Menu
Categories
Махфий Хизмат салтанати Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ (4 мақола)
02/05/2019 Бош мақола
 “Дунё ўзбеклари”дан:
2017 йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон хавфсизлик хизмати раҳбари, генерал полковник  Рустам Иноятов 73 ёшга тўлди.
Республика МХХ сини 1995 йилдан бўён бошқариб келаётган Раис йил охирига қадар истеъфога чиқарилиши мумкин.
Унинг ишдан кетганидан сўнг у ҳақда ёзувчилар, ўзича башорат ва кашфиёт яратувчилар кўп бўлади.
Шунинг учун ҳам биз у ҳали ўз лавозимида мустаҳкам ўтирган пайтда, у ҳақда, у раҳбарлик қилаётган энг ёпиқ ва қудратли идора ҳақида ўз сўзимизни айтишга қарор қилдик…

 

Иноятов қабрда

Исмат ХУШЕВ: МАХФИЙ ХИЗМАТ САЛТАНАТИ

 

Рустам Иноятов одамларни алдаш ва ёлғон гапиришни таржима ҳолидан бошлаган…
МХХ раиси тарихда қандай ном билан қолади?
Рустам Иноятовнинг сиёсий портретига шарҳ
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти тадқиқоти

 

Давоми, аввали – БИРИНЧИ МАҚОЛА да…
Давоми, аввали – ИККИНЧИ МАҚОЛА да…
Давоми, аввали – УЧИНЧИ МАҚОЛА да…

 

73.
Демак, махсус хизмат идораси ва раҳбарларига, хусусан Рустам Иноятовга қандай қилиб яқинлашганим ҳақида.
Ёшлигимдан китоб ўқишни яхши кўрардим. Асар қаҳрамонларининг ҳаётига ҳавас қилиб, бор дунёни унутиб, ўшалар хаёли билан яшашни ёқтирардим. Қайсидир ёзувчининг “Меҳмон” номли асарини ўқиб, Меҳмон исмли йигитдек прокурор бўлишни орзу қилганман.
Кейин Вадим Кожевниковнинг “Қилич ва Қалқон” китоби қўлимга тушиб қолди. Китоб мени ўзига шунчалар ром этдики, мен энди разведкачи бўлишни орзу қила бошладим. Кейинчалик, шу китоб воқеалари Юлиан Семенов сценарийси асосида кўп сериали фильм қилиб ишланганини эшитдим.
“Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси”ни кўрганимдан кейин тамом – мен энди албатта разведкачи бўлишим керак эди. Юрсам ҳам, турсам ҳам шу кино ва ундаги лавҳалар шууримда бир умрга – абадий муҳрланиб қолди…
74.
Феликс Джержинский, Рихард Зорге каби таниқли чекист ва разведкачилар ҳақидаги китоб ва хотираларни излаб, ўқий бошладим.
Феликс Эдмундович ҳаёти ва фаолияти, Ленин билан яқинлашиб, революцонер бўлгани, Октябрь инқилобидан кейин биринчи ВЧК (Бутунроссия Фавқулодда Комиссияси) га асос солгани ва Россияда илк бор контреволюцеонерлар билан кураш Қўмитасига раҳбарлик қилгани, кейинчалик бу тизим – Давлат Хавфсизлик Қўмитасига асос солгани менга ёд бўлиб қолди.
Рихард Зоргенинг  Иккинчи Жаҳон урушидаги жасорати, Сталинни биринчи бўлиб уруш хавфидан бир ой олдин огоҳлантиргани, Японияда узоқ йиллар руслар учун жосуслик қилгани, лекин Совет иттифоқи уни йигирма йилларча тан олмай юргани мени қаттиқ изтиробга солган эди. 1941 йил Япония полицияси томонидан ҳибсга олинган ва 1943 йил осиб ўлдирилган Рихард Зоргенинг фожеали ҳаёти, ўлимидан сўнггина унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилгани хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди…
75.
Лекин болалик тугаб, ўсиб улғайганимдан кейин билдимки, бу дунёда – хаёл бошқа, ҳаёт – бошқа экан.
Фронт орқасида – душман орасида разведкачилик қилиш учун уруш ҳаракатлари бўлиши керак. Лекин Ўзбекистонда уруш эмас, тинчлик ҳукмрон эди.
Чекист бўлиш учун қаерга кириб ўқиш лозимлигини  билмадим. “Чекистликка қабул” деган эълон ва рекламага кўзим тушмади.
Шунинг учун журналист бўлишга қарор қилдим…
76.
1982 йил Москва Давлат университетининг журналистика факультетини битириб, Абдулла Ориповнинг тавсияси, Шаҳрисабз горкомининг саркотиби  Евгений Березиковнинг ёрдами билан шаҳар ижроқўмида бўлим мудири бўлиб ишлай бошладим. Шу даврда Шаҳрисабз шаҳар КГБ Бошқармаси Бошлиғи Юлбарс Шералиев билан танишдим.
Орадан йиллар ўтиб, Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келгач, мен ҳам кўтарилиб кетдим. “Ҳаёт ва Иқтисод” – Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири, Тошкент обкоми аъзоси ва партиянинг қатор съездларига делегат бўлгач, Юлбарс Шералиев мени излаб топди. У ҳам кўтарилиб КГБ нинг марказий Аппаратига Бошқарма бошлиғи бўлиб келган экан.
Юлбарс ака қабулхонамда мени огоҳлантирмай келиб, соатлаб ўтирадиган одат чиқарди. Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз деб сўрасам, сизни бўшашингизни кутяпман дерди. Кейин билсам, у киши мени ўрганаётган, фаолиятимни кузатаётган экан…
77.
Шу шу тез тез кўришиб, суҳбатлашиб турадиган бўлдик. Оилавий борди келди қила бошладик. У кишининг оиласи Дилбар опа асли фарғоналик бўлиб, жуда ажойиб, дилбар аёл эди.
Мен ўша пайтларда Тошкент вилоят прокурори, сўнг республика ҳарбий прокурори бўлиб ишлаган Салоҳиддин Акромов билан ҳам яхши ва яқин, дўстона алоқада эдим. Ўзбекистон Бош прокурори Усмон Чинозович Худойқулов  у кишининг қудалари эди.  Бир гал Юлбарс Шералиев ва мен оилаларимиз билан Усмон Чинозович ва Саҳиддин Акрамовичларнинг тўйларида биргаликда иштирок этганмиз.
Шу тўйдан кўп ўтмай Усмон Чинозович ишдан олинди. Кейин билсам. Юлбарс Шералиев Иноятовнинг топшириғи билан тўйда атайлаб қатнашган ва тўёна олди бердиларига оид яширинча видео съемкаларни суратга туширган экан…
78.
Мен у пайтларда Юлбарс Шералиевнинг бундай пинҳоний кузатувларидан бехабар эдим, албатта.
У киши мени жосусликка даъват этгани йўқ, бирорта топшириқ ҳам бергани йўқ, ҳолбуки, Ўзбекистондаги аксар Бош муҳаррирлар шундоғам уларнинг ихтиёрида эди.
Мен Президентга яқин бўлганим учун ҳам осмонда эдим, ерга ҳали вери тушай демасдим. Қандайдир хуфия хизмат идораси ходимини назар писанд қилмасдим.
Юлбарс Шералиевнинг менга берган энг биринчи топшириғи, аниқроғи, илтимоси ҳеч эсимдан чиқмайди. Тўқсонинчи йилларнинг бошида Рустам Иноятов МХХ раисининг ўринбосари бўлиш билан бирга,  Юлбарс Шералиевнинг ҳам куратори бўлган шекилли, бу илтимос бевосита у кишига тааллуқли эди.
Бир гал Юлбарс ака менга Китобга борсам, Рустам Расулович учун кийик ўти олиб келишимни илтимос қилди. Иноятовнинг вазни оғир, келишган ва тўлишган одам бўлгани боис, қон босими тез тез ошиб, безовта қилиб тураркан.
Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келтирилган кийик ўтлари фойда бермаётганини айтиб, Юлбарс эка энди Китоб тоғларидаги гиёҳни ҳам синаб кўрмоқ ниятида эканликларини айтиб қолди…
79.
Мен  редакциянинг хизмат “Волга”сида уйга – Китобга тез тез бориб турардим.
Отам, онам, акам у пайтларда барҳаёт бўлиб, мен уларни соғинар ва дийдорларига тўйиш учун  деярли ҳар ойда бола-чақам билан Тошкентдан Китобга бетиним қатнардим.
Фақат уйдагиларни соғанардим десам, ёлғон айтган бўламан. Мен яп-янги хизмат машинасининг орқа ўриндиғида ястаниб, болаларим ва суюкли рафиқам қуршовида виқор билан Китобга кириб боришни яхши кўрардим, одамларнинг ҳавасини келтиришни ёқтирардим…
80.
Юлбарс аканинг илтимосини эшитгач, ўша куниёқ бир ўзим Китобга учдим.
Китобдаги “Қишлиқ” совхози директори, Ўзбекистон халқ депутати Зариф Бурҳонов билан жуда яқин эдим. У кишига телефондан Юлбарс аканинг илтимосларини айтиб қўйган эдим. Мен боргунча Китобга туташ Ҳисор тоғ тизмаларининг энг чўққисидаги хушбўй ҳидли бир қучоқ кийик ўтини тайёрлаб қўйган эканлар.
Тахтақарача довонидан ўтиб, тоғдан Китобга эна бошлаган жойда – “Минг чинор” ресторанига етмай туриб, Зариф аканинг тоғ ён бағридаги дачаси –  пишиқ ғиштдан қурилган икки қаватли дала ҳовлиси бор. Ўша куни ўша ерда роса зиёфат бўлди.
Бир кеча ётиб, тоғнинг тоза ва мусаффо ҳавосидан тўйиб тўйиб нафас олиб, ота-онамни зиёрат қилиб, эртаси куни Тошкентга қайтиб келдим. Юлбарс акага телефон қилдим. У киши гоҳ СНБ нинг Марказий Аппаратида, гоҳ “Ленинград” меҳмонхонаси рўпарасидаги қўшимча бинода ишлардилар.
Ўша куни Марказий Аппаратда эмас эканлар. “Ленинград” меҳмонхонаси рўпарасидаги етти қаватли бинога бордим. Кўп ўтмай пастга тушиб келдилар. Кийик ўтини қўлимдан олиб, менга миннатдорчилик билдириб, қайтиб кетдилар. Мен ҳам ўз ишларим билан кетдим…
81.
Эртаси куни Юлбарс ака қувонч билан телефон қилдилар.
Мен Китобдан олиб келган кийик ўти Рустам Игоятовнинг анча пайтдан бўён қийнаб келаётган қон босимини тақа тақ қолдирибди. Менга раҳмат айтибдилар, алоҳида миннатдорчилик билдирибдилар.
Мен у пайтларда бунга кўпам эътибор бермадим. Кимсан – Ўзбекистон Президентига яқин, республикадаги яккаю ягона Иқтисод журнали Бош муҳаррири қандайдир бир идорадаги вазни оғир қандайдир раис муовини раҳматига парво қилармиди, унинг қувончига эътибор берармиди?
Мен учун СНБ ўша пайтларда ҳеч қанақанги аҳамият касб этмайдиган оддий бир идора эди. Табиийки, унинг раис ўринбосари ҳам мен учун ҳеч ким эмас эди.
Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, СНБ раиси Ғулом Алиев Салтанат сарҳадларида ҳар кўрганида “Исмат, Исматжон” деб шакаргуфторлик қилса, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовлар Президент орбитасида учратганида – “Исмат ака, Исмат ака” деб таъзим бажо қилиб турса, бу бахтиёр ва келажаги порлоқ Исматбек қандайдир раис муовинига, унинг кийик ўтидан қолган давлениясига эътибор қилармиди…

 

82.
Шу тариқа мен Рустам Иноятов эътиборига тушдим.
Кейинчалик Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати салтанатини яратган ва унга чорак аср давомида узлуксиз бошчилик қилган қудратли раис ишончини қозониш чексиз кулфат ва фалокат келтиришини мен ҳали билмасдим, албатта.
Хуллас, Кийик ўти баҳонасида Рустам Иноятов бу дунёда китоблик бир журналист йигит борлигини, у Президент орбитасида айланиб юрганини билди ва унга эътибор қаратди. Шу ўринда Рустам Иноятовнинг соғлиги ва имкониятлари борасида баъзи фикрларни ҳам айтиб ўтишим керак.
Албатта, МХХ раиси ўринбосари бўлган хуфия хизмат мулозими Президент эркатойи ҳисобланган Бош муҳаррир Исмат Хушев Китоб тоғ тизмаларидан териб келган кийик ўти билан кифояланиб қолмаган бўлса керак.
Лекин айнан ўша дамда, унинг мулозимлик имкониятлари ўзига яраша бўлган бир пайтда дардига шифо бўлган кийик ўти учун у мендан чексиз миннатдор эди…

 

83.
Мен Бош муҳаррир бўлиб тайинланган 1989 йилнинг ёз ва куз ойларидан эътиборан то урилиб кетган даврим – 1994 йилнинг май – июнь ойларига қадар беш йил давомида унга Китобдан кийик ўти етказиб турдим.
Бу пайтга келиб унинг қон босими тамомила тушган ва мўътадил бир ҳолга келиб улгурган эди. Лекин ҳаддан зиёд вазни бўлган мулозим учун бу дард барибир хавфли саналарди.
Мен Ислом Каримов амри билан ишдан олиниб, ҳибс этилганимдан сўнг кўп ўтмай – 1995 йилнинг 27 июнидан эътиборан Рустам Иноятов Ғулом Алиев ўрнига МХХ раиси этиб тайинланади. Қудратли хуфия идорасига раҳбар бўлганидан кейин, албатта, унинг соғлиғи ҳам Президент каби – давлат ва ҳукумат аҳамиятига моликлик касб этади ва унинг учун бу борадаги барча расмий ва норасмий имконият ва имтиёз эшиклари бирма бир очилади.
Хитой Хавфсизлик Хизмати раҳбари ёрдамида Дунёга машҳур Хитой табобати унга ёрдамга келади. Энди у қандайдир китоблик олифта журналист келтирган арзимас бир кийик ўтига зор эмас эди. Энди унинг илтимос ва амрига бўйсунадиган дунёнинг энг етакчи давлат ва мамлакатларининг хавфсизлик тизимлари бор.
Нозик ва сеҳрли бармоқлари, этни жимирлатувчи тирноғи узун қўллари билан пешонасини силаганида боши тугул, бутун вужуди енгил тин ва ором оладиган камон қошли соҳибжамол шифокорлар туну кун энди унинг хизматида.
Энди унга бу жононлар Рустамжон акасига Исмат Хушев Китобдан келтирган – тоғдаги арча ва пичан ҳиди анқиб турган қандайдир кийик ўтидан дамланган чой эмас, балки юрак меҳри ва ишқнинг ширин азоби қўшилган, битмас туганмас куч қувват бахш этувчи минг дардга даволи шифобахш ўтлардан тайёрланган мусаллас ва шароблар қуйиб туришади…
Бундай усулда даволовчи нозанинлар меҳру-оғушида қолган раиснинг қон босими доим жойида бўлади, албатта…
84.
“Дунё ўзбеклари” ўқувчилари билиб қўйиши учун айтишим керакки, Ўзбекистон МХХ раиси ихтиёрида чексиз ва чегарасиз имкон ва имтиёзлар мавжуд.
Юртимиздаги барча тиббиёт ва даволаш муассасалари ўз шифокорлари билан биргаликда Соғлиқни Сақлаш вазири бошчилигида бевосита бу идора измидалар. СНБ раисининг саломатлиги Президент  соғлиги ва омонлиги баробарида давлат хавфсизлиги реестрига тиркалган.
Уларнинг бир оғиз имо ишораси билан юртимизнинг саломатлик посбонлари оёққа туриб, айтилган манзил ва мижоз истиқболига ошиқадилар. Бу манзил ва бу мижоз давлат аҳамиятига эга бўлгани учун ҳам қаттиқ сир сақланишини улар жуда яхши билишади…
85.
Чорак асрдан бўён Ислом Каримов қаторида Рустам Иноятов ҳам мамлакатнинг биринчи даражали жиддий қўриқланадиган ва соғлиги ўта муҳим аҳамият касб этувчи мулозимлар сирасига киритилган эди.
Шу ўринда, ноқулай бўлса ҳам, яна бир сирни очишимиз керак бўлади.
2005 йил, Ислом Каримов тавсиясига кўра Рустам Иноятов МХХ раислигига номзод қилиб кўрсатилганда унинг соғлиги ҳақида берилган “Ўта сирли ва ниҳоятда махфий” далолатномада шундай сатрлар бор: “Рустам Расулович Иноятов, 1944 йил, 22 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод районида туғилган, вазни оғирлиги боис қон босими доим юқори, бошга қон қуйилиши ёки кутилмаганда нафас органлари фаолияти бузилиб қолиш хавфи ўта юқори” деган ниҳоятда тушкун ва умидсиз хулоса берилган.
Буни ўқиб Ислом Каримов: “Ҳеч қиси йўқ, менга шунақа одам керак!” деб Фармонга имзо чеккан. Лекин кўриб турганингиздек, Рустам Иноятовдан олти ёш-у, олти ой катта бўлган Ислом Каримовнинг ўзи кутилмаганда мияга қон қуйилиш (инсульт) оқибатида 2016 йилнинг 27 августидан 28 чига ўтар кечаси – 78 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Унинг ўлимини 2 сентябрга белгилашгани бу энди алоҳида мавзу ва биз унга ҳали бафуржа қайтиш ниятидамиз…
86.
Демоқчи бўлганимиз шуки, Рустам Иноятовнинг соғлиги ҳали у Исмат Хушев Китобдан олиб келган кийик ўтидан дамланган чойни ичиб юргандаёқ ўта хавфли ва таҳликали эди.
Лекин Каримов томонидан МХХ раиси бўлганидан кейин унинг ўта заиф соғлиги ҳам тикланди ва бир қадар яхшиланди. Ер юзининг энг баҳаволи ва минг дардга даволи гўшаларида дам олиш, дунёнинг энг таниқли ва кўзга кўринган табиб ва табибалари кўригидан мунтазам ўтиб туриш, ҳаётбахш ва бебаҳо дори дармонлар – унинг дардига малҳам бўлди. Умрини узайтирди.
Пекин, Шанхай, Фэнхуан, Кашгар, Ганггок, Сингапур, Тель Авив, Токио, Деҳли, Лось-Анжелос, Хьюстон, Карлови Вари, Истанбул, Анталия, Анқара, Ванкувер, Иерусалим, Вифлеем каби дунёдаги энг шифобахш сувлар ва ўтлар маскани ҳисобланмиш баҳаволи, минг дардга даволи гўшаларда “яширин хизмат сафарлари”да бўлиб, заиф соғлигини тиклади, мустаҳкамлади.
Албатта хавфсизлик хизмати раҳбарининг бу “сафарлар”и расмий ахборот ва матбуот саҳифаларида ёйинланмади. Буни баъзан давлат раҳбаридан бошқа биров, ҳатто МХХ идорасидаги энг юқори лавозимли мулозимлар ҳам билмай қолган пайтлар кўп бўлган.
Лекин бу “расмий” сафарлар учун давлат хазинасидан беҳисоб маблағ ажратилгани,  бу пулнинг катта қисми МХХ раисининг дам олиш ва кайфу сафоси учун сарф этилгани ҳам бор гап. Буни МХХ идораси бухгалтерияси ва Марказий банкнинг Ковертация масалалари билан шуғулланувчи Бошқармаси бўйсунадиган Режим хизмати раҳбаридан бошқа ҳеч ким билмаган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар бир вазирлик ва Компания раҳбарининг Режим Хизмати бўйича ўринбосарлари қайси идорага бўйсунишини эса, кўпчилик яхши билади…
Шунинг учун ҳам чорак асрдан бўён Ўзбекистон бюджети қанча экани ва унинг қанчаси МХХ идораси учун ажратилганини биров билмайди…

 

87.
Фикримиз исботи сифатида МХХ раисининг ўз соғлигини тиклаш йўлидаги бу сафарларининг энг қиммат ва “сирли-синоатли”лиларидан бири ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.
Бу – Хитой Халқ Республикасидаги – дунёнинг энг таниқли Қирол ва Қироличалари, Подшоҳ ва Монархлари, Президент ва Шаҳзодалари даволанадиган – ҳукумат раҳбарлари, ҳукмдорлар учун мўлжалланган – “Женьшен” давлат клиникасидир.
Унинг икки филиали мавжуд бўлиб, бири оддий одамлар учун очиқ ва шаффоф тарзда – жуда арзон, иккинчиси эса давлат раҳбарлари учун ёпиқ ва хуфия тарзда – жуда қиммат фаолият юритади.
Дунё ҳукмдорларига мўлжалланган бу сирли ва синоатли манзил, бу сўлим гўша  – Хитой Халқ Республикаси давлат резиденцияси рўйхатига киритилган бўлиб, Қонунда белгилаб қўйилган маълум қоидалар асосида кучли қўриқланади ва фаолият юритади…
Хитойнинг энг машҳур Санья шаҳрида – Тибет тоғ тизмасига туташ Yalong Bay бухтасида жойлашган бу ёпиқ давлат резиденциясидаги бир кунлик даволаниш нархи 5000 доллардан ўн беш – йигирма минг долларгача туради.
Бу ерда ҳукмдорларга асосан анъанавий хитой даволаш усули асосида хизмат кўрсатилади. Хусусан, игна билан даволаш бу клиникада кенг йўлга қўйилган. Дунёнинг энг машҳур ва қиммат шифокорлари шу давлат резиденцияси клиникасида – жуда қиммат шартнома асосида фаолият юритишади.
Бош ва баданга игна санчиш орқали бош оғриғини қолдириш ва тамомила йўқотиш, нуқтали (точечный массаж) орқали ортиқча этни йўқотиш ва оздириш, оёқ ва қўл кафтлари-ю, бармоқларини ишқалаб, қон томирларини чиниқтириш орқали танада қон айланиш фаолиятини яхшилаш ва мустаҳкамлаш каби амаллар, инсон умрини узайтирадиган турли туман машғулотлар шулар жумласидандир.
Кейинги пайтларда ер остидан вулқон бўлиб отилиб чиққан қайноқ минерал сувлардан топиладиган даво – дунё олимларининг диққат-эътиборини ўзига тортмоқда. Бу – инсон умрини узайтирувчи мўъжиза сифатида кўрилмоқда. Рустам Иноятов мижоз бўлган “Женьшен” давлат клиникасида дунёда биринчилардан бўлиб, шу амал йўлга қўйилди.
Бу ерда истасангиз, очиқ осмон остидаги – даволаш ванналари, истасангиз бассейн ва ҳовузларда ер остидан вулқон бўлиб отилиб чиққан минг бир дардингизга шифо бўлувчи турли илиқликдаги минерал сувлар сизнинг ихтиёрингизда. Одам оздиришнинг энг осон ва тез натижа берувчи усули бўлмиш  – вулқон бўлиб ер остидан отилиб чиққан минерал сувдан олинадиган массаж (водная массаж) ҳам бу ерда кенг қўлланилади.
Шу билан бирга бу клиникада, энг асосийси ва энг муҳими, хитой табобатига асосланган – жигар ва юрак қон томир фаолиятини яхшиловчи амаллар яхши йўлга қўйилган. Шу билан бирга бу ерда, ёши улуғ одамларда учраб турадиган – “оденома” касаллигининг олдини олиш ва сийдик ҳаракатини такомиллаштирувчи бир талай мўъжизалар ҳам амалга оширилади.
Беш кунда – юз минг, ўн кунда – икки юз минг доллар атрофида турувчи бу даволаш марказига Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов шу кунга қадар тез тез бориб турарди. Яширинча, хизмат сафари ниқоби остида бориб турарди. Кўп кетолмасди. Кетса, Ислом Каримов қўймасди, мамлакатда бирор кор ҳол бўлиб қолмасин деб безовта бўларди. Иноятов йўқлигидан фойдаланиб, чет элдаги ўзбек мухолифати Муҳаммад Солиҳ бошчилигида Ватанига қайтиб қолишидан чўчирди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада, 8 август, 2017 йил…

 

Суратда: Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов Хитой хавфсизлик хизмати раиси, Политбюро аъзоси¸ Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси қошидаги Сиëсий-ҳуқуқий комиссияси котиби Мэн Цзяньчжу билан…
 (Сурат Синьхуа – Хитой агентлигига тегишли) 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

 

Leave a Reply
*