Menu
Categories
Бош прокурор Рашитжон Қодиров энди жиноий уюшма тузишда ҳам айбланмоқда
03/01/2019 Бош мақола
 Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров энди жиноий уюшма тузишда ҳам айбланмоқда

Cобиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров
Cобиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида давлат айбловчиси судланувчи Рашитжон Қодировга янги айблов эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори эндиликда жиноий уюшма ташкил этишда ҳам айбланмоқда.

Қодировнинг жиноий шериклари сифатида судланаётган 12 кишига жиноий уюшмага аъзолик айблови қўйилган.

Бу ҳақда Озодликка суд жараёнидан хабардор ҳуқуқшунослардан бири 1 март куни маълум қилди.

Бу хабарни айбланувчиларнинг яқинлари ҳам тасдиқлади.

Рашитжон Қодиров ва аксар судланувчилар¸ Бош прокуратура расмий хабарига кўра, 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Товламачилик” (165-моддаси), “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” (205-модда) ва “Пора олиш” (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эди.

Ўтган ҳафта Юнусобод туман судида собиқ бош прокурор ва унинг жиноий шериклари сифатида кўрилаётган шахслар иши бўйича тарафлар муҳокамаси бошланиши кутилганди.

Прокурор айбланувчиларга жазо муддатини сўраши, адвокатлар ва давлат айбловчиси чиқишидан кейин айбланувчилар сўнгги сўзни олиши керак эди.

Лекин, суд жараёнидан хабардор Озодлик манбасининг маълум қилишича, прокурор кутилмаганда Рашитжон Қодиров ва бошқаларга янги айбловлар илгари суриш учун танаффус эълон қилишни сўраган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 242- моддасида назарда тутилган бу жиноят тури собиқ бош прокурорга янада оғирроқ жазо белгиланиши мумкинлигини англатади.

Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият – ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади,” – дейилади Ўзбекистон Жиноят кодексининг 242- моддасида.

Рашитжон Қодировнинг жиноий шериклари деб кўрилаётган қолган 12 нафар собиқ мулозимга – уюшган жиноий гуруҳга аъзолик айблови қўйилган.

Барча айбланувчилар янги айблов билан танишиш учун душанба кунига (4 март) қадар муҳлат сўраган.

Судланувчилар яқинларининг айтишича, суд қаттиқ қўриқланаëтган бинода ўтмоқда¸ ëпиқ ўтаëтган жараëнга судланувчилар яқинлари ҳам қўйилмаëтир.

Ҳозирча суднинг қанча давом этиши¸ унинг қачон ҳукм чиқариши ҳақида маълумот йўқ.

Leave a Reply
*