Menu
Categories
Мирёқуб Қобилов: “Ўтрор ва Амир Темур” бобидан парча
01/15/2019 Муҳокама учун мавзу
 
“Дунё ўзбеклари”да:   Велосипедда Тошкент – Чимкент – Шаулдер –Ўтрор – Туркистон ( Аҳмад Яссавий зиёрати) – Шаулдер сафари. (6 кун. 420 км.)
  “Ўтрор  – инсониятнинг  тараққиёт  тарихидаги  оламшумул бурилишларга гувоҳ   бўлган   манзил .   Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ , Ўтрор ва Чингизхон”,
деб номланган кундалик саҳифаларидан парчалар  чоп этилган эди.
 Навбатда кундалик саҳифаларининг  давоми бўлган  “Ўтрор ва Амир Темур” бобини тақдим этмоқдаман.. 
5 октябр. 2018 йил.  Мен тараққиётида  тарихий аҳамиятга эга бўлган ва ЮНЕСКО томонидан эътироф этилган Ўтрор қалъасининг улуғвор харобалари узра кезар эканман узоқ ўтмиш тарихни ёдга олдим. Беихтиёр  қалбимда ачинарли ўкинч пайдо бўлди. Бунинг сабаби Ўтрор қалъасининг тарихига бевосита алоқадор бўлган мўҳим бир воқеа – Хитойни забт этиш учун ниҳотда катта қўшин билан йўлга чиққан соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёт йўли  Ўтрорда якун топгани  ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган эди.
Мен бу сайёҳатим кундалигида  ушбу оламшумул тарихий  воқеалар ҳақида имконият даражасида кўзим тушган  ишончли манбааларда келтирилган хабарларни қайд этишни лозим топдим.    
  … Соҳибқирон Амир Темур етти йиллик урушда оламни забт этиб зафар билан   Самарқанд саодатманд доруссалтанатига қайтиб келгандан кейин  Конигулда  улуғ тўй уюштиради. Орадан беш ой ўтмасдан у бекларини йиғиб энди Хитой кофирлари томон ғазот қиламиз ва бу динсизларни иймон йўлига киритамиз ва у ердаги барча   Бутхона ва оташкадаларни буздириб уларнинг ўрнига  масжид ва хонақолар иморат қиламиз, дейди. Ўзига тобе бўлган ўлкалардан 200 минг аскар йиғиб  ҳозирги  ҳисобда 1404 йилнинг 27 ноябрда  йўлга тушади. Аммо бу юриш воқеалари хосиятсиз бошланди. Ўша йили қиш ниҳоятда қаттиқ келади. Ибн Арабшоҳ ёзади: “Кейин қиш унинг устига темирни ҳам қирқадиган, қалқонни ҳам парчалайдиган миқдорда қор уюмларини ёғдириб, Темур ва унинг аскарлари устига қаттиқ совуқ самосидан беҳисоб тиғларни қулатдики, уларда дўл бор эди; унинг орқасидан эса қум бўронларини жўнатиб, улар Темур одамларининг қулоқларию кўзларини тўлғазди; сездирмасдан бурунларига тиқди… Агар киши нафас чиқарса, унинг нафаслари соқол ва мўйлови билан музлаб қоларди. Агар киши қуюқ бир туфласа, туфуги ўзида ҳарорат бўлишига қарамасдан, Ерга бориб тушмай, яхлаган ўқ каби бориб тушарди. Натижада, Темур аскарларидан бирталайи ҳалок бўлиб, қиш улардан каттаю, кичикни  қирди. Уларнинг бурун ва қулоқлариини совуқ яхлатиб туширди. Шунга қарамасдан, Темур ўлганларга эътибор қилмас ва юз берган ишлар учун афсусланмасди…
  Сирдарёнинг музи қалинлиги уч тўрт қаричдан ҳам қалин музлаганди.
Соҳибқирон Амир Темур 1405 йилнинг 14 январида Самарқанддан етмиш олти ёғоч масофада жойлашган  Ўтрорга келиб Бердибекнинг уйига  қўнади.
 “Зафарнома муаллифи Шарофиддин Али Яздий шундай деб ёзади. ” Ва ғаойиби ул иттифоқдин улким, ул уйдаким, соҳибқирон  тушуб эрди, анда ўт тушди. Ул ўтни филҳол учирдилар. Аммо бу маъно оқилларнинг хотирлариға йамон келди ва ани шу кундан йамон туттилар. Ва эл ҳам ул маҳалда кечалари йамон тушлар кўрар эдилар. Ва эл бу жиҳатдан йамон қўрқар эдилар.”  1405 йилнинг 11 февралида ҳазрат соҳибқироннинг соғлиги ёмонлашди. Яздий ёзишича Амир темур барча гуноҳлари учун аллоҳга тавба қилибди. Аммо унинг касаллиги кун сайин оғирлашиб бораберибди. Табибларнинг барча уринишлари зое кетибди. Амир Темур ўз қазосига рози бўлиб фарзанд ва хотинлари, яқинлари билан видолашибди, васият қилибди. 1405 йилнинг 18 февралида ҳазрат соҳибқирон муборак етмиш бир ёшида бу оламдан кўз юмибди. 36 йил подшоҳлик қилган. Ундан ўттиз олтита ўғил ва неваралари бор эди. Ва оғолар ва хонимлар юзларини йиртиб,  сочларини уздилар ва беклар барча йақоларини йиртиб туфроқ ва қон устида ағоналадилар.
Тарихчилардан 9 ёшида асир тушиб онаси билан Самарқандга кўчирилган шу ерда вояга етган , Ибн Арабшоҳ ўзи кўрган, эшитган ва ўқиган маълумотларга асослани “Амир Темур тарихи” деган китобида  аламзадалик билан Темурнинг ҳаётидаги   охирги кунларини ниқоятда ҳақоратомуз сўз ва иборалар билан тасвирлайди:
… Буюк соҳибқирон касал бўлиб қолганидан  кейин: “ Темур ушбу арақдан танавул қилиб, ҳеч бир тап тортмай ўлчовсиз миқдорда кўпроқ истеъмол қилаберди… Ушбу арақ Темур ичаклари ва жигарига таъсир қилиб, унинг аъзойи бадани қақшаб – титради ва қўл-оёқлари бўшашди. Шунда у табибларни келтириб, касалини уларга кўрсатди…. Натижада, уч кеча ўтгач… Унинг жигари  пора- пора бўлиб , “мол- дунёси ва болаларининг унга нафи тегмади.” У  қон қусиб, ҳасрат ва надоматдан қўлларини  тишлай бошлади… Агар унинг бўғилган бўталоқ каби хириллаб, рангининг ўчганини ва осилган туя мисоли икки лунжидан кўпиги оққанини кўрсанг эди!”… Шундай қилиб, Темур Аллоҳнинг лаънати ва уқубатига кўчиб, унинг алами таҳқири ва азобида қарор топди. Бу воқеа 807 йил, нурли шаъбон ойининг ўн еттинчиси, чоршанба кечаси, ( 18 февраль 1405 йил) Ўтрор атрофида юз берди” дейди.
Низомиддин Шомий “Зафарнома”, Х1. “Хитой юриши баёнида”  : Бир неча кун чуқур ўйлаш ва машваратдан сўнг  ( ҳазрат Соҳибқирон) Хитой томон юришга қатъий қарор қилди. Қишнинг қоқ чилласи эди… Ўша кезлари ҳаво шу даражада совиб кетдики, кўпчилик акобирлару зодагонларнинг баъзи аъзоларини совуқ олди, оддий одамлар ва ходимларнинг кўпчилиги ҳалок бўлди.   Қавс ойининг бошидан то ҳут ойининг охиригача Жайҳун ва Сайҳун дарёларининг барча кечувларидан лашкарлар, карвонлар, аравалар, филлар ва ҳоказо муз устидан ўтдилар. Совуқнинг қаттиқлигидан тил оғизда уюшиб қоларди, она қорнидаги болага ҳам зарар етиши аниқ эди. Саккиз юз еттинчи йил қутли ражаб ойининг ўн иккинчисида ( 1405 йил 15 январ) ҳазрат Соҳибқирон Ўтрор шаҳрига келиб тушди…
 Шу орада ҳазрат Соҳибқирон ароқ келтирмоқни буюрди, муҳайё қилдилар; у кўринишида сувдек, лекин  аслида оловдек бир жавҳар эди, бағоят латофатли бўлганидан   ҳавога ўхшаб кўзга кўринмас эди; ўта суюқлигидан дағал тупроқ билан қўшилмас эди. Соқий наргисдек олтин қадаҳни кумушранг қўлга қўйиб, ўз манзили бўйлаб бораётган ой мисоли узлуксиз қадаҳ узатарди. Аллоҳнинг қули бўлмиш ҳазрат    Соҳибқирон яна икки кечаю- кундуз ушбу арақдан ичиш билан машғул бўлди ва бирорта овқатдан оғзига олмади. Кейинги кун, муборак мижозида бир оз ўзгариш сезди. ( Мисра); унда хумор аломати бўлса керак, дейишди. Тузалиш учун, шеърда: “Лаззат олмоқ учун бўшатдинг косани, Бошқасини ундан даво олмоқ учун ич”, дейилганидек, яна бир- икки қултум ичди… Аёвсиз тақдир ичмоқ ортидан ўч олмоқ ништарини санчди; бевафо дунё хурсандчиликни йиғига ва базмни мотамга айлантирди.
Х11.  “ Ҳазрат Соҳибқироннинг “ Аллоҳ унинг шуҳратини ёрқин қилсин”, вафоти баёнида: “Ҳазрат Соҳибқирон “ Аллоҳ унинг шуҳратини ёрқин қилсин,  шундай дедилар:
 “ Умр бўйи менда умуман ўткир ичимликларга майл бўлмаган ва тўсатдан юз берган ҳозирги ҳолат касалликка сабаб бўлди. Кўп гуноҳ қилинган бўлса-да, бироқ, ( Қуръони каримда): “ Аллоҳнинг раҳмат- марҳаматидан ноумид бўлмангиз”, дейилганига кўра, Парвардигорнинг даргоҳи кенг эрур”…   Унинг буйруғи  билан кўнгилхушлик ва мусулмончиликда тақиқланган барча асбоб – анжомларни синдирдилар.
 Ўлим элчиси  “ Агар ажаллари етса, уни бирор соат орқага ҳам сураолмайдилар, илгари ҳам қилаолмайдилар” , деган оят ёрлиғини етказди…
Тақдирда бор қазо мактуби, “ер юзидаги барча жонзот фонийдир”, оятининг хотимаси ила якунланди ва саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг ўртасида (1405 йил 18 феврал)Ўтрор мавзесида ҳазрат Соҳибқирон руҳи яхшилар мақомидан ўрин олди. ( Байт)
    Ўтрор остонасида етиб келгач қазо, Сон- саноқсиз мукаммал лашкардан не фойда.”
Ўша куни мен маҳаллий халқ орасида хўжа Аҳмад Яссавийнинг биринчи устози Арслонбобга қараб йўлга тушдим.
Мирёқуб Қобилов.
Журналист, сайёҳатчи, шарқшунос,
жаҳон динлари тарихи ва фалсафаси
бўйича мустақил тадқиқотчи.
Тел: +99890 936- 99- 47.  
miryakub@list.ru

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"1" Comment
  1. Abror Mavlonov

    Ассалом алайкум сохибкирон Амир Темур ни
    эслаб сизнинг езганларингизни укиб мазза клдим. Рахмат Мирёқуб Қобилов ака

Leave a Reply
*