Menu
Categories
Абдулла Орипов: Она бўлақолгил менга, табиат…
12/29/2018 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

ТАБИАТ

Узоқларда қолди туғилган уйим,
Ажиб болалигим қолди узокда.
Қолди ҳаммомпишга кўмилган уйим.
Қолди сингилларим бари йирокда.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Ўша йилларимнинг оташ сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман гоҳи гоҳи дам
Мунис сингилларим маъюс меҳрини.
Шундай пайтда ўзинг айлагил шафқат,
Сингил бўла қолгил менга, табиат.

Аклим танидиму қошимда шу кун,
Жасур акаларим сафини кўрдим.
Уларнинг бари ҳам ботир ва дуркун,
Мен улар сафига шеър билан кирдим.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Ўша давраларнинг оташ сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман гоҳи гоҳи дам
Жасур акаларим ажиб меҳрини.
Шундай пайтда ўзинг айлагил шафқат,
Ака бўла қолгил менга, табиат.

Ўтган кунларимга боқиб мунтазир,
Соғинчдан ёнади ёнган бу жоним,
Афсуски, ёнимда эмассиз ҳозир,
Донишманд устозим-сиз, отажоним.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Ҳикматли сўзларнинг оташ сеҳрини,
Қумсаб талпинаман гоҳи-гоҳи дам,
Донишманд отамнинг шафқат, меҳрини.
Шундай пайтда узинг айлагил шафқат,
Ота бўла қолгил менга, табиат.

Мен азиз онамни тупроққа қўйдим,
Ҳали тинган эмас кўздаги ёшим.
Олис кечалари ҳижронда куйдим.
Энди қай сийнага қўяман бошим.
Энди мен эслайман кузларимда нам,
Она деган сўзнинг қайтмас сеҳрини.
Қумсаб талпинаман ҳар зум, ҳар қадам
Онам оғушини, онам меҳрини.
Шундай пайт ҳам ўзинг айлагил шафқат,
Она бўла қолгил менга, табиат.

Leave a Reply
*