Menu
Categories
Қодиржон Ботировнинг Одессадаги сирли ўлими… (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
01/27/2019 Бош мақола

 Сирли ўлим

Ҳаёт ташвишларига кўмилиб кўпдан интернетга киришга имконим бўлмай қолди. Кеча Киевдан бир миллатдошимиз телефон қилиб “Ака кўринмай қолдингиз тинч юрибсизми? ” деб хол ахвол сўрашганимиздан сўнг, “Қодиржон ака яхшимилар, салом айтиб қўинг” дедим. Чунки шу миллатдошимиз сабабли Қодиржон ака билан Киевда кўришгандим.

Миллатдошимиз “Aка нималар деяпсиз, хабарингиз йўқми? Қодиржон ака вафот этганларига бир ойдан ошиб қолди-ку” деди. Мен бошимдан совуқ сув қуйгандек бўлиб тилим калимага келмай жим бўлиб қолдим.

Бир оздан сўнг ўзимга келиб хазиллашманг десам, “Aка бу масалада хазил қилинмайди, афсуски, шундай бўлган аммо тафсилотларини билмайман” деди.

Миллатдошимиздан хеч бир тафсилотларни билишимнинг имкони бўлмади. Аммо мана бугун иккинчи кунки мен ўзимга кела олмай юрибман.Чунки бундан бир йил муқаддам рахматли Қодиржон ака билан 24 январ куни Киевда “Швеция тадбиркорларини Украинада қўллаб қуватлаш ташкилоти” аъзоларига ва элчихона хамда концуллик хизмати ходимларига Палов дамлаб, ташкилотни очилиш кунини ўтказиб бергандик. Бугун роппа роса бир йилдан сўнг эса мен бу шум хабарни эшитиб турибман.

Мени хайратга солган бу сирли ўлимни мен олдиндан билгандим десам кимдир авлиёлик қилма деиши мумкин. Аммо нима бўлганда хам борини ёзмасам ўзимни виждон азобида қийнаб юраман.

Мен 2014 йилда Киевга икки хафтани мўлжаллаб сафарга боргандим. Аммо мен Киевда роппа роса тўрт йил қолиб кетдим. Киевда кўпдан кўп таниш билишларим бор. Менинг Киевга қайтиб келганимни эшитган дўстларимдан бири Игор бир куни “Сени Владимер Сафронов сўраяпти, бугун уни дачасига боришимиз керак” деб қолди. Сафронов мен Киевдан Оврупага чиқиб кетганимда темир йўл вазирлигида биринчи ўринбосар бўлиб ишларди.

Владимер бизни ўз дачасида хурсандчилик билан кутиб олди. Владимерни дачаси кўл бўида жойлашгани учун биз балиқ тутиб, шу куни тонгача қолиб кетдик. Владимер менга ўз компютеридан бир видеоролликни қўйиб берди. Видеода катта бир ангар бўлиб, шу ангарда юзлаб катта кичик яшиклар бор эди. Яшикларни Африкалик икки киши мантирофкага ўхшаш асбоб билан очишди. Яшикларга уй жихозлари деб ёзилганди, аммо яшикларни ичи барчаси кип-кипи билан долларларга тўла эди. Адашмасам 17 та очилган яшикни 11тасидан доллар чиқди. Бу пуллар Владимерни айтишича Одесса портидан Африка давлатларининг бирига паромда жунатилган. У давлатдан олти ойдан сўнг бу буюмларнинг эгасини сўраб Украиниага хат келган. Украиниага бир киши хизмат сафарига бориб бу видеони суратга тушуриб келган. Владимерга шу пулларни қайтариб келиш учун хукумат томонидан ваколат берилган экан. Владимер менга қўшилиб боришни таклиф этди.

Бизни сухбатимизга Игор аралашиб “Сизларга нима етмайди, катта пулни ортида катта одамлар туради. Бир фалокатга учрайсизлар, кўинглар шу ишни” деди. Владимер эса “Нималар деяпсан? У ердаги яшикларни кўряпсанми? Сони икки юздан ортик, уларда икки уч миллиярдан ортик доллар бор, буни қайтариб келиш керак” деди. Игор эса “Пулни олиб келишга йўл қўйишмайди, сен хомтама бўлма” деди. Владимер эса менга қараб “Сен нима дейсан? Шу ишни аммалга ошира олмаймизми? ” деди.

“Мен сен нима десанг мен тайёрман, менга бир фоизини ишлатиб туришга берсанг бўлди” дедим. Владимер “Бўпти келишдик, келгуси хафта охирида кетамиз, мен билет заказ бераман, Виза масаласини хал қилишимиз керак” деди. Мен “Менга виза керак эмас, мени паспортим билан визасиз борилади” дедим. Владимер хурсанд бўлиб кетди. Игор эса жахли чиқиб “Хали хам ёш боласизлар” деб, биздан хафа бўлди. Биз Владимер билан бир хафта юриб кўпгина ишларимизни хал қилдик. Билетимиз хам олинди. Кетишимизга тўрт кун қолганда, эрта тонгда Игор телефон қилиб “Тирикмисан? ” деди. Мен “Тинчликми? ” десам, “Владимер билан кеча учрашганмидинг? Каерда овқатлангандиларинг?” деди. Мени юрагим шув этиб кетди! “Тинчликми? ” десам, Игор “Владимер бугун тунда вафот этди, сенга хозир машина боради, тезда етиб кел” деди. Мен Игорни уйига борганимда Игор ўзини йўқотиб қўйган “Сенларга айтгандимку!!! ” деб менга бақириб кетди. Мен нима дейишни билмасдим…

Уч кундан сўнг мен Игор ва Владимернинг ўғли учрашдик. Владимерни ўғли экспертиза хулосасини кўрсатди. Экеспертиза хулосасида юрак хуружидан ўлганлиги ёзилганди холос. Шунда Игор “Бизда, Украинада шундай суний захар яратилган, уни ичган одам олти – ўн кун ичида юрак хурижидан ўлади. Аммо хеч бир экеспиртиза уни аниқлай олмайди” деди. Орадан бир мунча вақт ўтиб бу захар хақида яна бир неча кишидан эшитдим.

Рахматли Қодиржон ака билан мен одиндан учрашмагандим, яни 2017 йилнинг ноябрь ойида биринчи учрашгандим. Швецияда бўлганимда баъзи бир ғаламис инсонлар мен ҳақимда рахматли Қодиржон акага ҳар хил тухматли гаплар айтишганини мен олдиндан билардим. Ўзим ҳам учрашишга ёки танишиб гаплашишга унчалик ошиқмагандим, чунки Қодиржон ака хақида менга яхши бўлмаган сўзларни айтишганди. Шу сабабли хам учрашувга борганимда бир оз бошқача кайфиятда эдим. Аммо орадан кўп ўтмай икки – уч учрашувимиздан сўнг менинг Қодиржон ака хақидаги фикрларим ўзгарди. Буни очиқча Қодиржон акани ўзларига айтгандим. У киши хам кулиб: “Ха шунақа дунё эканда, кап катта бўлиб кўрмасдан билмасдан туриб баъзида одамлар хақида ёмон фикрда бўламиз. Афсуски мен ҳам сиз ҳақингизда бошқача фикрда эдим” дедилар.

Биз деярли хар куни учрашардик ва Киев кўчаларида сайр қилиб кўпдан кўп бир биримизга таниш бўлган инсонлар ва бўлиб ўтган воқеалар хақида бир биримиз билан фикрлар алмашардик.

Мен Ўш воқеалар хақида; бошқа барча интернетдаги Қодиржон ака ҳақида ёзилган миш мишларни менинг ўзим ҳақимда ёзилгани каби тухмат ва иғво эканлигинини англаб етдим.

Сухбатларимизда самимият билан барча барча бўлиб ўтган воқеларни тафсилотлари билан сўзлаб берар эканлар, баъзида ўз ўлимларини сезгандек, яни “бу сўзлар сизга омонат” дегандек менга буни “Сиз албатта билишингиз керак” деб гапирганларида, бир неча маротаба “Кизиқ, ака нега менга буларни сўзлаб бериб, сиз билиб қўйишингиз керак” демоқдалар деб уйлаб қўярдим.

Икки кун бормай қўйсам, “Келиб бир ош дамлаб бермайсизми? ” деб телефон қилардилар. Биз базида эрталабдан кечгача сухбатлашсакда, бир сухбатимиз икки маротаба такрорланмасди. Мен бугун англадимки, рахматли ўз ўлимини билган, яни менга сўзлаб берганлари омонат; мен эртами кечми Оллох насиб этса шу омонатни барчасини ёзиб, миллатдошларга маълум қилишим керак.

Мен Қодиржон акани Украинадаги муаммоларини эшитганимдан сўнг, “Ака бу юришингиз яхши эмас. Мен Украинларни яхши биламан, ҳеч имкони бўлмаса, сизни ўлдириб юборишади. Хатто экспертиза ҳам нима бўлганини аниқлай олмайди” деб, Владимер воқеасини сўзлаб бердим.

Рахматли жахли чиқиб, “Сиз мени ўлдириб, экеспертиза хулосасини хам чиқариб қўйдингиз-ку” деб хафа бўлдилар.

Мен “Ака, ўзини асраганни Оллох хам асрайди” дедим. Аммо рахматли “Агар ўлимим шу билан бўлса, бу хам Оллохни иродаси бўлади, бу ҳақида бошқа менга гапирманг” деб нуқта қўйиб қўйдилар.

Биз яхши дустлар каби озми кўпми бир биримизга ёрдам қилдик. Рахматли келгусида мени проектимда бирга ишлашни; бу проектни аммалга ошириб, албатта миллатни келажагини, яни нафақат миллат келажагини билким бу проект орқали дунё системасини ўзгартириш мумкинлигини ва келгусида Туркияда ўқийдиган ўғилларини проектимга бош програмист қилиб ишга қўйишни режалаштириб, мени Оврупага кузатгандилар. Адашмасам, охирги маротаба ноябрь ойини охирги кунларида — жума куни гаплашгандик.

Мана бугун иккинчи тун, соат миллари 1:51. Аммо мен ишонгим келмайди, бақувват инсонни бир пастда ўлиб кетишига хеч ишонмайман. Чунки мен Киевдаги сайрларимизда бир биримизга қилган хазилларимиз ва юриш туришларимизни эслаб ўзимга кела олмайман.

Балким мен бу ёзганларимни ўқиб бирор ватандошимиз Киевдан чиқиб нима ва қандай воқеа содир бўлганини ёзар деб умид қиламан.

Оллохдан Қодиржон акани ва барчамизнинг оламдан ўтган яқинларимизни ўз рахматига олишини сўраб сўзимни тугатаман.

Дўстназар Худойназаров,

Суратда: Қодиржон Ботиров (чапдан биринчи) Дўстназар Худойназаров (чапдан иккинчи) билан Украинада…

“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан

Leave a Reply
*