Menu
Categories
Абубакр Асоев ҳикоя қилади: ЛОҲУРДА ШЕЪРИЯТ КЕЧАСИ
10/25/2018 Адабиёт
ЛОҲУРДА ШЕЪРИЯТ КЕЧАСИ
Ўн-ўн беш кун бурун ўз аро гурунглашиб турганимизда Шамсидин ака:
– Октябр кирса, устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим олтмиш тўрт баҳорни қаршилар экан. Шу муносабат билан устознинг ижодий кечасини ўтказсак қандай бўларкин? – дея жуда ажойиб бир фикрни айтиб қолди. Яхши гапнинг садағаси кетсанг арзийди-да! Эшитганинг заҳоти юрагинг тўлқинланиб, вужудингни ажабтовур бир туйғу қамраб олади. Ҳамсуҳбатимнинг оғзидан таралган бу сеҳрли жумлалар ҳам чақмоқ каби чақнаб, кўнглимда лоҳас бўлиб ётган ҳисларни жунбушга келтирди. Дунё ва тирикчилик ташвишларидан эзилиб, афтода ҳолга келган кўнгил қаърига баҳорий шабада эпкини кириб келган эди, гўё…
– Жуда ажойиб бўларди! – кўнглимни чулғаган ҳис ва туйғулар таъсиридан забоним ҳаракатга келди. – Хўш, фикрингизни айтинг қани! Қаерда ўтказамиз? Қачон ўтказамиз? Бирор режангиз борми?
– Албатта, бор! Ҳали хомроқ бўлса ҳам битта режам бор! Бирорта мактабда ўтказамиз.
– Мактабда? Қайси мактабда? – ҳамсуҳбатимнинг кейинги айтган гапи энсамни бир оз қотирди. Руҳиятимни бир лаҳза олдин эгаллаган кўтаринкиликдан асар ҳам қолмаган эди. Асрлар давомида ўз ўзанида сокин оқаётган дарё бирдан ортига қараб оқишни бошлаганди, гўё. Кўнглимдан эса: “Онг ва фикр таназзули қулоч ёйиб, бутун инсониятни ғарқ этишга шайланган ҳозирги мураккаб даврда қайси мактаб бунга розичилик бераркин? Халқимиз китоб ўқимай қўйди. Бировга, айниқса, ёшларга китоб ўқи десанг, ёқангдан олишга тайёр. Китоб ўрнини телефон, планшет, компютер каби матоҳлар эгаллаганидан бери ҳам анча сувлар оқиб кетди. Илгаргилар ҳаётни китобсиз тасаввур қилолмас эди. Ҳозиргиларга эса телефону компютер бўлса бас. На китоб қизиқтиради уларни, на газет. Фалон русумли телефоннинг тақдимоти бўларкан десангиз, тегрангиз балки тўс-тўполон бўлиб кетар, бироқ китоб ҳақида, мутолаа хусусида маъруза ўқилиши керак бўлган жойга ёшларни мажбурлаб ҳам олиб келолмайсиз! Ёшларни қўя турайлик. Катта ёшдагилар ҳам ўз йўлига. Ҳатто, ўзини “ижод аҳли” деб билгувчи тоифадаги инсонлар ҳам бугунги маънавий таназзул хуружига қарши бирор нарса қилишолмаяпти. Бирор нарса қилиш тугул ўзлари оқим бўйлаб оқиб боришмоқда. “Замондош”, “Ҳақ сўз”, “Нафосат”, Сирдош” дея аталгувчи нашриялар фаолият юритишарди бир пайтлар. Қани ўшалар? Ижод аҳли орасидаги тарқоқлик туфайли навбатма-навбат фаолиятини тўхтатишди. “Тожикистондаги ўзбек адабиёти” дея аталмиш йиллар давомида шаклланган забардаст бир адабий муҳит юзага келган эди. Назаримда унинг ҳам оҳори тўкилиб бораётгандек. Эстафета таёқчасини қўлга олиши керак бўлган кейинги авлод вакиллари фаоллик кўрсатиш ўрнига “ўйиндан ташқари ҳолат”га ўтиб олишгандек… Ана шундай шароитда қайси мактаб жамоаси гапингизга қулоқ соларкин, оғажон?”, деган хаёллар лашкари тизилиб ўтар эди.
– Мен битта мактабни биламан. Ҳақиқий маърифат маскани, – менинг кўнглимда нималар кечаётганидан бехабар суҳбатдошим суҳбатни узилган жойидан улади.
– Хўш, қаерда экан ўша мактаб?
– Лоҳурда! Ўн олтинчи ўрта мактаб. Муассаса раҳбари Нодирахон Бердиқулова ҳам, ўқитувчилар жамоаси ҳам маърифатнинг асл жонкуярлари. Ана ўша ерда ўтказамиз махфилни…
Хуллас, Шамсидин аканинг бу гапларидан кейин кўнглимда умид учқуни йилтиллай бошлади. Айтганча, у кишини сизга таништирмапман-ку! Шамсидин Тошпўлатов. Фотомухбир. Ўз касбининг фидойиси. Турли байрам ва халқ сайлларида рўпара келган бўлишингиз ҳам мумкин. Балки у кишининг фотообъективига тушиб ҳам қолгандирсиз?! Бундан ташқари яхши ташкилотчи ҳам. Муассаса маъмурияти билан гаплашгач, ташкилий ишларни бошлаб юборишди. Махфил ўтказиладиган сана ҳам белгиланди – якшанба, саккизинчи октябр. Соат тўққизга…
Саккизинчи октябр куни эрталаб “кекса” “Оқ тулпор”ни минганча Лоҳурга йўл олдим(“Кекса” “Оқ тулпор” деганим аслида эски оқ “Нексия”дир. “Бадиийлик” дея аталмиш нуқтаи назар тақазоси ила ана шундай атай қолдим.). Ноҳия марказига етгач, улуғларнинг: “Бир жойга борар бўлсанг, ҳамроҳ билан бор” – деган ўгити ёдимга келди-ю устоз Шоди Тоировга телефон қилдим. Шоди ака элимизнинг энг кўзга кўринган зиёли ўғлонларидан бири. Тожикистон миллий дорилфунунининг “Физика ва математика” кафедрасида катта ўқитувчи. Ёши саксонга яқинлашиб қолган бўлса-да, жуда тетик. Адабиёт дилу жони. Муттасил китоб мутолаа қилади. Ҳар битта ўқиган асарини адабиётшунос олимлардек таҳлил қила олади. Ўқиган асари юзасидан ҳатто, айрим адабиётшунослар ҳам айта олмайдиган фикрларни айта олади. Бундан ташқари у киши ўта ишқибоз фототасвирчи ҳамдир. Маҳорат билан туширган фототасвирлари нуфузли журнал ва сайт саҳифаларидан ўрин олган. Устоз айрим сабабларга кўра ҳозир боролмаслигини, имконини топса сал кейинроқ боришини айтди ва узр сўраб телефонни ўчирди. Оббо! Энди кимга телефон қилсам. Хуросонлик таниқли ёзувчи дўстимиз Файзулло Абдулазизов-ку бора олмаслигини айтиб, кечаданоқ орани очиқ қилган эди. Шамсидин акага телефон қилай десам, у бош ташкилотчи. Тонг отмасдан етиб борган бўлса керак. Бир замонлар зўр эди-да! Қаёққа борсак, шоир Абдул Воҳид Алматов билан бирга кетаверардик. Ҳозир эса ундай эмас. Абдул Воҳид кўпчилик таниган иқтидорли шоир бўлгани билан кўпчилик танимаган аразчи ҳамдир. Сал нарсага димоғи куйиб қолаверади. Айни кунларда ҳам мендан димоқ қилган. Аслида ўзим ёмонман. Дўстимнинг ҳазил кўтаролмаслигини яхши биламан-у яна ҳазил қилавераман. Илгарилари аразласа бир оз аразлаб юрарди-ю: “Э, шу маҳмадана билан аразлаб юрган билан обрў топармидим?”, – дея яна кўрмаган-билмагандай бўлиб кетарди. Аммо бу мартагиси роса оғир бўлган шекилли, мана димоғи куйганига яқин бир йил бўляптики, арази тарқайин демайди, баччағар. Ўзи шоир халқи аразласа оддий қилиб аразламас экан. Шоирона қилиб аразлар экан. Абдул Воҳиднинг арази ҳам шунақа. Шоирона. Кўпчиликнинг орасида аразлаганини сира билдирмайди-ю… Э, хуллас, ҳозир унга телефон қилишим бефойда. Ундан ташқари Абдул Воҳид билан жуда кўп китоблар муаллифи бўлган Донохон Эгамбердиев устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг энг пешқадам шогирдларидан. Пешқадам шогирдлар эса махфил жойига барвақт етиб борган бўлиши аниқ гап…
Устоз Собирхон Мақсудовга телефон қилдим. Э, маъракабоши ўша киши экан-ку!
– Қаёқларда қолиб кетдингиз? Тезроқ келинг! – деди у. “Ким қолган бормаган, ола борай?!”, десам, “Ҳамма келиб бўлди. Бир сиз қолдингиз. Илдамланг!”, дейди. “Оқ тулпор”га “қамчи”ни босдим-э!..
Оббо! Кекса “Тулпор” панд берди. Душанбе – Қўрғонтепа шоҳйўлининг Тубекка ўтаверганидаги қайта таъмирланаётган кўпригидан эллик-олтмиш метрлар ўтгач, муфта-сцеплениенинг педали ишламай қолса бўладими(“Facebook”даги “Ҳаваскор ва профессионал таржимонлар” гуруҳи саҳифасига кириб, “муфта”, “сцепление”, “педал” деган атамаларнинг ўзбекча номини билиб олишим керак экан-да!). Мен ўзи “тулпор”ни минишни биламан. Бунақа панд берган жойда бузилган жойини тузатиш сира қўлимдан келмайди. Кўзимни лўқ қилганча устани кутиб туравераман. Аммо бу ер унақа андозага мос келмайди. Бу ер бир чўлу биёбонга менгзаган жой. Яқин орада бирорта автоулов таъмиргоҳи йўқ. Менда телефон рақамлари бўлган усталар эса жуда олисда. Аввал ўзим бир қараб кўрай-чи дея эгилиб қарасам, педал билан ўқни бирлаштирган мурват ўрнидан чиқиб қолган экан. Юкхонадан калит ва таъмирлаш асбоблари сақланадиган сумкачани чиқардиму керакли калитни олганча ишга киришдим. Ҳарқалай, эпладим…
Яна олға! Тубекдан ўтдим. Яхшиям тезликни меъёрдан оширмаганим. Йўқса қўлидаги радари билан йўл ҳаракати қоидаларини назорат қилиб турган ГАИ нозири тўхтатиб, яна анча вақтим беҳуда кетарди. Лоҳурга етишимга оз қолди. Лоҳур… Бўри Қораев, Ўрозали Бўстонов каби ўз замонасида мардлик ва жасорат тимсоли бўлишган машҳур инсонлар юрти. Лоҳур… Ватан ҳимояси учун босқинчи душманларга қарши курашга чиққан Иброҳимбек, Қаюм парвоначи, Эгамберди ботир, Азим бий, Шоназар мерган каби ватанпарвар баҳодирларнинг жангу жадалларига, қаҳрамонликларига бот-бот гувоҳ бўлган қадим гўша… Шоназар мерган душманнинг ажал ўқини ёғдиргувчи аэропланини ҳам мана шу Лоҳурда отиб туширган дейишади… Одам иши тушмаса бир жойга бормас экан. Бу кўҳна гўшанинг шону шуҳрати ҳақида жуда кўп эшитган бўлсам-да унча кўп келмаганман. Бир ё икки марта келиб кетганман, холос. Шунинг учун ўн олтинчи мактаб биноси қаерда эканлигини билмайман. Йўлдаги одамлардан сўрай-сўрай етиб бордим, денг. Аллақачон бошланиб кетган махфил эса авжида. Бунақа ҳолатда одам ўзини қанчалар ноқулай ҳис этишини яхши билсангиз керак деб ўйлайман…
“Тулпор”дан тушиб, дарвозага яқинлашдим. Эшик олдида таниқли шоир Абдулқосим Кўганов турибди. “Абдулқосим оға нега ичкари кирмай эшик олдида турибди экан?”, – хаёлимдан шу фикр ўтди. – “Ё у ҳам ҳозиргина келдимикин?”. Йўқ, адашибман. Эшик олдида турган киши Абдулқосим оға эмас, шу мактабда ишлайдиган битта муаллим, аниқроғи мактабнинг илмий бўлим мудири Раҳмидин ака Носиров экан. У кишининг турган туриши Абдулқосим оғага ўхшагани учун ўшами дебман. Ким билсин, балки Абдулқосим оғани соғинганим учун мана бу Раҳмидин ака кўзимга Абдулқосим оға бўлиб кўрингандир?! Абдулқосим оға-ю Баҳридин ака Мирзаковлар билан гурунглашмаганмизга ҳам қанча бўлди-ю?!
Раҳмидин ака менга ўхшаган кечикиб келгувчиларни пешвоз олиш учун эшик олдида турган экан. Кўришиб, аҳвол сўрашгач, ичкарига таклиф қилди. Эшикдан кирганда, каттагина, бундайроқ залдек келадиган даҳлизда махфил тантанали равишда давом этмоқда. Битта ўқувчи берилиб шеър ўқир эди. ШЕЪР. Устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг бетакрор, юракнинг туб-тубигача етиб боргувчи оҳангдор ШЕЪРи. Овоз юксалтирувчи мослама воситасида ШЕЪР яна ҳам юксакроқ оҳанг касб этиб, кўнгилларга фарах бахш этади. Чап томонда бир қатор қилиб терилган стол ва стул “президиум” вазифасини ўтамоқда. Битта осмонга икки қуёш сиғмас, бироқ битта президиумга иккита қуёш бемалол ўрнашар экан. Тожикистондаги ўзбек адабиётининг икки қуёши – устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим билан устоз Эшмуҳаммад Донохонов юзларидан нур таратганча президиумда ўтиришибди. Тонгда шарқдан бош кўтариб, шомда ғарбга бош қўядиган қуёш ўзининг бахиллиги туфайли тоқликка маҳкум этилган. Унинг бахиллиги шундаки, кенг самода бир ўзи балқиб туришни хоҳлайди. Қалин нур пардаси ила бошқа юлдузларнинг юзини тўсиб қўяди. Мана бу президиумда балққан иккала қуёш эса тамоман бошқача. Иккаласининг ёнида юлдузлар, яъни Тожикистондаги ўзбек адабиётининг юлдузлари – улуғ адабиётшунос олим Бахтиёр Мўминов, журналист ва шоир Абдулло Саид, шоирлар ҳожи Аслиддин Зиёвиддин, Донохон Эгамбердиев, Абдул Воҳид Алматов, ҳаттот Мирзомуҳиддин Ҳақбердиев, шоир Зиёхол Қизилбоев ҳамда устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг энг суюкли мухлисларидан бири бўлмиш Абдукарим акалар савлат тўкиб ўтиришибди. Нақадар ажойиб. Нақадар фарахли. Бироқ нимадир етишмаётгандек туюлди менга. Ҳа, дарвоқе. Бу даврага яна иккита буюк инсон, қуёшларга менгзагулик устозларим – шоир Абдулло Зуҳур билан адиб Ҳасан Эрбобоевлар етишмаётганди. Иккаласи ҳам меҳнат сафари билан хорижга кетишган. Карами кенг Аллоҳ уларни ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин, илойим!..
Ўнг тарафда уч қатор стул терилган. Уларда бугунги махфилнинг гулғунчалари – мазкур илм даргоҳининг ўқувчилари ўтиришибди. Ўртадаги бўшлиқ эса саҳна вазифасини ўтамоқда. Қарши томонда ҳам икки қатор стул терилган. Орқа томондагисида ўқувчилар, олд қаторида менга ўхшаш меҳмонлар ўтиришибди. Ҳарқалай ўша меҳмонлар ўтирган қаторда уч-тўртта курси бўш экан. Имкон қадар давра аҳлининг диққатини чалғитмасликка ҳаракат қилиб, ўша қатордаги бўш ўринлардан бирига бориб ўтирдим. ШЕЪР оҳангидан таъсирланиб ўтирган махфил аҳли менинг ташрифимни ҳам, талотўпга сингиб кетишимни ҳам сезмай қолди, ҳарқалай. Аммо Абдул Воҳиднинг нигоҳидан паналашнинг имкони йўқ экан. Кўзим тушган заҳоти имлаб ёнига, икки қуёш ва бир гуруҳ юлдузлар ўтирган президиумга чорлади. Мен қўлимни кўксимга қўйганча бошимни сарак-сарак қилиб, ўтирган жойим маъқул эканини билдирдим. Бироқ ўжар ўртоғим ўрнидан турди-ю ёнимга келди. Кўришиб, сўрашгач:
– Юринг, ўша ёққа ўтайлик, битта бўш жой бор, – дея очиқ чеҳра билан таклиф қилди. Боя юқорида унинг мендан димоғи куйганини айтган эдим. Аммо ҳозир унинг чеҳрасида самимият балқиб турибди. Нигоҳиям ўта беғубор. Аслида у беғубор қалбли, бир сўзли, мард йигит. Ана шу инсоний хусусиятлари боис шеърлари ҳам, ҳикоя ва қиссалари ҳам ўзига хос таравотга эга. Қалбидаги мардлик ва беғуборлик шеърларига ҳамда бошқа ижодиётига кўчиб, мутолаа қилаётганингда мисра ва сатрлар орасидан оригиналлик ва юксак поэтик туйғу уфуриб туради. Абдул Воҳид шеъриятининг энг яқин мухлиси бўлмиш Шўрчалик устоз Нарзулло Ҳусановнинг таъбири билан айтганда, унинг шеърларини ўқиётганингда ўзга бир оламга тушиб қолгандек ҳис қиласан ўзингни. Шеърдаги ҳолат жонли тарзда кўз ўнгингдан ўтаверади…
– Ҳали яна меҳмонлар келиб қолиши мумкин, – дея дўстимнинг таклифини рад этдим. – Мен шу ерда ўтира турай, бирор уятлироқ меҳмон келса, ўша ерга ўтқазамиз…
Шеърхонлик авж билан давом этмоқда. Ўқувчилар навбат билан устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг ғазалларидан, рубоийларидан, қитъа-ю мухаммасларидан қироат қилишади. Офарин! Мана шу шеърхонларга ҳам, уларнинг қалбини шеъру ғазалга ошно қилиб тарбиялаган мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси Холидахон Тоғаймуродвага ҳам офарин! Мазкур даргоҳни том маънодаги зиё масканига айлантирган Нодирахон Бердиқуловага ҳам офарин! Ёш авлоднинг салоҳиятига салмоқли ҳисса қўшишган барча устозларга, жумладан мактабнинг яна бир ўзбек тили ва адабиёти фанларидан сабоқ бергувчи муаллимаси Жамилахон Дудаевага ҳам офарин!..
Ўқувчилар шеър қироат қилади. Кейин сўз навбати меҳмонлардан бирига берилади. Сўзга чиққан киши устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим шаънига қутлов сўзлар айтади. Кейин ё устознинг шеъридан, ё ўзининг устозга атаб битган шеъри бўлса, ўшани қироат қилади. Ёки бўлмасам эшон бобо(Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим саййидзодалар авлодидан бўлгани учун аксарият ҳолларда у кишини эшон бобо деб атаймиз.) билан боғлиқ бўлган бирорта қизиқарли воқеани ҳикоя қилиб беради. Кейин навбат яна ғазалхонларга берилади. Сўз мазкур илм даргоҳида ўн бир йил аъло баҳолар билан таҳсил олгач, имтиёзли равишда Айний номидаги Душанбе давлат педагогика дорилфунунининг ўзбек филологияси факултетига қабул қилиниб, айни пайтда иккинчи босқич толибаси бўлган Насибахон Тоғаймуродовага берилди. У ўта жарангдор овоз ва фақатгина филологларгагина хос бўлган виқор билан устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг ҳаёти ва ижодига оид нутқ матнини қироат қилиб, тингловчиларнинг қайноқ олқишига сазовор бўлди…
Худо мени ёлғончи бўлмасин дедими, кўп ўтмай эшикдан Шоди ака Тоиров кириб келди ва Абдул Воҳид билан Донахон Эгамбердиевларнинг ёнидаги бўш ўриндиққа бориб ўтирди. Яна сал ўтиб Тожикистоннинг иккала Ғойиби – Кофарниҳонлик Отабек Ғойиб билан Регарлик Ҳасанбой Ғойиб ҳамда тарихчи олим Холбой Шафақовлар келиб махфилга қўшилишди. Мажлис аҳлига боқиб хаёлга чўмаман. Анчадан буён бунақа нафис мажлисларда иштирок этмаганим учунми, ўзимни бегонадек ҳис қиламан. Аммо кўнглим яйраб, руҳиятимни ажиб бир ҳис чулғаб олган эди. Иштирокчилар – ҳаммаси менга қадрдон бўлган, қалбим доимо уларнинг мажлисига талпинган инсонлар. Бошқаларни билмадиму мен бу азиз биродарларимни ҳамиша соғиниб, қўмсаб яшайман. Нафақат бу ерда ҳозир бўлганлар, балки ушбу махфилда иштирок этишолмаётган биродарларим – юқорида қайд этиб ўтган устозларим Абдулло Зуҳур билан Ҳасан Эрбобоевнинг, яна Файзулло Абдулазизов, Мулло Қосим Намозов, Омонбой ака Жуманов, Дилмурод Қурбон, Ёқубжон Абдулманнон, Эркин Шукур, Зафар Носир, Омонулло ака Олимов, Баҳридин Мирзаков, Абдулқосим Кўганов, Турдиназар Бўтаев каби ижодкор дўстларимнинг ҳам дилтортар суҳбатларига кўнглим талпинаверади…
Сўзга чиққанлар жуда ажойиб гапларни айтишар эди. Устоз адиб Эшмуҳаммад Донохонов: “Эшон бобо нафақат ўзининг дурдона асарлари билан, балки етиштирган шогирдлари билан ҳам Ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшди”, дея эшон бобонинг Тожикистондаги ўзбек адабий муҳитида тутган муҳим ўрнини қайд этиб ўтди. Шоди ака Тоиров эса китобнинг энг бебаҳо неъматлардан бири эканлигига урғу бериб, ёшларни китобга бефарқ бўлмасликка, имкон қадар кўпроқ мутолаа қилишга чақирар экан:
– Қадрдон укам Неъматжоннинг оддийгина Неъматжондан устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга айланишида ана шу КИТОБ дея аталмиш буюк неъматнинг ҳиссаси жуда беқиёсдир ва айнан шу ҳолат сиз азиз ёшлар учун ибрат бўла оладиган ҳолатдир деб ўйлайман, – дея айтган сўзларини далилу исбот билан асослаб берди. Физика шунақа, яъни табиатдаги ҳодисаларнинг исботу далилларини ўргангувчи қизиқарли фандир. Шоди ака эса ана шу соҳанинг етук мутахассиси бўлгани учун ҳам бир гап гапирса, исбот-далили билан гапиради…
Сўнгги сўз бугунги махфилнинг асосий сабабчисига берилди. Эшон бобо жуда кучли ҳаяжон билан мезбонларнинг ҳимматига ташаккур айтиб, меҳмонларнинг қадамларига ҳасанот тилади. Саҳнага чиқиб шеърхонлигу ғазалхонликда фаоллик кўрсатишган ўқувчиларга чуқур миннатдорчилик билдирди. Аксарият ўқувчилар саҳнага чиққанида илк сўзини: “Улуғ шоир Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим…”, – дея бошлар эди. Эшон бобо ана шунга қаттиқ эътироз билдирди ва қуйидагича лутф айлади:
– Мени хижолатга қўйдингиз, азиз дўстларим! Улуғлик даражасига етишишимиз учун ҳали анча бор!..
Ҳа, эшон бобо ана шундай камтарин инсон. Камтаринлик эса улуғлик нишонасидир. Қисмати азал у зотнинг елкасига жуда кўп масъулиятларни юклади. Ана шуларнинг энг биринчиси бандалик масъулиятидир. Яъни инсон парвадигори олдида ўз бандалигига иқрор бўла олсагина ана шу масъулиятни бажара олган бўлади. Эшон бобо бандалигини англаган ва англаганига амал қила олган саодатманд инсондир. У киши ҳазрат Румийнинг:
“Зиндагй омад барои бандагй,
Бандагй бебандагй – шармандагй.”
– деган мисралардан иборат бўлган байтини ҳаётий шиор қилиб олганини мен яхши биламан…
Инсоният тарихидаги энг буюк сулоланинг давомчиси бўлган Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг елкасидаги навбатдаги муҳим масъулият – ана шу сулоланинг муносиб вакили бўла олишдек ўта оғир масъулият эди. Устоз бу вазифани ҳам шараф билан оқлади. Зеро Расуллуллоҳнинг авлоди деган номга сазовор бўлиш кишидан жуда улкан масъулият талаб қилади…
Кейингиси – шоирликни ихтиёр қилган кишининг қаламга эҳтиром кўрсата олиш масъулияти. Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим бунисини ҳам аъло даражада уддалади. Унинг қаламига мансуб бўлган шеъру ғазаллар Ўзбек адабиёти бўстонидан жой эгаллаган дурдона асарлар бўлиб элга танилди. Гарчи шоирнинг ўзи камтаринлик билан эътироз билдирса-да АДАБИЁТ уни аллақачон улуғ шоирлар сафига киритгандир…
Мажлисимизнинг бадиий қисми ҳам ниҳоялаб қолди. Шуни эътироф этишим керакки, кечанинг бу қисми ниҳоятда мароқли ўтди. Ўқувчилар, барака топишсин, жуда катта тайёргарлик кўришган экан. Айниқса, Дилноза Давлатова, Зуҳридин Бобоёров, Фазилат Мусоева, Жаҳонгир Тоғаев, Дилфуза Тоғаймуродова каби фаол ўқувчиларнинг чиқишлари таҳсинга сазовордир. Махфил сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга мурожаат қилишди. Қўлидаги китобларга дастхат ёздириб олишди. Эсдалик учун суратга тушишди. Кейин меҳмонларни ширинлигу сархил мевалар билан безатилган дастурхонга таклиф қилдилар. Дастурхон безатилган синфхонага кирганимизда Мирзомуҳиддин ака ёзув тахтачасига дурдона араб алифбосида “Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!” дея ёзиб қўйди. Ҳаттотнинг моҳир бармоқлари воситасида ёзув тахтасига муҳрланган бу дурдона ҳарфлар кишининг кўзини яшнатиб, хаёлини олис мозий томон етаклар эди…
Бир пиёла иссиқ чой устида қизғин гурунг бошланди. Бир-бирини соғинган, бир-бирининг суҳбатига муштоқ бўлган ижодкорлар мушоира-ю ҳангомани бошлаб юборишди. Аввало Холбой Шафақов ёдлаб келган шеърини ўқиди. Кейин Зиёхол ака Қизилбоев ўзи битган ғазаллардан қироат қилди. Ундан кейин Суғд вилоятининг аллақайси ноҳиясидан келиб, Тубекдаги 19-мактабда ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиётидан сабоқ бераётган фидойи бир ўқитувчи(афсуски у кишининг исми ва фамилиясини дафтарчамга қайд қилиб қўймаган эканман) ўз ижодидан намуналар ўқиди. Суҳбат асносида кимдир “устоз отангдан улуғ” деган иборани қўллаган эди бошқа бири:
– Бу ибора “устоз отангдан улуғ” эмас, “устоз отангдек улуғ” шаклида ишлатилса, дуруст бўлармиди деб ўйлайман, – дея ўз мушоҳадасини ўртага ташлади. Унинг бу фикри таъсир қилди шекилли, Абдул Воҳид сўз олиб ўрнидан турди ва:
– Кўп жойларда мазкур ибора устидаги шунақа тортишувга гувоҳ бўламиз, – дея мажлис аҳлининг диққатини ўзига қаратди. – Менимча, биринчи шаклини қўлласак, тўғри қилган бўламиз. Чунки ота-оналаримиз бизни дунёга келтиргач, “Тезроқ тетапоя бўлиб, ҳаётда ўз йўлингни топгин!”, дея ерга қўйиб қўйишса, устоз бизни осмонларга олиб чиқади. Устозларнинг ана шу улуғ хизматини эътироф этган доно ота-боболаримиз: “Устоз отангдан улуғ!” дея уларга таъриф берган бўлишса, неажаб?..
Абдул Воҳид анча узоқ гапирди. Нутқи залворли, фалсафик жиҳатларга бой, шоирона эди унинг. Кейин Аслиддин Зиёвиддин яқинда чопдан чиққан китобидан битта ғазални қироат қилди. Ғазал устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимга бағишланган эди. Ҳожи Аслидин ака қироатини тугатиб ўрнига ўтиргач, Мирзомуҳидин ака ўрнидан туриб, Холбой ака билан Отабек Ғойибни дўстона аския қилиб, даврадагиларни кулдирди:
– Даврада сўз айтишни ният қилиб келган эди ўртоқ Шафақип,
Мажлис раиси сўз бермай қўйди-ку уни хафа қип.
Меҳмонлардан яна бири Отабек Ғойиб
Микрофон тегмаганига ўтирибди димоғи куйиб…
Хуллас, мажлисимиз жуда ажойиб эди. Биров шеър ўқийди. Биров аския қилади. Яна биров эшон бобонинг шеърларини маромига етказиб қироат қилган ўқувчиларнинг ота-онасига раҳмат айтади. Бошқа бири устоз деган номни шараф билан оқлай олишган 16-мактаб ўқитувчилар жамоасига тасаннолар айтади. Фақатгина мен даврадошларимнинг гурунгини мароқ билан тинглаганча чурқ этмай ўтирибман. Уларнинг аскияларидан яйраб-яйраб куламан. Шеърхонлигу ғазалхонлигидан кўнглим яйрайди. Мен ўзи шунақаман. Бунақа катта давраларда деярли гапирмайман. Чунки бошқаларга ўхшаб баландпарвоз гаплар айтишни билмайман-да. Менга улуғларнинг суҳбатини тинглаб, жимгина ўтириш мароқли. Қайси бир файласуфнинг: “Энг яхши суҳбатдош тинглашни билган суҳбатдошдир” деган сўзлари худди менга қарата айтилгандек. Ана шунақа қилиб даврадошларимнинг суҳбатидан мириқиб ўтирсам денг, устоз Эшмуҳаммад Донохонов менга қараб ниманидир имлаяптилар. “Нима дейсиз, устоз?” деган маънода бошимни силкитсам, “Сизга ҳам сўз олиб берайми? Бирор оғиз гапирасизми?” деган маънода яна имлаяптилар. Мен ҳам устозга боққанча бошимни сарак-сарак қилдим. Менинг бу ишорамда: “Йў-йў-йў-йўқ! Асло!”, – деган маънони уқиш мумкин эди. Буюкларнинг буюклиги шундаки, шогирдлари якравлик қилсалар ҳам улар феъли торлик қилмайдилар. Аксинча шогирдлари хижолат бўлиб қолмаслиги учун уларга боқиб беозоргина жилмайиб қўядилар. Ва уларнинг бу беозор жилмайиши хижолат туманини бир зумда тарқатиб юборади-ю қалбларга сокинлик бахшида этади. Менинг сўзга чиқишга қийналаётганимни англаган Эшмуҳаммад ака ҳам беозор жилмайганча меҳр тўла нигоҳи билан менга: “Майли, хортиржам бўлаверинг” дея ишора қилиб, мени ноқулай аҳволдан қутқарди. Бироқ у кишининг ёнида ўтирган Бахтиёр ака Мўминов бизнинг имлашаётганимизни кузатиб турган экан шекилли, қувлик билан:
– Эшон бобо, нега ҳамма сўзга чиқди-ю Абу Бакр шогирдингиз чурқ этмай ўтирибди? Қани, унинг суханларини ҳам бир эшитайлик-чи, – дея баланд овозда мени сўз айтишга ундади. Аниқки, бундай ҳолатда ўрнингдан турасану бир-икки оғиз гап айтиб, ноқулай ҳолатдан чиқиб оласан. Бошқа иложинг бўлмайди. Мен ҳам ўрнимдан турдим-да:
– Эшон бобонинг энг нўноқ шогирди менман, – деган эдим, давра аҳли гурр этиб кулиб юборди. Негадир шунақа. Мен кулгили гап гапирмасам ҳам кулаверишади. Ҳайрон қоламан-ей. Бу эса мени баттар ноқулай ҳолатга солиб қўяди. Менимча, менинг қиёфамда ўзимни эмас, ҳажвий шеърларимнинг бош персонажи бўлмиш “Карис ака”ни кўришсалар керак-да, бу барака топгурлар. Бошқа сўзга чиққанлар қатори мен ҳам эшон бобонинг ижодиёти ҳақида тўхталмоқчи бўлиб:
– Бугунги кунда устознинг оҳангдор ғазалларини “Дунё ўзбеклари”, “Хуршид Даврон” каби сайтлар ҳамда “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали бутун дунё ўқимоқда. Ер юзида кўнгли шеъру ғазалга мойил бўлган қанча туркийзабон инсон бўлса, бари устоз Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг мухлисидир. Мухлисларнинг интернетдаги ижтимоий тармоқларда Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ижодиётига нисбатан билдирган фикрлари-ю ёзган изоҳларини ўқисангиз… Уларнинг эшон бобо билан суҳбатлашишга бўлган иштиёқмандлигини кўрсангиз… Гоҳида ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетаман. Устознинг хонадони мен учун бир қадам. Рўзғор ташвишларидан вақт орттириб у кишининг ҳузурига вақти билан келолмаганимга, қимматли суҳбатидан тез-тез баҳра ололмаганимга жуда-жуда ачиниб кетаман, – дея сухандонлик қилмоқчи бўлсам унчалик ўхшамади шекилли, ўтирганлардан бири:
– Абу Бакр, “Карис ака”нинг янги ҳангомаларидан бирортасини айтиб берсангиз-чи! – дея нутқимни бўлди. Оббо! Энди нима қилсам экан. Менинг хотирам жуда суст. Ёзишга-ку бир амаллаб ёзаман. Аммо шу ёзган нарсаларимни ёдда сақлаб қолишни сира эплолмайман-да! Лекин ҳозир бирор нарса дейишим керак. Демасам бўлмайди. Ҳамма менинг оғзимга қараб турибди…
– Айтолмайман!
– Ие, нега энди???
– Чунки ҳаммаси эски. Янгисини ёзганим йўқ!
– Нега ёзмайсиз? Ёзинг-да!
– Бу менинг айбим эмас!
– Унда кимнинг айби?
– “Карис ака”нинг ўзи айбдор.
– Хўш-хўш?
– Мендан яшириниб юрибди.
– Нега яшириниб юради?
– Нега бўларди, янгисини ёзолмасин дейди-да?!.
Кулги кўтарилади. Ўзим эса жуда ноқулай аҳволда қолганман. Шу зайлда давом этаверса, бундан ҳам баттар бўлиши мумкин. Устоз Эшмуҳаммад Донохонов, барака топсин, ҳеч нарсани назардан қочирмайди. Менинг ноқулай аҳволдан чиқиб олишим учун:
– Абу Бакрнинг кейинги қиссаси ҳам яхши чиққан, – дея суҳбат тизгинини бошқа томонга бурди.
– Ҳа, “Эътиқод” яхши чиққан, – дея Эшмуҳаммад аканинг фикрини қувватлади яна бир киши. Ана шундай қилиб, суҳбат мавзуси ўзгаргач, менинг тик тураверишимга ҳожат қолмади. Астагина ўрнимга чўкдиму устозу ижодкор дўстларнинг дилтортар суҳбатини маза қилиб тинглаааб ўтиравердим. Ажойиб суҳбатлар бўлди-да!..
Вақт деган бир аёвсиз тушунча борки, унинг чизган чизиғидан ҳатлаб ўтишнинг имкони йўқ. Бизнинг бугунги махфилимиз ҳам ўз чизиғига етганида улуғлар фотиҳага қўл очишди. Мирзомуҳиддин ака чиройли қилиб дуо ўқигач, ўрнимиздан турдигу синфхонани тарк айладик. Ташқарида, мактаб биносининг зинапоясида меҳмону мезбонлар бир бўлишиб суратга тушдик. Аллоҳдан эсон-омонлик тилаб хайрлашгач, меҳмондўст ўқитувчилар қўлларини кўксига қўйганча бизни кузатиб қолишди. Биз, меҳмонлар эса ўз уловимизга ўтириб, келган йўлимиз билан яна уй-уйимизга қараб йўл олдик. Йўлимиз бир бўлгани учун Шамсидин ака билан Абдул Воҳид менга ҳамроҳ бўлишди. Йўлда борар эканмиз, уч биродар махфилда орттирган таассуротларимизни ўз аро баҳамлашар эдик. Шамсидин ака:
– Энди навбат устоз Эшмуҳаммад Донохоновга. У кишининг ҳам ижодий кечасини ўтказамиз, Худо хоҳласа! – дея яна битта ажойиб фикр айтди…

https://www.facebook.com/abubakr.asoev

"1" Comment
  1. чет эллик

    Учрашув ташкилотчилари “танзимчи (анъаналар ва расм русумларни тартибга олиш учун масъул) лар” билан савол – жавоб қилаётганларига ишончим комил.

Leave a Reply
*