Menu
Categories
БАЙРОҚСИЗ МИЛЛАТ ёхуд XXI АСРДА МАЪНАВИЯТНИНГ НАРХИ ХУСУСИДА
02/20/2019 Бош мақола
 



БАЙРОҚСИЗ МИЛЛАТ (ёхуд XXI асрда маънавиятнинг нархи хусусида)
 
 БАЙРОҚСИЗ МИЛЛАТ

ёхуд XXI асрда маънавиятнинг нархи хусусида
Байроқнинг нималигини биласизми? Албатта биласиз. Унинг нимани англатишиничи?
Йўқ-йўқ мен замонавий ҳолатда давлатларнинг рамзи эканлиги ҳақида эмас, аслида байроқ нимани англатиши ҳақида сўряпман. Ундаги ранг, белгилар маъносини эмас айнан байроқнинг маъноси нималигини сўряпман. Тўғриси менда ҳам тушунча бор-у, аниқ изоҳ йўқ.
Билганим бир байроқ бир миллатнинг қонидан, жонидан, кўрган-кечирган минг йиллик кўргулигидан сабоқ олиб ирода этгани асрий қадриятлари, тушунчалари, ишончи ва қатъияти, иймони ва эътиқоди, жасорати ва ожизлиги, хатоларининг аччиқ сабоқлари-ю, ўз эрки ва миллат сифатида вужудга келиши давомидаги фарзандидан ажралган оналарининг, укасидан айрилган акаларининг, отасидан ажраган фарзандларининг кўз ёшлари, уқубатлари, ўз ичидан чиққан хоинларнинг орқадан урган пичоқдан оққан қонлари ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Худодан умидини узмаган ва УМИД сабаб қилган сабр-қаноати инъикосидир Байроқ!
Агар миллат инсон бўлса унинг танидаги тиртиқлар, юзидаги ажинлар ва энг асосийси унинг кўзидир Байроқ! Байроқсиз миллат сўқир миллат! Тани бору, жони йўқ миллат!
Байроқсиз миллат Бахтсизликка, йўқ бўлишга, таҳқирланишга абадий маҳкум миллатдир!
Ҳар сафар Ўзбекистон байроғини ҳилпираганини кўрганимда юрагим қувончдан ҳилпирайди. Қаддимни кўтараман. Биринчи маротаба узоқ юртга сафарга борганимда ўзимни жуда ожиз ва ёлғиз ҳис қилгандим. Ҳар қалай биринчи маротаба чет элга чиқишим сабаб бўлгандир. Ўшанда барча расмий учрашувларга, уюштирилган қабул маросимларига елкамга байроғимизни ташлаб бора бошладим.
Миллатимнинг вакили сифатида дадил бўлишга ундарди Байроқ. Ортимда Ватанни – унинг кучини ҳис этгандим ўшанда.
Бугун мен дунёда менинг Ватанимни, миллатимни байроғидан маҳрум қилмоқчи бўлаётган жараёнларнинг юз бераётганини, ўз ичимиздан чиқаётган хоинларни ва уларнинг – миллатнинг юзига кулиб туриб, орқадан пичоқ ўқталаётганини кўраяпман!
Бир миллатни йўқ қилишнинг аввалу азалдан қолган йўл-йўриқлари бор: ўша миллатнинг аввал тили ва маданиятини, кейин эса эътиқодини ўлдирсанг бўлди. Уни аскар билан, уруш билан қиришнинг ҳожати йўқ.
Бугунги кун Ўзбек жамиятида айнан шундай ҳолатлар ҳақида гапирмоқчиман. Бугунги кунда миллатимиз маданияти ўлдирилмоқда, қадрсизлантирилмоқда. Ҳар бир миллат маданияти тенгсиз ва баҳосиздир. Уни пулга чақиш, уни бизнесга айлантириш эса уни ўлдириш билан баробардир. Бу миллатнинг нафақат маданияти балки маънавиятига ҳам таълуқлидир.
Бугунги ўзбек маданияти ва маънавияти соҳасига бир назар ташлаб кўрингга: ёшларга бериладиган “Ниҳол” мукофотидан, хизмат кўрсатган артист унвонини олишгача “ставка” бор, Давлат тадбирларида айниқса Президент иштирок этадиган Наврўз ва Мустақиллик байрамларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам “бизнес”.  Мафкуравий таъсирнинг энг катта қуролларидан бири шубҳасиз кино санъатидир. Аммо бу соҳа ҳам энг катта “бизнес”га айланиб улгурган. Хусусий нашриётлар ва матбаа соҳаси ҳам бизнесга, тўғрироғи хусусий бизнесга айланиб кетди…
Келинг барчаси ҳақида бафуржа тўхталамиз. Энг аввало кучли мафкуравий таъсирга эга кинога тўхталсак. Бугунги кунда қаёққа қараманг ҳамма кинонинг сифати саёзлашиб кетганлиги, кинолар бир мартагина кўришга арзийдиган картиналар кинотеатрларни босиб кетганлиги тўғрисида гапиради.
Бу ҳақда йиллаб гапирилмоқда-ю, лекин ўзгариш бўлмаяпти. Нега? Жамиятда бу соҳа учун масъул ким деган савол, асл айбдорни топиб беради. “Ўзбеккино”! Хусусий студияларга лицензия берадиган ҳам, Давлат буюртмасини ва бу буюртма учун ажратиладиган маблағларни “тўғри” йўналтирадиган ҳам “Ўзбеккино”!
Биргина ўтган 2013 йилда 9 миллиард сўм ажратилган эди, сифатли киномаҳсулот учун! Маблағнинг асосий қисми бир думалаб “киночи” бўлиб олган 30дан зиёд хусусий киностудияларга бериб юборилди. Натижада сони кўп лекин сифатдан асар ҳам йўқ бир маротабалик кинолар босиб кетди. “Ўзбеккино” раҳбари Ж.Қосимов эса ит эгасини танимайдиган, оддий ҳужжатларининг ҳам тартиби йўқ “сарой”ида ўз “фаолиятини” давом эттирмоқда.
Миллат тарбияси, миллий мафкуравий хавфсизлик, мафкуравий иммунитет каби миллатпарварлик ва фидокорлик талаб этадиган  масалаларини қўя турайлик, оддийгина ўз ишига масъулият талаб қиладиган масалаларга қўл учида иш олиб боришига нима деса бўлади?
Хўш ҳамма муаммога “Ўзбеккино” ва унинг бевосита раҳбари сабабчи экан, бу раҳбарни тайинланишида бош қош бўлган, ёнига янги кадрларни жойлаштирган, Давлат берган курсида шу соҳага қараб туриш учун масъул бўлган Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов қаёққа қараб келмоқда?
Наҳотки неча йилдирки ўзбек кино “индустрия”си томошабинни саёз фильм билан боқаётганлигидан жаноб Х.Султоновнинг хабари бўлмаса? Бу саволга қуйироқда жавоб берамиз.
Энди навбат ўзбек шоу-бизнесига. Бир неча йил олдин ўзбек шоу бизнесида қозоқстонлик Атхам Юлдашев деган “хонанда” бирдан ярқ этиб юлдуз бўлиб ёнган эди. Кетма-кет  хонандаларимиз билан куйланган дуэтлар, катта концертлар, марказий каналлардаги клиплари билан шоу бизнесда жуда тез “танилди”. Тез танилишига яна бир сабаб у хонанданинг ғайри оддий “ҳатти-ҳаракатлари” эди.
Очиқроқ айтганда “мулойим эркак”шодалиги бўлган эди. Қўшиғи қанчалик “яхши” бўлмасин, эркак кишининг саҳнада, экранда “жилпанглаши”  ёшлар ва омма психологиясига салбий таъсир этмай қолмайди. Аммо бу “юлдуз” талай вақт Ўзбек шоу бизнесида порлаб турди. Концертлар берди. Клипларини “айлантирди”. Бугунги кунда ҳам замонавий юлдузларимизнинг кўпчилигига Қозоқстонда туриб “ота”лик қилиб туради.
Аслида бу инсоннинг ким эканлигига эътибор берингга: Атхамбек Юлдашев қўшиқчиликдан кўра кўпроқ “маг” яъни қора афсун билан шуғулланадиган кучлилардан бири эканлиги кўпчиликка маълум. Бундан ташқари ноанаънавий жинсий мойилликлари ҳам бор экан. Айниқса ўзбек шоу бизнесининг чиройли йигитларидан бири О.М.га ошиқ бўлиб қолиб, севгиси жавобсиз қолганидан кейин, турли йўллар билан уни жазолаш мақсадида ҳатто лицензиясини олиб қўйдирганига нима дейсиз?
Хўш Ўзбекистонда бошқа мамлакат фуқароси бемалол концерт бериб, клипларини марказий каналларда айлантириши, бир думалаб машҳур бўлиб қолиши, бошқа санъаткорларнинг фаолият олиб бориши учун бериладиган лицензияларини бекор қилдириши учун у қандай қудратга эга бўлиши керак? Ёки уни камида қандай қудратли одамлар қўллаб-қувватлаши зарур?
“Ниҳол” мукофоти ўз меҳнати ва ижоди билан санъат соҳасида иқтидорли бўлган ёшларга берилиши кўзда тутилган. Аммо, бугун бу мукофотни санъатдан озгина хабари борлар ҳам 15 минг АҚШ долларига бемалол сотиб олишлари мумкин. Бутун бошли Маданият ва спорт ишлари Вазирлиги деб аталувчи “мафия”да турли унвонлар, катта байрамларда саҳнага чиқиш ҳуқуқи сотилишида фақатгина Минҳожиддин Мирзо отлиғ Вазирни айблаш тўғримикин? Ваҳоланки “Мирзо” ҳам Хайриддин “СУЛТОН”га ҳисобот бериб туришини барча бирдек билгани ҳолда…
Бир йилда Давлат томонидан бир неча миллиардлик тарғибот материаллари, жумладан плакатлар, китоблар нашр этилиши учун маблағ ажратилади. Энг қизиғи Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган бу сметани ўзлаштирилишида, айнан қайси нашриёт бу вазифани амалга оширишини эса яна Хайриддин “СУЛТОН” жаноби олийлари ҳал этадилар. Коррупцион схема эса оддий. Маблағ “Маънавият” нашриёти каби нашриётга кўчирилади. Ваҳоланки, нашриётнинг ўз босмахонаси йўқ. У эса хусусий нашриётларга ярим нархида босишга кўндиради. Лекин пулнинг ҳаммасини ўтказади.
Хусусий нашриёт ортиқча маблағни нақд шаклда асосий нашриётга қайтаради. “Маънавият” нашриёти раҳбари эса ўзининг ҳомийси ва суянчи Хайриддин “СУЛТОН”га “рахмат” айтади.
Қаҳрамонимизнинг маънавий қиёфаси тўғрисида сўз кетар экан бир ҳолатни эсламай иложимиз йўқ. “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири ўзбек адабиётида салмоқли вазнга эга Эркин Аъзамни Хайриддин “СУЛТОН” қаердаки кўрмасин устозим дея ардоқлайди. Унинг Эркин Аъзамга муносабатини четдан кўрган одам бу одам отаси бўлса керак деган хаёлга боради.
Аммо, Хайриддин “СУЛТОН” мана 8 ойдирки ўз гумашталарига “Эркин Аъзамни “Тафаккур”дан йўқ қилинглар, уни чиқмасин” деб топшириқ берганига ва бу йўналишда шотирлар катта ишлар олиб
бораётганлигига нима дейсиз?
Биз юқорида эътиқод масаласини ҳам тилга олгандик. Машҳур давлат ва жамоат арбоби, буюк ёзувчи Чингиз Айтматов япония алломаси Икеда билан суҳбатида “Худо омили инсониятнинг тараққиёт денгизидаги компаси. Уни фалокатдан асрайди” деган эди. Эътиқодсиз Хайриддин “СУЛТОН” ўз нафси йўлида миллатни таназзулга етакламоқда.
Ғарбда азалдан “серый кординал” тушунчаси бор. Бу ибора Давлат ишларида ўзини четда тутиб, парда ортидан сиёсий ўйинларни бошқарадиганларга нисбатан ишлатилади. Хайриддин “СУЛТОН”нинг маҳоратига тан бермай иложимиз йўқ. Мустақил ўзбек Давлатчилигида бунча узоқ пайт хокисор ролини ўйнай олган биринчи ўзбек  “серый кординал”и бўла олди. Фақат бир катта лекини бор! Ҳамманинг ишончи кириб, ўзини хокисор тутиб, бугунги ўзбек адабиётини  ва адибларини бир-бирига душман қилганлигини, жамиятда мафкуравий хавфсизлик ва умуман мафкуравий сиёсатни ночор ахволга туширганлиги сабабли неча ёшлар ўз тўғри йўлидан адашиб ҳаёти издан чиққанлиги, маданият ва маънавият пул билан ўлчанаётганлиги учун Хайриддин “СУЛТОН”ни келажак авлод, қолаверса Худо кечирармикин?!
Миллатнинг йўқлигини таъминлаш унинг байроғини йўқ қилишдир.
Неча йиллардан бери ўзимизнинг ичимиздан чиққан бу хоин бизни секин аста байроғимиздан маҳрум қилмоқчи бўлиб келди. Тан олиш керак бу борада анча ишни ҳам уддалади. Аммо, у бир нарсани билмади, бу миллат Худо назар қилган миллат! Уни Худонинг ўзини асрайди. Ундай хоинлар эса эртами кечми барибир хор бўлади.
Мен чет элда бошқа давлатнинг садақасига яшаб юрган беватан, эртаю кеч маълум бир пул эвазига ўзини қаҳрамон ва миллати учун жон куйдирадиган қилиб кўрсатадиган “мухолифатчилар”дан ёки кимнингдир югурдаги эмасман. Мен мустақил Ўзбекистоннинг мустақил фуқаросиман. Энг асосийси мен Ўзбекистонда яшайман. Бугун мен ўз миллатим ва Давлатим шаъни учун жонини бера оладиган авлод вакилиман. Биз шундай авлодмизки, Ватаннинг хоинларини хоин дейишдан қўрқмаймиз. Лекин четдан бизга ақл ўргатишларига ҳам йўл қўймаймиз.
Мени бир савол доимо қийнайди: Инсоният ўзи йигирма иккинчи асрга етиб борадими? Унгача бир бирини қириб ташламайдими? Хўш йигирма иккинчи асрга етиб борса ҳам унда биз миллат сифатида мавжуд бўламизми? Йигирма иккинчи асрда ўзи миллат тушунчаси бўладими? Йигирма иккинчи асргача қолган бор йўғи 86 йилда байроғимизни сақлаб қоламизми?
Билганим Биз бугун мана шу учун, яъни йигирма иккинчи асрга миллатимиз ва давлатимиз ўз байроғи билан кучли бўлиб кириб бориши учун жонимизни тикканмиз. Қанчалик баландпарвоз эшитилмасин биз бундан кейин миллатимизнинг ташқи ва ички душманлари миллатимиз ва давлатимиз равнақи ва хавфсизлиги йўлида ўз Президентимизга қанот ҳамда суянч бўламиз!
Жасур Нозимхўжаев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус 
май, 2015 йил, Тошкент шаҳри 
Хайриддин Султонов (ўнгда)
Суратда: Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов (ўнгдан – биринчи) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ва Президент командасининг бошқа аъзолари билан…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

3 шарҳ

  1. Хайриддин Султонов мақолада жуда тўғри таъкидланганидек, йигирма йиллик фаолияти давомида ўзбек жамиятини байроқсиз жамиятга айлантириб бўлди. Байроқсиз жамият дегани – ғоя ва идеологияси ўлдирилган, халқи бошқа, ўзига ва урф-одатларига ёт ғоя ва идеологияга қул қилинган жамият дегани. Ўзбек халқини у ўз устози каримов топшириғи асосида ана шундай манқурт бир халққа айлантириш вазифасини шараф билан адо этди. Исмат Хушев ва унинг дунё ўзбеклари нашри анчадан бўён бу давлат маслаҳатчисининг аксилинсоний ва аксил ўзбек сиёсатини танқид қилиб келади. Хайриддин Султонов туфайли ўзбек зеҳнияти ўлдирилди, маданияти оёқ ости қилинди, санъати заҳарланди, адабиёти йўқ қилинди. Мана шу фожеаларнинг барини дунё ўзбеклари анчадан бўён элу-юртга айтиб, одамларнинг кўзини очишга, уйқудан уйғотишга ҳаракат қилиб келади. Лекин бу бахтсиз халқ ҳеч уйғонай демайди.

  2. Hayriddin haqida e`lon qilingan bu maqola keyingi yillarda e`lon qilingan maqolalarning eng mukammal va esda qoladigan bo`ldi. Bu haqiqiy jurnalist Ismat Hushevning jasorati bu!

  3. Ismatbek. O`zbek madaniyati va san`ati, adabiyot, matbuot va ma`naviyatining 25 yillik inqirozi sabablari chuqur va atroflicha ochib berilgan maqolani chop etganingiz uchun o`zbek ziyolilari nomidan rahmatimizni bildiramiz. Hayriddin Sultonov bir paytlar yahshi yozuvchi edi. Lekin amalga chiqib, aynidi. O`zbek halqi oldida u hali javob beradigan kunlar oz qoldi. Sizga yana bir bor rahmat adolat tarafida turib,jon kuydirayotganingiz uchun. Kam bo`lmang.

Leave a Reply
*