Menu
Categories
Муҳаммад Исмоил: Ўлжас Сулаймонов таклифига биноан Олма отага кетаяпман…
10/27/2018 Адабиёт

Қозоғистон Қаҳрамони, Давлат мукофоти совриндори, бутун дунёга машҳур атоқли шоир Ўлжас Сулаймоновнинг таклифига биноан Олма ота шаҳрига кетаяпман. Маълумки, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилинган.

Сафардан бош мақсад туркий халқлар бирлиги ғоясини янада кучайтириш, ўзбек адабиётини Қозоғистонда кенг тарғиб қилиш, ўзаро таржима қилинадиган асарлар кўпайиши борасида таклифлар киритиш.

Шунингдек, болалигимда бир қанча романларини севиб ўқиганим, 94 ёшли кекса адиб, қозоқ адабиётининг классиги, бир қанча халқаро мукофотлар совриндори, Қозоғистон халқ ёзувчиси Абдужамил Нурпеисов билан учрашиш ва интервью олиш.


Кўришгунча омон бўлинглар азизлар!

Ўлжас Сулаймоновга, Мухтор Шахановга, Абдужамил Нурпеисовга саволларингиз ёки саломномаларингиз ёки мурожаатингиз бўлса марҳамат, бажонидил етқазаман !

Сизларни соғиниб қолувчи ФБдош дўстингиз Муҳаммад Исмоил

 

Image may contain: 7 people, including Dilmurod Khasanov, people standing and suit

МУНОЖОТ

Худойим ўзингга беҳисоб шукур,
Бу дунёда мени яратганинг учун.
Ой-у осмонларинг бағишлар ҳузур,
Давру давронингга мафтунман мафтун.

Худойим ўзингга беҳисоб шукур,
Йўқ эдим йўқликдан мени бор этдинг.
Бу кун замин узра турибман мағрур,
Бу ёруғ оламга мени ёр этдинг.

Ёр этдинг беҳисоб мўъжизаларга,
Тоғу-тошларингда мангулик виқор.
Жонбахш оқшомларда, тонг саҳарларда
Уйғонмоқ завқи бор, ухлаш гашти бор.

Берган неъматингнинг йўқ саноғи ҳам
Бир-бир айтаверсам бўлмайди адо.
Донишманд отам бор, меҳрибор онам,
Фарзанд бўлмоғимни сен кўрдинг раво.

Ер юзида кўпдир ҳазрати инсон,
Кимларни кўрарман, кимни кўрмасман.
Бари менга қондош, бари жонажон,
Мен улар учун ҳам, сендан хурсандман.

Ҳамроҳ этдинг қанча улуғ зотларни,
Бахтли ҳамда хушнуд яшашим учун.
Яратдинг саноқсиз мавжудотларни,
Буюк қудратингдан мамнунман мамнун.

Забон бердинг сени мадҳ этиб турган,
Мадҳ этиб турганим учун ташуккур.
Қалб бердинг туну кун зикр этиб юрган,
Бердинг англагувчи онгу тафаккур.

Бердинг ошёнингдан меҳру-муҳаббат,
Сабот ва жасорат деган ҳикматни.
Дунёда бўлсин деб адлу мурувват,
Одамлар кўрсин деб иззат ҳурматни.

Шеър деган илҳомни дилимга солдинг,
Кимгадир бахш этдинг куйламоқ бахтин.
Барчага ризқ бериб кўнглини олдинг,
Кимгадир касб бердинг, кимгадир тахтин.

Тангрим ўзинг менга энг яқин дўстсан,
Неки кўрсам фақат яхшилик кўрдим.
Бутун оламларнинг сарвари бўлган,
Расули Акромнинг уммати бўлдим.

Тангрим неъматингнинг йўқдир адоси,
Бу сенинг энг олий ҳимматинг Тангрим.
Марҳаматинг ичра мутлоқ аълоси,
Сен бизга юборган Қуръони карим.

Сенинг шаънингга сўз тугамас асло,
Сен мадҳ этмоқдан асло қолмасман.
Мен нафас олмасам олмасман аммо,
Сени мадҳ этмоқдан асло толмасман.

Муҳаммад ИСМОИЛ

https://www.facebook.com/muhammad.ismoil
Leave a Reply
*