Menu
Categories
Анвар Шукуров: Юксак дидли ўзбек ҳуқуқшуноси! (Эркин Халилов ҳақида сўз)
02/10/2019 Бош мақола

  Юксак дидли ўзбек ҳуқуқшуноси!

Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқшунос сифатида фаолият олиб бораётганимга шукрким ўттиз икки йил бўляпти.
Талабалик давримизда ҳуқуқий адабиётлар асосан рус тилида эди. Шунинг учун рус тилини ўрганишга мажбур эдик ва рус ҳуқуқшунослиги бизга ибрат эди.
Совет ҳуқуқшунослиги роман-герман мамлакатлари ҳуқуқий пойдеворига қурилган эди. Нега роман-герман? СССР Германияни урушда енгди.
Фронтдан қайтаётган жангчилар Германияда қўлларига илашган ҳамма нарсани кўтариб қайтдилар. Зингер тикув машиналари, Дизель моторлари, кир ювгич, музлатгич, турли-туман маиший техника воситалари ўғирлик ёки талончилик эмас, «ғолибларники!!!».
Худди шу тахлитда уларнинг ҳуқуқий адабиётлари ҳам. Мустақилликдан сўнг ўзбек ҳуқуқшунослари янги йўналиш англо-саксон ҳуқуқшунослиги асослари билан таниша бошладилар. Ҳуқуқшунос олимларимиз солиштириб кўришди. Англо-саксон мамлакатлари ҳуқуқшунослиги роман-герман ҳуқуқий мактабидан устун!
Барча ҳуқуқий нормалар янгича йўналиш бўйича амалиётга киритила бошлади. Олди орқасига қарамасдан қонунларни ва ундаги нормаларни кўчириб, амалиётга тадбиқ эта бошладик. Бу худди ўзига таниш бўлмаган бировнинг мотоциклини уйга келтириб, ҳайдашни билмаслик каби ҳолат эди. Чет элликлар қонунларимизни ўқиб, қойил қолишади. Аммо, амалиётда қандай муаммога дуч келаётганимизни шахсан ўзингиз иштирок этсангизгина билинади.
Йиллар кетидан йиллар ўтди. Оққа, қорага дуч келдим. Яхшиниям, ёмонниям кўрдим, адолатниям, зулмниям гувоҳи бўлдим. Қайси қонун ёки ҳуқуқий норма нима натижа беришини чамалашни ўргандим. АҚШдаги полиция Маҳкамаси, Суд ва Ижро тизими иши қандай йўлга қўйилганлиги билан танишдим. Интернетда ўқияпман, кинофильмларида кўряпман. Инсон қадри, унинг эркинлиги, ҳақиқатни баралла айтиши қаерда юқори ривожланган бўлса ўша мамлакат фуқаролари бой-бадавлат, эркин ва озод эканлар. Сиёсий эркинликларнинг ифодаси иқтисодий траққиёт гаровидир.
Ҳозирги пайт Европадаги барча ривожланган мамлакатларда давлат бошқарувини бир киши авторитар тарзда бошқарув йўқ. Сталинизмдан бошланган бу одат, мустақилликдан кейин ҳам бизда ўрнашиб қолди. Европада бўлган Гитлер, Муссолини, Франко режимларига тезда чек қўйилди ва улардаги ҳуқуқий пойдеворнинг ҳар томонлама пухта ва кенг қамровли қўйилиши оқибатида тараққиётнинг юқори босқичига эришилди.
Авторитаризмда бир кишининг кайфияти билан боғлиқ тўғри ва нотўғри фикрлар дарҳол қонунлаштириб қўйилади, кейин эса унинг азобини бутун халқ чекади. Америкада Президентнинг ҳар бир гапи қонунлаштирилавермайди. У ерда ҳуқуқшунослардан иборат жуда кучли Конгресс бор, Италияда Сенат, Англияда Лордлар палатаси, Францияда Парламент, Германияда Бундестаг.
Ўзини ривожланган давлатлар қаторида кўраётган Россияда Давлат думасида ҳам ҳар бир қонун лойиҳаси турли-туман йўналишлар орқали таҳлил қилиниб, эркин баҳс-мунозаралар орқали қабул қилинмоқда.
Бизнинг менталитетимизда Давлат Бошлиғини, Ҳукуматни танқид қилиш нарёғда турсин, улар ҳақида шубҳа, гумон қилиш кўникмаси ҳам шакллантирилмаган. Нафақат давлат бошлиғи ва вазирлар, балки бирон бир мансабдорни танқид қилиш, сатирага олиш, фелъетон қилишга ўтган йилига қадар рухсат йўқ эди.
Ёзувчи ва режессерларимизнинг бирон-бир асари йўқ-ки унда тергов, милиция, прокуратура, суд органлари ходимлари устидан кулинган, уларнинг хато ва камчиликлари фош қилинган бўлса.
Хўш европадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари нега қонунларни бузишдан қўрқадиган бўлиб қолишди? Уларга буни ким мажбурлади?
Англо-саксон мамлакатлари ҳуқуқий тизимидаги нормалар билан танишганим ҳамон улардаги жуда кўп нормалар Илоҳий Китоблардан олинганига амин бўлдим. Мисол учун банкротлик тамойилини олайлик. Корхона, ташкилот ёки оддий фуқаро ўзини ўзи банкрот деб эътироф этади. Бу иш судда кўриб чиқилади ва қарздорнинг барча қарзларидан воз кечилади.
Шундай ҳолатлар Таврот, Забур, Инжилдаям бўлиши керак. Аммо, бу Қуръондаям бор. Яъни берган қарзингиз тўланиши учун сабр қиласиз, агар кредитор бўлай олмаса, қарзингиздан воз кечсангиз энг мақбули шу ҳисобланади. Аллоҳ эса қилган сарф харажатларингизни бошқа тарафдан тўлдиради.
Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг хушмуомалалиги, сабрлилиги, фақат қонунга бўйсунишлари, кўча-куйда камтар бўлишлари учун адабиётнинг ҳам роли катта.
Сиз француз, инглиз киноижодкорларининг полиция маҳкамаси, полициячилар устидан кулиши орқали ишлаган бадиий фильм, комедиялар уларнинг таркибида ижобий қаҳрамонлар, соҳанинг инсофли, диёнатли, адолатли кишиларини шакллантирмади деб ўйлайсизми?
Сатира, фелъетон, танқидлар ўз мевасини бериб ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходимларини аввало адолатли бўлишга чақирди бу асарлар. Ҳа, улар ҳам қачонлардир полицайларни танқид қилишмасди. Аста секинлик билан бу ишлар амалга ошди.
Хусусан бундан юз йиллар олдин Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмси ёнида юрган «салласи деса, калласини келтирадиган» полицай Лейстрейди (совет киноижодкорлари талқинида бу қаҳрамон ролини Бронислав Брондуков қойилмақом қилиб ўйнаган)ини ёдга олинг.
Француз киноижодкорларининг Фантомас сериалидаги довдир комиссар Жюни эсланг, Пеър Ришар иштирокидаги комедиялар, айниқса унинг «Қора ботинкадаги новча малласоч» фильмидаги содда скрипкачи ролини эсга олинг. Мана сизга махфий хизматлар ҳар қандай оддий фуқарони хоҳлаган куйига солиши мумкинлигига мисол!
Англия махфий Хавфсизлик хизмати разведкачиси Мистер Бин ҳақидаги фильмлар орқали ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг онги вақти-вақти билан тозалаб турилди.
Французларнинг «Такси» сериали ҳам ҳуқуқ тартибот соҳаси ҳақида, бу сериал Франция полицияси ва ДАНда ишлаётган ходимларнинг «попугини пасайтириб қўйишга» хизмат қилди.
«Такси» сериалидан бир эпизодни ёдга соламан. Бу эпизодда мамлакатга пул олиб кираётган инвесторларга қандай муносабат қилиниши кераклиги ҳақида ибрат бор.
Германиянинг «Мерседес» автомашинасида ўғирлик ва қароқчиликда гумонланаётганлар француз полиция пункти олдида полиция Бошлиғи томонидан тўхтатилади. Жиддий савол-жавоб, тинтувлар бошланаётганда немис ўғрилари эса француз полиция бошлиғига шундай дейди: «жаноб! бизнинг ёнимизда бир неча минг немис маркаси бор, бу пулларни сарфлаш учун Францияга келувдик, бизни ўтказиб юборасизми ёки пулимизни бошқа мамлакатда сарфлайликми?»
(диалогдаги сўзлар сақланмаган ҳолда мазмун моҳияти қолинди),-дейди.
Шунда полиция раҳбари айби ҳали исботланмаган чет эллик потенциал инвесторни ҳеч бир асоссиз ушлаб турганлиги боисидан қўйиб юборади. Ахир инвестор мамлакатда пул келтиряпти, демак полиция маош оляпти! Барча ривожланган мамлакатларда бюджетга солиқ тўлаётган тадбиркорларни барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари бошга кўтарадилар. Фақатгина факт устида қўлга тушган ёвузларига нисбатан жиддий кураш олиб борадилар.
Бизда бундай фильмлар ишланишига анча вақт бор. Лекин, аста-секинлик билан маданият ва санъат орқали жамиятимиздаги иллатларни тозалаш, тарбиялаш ишларни йўлга қўйишимиз мумкин. Шунда ўз фикрини эркин баён этаётган, ўз ҳақиқати (нотиқнинг айтаётган ҳақиқати нисбий тушунча эканлиги)ни гапираётган ҳар қандай одамнинг ҳуқуқи Конституциямизда кафолатлангилиги ҳақидаги норма фоқатгина қоғозда эмас, балки амалда эканлигини бошқаларга кўрсата олишимиз мумкин.
Лекин мавжуд вазият қай аҳволда? Шу ҳақда гапирайлик.
Бутун умри давомида адолат тарозисини тўғри ушлаган ўзим жуда билган устоз ҳуқуқшунослар, ҳуқуқшунос тенгқурларни Олий Мажлис Сенатида, Қонунчилик палатасида, Адлия Вазирлиги тизимида ишлашларини жуда истаган бўлардим.
Убайдулла Мингбоев, Мурод Каримович Азимов, Мирзо Улуғбек Абдусаломов, Эркин Халилов, Ахтам Турсунов, Зиёдулла Убайдуллаев, Мавжуда Абдуллаевна Ражабова, Фозилжон Отахонов, Ўткир Баҳриев, Собир Жабборов, Фахриддин Ражабов, Фахриддин Эсонов, Абдуманноб Рахимов, Бахтиёр Розиқов, Баҳриддин Норхўжаев, Илҳом Насриев.
Бу ҳуқуқшунослар мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида кўп йиллик фаолиятларидан ташқари ўз фикр ҳамда мулоҳазаларини ҳар қандай юксак минбардан туриб айта олишларини биламан. Уларнинг фикр-мулоҳазалари давлатимиз, жамиятимиз, фуқароларимиз учун жуда фойдали бўлади деб ўйлайман. Менимча кейинги сайловларда ушбу кадрлар эсдан чиқмаслиги керак.
Бевосита юқори мансабларда ишлаётган Нурдинжон Исмоилов, Абдил Тўхташев каби ҳуқуқшуносларнинг ҳар қандай танқидни кўтара олишини, хато ва камчиликларини айтсангиз ва уни тузатишга ёрдам берсангиз, сиздан миннатдор бўлишини ҳам биламан.
Охирги пайтларда Республика Олий Суди, Бош Прокурори шахсан ўзлари вилоятларда юриб, ариза ва шикоятчиларни қабул қилиши, суд тизими хато ва камчиликларни бартараф этишда кўрсатаётган қатъий позицияси туфайли кўпдан-кўп жабрдийдалар, зулм қурбонларининг озод этилишини ижобий баҳолаш лозим.
Ҳаммамиз билиб турибмиз бу ишларнинг раҳбарлигини бевосита Президентимиз ўз зиммаларига олиб, адолатни тиклаш учун тинмай ҳаракат қиляптилар.
Энди мақоланинг асосий қисмига ўтсак.
Мен сизларга жуда кўп йиллар Ўзбекистон Олий Мажлисида фаолият юритган жуда кўп ҳуқуқшуносларга устозлик қилган, ўзининг ҳуқуқий илми билан дунёнинг ҳар қандай ҳуқуқшуноси билан бемалол тенгма-тенг гаплаша оладиган, юксак маданияти, билими, салоҳияти, танқидга чидамлилиги, мансабга бефарқлиги, юксак одамийлик фазилати билан бошқаларга ибрат кўрсатган бир ҳуқуқшунос устозим ҳақида гапирмоқчи эдим.
Бу киши Эркин Ҳамдамович Халилов.
Эркин Ҳамдамович Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бўлиб ишлаган 2005-2008 йилларда Ўзбекистондаги энг демократик даргоҳ мана шу ерда эди десам адашмайман. Бу ҳақда ўша пайтда Қонунчилик палатаси депутатлари ялпи йиғилишидаям айтганман.
Икки палатали Парламентни ташкил этиш Ислом Каримовнинг жуда катта ижобий ғояси эди. Кўп марта ўзи такрорлаганидек Англияда, Францияда, АҚШда давлат раҳбари алмашади, аммо, иқтисод ўзгармайди, ҳамма боёт-шояд, тинч-тотув яшайверади.
Худди шу мақсадда иқтисодчи, молиячилар, ҳуқуқшунослар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, мустаҳкам иқтисодий қонунларни яратиш мақсадида Икки палатали Парламент тузилди. Депутат Игорь Коренев эътироф этганидек (албатта, унинг гапи ҳам нисбий) 2005-2010 йилги Парламент Ўзбекистон ҳудудида ўз касбининг энг истеъдодли вакилларини Қонунчилик палатасига олиб келди.
Қонунчилик Палатасининг 2005 йил 27 январдаги йиғилишида Президент Ислом Каримов депутатларга қарата, деярли бундай деди:
–Сизлар учун вақтнинг чегараси йўқ. Хоҳлаган гапларингни гапиринглар. Хато, нотўғри гаплар бўлсаям майли. Чунки, баъзида нотўғри фикрдан тўғри фикр суғуриб олинади.
Президент Ислом Каримовнинг бу гапларига юз фоиз ишонган депутатлар ҳам бўлди, унинг бу гаплари фальш эканлигини билган депутатлар ҳам бўлди.
Шахсан мен ҳаётимда бировларга ишониб жуда кўп бора бошим қаттиқ-қаттиқ деворларга урилган. Қуръон ўқий бошлаганимдан кейин, бирон-бир одамдан ёрдам кутиш нотўғрилигини англаб етдим. Лекин, эзгулик, яхшилик йўлида кураш Аллоҳга манзурлигини ва Аллоҳ яхшиликни ҳеч қачон мукофотсиз қолдирмаслигини билганим туфайли, рост гап, адолатли қарор учун курашиш ниятимдан қайтмаганман.
Бундай фикрловчи депутатлар ўша пайтда кўп эди. Менга ўхшаган депутатлар учун Президент Ислом Каримовнинг бу гаплари ўз нуқтаи-назаримизни баён этиш йўлида олиб бораётган бир Байроқ вазифаси ўтарди холос.
Бизнинг адолат ва рост гап учун талашиб-тортишаётган гапларимизни бошқариш Спикерга қийин эди. Чунки, Эркин Халилов адашмасам 1990 йилдан буён Олий Мажлисда ишлар ва жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлганди.
Ислом Каримовнинг айтган гаплари самимий бўлмаганлиги, кейинчалик, унинг амалида билинди. Натижада ҳақиқатни гапирувчи, иймон эътиқодли депутатлар кейинги муддатга кўрсатилмади.
Шахсан ўзим 2005-2010 йиллардаги депутатлик фаолиятим давомида қонунларни мукаммаллаштириш йўлида бошқалар билан талашиб-тортишганим, баъзида битта модда устида икки-уч кунлаб аргументлар билан ўз дунёқарашимни ўтказганим ва бундан хурсанд бўлиб қониққанимни эсга олиб, ўтган фаолиятимга ачинмайман. Ўша пайтда телевидение орқали ҳам кўп интервью берардим. Ҳозиргача, кўча куйда менга нотаниш кишилар ўша интервьюларимни эслашади.
Мана орадан ўн икки йил ўтди. Сочимдаги оқлар кўпайди. Набирали бўлдим. Ҳозирги кун нуқтаи-назаридан қараганда, юқорида айтганим каби ўша пайтда энг катта масъулият ва қийин иш Қонунчилик палатаси Спикери Эркин Халилов зиммасида бўлган экан. Лекин, Эркин Халилов ҳам орқага қайтгани йўқ. Қонунларимиз мукаммал бўлиши учун турли-туман фикрларни ўзининг юксак маданияти, сезгир табиати, ўзбек халқига фидойилиги билан тинглади, қабул қилди, рад этди ва ажойиб киши сифатида эсда қолди.
Ялпи йиғилишнинг иккинчи кунги мажлисида мен, кун тартибидаги қандай қонунлар қабул қилиш кераклиги ҳақидаги масалада «Мақтовни чеклаш ҳақида Қонун» қабул қилиш керак деб таклиф киритдим(бу Қонун эмас, бу фикрга қанча маддоҳ эрта бир куни қарши туришини тасаввур қила оласизми?). Бу менинг сайловчилар олдидаги ваъдам бўлиб, сайловолди учрашувларда бу бошқача шакл «Ёлғонга қарши курашиш»да айтилган эди.
Эркин Ҳамдамович, менинг бу таклифимни эшитмаганга олиб, бошқа депутатларга микрофонни улаб юборди. Аммо, ялпи йиғилиш тугаб, барча журналистлар ва меҳмонлар кузатиб қўйилгач, менга шама қилиниб, роса гапиргандилар. Лекин бирон марта менинг исм шарифим айтилмади. Гап нимадалгини кўпчилик яхши тушунганди.
Кейинроқ Илҳом Насриев Президентнинг фалон Фармони Қонунларимизга зид деворди, депутат З.Убайдуллаев бир тадбиркорнинг ёнини олиб рус тилида катта мақола эълон қилиб юборди.
Мана шундай воқеалар «қулоқ»лар учун ажойиб масаллиқ эди-да ўзиям. Аммо, Эркин ака бу депутатларнинг озорланишига қарши турди.
Эркин ака 1955 йилда туғилган бўлса-да 1976 йилда туғилган, ўзидан 21 ёш кичик депутатга сўз бераётганда ёки унинг фикрини қўллаётганда «Фалончи акам» тўғри айтаяпдилар дерди. У кишининг яна бир фазилати депутатларни ижодий ишлашга рағбатлантирар эдилар. У киши, қонун нормалари учун талашиб-тортишадиган фаол депутатларни ҳурмат қилардилар.
Қонунлар борасида иккимиз ўртамизда қаттиқ тортишувлар бўларди. Шундай вазиятлар бўларди-ки, телекамера менга қараб турган пайтда, палатадаги тортишув муҳрланиб «ТЕПА»дагиларга етиб бормаслиги учун техник ходимлар менинг микрофонимни ўчириб қўйишарди. Бу масала Регламентда ҳам бор эди. Яъни, айни депутат бир масалада икки мартадан ортиқ гапириши мумкин эмасди.
Мен эса ўз фикрим, ўз ҳақлигимни исботлашдан қайтмасдим. Чунки, иқтисодий ҳуқуқшунослик соҳасида палатадаги кўпчилик назариётчи ҳуқуқшунослардан фарқли ўлароқ мен амалиётчи ҳуқуқшунос эдим. Ахир ўн йил Хўжалик судида судья бўлиб 5000 га яқин, балким унданда кўп иқтисодий низоларни кўрганман. Хўжалик судига келишдан аввал ҳам савдо, саноат, тадбиркорлик соҳасида ҳуқуқшунос сифатида фаолият олиб борганман.
Шунинг учун ҳар қандай иқтисодиётга оид ҳуқуқий норма муҳокама қилинаётганда унинг амалиётда қандай самара бериши мумкинлиги, менинг кўз ўнгимда дарҳол намоён бўларди. Шу сабабдан ўз позициямни ёқлаб турли туман далилларни келтираверардим.
Битта мисолни келтириб ўтай.
Банклар орқали микрокредит бериш ҳақидаги моддадаги муддатга аниқлик киритиш бўйича икки кун тортишганмиз. Мисол учун мен «мижоз томонидан кредит олиш учун берилган аризадан кейин банк кредит ажратиши ёки ажратмаслиги ҳақида хулоса бериш кунини аниқ ёзиш» тарафида бўлганман.
Маккор банкирлар эса бу муддатни кўрсатишни исташмаганди. «Хусусий уй жой мулкдорлари ширкатлари ҳақида», «Ипотека тўғрисида», Кўчмас мулк тўғрисида ва бошқа қонун нормаларидаги бизнинг тортишувларимиз кескин бўларди. Палатада ўтирган киши бизна нақ душман деб ўйларди.
Бироқ мажлислар орасидаги танаффусда шундоқ ташқарида кўришиб қолсак Эркин Ҳамдамовичнинг ўзи биринчи бўлиб саломга қўл узатардилар. У кишининг бундай муомаласидан мен уялиб, бундан кейин «у киши билан тортишмасамми» деган ўйга борардим.
Аммо, менинг тинч ўтиришимга Эркин ака қўймасдилар. Юқорида айтганимдек, у киши биздан ижодий ёндашувни талаб қилардилар. Бир марта қонун лойиҳаси муҳокамасига аралашмай, бошқа иш билан банд бўлиб ўтирганимда Эркин ака худди буни кўрганларидай «мана бу масалада Парламентнинг судьяси гапирсин» деб юборсалар бўладими? Кейин билсам бу ном билан менинг фамилиям тилга олиняпти.
Палатанинг судьяси!!! Яхшиямки, сўзга ёзилганлар кўп экан. Масала моҳиятини англагач икки оғиз фикр билдиришга имкон топдим.
Мен ўзим билан Эркин Ҳамдамович ўртасида бўлиб ўтган воқеаларни эслаяпман холос. Қонунчилик палатасида 120 депутат бор эди. Уларнинг ҳеч бўлмаганда 30-40 таси ўз фикрини ўтказиш учун тиришарди. Ана шундай вазиятларда ўз обрўийни сақлаш, ҳар кимнинг кўнглига қараб гапириш ва ниҳоят профессионал тарзда мақбул қонун қабул қилиш учун ҳар ўнта қўмитанинг Лойиҳаларини ўрганиш, э-ҳе буларнинг ўзи бўладими? Барча ҳолатларда Эркин аканинг оғизларидан «ака» ёки «опа» сўзи тушмасди. Депутатлар ҳам ахийри Эркин Ҳамдомовичнинг бу гапларни самимий, дилдан изҳор этаётганини ҳис қилдилар ва ҳамма депутат бир-бирига нисбатан Эркин Ҳамдамович ибратидек муомала қиладиган бўлди.
Натижа эса кўп куттирмади. Бир икки йилдан сўнг, қўшни қардош республикалар баъзи қонунларни биздан кўчириб олишаётганликлари маълум бўлди. Бу жуда катта эътироф эди. Мана сизга ижодий иш қандай бўлади! Ишласангиз шундай, Эркин Ҳамдамовичдай жамоада ижодий муҳит яратиб ишланг!
Ишламайман десангиз Қонун лойиҳаларини муҳокама қилмасдан ўтказдириб юбораверинг. Жабрини бир неча йил ўтгач халқ тортади. Сизга нима?
Хуллас, нимадир гап-сўзлар бўлди. Эркин Ҳамдамович эрталабки мажлисда ўз ихтиёрлари билан мансабини топшираётганликларини баён этиб, у кишининг ишдан бўшатиш ҳақидаги аризаларини қаноатлантиришни сўрадилар.
Кўпчилик овоз билан ариза қаноатлантирилди.
Тушдан кейинги мажлис 15-00 да эди. Кўпчилик қатори менинг ҳам кайфиятим йўқ эди. Ҳаммамиз Эркин ака бирон ҳафта дам олсалар керак деган ўйда йиғилишга кирдик. Не кўз билан кўрайликки шунча йил Олий Мажлисга раҳбарлик қилган киши, оддий депутат сифатида умумий залда ўтирибди!!!
Эркин Ҳамдамовичнинг мана бу камтарлиги менинг у кишига нисбатан ҳурматимни янада оширди.
Хуллас ҳозирги пайтда, айниқса, тез-тез қабул қилинаётган қонунларимизда чалкашликлар юз бераётган бир пайт (бу табиий жараён)да, жуда катта ижобий ўзгаришлар бўлаётган, Маъмурий, Иқтисодий, Фуқаролик, Жиноят Кодексларидаги нормаларни амалиётга жорий қилишда, тўғри йўлни тезда топиш масаласида устоз Эркин Ҳамдамовичнинг ўрни билиняпти.
Мен ўйлайманки, Эркин Ҳамдамовични, Президентимиз Шавкат Миромонович мендан-да яхши биладилар ва яқин орада ўз ёнларига чақириб, Қонун ижодкорлиги билан шуғулланишларига имкон яратиб берадилар.
Ана ўшанда ислоҳотларимизни амалга ошириш жараёни янги куч билан янада жадаллашади деб ўйлайман.
Анвар Шукуров,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус,
Тошкент шаҳри
Суратда: Эркин Халилов (чапдан тўртинчи) Ўзбекистон Олий раҳбарияти Қирғизистон Президенти Асқар Акаев билан бўлган музокаралар пайтида…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Published by Dunyo O’zbeklariNovember 3, 2017
Leave a Reply
*