Menu
Categories
Қўқондаги икки оила қандай қилиб МХХ қурбонларига айлангани ҳақида суд очерки
02/02/2019 Бош мақола
Қўқондаги бошбошдоқлик:  Икки оила қандай қилиб МХХ  қурбонларига айлангани ҳақида
Тошкентлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икромов Фарғона вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан тўналган, қийноққа солинган ҳамда таҳқирона калтакланган қўқонлик тадбиркорлар Минаввар Арипов ва Ислом Дадажановларнинг оилаларига нисбатан адолат қарор топдиришига эришмоқчи.
Рэкет, калтаклашлар ва қийноққа солиш оғир жиноят саналади. Бу жиноятлар погонли орган ходимлари томонидан содир этилса, икки карра оғирлашади. Айниқса, бу каби одамлар жиноят ишларини сохталаштириш билан шуғулланишса жуда ҳам даҳшатли ишлар содир бўлади, ҳолбуки, аттиги бир неча йил олдин Ўзбекистонда бу каби қилмишлар одатий ҳолга айлананиб қолганди.
Бироқ янги президент сайланганидан бошлаб мамлакатда вазият тубдан ўзгарди. Бунга 2018 йил баҳорида давлат тўнтаришини ташкиллаштиришга уриниш бўйича сохта айблов қўйилган журналист Бобомурод Абдуллаев устидан ўтган судни ёрқин мисол сифатида келтириш мумкин.
Қонунсизлик мағлуб бўлди
 Журналистни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 моддаси 4 қисми бўйича (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбдор деб топиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум этишлари мумкин эди. Бироқ вазиятга республика фуқаролик жамиятининг фаолллари аралашдилар.
Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Сурат Икрамов Абдуллаевнинг ҳимояси учун кураш олиб бориш ташаббусини кўтариб чиқди. У суд процессига таниқли адвокат Сергей Майоровни таклиф этди, ҳимоячи тез орада журналист МХХ қамоқхонасида калтаклангани ва қийноққа солинганини аниқлади. Бобомуроднинг ўзи ушбу қийноқлар ҳақида суд мажлисида рўйи-рост айтиб берди. Суд процесси республика жамоатчилигининг эътиборига тушиб қолди. Суд мажлисларининг ҳар бирида журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ҳамда хорижий мамлакатлар элчихоналари вакилларидан кам деганда эллик нафари иштирок этди. Пировардида, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 7 май куни журналистни суд залининг ўзида озод қилди.
Эҳтимол, айнан шу суд процесси туфайли президент Шавкат Мирзиёев тез орада Миллий хавфсизлик хизматини Давлат хавфсизлиги хизматига айлантиришга қарор қилган бўлиши мумкин.
Икрамов бошқа жиноятчилар устидан янги суд процессларининг бошланишига эришмоқда
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳимоясида муваффақиятга эришганидан руҳланган ҳуқуқ ҳимоячи Икрамов бу йўналишдаги фаолиятини янада жонлантиришга қарор қилди. 2018 йил ёзида у атайлаб Туркияга бориб МХХ ходимлари томонидан тўналган ҳамда таҳқиромуз қийноқларга солинган қўқонлик тадбиркор Минаввар Ариповнинг оиласи билан танишиб қайтди.
Тадбиркор Ўзбекистонни тарк этиб ҳам боши ташвишлардан аримади. МХХ ходимлари Ариповга тўхтовсиз телефон қилиб, хорижга чиқиб кетган қариндошлари ҳақида маълумот беришни талаб қилишди. Бироқ тадбиркор СНБ айғоқчиси бўлишни истамади.
Олти миллион доллардан қандай айрилиб қолиш мумкин?
Ариповлар оиласидаги муаммолар амалдорларнинг тадбиркорга ҳасади туфайли бошланди. Минавварнинг айтишича, 2012 йилга келиб тижорат ишлари билан шуғулланаётган тадбиркор анчагина давлат орттирган, унга қарашли омборларда олти миллион долларлик товарлар тўпланиб қолганди.
МХХ ходимлари сохталаштирилган баҳона билан бу товарларни мусодара қилдилар ва сўмга сотдилар. Савдодан тушган пулларни картон коробкаларга жойлаб тўртта “Дамас” автомашиналарига юкладиларда, Сурхондарё вилоятига жўнатиб юбордилар. Бу пуллар давлат бюджетига келиб тушмаганини гапириш ортиқча.
“Қўқон тузоғи”
Ана ўшанда Арипов бутун оиласи билан Бирлашган Араб Амирлигига кетиб юборишга қарор қилди ва ўша ерда ўз фаолиятини муваффақият ила давом этди. Бироқ 2016 йил октябрда у паспортининг муддати тугаган хотини Мухтасарни Қўқонга жўнатиш каби қалтис ишга қўлга урди. Ўзбекистонда уни ўша заҳоти қўлга олдилар ва 20 кун давомида қийноқларга солдилар. Тўртта гўдак боласи билан аёл кутилмаганда МХХ томонидан тазйиқ остига олинди. Сабаби – МХХ фойдасига айғоқчилик қилишдан бош тортгани бўлди.
Ушбу ташкилот вакиллари Ариповлар уйига босқинчилик ҳужумини уюштирдилар, Минавварнинг рафиқасини ва бошқа қариндошларини калтаклаб таҳқирладилар. Икрамовга кўра, уларнинг мақсади – айғоқчилик қилишдан бош тортган Минаввардан ўч олиш бўлган.
Фарғона водийсидаги босмачилик
Минаввар ҳуқуқ ҳимоячиларига ушбу босмачиликнинг тафсилотларини сўзлаб берди. Маълум бўлишича, 29 октябрь куни эрта тонгда Ариповнинг ҳовлисига автоматлар билан қуролланган 10 нафар камуфляж форма кийган МХХ ходимлари бостириб кирдилар, уларнинг баъзилари ниқоблар билан юзларини тўсиб олгандилар.
МХХ Қўқон шаҳар бўлимининг тезкор ходими Нуриддин Маҳмудов ушбу гуруҳга бошчилик қилган, айнан шу одамнинг буйруғи билан Ариповлар уйида ноқонуний тинтув ўтказилганди. Қизиғи шундаки, хонадонга бостириб келган ва тинтув ўтказган МХХ ходимлари ўзларини таништирмадилар ва шахсни тасдиқловчи гувоҳномаларини тақдим этмадилар.
Тадбиркорга кўра, Мухтасарнинг бор айби – унинг номоз ўқишида, рўмол ўраб юришида ҳамда хориждаги ватандошлари ортидан айғоқчилик қилиб, “қулоқ” вазифасини бажаришдан бош тортган бадавлат тадбиркорнинг хотини бўлганида эди, холос.
Милиция биносидаги шавқатсиз қийноқлар
МХХ ходимлари, шунингдек, Минавварнинг Бахтиёр исмли укасини Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимига олиб бориб, у ерда ноқонуний сўроқ ўтказдилар ва тўртта боласи билан ўз ота-онасининг уйида ўтирган Мухтасарни олиб келишни буюрдилар.
МХХ Фарғона вилояти бошқармасининг ходимлари Нодир Раҳимов ва Нуриддин Маҳмудов Мухтасарни ИББ ҳовлисига олиб кирдилар. Бу ерда тўла жуссали ходим Мухтасардан рўмолини ва кўйлагини ечиб ташлашни талаб қилди, рад жавобини олганидан сўнг эса, аёлнинг оёғини йириб, резина таёқ билан ура бошлади. Калтаклаётган ходим қўшимчасига Мухтасарни тепиб, юзига қўли билан урар ва калтаклашларни беҳаё сўкишлар билан “зийнатлар” эди.
Бундан ташқари, Нуриддин 2016 йил 30 октябрда Минавварнинг акаси 46 ёшли Бахтиёр, опа-сингиллари ва ҳатто 15 ёшли жияни Ойшага нисбатан сўроқ ва шавқатсиз қийноқларни уюштирди.
Мухтасарни ҳибсга олишмади, бироқ чет элга чиқиш учун зарур бўлган ҳужжатларни узоқ вақт давомида расмийлаштирмай кечиктиришди. Бу вақтга келиб оила бошлиғи Минаввар Арипов Бирлашган Араб Амирлигидан Истамбулга кўчиб кетишга қарор қилди.
Минавварнинг бошидан кечирганларни эшитган ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икрамов қаттиқ ғазабланди ва Ариповлар оиласи учун адолат қарор топдириш учун енг шимаришга қарор қилди.  ЎМҲҲТГ раҳбари бу ишга адвокат Сергей Майоровни жалб қилди. Адвокат ишнинг тафсилотларини ўрганишга киришди. Бироқ МХХнингн собиқ ходимлари Ариповнинг Қўқондаги қариндошларига босим ўтказиш учун қўлларидан келган бор ишни қилдилар. Участка нозирлари уларнинг уйларига бориб, 2016 йилда содир бўлган ишлар ҳақида ҳеч кимга маълумот бермасликни талаб қила бошладилар. Улар ҳатто хорижий сайтлардан бирида Ариповнинг оиласи ҳақида ёлғон маълумотларга тўла хабарни жойлаштириб,  http://ru.vzglyadriv.kg/angry/20198-uzbekistan-on-ne-pozhelal-zhit-doma.html тадбиркорни “Мунавварҳожи” лақабли контрабандачи, эктсремист  деб атадилар.
25 йил давом этган хўрлик
Икрамовга маълум бўлган иккинчи воқеа – тадбиркор Ислом Дадажановнинг ҳаётида деярли йигирма беш йил давом этган фожиаси бўлиб қолди. Шунча вақт давомида тадбиркор МХХ ходимлари томонидан таъқиб этилмоқда.
Икрамов Ариповлар оиласи иши бўйича текширув олиб бораётганини билиб қолган қўқонлик тадбиркор Дадажановнинг ўзи Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига мурожаат қилди. Минавварнинг қудаси бўлмиш бу одам бошидан кечирган фожиларга тўла ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
“Депутатлик пойгаси”
Ҳаммаси 1993 йилда бошланди. Ўшанда иқтисодчи Дадажанов “Озод” акционерлик жамиятига асос солди, унда 1200 нафар ишчи-ходимлар ишлардилар. Ариповдан фарқли ўлароқ уни катта пуллар эвазига эмас, балки сайловлар туфайли таъқиб эта бошладилар. 1994 йилда тадбиркор “Ватан тараққиёти” партиясидан Қўқон шаҳар №179 сайлов округи бўйича мамлакат парламенти – Олий Мажлис депутатлигига номзоди кўрсатилди.
Бироқ ўйланган режаларнинг амалга ошиши йўлида тўсиқлар пайдо бўлди. Дадажановнинг сайловдаги иштироки баъзи амалдорларга ҳуш келмади. Сайловнинг биринчи босқичида номзодлар етарли овоз тўплай олмагани учун иккинчи босқич белгиланди. Қўқон шаҳар ҳокими Ҳожиқул Мавлонқулов Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шукур Рўзиматов ёрдамида истиқболли номзодга қарши провокация уюштирди.  Улар тадбиркорнинг отаси Усмон Дадажановни ИИБ идорасига олиб келиб, ўғлининг сайловдан воз кечишини талаб қилишди. Акс ҳолда отахоннинг чўнтагидан гиёҳванд моддалар чиқиши мумкинлигини ваъда қилишди. Пировардида, Дадажанов ўз номзодини олиб ташлашга мажбур бўлди.
Тадбиркорлик танасига ёпишган битлар
Бўлиб ўтган ишлардан тадбиркор ортиқча ҳафа бўлгани йўқ. Дадажанов Қўқонда янги ишлаб чиқариш фирмаларини туза бошлади. Ишларида муваффақиятларга эришди, юзлаб янги иш ўринлари яратилди, бизнес катта даромадлар ва фойда келтира бошлади. Натижада Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлайдиган мутасаддилардан иборат “улуш талаб қилувчи текинхўрлар” тўдаси пайдо бўла бошлади.
Таъмагирларнинг сони ҳаддан зиёд кўпайиб кетганида, Дадажанов солиқ инспекциясида ўрнашиб олган текинхўр мулозимларга тўлов қилишдан бош тортди. Солиқ тизими орқали босим ўтказишнинг иложи бўлмади – тадбиркор зиммасидаги солиқларни ўз вақтида тўлаб борарди.
“Ошиғи олчи” тадбиркор учун Жиноят кодексидан моддалар гулдастаси
2001 йилги амалдор мутасаддиларга қарама-қарши туриш натижасида Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари  Дадажановни ўз уйида ҳибсга олдилар ва республика ички ишлар вазирлиги ертўласидаги тергов изоляторига олиб бориб жойладилар.
Ҳуқуқ муҳофазачилари ИИВ тергов изоляторида тадбиркордан сохталаштрилган айбловлар бўйича иқрорлик кўрсатмаларини олиш учун уни қийноққа сола бошладилар. “Ҳуқуқ муҳофазачилари” Дадажановга нисбатан Жиноят кодекси моддаларининг бутун бир гулдастасидан иборат айбловларни қўйиб ташладилар. Уларнинг орасида 158 “Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз”, 159 “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз”, 167 “Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”, 228 “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” каби моддалар бор. Ва бунга қўшимча равишда  244-1 “Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш”, 244-2 “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”, 248 “Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш”, 273 “Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш” каби жами 19 та моддадан иборат айбловларни қўйиб ташладилар.
Ташлаб қўйилган патронлар 17 йил
Иродаси кучли, девқомат, елкалари кенг Дадажанов ИИВ ходимлари томонидан қўлланган шавқатсиз қийноқларга бардош бериб, ўзига қўйилган бирорта айблов бўйича иқрорлик кўрсатмалари бермади. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳуқуқ муҳофазачилари тадбиркор ота-онасининг уйига патрон ташлаб қўйдилар ва натижада Дадажанов шунга асосланиб суд томонидан 17,6 йилга қамалди, бироқ 2004 йилда айбловларнинг бирортаси тасдиқланмагани боис озод этилди…
Аммо текин бойлик орттириши илинжида юрган мутасадди амалдорлар тинчимадилар. 2011 йилда Азиз исмли Андижон шаҳар прокурори қандайдир Абдушукур исмли фуқаронинг Дадажанов гўё 100 минг АҚШ долларини ўзлаштириб юборгани тўғрисидаги аризасига асосан  жиноий иш қўзғатди. Аризачи судда ўз даъвосидан воз кечганига қарамай, прокурор Дадажановга босим ўтказишдан тўхтамади ва натижада Дадажановни прокурорга 100 минг доллар беришга мажбур қилиб, жиноят ишини ёпди. Кейинчалик прокурор пора олгани ва товламачилик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Ҳуқуқ муҳофазачилар текин квартира таъма қилишмоқда
Дадажанов бошқараётган “LINXBRASS” МЧЖ 2015 йилда чет эллик инвесторлар иштирокида Қўқон шаҳар Турон кўчасида 5 қаватли кўпквартирали уй қуриб битирди. МХХ маҳаллий бошқармаси ўша заҳотиёқ квартиралардан тўрттасини МХХ ходимларига расмийлаштириб беришни талаб қилди. Қўқон шаҳар солиқ бошқармасининг раҳбари Акмал Ҳамроқулов ҳам худди шу уйдан битта текин квартирага эга бўлишни истаб қолди.
Тадбиркор Дадажанов текинга квартира тарқатишдан бош тортди ва натижада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, айнан МХХ Фарғона вилояти бошқармасининг ходимлари Нуриддин Маҳмудов, Нодир Раҳимов, МХХ Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи Баҳодир Мамажонов томонидан уюштирилган  таъқибларга, таҳдидларга ва шантажга  дуч келди ва оқибатда 2015 йил 15 август куни тадбиркор Украинага муҳожирликка чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бу ерда у Украина фуқаролигини олди ва айни пайтда Киевда истиқомат қилиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириб юрибди.
Дадажановнинг яқин қариндошларини тўнаш бошланди
Дадажанов муҳожиротга чиқиб кетганидан кейин эсннбечилар унинг қариндошларини тўнай бошладилар: унинг жияни Абдужалол Дадажановнинг 870 миллион сўмлик (11 минг доллар) товарини ўғирлаб, ўзлаштириб юбордилар.
Дадажановнинг акаси (укаси) Икром Дадажановнинг 30 миллион сўмлик ($ 4000) маблағини тортиб олдилар. Ҳуқуқ муҳофазачиларнинг жами ўғирлаган молининг қиймати 7 млрд 300 млн сўмдан ($ 1 млн) ошиб кетди.
Тадбиркор ўзига қарашли хусусий мулкни талон-тарож қилишда қатнашган шахсларнинг тўлиқ рўйхатини тузиб чиқди. Булар:
Нодир Тўрақулов – ўғрибоши, МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлимининг бошлиғи, айни пайтда ҳибсга олинган, суд томонидан 16 йилга қамалган.
* Баҳодир Мамажонов – МХХ Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи, ишдан ҳайдалган, суд томонидан 300 млн сўмлик жаримага тортилган.
* Нодир Раҳимов – Фарғона вилояти бўйича МХХ бўлими бошлиғи, айни пайтда ДХХ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимига ўтказилган.
Нуриддин Маҳмудов – МХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходими.
* Музаффар Орзиқулов –МХХ Қўқон шаҳар бўлими ходими, Навоий вилояти ДХХ бошқармасига ўтказилган.
* Акмал Хамроқулов – Қўқон шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари.
* Шаҳар СЭС ходимлари, Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари.
Ушбу рўйхатда шунингдек, МХХ ходимлари қўллаган шавқатсиз қийноқлар натижасида Қўқон шаҳар аҳолисидан тўрт нафари ўлдирилгани тўғрисидаги ҳолат келтирилган.
Тадбиркорнинг кулфатлари рўйхати катталашиб бормоқда…
Шу билан бирга, Дадажанов бундан кейин дуч келган кулфатлар рўйхатини давом эттириш мумкин. 2016 йил 2 март куни Қўқон шаҳар ИИБ тергов бўлими унга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223 “Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”моддаси бўйича жиноят иши қўзғади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди ушбу жиноят иши бўйича тадбиркорни “сиртдан ҳибсга олиш” тўғрисида қарор чиқарди, бироқ Бош прокурорнинг оғзаки кўрсатмасига биноан ушбу ишни кўриб чиқиш тўхтатиб қўйилди. Лекин тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, ДХХ раиси, ички ишлар вазири ва Бош прокурори номига ёзган ариза ва мурожаатлари турли баҳоналар билан кўриб чиқилмаяпти…
ДХХ ходимлари содир этган жиноятлари учун “сувдан қуруқ чиқиш”ни кўзлаб, Дадажановга босим ўтказишдан тўхтаганлари йўқ.
Бўлиб ўтган бу ишларни Арипов оиласининг бошидан кечирганлари каби ақл бовар қилмайдиган ҳикоя деб ҳисоблаш мумкин эди, бироқ 2018 йил октябрда адваокат Майоров Фарғона вилояти Ҳарбий прокуратурадан ўз мурожаатига жавоб хати олди, унди айтилишича, бу идора Ариповларнинг оиласига нисбатан қийноқлар қўллангани ҳолатини тан олган.
Майоров Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Мухтасар Арипова ва унинг фарзандлари ёзиб берган тушунтириш хатларини илова қилиб сўровномани 22 октябрь куни махсус почта орқали ҳарбий прокуратурасига йўлланганди.
Умид учқунларини пайдо қилган жавоб, бироқ…
Натижада адвокат 23 октябрь куни Фарғона вилояти ҳарбий прокурори Ж.М. Собировдан жавоб хатини олди. Ушбу жавобдан маълум бўлишича, “Мухтасар Баҳодировна Арипованинг 2016 йил октябрь ойида 19 кун давомида қонунга хилоф равишда ҳибсда сақлангани ҳолати тасдиқланди”. “Унга нисбатан жисмоний зўравонлик қўлланиши, Арипова Мухтасарнинг ўзини, болаларини, ва яқинларини ва қариндошларини ноқоний сўроққа тутилгани ҳолатлари тасдиқланди”. Шунингдек, Мухтасар она-онасининг уйида ноқонуний тинтув ўтказилгани ҳолати ҳам аниқланди.
Жавоб матнидан маълум бўлишича, “М.Б. Ариповага нисбатан жиноят содир этган шахслар айни пайтда бошқа жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган”.
Бироқ на адвокат ва на ҳуқуқ ҳимоячи бу жавобдан қониқмадилар. Биринчи навбатда, Мухтасарга нисбатан содир этилган жиноят ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилгани йўқ, ҳолбуки унинг аризасига оид материаллар Ариповага нисбатан содир этилган жиноят ишига алоқадор бўлган ички ишлар органлари ходимлари устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича материалларига қўшиб қўйилди.
Адвокат ноҳуш саволларни бера бошлади
Бунга жавобан Майоров ҳарбий прокурорга илтимоснома ёзиб, бир қатор муҳим саволларни батафсил санаб ўтди.
Булар, биринчи навбатда “Мухтасар Ариповага нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича айбловлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қайси моддалари ва қайси ҳолатлари бўйича кимга (фамилияси, исми, отасининг исми) қўйилган? Айбдор шахслар жиноят содир этган пайтда қайси лавозимларни эгаллаб келишган?”
Кейинги саволлар биринчисидан келиб чиқади. “Арипова ота-онасининг уйида тинтувни ташкил этиш ва ўтказишда қатнашган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари жиноий ёки бошқа турдаги жавобгарликка тортилганларми? Агар жавобгарликка тортилган бўлсалар, айнан ким эди улар (фамилияси, исми, отасининг исми)? Айбдор шахслар жиноят содир этган пайтда қайси лавозимларни эгаллаб келишган?”
“Мухтасар жиноят иши бўйича жабрланган дея тан олинганми? Агар ҳам бўлса, унда ушбу тергов ҳужжатининг нусхасини тақдим этинг. Арипова 2016 йил октябрда  қайси муассасада ҳибсда сақланган? Махсус қабулхонага жойлаштираётган пайтда унинг ҳужжатларини расмийлаштирган Махсус қабулхонанинг ходимлари сўроқ қилинганми?”
“М.Б.Арипова га нисбатан жиноят содир этишда айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қачон қўзғатилган? Ишнинг рўйхатга олиниш рақамини маълум қилинг? Ариповага нисбатан содир этилган жиноят иши бўйича текширув ўтказаётган терговчининг фамилияси ва мансаби ҳақида маълумот беринг”.
Майоров шунингдек, Мухтасарни ноқонуний қўлга олиш ва қийноқларда бевосита иштирок этган “(Фарғона) МХХ ходими Нуриддин Маҳмудов ва МХХ Фарғона вилояти бўлимининг бошлиғи Нодир Раҳимов жавобгарликка тортилганми-йўқлиги билан қизиқди. Улар 2016 октябрь ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида қандай лавозимларни эгаллашган?”
Ушбу текширувларни бошлаб берган ЎМҲҲТГ раҳбари прокуратура бу саволларнинг ҳаммасига жавоб бермайди, дея ишончи комил.
Икрамовга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “қўлларидан келганича ўз ходимларини ҳимоя қила туриб, ташкилот обрўсини сақлаб қолишга уринишади”.
“Бироқ ЎМҲҲТГ ҳар қандай ҳолатда ҳам Ариповлар ишини охиригача етказиш учун қўлидан келган барча воситаларни қўллайди”, – дея ишонтиради ҳуқуқ ҳимоячи.
Шундай қилиб, Дадажановлар оиласини оқлаш бўйича ҳам шов-шувли суд процессини ўтказишга умид пайдо бўлди.
Бироқ афсуски, ҳозирча Ҳарбий прокуратурадан адвокатнинг саволларига жавоб келгани йўқ ва ҳуқуқ ҳимоячи Икрамов буни ҳам ҳокимият ҳаракатсизлиги сифатида баҳоланадиган ўзига хос жиноят деб ҳисобламоқда.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ
ҲАРБИЙ ПРОКУРОРИГА
100031, Тошкент шаҳар, Юнус Ражабий кўчаси 14/11
манзилида жойлашган SIMAY KOM
 Адвокатлик фирмасининг адвокати
Майоров Сергей Александровичдан
ИЛТИМОСНОМА
Жаноб Ҳарбий прокурор
Менинг Фарғона вилояти прокурорига 2018 йил 10 сентябрда йўллаган №330/01-05/2 адвокатлик сўровимга 2018 йил 23 сентябрь куни №15/300012/2018-70/2957 рақамли жавобингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман.
Мен SIMAY KOM АФ адвокати Майоров С.А Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Нажжор кўчаси 14 уйда рўйхатда турган Арипова Мухтасар Баҳодировнага юридик кўмак бериб келмоқдаман.
Сизнинг жавобингиздан маълум бўлишича, Арипова Мухтиасар Баҳодировнанин 2016 йил октябрь ойида 19 кун давомида ноқонуний ҳибсда сақланиш ҳолати ўз тасдиғини топди. Шунингдек, унга нисбатан жисмоний зўравонлик қўллангани, Арипованинг ўзини, фарзандлари ва яқин қариндошларини ноқонуний сўроқ қилиниши ҳолатлари ҳам тасдиқланди.
Шунингдек, М.Б. Арипова ота-онасининг уйида ноқонуний тинтув ўтказилгани ҳолати ҳам ўз тасдиғини топди.
Сизнинг жавобингиздан, шунингдек, М.Б. Ариповага нисбатан жиноят содир этишда айбдорлар айни пайтда бошқа жиноятларни содир этганлари учун жиноий жавобгарликка тортилганлар.
Сизнинг жавобингиздан, шунингдек, М.Б.Ариповага нисбатан содир этилган жиноят ҳолати бўйича алоҳида жиноий иш қўзғатилмагани, бироқ унинг аризаси бўйича материаллар М.Б Ариповага нисбатан содир этилган жиноятга алоқадор ички ишлар органлари ходимлари жавобгарликка тортилган жиноят иши материалларига қўшиб қўйилгани маълум бўлди.
Жаноб прокурор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 май кунги “Адваокатура институтининг самарадорлигини тубдан кўтариш ва адваокатлар мустақиллигини кенгайтириш  чора-тадбирлари тўғрисида”Фармонининг 2 бандига, Ўзбекистон Республикаси “Адвокатура тўғрисида” қонунининг 6,7-1 моддаларига мувофиқ, қуйидаги саволларга жавоб беришингизни сўрайман:
  1. М.Б. Ариповага нисбатан жиноятларни содир этиш бўйича кимларга (фамилияси, исми, отасининг исми), Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қайси моддалари ва қайси ҳолатлари бўйича айбловлар қўйилди? Айбдор шахслар жиноят содир этилган фурсатда қайси лавозимларни эгаллаб туришганди?
  2. М.Б. Арипова ота-онасининг уйида ноқонуний тинтув ўтказишда иштирок этган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиноий ёки бошқа турдаги жавобгарликка тортилганми? Агар тортилган бўлса, улар ким (фамилияси, исми, отасининг исми)? Айбдор шахслар жиноят содир этилган фурсатда қайси лавозимларни эгаллаб туришганди?
  3. Мухтасар Баҳодировна Арипова жиноят иши бўйича жабрланувчи деб топилганми? Агар у жабрланувчи деб топилган бўлса, унда тергов ҳужжатининг нусхасини тақдим этишингизни сўрайман.
  4. Адвокат С.А. Майоровга М.Б. Арипованинг иши бўйича адвокат сифатида жиноят ишининг кўриб чиқилишида иштирок этишга рухсат берилганми? Агар рухсат берилган бўлса, унда ушбу тергов ҳужжатининг нусхасини тақдим этишингизни сўрайман.
  5. М.Б. Арипова 2016 йил октябрда қайси муассасада ҳибсда сақланган? Махсус қабулхонага жойлаштираётган пайтда унинг ҳужжатларини расмийлаштирган Махсус қабулхонанинг ходимлари сўроқ қилинганми?”
  6. М.Б. Ариповага нисбатан жиноят содир этишда айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қачон қўзғатилган? Ишнинг рўйхатга олинган рақами қандай? Шунингдек, М.Б. Ариповага нисбатан содир этилган жиноят бўйича тергов олиб бораётган терговчининг фамилияси, лавозими ва унвони ҳақида маълумот беришингизни сўрайман.
  7. Мухтасарни ноқонуний қўлга олиш ва қийноқларда бевосита иштирок этган МХХ (Фарғона) ходими Нуриддин Маҳмудов ва МХХ Фарғона вилояти бўлимининг бошлиғи Нодир Раҳимов жавобгарликка тортилганми? Улар 2016 октябрь ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида қандай лавозимларни эгаллашган? Улар айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилишмоқдами?
  8. М.Б. Ариповани 2016 йилда ҳибсдан озод қилишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказган медицина ходимларининг шахси аниқланиб, уларни сўроқ қилиндими?
  9. М.Б. Ариповани Қўқон шаҳрига олиб боришга отланган, аммо етиб бормасдан йўлнинг ярмидан Фарғона шаҳар Махсус қабулхонасига қайтган Фарғона шаҳар Махсус қабулхонасининг ходимининг (исми Отабек, эҳтимол бошлиқ бўлиши мумкин) шахси аниқланиб, сўроқ қилинганми?
  10. Махсус қабулхонадаги М.Б Арипова билан бирга битта камерада ўтирган ҳамда унга нисбатан қийноқлар қўлланганига гувоҳ бўлган фуқаро Мадаминова Ҳавохон Содиқова сўроқ қилинганми?
М.Б. Арипова ва унинг фарзандлари ёзиб берган тушунтириш хатлари махсус почта орқали сизнингн идорангизга 22 октябрь куни етказиб берилгани менга маълум.
Жаноб прокурор, ушбу мактубимга жавобни SIMAY KOM Адвокатлик фирмаси жойлашган: 100031, Тошкент шаҳар, Юнус Ражабий кўчаси 14/11 манзилига юборишингизни сўрайман. Алоқа учун телефонлар рақами: (71)252-15-91, (95)144-15-91 ёки (98)127-97-13.
Шокир Саъдуллаев,
“Дунё ўзбеклари”нинг махсус мухбири
Тошкент, Ўзбекистон
Leave a Reply
*