Menu
Categories
Хуфия идора бош саркардаси Иноятовга марҳумлардан мактуб…
02/11/2019 Муҳаррир минбари
Иноятов бугун 14 январь куни
Хуфия идора бош саркардасига марҳумлардан мактуб
Бисмиллахир рохманиир-рохиим.
وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ
яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).
Ушбу нома ҳижрий 1438 йил, шаввол ойининг 23 санасида битилди. Мактубга минглаб қабрсиз кўмилганлар ўз ҳохиш-иродаси ила табаррук бармоқларини босган. Шул боис ушбу номани минглаб марҳумлар номидан қабул қилғайсизлар.
Биз марҳумлар ушбу номани оний дунёда ўргимчак тўридан муносиб ўрин олган “Дунё ўзбеклари” нашри учун атайин йўлладик. Сизларнинг нафас олаётган оний дунёингизда марҳум деб аталмиш бизлар бу абадий дунёда савол-жаоб остонасида бош эгиб турибмиз. Яқинда сиз тарафингиздан биз тарафга истар-истамас рихлат қилган Абдуғани ўғли Ислом ҳам бизнинг сафимизга келиб қўшилди. Сиз тарафларда уни шоҳ деб аташган. Шул боисдан унинг олдида барча фуқарою мулозимлар бош эгишган. Ҳаттоки, минглаб лаганбардорлар уни худо даражасида ҳам кўришди. Унга атаб ашъорлар битишди. Бу эса яратганга маъқул келмади. Аммо биз тарафларда ундай эрмас. Аксинча шоху-гадо бирдай. Оний дунёда оддий фақир фуқаро қилган иши учун жавоб беради. Локин, шоҳлар қилмаган иши учун ҳам жавоб берар эркан. Яъниким оний дунёда миллионлаб инсонлар тақдирини қўлга олиб улар учун ҳеч бир иш қилмасдан умрини ўтказиш ҳам бу катта гуноҳдир. Миллионлаб тирик жонлар тақдири бир шохнинг қўлига топширилган экан. Ҳар бир инсоннинг тақдирини ўзиниг тақдири билан чамбарчас боғлаши лозим эди. Аммо бу шох ўзининг ҳаётини ўйлади. Ўзининг тирик жони учун юз минглаб инсонларни қалқон қилиб заҳмат чектирди. Миллионлаб фуқаросининг тақдирини эса ўзининг мулозимларига топшириб қўйди. Яъни Хуфия идоранинг қўлига қўш-қўллаб топширди. Ўзи эса оний дунёда умиргузаронлик қилди. Бугун эса шу ишлари учун ҳисоб бермоқда.  У ҳам мулозимларининг олдида алданганини англаб етди. Аммом кеч. Жуда кеч.
Рустам Расул ўғли сизнинг Хуфия идорангизнинг тагидаги зиндонда яъниким ер қаридаги зимистонда бизнинг табаррук жасадларимиз қолиб кетган. Ундан фақат устихонлар қолган. Бундан сиз бохабарсиз.
Яна қанчадан-қанча бечораларнинг мавжуд жисму-жонлари Ўрусия ўрмонларида қолган. Бу қилмишларга ҳам айнан сиз жавобгарлигингизни биз марҳумлар биламиз. Гарчи тириклар билмасада.
Яшаш учун курашда сиз ғолибсиз. Бу ғалабалар муборак. Аммо сизга биз марҳумларнинг бир илтижоси бор. Зиндонларингизда қолган табаррук жисмимизни қавми-қариндошларимизга қайтаринг. Бизнинг ҳам ортимизда қолиб номимизга дуою-фотиҳалар қилиш учун ўз қабримиз бўлишини истаймиз. Ҳаттоки, қирғин барот урушларда ҳам ўзга юртларда ҳалок бўлганларнинг ўз қабрлари мавжуд. Биз ўз юртимизда тинчгина замонда ўлим топсакда аммо қабрсизмиз. Биз марҳумларни шу бир қаричгина қаро ердан ҳам мосуво этдингиз. Бизда на қабр бор, на руҳимизда ором бор. Нега бундай бўлди? Бизнинг гуноҳимиз шунчалик оғирмиди, қабрсиз ўлим топсак. Сиз ўз тарозингизда бизнинг гуноҳимизни ўлчаяпсиз. Яқин кунларда сизнинг ҳам гуноҳларингиз ҳақиқий адолат тарозисида тортилажак, иншооллоҳ. Аммо сизга узоқ умр тилаб қоламиз.
Ўзбекистон Хуфия идорасининг бош саркардаси Рустам ўғли Расулга минглаб қабрсиз ўлим топганлардан.
23-Шаввол
1438 йил
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
Leave a Reply
*