Menu
Categories
Исмат Хушев: Осиёнинг буюк раҳбари ўз Ватанида мададга зорми? Нега?!! (1)
01/03/2019 Муҳаррир минбари
 Исмат Хушев: Президент маърўзасини тинглаб
ОСИЁНИНГ БУЮК РАҲБАРИ, НАЗАРИМДА, ЎЗ ВАТАНИДА ЁРДАМГА МУҲТОЖ КЎРИНАДИ, НЕГА?
Мурожаатдан мурожаатгача ўтган йўл етарлича таҳлил қилиндими? Ким қайси соҳани барбод қилгани айтилдими?
Товуқларнинг ўлгани, қуёнларнинг қирилгани, лимонларнинг иригани, қалампирнинг чиригани ҳам рост. Президент ғоялари ҳокимлар томонидан нега саботаж қилинди, нега амалда қўллаб қувватланмади?
Давлат тадбиркорлар билан қачон соғлом рақобат йўлига ўтади?
Гулдурос қарсаклар ҳар доимо ҳам адолат тарозиси бўла оладими?
27 йил бир жойда депсинишнинг боиси нимада эди? Қарсаклар, қарсаклар, қасаклар, ортидан келмасми афсуслар, афсуслар, афсуслар…
Ўзбекистоннинг машҳур публицистлари нега залда кўринмади? Масалан – Шароф Убайдуллаев! Тўғри ва ҳалол сўз бугун Ўзбекистон учун ортиқча юкми?
Қўғирчоқ парламентга катта ваколатлар берилди. Лекин…
“Чўнтак” партиялар, сунъий мадҳиялар билан Президент ғояларини амалга ошириб бўладими? Ёки сиёсий ислоҳотлар эшигига қулф урилганми?
Ўзбекистон раҳбарининг Парламентга қилган Мурожаати – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…
Matbuot Xizmati
Муқаддима
Маълумки, 2018 йил адоғида Шавкат Мирзиёев Осиё журналистлари ассоциацияси (AJA) томонидан «Йил одами» деб тан олинди.
У Марказий Осиёда тинчлик ўрнатиш ва мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар қилди. У ўзбек жамияти раҳбарлигига келганидан бери –  иқтисодиётни очиш ва либераллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини яхшилашга қаратилган сиёсатни ислоҳ этди.
Ўзбекистон Президенти сиёсий йўналишдаги танлов ғолиби бўлди.
Бу қитъада жаҳоннинг қарийб учдан икки қисм аҳолиси яшаши – Хитой, Япония, Сингапур, Ҳиндистон ва Араб Амирлиги давлатлари борлиги назарга олинса, бу кўпкарида нафақат ғолиб чиқиш, балки, улоққа яқин боришнинг ўзи бир мўъжиза. Бу давлат ва мамлакатларнинг таниқли раҳбарларини бир четга қўя турайлик, Марказий Осиёнинг ўзидаги Назарбоев каби гигантлар ҳам бу мукофотни орзу қилиши табиий эди.
Осиё журналистлари танловидан кўп ўтмай Ўзбекистон президенти Туркияда ҳам «Ўрта Осиёдаги йил одами» деб топилди
Ростини айтганда мен бу нуфузли мукофотлар қачонлардир Мирзиёевга берилишига ишонардим. Лекин бунчалар тез берилади деб ўйламаган эдим. Ва айни пайтда мана шу мукофот танловчиларининг фикрига таъсир кўрсатишда “Дунё ўзбеклари” халқаро нашрининг ҳам ўз ўрни ва ҳиссаси борлигидан қувондим ва фахрландим.
Лекин шунга қарамай Ўзбекистондан элас элас эсаётган шабадада иқтисодчи ва сиёсатчилар дохил чайналиб чайналиб, гапи оғзидан тушиб кетадиган ўзбек журналистлари ҳам бу мукофотлар аҳамияти ва нуфузини яхши тушуниб етмаган кўринадилар. Ё бу халқаро эътирофлар мавқеини атайлаб пасайтирувчи қора кучлар борга ўхшайди мамлакатда.
Ўзбекистон тарихда – нафақат меҳнат зафарлари – ер ости ва ер усти бойликлари, балки илм фан тарихидаги ўз ўрни ва интеллектуал салоҳияти билан ҳам бутун ер куррасини лол қолдириб келган. Дунё математикаси – Ал Жабрнинг отаси Муҳаммад Ал Хоразмий, Жаҳон медицинаси – тиббиётнинг бобоси – Ибн Сино ((Авиценна) , Юлдузлар оламининг буюк кашфиётчиси – Мирзо Улуғбек каби буюк ва аллома фарзандлари билан ўзбек халқи ҳақли равишда фахрланса арзийди.
Ана шу буюк миллат ва давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йил якунига келиб ҳақли равишда – Осиёнинг буюк сиёсий раҳбари деб эътироф этилди.
Бу буюк танлов баробарида –  ўзбекистонлик нодир ақл завковот соҳибларининг халқаро миқёсда қўлга киритган ютуқлари бу эътирофга ҳар томонлама муносиб бўлди: Куни кеча ўзбек ўғлонлари ўн олти ёшли ўсмирлар ўртасидаги жаҳон шахмат олимпиадаси олтин медалини Ўзбекистонга олиб келишди. Бу – иккинчи катта ютуқ бўлди. Бу тарихда бўлмаган воқеа.
Шахмат олимпиадаси хроникасидан ўқидим: Ўзбекистонлик 16 ёшли шахматчи Шамсиддин Воҳидов норвегиялик гроссмейтер, амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни яккама якка жангда мағлуб этди. Дунё матбуоти ва халқаро шахмат олимпиадасини ёритувчи жаҳон журналистлари бу ғалабани – йигирма биринчи аср шахмат оламининг энг катта шов шувли воқеаси деб баҳолашди. Воҳидов қора доналарда ўйнаб ютди. Бу шахмат оламидаги жуда катта сенсация деб эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Шамсиддин Воҳидов шу йилнинг 24 ноябрь – 3 декабрь кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида жамоадошлари Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Ситора Сапарова билан биргаликда биринчи ўринни эгаллаган.
Мана шу воқеаларнинг ҳаммаси – ўзбек Президентининг раҳбарлик қадами – Ўзбекистон учун қутлуғ ва хайрли келганига ёрқин дилилдир.
Шавкат Мирзиёевга берилган бу мукофотни мантиқан олиб баҳоласак ва шарҳласак – у 2018 йилда Марказий Осиёнинг энг буюк раҳбари деган эътироф келиб чиқади.
Лекин куни кеча мен ана шу буюк раҳбарнинг Ўзбекистон Парламентига қилган навбатдаги нутқини тинглаб, рости, унга раҳмим келди…
1.
Мирзиёев катта ва улуғвор қадамларни ташлаб, шонли ва мардонавор марраларни белгилаяпти. Бутун дунёни ўз юртига чорлаяпти – бир сўз билан айтганда – буюк келажакка қучоқ очаяпти. Лекин унинг атрофи – фавқулодда жим жит.
Унинг командасида элу-юртда обрў эътибор қозонган раҳбарлар негадир жуда кам. Агар янада аниқроқ айтсам – унинг атрофида, ҳали ҳануз, унга  содиқ ва вафодор фидойилар кўринмаяпти.
Буни Парламентга айтган дил сўзида Президентнинг ўзи ҳам эътироф этди.
Сохтакорлар – Пахтакорлар – Чапакзорлар сафи эса тобора кенгайиб бормоқда. Биз бундай ясама олқиш ва қутловлар, сохтакорлик билан айтилган мақтовларнинг натижасини кечаги ўтмишимизда ўз кўзимиз билан кўрганмиз.
Каримовнинг атрофидагилар кўзларини чирт юмиб, қарсак чалишдан бир зум ҳам тўхтамадилар. Бу баҳо энг аввало ўзимизга ҳам тегишли. Биз ҳам ўша қарсаквозларнинг энг олдинги қаторида эдик. Алал оқибат,  қарсакларга учган Каримов, калласи айланиб, қандай килиб боши берк кўчага кириб қолганини ўзи ҳам билмай қолди…
Оқибатда Ўзбекистон йигирма етти йил бир жойда депсиниб турди.
Лекин, худога шукрки, Мирзиёев – Каримов эмас. Уни боши берк кўчага киритиш ҳам осон эмас. Назаримда, унинг атрофидаги бугунги қарсакбозларнинг сиёсий умри ҳам узоққа чўзилмаса керак. Фақат бунга ҳали бир оз вақт бор, шекилли…
2.
Шу ўринда ББС ўзбек хизмати Мирзиёевнинг – ижтимоий сиёсий жабҳадаги бешта хатосини ҳаққоний кўрсатиб ўтгани эътиборга лойиқ.
Менинг назаримда бу хатолар – унинг ўзидан кўра, кўпроқ – Президент командаси аъзоларига таллуқли. Шундай қилсак тўғри бўлади деб уни ишонтирган бугунги бойвачча зодагонлардан ташкил топаётган Олий раҳбарият арбоблари ва аъзолари масъул бу хатоларга. Бўшаб қолган давлат хазинасини тўлдириш ва мамлакатга инвестиция киритишга боши билан шўнғиб кетган бу мулозимлар, баъзан, адолат мезонларини ҳам тамомила унутиб қўяётганга ўхшайди.
Давлатга 16, 5 миллион сўм тўласанг – бас, автомобил ойнасини бемалол қорайтиришинг ёки калланг ишламаса ҳам 1,5-2 миллион сўм тўлаб  суперконтракда ўқишинг мумкин деган гап нақадар кулгили. Пулинг бўлмаса қора ойна ҳам йўқ деган гапга чидаш мумкиндир эҳтимол. Лекин операция столида жон берган одаминг суперконтракт билан ўқишни битирган мутахассис қурбони бўлса, бунга қандай чидаш мумкин?
Бу Мирзиёевнинг эмас, балки унинг командаси йўл қўйган хато эди.
Президентнинг бу таклифлар билан тўлиқ танишиб чиқишига ё вақти бўлмаган, ё унинг ҳам боши айлана бошлаган…
3.
Хориждаги бошқа ўзбек нашрларида ҳам Ўзбекистон Президенти олиб бораётган инқилобий ўзгаришлар билан бирга, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар айтилмоқда, қатор танқидий ва таҳлилий мақолалар берилмоқда.
Иш бор жойда хато албатта бўлади. Ҳамма гап ана шу хатони ўз вақтида айтиш ва уни далил исбот билан аниқ-тиниқ кўрсатиб беришда. “Дунё ўзбеклари”, “Озодлик” ва ББС – Президентнинг бу хато ва камчиликларини имкон қадар айтаяпти, кўрсатиб бераяпти. Лекин расмий Тошкент матбуоти, ўзбек телевиденияси икки йилдирки – ҳали-ҳануз жим…
Наҳотки Мирзиёевга бирорта таклиф айтиш учун Лондон, Прага ва ё Канадага қочиб бориб: “Искандарнинг шоҳи бор!” деб қичқириш керак бўлса. Шу гапларни Ватандан туриб ҳам айтишга имкон бериш замони қачон келади? Матбуотнинг тили ечиладими, эркин ва ҳур фикрни айтувчи телевизион каналлар очиладими?
Ўзбек матбуоти ўзбек халқига қачон астойдил хизмат қила бошлайди?
4.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида:
2019  – Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилди.
Ҳукумат парламент томонидан сайланиб, унга ҳисоб беради деди.
Рақамли иқтисодиётни йўлга қўйиш ва коррупцияни кескин камайтириш масаласини ўртага қўйди.
Иқтисодиётда давлат улушини кескин қисқартириш зарур деб айтди.
Одамлар солиқ тўлашга ўрганиши ва ундан манфаатдор бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.
Маҳаллий ҳокимларга ишсизликни камайтиришнинг ягона йўли – ўз ҳудудини саноатлаштирув эканини эслатди.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва уни тамомила кластерлаштириш лозимлигини очиқлади.
Ишсизликни кескин камайтириш, ногирон фарзанди бўлган оналарга алоҳида нафақа белгилаш ва пенсия тизимини ислоҳ қилиш – каби  ижтимоий муаммолар ечимини таклиф қилди.
3 ëшдан 22 ëшгача бўлган болалар тарбияси ва ўқишига давлат томонидан инвестиция қилиш лозимлигини таъкидлади.
Ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш ва чет элларга бориб ўқиш имконини бериш ҳақида гапирди.
Бу улуғвор вазифаларни Мирзиёев – Каримов даврида раҳбар бўлиб шаклланган бугунги Олий раҳбарият арбоблари, ҳукумат аъзолари, сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлардан иборат мулозимлар командаси билан амалга оширишига менинг негадир кўзим етмайди, ишонгим келмайди…
5.
Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил якунига бағишланган бу тарихий нутқи  икки ярим соатдан кўпроқ, салкам – уч соат давом этди.
Президент ўз нутқида Ўзбекистоннинг ижтимоий иқтисодий соҳасидаги қатор муаммоларни тилга олди ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари ҳақида гапирди.
Мурожаатдан мурожаатгача ўтган бир йиллик оғир ва мураккаб йўл етарлича таҳлил қилинмади. Ҳукумат ва Бош вазир фаолиятига холис ва одил баҳо берилмади. Ким қайси соҳани барбод қилгани айтилмади.
ББС ўзбек хизматининг ёзишича, Мирзиёев Каримовдан қолган ёпиқ сиёсий тузумни очиш юзасидан қатор муҳим қадамларни қўйган, аммо ҳозирга қадар йирик сиёсий ислоҳотлар режаси эълон қилинмаган.
Мамлакатда сўз ва ифода эркинлиги ҳануз чекланган, сиёсий мухолифатнинг фаолияти тақиқланган.
Ҳукумат ҳануз фуқароларнинг тинч намойишлар ўтказишига рухсат бермайди.
Мирзиёев – либерал ислоҳотлар асосчиси бўлишига қарамасдан, бутун ҳокимият ҳануз президент қўлида жамланган ва кўп фикрли демократияга ўтиш сари жиддий сиёсий қадамлар кўринмайди.
Президент ўз нутқида яна бир марта мавжуд сиёсий партияларни фаолликка ва халқни уйғонишга чақирган.
Шу йил июлида парламентда қилган чиқишида Мирзиёев мамлакатда демократия қарор топмаганини эътироф этган эди.
Президент ўз Мурожаатида Ўзбекистондаги сиёсий ҳаёт ва ислоҳот ҳақида оғиз очмади…
Манба: ББС ўзбек хизмати.
6.
Президент 2019 йилни тантановор оҳангда – Ўзбекистонда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилди.
Бу жуда тўғри ва одилона, мардона ташланган қадам бўлди. Бизда шу пайтгача улуғвор режалар бор эди, лекин пойдевори йўқ эди.
Президент буни чуқур англаб, донишмандларча белгилади йил номини.
Инвесторсиз, маблағсиз – иқтисодий баркамол истиқбол ҳам – келажак ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам Президент келгуси йилни – содда ва қишлоқча қилиб айтсак – иқтисодий пойдевор йили деб эълон қилди.
Чунки биз кейинги йигирма етти йилда пойдеворсиз турли туман иморатлар яратдик, бугун улар қийшайиб ётибди…
7.
Биз ўтган йилларни оналар ва болалар йили, оталар ва холалар йили, аёллар ва эркаклар йили, қариялар ва ҳокозалар йили деб кўп эълон қилдик.
Лекин ўтган йигирма етти йилда бирорта ҳам она ва бола бахтли бўлмади, холалар ҳам орзусига етмади. Болалар – етим есир қолди, холалар – дунёга ёйилиб кетди.
Бир сўз билан айтганда, эркаклар – ёлланма мардикор, аёллар – чет элда хору зор бўлди.
Қарияларимиз ҳам  муродига етмади.
Булар ўйлаб топилган сунъий машъаллар эди. Улар бизни тўғри йўлдан  чалғитди, табиийки, кўзланган мақсадга олиб боролмади…
8.
Каримов давридан бўён биринчи маротаба – жамиятдаги бугунги аҳвол  тўғри баҳоланди ва келаётган йил адолатли номланди.
Инвестиция – осмондан тушмайди чалпак бўлиб.
Уни олиб келиш учун раҳбар ва мулозимлар қимирлаши, ўз устида ишлаши керак. “Отанг яхши, онанг яхши” деб, чет эллик манбалар билан мулоқотга киришиб, ўзъаро ишончли алоқа ўрнатиши лозим.
Бунинг учун энг аввало уларнинг тили ва маданиятини яхши билиши, ўз сўзининг устидан чиқувчи ишончли ҳамкор сифатида илиқ таассурот қолдириб, хорижлик инвесторлар меҳрини қозониши даркор.
Бугунги мулозимлар шунга тайёрми? Бешикдан то қабрга қадар порахўрлик ва коррупция ҳукмрон бўлган жамиятда яшаб, адолат ва диёнат, ҳалоллик ва поклик тамомила унутилган, ҳақиқат оёқ ости қилинган Каримов даврида раҳбар бўлиб шаклланган бу амалдор ва арбоблар юқоридаги талабларга жавоб бера оладиларми?
Ҳамма гап мана шунда…
9.
Хуллас, бугунги ўзбек мулозимларига жуда қийин бўлади.
Буни Президентнинг ўзи ҳам очиқ ойдин эътироф этди. “Инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, иқтисодиётнинг юраги”, деган Ўзбекистон Президенти айни пайтда, бу вазифани амалга ошириш осон эмаслигини ҳам таъкидлади.
Давлат раҳбари белгилаб берган улуғвор вазифаларни амалга ошириш учун эса – моддий асос бўлиши керак. Ўзбекистонда қурилажак Атом электр станцияларидан тортиб, бошқа йирик лойиҳаларга ҳам пул ва маблағ – инвестор керак.
Бу бизнинг иқтисодий пойдеворимиз асосидир. Бу пойдеворни мутаҳкамлаш учун эса инвесторларга яхши ва ёқимли, уларнинг тили билан айтганда – comfort zone – қулай ва ишончли иқтисодий шароит – муҳит яратилиши лозим.
Бу нима дегани? Мамлакатга инвестиция киритиш ва унга йўл очиш дегани. Бунинг учун энг аввало инвесторларни ишонтира олишимиз керак. Бу бугунги Ўзбекистон учун жуда қийин масала. Интернети яхши ишламайдиган, ижтимоий тармоқлари тўсилган давлатга ҳеч ким ишонч билан қарамайди. Табиийки, инвестиция ҳам киритмайди…
Жамоат жойларида бепул WI-Fi тармоқларини ташкил этиш ҳақида гапирган президент Вазирлар Маҳкамасига бир ой ичида бу масалада ҳам алоҳида дастур ишлаб чиқаришни топширди.
Аммо мамлакатда кейинги пайтда интернетга кириб бўлмаслиги, ижтимоий тармоқлар тўсиқ қўйилаётгани ҳақида лом мим демади…
10.
Президентга кўра, келаси йил 1600 нафар кам таъминланган аëлга имтиëзли уй қуриб берилади.
Лекин бу йил қанча кам таъминланган аёл уй олди ва умуман бу уйлар кимларга берилаётгани ҳақида гапирмади. Ҳолбуки, Президент порталига, Дунё ўзбеклари, Озодлик ва ББСга бу борада маҳаллий ҳокимлар томонидан бўлаётган кўзбўямачилик ва адолатсизликлар ҳақида кўп ёзилди ва гапирилди. Олий ўқув юртларига қанча студент олишни энди уларнинг ўзи белгилаши ҳақида гапирган Президент университет ва институтларда ҳануз давом этаётган коррупция ва порахўрлик муаммосини четлаб ўтди…
Соғлиқни сақлаш тизимидаги камчилик ва нуқсонлар ҳақида гапирган  президент, мамлакатда пуллик ва бепул тиббий хизматлар ўртасидаги аниқ чегараларни белгилаб олиш заруратини тилга олди. Лекин бу соҳада то ҳануз давом этаётган таниш билишчилик, кўзбўямачилик ва порахўрликка тўхталмади.
Дори дармон ва фармацевтика соҳасидаги қаллоблик, муттаҳамлик, ўғирлик ва юзсизлик ҳақида гапирмади…
11.
Президент ўтган йил 22 декабрдаги Мурожаатида СНБ ҳақида гапириб, унинг мамлакат ҳаётида қолдирган аянчли оқибатларига тўхталиб ўтган, ҳибсга олинган юқори даражали чекистлар, сотқин генераллар номини бирма бир тилга олиб, улар қилган жиноятлар ҳақида гапирган ва МХХни жиддий огоҳлантирган эди.
Бу йилги Мурожаатномада СНБ собиқ раиси Иноятовнинг қудаси Парпиев, ўринбосалари – Ғуломов, Тошпўлатов, Шарифхўжаев, Қодиров, шогирдлари – Савченко, Тўрақулов, Гусев, Веселов ва бошқа қамалган ё қочган чекистларнинг мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида қолдирган оғир ва аянчли мерослари, уларнинг кейинги тақдири ҳақидаги давлат раҳбарининг муносабати ва хулосасини халқ кутган эди.
Бугунги ДХХ – Ихтиёр Абдуллаев раислигида Президент ғояларини амалга ошириш ва ҳаётга тадбиқ этиш борасида ҳаёт-мамот жангига кирганини, сабот ва матонат билан давлатимиз хавфсизлиги ва миллатимиз дахлсизлиги йўлида туну кун тиним билмай жасорат ва шижоат кўрсатаётганини айтиши керак эди. Бугун чекистларимиз одамларнинг қалбида ўз идорасига, давлатга ва унинг раҳбарига нисбатан яна олдингидай ишонч ва умид туйғуларини уйғота бошлаганини, бу албатта осон бўлмаётганини эътироф этиши ва уларни  руҳлантириши лозим эди.
Собиқ Бош прокурор Рашид Қодировга нисбатан олиб борилаётган тергов ва бўлажак маҳкамага ҳам Президент ўз муносабатини билдиради деб ўйлаган эдик.
Лекин бундай бўлмади. Президент бу гал бу муҳим мавзуларни негадир четлаб ўтди…
12.
Давлат раҳбари жойларда саноатни комплекс равишда ривожлантириш зарурлигини айтиб ўтди.
Президент район ва шаҳар ҳокимларига ишсизликни камайтиришнинг ягона йўли – ўз ҳудудини саноатлаштирув эканини эслатди. Ишсизликни – асосан саноат ривожи ҳал қилади, бизда эса саноат ўлиб ётибди, – деди Президент. Тўғри гап. Қишлоқ хўжалиги ҳеч нарса бермайди, ижтимоий муаммоларни асосан саноат ҳал қилади. Доимий истеъмол бўладиган ва экспорт қиладиган тайёр маҳсулотларни – саноат яратади.
Бир пайтлар Ўзбекистонда маҳаллий саноат вазирлиги бор эди.
Маҳаллий дегани – қишлоққа кириб бориш ва саноатни қишлоққа олиб кириш дегани. Масалан, қишлоқ жойларида жун, тери ва бошқа чорва маҳсулотларини қайта ишлайдиган цехлар қуриш керак бўлади. Саноат қишлоққа кириб борсагина бу муаммолар ҳал бўлади, бўлмаса йўқ. Яқинда Сурхондарёдагилар етиштирилган тонна тонна узумни қаерга қўйишни билмай “Озодлик” радиоси орқали Алишер Усмонов телефонини сўраб юришгани ёдимизда. Бу муҳим вазифани маҳаллий раҳбарлар ўз назоратига олсагина, мўл узум етиштирган боғбонлар ёрдам сўраб бошқаларга ялиниб юрмасди.
Совет даврида Сариосиё районидаги “Коммунизм” номли агросаноат бирлашмаси директори Бобомурод Омонов номи қишлоққа саноат олиб кириш ва уни гуллаб яшнатиш борасида бутун Ўзбекистонда ва Иттифоқ республикаларида маълум ва машҳур эди…
13.
Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Аҳмаджон Одилов  ўз даврида Попнинг – Ғурумсаройида – Совхоз ерларида саноат асосида қанчадан қанча тайёр нарсаларни ишлаб чиқарган. Ўз ишбилармонлиги билан Ўзбекистондаги энг йирик Аграсаноат маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш комплексини бунёд этган.
Қишлоқ хўжалиги билан саноатни бирлаштириш, жипслаштириш керак.
Бу борада Президент жуда тўғри йўл кўрсатди. Алоҳида қишлоқ хўжалиги – бу – полуфабрикат бу. Унинг маҳсулотларини саноатнинг қозонига солгандан кейингина – қишлоқ хўжалиги маҳсулоти олтинга, валютага айланади. Асосий экинимиз пахта – тўла тўкис тайёр буюмга айлансагина – бойлик келтиради. Ҳар бир нарса ўзининг ҳақиқий баҳоси, яъни – таннархига эга бўлади – қачонки у маҳсулотга айланса.
Масалан, уч метр матодан иборат материал – турса юз минг сўм туради. Уни тайёр костюм -шим килиб, камида ўн баробар қимматига –  бир ярим – икки миллион сўмга сотиш мумкин. Бунинг учун унга юксак технология киритиб, бор йўғи уч-тўрт дона тугма қадаш кифоя. Биз чеварнинг орқасидан қувмай, костюмнинг орқасидан қувиб Хитой ва Туркияга бориб валюта тўлаб сотиб олиб келамиз. Костюм сотиб олган ўша валютамиз – ўша мамлакатларда қолади.
Юксак технология билан қуролланган чевар кичикроқ бир машинада бир кунда етти-ўн дона костюм чиқариши мумкин. Машина дегани технология дегани. Унинг тагида, замирида, асосида эса – саноат ётади.
Мирзиёевнинг қишлоққа саноатни олиб кириш ва уни ривожлантириш ташаббуси шунинг учун ҳам таҳсинга лойиқ!
14.
Бир сўз билан айтганда Президент ўз Мурожаатномасида –  юрагимиздаги дард-у, изтиробларни, орзу умидларимизни баён қилди.
Масалан, у Парламентга катта ҳуқуқ бераяпти. Вазирлар маҳкамасини тасдиқлайсиз деди. Улар ўз дастури, яъни программасини шу ерда шакллантиради деди. Вазирлар ҳам шу ердан тасдиқдан ўтади деди. Бу билан Президент Олий Мажлис даражаси ва нуфузини кўтариб юборди. Ҳукумат ва унинг аъзолари олдин фақат Президент Фармони билан тасдиқланарди.
Энди улар Парламент томонидан сайланади ва унга ҳисоб беради…
Бу яхши албатта. Лекин парламент аъзоларининг ўзи ва уларнинг нуфузи ҳам шунга муносиб ва яраша бўлиши керак. Яшириб нима қилдик, ҳозирги парламентчилар – асосан рўйхат билан сайланган қўғирчоқ депутатлардан иборат эмасми? Қўғирчоқ депутатлар – ҳукумат аъзоларини, вазирларни тасдиқлаш ҳуқуқига эгами? Расман – ҳа! Лекин мен бу ерда уларнинг маънавий ҳуқуқлари ҳақида гапираяпман. Маънан – йўқ, албатта! Уларнинг ўзлари энг аввало халқ баҳосидан – одамларнинг эркин ва рақобатли, ҳалол ва адолатли танловидан – ҳақиқий сайловдан ўтишлари лозим.
Янгича қарашга эга бўлган Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Каримов даврида шаклланган ва асосан қўлдан ясалган қўғирчоқ ва суньий Парламент дохил халқ орасида “Чўнтак партиялар” номини олган сиёсий партияларни тарқатиб юборади ва янги сайловлар эълон қилади деб кўпчилик кутган эди. Лекин ундай бўлмади. Майли, 2019 йилда шундоғам янги сайловлар бўлиб ўтади. Энди депутатлар эркин ва рўйхатсиз сайланиши, халқ ишончини оқламаганлари эса муддатидан илгари чақириб олиниши лозим. 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистонда “Қўғирчоқ депутатлар” даври тугатилиши шарт.
Осиёнинг буюк раҳбари Президент бўлган, бутун дунё ҳавас қила бошлаган Ўзбекистонда энди бу кечирилмас ҳолдир!
15.
Бир сўз билан айтганда – дунё ҳамжамиятига яқинлашиб, тобора янгиланаётган Ўзбекистонда бугун :”Қўғирчоқ” депутатлар, “Чўнтак” партиялар, сунъий мадҳиялар билан Президент ғояларини амалга ошириб бўлмайди!
Бунга чек қўйиш керак. Бунинг учун эса, сиёсий ислоҳотлар эшигини очиб, унинг занг босган қулфидаги зулфини – лупа билан изласа ҳам топилмайдиган қилиб – узоқ узоқларга улоқтириш керак!
Бу борада Президентга бизнинг таклифларимиз будир:
Шавкат Мирзиёев ўзи яхши билган – Биринчи Ўзбекистон Парламенти тажрибасидан келиб чиқиб, янги сайланажак депутатларнинг ишчанлик ва курашчанлик фаолиятини кескин ошириши ва уни тамомила юксак поғонага кўтариши  керак. Бундан президент ва давлат, парламент ва миллат ютса ютадики, сира ютқизмайди.
Нега кейинги йигирма етти йилда бизда Самандар Қўқонов, Алижон Қўчқоров, Мурод Жўраев, Аҳмадали Асқаров, Эркин Хўжаев, Шуҳрат Нусратов, Тойиба Тўлаганова, Марат Зоҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Мели Қобилов, Ойгул Маматова, Нурали Қобил, Шовриқ Рўзимуродов, Иномжон Турсунов, Жаҳонгир Маматов, Дадахон Ёқубов, Карим Баҳриев каби кўзи чақноқ, фикри уйғоқ, ақли чироқ депутатлар етишиб чиқмади?
Масалан, адолатли ва диёнатли депутат Шуҳрат Нусратов жасоратини нега шу пайтгача бирорта депутат такрорламади? Шунинг учун ҳам Шуҳрат Нусратов кейинги йигирма етти йил давомида Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётининг жанг майдонидаги – душман тўпига кўкрагини тутган ягона Тўйчи Эрйигитов бўлиб қолди.  Нусратовдан кейин бирорта ҳам депутат давлат раҳбарига тўғри ва ҳақ сўзни айтолмади. Парламент кейинги 27 йил давомида Президентнинг ўта одобли ва итоаткор фарзандига, таъбир жойиз бўлса Каримов оиласининг – ичкуёвига айланиб қолди.
Бунинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги аччиқ ва аламли, оғир ва аянчли оқибатларини эса ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз…
16.
Бир пайтлар пойтахтдаги Куйбишев райкомининг биринчи секретари, кейинчалик Мирзо Улуғбек туман ҳокими бўлиб ишлаган Шухрат Туҳфатович Олий Кенгашнинг тарихий еттинчи сессиясидаги нутқи билан тарихга ва одамларнинг юрагига кириб борганди. Эндигина Президент этиб сайланган давлат раҳбарига қарата у шундай деган эди:
“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам, яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак, бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар, айниқса, бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади…”

Шуҳрат ака бу оташин нутқини ирод этганида мен ҳам ўша мажлислар залининг энг биринчи қаторида – у нутқ сўзлаётган минбар ёнида – Ислом Каримов ва бошқа Ҳайъат раҳбарлари (Президиум) нинг шундоққина рўпарасида ўтирган эдим.
Мен бугун бу мажлис тафсилотларига тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Бу ҳақда “Президент эркатойининг саргўзаштлари” номли сиёсий хотиралар китобимда батафсил ёзилган ва у “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинаяпти. Мен бугун ўша – бундан салкам йигирма йил муқаддам айтилган сўз учун Шуҳрат Нусратовни қамашганларини, қамашганда ҳам номардларча қамаб, унинг қолган бутун умрини хазонга айлантирганларини айтмоқчиман, холос.
Яхшиямки, Мирзиёев даврига келиб, адолат қарор топди. Шуҳрат Нусратов Ўзбекистон Олий Суди томонидан оқланиб, яна давлат ва жамоат ишига қайтди. Бунинг учун адолатли Президентимизга минг раҳмат, албатта.
Лекин Шуҳрат Нусратовга ўхшаб рост ва тўғри сўзи, ҳур ва эркин фикри учун Каримов даврида умри хазон бўлган, ҳибс ва хорижга қувилган, бадарға этилган ва ўлдирилган, ном-нишонсиз йўқолган ва бедарак кетганлар учун ким жавоб беради?
(Давомини эртага ўқийсиз)
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
28 декабрь 2018 йил – 1 январь 2019 йил,
Торонто шаҳри, Канада…

2 шарҳ

  1. Хурматли Президентимиз эски сарой айенларидан нимага тулик кутула олмаяпти? Энг катта хато мана шу сарой мулозимлари ва кадрлар масаласидаги маслахатчиларини нотугри хатти харакатларига изн берилганлиги деб хисоблашга борган сари асос ортиб боряпти. ЭСКИ КОМАНДА ХАЛИ САФДА ШЕКИЛЛИ. . . .

  2. Аҳли Расул Муҳаммал

    Мирзиёевнинг ўз ватанида мададга зорлиги нафақат Сизнинг назарингиздаги, балки реал воқеликдаги ҳолдир…

 

 

"3" Comments
  1. Абубакир Худайкулов

    Ҳижалаб ўқиб чиқдим,агар муакамал тўхталсам жуда узоқ бўлади,қисқаси зўр ёзилган,танқидий фикрлар жуда ўринли,нега бу гапларни фақат Торонтодан Исмат Хушев айтади,мамлакат ичида наҳотки битта довюрак журналист топилмаса.Президент мурожатида барбод бўлган режалар,борбод бўлишининг бош”қаҳрамонлари”тўғрисида,ўтган 2018 иновациялар йилида нималарга эришгани тўғрисида гапирилмаган.Келаётган йилларни чиройли номлаб,лекин ижроси натижасиз қолаверса,бу номлар ҳам Каримов давридагидек қуруқ гап бўлиб қолаверади,республика бўйлаб йилнинг номи ёзилган банерлар,уларни ёзишга сарф бўлган пуллар увол халос.

  2. Эски ашула … Президент ўзи яхши, атрофидагилар ёмон. Афсус, маддоҳлару қарсакбозларни ёқтирар экан МШМ ҳам. Бир оғиз “ҳай нимага чапак чаляпсизлар” демади-я.

  3. уша соддалар юрти

    Энди албатта рахмат жуда яхши фикрлар ёзилибди . Уша эски пора билан иниститут ва универларга ишга кирволган укитувчиларам жойни бушатсинда ёшларни порахурлар тарбияламасин ойлиги кутарилсин синалсин утмадми кетсин тамом кечирилмасин

Leave a Reply
*