Menu
Categories
Исмат Хушев: Ўзбекистонда давлат тўнтаришига уриниш содир этилдими? 3-мақола
02/18/2019 Бош мақола

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳарриридан:

Кейинги пайтда Ўзбекистон Олий раҳбарияти, хусусан, ДХХ идорасида рўй берган даҳшатли воқеалар “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари қалбини ларзага солди.

Ва табиий равишда уларнинг турли туман баҳсли ва ўта зиддиятли саволлари пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Хусусан, “Озодлик” ва “Элтуз” нашрларида эълон қилинган бу мақолаларга расмий давлат матбуот хизматлари бирор бир шаклда муносабат билдирмаганидан кейин табиий равишда юқоридаги нашрларда  айтилган фикр ва мулоҳазалар ўзбек халқи томонидан ягона ҳақиқат сифатида қабул қилинмоқда.

Ана шундай бир пайтда, хориж нашрларида пайдо бўлган бу шов шувли хабарларга нисбатан, улар тўғрими ё нотўғрими деб, биздан ўз муносабатимизни билдиришни сўраб келаётган мурожаатлар кун сайин ошиб бормоқда.

Хусусан, Япониядан Садриддин Саломов, Абдусамад Сирожиддинов, Дилноз Ғиёсова, Хоразмдан Ахмед Каримов, АҚШдан Дилноза Ҳамроева, Нуриддин Бердиев, Содиқ Шералиев, Москвадан Гули Солиева, Салим Бердиёров, Музаффар Тошалиев, Кубадан Шерали Саидов, Нурим Зайниев, Сурхондарёдан Санжар Бегалиев, Малохат Нуриддинова, Германиядан Дил Ноза, Дилшод ва Нурзод Самандаровлар, Ганновер шаҳридан Зумрад Самиева, Зиёда Шодиева, Россиянинг Красноярс шаҳридан Тохир Шерматов, Самадулло Зарипов, Арманистондан Шодиёр Мирзаев, Гули Ниёзова, Литвадан Нигина Сокин, Зиёвуддин Зайниддинов, Ўзбекистондан Комилжон Ғайбуллаев, Араб Амирлигидан Самариддин Зиёвуддинов, Дилором Нуралиева, Тошкент вилоятнинг Оҳангаронидан Абубакр Худойқулов, Зангиотадан Нурбек Шайхов, Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Шаҳрисабздан Шокир Самадов, Шароф Машрабов, Швециядан Башорат Эшова, Зулфия Ниёзий, Тошкентдан Аброр Мавлонов ва Самарқанднинг оқдарёсидан Муроджон Маннонов, Олмониядан Умида Саидова, Намангандан Зироат Маннопова, Ўзбекистондан Салим Аллаев, Америка Қўшма Штатларидан профессор Собир Тўлаганов, трак ҳайдовчи Болта Боймуродов, дипломат Тошпўлат Йўлдошев, суғурта компанияси бекаси Лола Ширинова, оддий ҳайдовчи биродаримиз Акромжон Маҳмудов ва бошқа ўнлаб мухлисларимиз ана шундай саволлар билан бизга мурожаат қилишган.

Бундай савол ва мурожаатлар келиши ҳануз давом этмоқда. Расмий Тошкент  ёки давлат матбуоти ўзбек халқини мамлакатда нималар содир бўлаётганидан бехабар қолдириши мумкин. Лекин биз бундай қилолмаймиз.

Ана шуларни ҳисобга олиб, “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири ўзининг ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими ва ҳукуматдаги яқин манбалари билан боғланиб, бу воқеа ва ҳодисаларга муносабат олишга ҳаракат қилди.

Ростини айтишимиз керак, давлат идораларидаги манбаларимиздан бу борада маълумот олиш ва мамлакатдаги асл вазиятдан хабардор бўлиш  жуда қийин кечмоқда. Улар бу масалага муносабат билдириш даражаси ниҳоятда оғир ва хатарли экани боис бўлса керак, асл вазият ҳақида бизга ахборот беришдек ўта масъулиятли сиёсий ва расмий миссиядан ўзларини олиб қочишга уринмоқдалар. Янаям аниқроқ айтсак, Ўзбекистондаги бугунги тушунарсиз бу вазиятни нима деб бизга изоҳлашни билишмаяпди.

Бир сўз билан айтганда, давлат идораларидаги манбаларимиздан бу борада маълумот олиш жуда қийин ва асабий кечмоқда.  

Лекин шунга қарамай, “Дунё ўзбеклари”нинг давлат ва ҳукумат идораларига яқин манбалардан ҳозиргача бизга етиб келган ахборот қуйидагича:

ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг ўз вазифасидан олингани ва ҳозирча номаълум манзилда қолаётгани эътироф этилди. У ҳибсдами ёки касалхонадами, буни аниқлашнинг иложи бўлмади. Лекин кучли қўриқланадиган манзилда экани тахмин қилинди…

Озодлик ва Элтуз эълон қилган ДХХ идорасининг қатор мулозимлари ҳибсга олингани ҳам ўз исботини топди.

Хусусан, ДХХ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, ДХХ тергов Бошқармаси Бошлиғи Аброр Абдуллаев, ДХХ раиси ёрдамчиси Алишер Эшонхўжаев дохил ўнлаб ДХХ мулозимлари ҳибсга олингани тасдиқланди.

Бизни ажаблантирган янгилик шуки, юқорида номи тилга олинган ДХХ юқори мартабали мулозимлар билан бирга ДХХ да давлат ва ҳукуматда ахборот ва матбуот сиёсатини шакллантирувчи (Управление по формировании государственной политики) Бошқармаси бошлиғи, ДХХ Идеология ва тарғибот Бошқармаси бошлиғи ҳамда ДХХ Матбуот  ва Ахборот Бошқармаси Бошлиқлари ҳам ўз вазифасидан озод этилиши ва ҳибсга олиниши бўлди.

Бугун ё эртага биз бу бошқарма бошлиқларининг исми шарифларини ҳам Сизга маълум қилсак керак.

Бу бошқарма бошлиқлари кейинги икки йилда Ўзбекистонда Каримов даври сиёсатини қаттиқ ҳимоя қилиб, одамлар қалбида Мирзиёев сиёсатига қарши кайфиятларни пайдо қилиш билан шуғулланганлар. Ўзбек матбуотида, телевидения ва радиода деярли ижобий ўзгаришлар кузатилмагани бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Бу ҳақда қисқача тушунча бериб, шуни айтиш лозимки, кейинги икки йилда бу соҳада айтарли ўзгариш бўлмади. Одамлар қалбида Президент олиб бораётган инқилобий ўзгаришларга ишонч ўрнини, турли туман шубҳаю, гумонлар эгаллаб ола бошлади.

Идеология соҳасида ҳам бизда айтарли ўзгаришлар сезилмади. Ўз вазифасидан четлатилган ДХХдаги бу каби энг нуфузли бошқарма бошлиқларининг ҳибсга олиниши мамлакат ижтимоий сиёсий ҳаётида жиддий силкиниш ва тебраниш содир бўлганидан далолат беради.

Ҳибсга олинганларнинг аксарияти Рустам Иноятов даврида хавфсизлик тизимига ишга кириб, чекист бўлиб шаклланган раҳбар ходимлардан иборат. Хусусан, ишдан четлатилиб, ҳибс этилган Идеология ва Давлат сиёсатини шакллантирувчи Бошқарма бошлиқлари, ДХХ Матбуот Хизмати раҳбарлари ҳам Иноятов даврида кўтарилиб, юксак лавозимларга тайинланган мулозимлар экан.

ДХХ раҳбарияти дохил бу ишга алоқадор барча мулозимларнинг тергов ва ҳибсга олиш ишлари Миллий гвардия ва махсус ҳарбий тузилмалар ёрдамида амлга оширилмоқда.

Юқоридаги расмий ва норасмий манбалар хабаридан маълум бўладики, демак Ўзбекистон Олий раҳбариятида ўта жиддий фавқулодда ҳодиса содир бўлган.

ДХХ идораси ўз раиси Ихтиёр Абдуллаев бошчилигида Президент Мирзиёев мамлакатда олиб бораётган инқилобий ўзгаришларга елка тутиб, камарбаста бўлиш ўрнига, уни жамият ҳаётидаги энг муҳим соҳа – идеология ва матбуот фронтида обрўсизлантириб, одамлар қалбида давлат раҳбарига нисбатан ишончсизлик уйғотишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Тергов ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари уларнинг бу жиноий қилмишига яраша ҳукуқий баҳо беради албатта.

Лекин куч ишлатар тизимлари дохил ДХХ идорасини ҳам мамлакат Олий раҳбариятида туриб назорат қилувчи Президент маслаҳатчиси генерал полковник Рустам Иноятов ва Оқ Саройдаги бошқа алоқадор мулозимлар, қолаверса, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ҳам бу борада жиддий савол жавоб қилиниши лозим.

Энг муҳими, Ўзбекистонда ДХХ идорасида содир бўлган бу хоинлик, давлат раҳбари ва унинг сиёсатига нисбатан қилинган бу хиёнат, ўзининг барча жиноий тафсилотлари билан расмий давлат матботи орқали ўзбек халқига очиқ ойдин маълум қилиниши ва билдирилиши лозим.

Ўзбекистонда давлат тўнтаришини орзу қилганларга эса ҳақиқий баҳони халқнинг ўзи беради!

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

18 февраль, 2019 йил, Торонто шаҳри, Канада…

"1" Comment
  1. Taxt talashish

Leave a Reply
*