Menu
Categories
Бахтинисо «Агарда қайтмасам…» дея бизларни тарк этди
01/06/2019 Ўтганлар ёди
19:00 / 06.01.2019 41101

Бахтинисо «Агарда қайтмасам…» дея бизларни тарк этди

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожииун! Биз Аллоҳникимиз, ва албатта Аллоҳга қайтажакмиз! Азиз, саховатпеша юртдошлар, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ёш, иқтидорли шоира қизимиз Бахтинисо Маҳмудова синов дунёсини тарк этгани хусусида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда Бахтинисо билан биргаликда Анқарага борган Муаззам Иброҳимова ҳам ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Албатта, бу дунёга ҳеч ким устун бўлмаган. Ким бўлишидан қатъи назар ўткинчи дунёни тарк этиши аччиқ ҳақиқат. Аммо, шундайлар борки, улар қисқа умр кўрсалар-да, ўзларининг ортидан ёрқин хотиралар қолдиради. Синглимиз Бахтинисо ҳам худди шундайлардан эди. 1-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, орзу-умидлари осмон, иродаси жуда кучли ва яхшиликдан умидвор инсон эди.
Бахтинисо Маҳмудова Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида 1993 йил 31 октябрда дунёга келган, ўзбек шеъриятида порлаётган иқтидорли шоира қиз эди. Бахтинисо 2010-2011 йилларда орқа мияда қисилиш борлиги сабабли 4 марта мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган. Республика Нейрохирургия институтида сўнгги кўрикдан ўтганида, орқа миядаги киста катталашаётгани туфайли шошилинч тарзда жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлиги, бу амалиёт Ўзбекистонда амалга оширилмаслиги боис, бемор Туркия, Россия ёки Ҳиндистонга бориши талаб этилар эди.
Бахтинисонинг даволаниши учун, таъбир жоиз бўлса, бутун Ўзбекистон курашди, маблағ йиғди. У 2018 йил 17 декабрда Туркиянинг Анқара шаҳрига йўл олди. 2019 йил 3 январида жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиққани, оёқлари оғриқни ҳис қила бошлагани, ўзи мустақил қимирлата бошлагани ҳақида Бахтинисонинг ўзи жуда хурсанд бўлиб хабар қилган эди. Афсуски, бу охират сафаридан олдинги хурсандлиги экан.
Kun.uz таҳририяти Бахтинисо Маҳмудованинг даволаниши учун зарур бўлган маблағнинг тўпланиши учун холис ниятда бир неча бор хайрия акциялари ташкил этди. Унда Ўзбекистонда ва хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз фаол иштирок этишди. Умид қиламизки, гарчи натижаси ижобий бўлмаган бўлса-да, ушбу хайрли ишда дуолари билан, маблағлари билан озми-кўпми ҳисса қўшганларнинг ажр-у савоби кўпайтириб берилади.
Аллоҳ Бахтинисони ўз раҳматига олсин, дардларини гуноҳларига каффорат қилсин, хайрли амалларини йўлдош қилсин, ортида қолган яқинларига чиройли сабр берсин! Омиин!
Kun.uz таҳририяти ҳам Бахтинисонинг яқинларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини изҳор қилади.
Уфқ дунёсига дил берди жоним,
Усиз яшамоққа йўл берди жоним.
Қонимни тун билан тўлдирди жоним,
Гуллардан қарз бўлдим ранглар олдида.
Оғир карвонларга дуч келиб бағир,
Кўзлар сағир бўлди, нигоҳлар оғир.
Томчилар юлдузлар айланди охир,
Тўкилиб юраги гунглар олдида.
На-да арзим бордир, на-да ўкинчим,
Фақат кўҳна мактуб бузади тинчим.
Ҳеч немас ловуллаб кетган соғинчим-
Руҳимдаги сўнгсиз жанглар олдида.
Ака, йўсини бор заминнинг, кўкнинг,
Оддий нафаси бор ҳатто буюкнинг.
Елкамда мук тушиб йиғлаган юкнинг
Минг бир арази бор тонглар олдида.
Дейсиз « Кечир мени, важларим пича,
Ёниб шеърлар ёздинг, айтмадим қанча…»
Ахир борманми-йўқ «кейинроқ»қача,
Кейин нима дейсиз мунглар олдида?

***

Кўзларимни юмиб олдим.
бу дунёнинг
ҳасрат тўла кўзларига қарамайман,
ҳайрат тўла кўзларига қарамайман,
ҳайбат тўла кўзларига қарамайман.
Жим кетаман.
жимлик тўлган томчи бўлиб,
жондан қочиб, ўз жонига соқчи бўлиб,
бу дунёга… дилга келган совчи бўлиб
жим кетаман.
О, азизим!
сенга яна хатларим бор,
аҳдларим бор,
дардларим бор,
бахтларим бор.
ҳисобимда…
сенга етмас вақтларим бор,
О, азизим!
Бу гул умрим, гул ҳаётим, гул юрагим
не-не гулгун шеърларимни хазон этмиш.
яна Ўзи қаддимни бир осмон этмиш.
яна Ўзи… мушкулларни осон этмиш.
Мен не дейин?

***

Агарда қайтмасам…Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.
Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.
Агарда қайтмасам, қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб…

Шеърлар муаллифи марҳума Бахтинисо Маҳмудова.

https://kun.uz

Leave a Reply
*