Menu
Categories
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга: Ўғлимнинг ҳаёти хавф остида…
01/14/2019 Ватандан хабарлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.М.Мирзиёевга
 
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур
тумани, Мажлисий, 2-тор кўчаси,
29-уйда яшовчи фуқаро
Искандеров Истеъдод
Ибрагимжановичдан
Тел: уяли (+99894) 621-00-66;
уй: (+99871) 278-06-42
МУРОЖААТНОМА
(ЎР ИИВ ЖИЭББ УЯ 64/61 ЖИЭМда жазо ўтаган,  кейинги жазосини УЯ 64/46 ЖИЭМ турма тартибида ўташ белгиланган, ҳозирда хаёти хавф остида қолаётган фарзандимнинг Конституцион хамда инсоний ҳақ- хуқуқлари муассаса, тергов-суд ходимлари  томонидан поймол этилаётганлиги тўғрисида)
 
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сизнинг бошчилигингизда ўтган давр мобайнидаги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ-тартибот, айниқса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, маҳкумларни авф этиш амалиётини янги даражага кўтариш ва бошқа эзгу ишлар, бу жабҳада чиқараётган тегишли демократик Фармону-Қарорларингиз, бевосита тавсиянгиз асосида Парламентимиз томонидн қабул қилинаётган Қонунлар нафақат  халқимиз ғурурини янада кўтариб, чинакам хуқуқий, демократик давлат қурилишига бўлган ишонч ҳиссини янада юксалтирмоқда, бундан ташқари, юқоридаги саъй-ҳаракатлар жаҳон хамжамиятини лол қолдириб, мазкур амалиётларингиз давлат раҳбарлари ва турли нуфузли демократик институтлар томонидан дунёга намуна сифатида эътироф этилмоқда.
Аммо шу билан бирга, афсуски, айрим жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан махрум этиш жазосини ўтаётган маҳкумларнинг Конституциявий ва инсоний  хуқуқларини муассаса ходимлари, тергов-суд ходимларитомонидан поймол этилиши ҳолатлари кузатилмоқдаки, бундай негатив ҳолатлар олиб борётган ислоҳотларингизга раҳна солиб, тегишли ходимлар хали-ҳамон ўша эски таффакур билан фаолият юргизаётганлиги, “ислоҳотлар узоқ Қашқадарёга ёки Навоийга етиб келолмайди, булар ҳаммаси ўтиб кетади, бу ерда бизнинг айтганимиз бўлади” деб фикр юритаётгандек тааъсурот уйғотмоқда.
Жумладан, 2017 йил, 31-январ куни  Тошкент шаҳар Яшнабод тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан ЎР ЖК 277, 164 моддаларининг тегишли бандлари    билан  8,5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига хукм этилган ҳамда кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Суди жиноят ишлари бўйича Судлов ҳайъатининг 2018 йил 4 октябрдаги Ажримига асосан биринчи ва иккинчи инстанция судларининг хукм ва ажримлари ўзгартирилиб, унга кўра 277 модда 105 модда билан ўзгартирилиб, 164 модда ўз кучида қолдирилиб, узил кесил 8 йил, 2 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган, кеийинчалик Қарши шаҳар Жиноят ишлари бўйича судининг 2018 йил 13 сентябрдаги ўталмай қолган 6 йил, 6 ой 27 кун озодликдан маҳрум этиш жазосини 3 йилини турма тартибидаги колониясида ўтказиш тўғрисидаги чиқарган ноқонуний Ажрими (фурастдан фойдаланиб, шуни айтишим лозимки, аслида дастлабки тергов жараёни жабрланувчининг онаси илгари ЎР Бош прокуратураси ходими бўлганлиги, у терговга ўз таниш-билишларини ишга солиб босим ўтказгани учун, тергов бир ёқлама, нохолисона ва буюртма асосида ўтказилган ва уларнинг асосида айблов хулосаси тузилган эди, бундай адолатсизлик тўғрисида мен Сизга ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарларига 07.11.2016 йилда шикоят аризаси билан мурожаат этган эдим, афсуски мазкур Мурожаатнома бюрократик амалдорлар тўсқинлиги туфайли Сизга шахсан етиб бормаган, улардан эса йўлига (отписка) жавоб хатлари келган) ва ЎР ИИВ ЖИЭББга тегишли Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Шайхали қўрғонида жойлашган УЯ 64/61 муассасасида ўз жазоси 2018 йил 13 сентябрга қадар ўтаган, кейинчалик юқоридаги ноқонуний ажримга кўра Навоий шахри, Спутник қўрғони, УЯ 64/46 Турма участкасига ўтказилиб, у ерда жазосини ўтётган ўтаётган – 1994 йилда туғилган ўғлим Искандаров Шерзод Истеъдод ўғли УЯ 64/61 муассасасига келганидан кейин ходимлар томонидан унга нисбатан хўрлик ва зулм ишлатилиши натижасида икки  маротаба томоғини ва билак қон томирини кесиб ташлаш йўли билан ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Биринчи ҳолатда муассаса оператив қисмининг бошлиғи капитан Сарвар Абдусалимов томонидан унга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлингани учун 2017 йил сентябр ойида тазийқларга чидолмаган ўғлим юқоридаги усул билан ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, айни пайтда унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмаган ва ҳолатни ўрганиш бўйича махсус прокурор чақиртирилмаган,  уни маҳкумлар қўлдан келганча даволаган. Бу воқеадан хабардор бўлгач, мен Шайхалига етиб келиб, муассаса бошлииғи билан гаплашдим, ўғлим асабий холатда бу ишни қилиб қўйган бўлса керак, бундай холат бошқа қайтарилмаса керак, деб ҳеч қаерга шикоят қилмадим, ўзимни босдим. Шундан кейин унинг аҳволи бирмунча яхшилангандек эди, тинчгина ишлаб юрган эди. Аммо, 2018 йилнинг 12-майида ўғлим иккинчи маротаба томоғини ва қўл қон томирини кесиш йўли билан ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлиги хақида менга хабар келиб қолди ва 19-майда ўғлим билан навбатдаги узоқ муддатли учрашувга кирдим. Худди биринчи ҳолатдагидек, ўғлимнинг томоғи ва билаклари қирқилиб, кесиб ташланган эди, билагидаги кесилган жой йиринглаб кетгган эди. “Болам, яна нима бўлди- десам, у: -“эҳ ота, бу ерда ходимлар томонидан маҳкумларга нисбатан содир этилаётган қонунбузарликларни сиз билганингизда эди, бундай шароитда жазо ўтагандан кўра ўлганим афзал, бирон кор-ҳол бўлса мендан рози бўлинг…”- деди. Унинг айтишича, ўз жонига қасд қилишига сабаб, Тойир исмли, пенсия ёшига бориб қолган ходим, унга нисбатан шунчалик хақорат сўзларини ишлатган, тахқирлаганки, зотан ўғлимнинг ғурури баланд бўлганлиги туфайли  у бу хақоратларга, хўрланишларга чидаб туролмай, жонидан ўтиб кетгани учун, кучли руҳий босимга учрагач, ўз жонига қасд қилган, аммо бахтли тасодиф туфайлигина тирик қолган. Бу ҳолатда ҳам унга тиббий ёрдам кўрсатилмаган, томоғи ва билаклари тикилмаган,  ҳолатга қонуний баҳо бериш учун махсус прокурор чақиртирилмаган, яна бу ишни босди-босди қилиш учун харакат қилинган. Ҳолбуки, бундай вазиятда, ЎР ЖИК, ЎР Президентининг 2017 йил 30 ноябрда чиқарилган ПФ №5268 Фармони ва бошқа Қонун ҳужжатларининг тегишли моддаларига асосан, ҳолатни ўрганиш учун махсус прокурор чақиртирилиши керак эди. Бундан ташқари, ўз вақтида муассасадаги тинтув пайтида Чориев Шавкат исмли ходим шу даражада ўғлимни қадр-қимматини камситувчи муомала қилганки,  ўғлим бошини деразага уришга мажбур бўлган. Шунингдек, 1917 йилнинг май ойида ходимларнинг кўрсатмаси билан муассаса фаолларидан бўлган Ёқуб исмли маҳкум ходимларнинг топшириғи билан ўғлимни хақорат қилиши натижасида тахқирланишга чидолмаган фарзандим унга нисбатан жисмоний куч ишлатган, оқибатда муассаса ҳибсхонасига 5 кунга ҳибсга олинган. Бу ҳолатларнинг барчасига тегишли маҳкумлар гувоҳ бўлишган.
Юқоридаги воқеалардан хабардор бўлгач, муассасадаги реал аҳвол қонундан ташқарида эканлигини  англадим ва ота сифатида ўз суриштирувларимни бошладим- муассасадан озодликка чиққан ёки жазсоси енгилроғи билан алмаштирилган фуқаролар ва маҳкумларнинг ота-оналари билан бу борада суҳбатлашдим хамда тегишли маълумотларга эга бўлдим.
Маълум бўлишича, ходимлар томонидан маҳкумларнинг инсоний  хуқуқлари поймол этилиши, тахқирланиши, эзилиши, камситилиши ва бошқа салбий муносабатлар муассасада систематик равишда амалга оширилиб, уларга руҳий ва жисмоний босим ўтказиш авж олган экан. Бундай қонунбузарликларнинг баъзилари қуйидагилардир:
– муассаса ходимлари маҳкумларни куракда турмайдиган сўзлар билан хақорат қиладилар, урадилар, тепадилар, агар ўз ор-номусни, қадрини, ўз ҳуқуқини химоя қилиш мақсадида маҳкум уларга бирон сўз айтса, уни турли майда баҳоналар билан ҳибсхонага  ташлайдилар ёки тартиббузар сифатида унинг ҳужжатига қайд киритадилар;
– айниқса, муассасадан чиқиб кетиш муддати яқинлашган маҳкумлардан виждонли инсон қила олмайдиган ишлар талаб қилиниб, (масалан, бошқа маҳумга нисбатан ёлғон гувоҳлик бериш) улар бу талабни бажармасалар, фаол (СПП ва б.) маҳкумлар иштирокида  уларга нисбатан туҳмат гувоҳликлар тузилади ва муассаса ҳибсхонасига ташланади,  чиқиш  муддатлари эса янада узайтирилади;
– муассаса қабул бўлимига (карантин) тергов ҳибсхоналаридан ўз ҳукмини ўташ учун келган янги маҳкумлардан ўзлари билан олиб келган буюмларини у ерга қарайдиган фаол маҳкумлар орқали олиб қўйиб, талайдилар;
– маҳкумларнинг арзу-додини, шикоятларини  ходимлар томонидан ҳеч ким эшитмайди ва улар одам қаторида кўрилмайдилар, агарда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи бўлсалар, махсус прокурорни келишини талаб қилсалар, турли баҳоналарни қўллаб уларни ҳибсхонага ташлайдилар;
– айрим маҳкумларни ҳибсхонада инсон чидаб бўлмас шароитларда сақлайдилар ва дўппослайдилар, хусусан, маҳкум Е.Ли нинг ёзишича,  уни ва яна 2та маҳкумни бир вақтнинг ўзида 170х190 см.(!) хажмли камерада сақлашган, бошқа холатда эса уни 60 соат кишанлаб қўйишган, сўнгги кунлардаги маълумотларга кўра у ходимлар зуғумидан шикоят қилмоқчи бўлиб, ўз норозилигини ифода этиш учун барак томига чиқиб, “агар прокурор келмаса ўзимни томдан ташлайман”- деган, натижада  уни яна алдаб, томдан тушириб олиб, ҳибсхонага ташлаганлар, кейинчалик эса унга ҳам ҳудди ўғлим сингари 3 йил турма жазосини тайинлаганлар;
– муассасага комиссия келиб қолса, ходимлар устидан шикоят қилмоқчи бўлган маҳкумлар унинг аъзолари билан суҳбатга қўйилмайди;
– маҳкумлар томонидан махсус прокурорга ёзилаётган шикоятлар, нима учундур унга етиб бормайди ёки беъэтибор қолдирилади;
– маҳкумларнинг ўзлари ёки яқинлари тегишли органларга шикоят қилсалар, уларга бир муддат босим ўтказилмайди,  ишлар тинчигач эса уларни янада бадтарроқ тахқирлаш бошланиб, шу йўл билан ”қасос” олинади;
– арзимаган баҳоналар билан маҳкумларга муассаса тартибини бузганлик айби қўйилади;
– муассасада маънавий муҳит шунчаликка борганки, баъзи маҳкумларни эркаклик шаънини тахқирлаш ҳолатлари хам содир этилмоқда, Жумладан, ўз жазосини ўташ учун муассаса қабул бўлимига келиб тушган бир маҳкумни (у тегишли судьяни пора билан ушлаб бериб, уни қамалишига сабабчи бўлган ва бу иш бўйича ўзи ҳам озодликдан махрум этилган) қабул бўлимидаги янги маҳкумларни “синдирувчи”, муассаса ходимларнинг “топшириғини” бажарувчи маҳкумлар уни обдон дўппослаб, ич кийимини ечиб қўйишган. Табиийки, бу ишни улар ходимларнинг топшириғи билан қилган. У маҳкум агар Тошкентдан махсус комиссия келса, бу холат бўйича кўрсатма беришини айтган; ушбу ҳолат маҳкумлар орасида овоза бўлган ва уларнинг ходимлар устидан кескин норозиликларига сабаб бўлган;
– баъзи ходимлар ота-оналарга :”агар Тошкентга бориб шикоят қилсангиз, шикоятларингиз айланиб яна ўзимизга, шу муассасага келиб тушади, шикоятларни барибир биз ўзимиз кўриб чиқамиз…” қабилидаги гапларни қилишади, ва уларда шикоятларни холисона ўрганиб чиқилишига бўлган умидни ўчиришади;
– борди-ю, маҳкумлардан ёки яқинларидан кимдир тегишли органларга шикоят қилсалар, ходимлар томонидан маҳкумларнинг барчасига руҳий ёки жисмоний босим ўтказилиб, шу усул билан уларда шикоятчига нисбатан ғазаб уйғотишга ҳаракат қилинади.
            Бундай ноҳақлик ва зулмдан норози бўлган холда, мен Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий Марказ раҳбарига бу борада оғзаки маълумот бердим.
   Кейинчалик ўғлимга муассаса бошлиғи руҳий экспертиза тайинлаб, уни руҳий касалга чиқариш мақсадида ЖИЭББга қарашли, Тошкент шаҳрида жойлашган “Маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхона” (УЯ 64/18-“Сангород”)га жўнатаган, бу муассасага у 04.07.18й. келиб тушган ва 23.07.18й. ўз жазосини ўтаётган УЯ64/61 қайтариб юборилган. Унинг 20 кунлик касалхонада текширувда бўлган чоғида муассаса Бош шифокори п/п-к Ж.Нуриддиновнинг қабулида 2 маротаба бўлдим, у ходим менга ўғлим ҳеч қанақа руҳий касал эмаслиги, соппа-соғ эканлигини, аммо тегишли ҳолатларда ўзига тан жароҳати етказишга мойил эканлиги, бу ерга нима учун юборилганига тушуна олмаётганини, уни жазосини ўтаётган муассасага қайтариб юборишини айтди. Шундан сўнг 19.08.2018й ўғлим билан навбатдаги узоқ муддатли учрашувга кирдим, ўғлимнинг айтишича Сарвар Абдусалимов деган тезкор қисмнинг бошлиғи уни атайлаб атиги 5 минут бадантарбияга кеч қолгани учун видеотасвирга тушириб, унга руҳий босим ўтказиб, муассаса тарибини бузганлигини қайд этган ва у шу ходимнинг хонасида яна нечанчи бор билагини ва томоғини кесиш йўли билан ўз баданига шикаст етказган (бу атайин қилинаёиган ҳолатга кўплаб маҳкумлар гувоҳ бўлишган, улар агар Тошкентдан холис текширув келса, бу воқеа тўғрисида кўрсатма беришлари мумкин), зотан унга адолатсизликка норозилик билдиришдан шундан ўзга чора қолмаган, кейин уни муассаса ҳибсхонасига кирғизишган, у ерда у 10 кунча бўлган, чиққанидан кейин зудлик билан юқоридаги касалхонага руҳий касал деб жўнатишган, бу касалхонада ҳам Қаршидан юборилган “буюртма” орқали ходимлар “буйруғини” бажарувчи маҳкумлар унга нисбатан қийноқ қўллашган.
Инсон хуқуқлари бўйича Миллий Марказ раҳбарининг (А.Саидов) бу  борадаги тегишли саъй-ҳаракатлари натижасида муассасанинг раҳбари (Ф.Умаров) ва тезкор қисмининг ходими (С.Абдусалимов) ўз вазифасидан четлатилган. Улар четлатилгандан кейин ўғлимга босим ва тазийқлар бундан-да кўпайиб кетган, арзимаган майда –чуйда баҳонлар билан ўғлимга муассаса тартибини бузганлик айби тиркала бошланган, Бундан ташқари, муассаса ходимлари “буюртмасини” бажарувчи фаол маҳкумлар турли баҳоналар билан ўғлимга атайлаб тартиб буздириш масадида асабига тега бошлаган. Жумладан, август ойининг охирларида муассаса фаолларидан бўлган вазифаси хўжалик ишлари билан шуғулланувчи бир маҳкум (завхоз) маҳкумларга босим ўтказаётган пайтда, уларни ёнини  олган ўғлимнинг шаънига тегадиган гапларни айтган, тахқирланган ўғлим унга жавоб қайтарган, шу учун ўғлимни яна нечанчи бор муассаса хибсхонасига 10 кунга кирғазишган. Булар ҳақида ўғлим мен у билан 11.09.2018йда қисқа муддатли учрашувим вақтида айтди. Учрашув чоғида ўғлим бу ишларни амалга ошираётган Фарход исмли тезкор ходим бўлиб, у нима қилиб бўлмасин, унга оғирроқ жазо чорасини қўллаб, қаматмоқчи эканлигини, турмага жўнатиш ниятида эканлигини, бунинг учун унга қарши ҳужжатлар тўплаётганлигини айтди. Мен учрашувдан чиқиб, муассаса бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарувчи майор Д. Қулмуродов билан гаплашдим, ундан бу ноҳақликларни тўхтатишини талаб этдим, у ўз навбатида ўғлим ҳибсхонага 2 марта кирғизилганидан бехабар эканлигини (?!) бу ишларни текшириб чиқишини ва тегишли ходимлар билан гаплашишини айтди. Аммо афсуски менга 15.09.18й. ўғлимни Қарши шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди (судья Қ.Холов) ўзининг 13.09.2018й. даги ажрими билан 3 йил қамоқ жазосига хукм қилгани тўғрисида хабар келиб қолди. Зудлик билан яна муассаса жойлашаган Шайхали қўрғонига етиб келдим, нима бўлгани тўғрисида махсус қисмнинг  Хуршид исмли ходими билан гаплашдим унинг айтишича, ўғлим кўплаб тартиббузарликларга йўл қўйгани учун судга тегишли тақдимнома киритилиб, 13.09.18 й.даги Қарши шахар жиноий ишлар Судининг ажрими билан унга жазони ўташ тариби (режим) ўзгартирилиб, қолган жазо муддатининг 3 йилини  қамоқ тартибида ўташ жазоси тайинланганини айтди. Шундан сўнг 17.09.18й. ўғлим қаерда эканлигини билиш масадида ЎР ИИВ ЖИЭББга мурожаат этдим, у ерда менга 13.09.18й. (суд бўлган куни)  ўғлим 1-Тергов Ҳибсхонасига жўнатилганлигини, у ердан Навоий вилоятида жойлашган УЯ 64/46 турмага  жўнатилишини кутаётганлигини маълум қилишди.
Оҳир-оқибатда ўғлимнинг УЯ 64/61 ЖИЭМсидаги тақдири ўзининг ҳамда бошқа  маҳкумларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилмоқчи бўлганлиги, адолат учун курашмоқчи бўлганлиги учун шу тариқа аянчли якун топди, эндиликда у ўз ёш умрини яна 3 йилини турма камерасида ўтказишга маҳкум. Лоақал бу адолатсиз суд мени хабардор этиб, ўғлимни лаёқатли адвокат билан таъминлашни ўзига лозим топмади, энг асосийси – ўғлим 2 маротаба “содир этган тартиббузарлиги”учун 2 маротаба ҳибсхонада ўз жазосини олиб бўлган эди, адолатсиз суд эса 1 жиноят учун унга яна устига устак жазо тайинлади. Ҳолбуки Қонунларимизда 1 жиноят учун 2 маротаба жазо тайинлаш мумкин эмаслиги кўрсатилган, уни 15 минут ичида суд қилиб, зудлик билан Тошкентга жўнатиб юборди. Турли туҳмат ва бўҳтонларни, “подставка”ларни қўллаб ўғлим жувонмарг этилди. Ахир, ЖИК бўйича муассасанинг ўзи ўғлимни 3 ойга хибс этса, инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, ёш йигитчага имконият берса бўларди-ку?! Жиноят ишлари бўйича Қарши шахар судининг бу иш бўйича чиқарган ажримида тиркалган материалларида эса унга турма жазосини бериш учун асослар етарли эмаслигини кўрсатади, бу материалларда ўғлимни 2 марта ҳибс этилгани, турмага ўтказиш хақида тақдимнома, уйдирмаларга асосланган психологик тавсифнома ва бошқа ҳужжатлар мавжуд холос. Нега судда ўғлимга ҳеч ким қулоқ солмади, нега муассасадаги холис гувоҳларнинг кўрсатмалари олинмади, балки ходимларга “ишловчи” маҳкумлар кўрсатмалари олинди. Нега бир “кичкина тартиббузарлик” учун ўғлим қонунга ҳилоф равишда 2 марта жазоланди?! Наҳот бизнинг судлар шунчалик адолатсиз ва аёвсиз бўлса?! Фикримча, буларнинг хаммаси, бу “буюртма” иш эканлигидан далолатдир, агар Тошкентдан холис ваколатли текширувчилар келиб, бу ишни ўрганишса, ўғлимга нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар уюштирилгани тўғрисида кўплаб махкумлар кўрсатма беришлигига аминман, бундан ташқари, қисқа муддатли учрашув чоғида ўғлим менга бу уйдирмаларни исботлаб бера олишлигини, ҳужжатлар тузишда ходимлар кўплаб хатоларга йўл қўйишганини айтди. Ҳимоячининг бу борадаги Қашқадарё вилояти жиноий ишлар бўйича судига 05.10.2018 йилда киритган кассация тартибидаги шикояти, худди шу ажримни чиқарган Қарши шахар жиноий ишлар бўйича судьяси Қ.Холов томонидан 11.10. 2018 йилдаги ажрими билан қайтариб юборилди, ҳозирги кунда ушбу ажрим юзасидан янги хусусий шикоят тайёрланиб, топшириш арафасида турибди.
Воқеалар ривожи шуни кўрсатдики, юқоридаги қонунбузарликлар хали хаммаси эмас экан, улар ўғлим УЯ 64/46 ЖИЭМ турма участксига келиб тушганидан кейин ҳам бардавом этаётган экан.
Хусусан, ўғлим бу “даргоҳ”га келиб тушгандан кейин, у билан аввал 03.10. 2018 й. қисқа муддатли учрашувга, кейин 12.11.2018 йилда узоқ муддатли учрашувга кирдим. Ўғлимнинг билакларига қараб бўлмас эди, улар тилкаланиб кесилиб кетган эди. Ўғлимдан бу борада сўрасам, унга нисбатан ходимлар томонидан ўтказилаётган зулмдан шундай қилишга мажбур бўлганлигини айтди. Бу орада ўғлим 27.11.2018 й.да уй телефонига  қонуний 10 минутлик қўнғироғини қилди. Кутилмаганда 04.01.19й.соат 14:31 да яширин рақам орқали уяли телефонимга қўнғироқ қилиб қолди, у тез орада Маҳкумларга мўлжалланган махсус касалхонага (УЯ 64/18) юборилаётганини, ошқозонидан ниманидир олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак эканлигини айтди, Тошкентга келганида зудлик билан олдига ҳимоячи киритишимни таъкидлади. Шундан сўнг мен 07.01.2018й.да ўғлимни айни пайтда қаерда эканлигини аниқлаш мақсадида ЖИЭББга бориб ўғлим мазкур касалхонага 06.01.18 йил келтирилгалигини аниқладим, ҳамда унинг олдига ҳимоячи кириб чиқди. Олинган маълумотлардан нафақат ота сифатида балки инсон сифатида ҳам даҳшатга тушдим. Маълум бўлишича, ўғлимни жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди (судья С.Болтаев) ўзининг 05.01.2019 й.даги Ажрими билан ЎР ЖК 221 моддаси 2 қисми “б” банди, яъни “Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”; уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш” билан боғлиқ бўлган жазони назарда тутувчи жиноий ишга айбланувчи сифатида жалб этган. Ўғлимни бу ишга жалб қилиш мақсадида, маҳкум Олтиев Тохирдан уни қўрқитиш йўли билан ноқонуний гувоҳлик (явка) олинган, кейинчалик босим остида ёлғон гувоҳлик берган юқоридаги махкум виждони қийналаганидан ўз гувоҳлигини қайтариб олиш учун мурожаат этган. Натижа бўлмагач, ўзига тан жароҳатини етказишга мажбур бўлган. Ўғлимга нисбатан ноқонуний айблов “тўқиб чиқарилганини” маҳкумлардан Сидиқов Бахтиёр, Ли Евгений, Хайруллаев Абдурахмонлар тасдиқлашлари мумкин, бундан ташқари ўғлим тартиббузарлик содир этмаганини ўша кундаги кузатув камераларидаги видеоёзувлар орқали ҳам аниқлаштириш мумкин (агар уларни маъмурият йўқотмаган бўлса, йўқотилган бўлса бу иш шубҳали бўлади, йўқотилмаган бўлса, жиноят содир этган – этмаганлигини тасдиқлайди), зеро қонунчиликка кўра жиноий иш материалларида кузатув камерасидаги видеоёзувлар ҳам тиркалиши лозим. Ўғлим берган маълумотларга кўра унинг боши ҳибсхонадан чиқмаган (изолятор). Тартиббузарлик содир этганлигини тасдиқловчи тегишли ноқонуний қарорларга имзо чекмагани учун уни ноинсоний қийноқларга солишган.Уни шахсан УЯ 64/46 ЖИЭМ бошлиғи п-к Қиличев Ғ.Х, корпус бошлиғи ҳамда бошқа ходимлар қийнаб, дўппослаб ташлашган (!). Уни дўппослашаётганда “Тебе это привет из Карши” дейишган. Бундай ходимлар томонидан ўзига нисбатан бўлаётган ҳаракатлардан норози бўлган ўғлим ўз жонига қасд қилиш мақсадида писка (лезвие) ва 3 та предметни ютиб юборган, бу ходимларнинг кўз ўнгида рўй берган. Кейин судда ўғлим уларга қарорга имзо чекиб беришини, лекин аввал менга қўнғироқ қилишга имкон беришлигини  айтган, шундан сўнг улар ноқонуний қўнғироқ қилиб олишига имкон беришган ва у юқорида кўрсатилганидек, 04.01.19 йилда менинг уяли телефонимга қўнғироқ қилган ҳамда қарорга мажбурий ҳолда имзо чекиб берган. Шундан сўнг, ходимлар ўғлимга таҳдид қилиб, уларни ва бу ерда бўлиб ўтган воқеаларни Тошкентга борганида ҳеч кимга айтмаслигини таъкидлашган, агарда арз қилса, барибир аризаси айланиб ўзлларига келишини, ана унда унга оғир кечишини айтишган, агар ҳеч нарса айтмаса, атиги 1 ой муддат қўшиб беришлигини айтишган Хозирги кунда у юқоридаги касалхона муассасида ошқозонидаги предметларни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун тайёрланмоқда, бу холатда уни ўз жиноятларини беркитиш учун ўлдириб юборишлари учун “буюртма” беришлари ҳам мумкин ёки ошқозонида яра бор экан деб, баҳона қилиб ёт предметларни қайд этмасликлари учун амалиётни қўл учида ўтказиб юборишлари эҳтимоли бор. Ҳозирги кунда аҳволи оғир, бадани, қўллари ва оёқлари шишиб, кўкариб ётибди, буни касалхонада тегишли экспертиза ўтказиб қайд этишадими, йўқми билмайман. Шунингдек, бугун 08.01.18й. тахминан соат 17:00да мен ўғлимнинг холидан хабар олгани у айни пайтда сақланаётган Махсус касалхонага бордим, у ерда тасодифан илгари УЯ 64/61 муассасида тезкор бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган капитан Сарвар Абдусалимовни кўриб қолдим, у ўз вақтида ўғлимга нисбатан тухмат тартиббузарликлар қайд этган, унга ва бошқа махкумларга нисбатан турли босим ўтказган ходим эди. Уни ўғлимга касалхонада хам босим ўтказиши мумкинлигини эътиборга олиб бу хақда уни огоҳлантирдим. Кейин касалхона Бош шифокори, тартибли хамда ваколатли офицер сифатида таъсурот қолдирадиган п/п-к  Ж.Нуриддинов билан уни чақиртириб гаплашдим, у ўз навбатида дархақиқат ўғлим писка предметини ютганини у ҳозирда табиий йўл билан тушиб кетганини, лекин ошқозонида 4 см.ли сим қолганини агар у тушмаса 4-5 кундан кейин жарроҳлик амалиёти ўтказилишини айтди. Мен унга шу ерда С.Абдусалимовни кўриб қолганимни у ёки бошқалар  ўғлимга нисбатан босим қилса ўғлим яна ўзига қасд қилишидан огоҳлантирдим. Шунингдек, ўғлимга нисбатан ёлғон психологик тавсифнома тузилганини, уни атайлаб савдойига чиқаришлиги мумкинлигини, ўғлимнинг руҳий ҳолати жойида эканлигини хам айтдтдим. Ўғлимнинг кўкарган тана қисмларини қайд этиб, экспертиза ўтказишлари лозимлигини айтдим. У ўз навбатида эртага қабулга келсам ўзи хамда касалхона бошлиғи билан гаплашиб олишимни айтди. Аммо оталик сезгим менга бугун ҳам бирон кори-ҳол бўлишидан хабар бергандай эди гўё, энди буни вақт кўрсатади.
Бундан ташқари, тасарруфимда бўлган жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 05.01.2019 й.даги Ажрими билан танишар эканман, суд ҳужжатларида қатор ноаниқликлар борлигини аниқладим, жумладан унда ўғлимнинг озодликдаги вақтида “…вақтинча ишламаган…” деб ёзилган, ҳолбуки биринчи инстанция судининг хукмида “…работающего менеджером в ООО “Sirius star business” деб ёзилган, қолаверса, Қарши шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 13.09.18й.даги ажримида хам бу ёзув қайд этилган, бу ҳақда унинг мехнат дафтарчасида хам, ишхонасидан олинган мсаълумотномада хам қайд этилган, ўғлим жамият учун фойдали иш билан шуғулланар эди.
Шунингдек, у устидан бўлиб ўтган тегишли суд ҳужжатлари нотўғри ёзилган, чунончи унинг судланганлиги тўғрисидаги маълумотлар келтирилар экан, 4 қавсда “31.01.2017 йилда жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар, Яшнабод туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 277- моддаси 2-қисмининг “а,в” бандлари, 164-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ЖК 59,60,61 асосан 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига судланган…” –деб қайд киритилган. Ҳолбуки, ЎР Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 4.10.2018 йилдаги ажримига кўра- “ Искандаров Шерзод Истеъдод ўғлига нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Яшнабод туман судининг 2017 йил 31 январдаги хукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2017 йил 16 майдаги ажрими ўзгартирилсин. Ш.Искандаровнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси, 2-қисми “а,в” бандларидан 105- моддаси 1 қисмига қайта квалификация қилинсин… Ш.Искандаровга ЖКнинг 60 ва 61-моддалари тартибида хукмлар жами тариқасида узил-кесил 8 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин…”-деб қайд киритилган. Бу майда важлар қилиб кўрсатилиши мумкин, аммо суд ҳужжатларида қонунчиликка кўра аниқ маълумотлар киритилиши лозим, ноаниқ маълумотлар киритилган суд ҳужжатларини хақиқий эмас деб топилади деб ҳисоблашимга маънавий ҳаққим бор деб ҳисоблайман. Токи судлар, суд ҳужжатларига ноаниқ маълумотлар киритар эканлар, бунинг устига қуйи инстанция суди, Олий суд ҳужжатларига эътибор қаратмасдан, пала-партишлик билан қайдлар киритар экан, ё бу судьялар улар устидан турувчи қонун ва судларга беписанд қарайдиганлар, ёки судларимизни, адолатни, қонунчилигимизни менсимайдиганлар деб ҳисоблайман, яна эса бу “буюртма” ишни амалга ошириш учун шошма-шошарлик билан ҳеч нарсадан тап тортмасликларини кўрсатиб қўйдилар деб фикрлайман.
Бундан ташқари, юқоридаги ажримда “…бошқа маҳкумларнинг онгига салбий таъсир кўрсатиб,…”, “…унга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўлланилган тақдирда оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этиши мумкинлиги, дастлабки тергов ва суддан яширинишини олдини олиш мақсадида унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш хақида илтимоснома киритган…содир қилган жинояти унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кирсада…” деб саводсизларча, саъвияси баланд судьяларга хос бўлмаган ёзувлар киритилган. Чунончи, бошқа махкумларнинг онгига салбий таъсур кўрсатаётганлиги хақида бундай махкумларнинг бу хақда суд ҳужжатларида кўрсатмалари мавжуд эмас, бу “салбий таъсир” ходимларнинг ёки прокурорнинг инсоннни айблаш учун айтаётган шахсий фикри холос, нега бўлмаса махкумлардан бу борада гувоҳ сифатида олинган кўрсатмалари йўқ?! Ўзи қамоқда бўлган одамга қандай қилиб қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган чора қўлланганда у жиноят содир этиши мумкин?! Қандай қилиб ўзи қамоқда сақланаётган маҳкум дастлабки терговдан ёки суддан яшириниши мумкин?! Содир этган “жинояти”ни унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришини ажримда кўрсатиб турибди, бу ҳолатда халқимизга хос бўлган инсонпарварлик ва гуманизм тамойили унга нисбатан қўлланилмаган. ЖИЭМ тизими ўғлимга аллақачон норасмий жиноят олами ибораси билан айтганда “отрицала”, яъни муассаса тартибини ашаддий бузувчи, ўрнатилган тартибга бўйсинмовчи шахс мақомини тиркаб бўлган, бу тегишли ҳужжатларда ҳам қайд этилган, аммо менинг ўғлим ўзининг ва бошқаларнинг ҳақ-хуқуқуни химоя этувчи, ўзгаларнинг дардини ўз дардиек кўрувчи, хар қандай нохақликка кўз юммайдиган шахс сифатида шаклланган, зиёли оилада тарбия топган.
Юқорида келтирилганларнинг барчаси ўғлимга нисбатан ишлар бўйича биринчи инстанция тергови ва судлар хукмларидан тортиб, то Қарши ва Навоий шахарлари жиноят ишлари бўйича судларининг ноқонуний ажримларигача унга нисбатан қабул қилинган “буюртма”, нохолис, адолатсиз хукмлар эканлигини кўрсатади хамда бу билан эндиликда мамлакатимизда хукмрон бўлаётган демократик ва ҳуқуқий жамият қурилаётганлигига нафақат Ўзбекистонимизда балки жаҳон хамжамияти кўз ўнгида берилаётган зарба деб ҳисоблайман. Ўғлимнинг ўз ва қисматдош махкумлар хуқуқларини химоя қилиш учун қилаётган саъй-харакатлари, адолатсизликка қарши қаратилган ишлари натижасида УЯ 64/61 қатор ходимларининг ишдан олиниши ундан шу тариқа қасос олинишига олиб келди. Бундай нохақликларга учраган махкумлар Ўзбекистон бўйича қанча экан, уларнинг арзини ким эшитар экан, қачон тегишли ЖИЭМларини эгаллаб олган тегишли ходимлар инсонлар устидан ўтказаётган ўз зуғумларини тўхтатар эканлар, ким уларни тўхтатади?!
Ўғлим куни кечагина 25 ёшини қаршилади, хали гўшанга кўрмаган йигит нима учун туҳмат билан қамалди, нима учун унинг келгуси тақдири золим ходимлар томонидан синдирилиб, эндиликда хаёти хавф остига қўйилиб, ўзи жувонмарг этилди?! Менинг хозирги ҳолатимни тасаввур қилиб бўлармикин?!Наҳотки бизнинг жамиятимизда бу каби қабиҳ ишлар халиям давом этаётган бўлса?! Бошимга бу кулфатлар тушиб ЖИЭМларига тез-тез бориб тураман, у ерда махкумларнинг ота-оналари, ака-укалари, рафиқалари, фарзандлари, дўстлари ва бошқалар билан гаплашаман, уларнинг баъзиларини умидсиз кўзёшларини кўраман, дарду-армонларини эшитаман, кўпчилик махкумлар худди ўғлим сингари арзимаган нарсалар учун туҳмат билан қамалиб кетганига, бунинг устига муассасаларда арзимаган ишлар учун муддатларига қўшиб берилишига, терговлар, судлар ноқонуний олиб борилганига уларнинг гапларидан беихтиёр шоҳид бўламан.
Онам яъни, ўғлимнинг бувиси нисбатан яқинда 27.09.18 й.да набриаларини кута-кута кўз ёш билан уни кўролмай армон билан вафот этдилар, ўғлим қайтишини орзиқиб кутдилар, уни тўйини кўрмоқчи эдилар, набираларини жудаям яхши кўрар эдилар, аммо айрилиқ қийноғи онамни орамиздан олиб кетди. Адолатсизлик онамни ўлдирди! Бу мудҳиш воқеалардан оиламиз мотам холатида. Адолатсизликни кўравериб, дийдам қотиб қолмоқда, лекин шу билан бирга бари бир унинг тантана қилишига умид қиламан, зотан одил Давлат раҳбари, миллат олдида берган қасмёдига содиқ бўлган адолатпарвар қонун ҳимоячилари ҳам борлигига ишонаман, зотан буни тажриба ва тарих кўрсатиб турибди.
Ҳозирги кунда ўғлим Тошкентдаги Махкумларга мўлжалланган махсус касалхонада (УЯ 64/18)  жарроҳлик амалиёти ўтказилишини кутмоқда, руҳий ва жисмоний аҳволи оғир ахволда, шу холатда бўлсаям, гарчи тегишли ходимлар ислоҳотлар фақат телевизорда, бу ерда бизнинг “ислоҳотлар” ўтади деб киноя қилсаларда, у шахсан Сизнинг адолатингизга бошқа махкумлар сингари катта ишонч билдиради. Ходимлар ва судьялар адолатли қарор қабул қила олмасалар Президентимиз адолатли қарор қабул қиладилар деб ҳисоблайди.
 Ўғлимнинг тегишли муассасалар ходимлари томонидан маҳкумларга нисбатан қўлланилаётган зулм, адолатсизлик, истибдод ва зўравонликлар борасида  шахсан Сиз ваколат берган адолатли, холис махсус комиссияга берадиган кўрсатма ва шикоятлари бор, зеро ҳатто маҳкумларнинг  ҳам қонунчилигимзда белгиланган хақ-хуқуқлари бор, улар ҳам жамиятимиз аъзолари, республикамиз фуқароларидир, улар ҳам келажакда жамиятимизга фойда келтиришлари мумкин, инчинун уларнинг ҳам дардини кимдир эшитиб, адолатли қарор қабул қилиши керак.
Ўғлим устидан олиб борилган ноқонуний терговлар, суд жараёнлари хамда киритилаётган тақдимномаларнинг унинг Конституцион ва инсоний хуқуқларининг поймол этилишининг давомли жараёнлари  деб ҳисоблайман.
.
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўз чиқишларингизда халқимиз, миллатимизга қирон келтирган ўша мудҳиш “ГУЛАГ” архиепелагини, манфур Гдлян, Иванов ва бошқаларни ўкинч ва нафрат билан эслаб ўтасиз. Аммо хозирги кунда муассасалар, суд, прокуратура тегишли ходимлари ўзининг қонунга ҳилоф ҳаракатлари билан улардан ҳеч фарқланмай қолди, улар-ку бошқа миллат вакиллари эди, бу муассасалардаги миллатимиздан чиққан ходимлар ўз миллатимиз вакилларини, гарчи улар озодликдан маҳрум этилган махкумлар бўлсалар-да, уларнинг ҳам қонуний ҳақ-ҳуқуқлари борлигини эътиборга олмасликлари, хорлашлари, инсон тақдирига беписанд қарашлари, инсон шаънини, қадр-қимматини топташлари, бунинг устига инсон хуқуқлари олий даражага кўтарилаётган хозирги даврда тап тортмай қўпол қонунбузарликларга йўл қўйишлари, мамлакатимизга, бағри кенг, инсонпарвар халқимизга, қонунчилигимизга, шунингдек, Сиз олиб бораётган демократик ва гуманизм сиёсатига иснод келтирмоқда. Ўғлим ёш, хаётий тажрибаси кам, ҳатто ҳали оила қуриб улгурмаган йигит эди, тегишли ходимлар унда келажакка, хаётда ўз ўрнини топиб  олишига ишонч уйғотиш ўрнига, руҳан ва жисмонан синдирмоқдалар ва бу билан унда Ўзбекистонда қонун устувор эканлигига бўлган ишонч ҳиссини муваффақиятсиз сўндирмоқдалар.
Мазкур муассаса, суд, тергов, прокуратура ходимлари ноқонуний хатти-харакатидан маҳкумлар ҳаттоки ўз жонига қасд қилиш даражасига борар экан, жазони ижро этиш хамда суд-хуқуқ тартибот соҳасида зудлик билан ҳали кўплаб ислоҳотлар ўтказилиши лозим эканлигини ушбу муассасалар ва судлардаги аянчли тажриба кўрсатиб турибди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўғлимнинг иши бўйича барча қонунбузарлик ҳолатларини одил ва объектив ўрганиб чиқиш ва уларга барҳам бериш мақсадида махсус комиссия тузиб, унинг иши бўйича у билан алоҳида суҳбат ўтказиш, хуқуқни муҳофаза этувчи органлари томонидан олиб борилаётган терговни  объектив, исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва энг асосийси, холисона текшириб чиқилишида, уни айбини енгиллаштирадиган ҳолатларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқиш, баданига тан жароҳати етганлигини экспертиза этиб қайд этиш, унинг устидан илгари чиқарилган суд хукми ва ажримларини бекор қилишда кўмак беришингизни, келтирилган фактлар ўз исботини топган тақдирда қонунбузарликларга йўл қўйган ходимларнинг фаолиятига қонуний баҳо бериб, уларни ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортиш тўғрисида ваколатли органларга кўрсатма беришингизни, пировардида бу иш бўйича адолатли қарор қабул қилишингизни  сўрайман.
 
Самимий ҳурмат билан,
 
P/S Мазкур мурожаатномани мустақил ОАВ орқали чиқаришга мажбурман, зеро илгариги аризаларим Сизгача етиб бормаган, ҳозиргиси хам улар орқали етиб боришига шубҳа қиламан, бу учун мендан ранжимаслигингизни сўрайман, Мазкур мустақил ОАВда чиқарилаётган материалларни Сиз шахсан ўқишингизни эшитганман. Мурожаатномани расмий равишда менинг номимдан қабул қилишингизни сўрайман.
 
 
И.И.Искандеров                                                                             «08» «январ» 2019й.
Leave a Reply
*