Menu
Categories
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга
10/14/2018 Воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси
                                                      К.Комиловга
                                  Нусҳаси:    Ўзбекистон Республикаси Президенти
                                                      Ш.М.Мирзиёевга
       Нусхаси:    “Дунё ўзбеклари” Бош мухаррири
И.Хушевга
                                                  Сирдарё  вилояти, Мирзаобод тумани,
                                                  «Янги ҳаёт»  МФЙ, Баҳор кўчаси  12-
                                                  уйда яшовчи, 1960-йилда  туғилган
                                                  фуқаро – Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари
                                                  «Эзгулик» Жамияти  Тафтиш комиссияси
                                                  раиси И.М.Ризаевдан
                                                                                 Тел: (+99894) 581-44-42
               Ш И К О Я Т   А Р И З А
(Назорат тартибида)
(ЖИБ Мирзаобод туман Судининг 2014-йил 28-май кунги менга нисбатан буюртма асосида ноқонуний чиқарган Ўзб. Респ. МЖтК.нинг 40-моддаси 1-қисми бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Ажримини ҳамда  2014йил  июль ойидаги   ЖИБ Сирдарё вилояти Суди Кассация Судининг Ҳал қилув қарорини бекор қилиб, менга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ўрнини қоплаш ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўришликни таъминлаш тўғрисида)
 Ҳурматли Олий Суд раиси,
 Муҳтарам Президент,
 Ҳурматли Бош мухаррир,
Менинг кейинги 25 йиллик ҳаётим, қисматим юртимиздаги кам сонли ҳуқуқ ҳимоячилари, зиёли, фаол инсонлар тақдири каби оғир кечди. Гарчи менинг фаолиятимни собиқ МХХ ва унинг айрим (ҳозирда жиноий жавобгарликка тортилган) миллат  душмани-мутасаддилари тўхтата олмаган, жиноий жавобгарликка тортишгача эриша олишмаган  бўлса-да, шу йиллар давомида менинг ҳуқуқ ва эркинликларимга, оиламга, уларнинг тирикчилигига, (молиявий манбааларига) ижодига даҳл этишиб, молиявий томондан репрессия қилишлари оқибатида, ҳозирги кунга келиб буткул молиявий танг аҳволга тушиб, оиламиз билан катта миқдордаги (сунъий, табиий) қарзга ботиб қолганмиз.
Сабаблар:
 – Менинг 36 йиллик Педагогик фаолиятим давомида дастлаб собиқ СССР, сўнгра мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида қонуний берилган Олий тоифам-мутахассис даражасига пасайтирилди, дарс соатларим ҳафтасига 5 соатга туширилди,
–  турмуш ўртоғимнининг кичик тадбиркорлик фаолияти олиб борадиган савдо дўкони эшиги зўравонларча бузиб кирилиб, товар-моддий бойликлари талон-тарож қилинди,
– оиламни бузиш мақсадида аёллар сурати билан монтаж қилинган фотокопиялар (К.Бозорбоев томонидан бажарилган) турмуш ўртоғим ишлайдиган жойга атайлаб ташлаб кетилди,
–   МХХ (СНБ) да учётда туришлигим айтилиб, яқин қариндошларим ва ён қўшниларим орасига нифоқ солишга уринишди,…
–  Олий маълумотли (бокалавр) тўнғич фарзандимни мутахассислиги бўйича муқим фаолият олиб боришига тўсқинлик қилишди, 2015-йил Жанубий Кореяга ижодий сафари арафасида гуруҳидан исми-шарифи ўчириб ташланди,..
–  2012-йилда  МХХ нинг буюртмаси билан гўёки «ИИБ ходимларини ҳақорат қилди» деган уйдирма билан бир-неча ноқонуний маъмурий Судловга ҳамда жарималарга тортилдим. (Ажримлари сақланмоқда)
–  2013-йил МХХ топшириғи асосида хуфия тарзда бўхтон ариза уюштирилиб (гўёки ННТ.да ноқонуний фаолият юритади деб) сиртдан Ўзб. Респ. МЖтК.нинг 298-модда 1-қисми бўйича айбдор деб топишиб, энг кам иш ҳақининг 70 (?) баробаридаги жаримага тортганлари етмаганидек, декабрь ойида 4 маротаба хонадонимга Суд ижрочилари гуруҳи бостириб киришиб 3.000.000 сўмдан ортиқ уй-рўзғор буюмларимни ғорат қилишди (тасдиқловчи фотолар сақланмоқда) қолган 2.000.000 сўм “қарздорлик”ни ўрта мактабдан оладиган 200.000 сўм ойлик маошимнинг 50% га қаратишди.   (Ҳозирда ушбу соҳта қарздорликни Давлатимиз хазинасига ойлик маошимдан тўлаб бўлганман)
–  Турар-жойим атрофини, телефон сўзлашувларимни қонунга зид равишда кузатишди, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Бошқарув йиғилиши, Қурултойга, пикетларга боришимга қаршилик кўрсатишиб уй қамоғида тутиб туришди, йўлдан ҳибс этишиб, қайтариб олиб келишиб, ҳаракатланиш эркинлигимга даҳл этишди.
–  Маҳаллий ОАВ ларда таҳқирловчи, қадр-қимматни беҳурмат қилувчи (асоссиз) мақоллалар, кўрсатувлар намойиш этишди. (газета нусхалари сақланмоқда)
–  Ҳозирги кунларда янги ташкил этилган МИБ томонидан соҳта маиший тўловлар учун ҳеч бир мониторингсиз дастлаб, 4.000.000 сўм (?) кейинроқ 2.800.000 сўм, (бу миқдорнинг деярли ярми иложсизликдан тўланди. Одамлардан қарз олинди, уйдаги дараҳтлар кесилиб, ўтин қилиб сотилди) Ҳозирги ҳолатда яна 1.000.000 сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд экан. (соҳта Далолатнома ва талабномалар асли сақланмоқда)
–  2013-йилдан буён тўлов ва тегишли хужжатлар Сирдарё вилояти ОВИРга топширилса-да, бироқ стикер босиб берилмаяпти ва ҳоказолар…
  1. Гарчи 2016-йилдан иқтидорга янги  Президент-Ш.М.Мирзиёев келиб, Давлат идораларини, жамиятни модернизация қилиш, айниқса Қонунийлик ва Суд-Ҳуқуқ тизимидаги салбий тенденциялар-коррупция даражасини бартараф этиш каби инқилобий ислоҳотлар бошлаб юборилсада, айрим эски тузумдан қолган кадрлар, мансабдорлар ўз фаолиятларини жиддий таҳлил этишиб, тегишли хулосалар чиқаришмаётган кўриниади…
  1. Навбатдаги молиявий репрессия: 2014-йилда Жамиятимизга Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар Э.Бозоров исмли безори шахс (МХХ ва ИИБ қулоғи) устидан мурожаат йўллашган эди… (Прокуратурада, МХХ да зўр оғайнилари борлигини рўкач қилган. Ўз қўли билан ёзган тилхати бор) Биз жабрланган фуқаролар манфаатида тегишли чоралар кўришликни сўраб, Мирзаобод туман ИИБ бошлиғи номига (собиқ-Р.Ахунов) мурожаат киритган эдик.
… Кутилмаганда 2014-йил 28-май куни ЖИБ Мирзаобод туман судига чақиришиб қолди. Суд (судья-С.Расулов) устидан шикоят этилаётган айбдорга эмас, аксинча бир гуруҳ жабрланган фуқароларни (М.Муйиддинова, Н.Қултоева, Г.Султоновалар)ўзларига жумладан менга ҳам (юридик ташкилот аъзоси) гўёки Э.Бозоровга туҳмат қилганимиз “ўз тасдиғини топган” деган иддао билан энг кам иш ҳақининг 20 баробари (1.921.300 сўм) миқдоридаги жарима жазосини ё билиб, ёки билмай ўтирган жойида маслаҳатхонага чиқмай эълон қилиб юборгач, мен ушбу абсурд Суд Ажрими устидан ЖИБ Сирдарё вилояти Суди Кассация инстанциясига киритган шикоятим ҳам қаноатлантирилмагач, ҳамда мазкур жаримани ундиришлик ташкилотимизга мурожаат этишган фуқаролар: М.Муйиддинова, Н.Қултоева ва Г.Султоноваларга эмас, айнан менинг ўзимга (яна мактабдан олаётган 200.000 сўм маошимнинг 50% га қаратилди) Яна 1 йилдан сўнг ушбу ноқонуний “жаримани” ҳам Давлатга тўлаб бўламан. 2 йилдан сўнг эса, нафақага чиқаман. Бундан ташқари МИБ қўллаган 1 млн.дан ортиқ “умрбоқий” жарималарни (қарздорликни) эса нафақа пулимдан “Келажаги буюк Давлатимиз” хазинасини бойитиш учун ўз хиссамни қўшавераман!!!
Мен давлатимиз ривожига, тараққиётига ўз арзимас улушимни (ҳаётим, соғлигим) қўшаётганимдан асло афсусда эмасман! Бу ҳам-ҳайр, эҳсон. Яъни-Худойи.
  1. Кутилмаганда… … 2017-йил декабрь ойида ижобий ўзгаришлардан руҳланиб, Президент ташаббуси билан янги очилган Ўзб. Респ. Президентининг виртуал қабулхонасига  ўз бузилган (МХХ, Прокуратура томонидан) ҳақ-ҳуқуқларимни тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат йўлладим. Кутилмаганда мени 2018-йил январь ойида ЖИБ Сирдарё вилояти судига телефон орқали чақиришиб қолишди…
Суд биноси хизмат хонасида ўзини бош мутахассис-Б.Сарабеков деб танитган мулозим менга ҳамда Жамият фаоли Ҳ.Алибоев иштирокида “Сизга нисбатан биринчи инстанция суди (судья-С.Расулов) нотўғри Ажрим чиқарган, Сиз юридик ташкилот вакилисиз, Сиз ўз хизмат бурчингизни бажаргансиз, Сиз энди Ўзб. Респ. Олий Суди раиси номига Ўзб. Респ. ЖПК.нинг 510, 498-моддаларига асосан, Суд ажримидан ўзингизга таалуқли қисмини алоҳида ажратиб олиш ҳамда бекор қилишлик тўғрисида Назорат тартибида шикоят киритинг” деб маслаҳат бердилар…
Биласизларми, шу куни Суд биносидан (Адолат қўрғонидан) “Давлатга дўст бўлиб” чиқиб кетдик!… (Президентимиз ибораси билан айтганда)
  1. Бироқ…  2018-йил  12-февраль куни Ўзб. Респ. Олий Суди раисининг фуқаролик ишлари бўйича ўринбосари-М.Астанов имзоси билан назорат тартибидаги шикоятим қаноатлантирилмаганлиги ҳақидаги   МИБ-104-18-сонлижавоб хатини олгач, руҳимни туширмай, Олий Суд раиси номига ҳамда бир вақтнинг ўзида Ўзб. Респ. Президентининг виртуал қабулхонасига танқидий, шаклда таҳлилий шикоят ариза йўлладим…
  1. Яна умид уйғонди. …2018-йилда  шикоят аризамга жавобан Ўзб. Респ. Олий судининг жиноят ишлари бўйича раис ўринбосари-Н.Акбаров имзоси билан “Сизга нисбатан чиқарилган Суд қарорларидан норози бўлсангиз, ЖПК.нинг 498 ва 510-моддаларига асосан, Суд қарорини илова қилган ҳолда Ўзб. Респ. Олий суди раисига ёки Ўзб. Респ. Бош Прокурори номига Назорат тартибида илтимоснома (?) киритишингиз мумкин” деган мазмунда жавоб хати олгач, яна руҳимга руҳ қўшилиб, дарҳол Ўзб. Респ. Олий Суди раиси номига асослантирилган Илтимоснома йўлладим.
  1. Эҳ… минг афсус. …2018-йил 11-июнь куни Ўзб. Респ. Олий Суди ЖИБ Судлов Ҳайати раисининг ўринбосари-В.Назаров имзоси билан “менинг шикоятим Олий Судда кўриб чиқилганлиги, (?) Суд қарорларидан норози бўлсам Ўзб. Респ. ЖПК.нинг (менга ёд бўлиб кетган) 498, 510-моддаларига кўра … жабрланувчи яъни мен барча суд қарорларини илова этган ҳолда Олий Судга назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқим борлиги тушунтирилган” ўта масъулиятсизларча, боз устига масхарабозликдан иборат жавоб хати олдим!!!
Ахир савил ушбу ҳуқуқимдан бир эмас, бир-неча марта фойдаландимку? Бу каби “хатбозлик” ўйинларидан ким манфаатдор ўзи?
…Кайфиятсиз юрганимда бир собиқ ҳуқуқшунос дўстим дардимни эшитгач, “э,э, дўстим, шунча йил ҳуқуқ соҳасида ишлаб, ҳеч нарсани тушунмабсизку, ахир доим халқимизда … “бир-бирини кўзини жароҳатламайди” деган ибора борку? Агар Олий Суд биринчи ёки бошқа инстанциялар Ажримини бекор қилса, ўша Судьянинг (С.Расулов ва А.Ўлмасов) карьерасига нуқта қўйиладику? Боз устига Сизга етказилган моддий ва маънавий зарарлар ўрни шу орган депозитидан тўлаб бериладику? Улар буни асло ҳохлашмайди” дегач, мен дарҳол ҳозиржавоблик  билан: “Юртбошимизнинг Суд-ҳуқуқ соҳасидаги олиб бораётган туб ислоҳотлари, кадрлар сиёсати, ҳамда 2017-йил 6-июнь кунги Олий Судьялар Кенгаши раисининг халққа эълон қилган Мурожаатномалари, қора рўйхатлар, исталмаган шахслар номлари бекор қилинганлиги каби далилларни қалаштириб ташладим…
Бунга жавобан ҳуқуқшунос дўстим: “бунгача ҳали 5, 6 қовун пишиғи бор” дея, суҳбатни якунлади…
Ҳурматли Олий Суд раиси,
Сиздан яхши ниятларда сўрар эдимки, ушбу навбатдаги сал адабийлаштирилган шикоят хатимни агарда ЖПК.нинг 498, 510-моддалар талабларига монеълик қилмаса, шахсан ўзингиз вақт ажратиб кўриб чиқсангиз ҳамда асослантирилган жавоб хати йўлласангиз. (қандайдир Астанов,Акбаров ва Назаровлар эмас) Чунки ушбу навбатдаги Сизга йўллаётган мурожаатим нусҳаларини бир вақтнинг ўзида Ўзб. Респ. Президентига ва ОАВ лар орқали кенг жамоатчилик ҳукмига ҳам ҳавола этмоқдаман.
Агар мурожаатим шакли белгиланган талабга жавоб бермаса, Олий Суд архивидан бор бўлган муқаддам Сизнинг номингизга йўлланган назорат тартибидаги шикоят аризаларим ва унга илова этилган хужжатлардан фойдаланишингиз мумкин.
…Агар яна ўринбосарларингиздан бирортаси навбатдаги “хатбозлик” ўйинини бошласа, мен қайтиб Сизни умуман безовта қилмайман. (Чунки Сиздан бошқаКонституцион Суд, Халқаро Европа Судлари ҳам бор)
   Сизларга самимий ҳурмат билан:              И.М.Ризаев
                                                                 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик”
                                                                 Жамияти  Марказий  Бошқаруви аъзоси.
                                                                 Тафтиш   комиссия   раиси.
                                                                 Ўзб. Респ. Халқ  таълими  аълочиси

Мурожаат рақами    108693-s/18
Текшириш коди    da2caa5a15
Leave a Reply
*