Menu
Categories
Карим Баҳриев: Алишер Навоий нега ҳажга бормади?
02/09/2019 Адабиёт
каримнинг яхши расми
 Карим Баҳриев
Вақт сирлари
Алишер Навоий – туркий дунё адабиётининг энг машҳур, энг буюк шоири, унинг асарлари туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси бўлиб қолмоқда.
Бобур таъриф берганидек, ҳеч ким унгача ва ундан кейин ҳам бу тилда бу қадар «кўп ва хўб» ёзмаган эди.
Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон бу ҳақда шундай ёзганди: “Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир.
Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша Навоий шевасидан ўзга эмасдир”
Чўлпон «Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умумтурк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини» таъкидлаган.
Абдурауф Фитрат эса ҳазратнинг форсийдаги ижодини ҳам юксак баҳолайди, илк бор 1925 йилда чоп этилган «Навоийнинг форсий шоирлиги тўғрисида» мақоласида:
«Чиғатой адабиётининг энг улуғ намоёндаси бўлган Навоийнинг форс адабиётининг ҳам эътиборлиқ кишиларидан экани маълумдир», – деб таъкилайди ва буни тасдиқ этганлар қаторида Давлатшоҳ, Жомий, Сом Мирзо, Ҳидоят, Ҳусайн каби форс тазкирачиларини келтиради.
Навоийнинг ижодини тўла-тўкис ва бутун маҳобати билан англаш осон эмас ва, бугун аён бўлмоқдаки, Навоий ижодини чуқур билиш унинг эътиқоди, иймони, тариқати ва мусулмонлигини эътироф этишсиз мумкин эмас. Навоийнинг юксак эътиқодли мусулмон эканлигини билсак, шундай келиб чиқсаккина шоир ижоди ўзининг янгича, асл моҳиятини очади.
Е.Бертельснинг: «Навоийни билиш учун унинг кутубхонасидан тўла бохабар бўлиш керак», – қабилидаги фикри маълум. Зеро Навоий осмондан лоп этиб тушган эмас, бир ухлаб, шоир бўлиб уйғонган ҳам эмас. У сув ичган булоқларни, у мутолаа қилган китобларни, у дохил бўлган тасаввуфнинг нақшбандия силсиласини, у эргашган пирларни билмасдан туриб шоирни комил англаш иложсиз.
Алишер Навоий сўз санъати бобида қайси уммонлардан баҳра олгани ҳақида бир қадар ёзилган. Бироқ назарий-фалсафий жиҳатдан Навоий суянган эътиқод, илм масаласи ҳали деярли татқиқ этилмаган. Адабиётшунос Султонмурод Олимнинг фикрича: «Дунёқарашу мафкура маъносида Навоий таянган манбаларнинг биринчиси – Қуръони Карим, иккинчиси – Ҳадиси Шариф, учинчиси – Қуръону хадислардан келиб чиққан тасаввуф фалсафасидир. Тасаввуфда Навоий дохил бўлган тариқат – нақшбандия».
Навоийнинг иймон-эътиқодини назарда тутмасдан туриб унинг зоҳидона фонийликда кечган ҳаётини ва ўз шахсиятини йўқ этар даражада ёлғизликда кечирган муҳаббатини яхлит тушуниш чорасиздир.
1. «Тасаввуф ризо аҳлидин яхши ахлоқ…»
Алишер Навоий тасаввуфни шарҳлаб бир ғазал битган. Бу «Фавойид ул-кибар» девонининг 306-ғазалидир (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 6-жилд. Тошкент, 1990, 211-212 бетлар).
Бировга мусаллам тариқи тасаввуф, –
Ки зотида мавжуд эмасдур тахаллуф.
Ҳазрат англатадиларки, тасаввуф йўлига кирган инсон ўз йўлида собит бўлади ва бунинг учун қатъият лозим.
Тасаввуф ризо аҳлидин яхши ахлоҳ,
Эрур истилоҳоти зебу такаллуф.
Ҳазрат айтадиларки, тасаввуф ризо аҳли, яъни борига қаноат қилувчилар учун гўзал ахлоқ бўлиб, унинг истилоҳлари сўфийга зеб бағишлайди.
Тасаввуф эмас зуҳду тақвою тоат, –
Ки анда риё йўл топар бетаваққуф.
Ҳазрат лутф этадиларки, тасаввуф риё енгилгина йўл топадиган зоҳидлик, ўзини кўз-кўз қилиш эмас. Зоҳидлик – таркидунёчилик, тақво – Аллоҳдангина қўрқиш, тоат – итоат билан ибодатда бўлмоқдир. Навоийнинг кўз-кўз қилинадиган зоҳидликка қарши ёзган мисраларини пеш қилиб, шўро даврида уни қарийб шайху зоҳидларга қарши бўлган «атеист шоир»га айлантирганликларини эсланг. Ҳолбуки, Навоий зуҳдда риёкорликни қоралаган, Аллоҳга бокира, бетаъма ошиқликни улуғлагандир. Комил мусулмон бўлган ҳазрат Навоий чаҳорёрлардан бири бўлган Ҳазрати Алининг ҳикматлари асосида «Назм ул-жавоҳир» тўпламида битган мисраларида шундай дейдилар: «Тоат кўпидин маърифат ози яхши». Навоий наздидаги маърифат – Аллоҳни ҳиссий билиш, ишқ орқали олам сирига етишдир. Аллоҳни тафаккур орқали билишнинг озгинаси кўр-кўрона тоатдан яхшироқдир, дейдилар ҳазратим. Кўр-кўрона тоат мутаассибликка, жаҳолатга олиб боради. Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий «Ислом динининг жаҳолатдан каттароқ ва қўрқинчлироқ душмани йўқдир», – деганларида нақадар ҳақдирлар.
Нақшбандияда сулукка машғул бўлишни кўз-кўз қилиш кескин қораланади. Сўфий сиртдан одамлар билан бўлиши, қалбан – ботинан хилватда бўлиши лозим. Навоийнинг сулукка хосликлари борасида ул зотнинг элга қилган солиҳ ишлари-ю асарларидан ўзга фактларнинг деярли учрамаслигини ҳам буюк шоирнинг тақвоси ботинан, қалбан бўлганлигидан, ҳазратим эътиқодларини кўз-кўз қилмаганликларидан деб билиш керак.
Ўзни ўйла бахтиёр айлабонким,
Не қолиб тараддуд анга, не таассуф.
Ҳазрат лутф этадиларки, тасаввуф йўлига кирган кишида на бирор нарсанинг тараддуди, ғами бор ва на бирор дунёвий нарсага эришмай қолганликдан афсусланиш бор. Бу Баҳоваддин балогардоннинг лутфларини эслатади:
Ҳечи мо не-ю, ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам не.
Жанда бар пўшту пушт – гўристон,
Рўзе, ки мирем мо, мотам не.
(Н. Комилов, «Тасаввуф», 1-китоб, 8-бет).
Ҳечимиз йўғу ҳечимиз кам эмас,
Ҳечимиз йўқи бизга ғам эмас.
Жанда – кафану уйимиз – гўристон,
Биз ўлган кун ҳеч мотам эмас.
(Таржима бизники – А.Б.)
Дунё ғамидан узилиш, балои нафсни йўқотиш ва ҳозирча юриб турган оёқ тагидаги ерни гўристон деб билиш, яъни ҳар лаҳза ўлимга тап-тайёрлик Навоий ҳам дохил бўлган сўфий аждодларимиз ахлоқидир.
Яна бир авлиёмиз (ахир айтганларки: «авлиё – худо эмас, худодан жудо эмас»), Баҳоваддиннинг иймондоши – Нажмиддин Кубро деганлар:
Чун нест зи ҳар чи нест жуз бод ба даст,
Чун ҳаст ба ҳар чи ҳаст нуқсону шикаст.
Пиндор, ки ҳаст ҳар чи дар олам нест,
Ангор, ки нест ҳар чи дар олам ҳаст.
(Н. Комилов, «Тасаввуф», 2-китоб, 186-бет)
Ҳар неки гўё йўқ шамол каби кўринмас зинҳор,
Ҳар неки гўё бор омонатдир, емрилар абгор.
Кўргин, ҳар нимаки оламда бор охири йўқдир,
Билгин, ҳар нимаки оламда йўқ – аслида бор, бор.
(Таржима бизники – А.Б.)
Бу Аллоҳни ва руҳни ҳақиқий борлиқ деб ҳисобловчи, бу кўриниб турган дунёни – ёлғон, нариги тириклар ҳали кўрмаган дунёни чин дунё билгувчи донишманд аждодларимиз тасаввуф таълимотининг муқаддас мафкурасидир. Унга кўра, бизга бор бўлиб туюлган нарсалар аслида йўқдир (йўқолгувчидир), чунки улар яралгандир ва комил эмасдир, улар ҳаракатда, ўзгаришда, демакки, охири емирилиш ва йўқолишдадир. Туғилган нарса ўлади. Кўкарган нарса қурийди. Бошланган нарса охирлайди. Ибтидоси бор нарсанинг интиҳоси ҳам бор.
Аллоҳ Биру Бордир. Унинг ибтидоси йўқдир ва шунинг учун интиҳоси ҳам йўқдир. Оми кўзига йўқ бўлиб туюладиган Аллоҳ, руҳ худди шамол кўринмагандек кўринмаса-да, аммо бордир, комилдир ва собитдир. Дарахтни шамол тебратади, аммо ўзи кўринмайди. Биз шамолни кўрмасак-да, дарахтнинг тебранганини кўриб, шамолнинг борлигига иқрор бўламиз. Аммо шамолни яратиб қўйган Аллоҳни кўрмаганимиз учун гоҳи гумроҳлик билан унинг борлигига шубҳа қиламиз. Аллоҳ, ўзинг кечиргин! Яратган буюкдир! Яратган покдир! Яратилганлар Яратганнинг қошида ожиздирлар. Аждодларимиз иймони, жумладан Алишер Навоий эътиқоди шундан далолатдир.
Дунёда кўриниб турган, сезилиб турган, бор нарса абадий эмасдир. Кўринмаётган руҳ абадийдир. Бор йўқдир, йўқ бордир. Миллиард йиллик юлдузлар бир куни келиб бир лаҳзага ҳозиргина ёнгандек йилт этиб ўчади, қоронғуликка, йўқликка чўкади. Коинотни ўраган бўшлиқ, қоронғулик, йўқлик абадийдир. Борлиқ ўткинчидир. Йўқлик абадийдир.
Миллион йиллик тоғлар, залворли чўққилар емрилади. Улар юракларга солган салобат, виқор абадийдир. Ёнаётган гулханлар ўчади, уларнинг дилдаги тафти абадийдир. Маъшуқасига термулиб турган ошиқ ва ошиғи назаридан қизариб бораётган маъшуқа ўткинчидир, фақат улар туйган эҳтирос, улар чеккан ҳижолат абадийдир, қайдадир кезиб юрадир. Зеро, муҳаббатнинг манзили қалбдир, инсон ўлгач, танни қабристонга қўядилар, қалб боқийлик сари кетадир…
Ҳамма яратилганлар фонийдир. Яратган боқийдир. Бу ўзини фано аҳли деб билган, ҳатто форсий ғазалларига «Фоний» тахаллусини қўйган Алишер Навоий эътиқодидир. Шайх ал-Колободий истилоҳ этадилаки: «Фано – бу барча насибалардан (лаззатлардан) узилишдир. Ҳақ унинг барча тасарруфини эгаллаб олади ва фақат Аллоҳ ишқи билан чегараланиб қолади. Унинг барча омиллари Аллоҳга топширилиб, бошқа барча лаззатли нарсалардан тийилиб қолади. Бу исматдир. Бунинг маъноси Аллоҳнинг: «Мен унинг қулоғи ва кўзи бўламан», – деган сўзидир. Бунда киши ўзи фикр қилган Аллоҳга овора бўлиб, бошқа нарсалардан фоний бўлади ва ундан нарсаларни яхши ёки ёмон деб ажратиш хусусияти кетади. Омир ибн Абдулоҳнинг: «Мен аёл кишини кўрдимми ёки деворни кўрдимми, фарқига бормай қолдим», деганларидек». Навоийнинг оила қурмаганлиги, уйланмаганлигининг сабаби шунда ойдинлашади.
Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг бокираликлари борасида лутф этиб айтганларки: «Бул ҳазрат дунёга келиб ҳаёт ҳирқасини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теккизмаганлар, футувват ва жўмардлик ёқаси лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқазмаганлар».
Ҳазрат Мир Алишер Навоийга бир буюк ва хокисор мусулмонлиги нуқтаи назаридан қаралгандагина ул зотнинг салоҳиятини туймоқ мумкин. Аллоҳ қулоғи ва кўзига айланмоғини орзу этган Навоий нафсни енгиш, дунё орзуларидан ва насибаларидан кечиш, ўз вужудини маҳв этиб, Аллоҳга етишишни ниятлаганди (бу йўл нақадар машаққатли эканини ўртаниб тушунамизмикин):
Қилиб Ҳақ вужудида маҳв ўз вужудин,
Навоий, муни бил тариқи тасаввуф.
Солик мусулмон Навоий орзу этганидек фоний бўлмоқ учун ўзлигидан кечмаса бўлмас. Дарҳақиқат, Навоий «Бадойиъ ул-васат» девонидаги 304-ғазалда ўзликни фано йўлидаги оғир юк деб таъриф этадилар:
Солмай ўзлук нақдин ўздин тутмагил дашти фано, –
Ким оғир юклукка бу йўлда етар бисёр хавф…
Ҳазрат «Наводир уш-шабоб» девонининг 374-ғазалида ҳам фақирликдан фахр этиб, ўз орзуларидан кечиб, енгил бўлишни орзулаб «Фақр водийсиға кирган ташласун ўзлук юкин», – деб таъкидлайдилар.
2. «Бу оҳанг ила бўлғасен нақшбанд, Навоий…»
Дини ислом ва нақшбандия тариқати ғоялари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодиётининг моҳиятини ташкил этади ва бу моҳиятни асарлардаги ошкора айтилган ўринлардангина қидириш шарт эмас, бу моҳият барча асарларнинг замирига сингигандир. Тасаввуфий нуқтаи назарларида Навоий аксарият ҳолларда бевосита нақшбандия тариқати мақомида юз кўрсатади.
Ҳамма девон ва достонларининг ибтидосини Аллоҳ мадҳи билан бошлаган Навоий «Ғаройиб ус-сиғар» девонини ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб бошлайди, илк қитъасидаёқ фано мақоми масаласини кўндаланг қўяди:
Фонийи мутлақ ўлмайин солик,
Анга йўқтур умиди мақсади кулл.
Қора туфроққа сингмаган қатра,
Андин имкони йўқ очилмоқ гул.
Демакки, фонийи мутлақ бўлмасдан туриб, яъни ўзлукдин, ўз насиба-ю лаззатларидан, барча дунёвий мақсудларидан, жумладан оила қуриш истагидан ҳам кечмасдан туриб, сув сингари эриб тупроққа сингимасдан туриб Аллоҳ жамолига етишиш имконсиздир. Буни ҳазратим «озодалик» деб атайдилар, яъни инсон дунёда яшайди, аммо унинг асири эмасдир.
“Ғаройиб ус-сиғар”нинг еттинчи қитъасида Навоий «нақшбандия тариқининг «ифшоси ва адоси»ни баён этади. Унинг наздида бу йўл – «қаноат тариқи»дир:
Қаноат тариқиға кир, эй кўнгул, –
Ки хатм ўлғай ойини иззат санга.
Навоийга кўра, еру кўкка шоҳ бўлмоқ истасанг, қаноат сенга – тахт, иззат – тож бўлади, шоҳликнинг зарбоф тўни – «фано шуъласи» билан жисмни беркитмоқдир. Пок сўзинг ва Аллоҳ йўлида тўккан қон ёшинг «дуру лаълдан зебу зийнат»ингдир.
Бизга бугун маълумки, нақшбандия тариқатининг «халват дар анжуман», «сафар дар ватан», «назар бар қадам», «хуш дар нафас» сингари қоидалари мавжуд. Навоий бу қоидаларни баён этади. Аллоҳ дарди билан бўлишим ошкор бўлмасин десанг, анжуман ичра хилват қил:
Десанг хилватим анжуман бўлмасун,
Керак анжуман ичра хилват санга.
Агар сафар қилиш машаққатли бўлса, марҳабо, ватанда сокин ўлароқ сайр айла:
Ватан ичра сокин бўлуб сойир айла,
Сафардин агар бўлса меҳнат санга.
Агар йўлда бўлсанг, ҳар бир қадаминга назар сол, ўзингдан хабардор бўл:
Назарни қадамдин йироқ солмагил,
Бу йўл азми гар бўлса рағбат санга.
Ва ниҳоят, Мир Алишер Навоий қитъа интиҳосида ўзининг нақшбандия тариқатига дохиллигини ва умидворлигини очиқ айтади:
Бу оҳанг ила бўлғасен нақшбанд,
Навоий, агар етса навбат санга.
3. «Неким фарз ўлди бўйнингда адо қил…»
Умрини тоат-ибодатда ўтказган Навоий учун энг асосийси халқ тинчлиги, Хуросон осойишталиги эди. Бу борада вазият қандай бўлмасин, Навоий юрт ободлиги, давлат тараққиёти ва эл фаровонлиги учун ҳар ишга, жумладан шахсий орзу-армонларидан-да кечишга тайёр эди. Юрт шоҳи – болаликдаги дўсти, Хуросону Мовароуннаҳр – ота Ватани эди. Шу заминда туғилган, шу юртда тили чиққан, илму маърифатга шул давру давронда ихлос қўйган, умри бебақосини шу табаррук заминда эл бахти, саодати ва осойиши учун ўтказарди. Ҳатто отасидан қолган мол-мулкини, ўзи топган жамики бойликларини ҳам халқ учун сарфлар, юртда уч юздан ортиқ иншоот барпо эттирган эди.
Навоийнинг «Муножот», «Арбаин» асарлари тасаввуфона битиклардир. «Хамса»нинг ҳар бир достони муқаддимасида Аллоҳга муножот бор, яъниким ҳазрат достонларни яратишдан, баён этишдан олдин Аллоҳдан мадад ва раҳм умидвор бўлардилар.
Ана шундай иймони комил, эътиқоди мустаҳкам Мир Алишер Навоий ҳазратларининг энг катта армонлари Макка ва Мадина шаҳарларини тавоф этиш, ҳаж ибодатини амалга ошириш эди.
Албатта, ҳажга меҳнат ила топилган маблағ ҳисобидан бориш жоиздир. 1992 йилда камина хизмат сафари ила Қурия, Индонезия ва Малайзияда бўлдим. Куала Лумпурда бир антиқа «Мерседес» минган «киракаш»ни учратдим. Мустафо исмли бу йигит мени шаҳар айлантирди. Йўл-йўлакай билдимки, унинг яна бешта машинаси, жумладан «джипи» бор, унда овга чиқади. Унинг ўз меҳмонхонаси ва йигирма киши ишлайдиган ресторани ҳам бор экан. Мен ундан: «Нега шунча мол-мулкингиз бўла туриб, киракашлик қилиб юрибсиз?» – деб сўрадим. Маълум бўлдики, у ҳажга бориш ниятида экан ва бунинг учун банкда рақам очиш жоиз экан. У ўн йил давомида шу рақамга ойма-ой пул ўтказиб борар экан, кейин ҳажга рухсат тегар эмиш. У ўзи бевосита тер тўкиб топадиган пулидан шу ҳисобга ўтказар экан. Унинг ҳаж сармоясида менинг ҳам бир-икки тангам тушиши учун эътирозига қарамай уни рози қилдим.
Алишер Навоий замонидаги мўмин-мусулмонлик истилоҳлари шу тахлит анчайин мукаммал эди. Зеро ҳаж масаласида ҳам фарзни адо этиш қатъий қўйилганди. Зеро ислом динида фарз бўлган амал ва ибодатнинг бешинчиси зулҳижжа ойида Маккаи Мукаррамага бориб ҳаж қилмоқдир. Оқил ва болиғ, жисми саломат бўлиб, Маккаи Мукаррамага бориб қайтгунча йўл харажати ва ҳам бориб келгунича уйида оила аъзоларининг нафақаларига кифоя қилгулик маблағи бўлган бой одамга ҳаж дарҳол фарздир. Девона кишига, вояга етмаган болага, фақир кишига (Маккаи Мукаррама яқинида бўлган кишида йўл харажати шарт эмас, шунинг учун у ердаги фақирлар бой мақомидадир ва ҳаж фарздир), бетоб кишига (то соғайгунча) ва кўр кишига ҳаж қилиш фарз бўлмас. Йўлнинг хавфсизлиги ҳажнинг шартидир. Ёлғиз аёлга ҳаж фарз эмас, эри ёки маҳрам қариндоши билан бориши фарздир. Йўл хавфсиз ва эминлик борида ҳаж учун соғлиғи, ҳажга етарли бойлиги бўлган киши уни кейинга, кейинги йилларга суриши жоиз эмас. Зеро, ҳеч кимнинг нафақат кейинги йилгача, балким кейинги ойгача, эртанги кунгача ва ҳатто кейинги лаҳзагача омон қолишига кафолат йўқдир. Илло, Бадр жангининг ғозийси, Исломнинг буюк фақиҳи, Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини тутиш бахтига муяссар бўлган саҳобаларидан Муоз ибн Жабал: «Ҳар намозингни охирги марта адо этаётгандай, ҳаёт билан видолашаётгандай сидқ ила адо эт, зеро кейинги намозгача ҳаётлигингга кафолат йўқдир», – деганлар. Бойлиги бўлса-ю ўзи заиф бўлса, бошқа бир соғ кишини ҳажга юбортириши лозим ва, мадомики, кейин соғайса, яна бўйнида ҳаж фарз бўлади. Навоий замонида масала шу тариқа кўндаланг турган ва ҳозир ҳам то қиёмат кунигача ҳаж дини исломнинг фарзидир.
Табиийки, ҳажни ихтиёр этган Алишер Навоий ҳазратлари дини исломнинг бешинчи шарти бўлган ҳаж қонун-қоидаларини тўлиқ ва тўкис билганликлари шубҳасиздир. Жумладан, «Сирож ул муслимин» асарида ҳазратим шариат аҳкомларини назмда баён этадилар. Асарда, жумладан, ҳаж борасида ёзганлар:
Бешинчи рукн, билгил, ҳажи ислом,
Чу фарз ўлди, адоси келди ноком.
Вале фарзиятида шартлар бор,
Қулоқ тутким, қилай борини изҳор.
Биров улким, иститоат бўлса мавжуд,
Анга тегурки, қилдинг ани мақсуд.
Яна бир шарт йўл амнияти бил,
Бу чун мавжуд ўлур ҳаж нияти қил.
Яна гар дайн йўқ бўнингда лозим,
Санга бўлмоқ бўлур бу йўлға озим.
Яна гар йўқ аёлингдан маунат
Ки, ул кўргай маош учун суҳбат.
Яна гар бермади жисмингда сонеъ,
Мараз андоқки, бўлғай йўлга монеъ.
Бу маҳзурат гар йўқ тебра филҳол,
Ўзунгни дўст куйи тавқиға сол.
Неким фарз ўлди бўйнингда адо қил,
Етиб мақсадға комингни раво қил.
Хуллас, ҳаж зиёратига отланиш учун, Мир Алишер Навоий зикр этганлари сингари маблағ, соғлиқ ва хавфсизлик чоралари ҳам таъмин этилган эди. Бироқ Мир Алишер Навоий Макка ва Мадина зиёратига бора олмадилар.
Биринчи гал – 1498 йил ёзида Бадиуззамон ўз отаси Ҳусайн Бойқаронинг сиёсатига қарши исён бошлади. Айни ҳаж тадоригини кўраётган Навоий салтанатда осойишталикка путур етаётганини, бу халқнинг бошига офатлар келтиришини сезгани ҳолда сафарни ортга сурди ва шаҳзода Бадиуззамон ёнига элчи бўлиб борди. У «Муншаот»ида келтирилган Бадиуззамонга ёзган мактубида аввал ўзини «фақири хокисор» ва «хокиваши беэътибор» деб таништиради, «давлатлиғ эшик олдида туфроғдек» тушганлигини айтиб, «ажал сарсари туфроғимни бўсағадан совурғай ва ўлим сайли хошокимни бу эшикдан сурғай» деб юкинади. Навоий қайда-ю тахт талашган шаҳзода қайда, аммо ҳазрат исённи бостириш учун шаҳзоданинг остонасида хазон бўлишга тайёр туради. Истиҳоладан сўнг қатъият кўрсатади: «Ҳосил, шаввол ойининг йигирма олтисида душанба куни ижозат бўлиб, Марвдин Астрободга азимат иттифоқи тушди. Эмди, агарчи сизга ҳеч ишда насиҳатға ҳеч эҳтиёж билмасмиз, ва лекин бир-икки сўз айтурдин ҳам чорамиз йўқдур. Оламда ҳаргиз дўстлуқ киши душмансиз бўлмайдур ва аҳбоблиқ одами аъдосиз топилмайдур». Навоий дипломатиясининг тили қанчалар нафис! Ота-бола бўлган шоҳ ва шаҳзодани минг бир елиб-югуриб сулҳга кўндирди-ю, кўнгли осойиш топди. Аммо ҳаж мавсуми ўтиб бўлган эди.
Иккинчи гал – 1499 йилнинг декабрида шоҳ Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийнинг ҳажга боришига ижозат берди, оқ йўл тилади ва ҳатто махсус фармони олийни имзолади: «Эмди анинг (ҳазрат Алишер Навоийнинг) талабларини беижобат қолдирмоқ имкони йўқлиғидин ва ул зотга мамнунлик ато этмоқ нияти ила ва ул ўша бахтдин (Макка, Мадинани тавоф этиш ва ҳаж зиёратига бориш бахтидин) баҳра топиб тезроқ қайтмоқни ихтиёр этсин учун биз муддат тайин этдик. Арши аълодан тилагимиз шулким, ул зот соғу саломат ва саодатмандлик ила ўз муддаосига етсин ва тез фурсатлар ичида дағи сарой машваратларида дийдор кўрсатсин – бари бу илтижоларимиз мурувваткор эгамнинг шафоатидан дариғ қолмагай!»
Ниҳоят, бир неча бор кечиктирилган ҳаж сафарига Ҳусайн Бойқаро ижозат берди. 1499 йилнинг декабрида шоҳ дўсти Алишер Навоийнинг ҳажга бориб-келиши билан боғлиқ фармон чиқарди. Фармонда Мовароуннаҳр ва Туркистондан токи Қашқар ва Кобулистон ва, ҳатто, Ҳиндистонгача бўлган ёндош сархад ва худудларда ҳазратнинг хавфсизлиги таъмин этилажаги уқтириб ўтилган эди.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий фармон чиққаниданоқ зиёратга тайёргарлик кўра бошлади. У армон бўлиб келаётган сафар шу гал амалга ошишига ишонарди. Аммо халқ орасида: «Навоий ҳазратлари бу гал ҳам ҳажга бора олмас эмишлар», – деган шов-шувлар тарқалди. Хўш, қандай вазият юзага келганки, буюк мутафаккир шоир подшоҳ фармони чиққанидан кейин ҳам ҳажга бора олмаган? Нима учун?
Ҳусайн Бойқаронинг фармони олийсида шу сингари олийжаноб ниятлар билдирилган эса-да, салтанатда исён учқунлари алангалаб кетган эди. Бу сафар Ҳусайн Бойқаронинг яна бир ўғли – Абулмуҳсин отасига қарши ғалаён кўтарди. Навоий бундай талотўплар ўз мол-мулкига дахлсизлигини сезса-да (ҳазратнинг шоҳ баробарида шаҳзодалар олдида ҳам мартабаси улкан эди, улар Навоийнинг ҳурмат-иззатини билардилар ҳамда, ҳатто, Хуросон сархадларидаги ўғри ва қароқчилар ҳам Навоийга қарашли мол-мулкка кўз олайтиришга журъат этмасди), салтанат осойишталиги ва юрт фаровонлигига рахна солинганда кўнгли хотиржам ҳажга кетолмасди. Шу боис, Мир Алишер Навоий бу гал ҳам ота-болалар ўртасидаги адоватни тинчитишга киришдилар – Марв ва Сарахсга йўл олдилар. Исён алангасини ўчириб Ҳиротга қайтганларида яна ҳаж мавсуми ўтиб кетган эди.
Амалга ошмай қолган ниятлари учун каффорат сифатида Алишер Навоий Ҳиротдаги Ансорий қабристонида элу юртга эҳсон бердилар. Ансорий қабристони нафақат Ҳирот аҳлининг, балким Хуросон ва Мовароуннаҳр мусулмонларининг муборак қадамжоларидан эди. Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонида Ансорий зиёратгоҳи ҳақида шундай ёзганлар: «Улки қибла дер аҳли Ҳирот, Аҳли Ҳирот дема, бари коинот». Ҳажга бориш истагини яна амалга оширолмаган Навоий Аллоҳ ризоси учун ана шу қабристонда ўзи ёзгани каби «жарубкашлик» (супурувчилик, фаррошлик) қилди ва тоат-ибодат билан машғул бўлди. Бугун бир супурги тутган Навоийни кўз олдингизга келтиринг! Аммо ўша замон эътиқоди ва Навоий иймони учун бу фақирлик ва Аллоҳ йўлидаги фанолик қанчалар табиий эди. Муаррих Умид Бекмуҳаммаднинг ёзишича, ҳазратнинг бу тахлит салтанат сиёсатидан четланишдан норизо бўлган Хусайн Бойқарога Навоий: «Мен мундин сўнг дарвешлик ва гўшанишинлик бодасида истиқомат қилишни ихтиёр этдим», – деб ёзганди.
Учинчи гал – 1500 йилнинг июл ойларида Навоий подшоҳдан яна ҳаж зиёратига бориш учун ижозат олади ва ҳаж тадоригини кўришга киришади. Аммо бу гал энди Астрободдан нохуш хабарлар кела бошлайди – Ҳусайн Бойқаронинг Муҳаммад Ҳусайн мирзо исмли ўғли исён кўтаради. Бойқаро бу исённи бостириш учун ўғли устига қўшин тортиб кетаётганида шоҳнинг яна бир ўғли – Бадиуззамон Ҳирот устига қўшин тортиб кела бошлайди. Бир йил уруш бўлган ердан қирқ йил барака кетади, дейдилар. Ота-болаларнинг тахт талашишлари халқни қонга ботириши, қанчадан-қанча навқирон йигитларларнинг ўлимига, бева-бечораларнинг қайғусига сабаб бўлиши, ўлим ва офатлар, очарчиликлар келтириши тайин эди. Водариғ, яна Алишер Навоий ҳазратлари ҳажга бора олмадилар. Уйини тинчитмаган одамга ҳаж жоиз эмас, дейдилар. Навоий наздида унинг уйи – бутун Хуросон ва Мовароуннаҳр эди. Кўнгил фақат Аллоҳ зикри учун эди. Хуросондаги ғалаёнлар шоирнинг кўнглини қанчалар вайрон этди. Яна Навоий сулҳпарварлик дипломатиясига киришдилар: «Пайғамбар буюрибтурким, тангри таоло ризоси ота ризосига вобастадур ва тангри таоло ғазаби ҳам ота ғазабига вобастадур. Бас, киши ота ғазабига учраса, тангри таоло ғазабига учрамиш бўлғай». Шу тахлит яна тинчликка эришилди. Алалхусус, Навоий наздида нотинч юртни обод қилиш, эл кўнглини тинчлантириш ибодатдан аввалроқ ва афзалроқ эди, балким энг зарур ибодат эди:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…
Нафис лутфли олим Иброҳим Ғафуровнинг фикрича: «Подшоҳ ва унинг фарзандлари ўртасидаги тортишув ва жангу жадаллар Навоийни оғир изтиробларга солган, айтиш мумкинки, унинг умрини қисқартирган ва ҳаёт шаъмининг эрта сўнишига олиб келган сабаблардан эди». Дарҳақиқат, Мир Алишер Навоий ҳазратлари салтанат тинчлиги, эл-улус фаровонлигини ўйлаб, уч маротаба ҳам ҳаж зиёратига бора олмадилар. 1501 йилга келиб эса, ул зот элу юрт ғамида кексайиб қолдилар, қон босимлари ошиб кетиш асорати сабаб, ҳажга бориш умидини уздилар:
Навоий, Каъба зикрин қўйки, биз дайри фано истаб,
Зоҳатно водиял – мақсад, вождано моҳуван – мақсуд…
Ўз-ўзидан қониқмаслик, комилликка интилиш мусулмонликка хосдир. Абу Ҳасан Ҳарақоний айтганлар: «Умримга қараб етмиш уч йиллик ибодатларимнинг ҳаммасини бир соатлик қисқа кўрдим, гуноҳларимга боқиб Нуҳ алайҳиссаломнинг умридай узун кўрдим». Алишер Навоий ҳам ҳажга боролмаганликларидан ўкиниб, ўтган умрларига назар солиб лутф этадилар: «Аллоҳ-Аллоҳ, ул дурур шармандалиқ, Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ». Ул ҳазратнинг ишқлари пок эди ва бу ишқ ўлимни енгади, шоирни абадиятга дохил қилади: «Ишқ сени қилса, Навоий ҳалок, Пок эса ул ишқ, ўлумдин не бок?»
Навоий аҳли илм эдилар. Ҳасан Басрий лутф этганларки: «Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади». Ҳазрат Навоий зулмга қарши турдилар. Абу Лайс Самарқандий кўп илм ўрганганлар, китоб кўрганлар ва: «Гуноҳларнинг зулмдан-да каттароғи йўқдир», – деганлар. Алишер Навоийнинг ибодатлари – адолат эди ва садақалари – ҳақиқат эди. Ҳусайн Воиз Кошифий айтганлари каби: «Ҳақгўйлик охират кунида нажотдир». Алишер Навоий ҳазратларига ҳаж зиёрати насиб этмаган экан, Илло, ул зотнинг ўзбек элига, миллий давлатчилигимизга ва адабиётимизга қилган хизматлари ўзи беқиёс савоб ва ибодат эди.
алишер наво 
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
1 шарҳ
  1. Axmad hoji Xorazmiy
    Карим Бахриевнинг ушбу мақоласини ўқиб у нафақат журналист, шоир ва шунингдек олим хам эканига ишондим.
"1" Comment
  1. чет эллик

    Навоий ҳақида ӯзим учун янги “кӯп ва хӯб” нарсаларни билиб олдим.

Leave a Reply
*