Menu
Categories
Барно Султонова: Бугун қайнонам ҳаёт бўлганларида 80 га кирган бўларди…
02/18/2019 Бош мақола

Бугун қайнонам ҳаёт бўлганларида 80 га кирган бўларди…
Баъзан ўйлайман: инсон бировнинг ишончини ёки муҳаббатини қозониши учун қанча йиллар сарфлаши керак бўлар экан-а, деб.

Биз бешта келин эдик. Турфа хил феъл-атворга эга бешта келин. Оқила қайнонамга бу беш келин билан муроса қилиш жуда қийин бўлган бўлса керак деб ўйлайман.

Турмуш ўртоғим қайнонам яхши кўрган қизни эмас менга уйлангани учун менга қалби исимасди. Онамга “мен энг ёмон кўрадиган келини бўлсам керак”, деганимда онам: “ҳали сен энг яхши келинига айланасан” деганди.

Ана шундай бўлишини чин дилдан истардим. Лекин ҳар сафар иккиюзламачилик, мунофиқлик, чақимчилик ғолиб чиқаверарди. Мени эса яхши келинга айланиш истаги сира тарк этмасди.

Кўнглидан чиқишга ҳаракат қилардим. Шунчаки турмуш ўртоғимга ёқиш учун эмас инсон сифатида қайнонамни мен яхши кўргунимча, қайнонам мени келин эмас, бошқача бир дугонами, сирдошмидек яхши кўргунича анча вақт ўтди. Унгача менинг одамларга бўлган ишончим йўқолди.

Баъзан ҳаётдан нафратланган пайтларим, яшагим келмай қолган пайтлар бўлди. Аммо онам айтган кунлар етиб келди. Қайнонам ҳеч кимга айтолмаган дил оғриқларини, ҳатто қизларига айтолмаган сирларини менга айтадиган бўлди, мен билан гаплашса бахтиёр бўлиб кетишини ич-ичимдан ҳис қилардим.

Баъзида гоҳ турмуш ўртоғимга билдириб, гоҳ умуман айтмай қайнонамга совға-салом жўнатардим. Буни астойдил турмуш ўртоғимга яхши кўриниш ёки келинлик вазифамни бажариш учун қилмасдим.

Чунки у киши ҳеч қачон “онамни ҳурмат қилсанг мен сени яхши кўраман” деган шарт қўйган эмас. Қолаверса, менинг ўша оилага келганимда кўрган кунларимнинг ҳақиқий гувоҳи эди у киши.

Менинг эса шунчаки, шунчаки қайнонамга яхшилик қилгим келарди. Сабаби беғубор қалбли мен яхши кўрган инсоннинг онаси ёмон бўлишига сира ишонгим келмасди.

Менга қайнонамнинг самимий қувонгани ёқарди, арзимаган нарсага ҳам, катта нарсага ҳам боладай қувониши завқ берарди. Йиллар ўтиб мен қайнонамни кашф қилиб боравердим. Беш келиннинг ютуғини бир-бирининг олдида сира мақтамасди.

Энди билсам бир-бирига ҳасад қилиб ўлиб қолмасин, деганакан. Эшитардию, аммо бир-бирига ёмонламасди ҳам. Меҳмонга келиб бирортамиздан хафа бўлиб кетса ҳатто қизларига ҳам ҳасратини тўкмасди. Ҳеч нарса бўлмагандек ……..

ЖОНларининг йўлига кўз тикар, меҳмонга келган ўғилларини айланиб ўргилиб кутиб олар, ўғиллари билан қўшилиб келган келинларининг олдида мағрур ўтирарди. Эҳтимол шунинг учун ҳам келинлар ва ўғиллар ўртасида давомли жанжаллар бўлмасди.

Биз бир-биримизга қайнона-келин эмас энг яқин дўстлардек меҳр қўйганимизда қайнонам 75 ёшда вафот этди. Мен ишончини қозонган яна бир жуда яхши дўстимдан айрилиб қолган эдим. Биринчи муваффиқиятимни қайнонам билан бўлишардим.

Қайнонамнинг “қўшганинг билан қўша қаригин”, деган биргина самимий тилаги далда бўларди. Кейин мен ҳар сафар янги уйимизга бирор уй рўзғор анжомими олганимизни биринчи бўлиб айтганимда у киши қолган тўққиз фарзандига бир-бир телефон қилиб айтиб чиқишларининг баъзан хумори тутади.

Ҳозир ҳам оиламда қандай қувончли воқеа содир бўлса мен бир лаҳзага маҳзунлашаман қайнонам бўлганда қанчалар қувонардия, деб. Ҳозир ҳам эсласам кўз ёшларимни тиёлмайман. Биз бир-биримизни жуда кеч англаб етдик.

Аммо биз бир-биримизни яхши кўриб қолгандик. Бошқача меҳр билан, бошқача муҳаббат билан. Баъзан ўйлайман инсон бир-бирининг муҳаббатини қозониши, бир-бирини тушуниши учун қанча йиллар, қанча вақт, қанча йўқотишларни бошидан ўтказиш керак.

Мен қайнонамнинг муҳаббатини қозониш учун йўқотган қимматли, беғубор ҳис-туйғуларим учун ачинмайман. Ҳали ҳамон мени қайнонамнинг яна бир ўн йил яшамагани азобга солади, азоблайверади….

Жуда яхши кўрардим, бошқача меҳр билан…

(Ана шу сўзларни ҳеч қачон айтолмаганим эса менга армон…)

 

Leave a Reply
*