Menu
Categories
Ўзбекистонлик ижодкорлар Минск шаҳрида учрашувлар ўтказмоқда – ЎзА Агентлиги
02/08/2019 Бош мақола

 

Ўзбекистонлик ижодкорлар Минск шаҳрида учрашувлар ўтказмоқда

Ўзбекистонлик ижодкорлар Минск шаҳрида учрашувлар ўтказмоқда

Айни вақтда юртимизнинг таниқли ёзувчи-шоир ва журналистлари, маданият ходимлари Беларуснинг Минск шаҳрида бўлиб турибди. 

Улар адабиёт, маънавият масалаларига оид тадбирларда иштирок этиб, икки томонлама келишув, адабий-маънавий ҳамкорликларни янада ривожлантириш ва самарали йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Икки давлат ўртасида адабий алоқалар бир муддат узилиб, бадиий асарлар таржимаси, адабий-маданий алоқалар бироз оқсаган эди. Албатта, ўтган аср ўрталарида гуркираб ривожланган адабий алоқалар бугун яна қайта тикланаётгани икки давлат зиёлиларини ҳам бирдек мамнун этади.

Маълумки, Беларусь ёзувчилари, таржимонлари 1946 йили «Чырвоная змена» газетасида Ойбекнинг «Навоий» романи ҳақида мақолалар эълон қилган, улуғ адибимиз ўзи эса ушбу мамлакатнинг етакчи нашрлари — “Звязда” ва “Советская Белоруссия”да кетма-кет мақолалар чоп этганди.

1966 йили таниқли Беларусь ёзувчиси Алексей Кулаковскийнинг “Ўзбек ҳикоялари” номли тўплами ва ўзбек шоирларининг “Солнце в арыках” номли китоби беларусь тилида нашр этилган. Бундан ташқари, Минскда “Ўзбек эртаклари”, кейинроқ 1967 йил Зулфиянинг “Лирика” номли шеърий тўплами нашр этилган.

Ижодий ҳамкорлик учрашувлари пайти “Шарқ зиёкори” МЧЖ ва Беларуснинг марказий китоб дўкони “Белкнига” ўртасида икки томонлама шартнома имзоланди. Шубҳасиз, ижодий учрашув, сафарлар ўзбек-белорусь адабий, маънавий-маданий алоқалари ривожида муҳим ўрин тутади.

Дилобар Аслиддин қизи,

ЎзА​​

Leave a Reply
*