Menu
Categories
УЙҒУР ХАЛҚИГА ТАЪЗИЯ ——(Абдураҳим Ҳайит вафоти)
02/10/2019 Бош мақола

ТУРКДОШ УЙҒУРЛАРГА ТАЪЗИЯ
(севимли қўшиқчим АБДУРЕҲИМ ҲЕЙИТ хитой конслагерида ўлдирилди)

— Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди.

Абдулла ҚОДИРИЙ “ЎТКАН КУНЛАР” романидан

***
Мен қўшиқ айтмадим,
Фақат йиғладим –
Дарахтлар ҳолига, қушлар ҳолига.
Осмондан юксакда кенгликлар бор деб
ишонтирмоқ бўлдим одам зотига,
Чўкиб бораверди улар чуқурроқ
сарғариб улгурган умид ғорига.
Халқим қулоғига азон ўқидим:
Уйғону
бошингни баландор кўтар!
Лочин овозимни
пистирмалардан
нафасин чиқармай отиб олдилар.
Созимни чангаллаб ерга қуладим,
Томоғим йиртилган,
Қанотим мажруҳ.
Бўм-бўш жасадимни кетдилар судраб –
Юксакда чирқираб қолаверди руҳ.
Ахир билмасдилар
мунгли янграшин,
Озодликда юрган йўқсилдан кўра
зиндонга ташланган ҳофиз ноласи…

Эй шамол,
Айрилдинг битта куйчингдан,
Миллатнинг қалбига азон айтгувчи
жобир Чўлпонингдан,
бобир Тўйчингдан.

“Ўзимни босолмам,
Бўзим бўғзимда,
Жаҳолат айт, қачон узоқ кун кўрган?
Туркистон шундайин серпушт тупроқки –
Йўқотганин қабри совимай туриб,
Бўлажак ботирин туғиб улгурган!”

Мен қўшиқ айтмадим,
Фақат йиғладим…
9.02.2019

ЖОНТЕМИР

Image may contain: 1 person, closeup
Image may contain: 1 person
  • “Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан 
Leave a Reply
*