Menu
Categories
Муҳожиротдаги ўзбеклар ҳаётидан – Тошкентлик Махбуба ая ҳикояси
12/06/2018 Бош мақола
 
Б   О   Ш   И   М   И   З   Д   А   Н         Ў   Т   Г   А   Н         К   У   Н   Л   А   Р
      Тошкентлик  Махбуба  ая
эсдаликларидан.
            Уруш   бошланган  1941-йили  ўрта  мактабни  битирганман.   Сўнг   Тошкент  педагогика  олийгоҳида   ўқидим.  Ўқишни  тугатиш  арафасида  кунлардан  бир  кун   институтни  кадрлар  бўлимига  таклиф  қилишди.  Хонада  мени  ноғой  миллатига  мансуб  ҳарбий   кийимдаги  одам  кутиб  олди. Саломлашар  эканман  уни  столида  исми-шарифим  ёзилган  папкага  кўзим тушди.  Буни  сезган   ҳарбий  папкани   орқа  томонга  тўнкарар  экан:
-Комсомолкамисиз? – деб  чала  ўзбек  тилида савол  берди.
-Ҳа, мактабда  ўқиб  юрганимда  аьзо  бўлганман, – деб  жавоб  бердим,  ваҳоланки  уни  столида  ётган  папкада  бу  ҳақида  аниқ  маьлумот  бор  бўлса  ҳам  бу   саволни  берганига ҳайрон  бўлар  эканман.
-Биз  сизни  “Қизил  Ўзбекистон”  газетасига  ишга  юборамиз. Корректорлар  бўлимида  ишлайсиз.  Эртага  соат  10-00да  “Правда  Востока” кўчасидаги  редакцияга  боринг. 15-кабинетда  сизни  кутишади.  Ишга  маьсулият  билан  ёндошинг,  чунки  газетани  бутун  Ўзбекистон  ўқийди. Сизга  бўлган  ишончни  оқлашингиз  керак!, – буйруқ  тарзида  менга  кўрсатма  берди  ўзини  таништирмаган   ҳарбий  ноғой.
Ҳулласи  “Қизил  Ўзбекистон” газетасида  иш  фаолиятимни  бошладим. Биз  корректорлар  3  та  мен  тенги  қизлар  эдик.  Корректорни  вазифаси  газета   жамланиб  барча  мақолалар  тасдиқлангач  ҳар  бир  мақолани  кўриб  чиқиб,  грамматик  ва  бошқа  ҳатолардан  тозалаш  эди. Биздан  сўнг  газета  босишга  босмахонага  юборилар  эди.   Иш  кунимиз  тушдан  сўнг  бошланиб  тунги   соат  12 ларгача  чўзиларди.  3  дугонадан биттамиз  ҳар  куни навбатма-навбат  дам  олардик.   Партия  сьезди,  пленуми  ёки шунга  ўхшаш  воқеалар  бўлган  кунлари  уччаламиз    ишлаб,  баьзида  тунги  соат  2  ёки  3гача  ишда  қолиб  кетардик.  Чунки   ўша   пайтлар  матбуотда  эьлон  қилиниши  керак  бўлган  рус  тилидаги  давлат  хужжатлари  кечга  яқин  самолётда  Москвадан  Тошкентга  олиб  келинарди  ва  у  қоғозларни  таржимонлар  гуруҳи  ўзбек  тилига  таржима  қилишиб  бош  редактор  орқали  биз  корректорларга  беришар  эди.  Биз  хужжатларни  кўриб  чиққач   бош  редакторга  тақдим  қилардик,  бош  редактор  эса  қўл  қўйиб   газетани  босмага  юборар  эди.  Ўрнатилган  тартибга  биноан  то  газета  босмага  берилмасдан  туриб  бизларга  ишдан  кетишга  рухсат  берилмасди.  Бундай  кунлар  редакцияни  навбатчи  “грузовой”  машинаси  бизларни  уйма-уй  тарқатиб  қўярди.
Эсимда  1947-йилни  бошлари  эди  чамамда.  Газетага  янги  бош  редактор  этиб    Шароф  Рашидов  тайинланди.  Оч  сариқдан  келган  истараси  иссиқ  у  одам  ҳодимлар  билан  жуда  ҳушмуомала  бўларди.  Деярли  ҳар  кун  ҳамма  хоналарни  шахсан  айланиб  ходимлардан  ҳол-аҳвол  сўраб  туришларини  эслайман.  Янги  редактор  иш  бошлаганидан  бироз  вақт  ўтиб  редакцияда  Мансурхон  ака  деган  янги  ходим  пайдо  бўлди.  Баланд  бўйли  қоматли  у  одам  жуда  кам  гап  бўлиб,  фақат  иш  билан  боғлиқ  масалаларда  лўнда-лўнда  фикр  берарди. Бизни  корректорлик  бўлимимиз  таржимонлар  гуруҳи  билан  бирга   ўша  одамга  бўйсинганлиги  учун  у  одам  билан  тез-тез  ҳамсуҳбат  бўлиб  турардим. Мен  билан  суҳбат  чоғида у  одамни  юзи  негадур  қизариб  кетарди,  кўзини  эса  доим   мендан  олиб  қочарди.  Ҳулласи қисқа  қилиб  айтсам  бир  куни  уйимизга  Мансурхон   аканикидан  совчилар  келишди  ва тез  орда у  одамга  турмушга  чиқдим.  Ўшанда  Мансурхон  ака  30-йиллар  В.И.Ленинни  асарларини  ўзбек  тилига  таржима  қилувчи “таржимонлар  коллегиясида” ишлаганини,  1937-йилдаги репрессиялар  пайтида  таржимонларни  деярли  ҳаммасини  “ҳалқ   душмани”  сифатида  қамашганлигини,  рахбарларини  ўлим  жазосига,   Мансурхон  акани  эса  узоқ  муддатга  озодликдан  махрум  қилишганлигини  билдим.  Уруш  тугаганидан  сўнг  қамоқдан  чиққанлигини  ва  кўп  муддат  иш  топа  олмай,  фақат  Шароф  Рашидов ёрдами  билан  редакцияга  ишга  қабул  қилинганлигини  эрим  миннатдорчилик  билан  менга  айтарди.
1948-йил,  ёзни  охирги  кунлари  эди.  Мен  катта  қизим  билан  хомиладорман, “пишиб”  турган  пайтим.  Пешин  вақтида  редакцияни  навбатчи  “грузовой”  машинаси  уйимиз  олдида  тўхтади.  Машинадан  тушган  навбатчи  менга: “тез  отланинг,  Москвада  ЦК  Секретари  А.Жданов  вафот  этибди,  бугун  иш  кўп  бўлиши  учун  сизни  олиб  келишни  буюришди”, – деб  мени  шоширди.  Мени  “пишиб”  турганлигимни  ва  эьтирозларимни   қабул  қилишни  истамаган  навбатчи –“бориб  бошлиқларга  айтасиз,  менга  сизни  олиб  келишни  буюришган”,  – деб  туриб  олди.  Машинани  бортига  чиқиб  ишхонага  боришга  мажбур  бўлдим.  Номард  навбатчи   шофёрни  ёнига  ўзи  ўтириб  менга  кабинадан  жой  хам  бермай   машина  бортига  чиқишга  мажбур  қилди.  Редакцияга  борганимда  эрим  кутиб  олиб  “ майли  бугун  бир   амаллаб  ишлаб  беринг,  рад  қилсак  бизни  тўғри  тушунишмайди”,- деб  илтимос  қилганига  ўша  куни  қийналсам  ҳам   тун  яримгача  ишлаб  бердим.
Эртаси  пешиндан  сўнг  яна  ўша  навбатчи  машина  мени  олиб  кетгани  уйимизга  келди. Қаршилик  қилишим  бефойдалигини  билиб  мажбуран  яна  машина  бортига  чиқдим. Редакцияга  қараб  кетаётган  машина  Собир Рахимов  мавзеидан  ўтаётганида  ўзимни  ёмон  ҳис  қилиб  шофёр  кабинасини  “тўхтат”  деб  гурсиллатдим.  Машинадан  тушишимни  кўрган  редация  навбатчиси  менга  бироз  тикилиб  турдида   шофёрга  “кетдик” деб  буйруқ  қилди, мени  эса   бир  ўзимни  кўчани  чеккасида  ташлаб  кетишди.  Кўча  ёқалаб    кетаётган  бир  рус  кампир  мени  қўлтиқлаб,  бахтимга  бироз  яқинда  жойлашган  туғриқхонагача  кузатиб  олиб  бориб   қўйди.  Ўша  куни  кўзим  ёриб  қизим  Назирани  туғдим.
Энди  бу  воқеани  давомини  эшитинг.  Редакцияда  навбатчидан  мени  кўчада  ташлаб  кетганини  эшитган  эрим    рахбарлардан  рухсат  олиб  мени  қидиргани  кетибди.  Анча  қидириб  мени  туғриқхонадан  топибди. Туғриқхона  палатасида   бир  маҳал  кўзимни  очсам,  каравот  ёнидаги  тумбочкада  бир  букет  гул  ва  бир  пакет  тешиккулча,  пакетни  ичида  эримни  менга  ҳол-аҳвол  сўраб  ёзган  “откритка”  хати.  У  вақтлар  гул  ҳадя  қилиш  ва  “откритка”да  касалхонада  беморга  хат  ёзишлар  деярли  бўлмаслиги   учун  палатада  мен  билан  бирга  ётган  аёллар  анча  кунгача  бундан  ҳайратланиб  гапириб  юришди.
Редакцияда  эса  мудҳиш  воқеалар  бўлибди.  Эртасига  “Қизил  Ўзбекистон”  газетаси   ЦК  секретари,  ўша  вақтда  И,Сталиндан  сўнг  мамлакатни  иккинчи  одами  бўлган  А.Ждановни  ўлимига  бағишланиб  чиққан.   А.Жданов  илгари  узоқ  муддат  Ленинград   обкомини  биринчи  секретари  мақомида ишлаган  бўлган,  газетадаги  мақолаларни  бирида  эса  “Ленинград”  сўзидаги  “р”  ҳарфи  тушиб  қолиб,   “Ленингад”  деб  ёзилиб  босмадан  чиққан.  Бу   ҳато   учун   ўша  кунни  ўзида   редакцияни  бир  гуруҳ  ходимларини,  жумладан  корректор  дугоналаримни  “антисовет  фаолият”  айби   билан  НКВДга    олиб  кетишибди.  Оллони   марҳамати  билан  мен  ва  эримни  ишда  йуқлигимиз  бизни  НКВДдан  сақлаб  қолди.  Туғруқхонадан  чиққач  эримдан ҳибсланганларни  кейинги  тақдири  ҳақида  сўраганларимда  доимо  қўлини  оғзига  тутиб  “тиш. ш.ш…”  деярди.   Чунки  ўша  пайтлар   НКВД  олиб  кетган  одамни  аҳволини  бировдан  сўраб-суриштирилмас  эди,  чунки  ҳамма  бир-биридан  қўрқиб  бундай  нарсалар  ҳақида  гапиришмас  эди.
Шу   воқеалардан   сўнг  эру-хотин редакцияда  10  йилдан  кўп  муддат  ишладик.  Эрим  ўз  вақтида  ўзига  нисбатан бўлган   ноҳақликлардан  кўп  сиқилиб,  50  ёшдан  ўтар-ўтмас  миясига  қон  қуйилиб  инсультдан  вафот  қилди.  Мен  корректорликда  маош  камлиги  туфайли    4  боламни  катта  қиламан  деб,  редакциядан  бўшаб  Тошкент  попоп  бадиий  буюмлар   фабрикасига  тикувчи  бўлиб  ишга  ўтдим.  Лекин  ўша  корректор  дугоналаримни  бошқа  учратмадим.  “Уларни  кейинги  аҳволи  нима  бўлди  экан?”  деб  вақти-вақти  билан  эслаб  қўяман  шу  кунгача  дугоналаримни…
 Махбуба  ая  эсдаликларини  қоғозга  туширган    М.Мансур.
 Тошкент шаҳри
“Дунё  ўзбеклари”  учун  махсус.
Leave a Reply
*