Menu
Categories
Нурхон Элмирзаева: Гулдай умри хазон бўлган Гуллоланинг айби нима эди?
01/09/2019 Бош мақола
ХАЗОН БЎЛГАН ЧЕЧАКЛАР
Нурхон Элмирзаева
МУНОСАБАТ МАЙДОНИ
(Суд очерки)
ГУЛДАЙ УМРИ ХАЗОН БЎЛГАН – Гуллола
Номуси топталган 12 ёшли қизалоқнинг айби нима эди?
Жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди мажлисида кўрилган ушбу жиноят иши тафсилотларини ўқиш…ёзишни қўяверинг, ҳар қандай ақли бутун одамни даҳшатга солади. Юрагингиз орқага тортиб кетади.
…Қумринисо Алимқулова. Шу туманда истиқомат қилади. Бир нечта жиноятларнинг сабабкори: ўн тўрт ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш, фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш, одам савдоси, давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузишда иштирок этган. Бу қилмишлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тўрт фарзанднинг онаси бўлмиш Қумринисо муқаддам судланган ва айби бўйича тегишли жазо муддатини ўтаган бўлишига қарамасдан, хатоларидан тўғри хулоса чиқариш, бундан бу ёғига ҳалол меҳнат қилиб, оиласи ва жамиятга фойдаси тегишини, энг муҳими, оналик ва аёллик шаънини сақлашни ўзига муносиб билмади. Нафс аталмиш душман ётса ҳам, турса ҳам, уни ўз йўриғига йўрғалатар, оқ қолиб қора, савоб қолиб гуноҳ ишларни бажаришга ундашдан чарчамасди.
Кўр-кўрни қоронғида топади, деганларидек оққўрғонлик Маликахон билан танишуви ва унинг таклифи осонгина бойиб кетиш борасидаги орзуларини янада алангалатиб юборди гўё:
– Сизнинг вазифангиз жуда осон, ёш ва чиройли қизларни топасиз ва менга етказасиз, холос. У ёғини бизга қўйиб бераверинг, қарабсизки, муллажиринглар кафтингизда.
Хуллас, Маликанинг таклифи шу туни унга уйқу бермади. Нафс яна бир карра ақлидан устун келди. Акс ҳолда, ўгай тоғасининг қизи, ҳали вояга етмаган, ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган 12 ёшли Гуллолани нишонга олмаган бўларди! Гуллоланинг ўгай ота қўлида тарбияланаётгани ва отанинг улар билан бирга яшаётган келини қизчага кун бермаётганини яхши билган Қумринисонинг назарида қизалоқ ҳақиқий “номзод” бўлибгина қолмай, уни осонгина тузоғига илинтиришига жуда ишонар эди. Бахтига, у кириб борганида она-бола тушкун кайфиятда ўтирган эди.
– Агар рози бўлсангиз, Тошкентда яшайдиган синглимникига жўнатамиз Гуллолани. Синглим қўғирчоқ дўконига ёрдамчи излаб юрганди. Яхшигина маош ҳам тўлайди, – иш таклиф қилди “меҳрибон” қариндош.
Хуллас, у ниятига эришди, онаизор қизини жабру ситамлардан халос этишни истаб шунга рози бўлди, Гуллола эса ҳали бола эмасми, қўғирчоқ сўзини эшитиши билан “Тезроқ бора қолайлик, аммажон”, дея шошиларди. У Гуллолани етаклаб синглисиникига эмас, Маликанинг уйига келди. Малика қизчанинг попукдек қоп-қора қош-кўзчаларига, навниҳол бўйи-бастига тикиларкан, воситачини ҳаволантириб қўйди:
– Дидингиз чакки эмас, сизни ўнгқўлим қилиб олсам бўларкан. Мана бу эса хизматларингиз учун хамир учидан патир. Қолганини иш битганидан кейин оласиз, – дея Қумринисонинг қўлига ўрамланган пул тутқазди.
Сўнг пойгакда ийманибгина турган Гуллолани ёнига имлади:
– Сени ўзим ҳадемай Тошкентга олиб кетаман, самолётда, унгача меникида туриб турасан.
Малика билан аэропортга келганида илк бора самолётларни кўриб, Гуллоланинг юраги жўшиб кетди. Ҳадемай Тошкентга етиб олиши, кейин аммасининг иссиққина “дом”ида унинг болалари билан бирга яшаб, дўконида сотувчилик қилиши, айниқса, қўғирчоқлар савдоси билан шуғулланишини ўйлаб, шодлиги ичига сиғмасди. Самолётга чиқишгач, тезроқ учишини шунчалик истадики… Бироқ ҳаво кемаси уларни аслида Дубай шаҳрига элтаётгани ва у ерда уни қандай қабиҳликлар кутаётганидан хабари йўқ эди-да бечоранинг. Маликанинг ўғли Жонибек илиқ қарши олганида “яхши одамлар”нинг “самимий муомаласи”дан янада хурсанд бўлди. Қарангки, Жонибек қизалоқнинг “моҳир сотувчи бўлиши, мижозлар билан яхши ишлашини истаб” инглиз тилидан уч кун тезкор сабоқ олишини таъминлади. Тўртинчи кун эса “амма”никига отланишди.
– Сиз ким бўласиз?! – алдов йўллар билан меҳмонхонага олиб борилган ва хоналардан бирида ўтириб аммасини кутиб туриши тайинланган Гуллола 50 ёшлардаги араб кишини кўриб қўрқиб кетди…
Афсуски, қизалоқнинг саволи жавобсиз қолди, аксинча, бобоси тенги ҳалиги киши саволига жавоб бериш ўрнига унга тобора яқинлашиб келар эди. Юраги нохушликни сезган Гуллола жон ҳолатда чинқирганча қочиб, қўшни хонага ўтиб, яширинди. Унинг овозини ҳеч ким эшитмас, номаълум кимса эса ортидан таъқиб этиб келди-ю, эшикни ичкаридан қулфлаб олди. “Амаки” шунчалик тошбағир эканки, қизалоқнинг ялиниб-ёлворишлари, қуралай кўзчаларидан тизилган аччиқ кўз ёшлари ва ҳатто оёғига тиз чўкиб нажот сўрашлари унинг қалбини эритмади…
Шу куни ўзга юртда, ўзга мамлакат фуқароси қўлида ўз қариндошларининг “кўмаги” билан гулдек умри топталган, ширин орзулари саробга айланган Гуллола ўз юртдоши Жонибекнинг ҳам ўлжаси бўлди.
– Бу ердан қочиб кетишни сира ҳам хаёлингга келтира кўрма, – кечагина меҳрибон бўлган Малика асл башарасини намоён этиб тилга кирди. – Бу ер Тошкент эмас, Дубай. Сени олиб келиш учун кў-ўп харажат қилганмиз. Онажонингни ёнига соғ-омон қайтишни истасанг, топшириқларни сўзсиз бажаришинг керак, акс ҳолда, ўлдим деявер!
Гуллола юртига эсон-омон қайтиш учун одамфурушларнинг тилсиз қуролига айланди. Уч йил умри уларнинг “фойда”сига ишлаш учун сарф бўлди. Ахийри қулликдан безган қизгина у ердан қочиб, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қўлига топширди ва улар кўмагида Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлди…
Гуллола ёшлигидан ҳавода парвоз қилишни истарди. У атиги икки марта самолётда учган бўлса, икки сафари бир-­бирига сира ўхшамасди: биринчисига улкан орзулар қанотида учган бўлса, кейингиси – қайтиши умрининг энг қора таассуротларига тўла эди…
Энг ёмони, бунга бегона эмас, ўзига яқин билган кишилар сабаб бўлганини эсларкан, кўзларидан аччиқ ёшлари шашқатор оқар, лаблари ва бўғзини куйдирарди. Оҳ, унинг орзулари – эсизгина орзулар, топталган орзулар.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
журналист,
“XXI asr” газетаси 2018 йил 26 июль
P/S: Мақолада келтирилган исм ва фамилиялар ўзгартирилган, воқеа яқин ўтмишда содир бўлган, уни етказишдан асосий мақсадимиз сиз азизларнинг дилингизни хуфтон этиш эмас, ҳушёрликни оширишдир.
Leave a Reply
*