Menu
Categories
Карим Баҳриев: Фейсбукда бир шоир топдим. Россияда ишлаб юрган Илҳом Иброҳимов
01/04/2019 Адабиёт

Фейсбукда бир шоир топдим Россияда ишлаб юрган Илхом Иброхимов деган йигит. Такводор инсоннинг махдумкулиена нолалари

Ўзанини қурт кемирган, чинорлардан эҳтиёт бўл.
Хулқи эшшак табиатли, тулпорлардан эҳтиёт бўл.
Қораларнинг ранги қора, оқлар доим оқ кўрингай, 
Сен шу икки ўртадаги, чипорлардан эҳтиёт бўл.

Қобил қўлин қонга белаб, қотил қилган шу эрур,
Юракларни еб битирган, бедил қилган шу эрур.
Ҳисоб куни одамларни, бетил қилган шу эрур,
Юрагида ҳасад ётган , беморлардан эҳтиёт бўл.

Бармоқларинг йиғиб мушт қил, енгилганлар тарқоқдир,
Ҳақдан қўрққан ботир асли, қолган барча қўрқоқдир,
Ким дунёни фоний билса, у албатта уйғоқдир,
Ухлашингни кутиб ётган, бедорлардан эҳтиёт бўл.

Гуноҳларни жомга қуйиб, чиқар ол-ол деганлар,
Кайф-сафосиз ўтса ёшлик, қандай увол деганлар,
Сен-ла жаннат ўртасида, ўзим даллол деганлар,
Иймонингни пулга чаққан, бозорлардан эҳтиёт бўл.

Бирор марта енгилмаган, полвонлар ҳам гўрдадир,
Полвонларни тиз чўктирган, жанонлар ҳам гўрдадир,
Фақирлар-ла баб-баробар, ҳоқонлар ҳам гўрдадир,
Жаҳаннамга эшик бўлган, мозорлардан эҳтиёт бўл.

Илҳом

04/01/18 йил

Дил севдинг дер, мен этиб инкор,
Ўз дилимдан ўзим тонаман.
Ишқ садоси дейдилар ашъор,
Жамолингдан илҳомланаман.

Сен гулмидинг жаннатда ўсган,
Ёт қўлларни тикон-ла кесган,
Ой юзини булутдек тўсган,
Рўмолингдан илҳомланаман .

Мунча гўзал ишқ деган гўша,
Ол қалбимни гулларга қўша,
Сен излаган шоирман ўша,
Саволингдан илҳомланаман.

Менда қийноқ, сенда жам ибо,
Васлинг дилни тортган қаҳрабо,
Ифорингга беланган сабо,
Шамолингдан илҳомланаман .

Дил дер яна, сен учун жон у,
Жаннат сари йўлчи, имкон у,
Фаросатда маликабону
Камолингдан илҳомланаман .

Токи ётмиз, солмасман нигоҳ,
Кел,дилларни боғласин никоҳ,
Фароғатга бурканиб, э воҳ,
Висолингдан илҳомланаман .

Илҳом.

03.01.18й

Раҳм айла кўзим ёшига,
Тўзғимасин ҳажрингда кулим.
Етганингда кўча бошига,
Орқага бир қараб қўй ,Гулим.

Изларингдан этаман хитоб,
Наҳот менсиз чекмасанг азоб,
Олдиндаги барчаси сароб,
Орқага бир қараб қўй ,Гулим.

Тўхта бир зум,тўхта қундуз қош,
Мажнун мисол эгмоқдаман бош,
Кўзларимда жило берар ёш,
Орқага бир қараб қўй,Гулим.

Севги жумбоқ , муҳаббат бу сир,
Айрилиқнинг тиғи ифлос,кир,
Бу висоллар мумкин сўнгидир,
Орқага бир қараб қўй , Гулим.

Илҳом

2002 ХМАО

Барча шамлар сўнди дил хонасида,
Етар бу дунёда кутиб турганим.
Кутгум жаннатларнинг остонасида,
Хайр, Аллоҳ учун яхши кўрганим.

Сатрдасан, билмам сочинг рангини,
Тўхтат соғинчларнинг қонли жангини,
Кетдим, терс дунёнинг излаб ўнгини,
Хайр, Аллоҳ учун яхши кўрганим.

Боқсам кўзларингга, кипригинг найза,
Азобларинг ботмон, шодлик бир пайса,
Ҳақ учун кечмоқ бор, Ҳақни деб суйса,
Хайр, Аллоҳ учун яхши кўрганим.

Ўнта хат жўнатсам, учта сўз жавоб,
Тунимдан ой қочган, кунимдан офтоб,
Умид либосини кийганмиш сароб,
Хайр, Аллоҳ учун яхши кўрганим.

Тонгни қаршилайман, тун мижжа қоқмай,
Ҳаммага ёқсам-да, бир сенга ёқмай,
Сен-чи борадирсан, орқага боқмай,
Хайр, Аллоҳ учун яхши кўрганим.

Нечун ярим йўлда чиқдинг йўлимдан,
Гул истаб, гулдонлар тушди қўлимдан,
Бу ишқ висол истар энди ўлимдан,
Хайр, Аллоҳ учун яхши кўрганим.

Ғам тўла кўнгилдан, шеър чиқар маҳзун,
Ўлсам, лолаларга айланар юрак.
Билдим, изҳорингни эшитмоқ учун,
Яратганни қаттиқ севмоғим керак.

Илҳом

23/09/18 йил

No photo description available.
"2" Comments
  1. Sobir To’laganov

    Hayxot!!! “Kelajagimiz buyuk” bo’lsin uchun zindonband etilgan iqtidorli yosh olim Akrom hanuz qamoqda, Ilhom shoir esa Rossiyada mardikor! O’zbekiston xalqi IAK qoldirgan “meros”dan qachon butkul qutilarkin?

  2. Аҳли Расул Муҳаммад

    Ҳақдан қўрққан ботир асли, қолган барча қўрқоқдир —
    Инсоният фоний дунёсининг ягона бош ҳақиқатидир бу!

Leave a Reply
*