Menu
Categories
Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди? (8-мақола)
01/13/2019 Бош мақола
 Исмат Хушев: Каримов зиндонларида ким қанча ётиб чиқди?
Уй қамоғида ётганлар бунга кирмайди…
Ўз касбидан жудо бўлиб, ижоди тақиққа тушганлар…
Ҳибс ва Хорижга бадарға қилинганлар…
Оқил билан Жоҳилнинг фарқи нимада?
Мирзиёев кимнинг йўлидан бораяпти?

 

Каримов ва Мирзиёев даври – муҳожиротдаги ўзбек журналисти нигоҳида…

 

(давоми)

 

Чет элларда хор зор бўлиб ўлиб кетган сиёсий муҳожирлар…
30.
Ўз даврида хорижга қувғин қилинган Боймирза Ҳайит, Рўзи Назар, Сулаймон Мурод, Хайрулла Исматулла, Абдуманноп Пўлат, Исмоил Дадажон каби ўнлаб мухолифат фаоллари она Ватан ҳажрида куйиб ёниб, бу ёруғ дунёни тарк этишди.
Боймирза Ҳайит ва Рўзи Назарлар Иккинчи жаҳон уруши даврида Совет Иттифоқининг қардош республикаларга нисбатан олиб борилган мустамлака сиёсатига қарши бош кўтариб, немислар тарафига ўтиб, Ўзбекистон мустақиллигини орзу қилган эдилар. Лекин Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин ҳам Каримов мафкураси ва диктатураси боис  озодлик ва ҳурлик учун курашган бу икки таниқли ватандошни ўз бағрига сиғдирмади. Сиғдиролмади…
31.
Боймирза Ҳайитни мен 2000 йиллар бошида расмий давлат сафари билан Германияга борганимда Ганновер шаҳридаги анжуманда учратиб, сўнг уйига бориб, зиёрат қилган эдим.
Делегациямиз раҳбари Владимир Норов уни атай кўриб, кўрмаганликка олди. Каримовнинг ғазаби ёмон эди, буни тушуниш мумкин. Лекин мен расмий тадбир тугаганидан сўнг, “Ўзбектуризм”нинг Германиядаги вакили Муҳаббат опа билан Боймирза Ҳайитнинг Мюнхендаги уйига бориб, унга зар чопон кийдирган эдим.
Ростини айтишим керак, бу чопонни ўшанда Муҳаббат опа менинг ҳурматимни қилиб, Боймирза акага кийдирасиз деб, уйларидан олиб келган эдилар. Ўшанда мен Элёр Ғаниев раҳбарлик  қилаётган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирилиги нашри – “Ҳамкор” ва “Деловой партнер Узбекистана” газеталарида Бош муҳаррир эдим…
Сафардан қайтганимдан сўнг Боймирза Ҳайитнинг Каримовга Ватанга қайтариш ҳақидаги мурожаати ёзилган овозли видео тасмани Президент Каримовнинг ўша пайтдаги Давлат маслаҳатчиси Аҳмаджон Мелибоевга берганман. Лекин у киши бу нарсани Президентга беролмасликларини, иложи бўлса Боймирза Ҳайит билан Германияга бориб учрашганимни бировга айтмаслигимни, акс ҳолда мен ҳам, мени Германияга расмий сафарга жўнатган министрим Элёр Ғаниев ҳам ишдан кетиб қолишимиз мумкинлигини айтиб, огоҳлантирган эдилар…
Германия сафаридан сўнг маълум муддат ўтиб, 2006 йилнинг 1 ноябрь куни Боймирза Ҳайитнинг салкам тўқсон ёшида Кёльн шаҳрида вафот этганини эшитдим. У кишининг овози ва илтимоси ёзилган ўша видео тасмани Президентга беролмаганим учун ҳали ҳануз армон қиламан…
32.

Боймирза Ҳайит вафот этди

31 октябрь куни таниқли ўзбек тарихчи олими ва диссиденти Боймирза Ҳайит салкам 90 ëшида Германиянинг Кёлн шаҳридаги шифохонада оламдан кўз юмди.
Боймирза Ҳайит ëзган “Марказий Осиëда Совет ҳукуматига қарши кураш” китоби совет иттифоқида тақиқлаб қўйилган эди. Совет иттифоқида бу шахсга қарши ҳужжатли фильм суратга олинган бўлиб, унда тарихчи олим Ғарбга сотилган ватан хоини сифатида тасвирланади.
Боймирза Ҳайит узоқ йиллар давомида “Озодлик” радиоси билан ҳамкорликда бўлиб, Марказий Осиё тарихидаги мустақиллик курашлари борасида мунтазам чиқишлар қилди.
ГФР фуқароси бўлган Боймирза Ҳайит 1992 йилнинг ëзида Ўзбекистонга борди, аммо расмий Тошкент уни исталмаган шахс, деб эълон қилди ва унинг 24 соат ичида мамлакатдан чиқиб кетиши талаб қилинди.
Ўзбекистон Фанлар академияси етакчи мутахассиси Қаҳрамон Ражабов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбек тарихчилигида Боймирза Ҳайитнинг ўрни беқиëс эканини таъкидлади.
“Биз ўзбекистонлик тарихчилар Боймирза Ҳайит номини яхши биламиз, аммо унинг бирорта китоби Ўзбекистонда нашр қилинмади. Биз Боймирза Ҳайит ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Миллий энциклопедиясига киритишга уриндик, бироқ изн берилмади. Қозоғистон Миллий энциклопедиясида Боймирза Ҳайитга кенг ўрин берилган, аммо бизда жим-житлик”, – дейди Қ.Ражабов.
Туркиялик сиёсатчи, собиқ вазир Аҳад Андижонийнинг маълум қилишича, Боймирза Ҳайит илмий мероси учун Истанбулнинг Фотиҳ университети кутубхонасидан махсус хона ажратилди.
Қ.Ражабов ҳам Боймирза Ҳайитнинг илмий мероси Туркияда сақланиш истиқболини маъқуллайди.
“Олдингдан оққан сувни қадри йўқ дейишади, Боймирза Ҳайит адабий мероси Туркияда бўлгани маъқул”, – деди Қ.Ражабов.
Б.Ҳайит тирик пайтида у киши ҳақида баралла гапирган ва ҳатто унга китоб бағишлаган марҳум шоир Рауф Парфи вафотидан бирмунча олдин “Озодлик”ка берган интервьюсида: “Мен бир китобимни Туркистон учун мужодала қилган Боймирза Ҳайитга бағишлаган эдим. Китоб шу бўйи нашр қилинмай йўқолиб кетди. Қўлëзмадан бир нусхасини Боймирза акага бериб юборган эдим”, – деганди.
Боймирза Ҳайит тирик пайтида хорижга қочиб чиққан ўзбекистонлик муҳожирлар билан мунтазам учрашар эди. Халқаро ëзувчилар парламенти аъзоси, собиқ маҳбус Сафар Бекжоннинг билдиришича, Боймирза Ҳайит умр бўйи Ўзбекистонга интилиб яшаган, ҳеч бўлмаса жасади Ўзбекистонда дафн қилинишини истаган.
Истанбулдаги Кўч университети профессори Темир Хўжа Боймирза Ҳайит ўлимига бағишлаб мана бу марсияни ëзди:
Ҳайитсиз қолган ватан,
Олимнинг кўзи очиқ,
Ватансиз ғурбатда.
Халқим жимжит, бағри хун
Азиз ватан зулматда.
Бу мотам куни, лек ман
Йиғламайман Ҳайитга.
Йиғлайман Ҳайитсиз қолган
Мазлум Туркистонга.
33.
Ватан ҳажрида куйиб, ёт элларда вафот этган таниқли ўзбек ўғлонларидан яна бир Рўзи Назар.
 Рўзи Назар (Рўзмуҳамад Умирзоқов) 1917-йили Марғилон шаҳрининг Гулвардор маҳалласида туғилган. Отаси уста Умурзоқ ўз касбини санъат даражасига етказган, махалланинг обрўли кишиларидан бўлган.  Онаси Тожинисо Холмат қизи саводли, шоиртабиат, зийрак, форс ва араб тилларини яхши билар, мактаб очиб, махалла қизларига сабоқ берарди. Рўзи Назар 20-йилларда Марғилондаги ўрта мактабда таълим олиб, 30-йилларда еса Тошкентга келиб ўқийди. 20–30-йилларда Ўзбекистонда бўлаётган барча тарихий воқеаларнинг гувохи бўлади. 1940-йили армияга чақирилади. Одесса шахрида Рўзи Назарни кимё-мудофаа курсига ўқишга жўнатадилар. Курсни тугатгач, ҳарбий унвон олиб, мухандис сифатида ҳарбий қисмга қайтиб келади. 1941 йилнинг ёзида II Жаҳон урушида иштирок этган Рўзи Назар жангларнинг бирида ярадор бўлиб, немислар оккупация қилган ерда қолиб кетади.
Рўзи Назар ва Линда хоним, Розанҳайм шаҳри (Ғарбий Германия), 1946 йил.
 1942-йилдан бошлаб Украинада Вермахт ҳузурида ташкил қилинган Туркистон легиони қисмларининг (Проскуров шаҳрида) бирида аввал рота, кейинчалик эса немис офицери унвонида батальон командири вазифасида хизмат қилади. 1944 йилдан бошлаб Рўзи Назар Вермахт ҳузурида тузилган барча легионлар учун мўлжалланган ўқув марказида инструктор лавозимида, уруш тамом бўлгунга қадар эса Берлинда Туркистон миллий бирлик қўмитасида турли лавозимларда фаолият юргизади.
Рўзи Назар, ўғли Эркин-Эрик Назар (ўнгда) ва туркиялик бизнесмен Анвар Олтойли. Вашингтон, 1985 йил.
 Уруш тугагач, Рўзи Назар Ғарбий Германиянинг Розенҳайм шаҳрида қолади. 1946-йили немис миллатига мансуб Линда хонимга уйланади. 1947-йили Зулфия-Силвия Назар, 1955-йили эса ўғли Эркин-Эрик Назар туғилади. Рўзи Назар 1946–1951-йиллар Ғарбий Германиянинг Мюнхен шахрида тузилган сиёсий бўлмаган INKOPOR (International Committee for Politikal Refugees) халқаро ижтимоий ташкилотнинг вице-президенти лавозимида хизмат қилади. Лекин у сиёсатдан узоқлашмайди. Боймирза Хайит билан биргаликда АBN (Antibolshevik Blokk Nations) сиёсий ташкилоти Президиуми аъзолари бўлиб, Туркистон озодлиги учун курашни давом эттирадилар.
Рўзи Назар Америкадаги туркистонликлар жамияти фаоллари билан. Нью-Йорк, 2010 йил.
 1951-йилнинг 7-ноябрида АҚШ Давлат Департаментининг таклифига биноан АҚШга келади. 1951–1954-йилларда «Америка овози»нинг ўзбек бўлимида турли вазифаларда фаолият юргизади. 1954–1957-йилларда Колумбия университетида ўзбек тили ва маданияти фанидан дарс беради. 1955-йилнинг бахорида Рўзи Назар Индонезиянинг Бандунг университетида бўлиб ўтган Осиё–Африка мамлакатлари Халқаро конференсиясида собиқ Туркистон легиони офицери сифатида Туркистондаги ахвол бўйича маърузаси билан чиқиш қилади. Рўзи Назар 1955-йили АҚШ фуқаролигини олганидан сўнг Марказий Осиё халқлари ва ўзбек тили мутахассиси сифатида Пентагонда ноҳарбий хизматчи сифатида фаолият юргизади.
Рўзи Назар синглиси ва жиянлари билан. Марғилон шаҳри, 1992 йил.
 Рўзи Назар 1960–1969-йилларда АҚШнинг Туркиядаги харбий миссиясида хизмат қилиб, офицер унвонига сазовор бўлади. 1969–1972-йилларда Рўзи Назар Пентагоннинг Ўрта Осиёсини тадқиқ қилиш дастури рахбари лавозимида ишлайди. Кейинчалик Американинг Европадаги харбий миссиясида, сўнг АҚШ армиясининг Ғарбий Германиядаги стратегик тадқиқотлар гурухини илмий ходими сифатида хизмат қилади. Рўзи Назарнинг катта тажрибаси, билими кўп йиллар АҚШнинг Туркия ва Германиядаги дипломатик ваколатхоналарида хизмат қилишга йўл очади.
АҚШ Президентининг ёрдамчиси Рўзи Назарга давлат орденини топширмоқда. Ёнида Линда хоним. Вашингтон, 1984 йил.
Рўзи Назар 1984- йили нафақага чиқади ва «Central Asian Affairs Consultants Inc.» хусусий ташкилотини тузиб, сиёсий-маърифий фаолиятини давом эттиради. 1958 йили Эргаш Шермат, Исоқжон Нарзиқул, Мақсуд Бек, Ҳусайин Икром, Шарифжон Али Беклар билан биргаликда Рўзи Назар Туркистонликларнинг Америкадаги жамиятини тузишда иштирок этади. 1992 йилнинг май ойида, 52 йиллик жудоликдан сўнг Рўзи Назар Ўзбекистонга кириб келади…
Манба: Мавлон Шукурзода – Ватандош газетаси
34.

“Туркистон Легиони” раҳбарларидан бири Рўзи Назар Туркияда дафн этилди


Рўзи Назар ҳаётининг сўнгги йилларини Туркия жанубида ўтказди

Рўзи Назар ҳаётининг сўнгги йилларини Туркия жанубида ўтказди
Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар сафида туриб, совет қўшинларига қарши курашган “Туркистон Легиони”нинг етакчиларидан бири Рўзи Назар Туркиянинг Фатҳия шаҳрида дафн этилди. Рўзи Назар жума куни 98 ёшида вафот этди.
Рўзи Назар Иккинчи жаҳон урушидан кейин Қўшма Штатларда истиқомат қилган ва Ўрта Осиё бўйича етакчи мутахассис сифатида ном чиқарган.
Икки йил муқаддам Истанбулда Рўзи Назарнинг шогирди Анвар Олтойли томонидан тайёрланган “Рўзи Назар: МРБнинг турк жосуси” номли китоби нашр этилганди.
Китобда муаллиф ўз ҳаётини Туркистон мустақиллиги учун курашга бағишланганини маълум қилган.
Рўзи Назар 1917 йилда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида туғилган.
Ўттизинчи йилларда ўрта мактабни тугатиб, Тошкент ва Одесса шаҳрларида кимё-мудофаа соҳаси бўйича олий маълумот олган. Иккинчи жаҳон уруши даврида 1941 йилнинг ёзида урушга кетган.
Рўзи Назар Иккинчи жаҳон уруши пайтида нацистлар армияси оккупация қилган ҳудудда қолади ва 1942 йилдан бошлаб, Украинада Вермахт ҳузурида ташкил қилинган “Туркистон легиони”га қўшилади.
Офицер унвонида батальон командири даражасигача кўтарилади.
Уруш тугагунга қадар Рўзи Назар Берлинда “Туркистон миллий бирлиги” қўмитасида турли лавозимларда ишлаган.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг у Ғарбий Германиянинг Розенҳайм шаҳрида қолади.
Рўзи Назар Туркистон озодлиги курашчиларидан бири бўлган

Рўзи Назар Туркистон озодлиги курашчиларидан бири бўлган
Германиялик Линда исмли аёлга уйланади. Рўзи Назар 1946–1951 йилларда Ғарбий Германиянинг Мюнхен шаҳрида тузилган Сиёсий қочқинлар халқаро қўмитасида вице-президент лавозимида қолади.
Шунингдек, у Боймирза Ҳайит билан бирга Германияда “Туркистон озодлиги” ҳаракатини тузади.
1951 йилда Рўзи Назар АҚШ Давлат Департаментининг таклифига биноан Вашингтонга келади.
1951–1954 йилларда “Америка овози” радиосининг ўзбек хизматида турли вазифаларда ишлайди.
1954–1957 йилларда Колумбия университетида ўзбек тили ва маданияти фанидан дарс беради.
Рўзи Назар АҚШ фуқароси сифатида АҚШнинг Туркиядаги ҳарбий миссиясида ҳам хизмат қилган.
1969–1972 йилларда Рўзи Назар Пентагоннинг Ўрта Осиёни тадқиқ қилиш дастури раҳбари лавозимида ишлаган.
Кейинчалик Американинг Европадаги ҳарбий миссиясида, сўнг АҚШ армиясининг Ғарбий Германиядаги стратегик тадқиқотлар гуруҳининг илмий ходими сифатида хизмат қилган.
Тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистон мустақилликка эришгач Рўзи Назар 52 йиллик айрилиқдан сўнг ватанини зиёрат қилади.
Сўнгги йилларда Рўзи Назар АҚШ ва Туркияда нафақа гаштини сураётган эди.
Рўзи Назарнинг икки фарзанди бор. 67 ёшли Зулфия-Силвия Назар ҳозирда Колумбия университетининг Бизнес журналистика факультети профессоридир.
“Америка овози” нинг 2009 йил 25 майдаги кўрсатувида Рўзи Назар ўзининг сўнгги интервьюсини берган эди.
2015 йилнинг  1 май куни 98 ёшида вафот этган “Туркистон Легиони” раҳбарларидан бири Рўзи Назар Тукрияда дафн этилди…
Манба: Озодлик радиоси

 

35.
Ҳали шундай даврлар келадики, ўзбек халқи Боймирза Ҳайит ва Рўзи Назар каби ватанпарвар, миллатпарвар, фидойи фарзандларини албатта хотирлайди. Уларнинг пок ва муборак номини оқлаб, Ўзбекистоннинг ор-номуси ва шаъни даражасига кўтаради.
Мен бунга заррача ҳам шубҳа қилмайман.
Улар Сталин даврининг қатағон қурбони бўлган эдилар. Энди қабри хорижда қолиб кетган Каримов даври қатағони қурбонларини ҳам ёд этсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Улардан бири Самарқанд давлат университети ўқитувчиси, физика математика фанлари номзоди, доцент Сулаймон Мурод.
Мухолифат фаоли бўлган Сулаймон Мурод умрининг сўнгги йилларини АҚШнинг Нью-Жерси штатида сиёсий муҳожирликда ўтказди.
“Эрк” демократик партияси марказий кенгаши аъзоси Сулаймон Мурод узоқ хасталикдан сўнг 2008 йилнинг 2 июнь куни АҚШда вафот этди.
Ўз сафдошининг ўлими юзасидан мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ таъзия билдирди.
“Сулаймон ака бир инсон сифатида жуда тоза одам эди. Бир зиëли сифатида тўғри, дуруст, сўзини қўрқмасдан айтадиган зиëли эди. Бир сиëсатчи сифатида доно, узоқни кўра биладиган, инсонлар билан мулоқотда доим бирлаштирувчи руҳ билан сиëсат юритадиган сиëсатдон эди. Сулаймон ака бемалол Самарқанддаги университетда ишлаб, ўзи ва оиласи ҳузури учун етадиган даражада маош олиб бемалол юриши мумкин эди. Лекин зулм остида эзилаëтган миллатини кўриб чидай олмади ва таҳликали бир жабҳа бўлган сиëсатга кирди. Сиëсатда у қўрқмасдан ўз сўзини айтди. Сўнгги йилларда юрт ташқарисига чиқишга мажбур бўлди. Юрт ташқарисида ҳам сиëсатдан чекинмади. Сулаймон ака биз учун қадрли бир инсон эди, яқин дўст эди. Мен унинг оиласига чуқур таъзия изҳор қиламан”,- деди М.Солиҳ.
2000 йилда Ўзбекистондан мажбуран чиқиб кетган Сулаймон Мурод оғир кунларни бошдан кечирди, бир неча йил аввал унинг ўзи билан АҚШда яшаётган ўғли Ғайрат автоҳалокат боис оламдан ўтган эди.
Физика-математика фанлари номзоди Сулаймон Мурод Самарқанд давлат университетида узоқ йиллар ишлади.
1989 йилдан бошлаб мухолифат сафларида фаолият юритди.
Манба: Озодлик радиоси
36.
090Хайрулла Исматулла (Хайрулла Ҳикматуллавич Исматуллаев) 1937 йилнинг 16 августида Тошкентда шарқшунос олим оиласида туғилган.
Иккинчи жаҳон урушида оиласидан етим қолган Хайрулла қариндошлари қўлида катта бўлган.
1960 йилда Тошкент Чет Тиллар Институтини (ҳозирги Ўзбекистон Жаҳон Тиллари Университети) тамомлайди. 1961 йилда эса Тошкент Давлат Университетининг Туркология факултетида кандидатлик ишини бошлайди. 1964-1974 йилларда ушбу даргоҳда дарс беради.
Хайрулла Исматуллаев 1974 йилнинг 14 декабрида Совет ҳукуматига қарши ҳаракатда айбланиб, қамоққа олинади. Тўққиз йил панжара ортида ўтириб, 1983 йилнинг 29 ноябрида озод этилади.
1990 йили АҚШга кўчиб кетган олим мустақилликка эришган Ўзбекистон ва ўзбек халқи тарихи, маданияти, қадриятлари ҳамда ўзига хослиги билан ғарбликларни таништирган инсонлардан биридир.
Дастлаб АҚШдаги Индиана Университетида ўзбек тилидан сабоқ берган, кейинчалик Висконсин университетининг Осиё тиллари ва маданиятлари бўлимида фаолият юритди.
АҚШда ўзбек ва инглиз тилларида ўзбек халқи тарихи ва адабиётига оид ўндан зиёд китоб ва юзлаб мақолалар муаллифи. Шунингдек, Марказий Осиё учун катта аҳамиятга эга манбаълар ва ғарбнинг илғор қадриятлари билан ўзбек халқини ошно этган олимлардан бири сифатида ҳам билинади.
Хайрулло Исматуллаев ўзбек ва инглиз тилларида ўзбек халқи тарихи ва адабиётига оид ўндан зиёд китоб ва юзлаб мақолалар, хусусан, «Самоучитель узбекского языка», «Ўзбекча-русча-тожикча сўзлашув»,  «Алишер Навоий ҳикматли сўзлари», икки жилдлик «Ўзбек тили», «Туркистонлик олимлар» ва ўзбекча-инглизча иборалар луғати ва сўзлашув китобларининг муаллифи.
Хайрулла Исматулла 2008 йил 24 августида оламдан ўтган, Висконсин штатининг Медисон шаҳрида, мусулмонлар қабристонида (Highland Memory Gardens) дафн этилган.
Манба: Хуршид Даврон кутубхонаси
37.
Абдуманноп Пўлатов – физика математика фанлари номзоди, Тошкент Давлат университети докторанти бўлган.
Тўқсонинчи йиллар бошида Каримов ҳукуматининг таъқиблари боис Ўзбекистонни тарк этган. Хориждаги ўзбек мухолифати фаоли.
“Бирлик” Халқ Ҳаракати раиси, техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлатовнинг туғишган укаси. Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилди.
2010 йилнинг 21 ноябрь куни АҚШнинг Виржиния штатида вафот этган ва ўша ерда дафн этилган…
38.
Исмат Хушев: Сайрга кетган йигит… 
2010 йилнинг 21 ноябрь куни Абдуманноп Пўлатов вафот этган эди…
 сайрга кетган йигит
Исмат Хушев
(Абдуманноб Пўлатнинг
порлоқ хотирасига бағишланади)
1.
Қирқ кундирки мотам ўксик дилларда,
Қирқ кундирки мажруҳ юракларда қон.
Уммон ортидаги сарсон элларда,
Нега ташлаб кетдинг бизни, акажон!
Яшашдан шунчалар тўйганмидинг, ё
Умид узганмидинг юртга қайтишдан.
Ёки орзуларинг чиқдими рўё,
Уни уялдингми бизга айтишдан.
Ватан йўлларини сенга ёпганди,
Айириб – дийдорлик мукофотидан.
Оқибат – кичик бир макон топгандинг,
Ғамхўр Вашингтоннинг музофотидан.
Очиқ давлатларнинг дастурин олиб,
Ёпиқ Ватанингга қайтмоқ истардинг.
Истардинг қайтмоқни музаффар, ғолиб
Элга ўз сўзингни айтмоқ истардинг.
Ироқ ва Афғонда аскарлик қилиб,
Омон қайтган ўғлинг дилида нола.
Отам орзусига етолмади деб,
Яшаб юрар энди шўрлик Камола (1).
“Қаҳрамон уйланса, кенжа қизим ҳам,
Тезроқ тенгдошини топса дегандинг (2).
Жажжи набиралар ҳар куни, ҳар дам,
Теграмда қийқириб чопса дегандинг…”
Орзу, умидингни алвидо билган,
Ёр-у, дўстларингга армонсан энди.
Бирлик деб, Ҳурлик деб жон фидо қилган,
Аканг қалбидаги туғёнсан энди (3).
Оҳу фарёдимиз кўкларга учди,
Қирқ кунки ҳамроҳдир бизларга мотам.
Юзлаб шогирдларинг дилига кўчди,
Шоҳида янгамнинг кўзидаги нам (4)…
2.
Юртингда илк бора сен асос солдинг,
Ҳуқуқ эркинлиги ва ғоясига.
Каттакон бир мактаб ярата олдинг
Инсон ҳақларининг ҳимоясига.
Бу шонли мактабни қўллаб – суяди,
Шаҳид кетганларнинг ўлмас жунуни.
Миннатдор эл бир кун номин қўяди –
Абдуманноб Пўлат дорилфунуни!
Бугун элга машҳур шогирдларинг бор –
Васила, Надежда, Саиджаҳонлар (5).
Сенга шунинг учун такрор ва такрор,
Ҳануз тош отади баъзи шайтонлар.
Улар тош отарлар баъзан менга ҳам,
Нега юртбошига сажда қилдинг деб.
Китобингда атаб улуғ, мукаррам,
Она Ватанингга мужда билдинг деб.
Мен сенга мактублар ёзардим тинмай,
Саволлар берардим пайдар-пай, чалкаш.
Сен жавоб ёзардинг менга эринмай –
Мантиқли, самимий, ақлли, дилкаш…
Сен дердинг: “Лидерлар – амал шайдоси,
Сулҳ ва мулоқотга тайёр эмаслар.
Уларнинг энг ёмон битта хатоси –
Балки ўзимда ҳам айб бор демаслар.
Мақсади – лавозим, бедана ови,
Қуролли инқилоб исташар, ҳай-ҳай!
Агар ҳукуматга келса бирови,
Бошқасини дорга осмоқликка шай!
Уларга ҳеч қачон, ҳеч ким бермас тан,
Мағлубдир, токи бор битта сифати:
Токи бир мушт бўлиб бирлашмас экан,
Хориждаги ўзбек мухолифати!”
Сен тирик чоғингда кетгандинг тўйиб,
Уларнинг иғво-ю, таъқибларидан.
Ўлганингдан сўнг ҳам номингни қўйиб,
Ўч олмоқ бўлишар рақибларидан.
Дунё сиёсатин сир асрорини,
Шарҳлардинг “Би-Би-Си”, “Озодлик”лардан.
Тўкиб солар эдинг дилда борини
Огоҳ этиб турли бедодликлардан.
Сулҳ ва мулоқот деб урар эдинг бонг,
Давлат ва сиёсат таҳсилларида.
Ҳукумат ёнини олгансан, не тонг
Андижон қирғини таҳлилларида…
3.
Бугун юрагимни қийнар бир савол,
Бир савол эзади мажруҳ кўнглимни.
Бу не ноҳақлик бу, юртим, бу не ҳол,
Сен нега унутдинг содиқ ўғлингни?
Ногоҳ найзасини урганда ажал,
Оллоҳга жонини топширганда тан.
Нега сен сўнгги дам, энг сўнги маҳал
Ўғлингга “хайр” деб айтмадинг, Ватан?!
Не учун бунчалар номард бу ҳаёт,
Нега йиғлаб юрар доим диёнат?
Не учун энг сўнгги лаҳзада, ҳайҳот
Халқим, сен ўғлингга қилдинг хиёнат!?
Ахир у сен учун кирганди жангга,
Ҳимоя қилганди номус, орингни.
Яна қайтмоқчийди она Ватанга,
Тингламоқ бўлганди оҳ-у, зорингни…
4.
Ўзбекистон пойтахтида туғилиб,
Америка пойтахтида ўлган зот.
Ватаним деб, Эрк, Бирлик деб бўғилиб,
Ўн етти йил юртига зор бўлган зот…
Шундоқ яшаб ўтди: бешон, бешавкат,
Бу не ноҳақлик бу, бу не хусумат?!
Сўнгги лаҳзада ҳам қилмади шафқат,
У доим ёнини олган ҳукумат…
5.
Акажон, биз ғофил зотларни кечир,
Кечир, етолмадик сенинг қадрингга.
Алам ва армонда бош эгиб бир бир,
Гулдаста қўямиз энди қабрингга…
Муҳожир элларда минг афсус билан,
Ажалини топди не-не қисматлар.
Наҳот Ватанига ёруғ юз билан,
Қайтиб боролмаса энди Исматлар?
Хорижнинг бу сирли гўшаларида,
Наҳот қолиб кетса ўғил-қизларим.
Наҳот Ўзбекистон кўчаларида,
Қайтиб кўринмаса менинг изларим…
Бугун юрагимда бор шу иштибоҳ,
Ёлғиз шу ваҳима кўнглимда ҳоким.
Менга ҳам азроил чанг солса ногоҳ,
Наҳот ёт элларда қолгайдир хоким.
Наҳотки бизнинг ҳам шум тақдиримиз,
Ажнабий юртларда топса ниҳоя.
Наҳот юракларда қолса сиримиз,
Наҳот ушалмаса дилдаги ғоя?!
Инсоннинг яшашдан мақсади недур,
Нима қийнар асли уни сўнгги дам?
Мунгли кўзларини тарк этганда нур,
Нималар ҳақида ўйлайди одам?
Наҳот синовларга беролмасак дош,
Наҳот ҳур фикрлик жазоси шунча?
Биз она Ватанга отмаганмиз тош,
Ахир бу ёлғон гап, ёлғон тушунча!
Юртим, кимки сенга мухолиф бўлса,
У сени жонидан ортиқ суйгани.
Кимки таъзиянгда ўйнаса кулса,
Сенинг шод кунингдан шунча куйгани.
Элни ёв билмоқдан топмадим маъни,
Иғво, шубҳалардан дилпора бўлдим.
Ёмонни кўп кўрдим, яхшилар қани?
Мен ҳам ёт елларда бечора бўлдим.
Нимага бунчалар бераҳм тақдир,
Нима учун қисқа ҳақнинг амали.
Бу не ноҳақлик бу, фалак, бу не сир
Мен ахир орзумга етмадим ҳали…
6.
Мен аниқ биламан, келар бир замон
Ғалаба қилади фақат яхшилар.
Биз юртга қайтамиз саломат, омон
Ватан қучоқ очиб бизни қаршилар.
Ҳали Қашқадарё Китобларида,
Тўйлар ўтказамиз алёрлар билан.
Ҳали “Минг чинор”нинг кабобларида,
Давралар қурамиз дўст-ёрлар билан.
Ҳали Варганзанинг анорларидан,
Дўстларга тутамиз сават-саватлаб.
Ҳазрати Баширнинг чинорларидан,
Бешиклар ясаймиз қават-қаватлаб.
Ҳали Ўзбекистон деган юртда ҳам,
Сайловлар ўтади ҳақиқий, ҳалол.
Бизнинг кўчада ҳам бўлади байрам,
Кўкда биз учун ҳам чиқади ҳилол.
Насрулло байроқни кўтарган они,
Байрамга айланиб афсона бўлғай (6).
Тортиб олсалар ҳам Ибн Синони,
Ватани барибир Афшона бўлғай (7).
Ҳали Самарқанднинг Ургутларида,
Дунёвий йиғинлар ўтар бетакрор.
Ўзбекнинг Каримдек бургутларида,
Халқаро истиқбол имконлари бор (8).
Ниҳоят бизга ҳам бўлгайдир насиб,
Орзу қилганимиз – Ҳурлик, Озодлик.
Биз унга Сен боис бўлсак муносиб,
Сенсиз унга етсак, бу не бедодлик!
7.
Алвидо деган сўз ярашмас бизга,
Энди кўришгунча десам тўғрироқ.
Яратган Эгадир тақдиримизга,
Ўшадир ҳаётга нур берган чироқ.
Оллоҳ ато этган умр шамлари,
Қай бир гўшаларда ўчгай, ноаён.
Ўзинг йўл кўрсатиб Ҳидоят сари,
Бизга мададкор бўл энди Художон!
Ака, сен яшадинг ҳалол, бокира
Биз ғофил зотлардан рози бўл энди.
Сендан бизга қолди гўзал хотира,
Сен ҳаққа бошловчи катта йўл энди.
Биз ёлғон дунёдан боргунча етиб,
Чин ва рост дунёда қилиб тургин сайр.
Мен бор ҳасратимни ичимга ютиб,
Дегайман: Ҳозирча… Кўришгунча хайр…
Изоҳлар:
1. Абдуманноб аканинг кенжа қизлари.
2. Ўғиллари.
3. “Бирлик” партияси раиси Абдураҳим Пўлатов.
4. Турмуш ўртоқлари.
5. “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Васила Иноятова, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновлар.
6. 1990 йил 20 июнь куни мамлакат парламентида Мустақиллик декларацияси қабул қилинганда Ўзбекистон байроғини кўтариб саҳнага отилган бухоролик депутат Насрулло Саидов.
7. Ибн Сино дунёга келган Бухоро яқинидаги қишлоқ.
8. Ургутлик истеъдодли ва истиқболли йигит, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Карим Баҳриев.
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Канаданинг Торонто шаҳри, 1 – 15 январь, 2011 йил.
Манба: www.yangidunyo.com

 

39.
Мухолифат фаоли Исмоил Дадажонов Швецияда вафот этди (ВИДЕО)
“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов 64 ëшида Швецияда оламдан ўтди. Умр адоғини мухожирликда ўтказган Исмоил Дадажонов ўз фаолияти давомида “Эрк”нинг Фарғона вилоят бўлими раиси вазифасини адо этган. Қўқон Демократик кучлар форумига асос солган, ундан кейин “Бирлик халқ ҳаракати” вилоят бўлимини бошқарган.
Исмоил Дадажановни яхши билган журналист Паҳлавон Содиқнинг айтишича, марҳум умрини мухолифат фаоли сифатида ўтказаган:
– “Қўқонлик” деса, менинг кўз олдимга Исмоилжон ака келади. Қўқондаги уйларида кўп марта меҳмон бўлганмиз. 2004 йилда, охирги марта водийга сафарга борганимда бир шикоят юзасидан Қўқон шаҳар прокуратурасига кирдик. Прокурор самарқандлик экан. Одатда прокурорларнинг журналистлар билан гаплашиши осонмас. Аввалига котиба қиз кутиб туринглар, деди.
Кейин бирданига йўқолиб қолди. Кейин билсак, орқа эшикдан чиқиб солибди. Исмоилжон ака у билан аввалроқ қўқонлик бир жабрдийданинг иши юзасидан тортишиб қолиб, “қўқонликлар адолатсизликка чидамайди, эсингдан чиқарма бола!” деб танбеҳ берган экан. “Шу-шу мени кўрса қочади” деб кулишганди.
1980-1990 йилларда Қўқондаги жуда кўп воқеаларнинг фаол иштирокчиси бўлгани учун уни кўпчилик танир, ҳокимиятларнинг эшикларини бемалол очиб кирар, амалдорлар билан тенгма-тенг гаплашарди. Ваҳоланки, ўзи мухолифатчи бўлгани учун ишидан ҳайдалган, ҳар-хил юмушлар билан бола-чақа боқарди.
Адашмасам, у кишининг отаси совет даврида Ўрмон хўжалиги вазири бўлган. Зиёли оилада ўсган, ўзи ҳам олий маълумотли муҳандис, мард ва танти одам сифатида таассурот қолдирган. Ички маданиятли одам эди. Қўқонлик эканидан, ўзбеклигидан фахрланарди. 2000 йилда америкалик бир журналист билан Қўқонга бордик.
Исмоил ака сахарнинг калласида меҳмонхонага келиб, бизни уйғотган ва Қўқоннинг наҳор ошига олиб борганди. Америкалик дўстим Тошкентга қайтганимиздан кейин ҳам анча вақт Қўқон ошининг мазасини гапириб юрди. Тошкентга келса, журналистларни чойхонага чақириб, ош қилиб берадиган одати бор эди. Ўша пайтлар Қўқондан макулатура йиғиб келиб, Тошкентга топширарди.
Бир ой тўплаган макулатурасининг пули битта чойхонага етармиди, йўқми, билмайман.
Ошга лимон босишни Исмоил акадан ўрганганман. 2004 йилда Киевнинг Майдонида палатка тикиб, инқилобчиларга дошқозонда ош дамлаб юрди. Қўқонда, водийда, кейинроқ Украина ва Швецияда кўпгина ўзбекларга ёрдами текканидан хабарим бор.
Охирги йилларда соғлиги ёмонлашган, даволаниб юрарди. Украинага бир неча марта муолажага борганларини эслайман¸ дейди суҳбатдош.
Озодлик архивида Исмоил Дадажонов билан қилинган видеосуҳбат мавжуд.
Суҳбат 2011 йилнинг май ойида Берлинда ўтказилган Ўзбекистон халқ ҳаракати қурултойида тасвирга олинган.
Исмоил Дадажонов: Халқни уйғотишга уриндик
Исмоил Дадажонов – ўзбек мухолифати етакчиларидан бири. “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раисининг ўринбосари бўлган. Умр адоғини мухожирликда ўтказган Исмоил Дадажонов ўз фаолияти давомида “Эрк”нинг Фарғона вилоят бўлими раиси вазифасини адо этган. Қўқон Демократик кучлар форумига асос солган, ундан кейин “Бирлик халқ ҳаракати” вилоят бўлимини бошқарган.
Унинг ҳаётдаги асосий орзуси – Ватан ичкариси ва ташқарисидаги ўзбек мухолифатини бирлаштириб, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш эди. Лекин, минг афсуски, у ўзининг бу орзусига етолмай, 64 ёшида – 2016 йилнинг ноябрь ойи Швецияда оламдан ўтди…
Манба: Озодлик радиоси

 

40.
Боймирза Ҳайит билан Рўзи Назарларга Совет Даври адолатсизлиги боис Ватан дарвозалари ёпилган бўлса, Сулаймон Мурод, Хайрулла Исматулла, Абдуманноп Пўлат, Исмоил Дадажон каби бошқа ўнлаб муҳожирлар Каримов даври қатағони боис, ўз юртидан жудо бўлиб, ёт элларда абадул абад қолиб кетишди.
Бу дунёда инсонга ҳаёт бир марта берилишини, уни яхшими ёмонми ҳар ким киндик қони оққан ўз она Ватанида яшаб ўтиши лозимлигини олдинги баттол ва зулмкор ҳукмдор тушунмади ва ё тушунишни истамади.
Ҳеч қайси ҳукмдорга ўз фуқароларини она юртидан умрбод бадарға қилиш ҳуқуқи берилмаганини у то ўлгунича тушуниб етмади…
41.
Биз юқорида Каримовнинг 27 йиллик яккаҳокимлик ва қатағонлик даврида ҳибсга ва хорижга, қамоқхона ва жиннихоналарга, уй қамоғи каби таъқиб ва тазйиққа, хорлик ва зорликка бадарға этилган давлат ва жамоат арбоблари, диндор ва санъаткорлар, депутат ва сенаторлар, адабиёт ва санъат намоёндалари, журналистлар, шоир ва ёзувчилар ҳақида ҳикоя қилдик…
Давоми бор…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
26 декабрь, 2018 йил – 14 январь 2019 йил
Торонто шаҳри, Канада…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*