Menu
Categories
Журналист Карим Баҳриев “Демократия ва тўртинчи ҳокимият” мақоласидан…
01/09/2019 Бош мақола

Адабиёт газетаси, 9-сон, 2018 йил 25-май.

К.Бахриев “Демократия ва тўртинчи ҳокимият” мақоласидан

Бенито Муссолинидан дастурхон устида ўғли сўраган экан: “Ота, сизни ҳамма фашизм назариётчиси, дейди. Айтинг-чи, қисқа ва лўнда айтганда фашизм ўзи нима?” Кайфияти йўқ пайти эканми, дуче жавоб ўрнига ғазаб билан: “Овқатингни егину оғзингни юм!” — дебди.

Зеро, шунинг ўзи энг лўнда жавобдир, фашизмнинг мухтасар изоҳидир. Демократик тузум эса халқининг оғзини беркитмайди, аксинча, ундан фикр ва қувват олади.


Ленин ва Сталиннинг синфий фашизми ҳам Гитлер ва Муссолинининг ирқий фашизми каби халқининг оғзини беркитиб келди. Мабодо оғиз очса, совет тузумини мақташ учун очиши керак эди, лаб тасдиқ учун жуфтланар, мабодо савол учун чоғланса, зуғум билан беркитиб қўйиларди. Беркитишни истамаса, оғиз билан қўшиб бош ҳам кетарди.


Тоталитар тузум айнан халқининг фикрсизлиги эвазига кун кечиради, эл қанчалик узоқ жим ўтирса, бу тузум шунчалик узоқ яшайди, агар у озроқ ошкораликка йўл берса, халқ фикрлашга тушади ва миллий тил, тарих, мерос ҳақида сўрай бошлайди.

Қадр-қиммати, тили ва тарихини билган халқ ўзининг қулларча турмушига кўнмай қолади ва тоталитаризмга дарз кетади.Буни собиқ шўролар тузуми тақдири яққол кўрсатди. Ҳар қандай тоталитаризмнинг оқибати шудир.


Сўз эркинлиги инсон эркинликларининг калитидир. Инсон ўз ҳуқуқ ва манфаатларига талабгор бўлиши учун энг аввало уларни изҳор қилиш ҳуқуқига — сўз эркинлигига эга бўлиши лозим.

Ўз ҳақ-ҳуқуқларинг ҳақида айтишники иложи бўлмаса, уларга эга бўлиш, эришиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

 

Image may contain: 1 person
 Адабиёт газетаси
Leave a Reply
*