Menu
Categories
Исмат Хушев: Хавфсизлик тизимидаги шантаж ёки ДХХ раҳбарларига қарши саботаж? -3
02/12/2019 Бош мақола
УЧИНЧИ МАҚОЛА

 

1.
Биз шу мавзудаги аввалги таҳлилий чиқишларимизда очиқ-ойдин айтолмаган бўлсак-да, лекин шундай бўлиши мумкинлигидан хавотир олган воқеа, ниҳоят, содир бўлди: ДХХ раиси И.Б.Абдуллаев ишдан олинди.
Ўзбекистон Президенти Веб саҳифасида бир йилнинг нари берисида ДХХга раҳбарлик қилган Ихтиёр Бахтиёровичнинг ишдан олиниш тафсилоти қуйидагича  шарҳланди:
“Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган генерал-лейтенант Азизов Абдусалам Абдумавланович Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раиси лавозимида ишлаб келган Абдуллаев Ихтиёр Бахтиёрович соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан (кейинги бир йилда бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган) лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимига шу кунга қадар Тошкент харбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Курбанов Баҳодир Низамович тасдиқланди.
Б. Курбанов аввал Ички ишлар вазирининг ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Ўзбекистон Президентининг расмий Веб сайтидан олинди…

 

2.
Кейинги пайтда хориждаги баъзи сайтлар, хусусан, Элтуз.сом нашри ДХХ раиси ва Бош прокурор ҳақида бир талай фараз ва ғаразларни эълон қилди.
Бизнинг юқоридаги мақолаларимиз ҳам ана шу фикр ва мулоҳазаларга  муносабат тарзида ёзилган эди. Чунки биз эски замон мулозимлари Рустам Иноятов ва Рашид Қодировларнинг узоқ йиллик ҳукмронлигидан сўнг бу идора ва тизим раҳбарларига жуда оғир ва аянчли меърос қолганини яхши билардик.
Кейинги икки йилда мамлакатда ҳибс этилган Ўзбекистон Олий раҳбариятининг аксар мулозимлари ДХХ раиси ва Бош прокурор қўли (Ҳибсга олиш ҳақидаги имзо ва санкцияси) билан жазоланаётган эди.
Қолаверса, Президентнинг бу икки – ўта оғир ва масъулиятли соҳадаги номзодлари ҳақида илиқ ва самимий, яхши ва умидли фикрда эдик.
Уларга ишонардик ва ҳурмат қилардик. Қолаверса,  биздаги уларга бўлган бу симпатия аслида Президентга бўлган юксак меҳр ва эҳтиромимиз тимсоли эди. Чунки Мирзиёев уларни ўз соҳасидаги юзлаб одамлар орасидан хатоликка йўл қўймай, чанг чиқармай, ҳалол ва покиза ишлагани учун ўз командасига жалб этганини билардик.
Бир сўз билан айтганда улар – биз ишонган давлат раҳбарининг узоқни кўзлаб, фикр- мулоҳаза билан чертиб чертиб, танлаб олган номзодлари эди…

 

3.
Шунинг учун ҳам хориж сайтларида уларга қарши турли туман шубҳали ва асоссиз фараз ва ғаразлар эълон қилинаркан, биз уларни бу ғийбат ва тўҳматлардан ҳимоя қилишни ўз виждоний бурчимиз деб билдик.
Журналистик одоб ва масъулият меъзонлари биздан шуни талаб қилди.
Мамлакатда яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, садоқат ва хиёнат ўртасида бошланган беомон жанг ўзининг энг авж нуқтасига чиқаркан, бир четда томошабин бўлиб туриш, бизга тўғри келмасди.
Боз устига ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бу шов шувли хабарларга расмий ўзбек матбуоти бирор бир шаклда бўлса ҳам муносабат билдиришни ўзига эп кўрмади.
Бугунги ўзбек жамиятида – одамлар орасидаги бу шов шув ва миш-миш даражаси-ю, миқёсини тасаввур қилиш ва тушуниш учун “Озодлик” ва “Элтуз.сом” нашрларида эълон қилинган қуйидаги мақола ва видео лавҳалар билан танишсак, кўп нарсалар ўз ўзидан ойдинлашади…
4.
Ҳукуматга яқин манбалар:
Ишдан олинган ДХХ раиси устидан жиноят иши очилган

Ихтиëр Абдуллаев (суратда) Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси лавозимидан 11 февралда озод қилинди.

Ихтиëр Абдуллаев (суратда) Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси лавозимидан 11 февралда озод қилинди.
11 февраль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод қилинган 53 яшар Ихтиёр Абдуллаев жиноят иши фигурантига айлангани тўғрисида Озодликка Ўзбекистон ҳукуматига яқин, бир-биридан мустақил учта манба иддао қилди.
Айни пайтда Ўзбекистон президентининг Интернетдаги расмий саҳифасидаИхтиёр Абдуллаев соғлиги ёмонлашгани, бир йилда бўйин ва умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани ортидан лавозимидан озод қилингани билдирилди.
Озодлик суҳбатлашган ва исми эфирда айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ “ДХХ раиси сифатида бир йил ишлаган Ихтиёр Абдуллаев айни ташкилотнинг ўнлаб ходимлари устидан жиноят иши очилиб қамоққа олингани ортидан ишдан бўшатилган”.
Мулозимнинг айтишича¸ Ихтиёр Абдуллаев ҳозирча “иқтисодий жиноятларни содир қилганликда” гумонланмоқда.
Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил икки нафар мулозимнинг билдиришича¸ Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) бўйича жорий йилнинг 8 февралида жиноят иши очилган.
Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ бу жиноят иши январь ойида қамоққа олинган ДХХ ходимлари¸ хусусан ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов кўрсатмаларига асосланган.
Суҳбатдошлар иддаосига кўра¸ жиноят иши республика ҳарбий прокуратураси тарафидан очилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси бу борада “ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини” 11 февраль куни маълум қилди.
Жилов тортилди?
Жорий йилнинг 10 январида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев куч ишлатар тизимлар раҳбарларини “арқонни узун ташлаб қўйгани”дан огоҳлантирган, яқин кунларда “жиловни тортишини” айтган эди.
Озодлик билан ëзишган мулозим иддаосига кўра, 10 январдан то 11 февралга қадар Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматининг юзга яқин ходими устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланган.
Мулозимларнинг расман тасдиқланмаган иддаосига кўра, ДХХ тарафидан Мирзиëев оила аъзоларининг телефон сўзлашмалари тинглангани ва назорат остига олингани боис Ихтиёр Абдуллаев президент учун “исталмаган шахсга” айланган.
Озодлик тасарруфида бу маълумотнинг расмий тасдиғи ëки инкори ҳозирча йўқ.
Озодлик суҳбатлашган амалдорлар иддаосига кўра, президент Мирзиëев ДХХ ичидаги вазиятни ўз назоратига олиш учун жорий йил бошидан илк қадамларни қўйган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз қудаси Ботир Турсуновни 2 февраль куни Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлагани ҳам шу контекстда кўрилади.
Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги бир-биридан мустақил бир нечта манбага кўра, генерал Ботир Турсунов янги вазифага тайинланаркан, декабрь охирида бўшатилган Жаҳонгир Эгамовнинг ўрнини эгаллаган. Собиқ адлия маслаҳатчиси, Жаҳонгир Эгамов ДХХда бор-йўғи ўн бир ой муқаддам – 2018 йил февралида иш бошлаган эди.
Озодлик 46 яшар Жаҳонгир Эгамовга қарши ДХХнинг бир гуруҳ юқори лавозимли ходимлари қаторида “коррупция иши фигуранти” сифатида жиноят иши очилгани ҳақида мақола эълон қилган эди.
Жорий йилнинг 11 февралида интернетдаги Eltuz.com нашри устидан жиноят иши очилиб қамоққа олинган ДХХ мулозимлари ҳақида ëзди. Айни нашр иддаосига кўра¸ “ДХХ собиқ раисининг божаси Э.А., унинг акаси Э. Ҳ, ДХХ тергов бошқармаси бошлиғи А. А. ва ДХХ раисининг яқин дўсти У.А. билан бирга яна юзга яқин тезкор ходимлар” жорий йил январида қамоққа олинган.
Озодликнинг куч ишлатар тизимларида ишлайдиган манбаси ҳам “ўнлаб ДХХ ходимлари устидан жиноят иши очилгани” борасидаги маълумотни 11 февраль куни тасдиқлади.
Унга кўра¸ қамоққа олинган ДХХ ходимлари Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“Пора олиш”) ва 211-модда (“Пора бериш”) кўзда тутган жиноятларда гумон қилинмоқда.
Озодликнинг айни масалада юзасидан берган саволларига Ўзбекистон Бош прокуратураси олдинроқ “Бу борада расмий маълумот йўқ”, дея жавоб берган эди.
 Абдулла Искандар
тел: +420 2 2112 3392Озодлик радиоси  

Элтуз.сом

 

5.
Биз бугун – “Озодлик” ва “Элтуз” нашрлари одамлар орасида иғво ва фитна  тарқатаяпти дейиш фикридан йироқмиз. Улар ўз касбий вазифаларини бажаришяпти.
Биз фақат – юқоридаги мақола ва видео лавҳадаги гап сўзлар тўғри бўлса – тўғри, нотўғри бўлса – нотўғри деб расмий давлат матбуотида изоҳ ва тушунтириш берилиши тарафдоримиз. Ким бизга тушунтириш ва ё изоҳ бериши керак?
Давлат раҳбарининг – Президент матбуот хизмати, ДХХ ва Бош прокуратура матбуот хизматлари – мана шу каби турли туман фараз ва ғаразларга асосли ва мантиқли жавоб бериши, масалага ойдинлик киритиб, муносабат билдириши керак эмасми?
Хорижда фаолият олиб бораётган матбуот нашрларига эътиборсизлик ва беписандлик, улар эълон қилган мақола ва видео лавҳаларга жавоб бермаслик – Каримов ҳукмронлик қилган 27 йил давомида тили кесилган, кўзи ўйилган ва оғзига қулф урилган ўзбек матбуотига хос одат эди.
Лекин бугун – Шавкат Мирзиёев даврида ҳам бундай ярамас одатнинг ҳануз давом этиб келиши – мутлақо кечирилмас ҳолдир. Ижтимоий тармоқларга минг бор тақиқ қўйилгани ва блоклангани билан одамлар барибир йўлини қилиб, бу каби мақола ва матнлардан хабар топяпти, огоҳ бўлаяпти…
Уларга эътиборсизлик билан қараб, ўз вақтида жавоб бермаслик жамиятда турли хил гап сўз ва ваҳималар кўпайишига сабаб бўлади, одамларда давлат ва ҳукуматнинг сўзи, юзи ва нуфузига нисбатан ишончсизлик уйғотади…

 

6.
Лекин бизга ва “Дунё ўзбеклари”га келаётган сон-саноқсиз хат ва саволлар, мурожаат ва қўнғироқларнинг эътиборсиз қолиши – сира мумкин эмас…
Ана шулардан келиб чиқиб, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев кутилмаганда ишдан олиниб, Бош прокурор Отабек Муродовнинг ҳам кейинги тақдири  савол остига олинаркан, Ўзбекистон расмий давлат матбуотига қуйидаги мурожаат билан чиқишни биз бугун ўз журналистик бурчимиз деб биламиз:
Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётида бугун Каримов ўлимидан кейинги энг оғир ва таҳликали воқеа ҳодисалар рўй бераркан, нега расмий давлат ва ҳукумат матбуоти бу ҳақда ўз халқига тушунтириш ва изоҳ беришни истамайди? Бу билан улар жамиятда турли туман шов шув ва ваҳималар пайдо бўлишига сабабчи бўлаётганларини билишармикан?!!
Шунинг учун ҳам – ўзбек расмий нашрлари тилини тийиб турган бир пайтда, хориж сайтларида нима чиқса ва эълон қилинса – одамлар ўшанга кўр кўрона эргашиб кетмоқдалар.
Бозордаги олиб сотиш билан шуғулланувчи савдогар хотинларнинг миш-миши каби – кўча куй ва чойхоналардаги турли туман гап-сўзлар – расмий минбарларга чиқиб бормоқда.
Алал-оқибат бугун Ватандаги ваҳима ва шов шув шу даражага бориб етдики, Тошкентда Президентга нисбатан давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш бўлган, Ихтиёр Абдуллаев шунинг бошида тургани учун ишдан кетди ва ДХХнинг юздан зиёд ходимлари ҳибсга олинди, шунинг учун ҳам исённи бостириш учун айнан Мудоффа вазирини олиб келиб қўйди деган  деган гап сўзлар кундан кун кўпайиб бормоқда.
Давлат матбуот органлари бундай носоғлом вазиятнинг олдини олиб, жамиятдаги бу каби миш миш ва шов шувларнинг олдини олиши лозим эмасми?!

 

7.
Дарвоқе, ДХХнинг янги раиси ҳақида

 

Ҳозирдан айтиб қўйишимиз керак: Мирзиёев ДХХ раислигига танлаган ва тайинлаган янги номзод А.А.Азизов ҳақида ҳам биз жуда яхши ва умидли фикрдамиз.
У киши ҳали Ўзбекистон Ички Ишлар вазири этиб тайинланганидаёқ, “Дунё ўзбеклари”да жиззахли таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг “Ички Ишлар вазирлигига энг муносиб номзод” номли мақоласини эълон қилганмиз.
Бир сўз билан айтганда – ДХХнинг бугунги раиси Абдусалом Абдумавлоновичга ҳурматимиз жуда баланд. Биз бундан кейин ҳам у кишининг янги вазифадаги ҳар бир қадамини қўллаб қувватлашга, олқишлашга тайёрмиз.
Айнан Мирзиёевнинг танлови бўлгани учун ҳам биз шундай қарорга келганмиз…
8.
Биз Президентнинг ДХХ раисини ишдан олиш ва унинг ўрнига янгисини тайинлаш ҳақидаги  Фармонини муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Давлат раҳбари етарли асос ва далиллар бўлсагина, бундай муҳим қарор қабул қилишини яхши биламиз.
Фақат бу қарор  – одамларда ортиқча савол ва эътироз уйғотмаслиги керак.  Бунинг учун унинг асос ва далиллари давлат раҳбарининг матбуот хизмати орқали халққа аниқ тиниқ тушунтириб берилиши ва изоҳланиши лозим.
Мақсадимиз – Президентнинг бу каби Қарор ва Фармонлари одамларда ҳар хил  шубҳали фикрларни уйғотмасин. Эски давр тарафдори бўлган “Қора кучлар” бундан фойдаланиб, халқ кўнглига турли туман ваҳима ва шов шув солмасин.
Одамларнинг давлатга ва Президентга бўлган орзу умидини саробга айлантирмасин…

Сўнгсўз ўрнида:
Ихтиёр Абдуллаевнинг Президент сиёсатига қарши бориши, оила аъзоларини кузатиши ва телефон сўзлашувларини эшитишига шахсан мен ишонмайман. Буни бошқалар қилиши мумкин, эҳтимол, лекин мен билган Ихтиёр Абдуллаев эмас.
Озодлик ва Элтуз нашрлари иддао қилгани каби – пора олишини эса, худо ҳаққи – тасаввуримга ҳам сиғдираолмайман.
Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, жуда қисқа даврда – атиги бир йиллик фаолияти давомида 1700 нафар мансабдор давлат ва ҳукумат мулозимларига қарши жиноий иш очишга ва уларнинг қўлига кишан солган жасоратли одам бундай жаҳолатга бормайди. Боролмайди.
500 га яқин шаҳар ва туман ҳокимларидан тортиб, вилоят ва республика миқёсидаги миллион миллион доллар пора олган қатор раҳбарларни ҳибсга олишга журъат қилган мустаҳкам эътиқодли ва шижоатли одам пора олиши ва улар сафида бўлиши мумкинми?
Оддий мантиққа зид эмасми бу? Бу мантиқ шуни кўрсатадики, ҳали вақти келиб, бор ҳақиқат ойдинлашади. Бизнинг назаримизда, Ихтиёр Абдуллаев – ўша Каримов ва Иноятов давридаги қора кучларнинг, қўлни қўлга бериб бирлашган эски команда аъзоларининг ғазабига дуч келган ва айнан ўшаларнинг қурбонига айланган кўринади.
Мана шундай ёвуз кучлар қўлига ҳеч иккиланмай кишан солган, мамлакатда давом этаётган тозаланиш ва янгиланиш жараёни бошида турган одам ҳеч қачон уларнинг ботқоғига бошини тиқмайди.
У Президентга ишониб мана шу улуғ ва беомон курашга киришган эди.
Мана шунинг учун ҳам унинг ДХХ раиси бўла туриб миллион миллион доллар пора олиши, ўз мансаби ва ваколати доирасидан ташқарига чиқиб, фаолият юритиши – мен учун  ишонишим жуда қийин бўлган воқеликдир.
У ҳамиша Президентнинг синчков нигоҳи ва тийран назарида турганини яхши биларди.
Лекин шунга қарамай, агар у ростдан ҳам Президентга ва у олиб бораётган янгиланиш ва яхшиланиш сиёсатига қарши борган бўлса, қаттиқ жазоланиши керак. Бу ерда ҳар қандай изоҳ ортиқча.
Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас!
Агар у, Худо кўсатмасин,  Президент мамлакатда олиб бораётган эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик орасидаги беомон жанг боис, эски давр “қора кучлари” томонидан атай уюштирилган шантаж ва саботаж қурбонига айланган бўлса-чи?
Унда нима қиламиз?
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
13 февраль, 2019 йил,  Торонто шаҳри, Канада…
"1" Comment
  1. Ikrom Yakubov

    Ismat Xushev, yangi SNB raisining harbiy unvoni General-leytenant!!!! General-leytenant unvoni esa genaral-mayor unvonidan yuqori turadi.

Leave a Reply
*