Menu
Categories
Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? Учинчи мақола
12/18/2018 Бош мақола
Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди?
Уй қамоғида ётганлар бунга кирмайди…
Ўз касбидан жудо бўлиб, ижоди тақиққа тушганлар…
Ҳибс ва Хорижга бадарға қилинганлар…
Оқил билан Жоҳилнинг фарқи нимада?
Мирзиёев кимнинг йўлидан бораяпти?
 
Каримов ва Мирзиёев даври – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…
10.
Каримов даврида уй қамоғида ётганлар рўйхати…
Шукрилла Мирсаидов – Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги Вице Президенти. Каримовга қарши чиққани учун ўз вазифасидан олиниб, ноҳақ ва ўйдирма айблар билан судланган. Оила аъзолари ва яқинлари,  фарзандлари тақиқ ва тазйиққа олиниб, халқдан ажратиб қўйилди. Машинаси портлатилди, ўзини эса Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани далаларида МВДнинг террорга қарши гуруҳ ходимлари яп-ялонғоч қилиб уриб, таҳқирлашди. Ўша қатағон йилларда ўзбек расмий матбуотида чиққан бир хабар, то ҳануз кўз ўнгимдан кетган эмас: “1993 йилнинг 24 октябь куни ярим тунда фуқаро Ш.Р.Мирсаидов қип ялонғоч ҳолда Тошкент вилоятнинг Ўрта Чирчиқ туман Ички Ишлар бўлимига мурожаат қилди. Унинг айтишича бир гуруҳ спортчи қиёфасидаги безорилар уни уриб, ечинтириб, таҳқирламоқчи бўлишган…” Шукрилла Мирсаидов Каримовнинг давлат ниқобидаги “Ўч олиш гуруҳлари” ва “троллари” томонидан ана шундай – давлат раҳбарига мутлақо ярашмайдиган номардлик ва хоинлик билан мунтазам равишда қийнаб ва таҳқирлаб келинди. У ўзининг Олий мажлис сессиясида Каримовга қарата айтган бир оғиз сўзи – “Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлмоқни афзал кўраман!” дегани учун – умрининг охирига қадар камситилди, хўрланди ва абадий уй қамоғига гирифтор этилди. 2012 йил – хорлик ва зорликда вафот этди…
Раҳим Ражабов –  Ўзбекистоннинг биринчи ва энг сўнгги Давлат котиби. Осиёда маълум ва машҳур бўлган Алгоритм шаҳарчасининг биринчи қурувчиси ва раҳбари. 32 ёшли – Тошкент экскватор  заводининг директори. “Узмашхлопководства”нинг биринчи ўзбек министри. 42 ёшида – бешта ҳарбий  стратегик заводларни бирлаштирган “Алгоритм”нинг Бош директори. 52 ёшида – ҳарбий саноат, алоқа ва телекоммуникация бўйича Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг ўринбосари. 1991 йилнинг январидан илк ташкил этилган биринчи ва энг сўнгги давлат котиби (Бу вазифа бутун дунёдаги давлат котиблари миқёсидан анча баланд эди). Айни пайтда амалиётдаги Вице Президент ҳам эди. Ҳаммасидан кўра кўпроқ машҳур биографиясига кўра Раҳим Ражабов – Президент Ислом Каримовнинг Тошкент Давлат Политехника институти инженер механика факультетида бир курс ва бир группада ўқиган курсдоши бўлган. Унинг сиёсий йўлига қўшила олмагани учун ишдан олинганидан сўнг 27 йил кўчада қолди. Мирзиёев даврига келиб, яна давлат ва жамият эътиборига тушди…
Мирзаолим Иброҳимов – Олий Кенгаш раислигидан олинганидан кейин то умрининг охирига қадар давлат ва ҳукумат назаридан тамомила четда қолди.
Эллигинчи йилларда Ўзбекистон Комсомоли Марказий Комитети биринчи котиби, олтмишинчи йилларда Ўзбекистон пахта тайёрлаш саноати министри, Наманган обкомининг биринчи секретари, республика спорт қўмитаси раиси, Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари – “Постпред” ва ниҳоят саксонинчи йиллар ўрталарида – Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси бўлиб ишлаган Мирзаолим Иброҳим 90 ёши арафасида Тошкентда вафот этди. Шундай улкан ва атоқли сиймо ҳаётдан кўз юмар экан, ҳар қачонгидек Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари лом мим дейишни лозим топмадилар. Мирзаолим Иброҳимовдан кейин Олий Кенгаш раиси бўлиб ишлаган Шавкат Юлдошев, Эркин Халиловлар ҳам Каримов даврида тамомила унутилиб, ишсиз ва эътиборсиз кўчада қолишди… 
Шукрулло – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Сталиннинг “ГУЛАГ”ини кўриб келган афсонавий ижодкор. 1921 йилнинг 2 сентябрь куни дунёга келган Қаҳрамон. Ёзувчи Шукрулло ҳақида ўйлаганимда ҳақиқий Қаҳрамон инсон ҳақида ўйлагандай бўлавераман. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, ҳақиқий Қаҳрамон аслида қандай инсон бўлиши кераклигини Шукрулло ака тимсолида кўргандай бўламан. Ҳолбуки, у киши расман Қаҳрамон деб эълон қилинмаган. Лекин Қаҳрамонлик унвони билан Олтин Юлдуз нишонига ҳар томонлама муносиб инсон. Чунки у киши ўзбек зиёлилари, ёзувчи ва ижодкорлари орасида эталон даражасидаги улуғ ва мўътабар зот. Ўн йил қаҳратон Сибир ўрмонларининг Магаданидан ҳам нарёғида – Кадим чакалакзорларида турма азобини чекиб, ўлимларни доғда қолдириб келган Шукрилло ака ҳақиқий Қаҳрамон аслида… Шукрулло аканинг турма азоби ҳақидаги – ўлим билан юзма юз келган даҳшатли хотираларини ўқиганман. Сиёсий маҳбуслар ётадиган баракда қор кўп ёққанидан баъзан эшикларни очиб бўлмай қоларкан. Шундай пайтда улар туйнукдан ташқарига чиқиб, қорни кураб, сўнг ёпилиб қолган барак эшикларини зўрға очишаркан… Сталин репрессиясининг мана шундай ноинсоний азоб уқубатларни кўриб, ўлмай йитмай Ўзбекистонга эсон омон қайтиб келган Шукулло ака Каримов даврида эътибор ва эъзоздан четда қолди, унутилди. Мирзиёев даврига келиб салкам юз ёшни қаршилаётган адиб яна ўз халқи ва адабиётига қайтариб берилди…
Аҳмаджон Мухторов – СССР халқ депутати, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси, “Халқ сўзи” газетаси Бош муҳаррири – Каримов билан тортишиб, уни танқид қилгани учун ишдан ҳайдалиб, миясига қон қуйилиб, ақлдан озиб, хорлик ва зорликда вафот этган…
Исмоил Жўрабеков – Бош вазир ўринбосари ва Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган бу мулозим ҳам Каримовнинг қаҳрига йўлиқиб, судланди. Мирзиёев даврига келиб у ҳам яна давлат эътиборидан баҳраман бўла бошлади. Ҳозир Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси…
Козим Тўлаганов – Тошкент шаҳар ҳокими, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва Тошкент вилояти ҳокими бўлиб ишлаган, сўнг урилган. Жим юриши учун – судланган. Мирзиёев даврига келиб у яна давлат ишига жалб этилди…
Бахтиёр Ҳамидов – Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Қашқадарё вилояти ҳокими бўлган. Сўнг ишдан урилиб, судга тортилган. Мирзиёев даврига келиб яна ишга қайтарилган…
Зокиржон Алматов – Ўзбекистон Ички Ишлар вазири, генерал полковник. Зокиржон Алматов  1949 – йил Тошкентда туғилган. 1976 – йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тугатган. Тошкент район ички ишлар бўлими бошлиғи, Тошкент вилоят ички ишлар Бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Республика Ички Ишлар вазирлиги жиноят қидирув Бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. Ва ниҳоят 1990 – йилдан эътиборан Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 1991 – йилнинг 16 – сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири. Генерал полковник. 2005 – йилнинг декабрида  “Буюк хизматлари” ордени билан мукофотланиб, истеъфога чиқарилган. Зокиржон Алматовнинг қисқача таржимаи ҳоли мана шундан иборат. Лекин унинг ички ишлар соҳасида амалга оширган ишлари ва олиб борган мураккаб фаолияти ҳали кўп таҳлил ва тадқиқ бўладиган, сабоқ ва хулосалар чиқариладиган тарихий аҳамиятга эга. Каримов даврида ўз жиноятларини яшириш учун ноҳақ ишдан олинган Зокиржон Алматов Мирзиёев даврига келиб яна ўз соҳасига қайтарилди…
Ҳалима Худойбердиева – Ўзбекистон халқ шоираси. Турмуш ўртоғи, Президент Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг ҳибсга олиниши ортидан барча давлат ва жамоат лавозимларидан озод этилган таниқли ўзбек шоираси 27 йил давомида ўзбек матбуоти, адабиёти ва ижтимоий сиёсий ҳаётидан тамомила узиб қўйилди. Мирзиёев даврига келиб унинг номи ва ижоди яна тикланди ва ўзбек адабиётига қайтиб берилди.
У “Дугоналар” журнали Бош муҳаррири этиб тайинланди. 1917 йилнинг май ойида Етмиш ёшга тўлган муборак кунида – Президент Фармонига кўра “Эл юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. 2018 йилнинг август ойида вафот этди…
Гулчеҳра Нуруллаева – 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Тошкент университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган (1956—1964). «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат», 1961—1967) журналида ишлаган. 1967—1969 йилларда Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида ўқиган. Ўзбекистон Ёзувчилар Союзи раисининг ўринбосари бўлган. Ленин Комсоли мукофоти лаурати. Унинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами «Қуёш табассуми» (1965) номи билан чоп этилган. Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) китоблари чоп этилган.  Мамлакатга Каримов келган даврдан бўён, барча муковот ва лавозимларидан воз кечиб, мухолифат сафига ўтган. Шундан сўнг унинг номи ва ижоди Ўзбекистонда буткул тақиқланган. Мирзиёев даврига келиб ҳақиқат қарор топди. У яна Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиниб, асарлари чоп этила бошланди. Расмий матубот ва телевидения халқимизнинг севимли шоираси учун яна очилди…
Бахтиёр Ҳисомович Ғуломов – 36 ёшида махсус хизмат генерали унвонига сазовор бўлган энг ёш ва истиқболли чекист эди. Сўнг Президент Каримовнинг куч ишлатар тизимларини назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси бўлган. ББС ўзбек хизматининг ёзишича: “Асли жиззахлик бўлган Бахтиёр Ғуломов 1990-йиллар бошидан Ўзбекистон махсус хизматларининг энг ёш (36) генерали сифатида танилган ва МХХда катта таъсирга эга бўлган, деб ишонилади. Уни яқиндан таниганларнинг айтишича, Иноятов либерал қарашдаги ва коррупцияга нисбатан муросасиз мавқейи билан танилган Ғуломовни ўзига рақиб сифатида кўрган ва 2004 йилда унинг МХХ раисининг ўринбосарлигидан четлатилишига эришган. Ғуломовни хорижий давлатлардан бирига элчи қилиб юбориш масаласи муҳокама этилган пайт МХХ раҳбариятининг қаршилигига учрагани ҳақида гап-сўзлар юради. Аммо шу билан бирга, ўз вақтида Иноятов номзодини МХХ раислигига айнан Бахтиёр Ғуломов таклиф қилгани ҳам айтилади. Ғуломов 1998 йилда Президентнинг давлат маслаҳатчиси мақомида хориждаги ўзбек мухолифатининг инсон ҳақлари ташкилотлари сифатида қайта ташкилланган айрим гуруҳлари билан мулоқот олиб боргани Би-би-сига маълум…”
Шавкат Йўлдошев – Биринчи Ўзбекистон парламенти – Олий Кенгаши раиси, таниқли давлат ва жамоат арбоби. 1943 йил 20 сентябрда туғилган, Москвадаги Энергетика институтини тугатган, иқтисод фанлари доктори. Сирдарё обкомининг иккинчи, Фарғона обкомининг биринчи секретари бўлиб ишлаган. 1989 йил Марғилон сайлов округидан СССР халқ депутати этиб сайланган. 1991 йил 12 июнда Ўзбекистон Олий Мажлисининг раиси этиб сайланган. 1993 йилда Каримов билан келишолмай, ишдан бўшатилган. Ўшандан бўён ҳеч қаерда ишламайди. Мамлакат Олий Кенгашининг собиқ раиси бўла туриб, расмий рўйхат ва зиёфатлардан, ҳужжат ва имтиёзлардан тамомила ўчирилган. Мирзиёев даврига келиб яна давлат ва ҳукумат тадбирларида иштирок эта бошлади…

 

(Бу рўйхатни, Сиз азиз уқувчилар, давом эттиришингиз мумкин…)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
18 декабрь, 2018 йил, Торонто шаҳри, Канада
 “Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*