни етакчи давлатлар сафига олиб чиқиш, балки Марказий Осиёда барқарор тинчликни таъминлаш борасида ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалади. Францияда сақланаётган Амир Темурнинг форсийда битилган мактублари, Париж Миллий кутубхонасининг нодир дурдоналаридан бўлган Шарль VIнинг Амир Темурга йўллаган жавоб мактублари икки мамлакатнинг кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилганидан далолат беради.

Томонлар минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш муҳимлигини қайд этдилар.

Франция Президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва мамлакатимиз раҳбариятининг дўстлик, яқин шериклик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юксак баҳолади.

Эммануэль Макрон давлатларимизнинг асосий халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ёки мос эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг тинч ва изчил тараққиётини таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида қайд этилди.

Музокараларда минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш зарурлигини яна бир бор таъкидлаб, бунда олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри сиёсий мулоқотни таъминлаш ушбу муаммони ҳал этишнинг энг асосий омили эканлигига эътибор қаратилди.

photo5325907091292006936.jpg

Кейинги йилларда сиёсий мулоқот фаоллашгани ва мунтазамлик касб этаётгани қайд этилар экан, экологик муаммоларни ҳал этишга устувор эътибор қаратиш, айниқса, Орол фожиасининг Марказий Осиё ва бутун жаҳон учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

Ҳукуматлараро ва вазирликлар ўртасидаги муносабатлар ҳам мунтазамлик касб этмоқда. Ташқи сиёсий идоралар ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда, парламентлараро ҳамкорлик ривожланмоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ўзаро савдода энг кўп қулайлик бериш тартиби ўрнатилган, икки томонлама солиқ солишга қўл қўймаслик тўғрисида конвенция ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.

Ўтган йилларда Франциядан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми қарийб 1 миллиард долларни ташкил этди.

Музокараларда бу кўрсаткич мавжуд имконият ва салоҳиятга мос эмаслиги таъкидланди. Шу муносабат билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Франция тадбиркорлари ҳаракати – “МЕДЕФ” билан ҳамкорликда ташкил этилган бизнес-форумда Европанинг илғор тажрибаси, билим ва технологиялари асосида қиймати 5 миллиардга еврога яқин истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар эришилган катта мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 1 миллиард еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. Франциянинг етакчи «Натиксис», «Креди Агриколь» банклари ва «БиПиАй» экспорт-импорт агентлиги билан 1,5 миллиард евролик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида битимлар тузилди.

Франциянинг «Эйрбас», «Тоталь», «Винчи», «Орано майнинг», «Тоталь Эрен», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Учрашувда бунга алоҳида эътибор қаратилар экан, маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришнинг аниқ йўналишлари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Франция фуқароларига Ўзбекистонга визасиз саёҳат қилиш тартиби жорий этилгани ва бу борада Франция Европанинг биринчи мамлакати бўлганини алоҳда таъкидлади.

Мамлакатимизда 300 минг ўқувчи ва талаба француз тилини ўрганмоқда. Яқинда Тошкентда Француз тили ва маданият маркази ташкил этилди.

Иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиалларини очиш борасида келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Халқаро мода академияси, Тулуза, Сержи-Понтуаз, ИНАЛКО ва бошқа университетлар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Мамлакатимиз тарихи ва маданияти халқаро ҳамжамиятда, жумладан, Франция илмий доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ташриф давомида юртимиз тарихи ва маданиятини ўрганишга катта ҳисса қўшган француз илм-фан намояндалари – таниқли ёзувчи Амин Маалуф, таниқли олимлар Фредерик Брессанд ва Франц Грюнега Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси унвони берилди.

Мамлакатимиз тарихий ва маданий меросига улкан қизиқишни ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилди. Ушбу тадбир жаҳонга машҳур музейда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги мамлакатга бағишлаб ўтказиладиган илк кўргазма бўлади.

Давлат раҳбарларининг музокаралари якунида автомобиль транспортида халқаро йўловчи ва юк ташиш, туризм соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, Франция тараққиёт агентлиги билан имзоланган 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш битими билан алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Ташриф доирасида 2019-2020 йилларда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Франция экология, барқарор тараққиёт ва энергетика вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида, икки мамлакат ички ишлар, маданият вазирликлари, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Жами 10 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунида эришилган натижалар Ўзбекистон ва Франция ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга, уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканининг ёрқин тасдиғи бўлди.

ЎзА
http://uza.uz
Leave a Reply
*