Menu
Categories
Исмат Хушев: СНБнинг даюси – ХДПнинг раиси… (Иккинчи мақола)
01/27/2019 Бош мақола

ХДП раиси Хотамбой

Кетмоновнинг маънавий дунёси 

Сиёсий партияларни ким назорат қилиши керак?

Партия раисларини-чи?

СНБнинг даюси – ХДПнинг раиси…

Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи

 

ИККИНЧИ МАҚОЛА

 

1.
Биринчи мақола эълон қилинган 2018 йилнинг 30 июлидан бўён олти ой вақт ўтди. Бу орада Ҳотамжон Кетмонов ўзи ҳақидаги танқидий мақола  эълон қилинишида қўли бор деб кўрилган бир талай кишилардан  шафқатсизлик билан ўч олишга киришди.
Биринчи навбатда у “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остоновни нишонга олди. Уни қандай бўлмасин обрўсизлантириб, газетаси тиражини камайтириб, алал оқибат ишдан олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
ХДП Марказий Кенгаш йиғилишларида бир неча маротаба газета обунасини ундан махсус хат бормагунча йўлга қўймаслик ҳақида топшириқ берди. Нафақат “Ўзбекистон овози”га, балки республикадаги барча нашрларга ундан махсус хат бормагунча, обуна масаласида шошмай туриш ҳақида гапирди.
Обуна тугади ҳам, ХДП Марказий Комитетидан қуйи ташкилотларга, вилоят, шаҳар ва район партия Кенгашларига ҳеч қандай топшириқ бормади.
Натижада “Ўзбекистон овози”га ўтган йил республика бўйлаб ўн етти минг (17 минг) дан зиёд киши обуна бўлган бўлса, бу йил уларнинг сони тўрт минг 600 атрофида бўлди, холос.
Бу ҳақда яқинда Ўзбекистон Профсоюзлар ташкилоти нашри бўлмиш “Ишонч” газетаси “Кетмонов матбуотга қаршими?” номли танқидий мақола эълон қилди. Унда ХДП раисининг обуна борасидаги ўзига ўзига қарши гапирган, тутуриқсиз ва ўта кулгили жавоблари “Ишонч” мухбири томонидан катта журналистик маҳорат билан очиб берилган. Қуйида “Ишонч” газетасида эълон қилинган ўша мақола билан танишамиз…

2.

Кетмонов матбуотга қаршими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ Демок­ратик партияси раҳбари иштирокида ўтказиладиган матбуот анжуманини ёритиш менинг чекимга тушди.
Фракция фаолияти ҳақидаги ҳисобот тугагач, раҳбарга савол билан юзландим:
– Бугун партия нашри «Ўзбекистон овози» бор-йўғи 4600 нусхада чоп этилмоқда. «Голос Узбекистана» эса ёпилиш арафасида. Эшитишимча, бунинг асосий сабаби Сизнинг таҳририят билан келиша олмаётганингиз билан боғлиқ экан. Биринчидан, партияда шунча катта куч бўла туриб, нега обуна тарғибот қилинмади? Партия марказий кенгаши томонидан ҳудудий партия ташкилотларига обунани ташкил этишни тўхтатиб туриш бўйича топшириқ ҳам берилганлигини айтишмоқда. Жорий йилда парламентга сайловлар бўлиб ўтишини инобатга олсак, бу ҳол партия ­ғояларини кенг ­оммага етказиш имкониятларини бир мунча пасайтирмайдими?
Унга жавобан раҳбар шундай деди:
– Агар шундай ҳолат бўлганида мазкур тадбирга партия нашри вакилларининг иштирок этишига йўл қўймаган бўлар эдик. Гувоҳи бўлиб турибсиз, улар шу ерда. Илгари ҳудудий кенгашларни «шунчадан обуна қиласан», деб мажбурлар эдик. Энди бу тизимдан воз кечдик. Партиядошларимизни ўз ихтиёри билан обуна бўлишига қўйиб бердик. Таъкидлаш жоизки, ХДПнинг барча ташкилотларида қарийб икки ярим минг нафар киши ишлайди. Бундан ташқари, 450 минг нафардан зиёд аъзоларимиз, яъни хайрихоҳларимиз бор. Биз уларни газетага обуна бўлишга мажбурлай олмаймиз. Албатта, «Ўзбекис­тон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталарининг обунаси масаласи ҳали йил давомида кўрилади, қўшма қарорлар чиқади ва қайтадан таҳлил қилиниб, имконият даражасида нашрларимизга амалий ёрдам берамиз.
Тўғриси, жавоб кишида қарама-қарши фикрларни уйғотади.
Жойлардаги партия раҳбарлари, фаоллари, депутатлар ўз газетасини ўқимаса, партия марказий Кенгаши, Олий Мажлисдаги фракцияси фаолиятидан қандай хабардор бўлади, қандай тартибда иш юритади?..
Партия ўз фикрига қарши тарзда сайлов олдидан «мажбурий обуна» ташкил қилишни режалаштир­яптими? 450 минг аъзо ўз нашрига обуна бўлишни ўзи истамаса… Бу ҳам тушунарсиз…
Иккинчи саволим, назаримда, ҳаммани қизиқтирарди:
– ХДП сиёсий партияларнинг қай бири билан қонун ижодкорлиги ва унинг қабул қилинишида принципиал даражада зиддиятга борди ва ютди? Агар шундай ҳолат юз берган бўлса, ўша қонун жамиятга қандай фойда бермоқда?
– ХДП парламентда ўзини мухолифат сифатида эълон қилган. Ушбу тушунчадан келиб чиқадиган бўлсак, фракция «Адолат», «Миллий тикланиш» ёки ЎзЛиДеП билан ҳамкорликда эмас, балки ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш юритади. Сиёсий партияларнинг дас­турлари ҳар хил бўлгани сабаб ҳам манфаатлар тўқнаш келади, қонунлар эса кўп овоз олган ҳолда қабул қилинади. Шу билан бирга, ўтган йили 233-сонли қонун лойиҳасида «Адолат» социал-демократик партияси ва ХДПнинг манфаатлари бир жойда уйғунлашди.
Натижада ер ости сув захираларидан оқилона фойдаланишга оид масала парламент миқёсида кўриб чиқилди. Қатъий бирдамлик сабаб юридик шахслар ўз вақтида керакли шароитни яратмаган ҳолларда ер ости сувидан фойдаланган хонадонлар солиқлардан озод қилинадиган бўлди. Бу эса икки партиянинг ҳамкорликда амалга оширган ишига бир мисол бўла олади.
Очиқ айтиш керакки, ўзини «мухолифат» деб эълон қилган партия бу борада қайси қонунга қарши қаттиқ курашгани ёки қайси партия билан сиёсий кураш олиб боргани ҳақида ҳам тўлақонли жавоб олиб бўлмади.
Шу боис яна савол беришга мажбур бўлдим:
– Президентимиз парламентга Мурожаатида қонунларнинг ҳаётий эмаслиги, баъзилари бугунги кунда амалда иш бермаётгани, уларни қайта ишлаш зарурлиги ҳақида кескин фикрлар билдирди. ХДП ҳаётга сингиб кетмаётган қонунларнинг қабул қилинишида иштирок этган сиёсий куч сифатида бу ҳолатда ўзини айбдор, деб ҳис қиладими?
– Бугунги кунда кўплаб қонунлар ҳаётимизга сингиб кетмаяпти. Бунга сабаб шуки, олдин қабул қилинган қонун вазирлик ва идоралар томонидан ўзига мослаштирилган. Аниқроғи, унга 5 ёки 10 тадан қўшимча қонун ости ҳужжат ишлаб чиқилган. Натижада қонуннинг ижросини таъминлашда чалкашликлар юзага келган. Шундай ҳолатни инобатга олиб, фракция, қўмита ва палаталарда қонунларнинг қайси бири ишлаётгани ёки ишламаётгани аниқланмоқда. Давлатимиз раҳбари талабига асосан қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган қилиш масаласи қизғин муҳокама этилмоқда. Хусусан, ўтган йили палаталар томонидан тўғридан-тўғри ишлайдиган 4 та қонун қабул қилинди. Янги йилда бу фаолиятимизнинг асосий мезони ҳисобланади. Демак, қабул қилинаётган қонунлар пухта, пишиқ, равон ва содда тилда бўлиши лозим. Бу жараёнда партиямиз аъзоларини қийнаётган масалаларнинг ечимини қонунларда акс эттира олсак, ишларимиз янада кўзга яққол ташланади. Қонунлар халқчил, оддий одамларга тушунарли бўлиши тўғрисида бундан беш-ўн йил илгари ҳам кўп гапирилар эди. Шунга қарамай, демак, ишламайдиган қонунлар қабул қилиниб келинди.
Ажабо, унда ХДП фракцияси ушбу жараёнда кузатувчи бўлиб турганмиди, деган савол ҳам хаёлга келади.
Биз бу фикрлар билан якуний хулоса қилмоқчи эмасмиз. Зотан, жавобларнинг ўзида партиянинг бугунги ўрни, «дунёқараши» яққол бўй кўрсатиб турибди. Ва ҳали олдинда парламентга сайловлар йили сифатида эътироф этилаётган жорий йил синовлари бор…
Дарвоқе, бундай матбуот анжуманлари партия учун қандай наф берар экан? Ана шундай хаёллар билан қўлимга қалам олдим…
Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири
(“Ишонч” газетасининг 2019 йил 16 январь кунги сонидан олинди)
3.
Кун.ўз” нашри эса “Ишонч” газетасидаги бу долзарб мавзудаги танқидий мақолани: «Ўзбекистон овози» адади 4600 нусха, «Голос Узбекистана» эса ёпилиш арафасида. Кетмонов матбуотга қаршими? – деб ўзига хос усулда кўчириб босган.
Республика матбуотидаги бу танқидий чиқишлардан кейин Хотамжон Кетмонов газета обунасини йўлга қўйиш ва уни ҳалокат ботқоғидан қутилтириш ўрнига, “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳарририга  қарши от қўйди.
“Дунё ўзбеклари”, “Ишонч” ва “Кун.ўз”да ўзига қарши эълон қилинаётган танқидий мақолаларни гўё Сафар Остонов уюштираётган эмиш. Нақадар пасткашлик, нақадар ландовурлик ва кўзбўямачилик…
Нима ҳам дердик. ХДП раиси ўзи ва ўз партияси нашрини саботаж қилувчи раҳбарлик фаолияти ҳақидаги бу танқидий матнлардан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, мақола муаллифларини аниқлаш ва жазолаш билан шуғулланаркан, демак у ҳали вери ўзини ўнглаб ололмайдиган кўринади…
Сўнг сўз ўрнида:
Биз бундан олти ой муқаддам эълон қилган биринчи мақоламизда Хотамжон Кетмонов раҳбарлик қилаётган ХДП партиясидаги носоғлом муҳит ва кадрлар қўнимсизлиги ҳақида гапирган эдик.
Шу ўтган олти ой давомида партия жойлардаги юзлаб ходимларини ишдан бўшатиш, уларнинг ўрнига ғўр ва тажрибасиз, тасодифий одамларни ишга олишдек тутуриқсиз фаолият билан шуғулланиб келмоқда.
Кейинги – учинчи мақолада биз бу ўта муҳим ва долзарб мавзуни батафсил ёритиш ва шарҳлаш ниятидамиз…

 

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
28 январь, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада…

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

 

Leave a Reply
*