Menu
Categories
“Адабиёт” газетасида Исмат Хушевнинг сиёсий хотиралар китобидан боб эълон қилинди
01/30/2019 Бош мақола

ХАЛҚ ДЕНГИЗДИР, ХАЛҚ ТЎЛҚИНДИР, ХАЛҚ КУЧДИР…

Қадрли адабиёт мухлислари!

«Адабиёт газетаси» ўзининг 2019 йилда навбатдаги 3-4 сонини ҳам чиқарди. Чўлпоннинг «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир »каби сўзига амал қилган газета энг яхши ижодкорларни, муҳим мавзуларни сизу бизга тақдим этиб бормоқда.

Газетанинг бош саҳифасида мақолаларнинг суратли анонслари берилган .
«Шеъриятга ошно ҳофиз» сарловҳали мақола Ўзбекистон ва Қарақалпоғистон халқ артисти Аҳмаджон Шукуровга бағишланган. Етук саънаткор бу йил ўзининг етмиш йиллик туғилган кунини нишонлайди. Ҳофиз шеъриятга ҳам ошно бўлиб, маснавийлари (“Зулайхо баёни” ва “Луқмони Ҳаким баёни”) ни газетанинг 11 бетида ўқиймиз.

« Адабиёт газетаси» бу гал адолат байроғини жуда юксакка кўтарган.

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор онахон изтироби» номли ва «Хўрланган аёл: Олий Судгача адолат излаб бордим» номли мақолаларини ўқиб, бунинг гувоҳи бўласиз. Иккинчи мақолада Хоразмлик оддий адабиёт муаллимаси, шоира Сайёра Қурбонбоеванинг кундалик дафтари эълон қилинган. У 1974 йилда Хоразм вилояти Урганч тумани Чоткўпир қишлоғида туғилган. 1992 йил Хоразм давлат педагогика институтининг она тили ва адабиёти факультетига сиртдан ўқиган. 2001 йили «Хоразм »нашриётида «Қалбим чироғи» номли шеъри китоби чиққан.

Биз заҳарли ўргамчаклар тўғрисида аллақаерларда кўп эшитганмиз. Бундай ўргамчаклар галаси Ўзбекистонда анчадан буён зимдан одамларнинг қонига ташна, суягига қадар кемириб, ўраб- чирмаб ташлаганини жуда кўпчилигимиз яхши биламиз. Шундай ўргамчаклар галаси мактаб директори, унинг прокурор акаси, туман судъялари, вилоят судълари, Олий Суд шаклида оддий муаллимага шундай аёвсиз ҳужум заҳарларини «сўқиб» келмоқдаки, ёш авлодга таълим – тарбия бериши керак бўлган муаллиманинг олий вақти уларнинг жирканчли ҳаракатларига қарши сарфланиб қолмоқда. Аёлнинг улар билан курашавериб тинкаси қурийди. Адолат посбонлари бўлмиш адвокатларга ҳам жамиятимизда ишонч қолмаганига анча бўлди…

Ҳаммаси 2012 йил Урганч туманидаги 9- сонли мактабга Йўлдошев Мурод Шомуродовични мактаб директори бўлгандан сўнг бошланади. Мурод Йўлдошов дили бузуқ кимса ва яна қариндош уруғларини мактаб жамоасига тўлдириб олган раҳбар. «Бегона» Сайёра каби ўқитувчиларнинг бошига минг бир фитна , моламат, туҳмат , судлов каби оғир кунларни солиб, жиноятларини таниш- билишлари орқали ёпиб келаётган фирибгар. Бундай кишилар Халқ таълими соҳасида ишлаб юришининг ўзи маънавиятимиз ва ёш авлодни тарбия қилиши керак бўлган жойларда қандай ишлаб юрибди деган саволни туғдиради?
Муаллиманинг кундалигига газетада тўлиқ бир бет ажратилган. Бугунги кунда муаллима деҳқон бозорида сабзавот ва мева сотувчиси бўлиб юрганлигидан дилингизни маҳзунлик эгаллайди…

Шоира ва муаллима Сайёра Қурбонованинг ҳасратли шеъридан сизларга ҳам илиндим:

Ҳаёт гўзал, яшамоқ оғир
Топган нонинг таътимас- тахир ,
Кунинг, тунинг ҳаёл билан банд,
Ахир, мен ҳам инсонман, ахир?!

Қачон кулар ҳақнинг қуёши
Қачон тинар бегуноҳ ёши?
Тошдан қаттиқ бу аёл боши
Ахир, мен ҳам инсонман ахир.

Келажакка умид-ла боқдим
Мансаб умид эшигин ёпди.
Суянчиғи бор кимсаларнинг
Қабиҳ иши олдингга чопди.

Қачонгача мансаб кулади?
Мансабдорлар бахтинг юлади?
Айбдорлар ҳақ бўлиб чиқиб
Беайбга туҳмат қилади?

Газета яна малакали, етук журналист Ирисмат Абдухолиқовнинг «Евтушенконинг Тошкентга сафари тарихи» номли мақоласини кейинги сонида беришидан хабар бермоқда.

«Адабиёт»газетаси узоқ йиллардан бери Канаданинг Торонто шаҳрида оиласи билан муҳожирликда яшаб, ўзининг қудратли журналистикаси билан ўзбек жамиятига дахлдор барча – барча иллатларга қарши кескин ва айовсиз кураш очиб, ББС, «Озодлик »радиолари билан теппа тенг машҳурликка эга «Дунё ўзбеклари» сайтини ҳам юритиб келаётган таниқли журналист Исмат Хушевга икки ярим бетдан иборат саҳифа ажратган.

Исмат Хушевнинг «Шоҳ ва шайх тўқнашуви қандай юз берган эди?»номли мақоласига таниқли журналист Шароф Убайдуллаев сўз боши ёзган:

«Исмат Хушевнинг қайтиши…

«Қайтиш» ибораси Исмат Хушевга нисбатан унчалик ҳам тўғри бўлмас, у Ватандан бир зум ҳам узилиб кетгган эмас, 20 йилдан буён Ер шарини етти бор кезиб чиққан, жисман киндик қони тўкилган юртдан 10 минг километр нарида – Америка қитъасида макон топган бўлса-да, қалби киндик қони томган Ватанида бўлди.

Исмат Хушев мухлис –библиографларидан биринг таъкидлашича, Ватан дардида ёзган мақолаларининг сони мингтага яқинлашган. «Қора бозорнинг қироли ким?», «Банк қироли ўлди, лекин Ўзбекистонда банкларнинг ўлганига 20 йил бўлди», «Худо хоҳласа, девлар ҳам йиғлайди!..»/собиқ МХХ ҳақида/, «Усмон Ҳақназар қор одамми, бор одамми?», «Каримов командасининг аччиқ қисмати ёки бир сурат тарихи», «Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлган яхши», «Ўзбек матбуоти ўзбек халқига қачон хизмат қилади?», «Шоҳга яқин бўлиш – қилич домига яқин туриш демакдир», «Биз билган ва билмаган Зокиржон Алматов», «Каримов зиндонларида ким – қанча ётиб чиқди?», «Шукрулло оқсоқол кимнинг арпасини хом ўрган экан?», «Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиев 23 йил нега уй қамоғида ётди?», «Мамадали Маҳмудовдан қўлингни торт», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак»,«Халқ севган Гулчеҳра Нуруллаева ҳукуматга нега ёқмайди?» каби мақолалар халқнинг, Ватаннинг дарди билан йўғрилганлигини ким инкор эта олади?

«Шох билан Шайхнинг тўқнашуви…» ҳақида бугун эълон қилинаётган мақола И.Хушевнинг «Президент эркатойининг саргузаштлари» автобиографик асаридан олинган бир парчадир. ХХ асрнинг охирги ўн йиллигида кечган бу тўқнашув Мустақиллик йилларида юз берган энг оғир силсала бўлса ажаб эмас.

Ушбу тўқнашув эпидцентрида бўлган журналист-редактор Исмат Хушев ушбу мудҳиш воқеаларни 10 минглаб километр наридан туриб қаламга олар экан, биз Шайх ва Шоҳнинг ёнида ўралашиб юрганлар Ватанда туриб бу ҳақда ёзиш у ёқда турсин, бировга шивирлаб айтишдан ҳам қўрқиб яшадик.

Ҳозирда ҳам бу тўқнашув тафсилотларининг ошкор этилиши кимларгадир ёқмас, узоқ Торонтога панжаси етмаса ҳам писқи-пасод қўзғатиш, кимгадир тош отиши, газетага чанг солишга қурби етиши мумкин. Лекин бу чираниш узоққа бормаслиги аниқ, чунки мамлакатда эркинлик эпкинлари эса бошлаганига ҳам икки йилдан ошиб қолди.

”4-ҳокимият”, аста- секинлик билан билан бўлса-да, икки қават кафанини судраб, гўрдан чиқишга ошиқмоқда. «Тирилиш» симптомларини Би –БИ-Си , «Озодлик» «Дунё ўзбеклари»га тарихда биринчи марта, қия бўлса-да, эшик очган очган ЎзА Миллий ахборот агентлиги / А.Кўчимов/ва , бир неча бор бурни пачоқ бўлса-да, «Адабиёт газетаси»давом эттирганини ўзбек матбуоти тарихшунослари албатта қайд этмай иложиси йўқ.

Азиз газетхон, Сизга «Президент эркасининг саргузаштлари» китобидан ўзининг қисқа умри давомида буюк заковати билан мусулмон оламида ўчмас из қолдирган Буюк Муфти Ҳазратларининг ҳаёт-мамот курашида қай даражада собит турганлигини ифодаловчи бир парчани Сиз билан баҳам кўрар эканмиз, Улуғ Ватандош алломанинг мардлик ва жасоратига тан бермай иложимиз йўқ.

Айни пайтда ушбу китоб билан тўлиқ танишган ўқувчи ерга урсалар осмонга сапчийдиган «ўзбек Поттери»нинг саргузаштларидан олам-олам завқ олади, тенги йўқ даражада ҳузур топади. Ўқиганлар ўзлари шоҳид бўладилар, «Гарри Потер»нинг кечинмалари «ўзбек Поттери»нинг қўлига сув қуя олмайди…

Бадиий қувончимни, шу кунларда атоқли адиб, буюк арбоб ва улкан шахс Сарвар Олимжонович Азимов ва ҳеч шубҳасиз, Буюк журналист ва таниқли жамоат арбоби Ахмаджон Мухторовларнинг пок номини эл-юртига қайтарган «Адабиёт газетаси» ўқувчилари билан баҳам кўргим келди.

Назаримда элга қайтган покиза номлар қаторида беҳаловат ҳаёт йўлини танлаган мард ва танти журналист Исмат Хушевнинг ҳам номи бор.

Шароф Убайдуллаев,
республика «Нуроний» жамғармаси раисининг ўринбосари,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Албатта, бу мақола динимизнинг етук ва жонкуяр шайхи Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг пок руҳлари олдида ўта савобли бўлган деб ўйлайман.

Газетанинг иккинчи саҳифасида яқин ойларда адолатнинг шамоллари ниҳоят, йигирма етти йил ўтиб, етиб келган адиб Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) нинг яна бир романи “ Оқ гул” романидан парча берилган.

Муаллифнинг ўзи қўйидагича ёзади:

«Мен тиконли симлар ортида учта роман ёздим:
«Оқ гул»,
«ОЙНУР»,
«Бўз бўри».
«Оқ гул»ни кечган асрнинг эллигинчи йилларида юз берган бир воқеа асосида ёздим. Унда фавқулодда истеъдодли қиз, яъни менинг синфдошим Омонгулнинг оний умри ва фожиасини тасвирладим.
Омонгул Тангри томонидан берилган буюк қобилият ва буюк қалб эгаси эди. Бундайлар КГБнинг алоҳида, мутлақо махфий бўлими рўйхати ва назоратида туришган. Аниғи, қарам юртларда униб – ўсаётган , келажакда Қизил Империяга хавф туғдириши мумкин бўлган беқиёс истеъдодлар рўйхатида…

Мен бу воқеани Ўрта Осиё адабиётида илк марта тилга олдим.

Эврил Турон.»

Юқорида « Адабиёт газетаси» бу гал адалот байроғини жуда юксакка ўрнатибди, деган эдик. «УМРИНИНГ 24 ЙИЛИНИ ҚАМОҚДА ЎТКАЗГАН, ЭНДИЛИКДА, ОҚЛАНИШ АРАФАСИДА ЖИНОЯТ ИШИ СИРЛИ РАВИШДА ЙЎҚ ҚИЛИНГАН САМАНДАР ҚЎҚОНОВНИНГ ЎКИНЧЛАРИ» номли катта ҳарфларда ёзилган мурожаатнома сарловҳаси эътиборингизни ўзига жалб этиши тайин.

Чунки кимни 24 йил қамашибди-ю, яна озодликка чиқиб ҳам уларга қарши яна қандай адолатсликлар давом этаётган экан, деган ҳақли савол ҳар бир виждонли одамни жалб этиши тайин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши депутати Қўқонов Самандар Умаровичнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига ёзилган ИЛТИМОСНОМАСИ барча маълумотлари билан ёритилган. Самандар Қўқонов билан «Америка овози» радиоси бошловчиси Навбаҳор Имомава ҳам суҳбат олиб борган эди. Ўша пайтида тушган сурати ҳам газетада берилган.

Атрофда бўлаётган воқиа жароёнлар ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси К. Ф. Комилов шахсига нисбатан жуда кўп шикоятлар, ҳақоратлар, айбловларни кўп бора «ўзин-қулоқ» гаплардан эшитиб турар эдик. Мана адабий жараёнларни ёритиши керак бўлган газета ҳам, мурожаатлар кўплигидан суд- хуқуқ органларига тегишли материалларни ҳам беришга тўғри келаётганини кўраяпмиз.

«Ўзбекистон Республикаси Раиси К.Ф. Комиловга очиқ хат»номли мақола Ҳамиджон Аманов томонидан йўлланган.

Албатта газета лирик жароёнли ҳаётни ҳам унитиб қўймаган ҳолда, шоирлар Ҳол Муҳаммад Ҳасан ва назм гулшанига энди кириб келаётган шоир Рафтор Мансур шеърларидан берган.

«Замонавий ўзбек шеъриятида Ҳол Муҳаммад Ҳасаннинг ўз “дасхати”и бор. Унинг шеърларини бир ютинишда “ ўказиб” юборолмайсиз. Шоир битиклари сизни обдон ўйлашга, озгина қийналишга ва энг асосийси, тафаккур қилишга таклиф этади. Чунки шоир қўлига қалам олишдан аввал ўзига бундай талаб қўяди» – дейди у ҳақда Алишер Назар шоирнинг шеърларини тақриз қила туриб.

Шеър ёзсанг ёзма оққа-
Фалакка ёз , кўкка ёз.
Йироқ юлдузга боқма(й)
Бозиллаган чўққа ёз.

(Ҳол Муҳаммад Ҳасан шеъри)

Куюнчак журналист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг «Азон фасли»номли йирик мақоласи кейинги йилларда илмий тадқиқот институтлари, марказларининг адабий ва илмий ишларига оид ишлари жуда сустлашиб кетганлигидан бонг уриб ёзилган фикрлари асосида экан. Азалдан илм борасида ўзининг салмоқли мактабларини яратган ўлкада илмий ишларнинг сустлашиб кетишидек муаммолар кишини қаттиқ ўйга толдиради.

Газетанинг охирги саҳифасида халқ табобати билан 40 йилдан буён шуғулланиб келаётган Бухоро вилояти Пешку туманидан бўлган табиб Ҳосил Носирий билан суҳбат берилган. Тиббиёт илмининг султони Ибн Сино ватанидан бўлган табиб сермулоҳаза суҳбати билан ўртоқлашган.

Газета табибнинг телефон номерини эълон қилган: +99894 543 03 12.

«Адабиёт газетаси» барча ижодкорларни, мухлисларни ҳамкорликка чақиради.

Электрон манзили: adabiyotgzt@mail.ru

Хуллас, қадрли дўстлар, «Адабиёт газетаси» сизнинг ҳам севимли газетангизга айланишига ишончим комил.

Гулзамон Акбар.

 

Image may contain: 4 people
Image may contain: Evril Turon
Image may contain: 8 people, people smiling
No photo description available.
Image may contain: 1 person, smiling
+5
  • Jamshid Xayrullayev
     Gazetaning bosh sahifasini rasmini aniq tushirib joylashtiring gruppalarga tarqatamiz. Favqulodda juda zo’r materiallar berilibdi.
Leave a Reply
*