Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: ПРЕЗИДЕНТ ДЕВОНИДАГИ ИККИ ҚУДРАТЛИ ШАХС (2-том, 36-боб)
12/22/2018 Бош мақола
ИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
ИККИНЧИ КИТОБ  
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)
2 КИТОБ. 36-БОБ
????????????????????????????????????
ПРЕЗИДЕНТ ДЕВОНИДАГИ ИККИ ҚУДРАТЛИ ШАХС
Президентнинг бош ёрдамчиси Крайнов ва биринчи концелярея бошлиғи Абдуқодировларнинг сиёсий портретига шарҳ 
Ёки Президентнинг ўнг ва чап қўллари ҳақида
1.
Ўзбекистон Олий раҳбариятида шундай сирли ва синоатли, айни пайтда ноёб ва ҳайратомуз кишилар борки, уларнинг ўта машаққатли, лекин шарафли ҳаёт йўли ва тўплаган мулозимлик тажрибаси  келажак авлод учун яхши бир сабоқли ҳаёт мактаби бўлиши мумкин.   Оқсаройда Шоҳга яқин бўлган шундай вазиру уламолар борки, улар ҳақида ҳам  алоҳида ҳикоя қилиш мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Мен – Давлат раҳбарининг ўнг ва чап қўли ҳисобланган  –  бош ёрдамчи Георгий Алексеевич Крайнов ва биринчи канцелярея мудири Равил Ваҳобович Абдуқодировларни назарда тутяпман. Бу икала мулозим ҳам Ислом Каримовнинг энг ишончли кишилари бўлиб, улар Президент эшигини тақиллатмасдан унинг олдига бемалол кириб бориш ҳуқуқига эга бўлган ниҳоятда кам сонли сарой аъёнларидандир. Ҳатто уларнинг кабинетлари ҳам  Президент ишлайдиган олтинчи  қаватда жойлашган.
Бугун улар ҳақида расмий  ўзбек матбуотини-ку, қўяверинг, ҳатто  интернет олами бўлмиш – ижтимоий тармоқлардан ҳам ҳеч нарса тополмайсиз. Ҳатто расмларини ҳам.  Лекин эрта бир кун, бугунги давр ниҳоясига етганидан кейин, Ўзбекистонда ва дунёда улардан-да машҳурроқ ва довруқлироқ одамлар бўлмаслигига мен бугун уларни яхши билган, шоҳга яқинлик фаолиятидан обдон хабардор бўлган журналист сифатида бутун масъулиятни заммамга олиб, кафолат бермоқчиман…
2.
Одатда давлат раҳбари мамлакатни бир ўзи эмас, балки ўз свитаси, яъни командаси билан бошқаради дейишади.
Шу маънода Ислом аканинг ўнг ва чап қўли бўлмиш бугунги қаҳрамонларимиз – Президент командаси аъзолари сифатида Ўзбекистон  ижтимоий сиёсий ҳаётида  муҳим ва ҳал қилувчи овозга эга бўлган ниҳоятда қудратли шахслар эканини мен бугун алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Умуман, Давлат раҳбарининг ёрдамчиси бўлиш, унинг командасини бошқариш,  сафдош ва ғоядошларига раҳнамолик қилиш – бу ниҳоятда мураккаб ва машаққатли, шу билан бирга ғоятда шарафли ва масъулиятли, айтиш мумкинки, муқаддас бир вазифадир.
Бу  оғир ва залворли вазифани ҳамма ҳам бажаролмайди. Тақдир бундай улуғ ва шонли миссияни ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бугун Ислом Каримов 25 йиллик сиёсий уммонда Ўзбекистон номли давлат кемасини  қаттиққўллик ва айтиш мумкинки, ўта бешафқатлик  билан бошқариб келаётган экан, бунда ҳам бугунги биз ҳикоя қилмоқчи бўлган икки мулозимнинг  улкан ва беқиёс, ўзига хос ҳиссаси борлигини унутмаслигимиз керак бўлади.
Умуман ҳар қандай раҳбарнинг атрофида ҳам унга садоқатли ва фидойи  ёрдамчилар бўлади, у танлаб олган ғоядошлар командаси бир ёқадан бош чиқариб, фаолият юритади.
Одатда бундай мулозимлар “саҳна ёки парда ортидаги” кишилар бўлиб, уларни кенг халқ оммаси маълум бир давр ва эпопея ўтиб кетганидан кейингина билиши ва таниши мумкин. Улар жуда камтар ва камсуқум, айни пайтда, том маънодаги ҳақиқий ёрдамчилардир…
3.
Давлат раҳбарининг ёрдамчилари ҳақида гапирганда, беихтиёр тарихда ном қолдирган таниқли сиёсий арбобларнинг машҳур  ёрдамчилари ёдга тушади. Умуман, ҳар қандай раҳбарнинг атрофида ҳам унинг раҳбарлигини таъминловчи, шакллантирувчи ва давлат бошқарувини ташкил қилувчи ва уюштирувчи ёрдамчилар бўлади.
Лениннинг Сиёсий Бюродаги шахсий котибаси Мария Игнатьевна Гляссернинг Владимир Ильич ҳақидаги сиёсий эсдаликлари ҳанузга қадар ўз қимматини йўқотган эмас.
Узоқ йиллар Сталиннинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Борис Бажановнинг “Сталин ёрдамчисининг хотиралари” номли китоби ўша мураккаб давр воқеа ҳодисаларини Сталин билан бирга бизнинг кўз ўнгимизда худди кино лентасидек  яққол намоён қилиб беради. Ёки бўлмасам, 18 йил Сталиннинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Пасткрыбишевни бугун ким билмайди ва ё танимайди дейсиз?
Никита Хрущев ва Алексей Косыгинларнинг 1958 йилдан 1967 йилга қадар ёрдамчиси бўлиб ишлаган Олег Трояновский, Леонид Брежневнинг сон саноқсиз ёрдамчилари Русаков, Голиков, Цукановлар номи  то ҳануз  бизга ўша кунлар силсиласи ҳақида ҳикоя қилиб бераётгандай.
Брежнев, Андропов, Черненко ва ҳатто Горбачевнинг ҳам бир йилга яқин ёрдамчиси бўлиб ишлаган Андрей Михайлович Александров – Агентов номини бугун ким билмайди дейсиз?
Анатолий Черняев, Георгий Шахназаров, Алесандр Яковлевларнинг Михаил Горбачевга ёрдамчи  бўлиб ишлаган йиллар ҳақидаги сиёсий эсдаликлар тўплами  ҳали ҳануз хотирамизда муҳрланиб турибди.
Кейин Ельцин даври бошланди. Унинг биринчи ёрдамчиси Виктор  Ильюшиндан тортиб, Анатолий Карабельников, Лев Сухановларнинг дил тубидаги хотира ва эсдаликлари ҳали ўз ўқувчиларига етиб бормаган.
Ва ниҳоят шу кунларда Путинга ёрдамчилик ва котиблик қилаётган Владислав Сурков, Владимир Кожин, Дмитрий Песков каби ичи буткул сиру асрорга тўла давлат мулозимлари борки, ҳали вақти келиб  уларнинг бугунги инқилобий кунлар ҳақидаги ноёб ва нодир хотираларини ўқиб, ажиб ҳайратларга ошно бўламиз…
4.
Юқорида номлари тилга олинган машҳур шахсларнинг аксариятини эл юрт маълум давр ўтганидан кейин таниди ва билди. Умуман, давлат раҳбарининг ёрдамчилари  аслида омма назаридан  четда – парда ортида  бўлишади.  Уларнинг аксариятини одамлар  бутун бир давр ва эпопея ўтиб кетганидан кейингина билди ва таниди.
Улар ниҳоятда камтар ва камсуқум, айни пайтда ҳақиқий ёрдамчи бўлишган. Ёрдамчилик ҳам аслида бир касб. Ҳамма ҳам уни уддалай олмайди. Айрим ёрдамчилар борки, улар раҳбарнинг орқасида эмас, балки олдида юришган. Одатда бундай ёрдамчилар сиёсий майдондан кўп ўтмай қумга сингиб кетган сувдай ўз ўзидан йўқ бўлиб кетишади.
Лекин тарихда ўз ўрни ва вазифасини яхши билган, ўз касби ва раҳбарига садоқатли бўлган ўнлаб ёрдамчилар борки, улар кейинчалик давлат ва жамиятнинг таниқли сиёсий арбоболарига айланиб улгуришди.
Юқорида номи тилга олинган Русаков – Брежневнинг, Яковлев – Горбачевнинг  ёрдамчиси бўлиб, сўнг КПСС Марказий Комитетининг секретари даражасигача кўтарилиб бордилар.
Ўзимизда Ислом Каримов ҳам бир пайтлар Госплан раиси Зиёдуллаевнинг ёрдамчиси бўлган дейишади. Лекин расмий манбаларда бу ҳақда ёзилмаган. Кейин ўзи Госпланда раис бўлди. Мана энди 25 йилдирки, Ислом Каримов Ўзбекистон давлатини бошқариб келмоқда.
Путин ҳам бир пайтлар Санкт Петербург мэри Анатолий Собчакнинг ёрдамчиси бўлиб, унинг чемодан ва портфелини кўтариб юрган эди.
Бугун Владимир Путин – қудратли Россия Федерациясининг  шуҳратли  Президенти…
5.
Биз бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган Ўзбекистон раҳбарининг икки ёрдамчиси ҳам – ана шундай тарихий сиймолар қаторидан муносиб ўрин олиши муқаррар бўлган  нодир ва ноёб  шахслар сирасига киради.
Георгий Крайнов – яҳудий, Равиль Абдуқодиров – татар миллатига мансуб бўлиб, тўқсонинчи йилларнинг бошида Президентнинг ёрдамчилари орасида Ислом акага улардан бошқа яқин мулозим бўлмаган.
Давлат маслаҳатчилари,  ҳукумат аъзолари, министрлар, Корпорация ва Қўмита раислари асосан Президент ёрдамчиси Георгий Крайновдан ва концелярия мудири Равил Абдуқодировдан ҳайиқиб туришарди.  Бир сўз билан айтганда Ўзбекистондаги барча раҳбарларнинг тақдири ана шу икки мулозимнинг қўлида эди.
Тўғри, кадрларни танлаш ва уларни ишга тайинлаш масаласи билан асосан Президентнинг шу соҳани назорат қиладиган Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабековлар шуғулланса ҳам, лекин уларнинг кейинги тақдири кўп жиҳатдан Президентнинг олтинчи қаватдаги ўзига энг яқин бўлган, қулоғи остидаги икки ёрдамчиси ва ҳамкори – Крайнов билан Абдуқодировларга боғлиқ эди.
Уларнинг у ёки бу раҳбар ҳақида Президент столига қўйилиши мумкин бўлган хат, шикоят ва ё ҳужжати – қулоғига эшитилиши мумкин  бўлган бир оғиз гапи – ўзбек мулозимларининг ҳаёт-мамотини тамомила ҳал қилиб юбориши мумкин эди.
Лекин шу билан бирга уларнинг икаласи ҳам ниҳоятда  ҳушёр ва камгап, камтар ва камсуқум инсонлар эди.
Одатда ўз қудратига ишонган одамлар шунақа бўлишади шекилли…
6.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида Президент Фармони билан Равил Ваҳобович Абдуқодировга туғилган куни муносабати билан  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони берилган эди. У киши ўз касбидан келиб чиқибми, билмадим, ё характери шунақамиди, ҳар қалай ошкора мақтов ва кўтар кўтарларни, матбуотга чиқиш ва урра урраларни мутлақо  ёқтирмас эди.
Лекин мен “Ҳаёт ва иқтисод” журнали Бош муҳаррири бўлганим учун, қолаверса, ўзлари билан ҳам яқин ва дўстона муносабатда эдим, Президентнинг шу Фармони баҳонасида журналда Равил Ваҳобович ҳақида мақола бермоқчи бўлдим.
Президент Фармони нусхасини, мақолани, редакция ва таҳрир ҳайъати номидан ёзилган табрикни журналнинг биринчи саҳифасига қўйиб,  Абдуқодировнинг расмига келганда муаммо пайдо бўлди. Гап шундаки, ҳеч қаерда у кишининг сурати йўқ экан. Худди ўта махфий хизмат мулозимидай ҳеч қаердан у кишининг расмини топиб бўлмади.
Шунда у кишининг ўзларига мурожаат қилишга тўғри келди. У киши мақсадимизни билиб, журналда чиқишига тамомила қарши бўлди. Суратини бериш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини қатьий қилиб айтди. Мен эса – бир ишга киришсам, уни охиригача етказмагунча  тинчимасдим.
Ўйлай, ўйлай охири Президентнинг кадрлар бўйича Давлат Маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовга мурожаат қилдим.  Мавлон ака ҳам Равиль Ваҳобович билан жуда яқин эди, уни ҳурмат қиларди. Лекин бу яқинлик биз каби тўкин дастурхон ва антиқа ичимликлар атрофида эмас, балки хизмат ваколати билан боғлиқ бўлган Девон атрофидан  нарига ўтмаган эди…
Хуллас, Мавлон Умрзоқов менга йўқ деёлмади. Биз ҳеч қаердан тополмаган суратни – кабинети тўридаги сейфини очиб, Равиль Ваҳобовичнинг шахсий “дело”сидан олиб берди.  Абдуқодировнинг биз ҳеч қаердан тополмаган   ноёб сурати   ўша заҳотиёқ қанот чиқариб босмахонага тушиб кетди…
7.
Орадан уч кун ўтиб, “Ҳаёт ва иқтисод” журналининг янги сонида  Президент фармони билан бирга эълон қилинган (Фармон расмий матбуотда ҳам суратсиз берилган эди) ўз расмини кўриб, Равиль Ваҳобович менга вертушкадан қўнғироқ қилди: Исмат ака, агар бошқа одам бўлганда мен кечирмасдим. Лекин Сизни ҳурмат қиламан…
Мен юқорида Крайновни ҳам, Абдуқодировни ҳам ниҳоятда ҳушёр ва эҳтиёткор, “дипломат” мулозимлар  эканини бежиз айтмадим.
Биринчидан, Равиль Ваҳобович мени ростдан ҳам “ҳурмат қилгани”дан эмас, Президентга бевосита яқинлигимдан ҳайиққан. Иккинчидан ўта махфий ҳужжатлар сирасига кирувчи шахсий “Дело”сидаги бу суратни  бевосита Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчисидан олганимни  ҳам яхши билган.
Қолаверса,  менга ўша йилларда ростдан ҳам улай булай одамнинг на кучи, ва на ҳадди сиғарди танбеҳ беришга. Бу ҳам бор гап ва бу билан ҳамма ҳисоблашишга мажбур эди.
Жумладан Президентнинг энг яқин ёрдамчи ва ҳамкорлари ҳам…
Шу ўринда Абдуқодировнинг юқри давлат органларига ишга келиб қолиши тарихи ҳақида икки оғиз сўз.
Равиль Ваҳобович муқаддам – Шурилла Раҳматовичнинг ёрдамчиси бўлган. Сўнг Президентнинг назарига тушиб, Мирсаидовнинг розилиги билан Девонга – Концелярия мудирлигига ишга ўтказилган.
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Ўзбекистонда эса ниҳоятда ажабтовур.
Ўзбек сиёсий саҳнидаги икки қудратли тоғ – Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидовлар ўзъаро тўқнашиб,  бир тоғ янчилиб, кукунга айланиб кетганида ҳам Абдуқодиров омон қолди. У икки тоғ орасидаги бу ихтилоф ва зиддиятдан, бу беомон қирғинбаротдан  ўзини эсон омон сақлай билди.
Бу унинг профессионал ва фидойи ишбилармонлигидан ташқари, унинг юксак  сиёсатчилигидан, катта истеъдод ва маҳорат эгаси эканидан  ҳам далолат беради…
8.
Президентнинг биринчи концелярия мудири Равиль Ваҳобович Абдуқодировнинг Ўзбекистон Олий раҳбариятига, хусусан, концелярея мудирлигига  Мирсаидовнинг ёрдамчилигидан келганини айтдик.
Энди икки оғиз сўз –  Ислом Каримовнинг бош ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайновнинг салтанатга келиб қолиши тарихи ҳақида.
Етмишинчи йилларнинг бошида Республика  Давлат Матбўот Қўмитаси (“Госкомпечать”) раиси Зиёд Исломович Есинбоев Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовга  яхши ва истеъдодли журналист сифатида “Андижанская правда” газетаси муҳаррири Рубен Акопович Сафаровни тавсия қилади.
Шу тариқа Рубен Сафаров Андижондан Адҳам Акбаровнинг ўрнига – Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Агитация ва Пропаганда бўлими мудирига оммавий ахборот воситаларини назорат қиладиган ўринбосар бўлиб  кўтарилиб кетади.
Марказқўмда кўп ўтмай бўлим мудири этиб тайинланганидан сўнг эса   ўз ўрнига бегонани эмас, балки  “Андижанская правда”да ўзининг қўл остида ишлаган, яхши ва синашта дўсти – Георгий Алексеевич Крайновни Тошкентга олиб келади…
Крайнов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида бир муддат Рубен Сафаровнинг қўл остида – Агитация ва Пропаганда бўлимида ишлаб, республика матбуотини назорат қилиб туради.
Сўнг бевосита Зиёд Исломович Есенбоев ва Рубен Акопович Сафаровларнинг шарофати билан давлат раҳбарининг назарига тушиб, 1976 йилдан эътиборан Шароф Рашидовнинг биринчи ва асосий ёрдамчиси этиб тайинланади.
Энди у нафақат ўзбек матбуотини, балки бутун Ўзбекистон мулозимларини  назорат қиладиган бўлади…
9.
Шу ўринда  Зиёд Есенбоев ҳақида ҳам икки оғиз ўз муносабатимни билдириб ўтмоқчиман.
Зиёд Исломович билан мен жуда кўп учрашган ва суҳбатлашганман. Юзларидан ҳамиша ажиб бир нур таралиб турарди. Ниҳоятда хушрўй, чиройли кийиниб, тоза ва озода юрардилар. Самимий ва дилкаш, айни пайтда талабчан ва масъулиятли раҳбар эдилар.
75 ёшда ҳам Зиёд Есенбоев  министр эди. Матбуот вазирлигидан сўнг ҳам у киши узоқ вақт – то умрларининг охирига қадар  “Мухбир” – “Корреспондент” журналларига Бош муҳаррир бўлиб юрдилар.
Қанчадан қанча ўзбек ноширлари, ёзувчи ва журналистлари Зиёд ака туфайли уйли жойли – Ватанли бўлишди, жамиятда ўз ўринларини топишди. Матбуот вазири сифатида Шароф Рашидов билан яхши ва яқин муносабатларидан  у киши асосан ижодкорлар учун уй жой қуриш, уларнинг шарт шароитларини яхшилаш, маиший ва моддий турмуш даражасини кўтариш каби улуғ ва олийжаноб мақсадлар йўлида фойдаланар эдилар. Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистонда ижод ва журналистика аҳли, ёзувчи ва ноширлар дунёси Зиёд Исломовични ажиб бир соғинч, чексиз меҳр ва муҳаббат билан эслашади десам, муболаға бўлмас, янглишмасам керак.
Зиёд Есенбоевнинг яна бир одамгарчик фазилати   шундаки, у киши ўзи Рашидовга айтиб,  Марказқўмга ишга олиб келган Рубен Сафаров бошида қора булутлар айланганда, уни яна ўз қанотига олади – Матбуот вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинлайди. Ўша пайтларда, кулфат келса, кўпайиб келади деганларидек, боз устига Рубен Сафаровичнинг ўғли ҳам фожеали вафот этган эди. Ҳам ишсиз, ҳам фарзандсиз қолган инсонни оғир дамда қўллаб қувватлаб, уни яна ҳаётга умид билан яшашга ўргатиш, руҳини кўтариб, сўнган орзу умидларини уйғотиш – ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Сафаров ҳам, Крайнов ҳам ўз устозларининг ана шу одамгарчилигига бутун умр муносиб бўлишга бел боғлаган бўлсалар, не тонг!
Шунинг учун ҳам балки Зиёд Исломович умрининг энг сўнгги дамигача давлат ва ҳукумат назарида бўлиб, иззат икромда юрган бўлса, не ажаб!
10.

????????????????????????????????????

Шароф Убайдуллаев билан Георгий Крайнов ҳар кўришганда устозлари Шароф Рашидов ҳақидаги хотиралари сира тугамайди…
Хуллас, Крайнов 1976 йил Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарига ёрдамчи этиб тайинланади. Орадан роппа роса бир ой ўтиб, тақдир тақозоси билан таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Крайновнинг кабинетига – Марказқўмнинг учинчи қаватидаги 408 хонага ишга келади.  Ўшанда бу кабинетнинг телефон рақами – 395-408 эди.
Шунда Рашидовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаётган Крайнов Шароф Убайдуллаевга: “Менинг эски телефонимни мендан сўрамай, ҳеч кимга берманг!” деб шарт  қўяди. Ўзбекистон раҳбарининг ёрдамчисига иши тушувчи одамлар кўп бўлади ва унинг Шароф акага айтган гапини тўғри тушуниш мумкин.
– Шу кабинет бизнинг дўстлигимизни мустаҳкамлади. Мен у кишининг телефонини ўзидан берухсат ҳеч кимга бермадим, – деб хотирлайди ўша суронли кунларни Шароф ака.
Шароф Убайдуллаев билан Георгий Крайновнинг ўзъаро яқин ва ишончли дўстлиги мана саккам 40 йилдирки, то ҳануз давом этиб келаётир.
Сиз кўриб турган мана бу сурат ҳам бугун матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда. Шароф аканинг шахсий альбомидан олинган бу тарихий ва ноёб сурат эҳтимол бу дунёда Крайновнинг матбуотда эълон қилинган яккаю ягона расми бўлса не ажаб.
Биз ушбу мақолани ёзиш давомида ҳар қанча уринсак ҳам, Крайновнинг расмини ҳеч қаердан тополмадик. Ва шундан сўнггина Шароф Убайдуллаевга мурожаат қилишга мажбур бўлдик…
11.
Крайновнинг расми ҳеч қаерда йўқлигидан таажжубланмаслик керак.
Камтарлик ва камсуқумлик, ўзининг бу дунёда борлигини ҳеч кимга билдирмай яшаш,  парда ортида туриб қайноқ фаолият олиб бориш санъатини Крайнов қаердан ва кимдан ўрганган, буни билмадим. Лекин унинг автобиографиясида диққат – эътиборга молик шундай муҳим фактлар борки, унинг қирқ йилдан бўён каттакон бир мамлакат раҳбарига ёрдамчи бўлиб келаётгани бежиз эмаслигига ўзингиз ҳам беихтиёр имон келтирасиз.
Биринчидан, у тўрт нафар давлат раҳбари билан бирга ишлаган: Рашидов, Нишонов, Усмонхўжаев ва ниҳоят Каримовларга биринчи ва энг асосий ёрдамчи бўлган. Иккинчидан, тўрталовига ҳам садоқат билан, астойдил, чин юракдан хизмат қилган ва ҳануз хизмат қилаётир.
Учинчидан, ўзбек тилини мукаммал билади ва лаҳча (акцент) сиз гапиради. Тўртинчидан, ўта ҳушёр, ниҳоятда айёр ва мутлақо сирли-синоатли одам.
Унинг кўзларига термулиб, юрагида нима борлигини билмайсиз. Боқишлари ниҳоятда ўйчан ва алдамчи. Ўзи эса катта ва моҳир ўйинчи…
Дейлик, Президент у ёки бу мулозимга яхши бир кайфиятда қўнғироқ қилмоқчи бўлса, Крайнов ўша мансабдорга телефон қилиб, аввал унинг ҳол аҳволини, кайфиятини обдон сўраб суриштириб,  яхшилаб хушомад қилади. Сўнг – Сиз билан Ислом Абдуғаниев гаплашмоқчилар деб, тавозе билан  улаб беради.
Худо кўрсатмасин, мабодо бирор мулозим сўкиш эшитадиган ва ё ишдан ҳайдаладиган бўлса, унга ҳам шунга яраша муомила қилади: -Ҳой, палончи, юрак бақуватми, юрак? – деб уни аввал сўкиш эшитишга яхшилаб тайёрлайди…
Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги барча амалдор ва мулозимлар, мансабдор ва ҳокимлар  Крайновнинг телефондаги муомиласи ва биринчи сўзиданоқ масала нима эканини дарҳол англаб олишади ва шунга қараб ҳукмдор билан гаплашишга  ўзларини тайёрлашади…
12.
Бир гал Ислом ака мен ёнида ўтирганимда шумлик қилиб,   Крайновга Ўзтелерадиокомпания раиси Эркин Қаҳҳорович Ҳайитбоевни аввал ўткасини ёриб, сўнг ўзига улаб беришини илтимос қилди.
Бу топшириқни олган Крайнов  ажиб бир тавозе билан, қўлини кўксига қўйиб, орқасига тисарилиб чиқаркан, унинг кўзойнак ортидаги қитмирлик милтираган  айёр кўзларида яширинган ғолиблик ва масрурлик ҳисларини туйгандек эдим.
Кўп ўтмай трубкадан Ҳайитбоевнинг йиғламсираган – мунгли ва ўксик, қалтироқ  овози эшитилди:
– Ассалому алайкум, Ислом Абдуганиевич…
Эркин Каҳҳоровичнинг бу овозини эшитиб, ҳар кўрганимда қучоқлашиб,   қаҳ қаҳ уриб, кулиб   гаплашадиган, ўзини осмону фалакда ҳис этадиган эркин ва қувноқ одамни умуман таний олмай  қолдим.
Ислом ака эса атай уни гапиртириб, ўзлари эса трубкада сукут сақлаб турардилар.
Сўнг ниҳоят, министрга раҳмилари келди шекилли, кулимсираб, гапни калта қилдилар:
– Майли кўрамиз, ким ҳақ ким ноҳақлигини…
Ҳеч нарсага тушунмаган Эркин Қаҳҳорович эса осон қутулганига шукур қилиб, бир оз жонланади:
– Ҳаммаси яхши бўлади, Ислом Абдуганиевич. Мана кўрасиз, ҳаммаси яхши бўлади. Бахтимизга Сиз доим соғ омон бўлсангиз, бас…
13.
Крайнов шу ҳушёрлиги билан бирга, айтиш мумкинки, ниҳоятда оқил ва тулки одам.
У менга бирор марота ҳам “Исмат”  деб муомила қилмаган. Ҳар гал ва ҳар сафар фақат “Исмат ака!” деб хушомад қилган. Бирор маротаба ҳам менга: “Юрак бақувватми, Исмат ака, юрак…” деб телефон қилмаган. Демоқчиманки. Ислом ака мени то ишдан урилганимга қадар бирор маротаба ҳам уришмаган, сўкмаган. На телефонда ва на шахсий учрашув ва мулоқотларда.
Лекин Крайнов билан телефонда охирги сўзлашувим, мана  йигирма бир йилдирки, ҳануз хотирамда муҳрланиб қолган.
1994 йилнинг  июнь  ойида мени кутилмаганда Бош вазир ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев ҳузурига йўқлаб қолишди. Бу пайтга келиб Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов аллақачон ишдан олинган бўлиб, Сирдарё вилоятига ҳоким ўринбосари қилиб юборилган эди.
Лекин мен ҳали Бош муҳаррир эдим ва мени ҳеч ким ишдан ололмайди деган ишонч ва ақида юрагимда мустаҳкам зуҳур эди. Мурод Шарифхўжаев ўшанда Бош вазир ўринбосари бўлиш билан бирга   “Госплан”нинг ҳам бошлиғи эди. “Ҳаёт ва иқтисод” журнали эса  “Госплан”  нашри бўлиб, Мурод ака бевосита менинг ҳам раҳбарим ҳисобланарди.
Мурод Шарифхўжаевнинг кенг ва мўл – мўҳташам кабинетида  “Госплан” коллегиясининг барча  аъзолари жам бўлишган, хонада совуқ бир сукунат ҳукмрон эди. Ҳамма мени кутиб турарди…
Мен хонага киришим билан Мурод ака ўрнидан турди-да, кўз ойнагини қўлига олиб, бир муддат гапни нимадан бошлашни билмай туриб қолди. Сўнг ниҳоят чуқур бир хурсиниш ва ҳаяжон билан рус тилида: Бугун фақат бир масала муҳокама қилинади. Ташкилий масала. Ўртоқ Хушевни Бош муҳаррирлик лавозимидан озод қилиш масаласи…
Мен Мурод акадан ҳар нарсани кутган бўлсам ҳам, лекин бу гапни мутлақо кутмаган эдим. Бошимга биров гурзи билан ургандай бўлди. Бунинг устига Мурод ака  ҳали сўзини тугатмай туриб, хонада ғала ғовур бошланди. Демак бу масалани улар ҳам энди эшитишяпти. Ҳатто “Давлат Статистика қўмитаси” раиси Шуҳрат Ҳожимуродов деган акахонимиз ўрнидан ирғиб туриб, “Нима учун Исмат Хушев ишдан олишимиз керак? Сабаб нима, асос борми? Тушунтириш бераоласизми?” деб масала овозга қўйилишига қаршилик қилди…
Шу менга далда бердими, ё ҳали ҳам ўзимни осмонда деб ўйладимми, Ислом акага ишончим шу қадар кучли эканми, билмадим, ғойибдан бир куч келиб, шу пайтгача ҳурмат қилиб келган академик олимга, устозимиз, раҳбаримизга дағдаға қилиб, ташланиб қолдим: “Сиз нима деяпсиз, ўйлаб гапираяпсизми, ҳали бу гапингиз учун жавоб берасиз.   Сизларга кўрсатиб қўяман мени ишдан олиш қанақа бўлишини!!!”
Мендан бундай қаршиликни кутмаган шекилли, Мурод Шарифхўжаев бир лаҳза довдираб қолди. Коллегия аъзолари ҳам жимиб қолишди…
Шундай деб,  шундай шаккоклик қилиб, ўзимга ярашмаган асабий бир ҳолатда қабулхонага отилдим. Ортимда эшик очиқ қолди. Қабулхонада ҳукумат телефони – вертушка бор эди. Бора солиб, котибадан ҳам сўрамай вертушкадан Крайновни тердим: 69-69 миди, 69-00 миди, ҳозир аниқ эсимда йўқ.
– Крайнов эшитади, ассалому алайкум – деб соф ўзбек тилида трубкани кўтарди Георгий Алексеевич. У ким телефон қилаётганини ҳали  билмасди, албатта.
Унинг бу илиқ каломини эшитиб, ўзимга ишонч руҳи билан суғорилган яна олдинги жанговар ҳолатга қайтдим-қўйдим:
– Георгий Алексеевич, Я Исмат Хушев, Шарифходжаев с ума сошел, чтоли?!  Он хочет снять меня с должности! Можно поговарить с Президентом?
Котиба қиз, орқамда очиқ қолган кабинетдагилар – ҳамма донг қотиб қолган, қабулхонада ҳам, ичкари хонада ҳам ажиб бир сукунат ҳукмрон эди. Пашша учса эшитилар, ҳамма Крайновнинг менга нима деб жавоб беришини кутиб турарди. Одатда вертушкадаги сўзлашув худди микрафондан гапиргандай хонада акс садо бериб, ҳаммага бемалол эшитилар эди.
Крайнов ниҳоят ҳукумат телефонидан ким унга  қўнғироқ қилаётганини  англаб етди, шекилли, бир лаҳза ҳам ўзини йўқотиб қўймай, сокин ва хотиржам овозда, лекин қатъий қилиб шундай деди:
– Больше сюда не звони…
Нариги томондан телефон трубкасининг шарақлатиб қўйилгани эшитилди. Менинг қўлимдаги муаллақ трубкада эса гудок овозлари “Ту-Ту”лаб қолди.
Томоғимга  нимадир келиб тиқилгандай бўлди…
14.
Демак ҳаммаси тушунарли.
Мени ишдан олиш ҳақидаги топшириқ Мурод Шарифхўжаевга энг олий идорадан – Президент маҳкамасидан тушган. Ажамаски, Президентнинг бу топшириғини ижрочига етказган ҳам айнан Крайнов бўлиши мумкин.
Лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, Крайнов ҳамиша Президентнинг қовоғига қараб одамларга муомила қилади. Ислом аканинг у ёки бу мулозим ҳақида фикри ўзгарса, у ҳам автоматик тарзда шунга бўйсунади.
Ва сира ютқизмайди…
Одатда бундай одамларни роботлар деб юритишади. Крайнов  хўжасининг топшириғини сўзсиз бажарадиган бўлгани учун айнан робот номини олган бўлса ажаб эмас. Тўрт давлат раҳбари билан ишлаганининг сабабини ҳам биз унинг ўз касбига бўлган меҳру муҳаббатидан эмас, балки амалга ва хўжасига бўлган автоматик роботларча садоқатидан  изласак, мақсадга мувофиқ бўлармиди…
Хуллас, Крайновнинг кутилмаган бу муомиласидан мен тамомила гангиб қолдим. Унинг бу сўзларини котиба ҳам, ҳатто ичкарида сукут сақлаб жим қотган коллегия аъзолари ҳам, Мурод Шарифхўжаев ҳам аниқ тиниқ эшитганларига менда шубҳа йўқ эди.
Крайновнинг шу биргина жавоби мени сувга тушган мушукдай ожиз ва итоатгўй қилиб қўйди. Во ажаб, боягина Бош вазир ўринбосари тугул, бутун коллегия аъзоларини еб-ичиб, ҳатто янчиб ташлашга ҳам қодир бўлган Исмат Хушев қани? Унга нима бўлди?
Шу пайтгача журналистлар орасида Президентнинг эркатойи бўлиб келган китоблик қудратли Бош муҳаррирдан, унинг шашти ва оловидан  энди асар ҳам қолмаган эди…
15.
Бошларимни эгиб, икки қўлим билан кўз ёшларимни артган ҳолда, Мурод Шарифхўжаевнинг кабинетига қайтиб кириб, бир чеккада турган стулга оҳиста чўкдим.
Мурод ака яна ўрниларидан туриб, бояги сўзларини такрорладилар:
-Демак ўша масалани яна овозга қўяман. Ўртоқ Хушевни ўз вазифасидан озод қилинсин деганлар қўл кўтаришсин. Қаршилар. Йўқ. Бетарафлар – бир киши – Шуҳрат Ҳожимуродов. Демак қарор қабул қилинди…
Мендан кейин кўп ўтмай тошкентлик ажойиб раҳбар Шуҳрат Ҳожимуродовнинг ҳам Давлат статистика Қўмитаси раҳбарлигидан ишдан олинганини эшитдим.
Шу ўринда икки оғиз сўз Шуҳрат Ҳожимуродов ҳақида.
Тошкент шаҳрида туғилган бу ажойиб ва ўта камтарин инсон ўз вақтида  Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида Шукрилла Раҳматович Мирсаидов билан бирга ишлаган. Бундан сал олдинроқ эса, Шукрилла Мирсаидов “Давлат статистика Қўмитаси” нинг раиси бўлган. Бу лавозимдан Тошкент горисполкомига раис бўлиб ўтганида, Шуҳрат Ҳожимуродов унинг ўрнини эгаллаган…
16.
Кейин орадан бир икки ой вақт ўтиб, отам Тошкентга келиб, вазиятни билиш ва менинг кейинги тақдиримни аниқлаш учун Бош вазир ўринбосари Мурод Шарифхўжаевга учрайдилар. Мурод ака отамни яхши кутиб олади, ҳурмат иззатини жойига қўйиб, мулозамат кўрсатади. Сўнг тўғрисини айтади:
– Уруш кўрган, оқ қорани таниган, ўқитувчи одам экансиз.  Ўғлингизнинг Тошкентдаги сиёсий каръераси тугади. Энди уни қишлоққа олиб кетинг. Бирорта мактабда  ўқитувчилик қилиб, ота касбини давом эттирсин. Сизга бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмайман…
Иқтисод фанлари доктори, ўз вақтида Президентга илмий иши бўйича раҳбар  бўлган академик Мурод Шарифхўжаевнинг ҳамма гапи тўғри эди. Фақат менинг сиёсий каръерам масаласида у киши адашди. Мен яна шахсан Президентнинг амри билан “Ҳамкор” – “Деловой партнер Узбекистана” газетаси Бош муҳаррири этиб тайинланганда у киши энди қудратли Бош вазир муовини эмас, балки оддий бир Молия институтининг ректори эди, холос.
Обунага ёрдам сўраб, ҳузурига биринчи борган кунимоқ ўзи бир пайтлар юқорининг топшириғи асосида болта уришга мажбур бўлган истиқболимнининг яна порлаганини  кўриб, мен Бош муҳаррир бўлган газета обунаси учун 3 миллион сўм пул ажратишга қарор қилди.
Шу шу биз у киши билан яна олдингидай ота боладек яқин ва қадрдон бўлиб кетдик. Кейин ҳам биз кўп учрашдик. Лекин бирор маротаба мени ишдан олишган ўша коллегия йиғилиши ва Крайновнинг телефонда айтган дарғазаб сўзларини қайтиб эсламадик…
17.
Крайнов ҳақидаги фикрни якунлаб яна шуни айтмоқчиманки, ўша телефонда менга қилган қўпол муомиласидан сўнг кўп ўтмай мени Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга ҳибсга олишди.  Олти ой турмада бўлдим. Сўнг Олий суд ҳукми билан Президент амнистияси қўлланиб, озодликка чиқдим.
Ўзбекистонда амалдан урилиб, бир маротаба қамалсангиз, тамом, кейин ҳам тез тез қамалиб турасиз. Мени ҳам биринчи қамоқдан сўнг турли баҳона-ю сабаблар билан яна икки маротаба ҳибс этишди. Масалан, бир гал ГАИ га нега тўхтамадинг деб, иккинчи гал эса – машинангдан наша чиқди деб…
Менинг атрофимда бўлаётган бу тазйиқ ва таъқиб   МХХ раиси Рустам Иноятовнинг шахсий аралашувидан сўнг Президентга етказилади ва   прокурорнинг икки ойлик санкцияси берилганига қарамай, мени зудлик билан Қаршидаги тергов изоляторидаги қамоқдан озод этишади. Учинчи бор қамоқдан чиққанимнинг эртаси куни мен Президентнинг амри билан яна Бош муҳаррир этиб тайинландим.
Лекин бу галги Бош муҳаррирлик, олдинги Бош муҳаррирликдан тамомила фарқ қиларди. Энди мен Президент орбитасидан  бир қадар  узоқлаштирилган эдим…
Яна Бош муҳаррир бўлганимдан сўнг Крайнов билан бирор маротаба ҳам гаплашмадик, учрашмадик.  Мен ҳам телефон қилмадим, у ҳам мени сўрамади.
Менда – телефон қилишга асос йўқ эди. Қолаверса ғурур йўл қўймасди. У эса – яна Бош муҳаррирлик креслосини эгаллаган Исмат Хушевга энди қандай муомила қилишни билмай, хижолатда эди назаримда.
Робот одамда ҳам хижолат чекиш ва пушаймон қилиш ҳисси бўларкан-да, ажаб…
18.
Крайнов билан мен Герман Лопатин кўчасидаги СовМин ва Марказқўм уйларида қўшни яшардик.
Мен Марказқўм ходимлари учун қурилган 60- уйда, у эса ҳукумат аъзоларига тааллуқли бўлган – 18 “дом”да  истиқомат қиларди. Атрофи  баланд панжаралар билан ўралган бу уйда бир пайтлар Олий Суд раиси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси Муҳаммад Бобир Маликов ҳам Крайновга қўшни бўлиб яшаган.
Тўқсонинчи йилларнинг бошида  Крайновнинг якка-ю ягона ўғли вафот этганида, уйига таъзия борганмиз. Ўғли ТуркВО атрофидаги “Дом”ларнинг бирида яшаса ҳам, лекин унинг жасади отасининг уйидан чиқарилган эди.
Тобутни Президент хавфсизлигини ҳимоя қилувчи рота солдатлари кўтаришгани ёдимда. Тобут кўтарадиган оддий одамнинг ўзи йўқ эди. Президентдан бошқа ҳамма казо казолар ўша ерда эди.
Қўшниси – Олий таълим вазири Оқил Умрзоқович Салимов, Президент Маҳкамаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаровлар маъракага бошчилик қилишганди…

 

19.
Турли характерли тўрт подшонинг тилини ва дилини топиб ишлаш – бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган, жуда оғир ва машаққатли иш.
Биз бир подшонинг кўнглини тополмай, урилиб кетган бир пайтда Крайновга ўхшаш мулозимлардан ҳали жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз кераклигини беихтиёр англаб етади киши.
Нафақат Исмат Хушев, балки бутун бир мамалакат 25 йилдан бўён  Президентнинг кўнглини тополмай овора. Бу орада Олий раҳбариятда Крайновдан бошқа ҳамма урилиб, сурилиб кетди. Ана шундай бир пайтда Георгий Алексеевичнинг нафақат ўта мураккаб табиатли Ислом Каримов билан, балки ундан олдинги уч подшо билан ҳам тил топиб ишлаганига, урилиб кетмаганига астойдил қойил қоласан киши.
Рост-да, Ўзбекистоннинг тўрт ҳукмдори уни қуралай кўзи учун яхши кўрмаган бўлса керак.  У оғир ва инжиқ табиатли шоҳлар тилини топа билганлиги билан ҳам ҳаммамиздан бир неча поғона баланд тура олган бўлса, не ажаб!
Крайнов  –   гап ташимайди, бировга ёмонликни раво кўрмайди.
Унинг энг катта фазилати – ўзини замондошларидан, энг муҳими – саройдаги ҳамкасбларидан баланд қўймаслигида.  Сарой мулозимлари орасида катта дипломат ва ҳақиқий сиёсатчилиги билан бошқалардан ажралиб туради.
Георгий Алексеевич ким билан қачон ва қандай гаплашишни яхши билади. Вақти келганида насиҳат ҳам қилиши, койиб ҳам бериши мумкин. Лекин ҳеч қачон бировнинг бурнини қонатиб, жувонмарг бўлиб кетишига сабабчи бўлмаган, бунга йўл ҳам қўймаган.
Бугун яхшилаб ўйлаб қарасам, у билан бирга шоҳлик саройига ишга келганлардан – унинг давридаги мулозимлардан бу маҳкамада бирорта ҳам одам қолмабди.
Ҳатто Зелемхон Ҳайдаров ҳам саройга ундан кейин келган.
Лекин Крайнов ҳануз шоҳ билан бирга, Ислом Каримов салтанатининг энг ҳушёр ва фидойи қўриқчиларидан – пойдеворларидан бири…
20.
Крайнов билан Абдуқодиров – 25 йилдан бўён Каримов даврининг   таниқли сиёсий намоёндаларидир. Улар, таъбир жойиз бўлса, Президентнинг “Ўнг қўли ва чап қўли” вазифасини шараф билан адо этиб келишяпти. Шунинг учун ҳам улар, Ўзбекистон сиёсий ҳаёти тарихида, хусусан, мустақиллик тарихида давлат раҳбари билан бирга олий рўйхатнинг энг юқори поғонасида туришади.
Чунки улар ўз умрини, билим ва ҳаётини, тўплаган бор тажрибасини Президент ғояларини жамиятга тадбиқ этишга ва амалга оширишга сафарбар эта олган, шунга қаратган. Мен уларнинг табиати ҳукмдор диктаторга монанд ва ҳамоҳанг ҳолда  тез тез ўзгариб туришини – қусур эмас, балки  уларнинг хизмат вазифасидан келиб чиқадиган – каттага бўлган чексиз садоқатининг мислсиз намунаси деб биламан.
Бир сўз билан айтганда, Президентнинг дўсти – уларга дўст, душмани – душман бўлди. Мен ҳам Президент билан яхши ва дўст бўлганимда, улар ҳам дўстларим эди.  “Исмат ака!” деб илтифот қилишарди. Лекин Президентнинг қаҳрига учраб, “Қора рўйхат”га тушганимда, улар “Больше сюда не звони!” деб бир кунда тўнларини ўзгартириб олишди…
Шахсий муносабат, кўролмаслик, худбинлик ва аламзадаликдан бир оз юқорироққа кўтарилиб, бўлиб ўтган воқеаларга ижтимоий нуқтаи назардан кўз ташлаб, баҳо берадиган бўлсам, мен буни қусур санамаслигим керак. Зотан, бу уларнинг юксак мақомли хизмат вазифаси ва ваколатидан келиб чиққан қонуний ва табиий ҳол эди.
Бу қонунга улар бутун умр қатъий амал қилиб келишган.
Менга қадар ҳам, мендан кейин ҳам…
21.
Равиль Ваҳобович Абдуқодиров – Оқсаройнинг шундоққина рўпарасижа – Анҳор бўйида қад ростлаган  “Шарқ” нашриёт Матбаа концернига қарашли кўп қаватли давлат уйида истиқомат қиларди.
Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов,  Давлат матбуот қўмитаси раиси  Рустам  Шоғулумов,   Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Вячеслав Голышев, Ўзбекистон Олий Кенгаши аъзоси, ёзувчи Нурали Қобул ва  “Шарқ” нашриёти Матбаа Концерни  Бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедовлар билан қўшни  яшарди.
2000 йилларнинг бошида Равиль Ваҳобович жиддий беморлик ва жарроҳлик амалиётини  бошидан кечирди. Москвада – ичак чавоқларини операция қилдириб, сўнг анча заифлашган соғлигини тиклаш даврини  –  Тошкентдаги Чинобод санаториясининг 5-коттежида ўтказди.
Ҳолбуки, энг малакали доктор ва профессорлари бўлган ҳукуматнинг давлат стационарлари  унинг ихтиёрида эди. Лекин шоҳга яқин бўлган сарой аъёни ва ё посбонининг камтарлигини кўринг,  у ўзига ортиқча эътибор берилишини истамаган.
Соғлигига жиддий путур етганидан сўнг Равиль Ваҳобович Президент  Девонидан Вазирлар Маҳкамасига ишга ўтказилди. Девондан кетиши арафасида Равиль Ваҳобовичга Ўзбекистон Президентнинг Фармони билан ўзига хос тарзда миннатдорчилик билдирилди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Р.В. Абдуқодировни Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотлаш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 9-10-сон, 267-модда)
Давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун Равиль Ваҳобович Абдуқодиров Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 6 сентябрь,
ПФ-2711-сон
Девондаги вазифасини Равиль Абдуқодиров энди ҳукумат уйида давом эттираяпти. Лекин иш жойи  ўзгарганидан  қатъий назар, давлат раҳбарининг унга бўлган ишонч ва эътибори ўша ўша – ўзгармаган.
Равиль Ваҳобович бугун ҳам ўша – биз билган қудратли мулозим.  Ўз касбининг ҳақиқий профессионали. Буни унинг дўстлари тугул, душманлари ҳам  билишади ва тан олишади.
Олдин ҳам шундай бўлган, бугун ҳам шундай ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади…
22.
Бошқа томондан олиб қараганда, Президент ўта шафқатсиз диктатор бўлса ҳам,  аслида омадли одам экан.
Шундай ноёб ёрдамчиларга муносиб ҳолда, мана 25 йилдирки, Ислом Каримов ҳануз тахтда. Чорак аср давомида унинг шоҳлик курсиси, салтанат пойдевори бирор  маротаба ҳам жиддий қимирлаганини эслолмаймиз.
Ислом акага ҳамманинг қуллуқ қилиб, итоат этиб юришининг энг муҳим ва асосий сабаби ҳам – Оқсаройнинг темир давоза ва пойдеворлари мустаҳкам турганлигидадир.  Ўтган даврларда ҳам доим мустаҳкам турди.  Уни бирор маротаба ҳам силкитиш ва ё тебратиш  ҳеч кимга насиб этмади.
Бу қўрқув ва қатағон салтанатининг мустаҳкам туришида – Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Президент Хавфсизлик Хизмати билан бир қаторда Президент девонидаги биз юқорида ҳикоя қилган икки қудратли шахс – Крайнов ва Абдуқодировларнинг ҳам ҳисса ва хизмати ниҳоятда беқиёсдир…
 
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
3-6 июнь, 2012 йил, Торонто шаҳри, Канада
Крайнов Шароф ака билан
Суратда: Ўзбекистон Президентининг Бош ёрдамчиси Георгий Крайнов таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев билан
(Сурат бугун матбуотда биринчи маротаба эълон қилинмоқда)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*