Menu
Categories
Учизакларга Мирзиёев исмини қўймаганлар ҳукуматдан ёрдам ололмайдими?
01/11/2019 Бош мақола
Ўзбекистон: Учизакларга Мирзиёев исмини қўймаганлар ҳукуматдан ёрдам ололмайдими?
  • 25 Декабр 2018
учизакФото муаллифлик ҳуқуқиDARYO.UZImage captionЧақалоқларига Мирзиёевнинг исмини қўйган Руслан Қорёғдиев Президентдан машина олди
Тошкентда туғилган учизакка Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган ота-она Президентдан Сobalt машинаси олди. Андижонда туғилган учизаклар Иззатбек, Исломбек, Имронбекларнинг онаси қонунан ҳаққи бўлган ёрдам пулини ҳам ололмаяпти.
Тошкент шаҳрида туғилган учизак Шавкат, Миромон ва Мирзиёнинг ота-онасига Президент совғаси – Cobalt автомашинаси совға қилинди, дея хабар қилади daryo.uz сайти.
Шунингдек, оилага Президент совғаси сифатида коляска ва турли совға саломлар етказилган.
18 декабрда Тошкентда туғилган чақалоқларнинг ота-онаси эгизакларга Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйган эди.
Хабарда янги туғилган чақалоқларнинг ота-онасига совға қилинган янги машина кимнинг ҳисобидан олингани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Kun.uz нинг ёзишича, Андижон вилояти Булоқбоши тумани яшовчи Хидировлар оиласида 14 июнь куни бир вақтда дунёга келган уч чақалоқ – Иззатбек, Исломбек, Имронбекларнинг оиласидаги шароит ҳавас қилгудек эмас.
“Онанинг уч чақалоққа кўкрак сути етмайди. Ҳар куни озуқа сотиб олиш керак. Таглик, дори-дармон дегандек”, деб ёзади нашр.
Учизагига Президент исмини бермаган Диёрахон Хидирова ёрдам пулини ҳам ололмаганФото муаллифлик ҳуқуқиKUN.UZImage captionУчизагига Президент исмини бермаган Диёрахон Хидирова ёрдам пулини ҳам ололмаган
Kun.uzнинг ёзишича, Бувайда туман ҳокимлиги туғилиши халқ орасида шов-шув бўлган уч полвонга аравачалар ва 2 ёшгача бўлган нафақа пули берилишини айтади. Лекин ваъдалар ваъдалигича қолиб кетади.
“Ҳатто, икки ёшгача бўлган болалар учун бериладиган нафақани ҳам бермадилар”, дейилади хабарда.
“Ҳеч ким дардимизни эшитишни ҳам хоҳламаётганидан ўкиниб кетяпман. Қайнонамнинг уйида яшаш учун шароит йўқлиги, болалар учун уй ҳажми торлиги учун шу кунгача ўз ота эшигимдаман. Турмуш ўртоғимнинг кўмагидан ташқари акам ва дадамнинг моддий таъминотига муҳтож бўляпман”, – дейди чақалоқларнинг онаси Диёрахон Хидирова.
Бундан олдин Хоразм ва Бухоро вилоятларида туғилган учизакларга Президент Шавкат Мирзиёев шарафига исмлар қўйилган эди.
Бироқ бу учизакларнинг Президентдан совға олганлиги матбуотга маълум эмас.
Хоразмда туғилган чақалоқларнинг бобоси уларга ҳокимият томонидан ҳеч ким ёрдам бермаганини айтган эди.
Президент ўз шарафига исм қўяётган ота-онага машина совға қилиши илк маротаба учрамоқда.
Олдин Ўзбекистонда марҳум Президент Ислом Каримов шарафига исм қўйиш урф бўлган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Leave a Reply
*