Menu
Categories
«ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ» Бош муҳаррири Исмат Хушевга Шуҳрат Барласдан ОЧИҚ ХАТ
01/13/2019 Демократия сабоқлари

 

ОЧИҚ ХАТ

«ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ» Бош муҳаррири Исмат Хушевга

 

Ассалому алейкум.

Исмат ака яхшимисиз, ҳорманг. Фарзандларингиз, неваралар, янгам ҳаммаси омон ва соғми? Сиз бошлиқ бўлган оилангиз аъзоларининг барчасига ҳурмат ва эҳтиромларимни билдираман.

 

Янги йилда, янги ижод наъмуналирингиз билан яна ўзбек элининг олдида хизматда эканингизни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. «Дунё Ўзбеклари» сайтини ҳам, муаллифлик телевизион лоиҳангизни ҳам мунтазам равишда ўқиб, кузатиб бораман.

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтидан 06.01.2019 17:28 да чиққан «Мурожаатномани тинглаб…» номли материалингизни ўқидим. Табриклайман. Илоҳим давомли бўлсин, ижодингизга барака.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Парламентнинг юксак минбаридан туриб, йил якунига бағишланган Ўзбекистон халқига Мурожаати сифатида қилган тарихий нутқи ҳақида билдирган муносабатингиз Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, яъни давлат ахборот агентлигининг сайтидан чиқарилиши ва бу мақола муаллифи ўлароқ сизнинг имзонгиз, Исмат Хушев, «Дунё ўзбеклари» сайти бош муҳаррири Канада, Торонто шаҳри, деган ёзувнинг туриши, шахсан мен учун катта ҳодиса саналади. Олдинроқ бўлиши керак бўлган вазият, кечикиб бўлса ҳам Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан амалга оширилди.

 

Тўғрисини айтсам, «Мурожаатномани тинглаб…» номли мақолага фикр билдирган кўпчиликнинг қаторида, нечинчидир «муносабатчи» ролида бўлишни истамайман. Балки, советлар ўқитган этика ва эстетика тушунчаларидан айрилиб қолган қишлоқи бир ўзбекдирман ёки саводим камлик қилар. Нима ҳам дердим?

 

Балки, камина билмасдир, кўп нарсадан хабари йўқдир. Лекин, Президентнинг Мурожаатига «Дунё ўзбеклари» сайти бош муҳаррири Исмат Хушев сифатида билдирган самимий муносабатингиз, шунча йиллардан сўнг Ўзбекистонда, давлат ахборот агентлигида чиқарилган биринчи мақолангиз бўлса керак деб таҳмин қилдим.

 

«Мурожаатномани тинглаб…» номли мақолада билдирилган муносабитингизга келсак, бундан ҳам чуқурроқ ва кенгроқ таҳлилларни ва муносабатингизни бутун дунёга, деярли ҳар куни «Дунё Ўзбеклари» номли муаллифлик кўрсатувингиз орқали тизимли шаклда бериб бораяпсиз. Баъзи бир Ўзбекистондаги мутасаддилар бу фаолиятингизни белгиланган тартибда баҳолаб, тан олиб билишлари шарт. Шунга яраша, сизнинг Ўзбекистонда фаолият юритишингиз учун қулай шарт шароит ҳам яратишлари зарур.

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳозирги ислоҳатлар бошланишидан анча олдинроқ, бир неча йиллардан буён айнан Исмат Хушев томонидан айтилиб, тушунтирилиб, омма эътиборига етказилиб келинаётган таклифлар, талаблар ва истаклар Ўзбекистонда энди амалга оширилаяпти. Бу ҳақиқатнинг исботини кўришни ва билишни истаганлар «Дунё ўзбеклари» сайтига кириб, керакли маълумотни титкилаб, ахтариб кўрсин, балки кимларгадир ёқмайдиган ҳақиқатлар уша ерда ойдан аниқ бўлиб кўриниб қолар.

 

Баъзи бир ваҳимачилар вос-вос чиқариб, «Дунё ўзбеклари» сайти Ўзбекистонда блокланиб турганини баҳона қилар, ҳечқиси йўқ, Ўзбекистонда дунёда бир неча миллиард одамлар қўлланадиган Facebook, Youtub ҳам блокланган. Ойни этак билан ёпаман деб этагини кўтарадиганлар азалдан ўзбекга кетини кўрсатиб, шарманда бўлиб келган. На чора, ҳақиқат ҳаммага ёқишни истайдиган фоҳиша эмас. Қўпол бўлса ҳам, бироз ғалатироқ бўлса ҳам ҳақиқат – жасур ва мард йигитга ўхшайди. Йигит кишига, эркакни қилиғини қилиш ярашади. Байрам ўтгандан сўнг хинани… ёки арпа унини баҳона қилиш ноқулайроқ, бўлса керак.

 

Исмат ака, сиз билан ўртамизда мехр бор, менинг акамсиз, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидан чиққан сизнинг материалингизни кўрган заҳоти табрикладим. Нима дейишимни ҳам яхши биласиз.

 

Сиз билан фикрлашганда соддагина ўзбекона вазият ҳамма вақт ўртамизда бўлган. Шунинг учун, сиздан илтимосим, масалага бошқача қараб кўринг.

 

Тасаввур қилинг, мисол учун, сизнинг беғуборгина, одамгарчилик билан камтарона шаклда, ихчамгина қилиб ёзилган муносабатингизга камина ҳам муносабат билдириб:

 

«Мана, Исмат акам Шавкат акамнинг маърузасига муносабат билдирди. Шахсан Шавкат аканинг ўзлари бошлаган ислоҳатлар самарали бўлаётганини ва мамлакатимизда ростдан ҳам катта ўзгаришлар бўлаётганини дунё ўзбеклари тан олаяпти. Ўзбекистонда цензура бор, ёзган фикримизни ОАВдан чиқаришмайди, деб алжирайдиган муқбил тош отарлар Миллий ахборот агентлигининг сайтини кўриб қўйинглар, Исмат Хушевнинг мақоласи Ўзбекистонда чиқарилишига рухсат берилди. Мана, кўринглар…», деб пафос аралаш лаганбардорлик билан тилёғламачилик қилиб сизнинг муносабатингизга камина муносабат билдирса тўғри бўлармиди ёки шу шартми?

 

Сиз ҳам, камина ҳам биладики бунга эҳтиёж йўқ. Бундай қила олмайман, қилмайман ҳам. Бесунақай ва бетсизларча маддоҳлик қўлимдан ҳам келмайди. Балки, шунинг учун ҳам муносабатларимизда самимийлик ҳукм сураётгандир.

 

Ўзбекистон Оммавий Ахборот Воситалари сиз ёзган мақолалар ёки чет элда яшайдиган қайсидир бошқа Ватандошимиз ёзган мақолаларни мунтазам чиқариб бошлашини кутган эдим. Лекин, Президентнинг Мурожаатига билдирилган муносабатингиздан сўнг афсуски Исмат Хушев имзоси билан ёки чет элда истиқомат қиладиган қайсидир Ватандошимизнинг имзоси билан мақоласи Ўзбекистонда чиқарилмади. Айнан шу масала бўйича таҳлилий муносабат билдирсам тўғри бўларди.

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтидан чиқарилган сизнинг «Мурожаатномани тинглаб…» номли мақолангиз ҳақида Ўзбекистондаги ОАВларига материаллар юборгим келди. Уларга:

 

«Йигитлар, сизларнинг дунёдан хабаринглар йўқ, Исмат Хушев деган одам, бир неча йилдан бери Ўзбекистонда шундай ислоҳатларни қилиш керак, бўлмасам жамиятимиз инқирозга учрайди, кўзларингни очинглар, деб Канададан туриб жовраб келаяпти, келинг шу акани Ўзбекистонга қайтишини айтиб чиқайлик, ҳозирги бўлаётган ислоҳатларга шу ерда, ўз Ватанида туриб хизмат қилсин» деган мавзудаги мақолани Ўзбекистондаги таҳририятларга ёзиб юборишни жуда истаган эдим. Лекин, бу тарзда ёзилган материалларни «катталар» беодоблик деб баҳолаши аниқ ва ОАВлардан чиқарилмайди. Бу вазиятни сиз ҳам, кўпчилик ҳамкасбларимиз ҳам тушунишади ва билишади.

 

Шу вақтгача, Ўзбекистонда чиқадиган биронта газета ёки журнал, ҳаттоки ёш болалар ташкил қилиб, юритаётган сайтларнинг биронтаси чет элдаги ўзбекларнинг мақолаларини чиқармас эди, кимдир чиқаришга қўрқар эди ёки тепадан айтиб, чиқармайдиган қилиб қўйилган эди.

 

Балки, шунинг учун ҳам ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир ўзбек, ўзига керакли ва ўзбекларга тегишли сиёсий-ижтимоий маълумотни «Дунё Ўзбеклари» сайтидан излаб, топа оларди. Бунинг учун сизга ўз миннатдорчилигимни изҳор қилишни ўзбеклик бўрчим, деб ҳисоблайман. Ўзбекнинг сиздек йигитлари билан замондош эканлигимизга қанча фахрлансак ҳам арзийди. Шахсан мен учун бу катта шараф.

 

Дунёда қанча ўзбек Ўзбекистон ташқарисида яшаса шуларнинг зиёлиларининг деярли бариси шу Исмат Хушевнинг «Дунё Ўзбеклари» сайтини ўқийди ва муаллифлик кўрсатувини тамоша қилади. Ўзбек миллатининг тафаккурини бойитишга хизмат қилаётган зиёлиларимизнинг борига шукр.

 

Исмат Хушевнинг ижоди ва Ўзбекистон давлат бошқарув тизимида мавжуд бўлган баъзи бир муаммоларга муносабат билдириши Ўзбекистонда ҳам кўрсатилиши керак. Жамоатчилик бундан хабардор бўлиши шарт.

 

Давлат лавозимини эгаллаб турган мутасаддилар, шу вазиятдан тегишли хулоса чиқарадими ёки совет давридан қолган Оммавий Ахборот Воситалар билан ишлаш тизимининг ташқи кўринишини янги сувоқ билан ялтиратиб, яна одамларни алдашнинг инновацион усулларини қўлланишни давом этаверадими, бундан хабарим йўқ.

 

Ўзбекистонда, ҳалигача цензура масаласи ҳал этилмади. Шунигина айтишим мумкин. Чунки бу, долзарб ва ҳақ гап. Бор муаммони йўқ ўлароқ кўрсатишга жонбозлик қилиб юрганлар устига уст бўлиб, қалашиб ётибди. Ўзбекистонда цензура йўқ деган тушунчага фақат шу цензурани қилиб ўтирганларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким ишонмайди.

 

Ижодкорнинг мантиғини ва фикрини назорат қилувчи мутасаддиларни ошкор қилиш учун энг аввало оммага билдириш керак. Буни қандай амалга оширса бўлади, ҳайронман.

 

Эски Совет даврида ҳам цензура деган атама ишлатилмасдан матбуот, шоирлар, ва ёзувчилар ижоди назорат қилинар эди. Ҳозирги кунда Главлит, Узлит амалга оширадиган ишларни замонавий Ўзбекистонда қайси ташкилот бажараётганидан хабарим йўқ. Лекин, олдинги цензурачилар ҳозиргача мажбурий обуна қилинадиган газеталарда ишлаб юрганини бир неча йил олдин кўрганимда тарашадек қотиб қолганим эсимда.

 

Менинг шахсий фикримна кўра, ҳозирги Ўзбекистондаги «цензура» бир пайтлар эски советлар даврида давлат лавозимида ишлаб, кейин Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг давлат тепасига чиқиб олган амалдорларнинг кўнглига жойлашиб қолган ўзларигагина мос бир иллат бўлса керак.

 

Албатта тартиб керак, таҳририят, грамматик, имло хатоларга ва стилистикага эътибор бериши шарт. Лекин, бунинг ўрнига муаллифнинг фикрига ва хулосасига аралашдими, демак бундай жойда ҳеч қачон ривожланиш бўлмайди. Ўзларича, советдан қолган журналистикани бир нарса билан чатиштириб, дурагай яратишлари мумкин. Ожиз тушунчамга кўра бу журналистика бўлиб ҳисобланмайди, балки майнавозчиликнинг ўзгинаси.

 

Бир журналистнинг ёзган материалига нисбатан ўзбошимчалик қилиб, «мана бу ери ундоқ бўлибди», «мана бу ибора сал бошқачароқ бўлибди», «буни олиб ташланг», «мана бунингизни ўқиган одам бошқача ўйлаб қолиши мумкин», деган ёндошувлар билан бир нимага эришиб бўлмайди.

 

Гарчи, «Дунё Ўзбеклари» Ўзбекистонда блокланган бўлса ҳам замонавий техник имкониятлар ёрдамида, сиз бошқараётган ахборот ресурсига бемалол кириб, ҳар хил фикрларни ўқиса бўлади. Интилганга толе ёр, шоир Садриддин Салим Бухорий айтгандек:

 

Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким неки изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

 

Ушбу номани ёзаётганимда «Дунё Ўзбеклари Ўзбекистонда блокланган» деган иборага эътибор бериб қарасам, қизиқ бир маъно юзага чиқди. Беихтиёр астарли гап бўлиб қолибди. Кўнглингизга тегмасин. Маъзур тутинг. Аввалига, гапнинг этагини кўтариб, астарини тўғрилаб қўймоқчи бўлдим. Лекин, бунда ҳам бир маъно бордирда, деган мантиққа кўра шундайлигича қолдирдим. Чунки, ростдан ҳам Ўзбекистонда, нафақат сиз бошқараётган «Дунё Ўзбеклари» сайти, балки умуман дунё ўзбеклари блокланганга (таъқиқланганга) ўхшайди.

 

Президентимиз, самимият билан катта минбардан Ватандошларимизни Ўзбекистонга чақириб, маърузалар қилсаю бунга ишониб, Ватанига қариндош-уруғини, дўстларини кўришга келган одамни аэропортдан олиб кетиб, қамаб ташласа ёки ташқарига чиқармасдан, келган жойига ҳайдаб юборса, бу жуда ноқулай вазият. Кабинетда ўтирган қандайдир тўнка сифатли амалдор шундай қилиқлари билан бутун дунё ҳамжамияти кўз олдида Ўзбекистонни шарманда қилиши ҳам мумкин экан.

 

Келган меҳмонга қўполлик қилиб, уларни писанд қилмай гердайиб турувчи одамнинг устида давлат рамзлари бор, ўз қилиғи билан шу давлатни шарманда қилаётганини билмайди ҳам. Чунки, бу ишларни қилаётган бефаросат амалдорлар эски СССР чегараси ичидаги давлатлардан ташқарига чиқиб кўрмаган, дунёда нималар бўлаётганини фақат кинодан ва телевизордан кўрган. Пенсияга чиққанидан сўнг ҳам уларга чет элга чиқишга рухсат йўқ. Бу бечоралар қаердан билсин ёки қандай қилиб тушунсин, ўз кўзи билан кўрмаган ва ўзи шахсан ҳис этиб кўрмаган нарсаларни.

 

Бир пайтлар Ватансотарликда айбланиб, қидирув эълон қилинганлар, Ўзбекистонга келганида бўлмағур вазиятларга тушиб қолмоқда. Уйдирма айбловлар билан айбланиб, қанчадан қанча Ўзбекистон Ватандошлари қамоқда, азоблар остида ўлиб кетди ёки мажруҳ бўлиб қолишди. Омон қолганлар, бугунги кунга келиб, Президентнинг қарори, фармони ва ташаббусига кўра озодликнинг ширин ҳавосидан нафас олмоқда.

 

Ватан, бозорга чиқариб сотиладиган картошка, пиёз эмас ёки биров олиб қўядиган нарса эмас. Оддийгина муаллим ёки қандайдир туман газетасининг журналисти, роман, шеър ёзиб, элни дарди билан юрган зиёлилар Ватанни қандай қилиб сота олади? Ватан уларнинг қўлида эмас эдику. Ватанни давлат бошқарув тизимида халқ ишониб, бериб қўйган лавозимда ўтирганлар сота олади.

 

Буни устига, худди ўлганнинг устига тепкидек, бу воқеалар ҳақида биронта Ўзбекистон ахборот агентлиги хабар бермаса, Ўзбекистонда яшаб туриб, ўзимизда бўлган воқеанинг хабарини биринчи бўлиб «Дунё Ўзбеклари», BBC ва Озодликдан эшитсак жуда ғалати бўлар экан.

 

Президентимизнинг чақириқларни гўёки эшитмагандек ўзини тутадиган нусхалар, ўзларининг тартибига кўра қоғозбозлик ишларини бир инсоннинг кўнглига шикаст бермайдиган даражада бажара олишмаяпти. Ҳали ҳам эски НКВД, КГБ усуллари билан инсонлар билан муомила қилиши сабабли ўртада тушунмовчиликлар чиқарилмоқда.

 

Баъзида, мамлакатмизда олиб борилаётган ислоҳатларга нисбатан қилинаётган қаршиликларга қараб ҳайрон қоламан. Шу ишларни атайлаб қилаяпти шекилли, деган гумон туғилади.

 

Агар атайлабдан қилаётган бўлса унда бу қип-қизил саботаж. Бунга чора кўрилиши шарт. Билмасдан қилинаётган бўлса унда бу ғирт аҳмоқгарчилик. Бу ҳам миллат учун таҳликали. Давлат лавозими ишониб топшириб қўйилган одам дунёдан хабари йўқ аҳмоқ бўлса унда бу пешонамизнинг шўрику.

 

Очиқча кўзга кўринмайдиган, лекин сезилиб туриладиган саботажларга ва аҳмоқгарчиликларга назар солар эканбиз. Худди биров тепамизда туриб, фикримизни назорат остига олиб, «буни ўйлама», «буни фикр қилма», «фикрингни очиқ айтма бўлмаса қамалиб кетасан», деб ақл-заковатимизни, фикримизни камбағаллаштиришга бел боғлагандек. Бунинг оқибатида дунёдан хабари йўқ одамчалар пайдо бўлмоқда. Кўринишига қарасангиз туппа-тузукгина одам, гапиртирсангиз худди бошқа ердан адашиб келиб қолган бегонадек. Бундай аҳвол миллат учун жуда таҳликали вазият.

 

Бир миллатнинг пароканда бўлиши, тараққиётдан йироқда қолиши оқибатида миллий фожиа юз бериши мумкин. Бунинг ҳаммаси ўзига тегишли мустақил фикри бўлмаган, илғор фикрлардан мосуво бўлган манқуртлар сабабли юзага чиқиши мумкин. Зеро, дунёдаги энг машъум қуллик – тафаккур қуллиги, энг аянчли қашшоқлик – фикр қашшоқлиги, деган экан бир донишманд. Бу иборани, Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол мақолаларида ҳам, маърузаларида ҳам такрорлашни хўш кўради. Аслида ҳақиқатнинг асл мағзиям шунда бўлса керак, деб ўйлайман.

 

Инсонлар ўртасидаги зиддиятлар ва бир-бирига бўлган қарама-қаршиликларни тушунтириш ва ифода қилиш учун Абдулла Ориповнинг қуйидаги машҳур шеърида айтилган сўзлар мос келади, деб кўпчилик томонидан ишонилади ёки шундай талқин қилинади. Масалан:

Тингланг бу абадий садо бўлади,

Гадонинг душмани гадо бўлади,

Иккиси бир-бирин егунича то,

Ўртада бу дунё адо бўлади.

 

Гўзал мисралар.

Лекин бу каминага таълуқли эмас экан, деб ўйлайман. Чунки мен гадо эмасман. Аллоҳга шукр, оилам, уйим, жойим, бола-чақам, энг муҳими Ватаним бор.

 

Гадоларга ўхшаб топиша олмай юрмайман. Дунёнинг нарги четидаги Канаданинг Торонто шаҳрида турсангиз ҳам излаб топаяпмизку. Гадолар, дунё адо бўлганча бир-бирига душманлик қилиб юраверсин. Сиз билан биз ва бошқа йигитларимиз, дунёнинг қаерида бўлмайлик ўз Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонга эгалик қилишнинг уддасидан чиқиб билишимиз шарт.

 

Қайсидар давлат лавозимида ишлайдиган амалдор ўзи яратган найранглари билан ҳеч бир Ватандошимизни ўз Ватанидан жонини ва ҳурриятини асраш учун қочишга мажбур қила олмаслиги керак.

 

Бир бечорани, ўз Ватанини бир кўришга зор бўлиб қолган Ватангадога айлантиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Муаллифи ким экани эсимда йўқ. Балки халқдир. Аммо қуйидаги сўзлар барчамизга таълуқлидек кўринди.

 

Молим жонимнинг садақаси,

Жоним оримнинг садақаси.

 

Бўлар халқнинг йигитлари,

Бирин бир ботир дер.

Бўлмас халқнинг йигитлари,

Бирин бири хотин дер.

Мана шу тамойилларга кўра яшаш зарурияти ҳамма вақт бўлган ва бўлаверади. Бу ўзгармайдиган ҳақиқатлар.

 

Худога шукрки, баъзи бировлар каби сизнинг фаолиятингизни кўра олмайдиган ҳасадгўй, бахил ёки кўзи кўр, қулоғи кар, гунг бўлиб қолган нусха эмасман. Балки шунинг учундир Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳатлар моҳиятини ўзимнинг кўз қарашим билан кўра олгандирман, кўраяпман ҳам. Бошқалар ҳам кўзини очиб, атрофига тўғри кўз билан назар солиб, масаланинг моҳиятини баҳолаб билишларини истайман.

 

Ўзбекнинг элга танилган бир фидоийси айтгандек, «Бизга мансаб эмас асаб керак». Оғаси борнинг орқаси бор, деганларидек ўзбекнинг йигитларида сиздек оғалари бор экан суянадиган тоғимиз бор деб ҳисоблайман.

 

Худди қиш кечаларидек узундан узоқ номамни қишлоқда, сандал атрофида ўтириб ёзар эканман жуда хурсандманки кеча тўлдириб олган батареям бу ёзувларни тугатишгача етиб, ортиб ҳам қолди. Бироздан сўнг свет берсалар керак, агар батареяларимни ҳаммасини тўлдириб олсам, кечқурун яна бир нималар ёзиб юборарман.

 

Ҳурматли Исмат ака Хушев, фикрим баёнини якунлар эканман, сизга ва оила аъзоларингизга соғлик, саломатлик, барқарорлик ва фаровонлик тилаб қоламан. Ватанда сизни кутаман…

 

Чексиз ҳурмат, битмас эҳтиром ила,

 

Шуҳрат САЛОМОВ (Барлос),

Тарихчи-публицист,

«International Eurasia Press Fund & Eurasia Diary»

Ахборот-таҳлилий порталининг Марказий Осиёдаги махсус мухбири

Leave a Reply
*