Menu
Categories
Исмат Хушев: Осиёнинг буюк раҳбари, ўз Ватанида мададга зорми? Нега?!! (2)
01/04/2019 Бош мақола
Исмат Хушев: Президент маърўзасини тинглаб
ОСИЁНИНГ БУЮК РАҲБАРИ, НАЗАРИМДА, ЎЗ ВАТАНИДА ЁРДАМГА МУҲТОЖ КЎРИНАДИ. НЕГА?
Мурожаатдан мурожаатгача ўтган йўл етарлича таҳлил қилиндими? Ким қайси соҳани барбод қилгани айтилдими?
Товуқларнинг ўлгани, қуёнларнинг қирилгани, лимонларнинг иригани, қалампирнинг чиригани ҳам рост. Президент ғоялари ҳокимлар томонидан нега саботаж қилинди, нега амалда қўллаб қувватланмади?
Давлат тадбиркорлар билан қачон соғлом рақобат йўлига ўтади?
Гулдурос қарсаклар ҳар доимо ҳам адолат тарозиси бўла оладими?
27 йил бир жойда депсинишнинг боиси нимада эди? Қарсаклар, қарсаклар, қасаклар, ортидан келмасми афсуслар, афсуслар, афсуслар…
Ўзбекистоннинг машҳур публицистлари нега залда кўринмади? Масалан – Шароф Убайдуллаев! Тўғри ва ҳалол сўз бугун Ўзбекистон учун ортиқча юкми?
Қўғирчоқ парламентга катта ваколатлар берилди. Лекин…
“Чўнтак” партиялар, сунъий мадҳиялар билан Президент ғояларини амалга ошириб бўладими? Ёки сиёсий ислоҳотлар эшигига қулф урилганми?
Ўзбекистон раҳбарининг Парламентга қилган Мурожаати – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…
Matbuot Xizmati
Давоми
17.
Президент Каримовга президентлик аслида нима эканини англатишга уринган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Парламентда янграган гапи ёдингиздами?
Тарихда илк бор республика Президентини сайлаган, Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган Олий Кенгашнинг ўша биринчи парламенти ўзидан кейин сайланган барча парламент ва сенатлардан фарқли ўлароқ ҳақиқий демократик ва ҳур фикрли парламент сифатида шубҳасиз тарихда қолади.
Ўша кунларга чуқурроқ назар солсак, тақдир ва давр мени шу тарихий воқеаларнинг тирик шоҳиди бўлишга муяссар этган экан.
Бу тарихни яхши ва мукаммал билиш учун “Президент эркатойининг саргузаштлари” номли хотиралар китобимдаги қуйидаги матнларни  эътиборингизга ҳавола этамиз…
18.
 “Шоҳ билан Шайх тўқнашуви қандай юз берган эди” номли бобдан парча:
“1990 йилда шаклланган Олий Кенгашнинг депутатлик корпуси – бу мутлақо бошқа олам эди. Мен ундан кейин “ясалган” ва бугунга қадар Ўзбекистон сиёсий саҳнасига беш маротаба келиб кетган депутатлик корпуси фаолиятидан ҳам яхшигина хабардорман. Афсуски, ақалли бир икки депутатни тилга олмаганда кейинги мустақиллик йилларида ясалган қўлбола депутатлар корпуси халқ ҳаётига деярли кириб боролмади. Халқ ҳам уларга ўз юрагидан жой бермади. Улар қандай келган бўлсалар худди шундай ҳаёт саҳнасидан ўчиб кетдилар.
Бироқ, 1990 йилги Депутатлик корпуси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Бу – Горбачев даврининг унутилмас йиллари эди. Ўша йилларда шаклланган депутатлик корпуси ўзбек халқининг сиёсий ҳаётида абадий муҳрланиб қолади десам, муболаға бўлмаса керак.
Бу парламент Ўзбекистон ҳаётида биринчи маротаба Президентни сайлади. Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилди. Ўзбекистон Олий Совети Президиуми Ислом Каримов даврига келиб Олий Кенгашга айлантирилди. Унинг олдинги ва кейинги раислари Пўлат Ҳабибуллаев, Мирзаолим Иброҳимов, Шавкат Йўлдошев, Эркин Халилов, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ва Бош вазирлар Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Биринчи ва охирги Давлат Котиби Раҳим Ражабов, Биринчи ва охирги Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Шаҳобиддин Зиёмов, Бахтиёр Назаров, Усмон Азимов, Мавлон Умрзоқов, Бахтиёр Ғуломов, Алишер Азизхўжаев, Тўхтапўлат Рисқиев, Тимур Алимов, ҳукумат аъзолари, куч ишлатар тизими, прокуратура, суд ва ички ишлар, хуфия хизмати раҳбарлари, давлат қўмитаси ва корпорация бошлиқлари, министрлар – Бектош Раҳимов, Содиқжон Йигиталиев, Убайдулла Мингбоев, Ғулом Алиев, Рустам Иноятов, Бўритош Мустафоев, Зокиржон Алматов, Усмон Чинозович Худойқулов, Муҳаммад Бобир Маликов, Абдусамад Полвонзода, Турсунхон Худойберганов, Исмоил Жўрабеков, Қаюм Ҳаққулов, Муҳаммаджон Қорабоев, Эркин Самандар, Ўктам Исмоилов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Пўлат Ҳабибуллаев, Нодирбек Юсупбеков, Тўхтамиш Боймиров, ака ука Ислом ва Рустам Шоғуломовлар, Ганжа Ёқубов, Эркин Ҳайитбоев, Наим Ғойибов, Оқил Салимов, Шавкат Алимов, Жўра Абдуллаев, Саидаҳрор Ғуломов, Компартия биринчи котиби ва Президент матбуот котиблари Шароф Убайдуллаев, Ирисмат Абдухолиқов, Шавкат Яҳёев, Мурод Муҳаммад Дўст ва бошқалар ҳамиша шу парламент залларида қўр тўкиб ўтиришган.
Улар орасида ўша даврларда вилоятларга раҳбарлик қилган Алихон Отажонов, Темир Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Бахтиёр Ҳамидов, Нуриддин Зайниев (Қашқадарё), Дамир Ёдгоров, Самойиддин Хусенов (Бухоро), Риммажон Худойберганова, Маркс Жуманиёзов, Искандар Юсупов, Ислом Бобожонов (Хоразм), Пўлат Абдураҳмонов, Алишер Мардиев, Баҳриддин Рўзиев, Рустам Холмуродов, Мамаризо Нурмуродов, Ўктам Барноев (Самарқанд), Ботирали Ҳакимов, Бургутали Рапиғалиев, Тўлқин Жабборов, Икромхон Нажмиддинов (Наманган), Қаюм Холмирзаев, Саъдулло Бегалиев, Қобилжон Обидов, Аҳмаджон Усмонов (Андижон), Фозилов (марғилонлик), Мирзажон Исломов, Алишер Отабоев (Фарғона), Ҳаким Бердиев, Жўра Норалиев, Бахтиёр Олимжонов, Тошмирзо Қодиров, Абдулҳаким Эшмуродов (Сурхондарё), Александр Клепиков,  Айдарқулов, Ботир Маҳмудов, Ўктам Исмоилов, Равшан Ҳайдаров, (Сирдарё), Эркин Турсунов, Алишер Тошкентбоев, Шавкат Мирзиёев, Убайдулло Ёмонқулов, Маҳмуджон Холбўтаев, Сайфиддин Исмоилов, (Жиззах), Анатолий Ефимов, Ҳаёт Ғаффоров, Ғайбулло Дилов (Навоий) Рустам Шоабдураҳмонов, Адҳам Фозилбеков, Козим Тўлаганов (Тошкент шаҳри), Солижон Мамарасулов, Сайфулло Саидалиев, Мирзамурод Икромов, Баҳриддин Рўзиев, Козим Тўлаганов (Тошкент вилояти), Уббиниёз Аширбеков, Даулетбой Шамшетов, Темур Камолов (Қарақалпоғистон республикаси) каби Олий Кенгаш сессияларида иштирок этган ўнлаб вилоят ҳокимлари, давлат ва жамоат арбоблари бор бўлиб, бугун биз уларнинг муборак номларини фахр билан тилга олсак, арзийди.
Депутатлар орасида кейинги мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий саҳнасидан тамомила уриб юборилган – ҳибс ва ҳақоратга, зулм ва жаҳолатга, қувғин ва муҳожиратга бадарға қилинган Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Самандар Қўқонов, Шерали Жўраев, Дадахон Хасан, Юлдуз Усмонова, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Солиҳ, Нурали Қобул, Мурод Жўраев, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Ойгул Маматова, Абдувоҳид Паттаев, Дадахон Ёқубов, Карим Баҳриевлар ҳам бор эди.
Кейинчалик сирли ўлим топиб бу дунёдан армон билан ўтиб кетган Алижон Қўчқоров, Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсунов ва бошқа ўнлаб депутатлар ҳам ўша шонли ва суронли йилларда парламент аъзоси деган улуғ ва муқаддас номга эга эдилар.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи парламенти амалга оширган озод ва демократик жамият қуриш борасидаги инқилобий ўзгаришлар кўламини бугун бир сўз билан айтиб ўтиш қийин…
Тўғри, Олий Кенгаш сессиялари залида ёдда қоладиган воқелар кўп бўлди. 500 кишилик депутатлар корпусида Шукрулло, Сарвар Азимов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Малик Қаюмов, Ориф Алимов, Сарвар Азимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Жамол Камол, Нурали Қобул, академиклар Маҳмуд Салоҳиддинов, Асқарали Аҳмадалиев, Иброҳимжон Искандаров, Маҳмуд Сирожиддинов, Анвар Аъзамхўжаев, Эркин Юсупов, Саидаҳрор Саидаҳмедов, Эркин Шайхов, Шавкат Ўразаев, Акмал Саидов, Марат Зоҳидов, Мадамин Хасанов, Антонина Хлебушкина, Маҳмуд Исматов, Бернора Қориева, Аҳмаджон Мухторов, Шароф Убайдуллаев, Қулаҳмад Ризаев, Шабот Хўжаев, Иброҳим Файзуллаев каби ўнлаб машҳур зотлар, давлат ва жамоат арбоблари, ҳукумат аъзолари, журналистика, адабиёт ва санъат вакиллари бор эди.
Ислом Каримовни Президент қилиб сайлаган ва Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган биринчи парламент заллари жуда кўп тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган. Унутилмас еттинчи сессияда Шукрилла Мирсаидовнинг: “Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлмоқни афзал биламан!” деган оташин нутқи, Шуҳрат Туҳфатович Нусратов ирод этган: “Президент КГБ ва СНБ ни ўзига бўйсундириб олди, разведка, контразведка, наружка ва терроризмга қарши кураш Бошқармалари ўзининг барча техник воситалари билан бир кишининг қўлига бериб қўйилди. Агар бугун бунинг олдини олмасак, эртага бизларни 37 йил кутади. Бугун Шовруқни қамашди, бунинг олди олинмаса – эртага мени, индинига Сизни қамашади!” деган – хотирамда абадий муҳрланиб қолган чақириғи, Жаҳонгир Маматовнинг Ислом акага қарата айтган: “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми. Нега мени қувғин қиласиз!” деган дил нидоси, Шовриқ Рўзимуродовнинг: “Ислом ака Қашқадарёда ҳам фақат приписка билан шуғулланиб келди. Бу одамга ишониб бўлмайди!” деган ҳайқириғи, Муҳаммад Солиҳнинг мухолифатга босим ўлароқ ўз депутатлик гувоҳномасини Олий Кенгаш раиси ўтирган Президиумга улоқтириб зални мағрур тарк этиши – буларнинг ҳаммаси шу муборак парламент залида бўлиб ўтган тарихий воқеалар эди.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг Каримовга қарши фикрлар айтилган еттинчи сессиясида ўн олти одам сўзга чиққан бўлса, бирортаси ҳам кейинчалик кечирилмади. Уларнинг бир қисми ўлиб қутилди. Бир қисми  қочиб қутулди. Яна бир қисми қамоқда ва хорижда хору зор бўлди…
500 кишилик депутатлар залида қанчалар машҳур арбоблар кўп бўлмасин, улар ичида бир зот бор эди: Сессия залининг энг ўртасида, оппоқ кийимда – бу олий ва мўҳташам залда бамисоли Хўжайи Хизр ўтирарди. Бу – Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратлари эди.
Бу залда содир бўлган воқеаларнинг қисқа хронологиясини юқорида келтирдик. Лекин шайх Ҳазратларининг Ислом Каримов қасамёдга келтирилганда у кишининг юзига қараб айтган гаплари – бу залда айтилган сўзларнинг энг таъсирлиси, ёдда қоларли ва унутилмаси бўлди.
Мен Олий Мажлис анжумани ўтаётган залнинг биринчи қаторида – Ислом аканинг энг яқин мулозимлари билан бирга ўтирардим. (Сурат берилади)
Майли, биз шайх ва шоҳнинг бу тарихий ва машҳур тўнашуви тафсилотларига ҳали батафсил тўхталамиз. Ҳатто Ислом Каримовни Президент этиб сайлаган сессияда – янги сайланган давлат раҳбари Қурон ва Конститутияга қўл қўйиб, қасамёдга келтириш таклифи ҳам аслида шайх Ҳазратларидан чиққан таклиф эди…
1991 йилнинг декабрь ойи якунида бўлиб ўтган сессия Ислом Каримовни Президент этиб сайлаганидан сўнг янги сайланган Президент қасамёдга келтирилди.
Худди кечагидек кўз ўнгимда: Ислом ака ўнг қўлларини Конституция ва Қуронга қўйиб қасамёд қилган эдилар. Залда қарсак садолари янграган, Ўзбекистоннинг кўзга кўринган обрў-эътиборли кишилари сўзга чиқиб, Ислом Каримовни бу юксак ишонч билан муборакбод этган эдилар.
Жумладан, Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, СССР халқ артисти, машҳур кинорежиссер Малик Қаюмов, Конституциявий суд раиси Шавкат Ўразаев ва бошқалар сўзга чиққан, янги сайланган Президентни олқишлаганлари ёдимда.
Ана шундай олқиш ва мақтовлар оғушида сархуш ўтирган  Президент учун қуёш чарақлаб турган мусаффо осмонда кутилмаганда момоқалдироқ гумбирлагандек бўлди: Олқишлар тугаб, Президент мамнун ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйганча ҳаммага таъзим бажо этаркан, бехосдан ҳа, йўқ, бе йўқ,  мажлислар залининг қоқ ўртасидан Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари минбар томон йўл олади.
Хўжа хизрдек оппоқ кийимлари ўзига ярашган шайх Ҳазратлари айтилган барча табрик ва олқишларга қўшилган ҳолда, ўзига хос оғир ва босиқлик билан Ислом аканинг кўзларига тик қараб, ушбу нутқни момоқалдироқдай овоз билан ирод этган эдилар:
– Муҳтарам Ислом ака! Мен бу ерда айтилган барча табрик ва тилакларга қарши эмасман. Лекин бугунги муборак кунда Оллоҳнинг бир ўгитини Сизга эслатиб қўйишни ҳам ўзимни бурчим деб биламан. Оллоҳ айтадики, қайси бир шаҳарнинг кўчаларида бирор бир отнинг туёғи ногоҳ бирор  тошга қоқилса, бунинг учун биринчи навбатда Оллоҳ олдида подшо жавобгар бўлади. Чунки подшо шаҳар кўчаларидаги тошларни тердириб туриш учун Худо олдида масъулдир…
Боя зал ўртасидан оппоқ кийимда минбар томон гапириш учун келаётган халқ ноиби – муфтий Ҳазратлари эди. Ушбу нутқни ирод этгач эса у энди депутатлар наздида аллақачон Хўжаи Хизрга айланиб улгурган эди.
Мен бу залда жуда кўп нутқлар эшитган ва жуда кўп таниқли сиймоларни кўрганман. Ўзим ҳам партия съездларида шу минбардан туриб нутқ ирод этганман. Лекин бугунгидай бетакрор ва ўзига оҳанграбодай тортувчи жарангдор ва оҳанграбо нутқни ҳали эшитмаган эдим.
Мана, ўттиз йилга яқин вақт бўлаяптики, ундан олдин ҳам, кейин ҳам – бундай тўғри ва одил сўзни давлат раҳбарига қараб ҳали ҳеч ким юзма юз туриб айтолмаган эди.
Муфтининг ушбу кутилмаган “табрик ва огоҳи”дан бутун зал ҳайкалдай қотиб қолгани ҳамон кўз ўнгимда турибди. 
Яна шу нарса ёдимдаки, муфтий ушбу сўзларига бир қатор изоҳ ҳам бера бошлади. Яъни, шаҳар деганда Оллоҳ мамлакатни назарда тутиши ва кўчалар деганда – жамият ва бу тошлар ҳақидаги ташбеҳлар ҳам оддий тош эмас, балки инсон тақдирида учраб турадиган турли туман маломат ва бўҳтон, бало қазо тошлари экани ҳақида чиройли ва мазмунли изоҳ бера бошлади.
Подшо – жамиятни бало қазолардан сақлаш учун худо олдида жавобгар эканлигини подшонинг кўзига тик қараб изоҳлар экан, ўшанда мени ҳайратлантирган энг унутилмас ҳолат – муфтий бу сўзларни  шоҳ олдида ийманиш ёки сесканиш нарида турсин, ҳатто кипригини ҳам қоқмай гапирди…
Бу одамда шунчалар куч ва қудрат, жасорат ва шижоат борлигидан бутун зал унга термулганча маҳлиё бўлиб қолган эди.
Яна бир ажабланарли жойи шундаки, шу пайтгача ҳамду санолардан арслон мисол кўкрак кериб ўтирган Президент муфтийнинг бу огоҳларидан сўнг бир пасда сувга тушган мушукдай мунғайиб қолди.
Мен Ислом акани яхши биладиган одам сифатида шу нарсага амин эдимки, бу мунғайиш вақтинча эди. У рўпарасида турган муфтийни қаеридан ва қандай чанг солишни кузатиб ва кутиб турган йиртқич йўлбарсга ўхшарди.
Агар йўлбарснинг ҳамла олдидаги ҳолатини кузатсангиз, у худди шундай бўйни билан ерга ётиб олиб, ўлжасига мунғайиб назар солиб турганини кўриш мумкин. Ислом аканинг ўша кунги мунғайиб боқиши ҳам – йўлбарснинг ўз ўлжасини кузатишига ўхшаб кетарди.
Кўп ўтмай менинг бу кузатишларим ўз исботини топди…
Мен ўша шонли ва суронли кунлар, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётидаги  воқеаларидан яхши хабардор бир инсон сифатида бугун ўз таассуротларимни айтиб ўтсам, ортиқчалик қилмаса керак деб ўйлайман…”
Исмат ХУШЕВ:  Шоҳ билан Шайх тўқнашуви қандай юз берган эди?

 

19.
Мен “Президент эркатойининг хотиралари” номли китобимдан келтирилган бу парча билан Парламент ва Сенат йиғилишлари бугун ҳам худди тўқсонинчи йиллар бошидаги каби жанжал ва тўполонлар билан ўтсин демоқчи эмасман.
Мен бу йиғин ва машваратларда соғлом баҳс ва рақобат бўлиши тарафдориман. Тўполон чиққан жойдан – тинчлик ва тотувликка зиён етади, бу бор гап. Лекин, айни пайтда соғлом ва сиёсий баҳс бўлмаган парламент ва сенатга эга бўлган мамлакатда бир қадам ҳам олға кетиш мумкин эмас. Бу ҳам бор гап ва ундан кўз юмиб бўлмайди.
Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари эндигина Президент этиб сайланган Ислом Каримовга қарата одоб билан айтган ўша гапларида нима ёмонлик бор?
Агар Президент ўшанда муфтийнинг бу сўзидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига қасоскорлик ва зулмкорлик билан шуғулланмаганида эди, кейинги 27 йилда юртимизда ҳур фикр ва тўғри сўз айтиш эркинлиги бунчалар таназзулга юз тутмаган бўларди? Шу маънода Парламент ва Сенатнинг мамлакат ижтимоий сиёсий ҳаётидаги ўрни жуда муҳим ва беқиёс.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида парламент ваколатларини кенгайтириш ҳақида гапираркан, айни пайтда уларнинг бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бера олмаётганларини ҳам очиқ ойдин эътироф этиши, уларни курашчан ва яхши маънода – исёнкор бўлишга чорлаши керак эди. Лекин, афсус, бундай бўлмади…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
28 декабрь 2018 йил – 3 январь 2019 йил,
Торонто шаҳри, Канада…

 

"1" Comment
  1. Исмат ака Сиз бизни Узбекистоннинг тирик якин тарихисиз ўша давр шунча инсонларини яхши биласиз мушоҳадаларингизга кушиламан.

Leave a Reply
*