Menu
Categories
Исмат Хушев: Мирзо Кенжабек бетакрор шоир ва моҳир мутаржим
12/24/2018 Адабиёт

 Исмат Хушев: Мирзо Кенжабек бетакрор шоир ва моҳир мутаржим, ислом дунёсининг етук ва билимдон олимидир…

“Дунё ўзбеклари”дан:
1.
Мирзо Кенжабек саксонинчи йилларда ўзбек адабиётига шиддат билан кириб келган оташнафас шоир эди.
Мен Мирзо билан Тошкент Давлат Дорилфунунининг журналистика факультетида бир даврда ўқиш бахтига муяссар бўлганман.
Мирзо Кенжабек ўз юртдоши Сирожиддин Саййид билан курсдош эди.
Унинг студентлик йилларида ёзган: “Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар!” номли шеъри бутун журфак талабаларининг муҳаббат симфониясига айланиб улгурган эди…
2.
ТАЛАБАЛИК КУНЛАРИ…
Бир кун кулиб қилдилар имо,
Курсдош қизлар – ҳуснобод қизлар:
Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо,
Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар“.
У кунларда… Ҳув йироқлардан,
Яшил-зангор нафас келарди.
Садаларнинг бутоқларидан,
Инқилобий бир сас келарди.
Савр эди, ҳаво – намзада,
Кулги истаб турмас эдик тинч.
Тинмас эди тунлар Ҳамза“да,
Келинларнинг қўзғолони ҳеч.
Соқолларни қирганча чала,
Кундуз шошиб, андак оғриниб,
Тинглар эдик, топиб ҳафсала,
Доцентларнинг сабоқларини.
Ётоқхона орти – бозорча,
Қоп-қоп майиз, олмаю ёнғоқ…
Вақти келар бизга… Ҳозирча,
Пиёз беринг, холажон, бир боғ“.
У кунларда… Қобуллик толиб
Қодир бир кун келди ётоққа,
Ватанида инқилоб бўлиб,
Афғон эли қалқмиш ёққа.
У куларди… Қарардим ҳайрон,
Кўзидаги йилтироқ ёшга:
Қувонч десам, йиғига ўхшар,
Йиғи десам, ўхшар қувончга…
Сўнг шеър ўқиб ҳайқирдик чунон,
Бедардларга бўлсак ҳам кулги.
Сенда ҳамма – шоир, онажон,
Ўзбекистон, шеърият мулки!
Ғиштин бино – бағрига босган,
Барча айбу гуноҳларимни.
Туриб-туриб кўнглим қўмсайди,
Талабалик ётоқларини.
Мана, адл садалар… Жавзо…
Япроқларда титрайди сўзлар:
Бу кунларни шеър қилинг, Мирзо,
Қўшиқ қилиб айтайлик бизлар“.
У кунларда, дайдиб, гувраниб,
Қайда эдинг, мажнун овозим?!
Ўшал учқур-учқур кунларнинг,
Шиддатида қолди қасосим!
У кунлардан камёб омадим,
Кўз остида қолдирди излар.
У кунларни шеър қилолмадим,
Қўшиқ қилиб айтмади қизлар…
3.
Мирзо Кенжабек 1956 йилнинг 20 февралида Сурхондарё  вилоятининг Сариосиё  туманидаги  Меҳнат қишлоғида туғилган.
1963-73 йилларда ўрта мактабни битириб, 1974-79  йилларда Тошкент  Давлат  университетининг  журналистика  факултетида  таҳсил олган.
1998-2001 йилларда эса Имом  ал-Бухорий  номидаги  Тошкент  Олий  Ислом  институтини  тугаллаган.
Мирзо Кенжабекнинг  биринчи  шеърий  тўплами  1982 йилда “Адашган  мактубларим” номи  билан  нашр  этилди.
Шундан кейин шоирнинг  “Қуёшга қараган уй” (1983), “Муножот” (1986),  “Шарқ  тили” (1988), “Баҳорим  еллари” (1991) каби  шеърий  китоблари  ва  қатор  публисистик  мақолалари  нашр этилди  ва китобхонлар  томонидан  илиқ  қарши олинди.
Шоирнинг  “Дилдошлик”, “Тил  эрки- эл  эрки”, “Халқ  номидан  ёлғон  сўзламанг” , “Юрагимда  оёқ  изи  бор”, “Фитна санъати”  каби публисистик  мақолаларида  ҳам  ана  шу  озодлик  ғояси  балқиб  туради.
Мирзо Кенжабек  форс-тожик  мумтоз  адабиётининг  зариф  адиблари  Ҳофиз  Шерозий  ва  Шайх Саъдий  Шерозий  ғазалиётидан  намуналарни, Николас  Гилен (Куба), Геворг  Емин (Арманистон) , Якуб Колас (Белоруссия), Шерали  Лойиқ (Тожикистон), Ўлжас Сулаймон (Қозоғистон)  каби  шоирларнинг  туркум шеърларини  таржима  қилиб, китобхонларга  тақдим этди.
Нақшбандия  тариқатининг  муршиди  комили, профессор  Маҳмуд  Асъад  Жўшоннинг  “Ҳақиқий  севги” (1998), Усмонийлар даври  олимларидан  Қутбиддин  Изникийнинг  “Муршиди  мутааҳҳилин” (“Ёш  келин-куёвларга  маслаҳатнома” 1999), китоблари ҳам Мирзо Kенжабек  таржимасида  нашр  этилди.
Истиқлол  йилларида  шоирнинг  “Ватан , кўзлардасен, қароқлардасен” , “Ўзингда нур  бўлса, нурни  кўргайсан” каби туркум  шеърлари, “Асл  Ватан  қайғуси” , “Навоий  назмида  ҳадис  ва ҳикмат” , “Поклик  иштиёқи”  каби  бир  қанча  маърифий  мақолалари  эълон қилинди.
У Пушкиннинг  “Евгений  Онегин” шеърий  романини  9 ҳижоли  бармоқда  ўзбек  тилига  ўгирган. Мирзо  Кенжабекнинг  “Сайланма” шеърий  китоби, “Қафасдаги  озодлик” (“Ёзувчи  Шуҳратнинг  ҳибсдаги  ҳаёти”) асари  нашр  этилиш  арафасида.
Мирвалиев С. Ўзбек адиблари .-Т., 2007
4.
Мен – дин ва ислом қадриятлари билимдони эмасман.
Юқоридаги мақолада саводсизларча кўтарилган тушунарсиз ва мавҳум масалаларга ойдинлик киритиш салоҳиятига эга бўлмаслигим мумкин.
Лекин тариқат илмидан бахс юритувчи бир қатор диний адабиётлар, хусусан, Муҳаммад Сиддиқ Рушдийнинг “Тазкират ул – авлиёи туркий”, Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ал-авлиё” асарларининг маҳорат билан ўзбекчага ўгирилиши, бошқа қатор диний – дунёвий илм ва маърифат намоёндалар, ислом уламолари қаламига мансуб  бўлган бебаҳо хазина ва тилсимларнинг ўзбек халқига етказилишида Мирзо Кенжабекнинг беқиёс хизмати борлигини яхши биламан.
Таъбир жойиз бўлса, айтиш лозимки, Мирзо Кенжабекнинг диний адабиёт равнақи учун қилган хизматлари, муборак Ҳадислар таржимаси  – Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовнинг “Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) муборак васиятлари” каби муқаддас китоблари қаторида ислом олами ва қадриятлари мухлисларининг чинакам меҳру муҳаббатига сазовор бўлган…
5.
Мирзо бугун ислом оламида, тариқат фани ва олимлар дунёсида жуда машҳур бўлиб кетди.
Унинг салоҳияти ва обрў-эътиборини кўролмайдиган ғаламислар уюштирган бўлиши мумкин юқоридаги мақолани. Биз имло хатоларга тўла ва ўта саводсизларча ёзилган бу иғво мақолани атай таҳрирсиз – қандай бўлса, шундайлигича эълон қилдик.
Мақсадимиз, ўз илми ва бетакрор истеъдодини халқимизнинг диний билими ва савиясини ошириш, уларни тасаввуф дунёси билан таништиришдек хайрли ишларга сарфлаётган улуғ алломани турли иғво ва тўҳматлардан ҳимоя қилиш.
Аввал «Тасаввуф ҳақида тасаввур», сўнгра «Ҳадис ва ҳаёт»  сирлари билан сирлашиб, сўнг бу тилсимот ва сирларни ўз халқига улашишни орзу қилган илм ва ислом билимдони Мирзо Кенжабек ўз мухлислари қалбида бетакрор шоир ва беназир инсон сифатида, ислом дунёсининг билимдон олими ва уламоси сифатида алоҳида меҳр ва муҳаббатга сазовордир…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
25 май, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…
"1" Comment
  1. 80 yillarning ohirlaridagi Vatan ichidagi muammolarni tashabbuslar bilan kotarib chikkan mardlardan buri – Mirza Kenjabekdur … Amerikadan eski moholifatchi va invalid Fazliddin Yokub .

Leave a Reply to Fazliddin Yokub
*