Menu
Categories
Исмат Хушев: Хавфсизлик тизимидаги шантаж ёки ДХХ раҳбарларига қарши саботаж -2
02/12/2019 Демократия сабоқлари
Исмат Хушев:
Хавфсизлик тизимидаги шантаж ва саботаж
ёки
ДХХ раҳбарлари нега обрўсизлантирилмоқда?
Бу ишлар ортида кимлар турибди?
Image result for ДХХ раиси ва Бош прокурор
ИККИНЧИ МАҚОЛА
1.
Ўтган ҳафта “Дунё ўзбеклари”да эълон қилган биринчи мақолада  Президент командаси аъзолари бўлмиш ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва прокуратура тизими ҳамда хавфсизлик идораси раҳбарларига қарши бошланган кенг миқёсдаги компроматлар ҳужуми ҳақида хабар берган эдик.
Хусусан, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва Бош прокурор Отабек Муродов томонидан мамлакатда олиб борилаётган тозаланиш ва янгиланиш сиёсати – тиззасида иллати бор, қўли ва йўли нопок кимсаларнинг оёғини қалтиратиб қўйди.
Улар бирлашиб, ҳибсдаги собиқ ҳамтовоқлари Рашитжон Қодиров орқали Бош прокурор ва ДХХ раисига тўҳмат ва маломат ёғдириб, ўзларича улардан ўч олишга киришдилар.
Лекин халқимизда: “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган яхши ва маъноли бир гап бор…
2.
Ана шундай бир вазиятда биз масалага бир оз ойдинлик киритишга қарор қилдик.
Чунки, “Дунё ўзбеклари”га келаётган сон саноқсиз хат ва мурожаатларда ўқувчи ва мухлисларимиз биздан хориж матбуотида эълон қилинаётган бу каби турли туман мақолаларга муносабат билдиришни илтимос қилганлар.
Хусусан, АҚШдан Дилноза Ҳамроева, Нуриддин Бердиев, Содиқ Шералиев, Япониядан Абдусамад Сирожиддинов, Москвадан Гули Солиева, Салим Бердиёров, Музаффар Тошалиев, Кубадан Шерали Саидов, Сурхондарёдан Санжар Бегалиев, Германиядан Дилшод Самандаров, Ганновер шаҳридан Зумрад Самиева, Россиянинг Красноярс шаҳридан Тохир Шерматов, Арманистондан Шодиёр Мирзаев, Литвадан Нигина Сокин, Араб Амирлигидан Дилором Нуралиева, Тошкент вилоятнинг Оҳангаронидан Абубакр Худойқулов, Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Шаҳрисабздан Шокир Самадов, Швециядан Башорат Эшова, Тошкентдан Аброр Мавлонов, Америка Қўшма Штатларидан профессор Собир Тўлаганов, дипломат Тошпўлат Йўлдошев ва бошқа ўнлаб мухлисларимиз шулар жумласидандир…
3.
Энг аввало ўқувчиларимиз Бош прокурор ва ДХХ раиси ҳақидаги янги айбномаларга муносабат сўрашган. Буни аслида уларнинг матбуот котиблари қилиши керак. Биз эса кимнингдир матбуот котиби эмасмиз.
Лекин ўз қараш ва фаразларимиздан келиб чиқиб, баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Энг аввало шуни айтишимиз керакки, Бош прокурор Отабек Муродов ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг кўрсатмаси билан ишлайди ва фаолият юритади, ўзи мустақил эмас деган гап сўзларда мутлақо асос йўқ. У ДХХ раисини ҳалол ва адолатли инсон сифатида ҳурмат қилади ва қадрлайди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
Ўзбекистоннинг бугунги Бош прокурори ёш бўлса ҳам тажрибали, кўпни кўрган – профессионал юрист. Ўз ишини яхши ва пухта билади. Ўзбек халқига ва Президентга ўта садоқатли, фидойи йигит. Бу ерда бошқа изоҳ ортиқча…
Отабек Муродов ҳақида янада кўпроқ маълумот олишни истаганларга “Дунё ўзбеклари”да эълон қилинган “Амир Темур юртидан яна бир ўғлон чиқди” номли мақола билан танишиб чиқишларини маслаҳат берамиз…
4.
Хўш, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у раҳбарлик қилаётган Давлат Хавфсизлик Хизмати идораси ҳақида нималарни айтишимиз мумкин?
Биринчидан – бу ёпиқ идора. У ердан ҳеч қандай маълумот олишнинг иложи йўқ. Лекин ДХХ раиси ва унинг фаолиятини яхши ва яқиндан билган ва ўрганган журналист сифатида қуйидагиларни айтишни истардик.
Ихтиёр Абдуллаев бу лавозимга Президент томонидан кўп ўйлаб, узоқни кўзлаб, мушоҳада қилиб қўйилган ва тайинланган мулозим. Мамлакат раҳбарига яқин ва ишончли бўлган бундай нуфузли арбобларга нисбатан давлат ва жамиятда турли хил қарашлар бўлиши табиий, албатта.
Иш бор жойда хато ва камчилик ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Дунё пайдо бўлганидан бўён, интилиш ва ривожланиш, тараққиёт ва ислоҳот бор жойда қоқилиш ва тайрилишлар бўлиши табиий. Буни тўғри тушуниш керак.
Шу маънода, ДХХ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов ўз вазифасидан олингани бор гап ва бундан фожеа ясамаслик керак. Лекин унинг ишдан кетишига – Президент ва унинг оила аъзоларини кузатишга раҳбарлик қилгани асос бўлди деб нотўғри ахборот тарқатилган.
Биздаги манбалар хабарига кўра, унинг ишдан олинишига ҳибсдаги Бош прокурор Рашитжон Қодировнинг – ҳозирча озодликда юрган ҳамфикр ва ҳамтовоқларининг маслаҳати билан – терговда бераётган турли туман кўрсатмалари асос бўлган бўлиши мумкин…
5.
Бир нарсани унутмаслигимиз лозим.
Бугун Ўзбекистонда инқилобий ўзгаришлар даври. Мамлакат чуқур инқироз ва таназзулга юз тутган бир даврдан тамомила янги бўлган тозаланиш ва тараққиёт даврига ўтаётган паллада бунақанги депсиниш ва силкинишлар бўлиб туради.
Бундан чўчимаслик ва ваҳима қилмаслик керак.
Бугун нафақат ДХХ раиси ва Бош прокурорга, балки мамлакат тақдирига ўзини алоқадор деб билган ҳар бир мулозим ва Ватандош дохил Президентга ҳам осон эмас.
Биз ўзимиз билиб билмай йўл қўйган хато ва камчиликлардан сабоқ чиқариб, олға бораверишимиз лозим. Лекин ўз ўрнини бўшатишни истамаётган эски давр намоёндалари томонидан Ўзбекистон Олий раҳбариятига нисбатан турли йўллар билан уюштирилаётган шантаж ва саботажларга нисбатан ўз мустаҳкам позициямиз бўлиши зарур ва шарт.
Улар бизни ўз йўлимиздан чалғитиш ва қайтариш учун ҳар қандай тўҳмат ва ҳақоратга боришлари, Президент командасини қоралаш ва ёмонотлиқ қилиш учун турли иғво ва бўҳтонларни уюштиришлари мумкин.
Ана шундан ҳушёр бўлишимиз керак.
Энг муҳими ўзбек давлати ва миллатига, Президентга садоқатли ва фидойи бўлган Олий раҳбарият мулозимларининг шантаж ва саботаж қурбони бўлишига йўл қўймаслигимиз лозим.
Буни – адолатсизлик ва диёнатсизлик қурбони бўлган ўша мулозимлар эрта бир кун кечириши мумкин. Лекин давр ва тарих ҳеч қачон кечирмайди!!!
Сўнгсўз ўрнида:
Биздаги энг сўнгги маълумотларга кўра бугун эрта Ўзбекистонда ДХХ раисининг янги биринчи ўринбосари тайинланиши кутилмоқда. У ким бўлишидан қатъий назар ҳалол ва покиза, иймон эътиқодли ва энг муҳими ўзбек халқига, Президентга садоқатли ва фидойи инсон бўлиши керак.
Президент шунча гап сўздан кейин бу лавозимга ўзи мутлақ ишонган ва яқиндан билган ўз одамини тайинлаши турган гап. Бу эҳтимол унинг энг яқин кишилари ва қариндошларидан бири бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлганда ҳам Президент бу лавозимга бегонани эмас, ўзи билган ва ишонган энг яқин одамини тайинлаши лозим ва шарт.
Мамлакат ва давлат тақдири бугун ана шуни талаб қилади!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
3 февраль, 2019 йил, якшанба куни
Торонто шаҳри, Канада…
Leave a Reply
*