Menu
Categories
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга
01/02/2019 Бош мақола
Исматжон!
Ўтрор тарихи  ҳақидаги мақоламга Канишканинг олтин динорини суратини ҳам қўйганингизни кўриб ҳаяжонланиб кетдим.
Президентимиз яқинда депутатлар билан бўлган учрашувдаги нутқларида ҳам Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиш, археология соҳасини  тубдан ривожлантириш ҳақида куйиниб гапирдилар.
Сиздан  яна бир марта Кушонлар тарихи мавзусини  кўтариб чиқишингизни илтимос қиламан.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга
Мозийдан келган меҳмон ёки   Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очувчи топилма – Кушон шоҳаншоҳи Канишканинг олтин динорининг аянчли қисмати  ҳақида  мурожаатнома.                                             
 Самарқанд вилояти, Каттақурғон т. Пайшанба шаҳарчаси, С. Пулатова кўча, 4 уйда яшовчи Қурбонов Собир онаси яшаб турган ҳовлидаги ўтган асрнинг ўрталарида қурилган, хароба кулбани бузишда қадимий олтин танга топиб олибди.
2010 йил  сентябрнинг ўрталарида мен туғилиб ўсган юртим бўлган Пайшанбага борган эдим. Бир вақтлар ўқувчилар ижодиёти уйида мендан араб ёзувини ўрганган Собир Қурбонов мени сўроқлаб келди  ва ўз топилмаси  ҳақида айтиб берди.
 Гоҳида Пайшанбада қадимий  топилмалар топилгани ҳақидаги миш-мишлар   юрарди.
Мен Собир топган бу олтин динор юртимиз  худудида яшаб ўтган қадимги аждодларимиздан, бизгача етиб келган ноёб ёдгорлик халқимизнинг маданий бойлиги эканлигини Собирга тушунтирдим ва  жонажон Ўзбекистонимиз тарихида янги саҳифа очувчи бу топилмани  нопок қўлларга тушиб қолмаслиги учун  тезда нуфузли идоралар орқали ҳукуматимизга, топшириши кераклигини маслаҳат бердим. У бунга  рози бўлди. 
Биз Ўзбекистоннинг биринчи Президенти И.А.Каримов номига “хушхабар мурожаатнома” ёзиб девонга бордик. Хатимизни Х. Султонов хизмати ходими Бўрибоев қабул қилиб олди.
27. 10. 2010 йилда бу олтин динор ЎзР ФАнинг  Яҳё. Ғуломов номидаги  Самарқанд археология институти  директори А.Э.Бердимуродов  раҳбарлигида бир гуруҳ олимлар ҳайъати ( МХХ ходими гувоҳлигида ) томонидан жуда катта қизиқиш билан қабул қилиб олинди. Шу институтининг етук мутахассиси К.А. Абдуллаев  уни Кушонлар подшоси Канишка 1 га тегишли эканлиги  аниқланди. Бу ноёб олтин динорни қабул қилиб олганликлари ҳақида Собирнинг қўлига баённома ёзиб беришди.
 Қурбонов Собир  ўз виждони олдидаги ватанпарварлик бурчини  бажарди.  Энди у давлат қонунида кўрсатилганидек ўзига тегишли мукофот пулини олиши керак эди. Танганинг тарихий қийматини аниқлаш учун   албатта  қўшимча, экспертиза ўтказиш керак бўлди.
   ЎзР ФАнинг бир гуруҳ олимлари ушбу танга юзасидан олиб борган тадқиқотлари ҳақида ўзларининг хулосаларини маълум қилишди..
    Шарқшунослик институтининг иқтидорли ёш олимлари Ғайбулла Бобоёров ва Андрей Викторович  Кубатин (ўзбек тилини мукаммал биладиган рус йигити): “Кушонларнинг олтин динорлари  жуда саноқли эканлигини ҳисобга олганда, унинг Самарқанд вилояти ҳудудида топилиши катта  илмий аҳамиятга эга бўлган кашфиётдир. Гарчи, Ўзбекистон ҳудудида Кушонларга тегишли тангалар саноқли топилган бўлсада, (масалан Ўз. Мил.Банк коллекциясидаги Хувишканинг олтин динори.)  бизнинг билишимизча, республикамизда ушбу  нусхадаги танга борлиги  маълум эмас.” … “Кушон салтанати Ўзбекистонимизнинг давлатчилик тарихида  ва ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихида муҳим аҳамияти эга”. 
 Ғарб тадқиқотчилари, (шу жумладан Ўзбекистон археологларининг “отахони” ҳисобланган Э.В.Ртвеладзе фарази бўйича ҳам)  Кушон давлати аҳолисининг асосий таркиби (Тоҳаристон) эрон тилида сўзлашувчилар бўлган,  деган назарияга қарши  бу икки ёш олим, “кушонлар турк тилида сўзлашувчи халқлар бўлган, подшоҳлари ҳам турк бўлган (“Хиндистон”. Беруний), яъни ўзбек халқининг этногенизини ташкил этган аждодларимиз азалдан шу заминда яшаб келганлар”, деган 6 банддан иборат илмий  далилларни баён этганлар.
 Биринчи Президентимиз тарихчи олимлар билан бўлган сўҳбатда  “ўзбек халқининг келиб чиқиш илдизларини  Олтойдан эмас, шу она заминимиздан қидиринглар”,- деган эдилар.   ЎзФА Саньатшунослик институти директори Ш.Р..Пидаев имзолаган хатда “Кушоншоҳларнинг олтин тангалари Ўрта Осиё  республикалари ҳудудларида саноқли топилган… Шунинг учун Ўзбекистонда кушоншоҳ Канишка 1 олтин тангасини топилиши илмий жиҳатдан муҳим мазмун касб этади “, дебди. 
   Кушонлар шоҳаншоҳи Канишканинг олтин динори Каттақўрғон тумани маркази бўлган Пайшанбага қандай тушиб қолган?!
Ўзбекистон энциклопедиясида (Ўз.Мил.Энцик. 5 т. 159 – 160 б.)  …Хитой солномачилари томонидан қайд этилган манбаларга кўра академик Бартольд В.В ва академик Карим Шониёзовнинг аниқлашича “… Кушония ўлкасининг маркази ҳозирги Самарқанд вилояти, Каттақурғон  шаҳри яқинида, Нами (Зарафшон) дарёсидан бир неча км жануброқда жойлашган деб кўрсатилган. У Сўғднинг энг  обод шаҳарларидан бири ва Самарқанд юксалгунча қадар Зарафшон воҳасининг маданий маркази бўлган. …Кушония ҳокимининг тахти олтиндан ясалган, унинг саройи деворларига Ўрта Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва Рим ҳукмдорларининг суратлари чизиб қўйилган..”. дейилган экан. Шарқшунослик институти илмий ходими, Хитой манбаъашуноси, тарих фанлар доктори Аблат Ходжаев бу манзилни “Сукэк шаҳри  Бухоро билан Самарқанд ўртасидаги Пайшанбе ҳудудида жойлашган” ,- деб янада аниқ  кўрсатган.  Ўтган асрнинг ўрталарида Пугаченкова томонидан икки дарё оралиғи бўлган Миёнқолда, хусусан Каттақурғон тумани ҳудудида, Чуянчи қишлоғи яқинидаги тепаликда ва Пайшанбанинг  Қапсоқ ота, Кошон ота тепаликларида  археололгик  қидирув қазилма ишлари олиб борилган. Аммо   аҳамиятга молик топилмалар топилгани ҳақида маълумотлар  йўқ эди. Кутилмаганда ана шундай  далил ашё топилди.  Биз бу ноёб тангани Пайшанба шаҳарчасидан топилиши  академик Бартольд ва академик Шониёзовларнинг илмий тадқиқотларини тасдиқловчи  мўҳим бир  ашёвий далил эканлигидан бениҳоят хурсанд бўлдик. 
    Аммо, хурсандчилигимиз кўп узоққа бормади.  Ўзбекистон тарихи давлат музейи директор ўринбосари Арипджанов имзолаган хатда:   “фотосуратига қараганда бу олтин танга асл бўлиб, кушонлар подшоҳи Канишка 1га тегишли. Дарҳақиқат,  ҳозирги  Ўзбекистоннинг жанубий қисмида ва Тожикистонда топилган бундай тангалар жуда кам, Самарқанд вилоятида эса умуман қайд этилмаган. Шу сабабли у катта илмий аҳамиятга эга”, дебди-да хатнинг охирида, “бундай тангалар ғарбий Европа аукцион бозорида 300-450 доллардан зиёд турмайди.”,- деб баҳолабди. Арипджановнинг  2 минг йиллик тарихга эга бўлган бу ноёб , асл олтин тангани  тиш духтирлари савиясида  паст нархда баҳолаши  бизларда турли  шубҳаларни уйғотди.   Чунки қиймати паст нарсани қадри ҳам паст бўлади
Буюк Алишер Навоий бобомиз   ”Маҳбуб ул- Қулуб” асарларида (қаранг): 3 қисм,53 танбеҳ мақоласида худди Арипджанов ва унинг устози Эд. Ртвеладзега қарати6 атайлаб айтгандек:
 “Қайси нарса оз бўлса, унинг қиймати баланд бўлади. Уни асрашда ҳам қийматига яраша аҳамият берилади. Қиймати ознинг- ҳурмати ҳам оздир,” деб танбеҳ берган эканлар.
Бизларда кимдир  ( раҳбар, ходим ўзгарганда, бинони таъмирлашда, бир жойдан  бошқа жойга кўчганда ва ҳакозо…) баҳонасида бу тангани “тасодифан йўқотиб қўйиб” ўрнига етказилган зарарни  тўлаб  жазодан қутулиши  ва уни  чет элларга чиқариб юбориши мумкин, деган шубҳа уйғонди. Ўз норозилигимизни кўрсатиб Президент девонига қайта ариза ёздик.
Кўп ўтмай Арипджановнинг  устози, Сенатор (собиқ), Академик Э.В.Ртвеладзе  ва  олим Горин деган кимса ЎзР ФАга ёзган жавоб хатида “Ушбу тангани нега бунчалик паст баҳолашибди” деган хақли саволга жавоб бериш ўрнига  бизларни,  “Арипджановга ишончсизлик билдириб уни  ҳақоратлагансизлар ва тўҳмат қилгансизлар” деб жиноят кодексининг бир талай моддалари билан,  хатто ашаддий рецивидистларга қўйиладиган бандларини ҳам номма- ном  кўрсатиб,  қўрқитишибди. Кейин улар: “ Агар бу тангани  асл нусха деб фараз – тахмин  қилганимизда ҳам ( если предоложить) унинг  сира  ноёблиги йўқ, бундан тангаларни дунёда борлиги  маълум ” деб   ғаразгўйлик билан жонажон юртимиз тарихида янги саҳифа очувчи  бу ноёб кушон динорини камситишга урининибди. Лекин ноилождан: “ Кушон империяси таркибига кирган Амударёнинг шимолидаги ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида бундай олтин танга топилмалари дарҳақиқат саноқли. Аммо , бу  факат  ушбу танганинг катта илмий ва тарихий аҳамиятга эга эканлигини билдиради, холос.”, дебди хушламасдан.
Асл русча матни (кўчирма) “К северу от р. Амударьи, на территории современных Узбекистана и Таджикистана, также входивших в состав кушанского царства находки золотых монет действительно редки. Однако этот факт свидетельствует лищь об большой научной и исторической ценности данной монеты”.
   Бизнинг назаримизда ўз Ватанининг тарихини жондан севган ҳалол ва беғараз олимлар бундай  танганинг топилишидан  бениҳоят севиниши керак эди. Чунки, Пайшанбада топилган бу тангага  ўхшаш  нусха нафақат Ўзбекистон, балки, интернет сайтларида намоиш этилаётган жаҳон музейларидаги Кушонлар салтанатига оид   тангалар коллекциясида ҳам  йўқ!!!
 Агар бундай топилма Россия, Қозоғистон, Туркманистон ёки Грузияда топилганида борми, улар бутун оламга жар солишарди. ”Қаранглар бизнинг аждодларимиз кимлар бўлган”, деб. Бунинг ўрнига бизнинг  Ртвеладзе эса тўлдирилган тўрт бетлик хатнинг охирида худди қаллобларни фош этаётгандек (кўчирма): “сизлар тангани давлатга топшириб бўлгансизлар, энди унга ҳақ талаб қилиш абсурд (бемаънилик), сенлар давлатнинг тарихини ўрганишга ўз ҳиссаларингиз қўшмоқчимисизлар ёки танга ҳисобига бойимоқчимисизлар? (кўчирма тамом)- деб маломат ҳам қилибди. Виждонли одамнинг гапими бу? Бундан ҳам ажабланарлиси, у бизларда “Ўзбекистон давлати фақат тортиб олувчи” , деган фикр уйғотиш мақсадида,  ЎзР Фуқаролик кодексининг “196 ва 214 моддаларининг “топилган хазина давлат таасурифига топширилиши керак” деган қисмини эринмасдан сўзма-сўз кўчирибди-ю, ҳатто тоталитар СССР тузумида ваъда қилинган 25 фоиз ўрнига  мустақил Ўзбекистон ҳукумати  50 фоизга кўтарган  мукофотлаш ҳақидаги қисмини айтайлаб лом мим демасдан ташлаб кетибди.
 Уларнинг бу шум  қилиғини кўриб ҳар қандай одамда шубҳа-гумон уйғониши табиий!
Ахир Собир Қурбонов виждон амри билан тангани давлатга топширди. Мукофотлаш эса давлат қонуни билан белгиланган-ку.  Шунинг учун биз  Ртвеладзе  ва Горинга ишончсизлик билдириб  юқори идоралардан Канишка 1 нинг олтин тангасининг ҳақиқий баҳосини  ( аслида у бебеҳо, лекин  суғурта қиймати бўлиши керак) аниқлашда етук, холис мутахассисларни жалб этишларини сўраб яна қайта  илтимос   қилдик.. 
  Узоқ ёзишмалардан кейин Қурбонов Собир  Самарқанд Давлат музей- қўриқхонаси маъмуриятининг 11 май 2011 йилда  йўллаган “ Кушонлар даврига мансуб бўлган олтин тангани топширгани учун унга 500.000 минг сўм (бир қўзичоқ нархи) миқдорда пул мукофоти белгилангани айтилган хат олди. Бу хатни биз, Қурбонов Собирни эмас, балки инсоният тамаддуни тарихида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ўзбек халқининг тарихига, Исо Масиҳ замонасига бориб тақаладиган, ислом дини асосчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллудидан 500 йил илгари, буюк бобомиз амир Темурдан 13 аср ( бир минг уч юз йил) илгари олис мозийда яшаган аждодларимиздан  бизнинг замонгача нафис ҳолда етиб келган бу ноёб ашёвий- далилга тупуриш, унинг  илмий аҳамиятини  ҳақоратлаш деб тушундик.
  Ахир санъат оламида атиги 50 йил илгари яратилган буюмлар антиквар ҳисобланади-ку!!! Ахир бу нарх – бу тиш духтирининг тилла оғирлигига қараб белгилайдиган нархидан ҳам паст-ку!!!. Тошкент марказидаги Сайилгоҳ – Бродвейда сотилаётган халтурачи рассомларнинг хитойнинг дағал  сурпига  ишлаган 1 м.кв. халтура картинаси   ҳам  бир миллион сўмдан қимммат туради-ку.!!!
   Кушонлар сулоласига тегишли тангаларнинг асл нусхаси Британия музейида 7 дона, Россиянинг Эрмитажида 1 дона, Ўзбекистон Миллий Банки коллекциясида Канишканинг  невараси -Хувишканинг  бир дона олтин тангаси сақланади, холос. Ўз.Мил.Банки бу тангани қанчага баҳолангани ҳақида менда маълумот йўқ. Ишончли кишиларнинг айтишларича Хувишка тангасини  сотиб олувчи банкнинг  нархловчи эксперти Ртвеладзе бўлган экан.
Биз, Вазирлар Маҳкамасига мурожаат этиб мутасадди  идоралардан,  бу ноёб топилманинг  бадиий, тарихий, илмий ва суғурта   қиймматини аниқлашда, ўз юрти тарихини севадиган, етарли илмга эга бўлган холис мутахассисларни жалб этишларини ўтиниб сўрадик.
Ниҳоят, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2011 йил 15 октябрда республикамизнинг “етук мутахассислари” томонидан ўтказилган экспертиза хулосасини ҳам қўлимизга олдик. Бу экспертиза хулосасида мазкур  танганинг ҳақиқий эканлиги, унинг ўлчовлари ва шу пайтгача фанга маълум  бўлган 200 га яқин кушон тангалари орасида ўзига хослиги билан ажралиб туриши ҳақида қайд этилган ва “шуни алоҳида таъкидлаш керакки Ўзбекистон музейларининг бирортасида бундай ноёб топилма йўқ”, дейилган эди. Шунингдек комиссия ҳайъати танга қийматини 1 миллион 924 333,2 сўмдан 2 миллион 280 473 сўмгача туради   деб баҳолашибди ва қонунга кўра, 1 миллон 140 минг сўмни Собирга мукофот пули (ўша пайтда иккита қўчичоқнинг пули) сифатида келиб олишини билдиришибди.
Собир эса “ мен шу пулдан ҳам кечдим, сенларга худо бас келсин” деб  хафа бўлди.  Ўшандан бери Собир Қурбонов мени билан гаплашмайди.
Яқинда мен Пайшанбага борганимда уни Россияда мардикорлик қилиб юрибди, дейишди.
2013 йилда мен Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей- қўриқхонасига кирдим. Бирорта бурчакда Пайшанбадан топилган танга ҳақида хабар, маълумот ёки унинг фотосуратини қидириб топаолмадим. Бу ҳақда ходимлардан сўрасам, бизларнинг ҳам хабаримиз йўқ, балки фонддами, архивдами турган бўлса керак, дейишди. Зеро Ўзбекистон давлат тарихи музейларида   буюк шоҳаншоҳ – Канишка 1 олий ҳазратларининг салобатли портрети тушилган олтин динорнинг каттта қилиб ишланган рангли фото суратини осиб қўйиш керак эди. Кейинги пайтларда мен  Канишканинг олтин динорининг аянчли қисматини ўйлаб  яна турли шубҳа гумонларга бордим. У ҳозир қаерда экан.?!
   Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва маърифати  масалаларини назорат қилувчи   Хайриддин Султонов бу ноёб танга тақдири билан қизиқмаганга ўхшайди. Бу топилманинг ноёблиги экспертиза хулосаси билан тасдиқлангандан кейин ҳам  бу ҳақда Президент И.А. Каримовга,  ҳозирги пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ҳам айтмаган. Холбуки, бу ноёб танга Ўзбекистонимизнинг чет элларда ўтказиладиган нуфузли  кўргазмаларида  намоиш этилса   юртимиз обрўсига обрў қўшиларди, тарихимизга қизиқиш  янада ортарди.. .
 Тангалар  тарихдан гувоҳлик беради. Сир асрорларга тўла Кушон империяси тарихи буйича Англия, Ҳиндистон, Франция. АҚШ, Италия, Венгрия, Тожикистон, Афғонистон, Россия, Япония, Покистон сингари.мамлакатларидаги олимлар чуқур илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда. ЮНЕСКОнинг дастуридан ўрин олган. 1913 ва 1960 йилда Лондонда, 1968 йилда Душанбада, 1970 йилда Кобулда Марказий  Осиё тарихи , археологияси ва маданиятини тадқиқот қилиш  бўйича халқаро симпозиумлар ўтказилган.  
Пайшанба халқи Қурбонов  Собирнинг  бу тантилигини   Давлат қандай мукофатлар экан , деб  кутишмоқда.
  Умид қиламанки,  ушбу мақолани ўқиган Ўзбекистон тарихига бефарқ бўлмаган бирорта  виждонли инсон узоқ мозийдан келган меҳмон –  ноёб топилма – Канишканинг олтин динори ҳақида Юртимизнинг ҳозирги Президенти Шавкат Мирзиеёвга хабар беради.  Президентимиз уни суриштириб топтиради ва  албатта “бу мард йигит Қурбонов Собирни муносиб равишда  рози қилинглар”, деб кўрсатма берадилар деб  ишонаман. Тангадаги шоҳаншоҳ Канишка ва Моҳ- Митранинг ноёб суратлар эса Ўзбекистонни дунёга танитадиган  энг нуфузли бренд- белгилардан бирига айланади. Келажакда  Пайшанба шаҳарчасида археологик экспедициялар уюштириш, чуқур тадқиқотлар олиб бориш масаласи эса олимларнинг вазифаси.
Қобилов Мирёқуб,
Журналист.
Тошкент ш. Олмазор тумани, З. Бобохон кўча, 13 а уй, 3 корп. 7 хонадонда яшовчи ватандош   
 Тел. (90) 936-99-47 . 
miryakub@lisn.ru
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*