Menu
Categories
Муаззам Иброҳимова: Бахтинисо энди орамизда йўқ – “Ўтганлар ёди” туркумидан
01/10/2019 Бош мақола
 Muazzam Ibrohimova

22-декабрь. Анкарага энди келган кунларимиз эди. Камқувват деб операцияси қолдирилгач даволашни бошладик ва кайфиятини чог қилиб, кўнглини кўтаришга уриндим.
-Бахтинисо, юринг бир жойга олиб бораман.
-Қаёққа опа?
-Овроосиё ёзувчилар бирлигига!
-Йўгей! Ростданми?
-Ха!
У момосини шошириб жуда тез кийинди. Воҳиджонга ҳам ” Бўл тез-тез” дея, меҳмонхонанинг биринчи қаватида турган аравачасига кўтариб тушгунча ҳам хол-жонига қўймади.
– Мунча иммиллайсан?! …Опа, халиги битта таржима қилинган шеърим бор, ўқиб берсам бўлади-а?
-Албатта! Иккитаси, йўқ учтасини ўқимайсизми хохласангиз.
– Қулоқларимга ишонмаяпман. Момо рўмолингизни тўгирлаб, сал ўзингизга қараб олинг. Қаерга кетаётганимизни эшитмадингизми?
Набирасининг беозор эркаликларикларига кўникиб кетган моможон жилмайиб рўмолини тўгирлади ва пилдираганча аравачанинг олдига тушди…

Манзилга етиб борганимизда раис Ёқуб Умарўгли хали келмаган, аммо таниқли бир ёзувчимизнинг ўша ерда ишловчи қизи бизларни очиқ чеҳра ва иссиқ чой билан кутиб олди. Бироздан сўнг Ёқуббей хам жилмайиб кириб келди. У Бахтинисони ижтимоий тармоқ орқали оз-моз танигани учун чиройли суҳбат бошланди. Аравачада ийманибгина ўтирган ушоқдек қизчанинг Самарқанд шеър оқшомларида қатнашганини эшитган раиснинг хайрати ошди. Бахтинисо телефонини титкилаб, тадбирда олинган суратларни кўрсатгач, жилмайиб турган таниш чехрага ишора қилиб хурсанд бўлди:
– Ахир бу йигит туркку! Уларни мен жўнатгандим.
Шундан сўнг у ўша шоир йигитга сим қоқди. Кўзлари қувончдан порлаб кетган Бахтинисо Самарқандда учрашган турк ижодкори билан қуюқ сўрашди:
-Кардаш насилсин? Бан Анкарага галдим. Нередесин? Гал… Тап нердейим? Уюшмеде..

Унинг туркчасидан завқланиб кетган Ёқуббей ёш боладай илжайиб ўтирарди.
Телефондаги мароқли сухбат тугагач,
Бахтинисодан бирорта шеърини ўқишни илтимос қилдим. У ийманиб ” Мен ва сен” шеърини туркчада ўқиб берди…

-Надир Жанузак ийими?
-Вай, униям танийсизми? Хозир Нодир акага қўнгироқ қиламан. Сиз ” Але” десангиз қотиб қолса керак.
Нодирбекка уланиб бўлмагач, унинг телеграмига биргаликда тушган суратларимиздан юборгачгина Бахтинисонинг кўнгли хотиржам бўлди.

-Ёқуббей—дедим, совга қилмоқчи бўлган китобига дасхат ёзаётган раисга – Эсингизда бўлса ” Хужжатларингни тўгирласанг сафимизга қабул қиламиз” деган эдингиз. Мен бу қизнинг олдида ўзимни ижодкор дейишга уяламан. Турк дунёсининг бошқа ташкилотларга қабул қилишгани хам етади. Илтимос, Евроосиё ёзувчилари бирлигига шу синглимни қабул қилинглар.
-Тамам! -деди у гапим тугамай, – Бахтинисо сен кучга тўл. Даволан! Операциядан яхши чиқиб, шу ерга келган кунинг сафимизга тантанали қабул қилиндим деявер! Хужжатларинг ва нашр қилинган китобларингни нусхасини эса электрон кўндир.
-Ростданми? Ялан дейилми?- деди у, кўзлари ёшланиб. Ўзбекистонга қайтишим билан ўзимизнинг Ёзувчилар уюшмамизга ҳам қабул қилишга ваъда беришганди. Улардан аввал сизлар қабул қилсангиз, зўр сюрприз бўларканда! Урааааа….

Ўша куни сухбатнинг барчасини видеога олмаган бўлсамда, икром этилган магизли ўрик, ширага ботирилган анжир ва бошқа ширинликлардан
паққос тушираётган Бахтинисони кўриб ” Қани энди, иштахаси ҳар куни шундай бўлсаку” деб яйраб ўтирардим.

Муаззам Иброҳимова

Image may contain: 6 people, people smiling, people standing, shoes and outdoor
Image may contain: 3 people, people smiling, people sitting and indoor

 “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
"1" Comment
  1. чет эллик

    “Эрта бошлади, тез тугатди”. Афсус… .

Leave a Reply
*