Menu
Categories
Иброҳим Ҳаққул: Навоий ижодида дунё тимсоли ва талқинлари…
02/09/2019 Адабиёт
Иброҳим ҲАҚҚУЛ НАВОИЙ ИЖОДИДА ДУНЁ ТИМСОЛИ ВА ТАЛҚИНЛАРИ
Posted by:Администратор onIyul 15, 2017
Навоий бир шеърида “Эй кўнгул, ҳар макр ила қочсанг улустин шукр қил, Ҳар вафоға минг жафо тортиб қутулсанг муфт бил” (НШ, 374) деса, бошқа бирида “Олам аҳлидин вафо кўз тутмаким, ким тутса кўз, Дарду меҳнатдин холос ўлмас замоне мен киби” (ФК, 622) дейди.
Танқид, шикоят, ҳасрат мазмунидаги бундай байтларга Навоий асарларида тез-тез дуч келинади. Хўш, буни қандай баҳолаш керак?
Иккинчи мақола
005
   Иброҳим Ҳаққул Бухоронинг Шафрикон туманида туғилган. Навоийшунос ва тасаввуфшунос олим, филология фанлари доктори. Мумтоз ва замонавий адабиёт муаммолари ва жараёнларига бағишланган ўнлаб китоблар, мақолалар муаллифи.
005
Маълумки, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий муҳит, шунингдек, диний, фалсафий, адабий таълимот ҳамда анъаналар у ё бу тарзда адабиётнинг умумий аҳволи ва ривожига таъсир ўтказиб келган. Айниқса, анъанавий мавзу, жанр, усул, тимсолу ташбеҳларга асосланган адабиётларда ғоявий-бадиий ўхшашлик ва ҳамоҳангликлар сезиларли зайлда кўзга ташланиши ҳам сир эмас. Шунинг учун мақсад, мавзу ва ифодада анъана доирасида иш юритган шоиру адибларнинг шахсиятидаги ўзига хослик ва бадиий ижодга қўшган янгиликларини ёритиш ё таърифлаш унча осон кечмайди. Буни неча асрлар мобайнида мурожаат этилиб. қайта-қайта қўлланилган шеърий образ, тимсол, рамз ва қиёслардан ҳам билиш мумкин.
Ashampoo_Snap_2016.05.27_01h29m56s_004_.pngТаъбир жоиз бўлса, Шарқ мумтоз шеърияти мавжуд борлиқ, реал воқелик ичида янги бир олам – ўзининг туйғу, тахайюл, маъно, руҳият ва тасвир дунёсини яратган бир шеъриятдир. Бу шеъриятда тарк тушунчаси ва у билан бевосита алоқадор дунё тимсоли ҳам анча мустаҳкам ўрин эгаллаган. Аслини олганда, инсон эмин-эркин яшаб, шавқ ва ғайрат билан меҳнат қилиб, ўзининг қайсидир бир соҳага мансуб қобилиятини юзага чиқариш, ўзидан қандайдир бир из қолдириш учун дунёга келади. Тириклигида моддий дунёдан бошқа уни бағрига оладиган на манзил, на маскан бор. Ҳамма нарса унутилганда ҳам табиат кўпинча ҳам ота, ҳам она сифатида инсонни эъзозлашини эсдан чиқармаслик зарур. Шунинг учун ҳам маломатийликда дунёдан айб ахтармаслик, уни қораламаслик асосий бир шарт сифатида белгиланган. Шарқ тасаввуфи ва тасаввуф адабиётидаги таркидунёчилик “фалсафа”сининг тамалини ҳам бошқа мақсад, ўзга бир моҳият ташкил этадики, булар ҳанузгача холис ва тўғри талқин қилинмай келинаётир. Бундан ким ютиб, кимлар ютқизади? Бу саволга ҳам аниқ жавоб йўқ.
Мана, бир мулоҳаза: миллион-миллион одамларни, бутун бошли халқ ва элатларни қақшатиб, қирғин ва бало-қазоларга гирифтор айлаб, кундан-кунга башариятни қўрқув, таҳлика, хилма-хил зўравонликларга маҳкум қилаётган ёвузликлар қаерда рўй бераётир? Албатта, шу дунё, мусибатдийда шу жаҳонда. Модомики, шундай экан, уларнинг олис тарихга эга замини, уруғи, илдизи ва асослари бўлганми? Нега бўлмасин – бўлган. Буюк валий, аллома ва мутасаввифлар “тарки дунё”дан сўзлашганда, биринчи навбатда, қайд қилинган шафқатсизлик, золимликларнинг йўлини тўсиш ёки илдизига болта уришни кўзда тутишган. Йигирманчи аср ўзбек шеъриятининг буюк вакили Абдулла Орипов бир ўринда “Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан // Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан” , дейди. “Кенгга – кенг дунё”, деганларидек, дунёни қафасга айлантирадиган ҳам, зиндон ҳолига тушириб, нафас олишни қийинлаштириб “туйнуксиз қаср” ҳолига келтирадиган ҳам инсон қавмининг ўзи ва дунёпарастлик ҳирсидир. Бунинг фожиаларини олдиндан фаҳмлаб, айтарли бехато тасаввур этганлиги учун ҳам Аҳмад Яссавий:
Дунёпараст ножинслардан бўюн товла,
Бўюн товлаб, дарё бўлиб тошдим мано, –
деган. Бундай ҳақиқат ва моҳиятларнинг тамали, файз ва шукуҳига етиб бориш ўрнига бировлар ҳамон XIX асрларда ғарб олимлари ўртага ташлаган уйдирмаларни кўтариб, ҳатто қалқон қилиб юришибди. Ваҳоланки, “Аҳли маърифат қандай дунёни тарк қилиш керак дейишган ва нима учун?” деган саволга ҳаққоний жавоб қайтарилса, ҳаммаси жой-жойига тушади.
“Англамадингми – инкор қил! Мақбул келмадими – айбла! Очиқ-ойдин сўзлашолмадингми – ғирромлик йўлига ўт!”. Бирор жойда қайд қилинмаган, лекин совет мафкурасидан мерос қолган ушбу “усул”ларни қўллашга уринаётганлар, афсуски, ҳозир ҳам учраб турибди. Матн, моҳият, ҳақиқат билан уларнинг иши йўқ, унда-бунда ўқиб, миясига ўрнашиб қолган гапларга таянишади, холос. Масалан, Бобур Мирзонинг “Нафс душмандурур яқин билгил // Дўстум, бу сўзумни чин билгил, // Душманедур агарчи ўтру эмас // Лек бир лаҳза сендин айру эмас”, деган фикрларининг мағзини чақолмаган киши ҳеч вақт унинг мана бу сўзларини тўғри англаб, теран қабул қилолмайди:
Арзимас ғам емакка бу дунё
Бал отин ҳам демакка бу дунё.
Тамаъ узгил бу эски дунёдин,
Хотирингдин чиқар бу дун ёдин.
Бизнингча, Яссавий, Навоий, Бобур, Машраб ё Огаҳий ижодиётининг тадқиқ ва тарғиби билан машғул бўлганда, киши, энг аввало, уларнинг дунёқараши, маслак ва ҳолатларига тамоман тескари ғараз, даъво ҳамда истаклардан кўнгилни тозалаши зарур. Шунда адабиётимиз тарихида қандайдир “хавфли майдон” йўқлиги ўз-ўзидан ойдинлашади. Туркий адабиёт – ҳаёт ҳақиқати, дунё гўзалликлари, воқелик талабларига содиқ ва охират тасаввурларини ҳам унутмаган адабиёт. Шу билан бирга, унда дунёга танқидий қараш ҳам бор. Ташхис, яъни шахслантириш усули орқали дунёнинг алдоқчи, золим, бақосиз сингари салбий сифат ва ёмонликларини кўрсатиш бу адабиётда анча қадимий анъана эди . Аҳмад Югнакий таърифи бўйича, дунё инсонга бир қўли билан бол тутса, иккинчиси билан заҳар узатади. Чунки у заҳарли илонга ўхшайди. Шунинг учун унинг силлиқ ва юмшоқлигига алданмаслик керак:
Йилон юмшоқ эркан, ёвуз феъл этар,
Йироқ турғу, юмшоқ теб инонмағу.
Очуннинг сийрати ҳеч қачон сиртига мувофиқ келмайди. Барча ҳийла-найранг ва шафқатсизлик унинг ботинида яширин. Ниқоббозликда унга тенг келадигани йўқ. Ана шундан ғафлатда қолмаслик зарур:
Ниқоб кўтурур очун, бирар юз очар
Ёзар қўл, қучар тек, яна терк қочар.
Юсуф Хос Ҳожиб ҳам “Қутадғу билиг” достонининг алоҳида бир фаслини бевафо дунёнинг қилиқ ва қилмишларини ёритишга бағишлаган. Унингча, дунёни билиш, уни ҳар жиҳатдан танишда чалғимасликнинг биринчи шарти илм ва заковат соҳиби бўлишдир. Ана шунда даҳр хусусидаги нотўғри ёки бирёқлама фикрлардан инсон ўзини халос қилганидек, одамлар билан муомала-муносабатда ҳам адашмайди. Зеро, ғаддор олам ҳеч қачон одамларнинг бир-биридан қочиш ёхуд узоқлашишига таъсир ўтказолмаслиги керак. “Сен одамлардан қочарсан, – дейди донишманд Юсуф, – улар сенга нима ёмонлик қилди? Одамларга қўшил, уларга ўхшаб яша. Мусулмонларга ёрдам қил, оғирини енгиллат. Тангри сенга жаннатни ато айлар, жойинг тўрда бўлғай. Кўнглингда ҳам, тилагингда ҳам соф бўл, ҳаракатинг тўғри бўлсин. Қаерни хоҳласанг, ўша жойда шоду хуррам кун кечир. Инсонлардан узоқда ёлғиз яшама, бошқаларнинг қусурига қарама, ўзингга боқ”.
Kişidin kaçar sen – ne kildi kişi,
Kişike katil, it kişiler işi.
Műsűlman işin it, mungiriga yara,
Bayat birge içmak kör ornung töra.
Köngul til köni tut kilincung butun,
Kayurda tilese tirilgil kutun.
Kişisiz tirilme kişiler ara,
Kişi aybi körme, özűrigni köra .
Шу ҳақиқатни эсидан чиқармаслик лозимки, мумтоз адабиётимизда ва унинг таркибий қисми бўлган тасаввуф адабиётида ҳам Оллоҳ таоло яратган борлиқ – оламга нафрат билан қараш, илм-маърифатга соҳиб кишилардан қочишга ундовчи бир ғоя ёки йўналиш бўлмаган. Табиий савол туғилади: собиқ совет давлати мафкураси ва синфийлик, партиявийлик қонун-қоидаларига ёпишиб олган адабиётшуносликда “дунёқараши гуманистик ҳақиқатлардан мутлақо йироқ”, “ўтакетган таркидунёчи” дея айбланган Аҳмад Яссавий, ул зотнинг Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр сингари ориф издошларининг маънавий-руҳий олами ХХ аср одамлариникига қараганда саёз, бефайз ва чекланган бўлганми? Афсуски, бу саволга жавоб беришда ночорлик ва имконсизлигини яшириш учун қаллоблик, саводсизлик “яроғи”ни қўлдан қўймайдиганлар ҳали анча вақт учраб туради. Сабаб нима?
Вақтида англанмаган ҳақиқат ва ўз фурсатида илгари сурилмаган фикр-мулоҳаза баъзан жиддий муаммо, ортиқча англашмовчиликларни пайдо қилади. Агар ўша мустабид шўро замонида Алишер Навоийнинг “пири Туркистон” Хожа Аҳмад Яссавийнинг тарихий сиймоси ва ирфоний маслагини назарда тутиб:
Турк пири киби оламдин этакни силкинг,
Дўстдин ғайри таманнои висол айламангиз, –
деган фикр-кўрсатмасини, ҳеч бўлмаганда бир-икки навоийшунос холис қабул қилиб, Яссавийнинг “оламдан этакни силкиш” тушунчасини тўғри изоҳлаганда қанчадан-қанча уйдирма ва бўҳтон гаплар одамларни анча узоқ пайт чалғитиб юрмасди.
Илғор сўфийларнинг нуқтаи назарига кўра, “дунё” ва “олам” дея ёмонланадиган мавжудлик ҳақиқатни билиш, мушоҳада этишда Оллоҳ билан инсон орасида тўсиқлик қилгувчи нарсалар бўлиб, улардан йироқлашиш жоиз. Ваҳдати вужудчиларга кўра эса асл вужудга нисбатан даҳр, борлиқ ёхуд олам бир кўлка – соя мавқеидадурки, улар ҳатто камситиш нигоҳи билан қарашга ҳам арзимайди. Шоир, мутафаккир, мутасаввиф, файласуф ва маломат кайфиятига соҳиб Навоий буларни яхши англаган, албатта. Шунга қарамасдан, улуғ шоир даҳр, дунё, жаҳоннинг хилма-хил ёмонликлари, бири иккинчисидан тубан ҳийла-найрангларидан одамларни огоҳлантириб, таркидунёчилик мазмунидаги фикрларни қатъият ила илгари сурган. Бир ғазалида у:
Эй Навоий, тарки дунё айла, иззат истасанг, –
Ким, мазаллат келди саъй анинг таманноси учун (БВ, 483), –
деса, бошқа бирида:
Ком вақти тарки дунё айлаган топмиш ҳаёт,
Йўқса етконда ажал худкому ноком айламиш (НШ, 252), –,
дейди. “Ғаройиб ус-сиғар”даги 22-ғазалда шоир яна ҳам кескин хулосага келади:
Ҳақ тилар бўлсанг, Навоий, силк дунёдин этак,
Ишқинг ўлса пок, ўзни қўйма бу мурдор аро.
Булар шунчаки шоирона гап ёхуд хаёллар эмас, албатта. Тарки дунёни Навоий энг жиддий, гоҳо ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтаради. Унинг хулосаси бўйича, “Дунё дор ул-ҳаводисдур ва анга кўнгул боғламоққа ғафлат боисдур. Олам умрдек бевафодур ва анинг давлатиға эътимод қилмоқ хато” . Мутафаккир шоир “Муншаот”даги мактублардан бирида ўша “ғафлат” ва “хато”ни нисбатан кенгроқ изоҳлаб дейди: “Даврон базмида ким бир мурод жоми ичтиким, сўнгра юз номуродлиғ хуноби сумурмади ва сипеҳр анжуманида ким бир иззат маснадиға мутамаккин бўлдиким, оқибат юз мазаллат туфроғига ўлурмади; абнойи замонға ким бир вафо гули очтиким, алардин юз жафо тикани бағриға сончилмади; аҳиббойи давронға ким бир муҳаббат эшиги очтиким, алардин юзига юз адоват абвоби очилмади. Даҳр бозорининг нақди рўйандуддур ва айём жашнининг шаҳди заҳролуд. Бу жиҳатдин кўзларин басират шамъи ёрутқонлар дунё сори кўз солмайдурлар ва кўнгулларин ҳидоят зилоли оритғонлар олам меҳрини зарраи кўнгулга олмайдурлар”.
Бу гаплар тафаккур соҳибларида ўша даврларда ҳам эътироз ё иштибоҳ туғдирмаган, бугун ҳам туғдирмайди. Ҳаётда беҳуда азият чекиб, алданиб юрмаслик учун шоир тарк аҳли сафига қўшилишни тавсия этади:
Фард бўлким, ул киши дунёда бўлмиш аҳли тарк –
Ким, фано йўлида тарки аҳли дунё айламиш (НН, 314),
Хўш, бу сўзларни қандай тушуниш мумкин? Уларни Навоий дунёқарашининг чекланган ва эскирган қирралари сифатида тавсифлаш билан бирор нарсага эришиб бўладими?
Навоий “Лисон ут-тайр” достонида: “Ким дедим узлат эшигин очқамен, Даҳри бемаъни элидин қочқаман”, дейди. Бемаъни даҳрнинг одамларидан маъни кутиб бўлмаганидек, уларнинг авом, яъни “аҳли суврат” савиясида эканлигидан ҳам албатта кўз юмиб бўлмайди. Навоий ана шундай дунё ва унинг вакилларидан йироқлашиш тарафдори. У “Дунё сори ҳирс ҳар ямондин ортуқ, тарк этмак ани кавну макондин ортуқ” деганда ҳам ҳирс қўзғовчи ва ҳорис, юлғич, каззоблар тўдасига қўшувчи оламни назарда тутган. Бу – масаланинг бир томони. Унинг сирлироқ иккинчи жиҳати янада муҳим. Ирфоний талқинга кўра, оламда етти турли мавжудлик бордир: биринчиси – малак, иккинчиси – жон, учинчиси – маъдан, тўртинчиси – ўсимлик, бешинчиси – ҳайвон. Мулк олами ниҳоясига етгач, олтинчи жинс ўлароқ инсон яратилган. Инсоний жисмлар орасида зоҳир бўлган илк борлик Ҳазрати Одам эди.
Ибн Арабийнинг айтишича, баъзилар уни бир латифа (латифлик) деса, бошқалар бир жисм дейишган. Айримлар эса инсон латифлик ва жисмнинг бирлигидан таркиб топган дея хулоса билдиришган. Кўпчилик мутасаввифлар шу нуқтаи назарни қўллашган. Чунки инсон оламнинг руҳи, олам эса жасаддир. Инсондан айри тарзда оламга нигоҳ ташланса, у руҳсиз ва теп-текис бир жисм сифатида кўринади. Вужуднинг мукаммаллиги руҳ билан бўлганидек, оламнинг мукаммаллиги ҳам инсон билан. Зеро, олам инсон шарофати туфайли камолга етишганлигига қарамай, инсон олам орқали камолга эришмаганлигини ёддан чиқармаслик зарур . Шу боис Навоий “олам ғами”дан кўра “бани одам ғами”ни устун қўяди. “Олам аҳли кўнглида олам ғами, худ будур кўпрак бани одам ғами”.
Демак, комил инсоннинг мавқеи ва қадр-қимматига нисбатан қаралганда тарки олам улкан йўқотиш ёки фожиали ажралиш ҳисобланмайди. Аксинча, инсоннинг комиллик мартабаларига чиқиши борлиқ – оламнинг аҳволига ижобий таъсир ўтказади. Бундан келиб чиқадиган хулоса шундай: Навоий талқинларидаги тарки дунё ғоясини аҳли дунё таъбиридан ажратмай, бир бутунликда олиб қараш керак. Чунки гуманист шоир асосий ўринларда даҳр, дунё, олам ёки жаҳонни шахслантириб, инсонга хос энг салбий, паст сифатларни уларга нисбат бериб, одам орқали гўё оламга ўтиб, ўқувчини чуқур мулоҳазага чорлайди:
Бу даҳр ажузеки, вафоси йўқ анинг,
Бир фоҳишадекдурки, ҳаёси йўқ анинг.
Дема муниким, айбу хатоси йўқ анинг,
Айби бас эрур буким, бақоси йўқ анинг.
Маълумки, комил инсон тушунчасини ёритиш ва талқин қилишда Шарқда иккита назарияга таянилган. Биринчиси – фалсафий назария бўлиб, унга кўра, инсон жинси илоҳий сифатлар тажаллий қилган оламдаги энг комил борлиқдир. Илоҳий камолотлар фақат комил инсонда, унинг воситаси билан эса жамланиб, йиғилган ҳолда зуҳурланади. Иккинчиси – сўфийлик назарияси. Ушбу назария бўйича, “комил инсон” деб номланган ориф зотлар кашф мартабаларидан бирида Ҳақнинг зотий хусусиятларини завқан идрок этишади. Бунга тўла ишонч ҳосил бўлгандан сўнг улар ўзи ва Оллоҳ тўғрисида мукаммал бир илмга эришишади. Чунки фақат ўзини билган комил инсон Оллоҳни ҳам англаш ва танишга муваффақ бўлади.
Навоий бир шеърида “Эй кўнгул, ҳар макр ила қочсанг улустин шукр қил, Ҳар вафоға минг жафо тортиб қутулсанг муфт бил” (НШ, 374) деса, бошқа бирида “Олам аҳлидин вафо кўз тутмаким, ким тутса кўз, Дарду меҳнатдин холос ўлмас замоне мен киби” (ФК, 622) дейди. Танқид, шикоят, ҳасрат мазмунидаги бундай байтларга Навоий асарларида тез-тез дуч келинади. Хўш, буни қандай баҳолаш керак?
Алишер Навоий – Шарқнинг энг улуғ мутафаккир санъаткори. Навоий яшаб ижод этган давр, сифат эътибори билан инсонга қараш ўзгарган, инсоннинг ўзлигини таниш ва шу орқали башарий ноқислик, ожизлик ҳамда тубанликларга муросасизлик билан қараб, ҳар жиҳатдан ибратли инсоний фазилатларга соҳиб шахсларни вояга етказиш йўлида жиддий ҳаракат бошланган давр эди. Лекин бу жабҳада муваффақият қозонмоқ учун инсонни қуруқ таърифлаш, унинг ижобий, салбий хусусиятларини тавсифлаш эмас, балки унинг ўзини ўзига танитиш, турғун, мўрт, эгилувчан, ғариб ўзлигидан ўзини қутқазишга уриниш жоиз эди. Донишманд шоирнинг асарларида тахминан юздан зиёд салбий типга мансуб кимсалар хусусида баҳс юритилиши ҳам бунинг далилларидир. Мана улардан айримлари:
1. Авом (“Ё дохили зумраи хавос айла мени, Ё ранжи авомдин халос айла мени”). 2. Разл (“Чу разл ҳавсаласиздир, не тонг, агар ногоҳ етишса мукнат анга, аржуманд тутқай ўзин”). 3. Лаим (“Лаим фарқиға иқбол тожин қўймоқ, яқинки, бўлғусидур мужиби азоби анинг”). 4. Нопок (“Юз туман нопок эрдин яхшироқ Пок хотунлар аёғининг изи”). 5. Золим (“Сафиҳ золим ила бўлма хон уза ҳамдаст, Муносиб бўлмади ит чунки ҳамтабақлиққа”). 6. Фосиқ (“Фосиқмену кофири ниҳони, Каъба сафари эрур менга ҳайф”). 7. Аблаҳ (“Аблаҳ ани билки, оламдин бақо қилғай тамаъ, Аҳмақ улким, олам аҳлидин вафо қилғай тамаъ”). 8. Тамаъгир (“Эй Навоий, олам аҳлида тамаъсиз йўқ киши, Ҳар кишида бу сифат йўқтур, анга бўлғай шараф”). 9. Ҳорис (“Ҳирс офатин нафс ҳавоси билгил, Қўймоқ ани нафс муддаоси билгил”). 10. Ҳасадчи (“Ҳар кимки ҳасуд эрур сазодур ҳасади, Ҳақдин бўлғон ямон қазодур ҳасади”). 11. Ғаддор (“Ғаддорки қисмингни малолат қилди, Ғам кишваридин санга рисолат қилди”). 12. Эгри (“Ким эгри эса, тузлук эмас пояси ҳам, Бор ўзидек эгри суду сармояси ҳам”). 13. Бадхўй (“Бадхўйлик ул ваҳшат эрур шиддатдин – Ким, элга халослиқ йўқ ул ваҳшатдин”). 14. Ножинс (“Ножинс ила лутфу инбисот оз айла, Ҳампешани ҳамнишину ҳамроз айла”). 15. Нодон (“Нодонлиғ эрур элда маломатға далил, Доно улус оллида хижолатға далил”). 16. Беасл (“Беасл халойиққа сафо келди ҳаром, Ҳар ишки эрур ғайри жафо келди ҳаром”). 17. Нокасу ножинс (“Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами…”) ва ҳоказо.
Бундай бандаларнинг феъл-атвори, қилиқ-қилмишлари, совуқ ва бефайз башаралари жонли тарзда тасаввур этилса, сабр-тоқатли ҳар қандай кишининг ҳам борлиғини аллақандай таҳлика ёки кемирувчан ғашлик қуршаб олади. Гапимиз далилсиз бўлиб қолмаслиги учун чинакам одамшунос шоиримизнинг аблаҳ типининг асосий бир сифати очилган қитъасига эътиборни қаратмоқчимиз:
Умрин аблаҳ кечуруб ғафлат ила,
Нукта ўрниғаки тортар харрос.
Бир эшакдурки, тағофул юзидин
Қилғай изҳор паёпай аррос.
Ғафлатнинг аблаҳликка асосланиши, аблаҳлик эса ғофилликнинг юқори нуқтаси эканлигини тамсилий шаклда ҳеч бир шоир бунчалик ёрқин акс эттириб беролмаган.
Устод Садриддин Айнийнинг эътирофига кўра, “Хамса”даги салбий типларни Навоий ўзи мансуб замон ва муҳитдан олган . Агар масаланинг бу жиҳати ҳам инобатга олинса, шоирнинг оламни “мотамкада”га нисбат бериб “Гар одам эрур бўлса керактур ғам аро, Оламда эса, бўлса керак мотам аро” дейишига унча ажабланиб бўлмайди.
Оламнинг ғамхона, мотам даргоҳи бўлишида золим давлат, адолатсиз ҳокимиятларнинг ҳам ҳиссаси бўлган. “Чархи золим”, “даҳри дун”, “жаллод дунё” иборалари орқали уларга ҳам муносабат акс эттирилган. Зеро, оламнинг инкори гоҳо ундаги барча мавжудликнинг инкорини қамраб олган.
Алишер Навоий дунёнинг даҳо санъаткорларига хос холислик ва инсон манфаатларини муҳофаза қилувчи ҳассослик билан мушоҳада этгани туфайли ҳам “Гар будур олам, кишига мумкин эрмас анда ком, Ҳақ магарким ком учун боштин ёротқай оламе” деган хулосага келган. Орзу этилган шундай бир олам яратилди ҳам дейлик. Инсон қавми унда мурод-мақсадига етиб, хотиржам, ҳузур-ҳаловатда кун кечириб билармиди? Йўқ, албатта. Чунки жаҳондаги башарий зиддият, ноҳақлик, кулфат ва бахтсизликларнинг илдизи ёки туб асоси одам табиатида бўлиб, унинг нафси, хулқи, қалби ва тафаккурини улардан қутқазиш қадар оғир, кўпинча ҳатто бесамар уриниш йўқдир. Айрим бир миллат, халқ ва элатнинг эмас, умуман башариятнинг аҳволи шундай ва бунинг сабабларини изоҳловчи фикр-мулоҳазалар ҳам бисёр.
“Кўпчилик инсонлар, – дейди ҳинд файласуфи ва илоҳиётчиси Кришнамутри, – миллион йиллар аввал қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам қарийб ўша-ўша: беҳад бахил, ҳасадчи, жанжалкаш, сурбет, субутсиз ва шубҳачидир… Биз меҳр ва адоват, қўрқув ва шафқат, зулм ва адолатнинг даҳшатли қоришмасимиз” .
Бундай очиқ ва аччиқ танқидий гапларни ҳамма ҳам қабул қилмаслиги, кимлардир уларга ҳатто чидамаслиги ҳам мумкин. Аммо бундай муносабат инсоннинг энг ижобий фазилат ва хислатларини тўғри кўриб, тўғри қадрлашга ҳам хизмат этолмайди. Адабиётдаги психологик ночорлик ғоявий-бадиий саёзликка бир сабаб ҳам ана “кўнгилчан”лик ҳолатидир.
Туйғу ва маъно тўғрилик, диёнат тупроғидан маърифат ва ҳақиқат қўли билан қорилган бўлса, ҳеч қачон улар бадбинлик, тушкунлик, турғунликка ҳисса қўшмайди. Навоийнинг олам ва одам ҳақидаги фикр-мулоҳазаларида бу ҳол тўла сезилиб туради. Шу боис ҳам улар ўқувчини инсон ва инсонйлик дунёсини бутун мураккаблиги, оғриқ ва қийноқлари билан ўрганиш, ҳаққоний хулосалар чиқаришга чорлайди.
Тўғри, илм, маърифат ва ишқ билан инсон эришган комилликни Навоий коинот миқёсида баҳолаб, “Тўрт унсур, етти кўк, олти жиҳот // Нодиру олий асоси коинот // Барчадин ашрафки ул инсон эрур // Ким камолида хирад ҳайрон эрур” деган ва бу ҳукмидан ҳеч тонмаган. Лекин чин санъаткорлик эҳтироси шундай бир порлоқ кучки, ижодкор қалбида у инсонга тегишли барча ҳақиқатларни ростлик ойнасида акс эттириш эҳтиёжини собитлаштиради. Ижодининг дастлабки босқичлариданоқ бу куч ва эҳтиёжга содиқлигини исботлаган Навоий Самарқанддан устози Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида Хуросон ахлоқий муҳити ва аҳолисининг аҳволи тўғрисида энг реалист адиб ҳам айтавермайдиган фикрларни изҳор этган:
Элида кишиликдан осор йўқ,
Шароратдин ўзга падидор йўқ.
Не эл, не киши, балки шайтону дев,
Келиб барчаға даъб бедоду рев…
Қора пул учун айлабон қатл фан,
Ўликтин тамаъ айлаб аммо кафан.
Мавлоно Жалолиддин Румийда “Хешро софи кун аз авсофи худ, то бибини зоти поки худ” – “Агар ўз зоти покнинг кўраман десанг, ўзингни ўз нафсоний сифатларингдан тозала”, деган фикр бор. Шу маънода Навоий Румийга ҳамфикр: “Авомдин, демаким ўзни қутқарай, эр эсанг ўзингдин ўзни қутулмоққа жаҳд қилғил хос”. Ҳақиқатда бу хос уриниш ва инсоний софликни юзага келтирадиган маънавий-ахлоқий тажрибадир. Бироқ фоний дунё бу тажриба ва натижалар билан айтарли қизиқмайди. “Соф одамийлик, – дейди машҳур рус файласуфи Н.Бердяев, – ўртамиёна кимса учун бегона, кераксиз ва йироқ нарса. Покиза инсонийлик – илоҳий ва Оллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан эришиладиган мақом” . Буни эгаллаш сири эса Навоийда қуйидагича ифодаланган: “Дўст васлин топмаған дунёву уқбодин кечиб, Ушбу дардингға Навоий ҳолин истишҳод бил” (ҒС, 364).
http://betakrorbuxoro.uz
Leave a Reply
*