Menu
Categories
Муҳожиротдаги ўзбеклар ҳаётидан – Украиналик Олег Олеговичнинг айтганлари
12/13/2018 Дунё
М У Х О Ж И Р А Т Д А Г И     Ў З Б Е К Л А Р    Ҳ А Ё Т И Д А Н.
Украиналик   Олег  Олеговични   айтганлари.
Мен   Украинада   1944-йилда  туғилганман.  Лекин  асли   ўзбекман.  Украинанинг   Чернигов  шахрида   ёлғиз  онамни  қўлида  катта  бўлганман.  Онам   мактабда  ҳамда  шаҳар  педагогика  институтида   француз  тилидан  дарс  берардилар.  Онам  билан  бирга  яшар  эканмиз,  отам  ҳақидаги  саволлар   берганимда  аниқ  жавоб  олаолмасдим,   доимо  онам  гапни  бошқа  тарафга  айлантирардилар.
  Асли  задогонлар  оиласидан  бўлган  онам   мени  француз  тилини   ўрганишимга  астойдил  мажбурлардилар.  Деярли  ҳар  куни  бирга  машқ  қилар  эдик,  мунтазам  французча  китобларни  ўқитардилар.  Шундан  ўрта  мактабни   битиришимга  француз  тилини  мукаммал  билар  эдим.  Мактабни  тугатгач,  синфдошим  Сергей   билан  Калининград  шаҳридаги  ҳарбий  билим  юртига  киришга   аҳд  қилдик.  Ўқишга  кетаётган  кунлари  онам  менга  отам   ҳақида  “ёрилдилар”.
Шунда  отам  асли  Самарқандлик  Олим (Алик)  исмли  ўзбек  одам  бўлганини,  1943-йилда  онам  билан  Черниговда  немисларга  қарши  жанглар  пайтида  танишганлигини  ва  Польшани  Вроцлав  шахрида  1945-йили  вафот  этганликларини  билдим. Отам  мени  тириклигида  кўрмаган,  онам  исми  шарифимни  ўз  отасини  номига  бағишлаб  қўйган  экан.  Бундан  ташқари  ўша  сухбат  чоғида  онам  бир  неча   йилдан  бери  турмушга  чиқиш  нияти  борлигини  ва  бу  нарса  менга  руҳий   томондан  таьсир  қилишидан  ҳайиқиб  бу  ишга  бормаётганликларини  айтдилар.
Энди  эса  мен  балоғат  ёшидан  ўтиб,  катта  йигит  бўлганлигим  учун   мендан  турмушга  чиқишларига  рухсат  сўрадилар.  Мен  албатта  рози  бўлдим  ва  онамга  шахсий  ҳаётларида  бахт  тилаб,  Калиниградга,  дўстим  Сергей  билан  ҳарбий  ўқишга  киришга   йўл  олдим.  Бахтга  қарши  Сергей  кириш  имтиҳонларидан  ўта  олмади,  мени   эса  юқори  баҳолар  билан  ўқишга  олишди.  4  йил  давомида  “ҳарбий  интендант”лик  мутаҳассислиги  бўйича  ўқидим.  Билим  юртини  битиргач  мени  Узоқ  Шарққа,  Благовешенск  шаҳрига   лейтенант  лавозимида  хизматга  юборишди.
Очиғи,  ҳарбий  хизматим  жуда  яхши  бошланди.  Мени  қўл  остимда  10 дан  ортиқ  озиқ-овқат,  кийим-кечак   ва  бошқа  турли  буюмлар   омборлари   бор  эди,  барча  офицерлар  яшайдиган  уй-жойларидан  тортиб   уйларни  иситишга  лозим  бўлган  ўтин-кўмиригача  бўлган   масалалар  менга  қарашли  эди.  Хулласи,  еганим  олдимда,  емаганим  орқамда  эди.  Ўша  ердаги  энг  катта  бошлиқ  генерал  Михаил  Ивановични  кўнглини  олиб,  анча   яқинлашиб  қолгандим.
Совет  Армиясида  ҳисоб-китоб  ўзига  яраша   “бардак”  аҳволда  эканлигидан  фойдаланиб,  омонат  кассасида бир  неча  минг  пул  ҳам  тўплаб  олдим.  Генерал  вақт  топган  заҳоти  мени  ҳонадонимга  келиб,  қизил  икра,  арманча  коньяк  ва  шунга  ўхшаш  танқис  таомлар  билан   бирга  зиёфат  қилар  эдик.
Шундай  кунларни  бирида  бошлиғим  уйимдаги  французча  китобларга  кўзи  туши  қолди.  Қизиқиб,  мени  француз  тилини  билишимга  ҳайрон  бўлди.  Ўша  пайтлари   Совет   давлати  қўллаётган  Шимолий  Вьетнам  билан  АҚШ  ёрдам  бераётган  Жанубий  Вьетнам   орасида   кўп   йиллик  уруш   бўлаётган   вақтлар  эди.  Шу  боис  француз  тилини  биладиган  ҳарбийларни  Шимолий  Вьетнамга  юбориш  муаммоси  мавжуд  экан.
Шунда  генерал  мендан  Вьетнамга  бориш  ниятим  йуқми,  деб  сўради.  Хориж  давлат  бўлгани  учун  мен  қизиқиб  рози  бўлдим.  Хуллас  бир  ойга  қолмай  мени  Вьетнамга  ҳарбий  мутахассис  сифатида юборишди.  Лекин  у  ерга  борган  заҳоти  келганимга  кўп  пушаймон  бўлдим.  Чунки Вьетнамга   келишим   билан  Америкаликлар  билан   бўлаётган   ҳарбий  жангларда  қатнашишга  тўғри  келди.  Айниқса  рақибларни  осмондан  туриб  бомбардимон  қилишлари  даҳшат  эди.
Боришимга  20  кун  ўтар-ўтмас   туриб  шундай  жангларни  бирида  осмондан  тушган  бомба  портлашидан   оёғимдан  қаттиқ  яраландим.  Ўнг  оёғим  тиззасидан  паст  суяги  майда-майда  бўлганди.   Бир  неча  кундан  сўнг  мени  ўзимга   ўхшаш  яраланганлар  билан    Тошкент  шахрига,  ўша  пайтдаги  ТукВО (Туркистон  ҳарбий  округи) госпиталига  олиб  келишди.  У  ердаги  ҳарбий  врачлардан  бир  умр  миннатдорман.  Суякларимни  бирма-бир  йиғиб,  ярим  йилга  бормай  мени  оёққа  қўйишди.  Фақат  ҳали-ҳалигача  ўнг  оёғимга  бироз  оқсоқланиб  юраман.
Госпиталда  ётган  пайтларда  биз,  ҳарбий  касаллар  кўпинча  касалхона  ёнида  жойлашган   “Госпитальний” (“Миробод”)   бозорига   бориб,  ўша  ерда   26-чи  ёки  53-чи   Ўзбек  портвейни  билан “юзта-юзта”  қилиб, қовун-тарвузлар  билан  “закуска”  қилишни  ёқтирардик.  Шунда  у  ердаги  одамларнинг  дўстона  муносабатлари,  бозордаги  тўкин-сокинчилик,  нархларни  ниҳоятда  арзонлиги  ва  умуман  ҳамма  нарса  менга  ёқиб  қолди.
Кунлардан  бирида  мени  ва   Вьетнамдан  бирга  қайтган  бир  нечта  дўстларимни  яхшилаб  кийинтиришиб,  госпитальдан Ўзбекистон  компартияси   Марказий   Комитети  биносига  олиб  боришди.  Шунда  бизларга шахсан  Шароф  Рашидов  билан  ўша  пайтдаги   Туркистон  ҳарбий  округи  кўмондони  генерал  Николай  Григорьевич  Ляшенко   Вьетнам  жангларида  иштирок  этганимиз  учун  орден-медаллар  тақдим  қилишди.  Эсимда,  ҳасса  таяниб  чиқиб,  Ш. Рашидов  қўлидан  “Қизил  юлдуз”  орденини  олганман.
Шунда  мен   миннатдорчилигимни  билдириб,  ўзим  асли  ўзбеклигимни,  отам  Самарқадлик  эканлигини  ва  иложи  бўлса  шу  ерда  қолиб  ишлаш  истагим  борлигини  Шароф  Рашидовичга   айтдим.   Мени  бу  гапим  Ш.Рашидовга  жуда  ёқиб,  касалхонадан  чиққан  заҳоти   Самарқанд  обкомини  биринчи  секретари  Усмоновга  бориб  учрашишим  лозимлигини  айтди.
Самарқандда  мени  яхши  кутиб  олишди.  Савдо  соҳасида  ҳарбий   мутаҳассислигимни   билишиб  шаҳар  чеккасида  жойлашган  коопторг  базасига  директор  этиб  тайинлашди.  Партияга  қабул  қилишди.  Ишим  зўр,  ҳар  куни  унча-мунча   “қуруғи”дан  ҳам  тушиб  туради.  Ўша  пайтлар  Самарқанд  обкомини  маьмурий   бўлими (административний  отдел)да  ишлайдиган  Генрих  деган  арман  йигити  билан  қалин  дўст  бўлиб  қолдим.   Генрих   обком  томонидан  вилоятдаги  барча  милиса-ю  прокурорларни   назорат  қилар  эди. Шундан  ҳам   биров  мушугимни  “пишт”  дея  олмасди.  Шахар  марказидаги  кўп  қаватли  уйларни  биридан  3  хонали   квартира  ажратишди.  1973-йили  шаҳарда  биринчилар  қатори   “ГАЗ-24”  машинасини  сотиб  олдим.
Бу  ишлар  орасида  Зарема  деган  қирим-татар  аёл  билан  танишиб,   оила  қурдик.  Орадан   бир  йил   ўтар-ўтмас   ўғил  кўрдик.  Ўғлимни  исмини  отамга  бағишлаб  Олим   деб  қўйдим.  Аммо  кўп  вақт  ўтмай   жуда  маромида  кетаётган  ҳаётимга  кўз  тегди.  Бир  куни   кундуз   пайти  тасодиф  уйимга  келиб,  Заремани  бир  турк   йигити  билан  ётганида  ушлаб  олдим.  Тўполон  бўлди.  Туркни  дўппослаб,  хотинимни   унга  қўшиб   уйдан  ҳайдаб  чиқардим.  Шундан  сўнг  у  аёл  устимдан  хат-аризалар  ёза  бошлади.  Обкомда  мени  “ҳомий”ларим  борлиги  туфайли  аввалига  аризалари  қаноатланмай  қолаверди.
Лекин  у  шайтон  ва  ҳаром  аёл   бўш  келмай,  Москвага,  Марказкўмга   ҳатлар   ёзишга  ўтди.  Ишхонамга  текширувчилар  серқатнов  бўлиб  қолишди.  Бу  асаб   бузарликлар  ярим  йил- бир  йил  давом   этди.  Шундай  вақтларни   бирида дўстим   Генрих  билан  Қиримга,    Ялтадаги  Марказком  санаторийларини  бирига   дам  олгани  бордик.
У  ерда  Қирим  обкомини  котиби  бўлиб  ишлайдиган  ва  Генрихни   дўсти  бўлган   Игорь  Тарасюк  деган  одам  билан  танишиб,  яқин  бўлиб  қолдик.  Шунда  мен  Генрих  билан  маслаҳатлашган   ҳолда унга  уйдаги  ёз-ёзлардан  чарчаб, Қиримга  кўчиб  келиш  ниятим  борлигини  билдирдим.  Игорь    мени  бу  таклифимни  маьқуллаб  менга  қўлидан  келган  ёрдамни  беришни ваьда  қилди.
Уйга  қайтиб  келгач  мен  Самарқанддаги   ишларимни  топшириб,  “Волга”  машинамда   Қиримга  қараб  йўл  олдим.  Қримга   келгач  Симферополь  шаҳрида   ўзимга   бир  уй  сотиб  олдим.  Игорь  ёрдами  билан  шахар  ресторанларини  бирига   директор,  сўнг  савдо  бошқармасида   назорат  бўлими – КРУ    бошлиғи  лавозимларида  ишладим.
Яна   ошиғим  олчи.  Ҳар  3-4  ойда  бир  Самарқандга  бориб,  ўғлим  Олимдан  хабар  олиб  келардим.   Ажрашган   хотиним   Зарема  ўша  турк  йигитига  турмушга  чиққан  эди.  Самарқандга  борганларимда   кўпинча  Генрихникида  турардим  ва  ўғлимни  бир  неча  кунга  ёнимга  олиб  келардим.  Ўша  кунларни   бирида   4  яшар  ўғлим  менга  қараб – “Дадажон, мени  ўзингиз  билан  олиб  кетинг,  мени  бу ерда  хафа  қилишаябди”, -деб  қолди.
Айтишига  қараганда   янги  “дадаси”  унга  ҳеч  ҳам  совға-саломлар  олиб  бермас  экан,  баьзида  эса  ҳатто  қаттиқ  гапириб  ҳафа  қилар  экан.   Ўғлимни  гапларидан  жон-поним  чиқиб  кетди.  Шу  захоти   Олимни  олиб  Генрихни  машинасида  Тошкент  аэропортига  қараб  кетдик.  Эсимда,  ўша  куни  мавжуд  бўлган  Харьков  шаҳрига  рейсга  билет  олиб,  ўғлим  билан  Украинага  учиб  кетдик.
Ўғлимни  олиб  кетишим  собиқ  хотинимга  қаттиқ   зарба бўлди.
Болани  қайтариб  олиш  илинжида  хотиним   яна  ёза-ёзни  бошлади.   Лекин  қўлидан  ҳеч  нарса  келмади.  Бир  тарафдан  ўғлим  ойисига  қайтишни  ҳеч  ҳам  ҳоҳламас  эди,  бошқа  тарафдан  ҳам  Қиримда,  ҳам  Самарқанднинг  юқори  ташкилотларида  “меники”лар  кўп  эди.  Бир  неча  маротаба  бизни  ишлар  судда  кўрилди,  барчасида  мен  ғалаба  қилдим.     Шу-шу  ўғлим  билан  Қримда  қолиб  кетдик…
Ҳозирда  40 дан  ошган  ўғлимни  икки  боласи  бор.  Рафиқаси  Оксана  Евпаториялик украин  миллатига  мансуб  камтарин   аёл,  роса  пазанда.  Кўз  тегмасин   турмушлари  жуда  яхши.  Ўз  пайтида  Симферополда  сотиб  олган  уйимни  кенгайтириб,  ёнига  иккита  шахсий  меҳмонхона  қурганман,  уни  устига  Қора  денгиз  бўйидаги  Алушта  шаҳрида  30  ўринлик   пансионат – мехмонхонам   бор.  Шуларни  ўғлим   Олимжон  оиласи  билан  юргизади.
Собиқ  хотиним  Зарема   болани  олишга  эриша  олмагач  турклик  йигит  билан  Турцияга  кўчиб  кетишган,  Алания  шаҳрида   яшайди,  ундан  икки  фарзанди  бор,  деб  эшитаман.  Онам  1988-йили  Чернигов  шаҳрида  вафот  этган.  Дўстим  Генрих  ҳозирда  бола-чақаси   билан  АҚШда,  Нью-Джерси   шаҳрида   яшайди.  Мен  эса  пенсиядаман,   ўша-ўша  шаталоқ  отиб  юрибман.
Олег  Олеговични  гапларини  қоғозга  туширган
М.Мансур
Тошкент  шахри.
R.S. Воқеа  кахрамонларини  баьзиларини  исмлари  ўзгартирилган.
“Дунё   ўзбеклари”  учун  махсус.
Leave a Reply
*