Menu
Categories
Нурали ҚОБУЛ СУКУТ СУИҚАСДИ ёхуд СТАЛИНДАН САДДАМГАЧА Янги асар 11-боб
02/10/2019 Адабиёт
Китоб ёқишдан ҳам даҳшатли жиноят
 ёхуд “Ичида не ётган, билмайди қабр!”
         Доноликдан бошқа ҳеч нарсага
       ҳавас қилма.
ЖОМИЙ
Менинг ёрим ҳам китоб, борим ҳам китоб, ҳатто жаннатим ҳам китобдир.
ЗЕБУНИСО
Кейинги ўн йилликларда ақл бовар қилмас бир фожиавий ҳолат юз берди. Ватан ва миллатнинг туб манфаатларидан йироқ “аллома”лар амри билан республиканинг барча кутубхоналаридаги Лев Тол-стойу Ғафур Ғулом, Достоевскийу Чеховларнинг томликларига қадар бўлган китоблар ахлатхоналар-га ташланиб, ёқилди. Жаҳон тарихида Хитойда, “Маданий инқилоб” даврида шундай ҳодиса юз берган эди. Бу китобларнинг “гуноҳи” зарварақлари-да “Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети нашриёти” ёки “Ўздавнашр”да чоп этилгани. Ўнгсўзларида партия ёки Ленин деган сўзларнинг борлиги яна бошқа бир баҳонаси лотин алифбосига ўтилгани эмиш.
Бу “аллома”лардан бири “қишлоқлардан келган-лар қайтиб бориб ўз юртларини обод этсин, шаҳарда нима бор уларга” ёки “вилоятларга театрларнинг ни-ма кераги бор?” деган “доҳиёна” гапларини одамлар ҳали-ҳануз хижолат-ла хотирлайдилар. Бу “арбоб”да ўртамиёна бир зиёлининг илму саводи, фикрлашу дунёқараши бўлганида эди, ҳеч бўлмаганда Шайх Саъдийнинг “қишлоқларнинг болалари шаҳарларга ҳоким бўладилар. Шаҳарларнинг йигитлари эса нон топмоқ учун қишлоқларга кетадилар” деган гапини ўқиган ёки эшитган бўлар эди…
Зиёли ва ойдинлардан кимга жиноий иш қўзғаш, кимни қамаш ва кимни тоштурма республикаси-да “фавқулодда ва мухтор элчи” сифатида сақлаш масаласини ҳам шу “аллома”лар ҳал этар эди.
Одатимизга кўра, тупроққа айланган собиқ тирик тупроқлар ҳақида уларнинг яхши томонла-ри айтилиб, хиёнату жиноятлари ҳақида сукут сақ-лайдилар. Бироқ отасўзимиз билан айтганда, ҳар бир воқеа ва ҳодиса, қисмату қадарнинг интиҳоси­да ҳақиқату адолат юзага чиқади. Оқ оқ, қора қора дейилади.
Агар юқоридаги ақидага амал этадиган бўлсак, устоз шайтон ва жаллодлар қаторида дўзахни гуллатиб, ўша ерда ҳам оқсоқоллик қилиб ўтирган Абдугитлер домла ҳақида ҳам сукут сақлашимиз керак. Ўтганларнинг нуқсонлари улардан кейин келган салафлари, кечмишдаги ҳалафлари еган номаъқулнинг нонини емасликлари учун айтилади.
Кечмишда узоқ шарқ давлатларидан бирида шундай қонун бор экан. Шоҳми, гадоми, агар унинг жинояти ўлганидан сўнг ошкор бўлса, даъвогару шоҳидлар иштирокида суд қилиниб, ҳукм этилар экан. Ҳукм эса шу тарзда бўларкан. Фалончи писмадончининг қабри қазилиб, жасади олиб чиқилсин, бир ҳафта ёки бир ой муддатга фалон майдонга осиб қўйилсин!
Абу Аъло ал-Маарий ёзганидек:
Ўлимимдан кейин ёғарми ёмғир,
Қаҳатлик бўларми менга барибир.
Арслон суягими, қўйнинг суяги,
Ичида не ётган, билмайдир қабр.
Олтмишгача орқангга қара, олтмишдан ошган отадан ош сўрама дейдилар. Нафақат олтмишгача, ҳаёт аталмиш илоҳий неъматни англаб етган киши устига тупроқ тортилгунга қадар ортига қараб, тили, қўли ва белига ҳоким бўлиб яшайди.
Кейинги пайтда мамлакатимизда катта-кичик раҳбарларнинг паст бўғиндагиларни уриб-калтак­лаш, сўкиб ҳақоратлашдек ғайриинсоний одат чиқарганликларини, ҳатто бу зўравонликдан сўнг айрим жабрланувчиларнинг вафот этганлигини эшитиб, шом тубимиз қоронғи бўларди. Ахир, биз қай бир давру замонда яшаяпмиз? Ал-қасос ул-мин ал-ҳақ! Киши ким бўлмасин, хато ва камчиликларга йўл қўймоқдан иҳота этилмаган. Ҳеч бир иш қилмаган инсон хато ҳам қилмайди. Бироқ уни жабру зулм, хиёнату жиноят чизиғига етказдингизми, тамом! Қадари қазо, қасосу жазонгизни бекламоқ мажбуриятида қолмоғингиз шубҳасиздир! Қисмат қиличи эртами, кеч бошингизга тушади. Бу қилич­дан ўзингиз ўлиб қутилиб қолишингиз мумкин. Бироқ у авлодларингиз бошида қайралганча тураверади ва даму дақиқаси етганда тушади.
Закий сўз ила ифодалаб бўлмас даражада андиша-ли халқимизда шундай сермаъно ва теран отасўзла-ри борки, ўқиб ва эшитиб туриб, виждону қалбин-гиз зирқирайди. Тулки инига қараб улиса қўтир бўлади. Жондор ини атрофидаги отарга ораламайди. Ёки тулки қуйруғини, аҳмоқ уруғини мақтар…
Ота-боболаримиз, кўзимиз очиқ экан, оёғимиз-нинг орасидан шамол ўтиб турар экан, қандай юриб-турмоқ, ўтириб-қалқмоқ, не ҳадафлар пешида қўшмоқнинг буюк қомусини яратиб кетганлар. Бироқ биз бу бебаҳо йўл-йўриқ, панду насиҳатлар-ни ўқимаймиз. Ўқисак-да англамаймиз ёки амал қилмаймиз.
Тарих – хулоса чиқарилмаган фожиа ва фа-локатларнинг такрорланишидир. Биз, юқорида зикр этилган инсонлар ўзларини маҳв этдилар илм олмасдан, илм олганлар ўзларини маҳв этдилар амал қилмасдан, амал қилганлар ўзларини маҳв этдилар ихлос қилмасдан ҳолатига тушиб яшамоқ хасталиги­га мубтало бўлиб қолганмиз, чамаси.
Энг даҳшатлиси, замонанг тулки бўлса, този бўлиб қув деганларидек, бизнинг “устоз тулки”лар инига қараб эмас, ини ичида туриб улишни одат қилиб, миллат манфаатига зиён етказадилар. Бай-роқни кўтариб орқа-олдига қарамай чопадиган бу “азамат”лар бир парча экмак учун кўзда ёш ила ватанини тарк этиб, ҳижрату ғурбат ризқини териб еганлардан хоинлар, ватан бағрида туриб ҳақми-ноҳақми ўз фикрини айтмоқчи бўлганлардан “эшак ўғриси” ясамоқ бобида устози аъзамга айландилар (Массонлар – энг юксак рутбали доҳийсини шу номда атайдилар).
Ёки 1996 йилда адабиёт ўқув қўлланмалари­дан қатор ёзувчилар ҳақидаги саҳифалар йиртиб ташланди. Ўнлаб йиллар матбуотда номи кўринмай кетган, ўлигу тириги номаълум бўлиб қолган ўнлаб таниқли ижодкорлар юзига бу маънавий террорчи­лар қандай қарар эканлар?
Илгари ҳар бир мактаб, боғча, қишлоқ кенгашла­рида кутубхоналар бўларди. Бўлганда ҳам китоб сони кўп ва ранг-баранг эди. Ҳаммаси дуч келган тараф­га улоқтирилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, унинг Дўрмондаги “Ижод” боғи, Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг “ватанпарвар ва миллатпарвар” раҳбариятининг кутубхоналаридаги бебаҳо асарларни кўчага улоқтирганликларининг ўзиёқ қулоқнинг бошида кимлар турганлигидан далолатдир.
Гулистонда Иброҳим Ғофуров, Носир Муҳаммад ва Мирпўлат Мирзолар билан бир коллежнинг кутубхонасига кирдик. Кутубхонада ўқиш мумкин бўлган ҳеч қандай китоб йўқ. “Вазирликдан келиб ўқиш мумкин бўлган барча эски китобларни олиб кетишди. Ота-оналар ва ўқувчиларга ялиниб-ёл­во­риб китоб тўплаймиз” – дейди кутубхоначи йиғ­ламоқдан бери бўлиб.
Суҳбатларимизда Иосиф Бродский ва Андрей Вознесенский китобларни ёқишдан ҳам мудҳишроқ жиноят бор, бу уларни ўқимасликдир, деган сўзни кўп такрорлар эдилар. Энг даҳшатлиси, китоб ўқишга ўрганмаган одамга олтину зар берсангиз ҳам ўқимас экан. Бир вазир мақомидаги танишим китоб ўқисам юрагим сиқилади деганида рингда нокаутга учраган боксёр ҳолига тушганман. Янада даҳшатлиси, бизда бундай раҳбарларнинг жуда кўплиги ва уларнинг ҳеч қачон ўнгарилмаслиги ҳамда ўзгармасликларидир.
Кейинги юз йиллик мобайнида санъат ва адабиётнинг сиёсатлаштирилувчи, ғоявийлашти-рилувчи, тузум ва партияга хизмат қилиши – бу юксак умуминсоний қадриятларнинг қадрсизлани-шига олиб келди. Оскар Уайльд қайд этган: аввал-лари китобни ёзувчилар ёзишарди ва уни ҳамма ўқирди, ҳозир эса китобни ҳамма ёзади, лекин ҳеч ким ўқимайдиган давр бошланган эди.
Айниқса бизда, сиёсат ва тузумга хизмат қи-лувчи катта ҳажмдаги ва назмий мадҳиясифат битиклар қалаштирилиб ташландики, эндилик-да бу китобларни чоп этиб бўлмайди. Агарда бу битикчилар адабиётни англаганларида эди, ҳеч қачон бу номаъқул ишга қўл урмаган бўлар эдилар. Бироқ адабиётни тушунмаган одамга буни бугун ҳам тушунтириб бўлмайди.
Одатда ёзувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам иккига бўлинади. Биринчиси, адабиётни англаган ёзув-чилар ва ўқувчилар. Иккинчиси, англамаган ёзув­чилар ва ўқувчилардир.
Чумолининг совғаси – чигиртканинг оёғи бўл-ганидек, ҳақу ҳақиқат, адлу адолат шоҳсупасига фақат китоб, илму билим орқали эришилади. Сиз шу умумбашарий эътиқодники таъқибу тазйиққа олиб, фикр айтмоқни қатағон этар экансиз, эрта бир куни мутлақо тафаккур этмайдиган манқурт ва зомби бир оломону қабилага эга бўласиз.
Фикр этинг. Ўзича чухче ғоясини яратган Ким Ир Сеннинг Шимолий Кореяси қандай яшамоқда? Ўз қони билан “Қуръони карим”ни кўчиртириб ёздирган, матбуот Сталиннинг ғайриқонуний ўғли дейишгача бориб етган Саддам Ҳусайннинг тақдири ва халқининг бугунги аҳволи катта-кичик барча яккаҳокиму золимлар учун такрорланмас сабоқдир.
Юзаки, чуқур билимга эга бўлмаган ўқитувчи ўқувчисини ҳам ўзи каби қилиб ўқитади, тар-биялайди. Саёз ва паст шифтли раҳбар ҳам ўзидан-да тобони пастроғу пачоқроқ қодирларни “кашф” этади. Ваҳоланки, ибн Сино қайд этганидек, ча­ласаводликдан бесаводлик афзалдир. Боиси, бир саводсизга кўра ўзини саводли деб билган чаласавод ғоят хавфлидир.
Муносибларга нисбатан номуносибларга керак­ли пайтда эшикни кўрсатиб қўймоқ осон кечади. Бундай қарорни одамлар ҳам олқишлайдилар.
Сиёсат шунақа тирикчилик. Кечмишимизда бир сиёсатчи Наврўз байрамини йўқ қилиб очко иш­лаган бўлса, бошқа бири бу байрамни тиклаб обрў орттирмоқчи бўлди. Зотан, “политика” сўзи поли – юз, тика – кўп, яъни кўп юзлик маъносини англата­ди. Оёғи ердан узилмаган сиёсатчилар эса юздан, балки мингдан биттадир. Зотан, яхши ва одил раҳбарни қўя туринг, инсони сознинг ўзи жаҳонда оз…
Бироқ ҳар қандай шарт-шароит, жамияту тузумда тасодифият дарёсининг оқими билан халқ ва сиёсатнинг зирвасига чиқиб қолган довдир-совдир, телбаю тентаклардан қутулмоқ ва узоқ турмоқнинг иложи йўқ. Боиси, бундай одамлар орамизда оз эмас. Мисол учун онам рус, отам юрист деган Жириновскийни олиб кўринг. Керак бўлса бундай фикрловчи кишилар қатлам-қатлам ва миллионлар­ни ташкил этади. Сиз эса тентакни қочган томонига қараб қувмоқ мажбуриятидасиз. Ҳар бир кишида шизофрения ва великомания аломати бор. Бироқ сиёсатга ўзини урган аксар кишиларда бунинг доза­си анча юксакдир.
Аммо сиз телба ёки телбасифат, тентакфеъл кишига унинг тентаклигини ҳеч қачон исботлай олмайсиз. Бунга ҳаракат қилсангиз Сталиннинг параноик ва шизофрениклиги ҳақидаги маъ-лумотга қўл қўйган академик Боткин каби асфаласофилинга равона бўласиз ёки улар сизни ақлдан озганга чиқарадилар. Буни Достоевский жуда қотириб айтиб қўйган: жиннилигини тан олган жинни эмас.
Бизда буни тентакни тентак десанг, арпа бўйи ўсибди дейдилар.
Зотан, фикрловчи, тафаккур ва тасаввур эт­моқ салоҳиятига соҳиб киши ҳамда халқлар инсониятнинг илғор даҳолари яратган дунёвий қадриятлардан баҳраманд бўлиб, шунга амал қил-ган ҳолда ҳаёт йўлида илгарилайдилар.
Фикрлаш қобилиятидан маҳрум, куни учун кул ташлагувчи қавм ва қабилалар эса оғзига ип ўлчаган катта-кичик ҳукмдорнинг қош-қовоғига қараб яшайди.
Файласуф қайд этганидек, инсон фаришта ҳам эмас, ҳайвон ҳам. Унинг бахтсизлиги шундаки, у қанчалик фариштага ўхшашга ҳаракат қилса, шунчалик кўп ҳайвонга айланади.
Дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин кимдир ҳокимият тепасига келдими, шуни унутмаслиги керакки, шоҳу гадо, ўғрию тўғри, художўю атеист жамоаларининг подшосидир. Буларнинг ҳаммаси у раҳнамо бўлган жамиятнинг аъзоларидир. Буни англаган Ражаб Тойиб Эрдўғон “азон айтган му­аззиннинг ёқасидан олмоқ не қадар янглиш бўл­са, намоз ўқимаган кишига иддао этиб, айирмачилик кўзи билан қарамоқ ҳам шу қадар нотўғридир” дея эътироф этади.
Бағрикенг, дарёдан сув бағишлаган ҳукмдор бўлмаган кишининг қалбига миллатни қўя туринг, бора-бора яқинлари ҳам, ўзи ҳам сиғмай қолади.
Ёхуд…
Равон йўл терс тушарса,
Сўқмоққа қолар кунинг.
Яхши сўз қаҳат эрса,
Сўкмоққа қолар кунинг.
 
Фосиқнинг қалби фужур,
Суқмоққа қолар кунинг.
Ташвишдан чиқмас бошинг,
Тўқмоққа қолар кунинг.
 
Кўнгил инсонисан, ёш
Тўкмоққа қолар кунинг.
Номардлар ўнгида тиз,
Чўкмоққа қолар кунинг.
 
Фақат ўзига кўзни
Тикмоққа қолар кунинг.
Аҳли зако ер элда,
Аҳмоққа қолар кунинг.
 
Дуолар тошни тешиб,
Йиқмоққа қолар кунинг.
Алал қаро тупроққа
Тиқмоққа қолар кунинг.
 
Аҳли зако ер элда
Аҳмоққа қолар кунинг.
Leave a Reply
*