Menu
Categories
Эшмуҳаммад Донохонов: ҚУЮН (Муҳаммад Иброҳим Бек ҳақидаги ажойиб қисса)
03/02/2019 Адабиёт

Эшмуҳаммад Донохоновнинг “Кулфат”,
“Оёғи ердан узилган аёл”, китоблари чоп
этилган экан. Бири Тошкентда,
иккинчиси Хўжандда. “Қуюн” номли
қиссаси 1992 йилда Тошкентда, сўнгра
тўлдирилиб, 2002 йилда Душанбеда
китоб ҳолида чоп этилган экан.
“Қуюн”ни марҳум шоир Асқар Маҳкам
ўқиб, жуда юқори баҳолаган, “Қайта
ишлаб, мукаммалаштирилса, у
Афғонистон, Эрон, Туркия, Саудия
Арабистони ва Покистоннинг энг
ўқимишли китобига айланади”, деб ёзган
экан.
“Қуюн” халқимизнинг буюк
мужоҳидларидан бири, худосиз
босқинчиларга қарши ўн йилдан ортиқ
курашган, душманнинг Москвасини ҳам
ўз қаҳрамонликлари билан зириллатган,
истиқлол курашчиларининг шарафли
саркардаси Муҳаммад Иброҳим Бек
ҳақида.
“Иброҳимбек фақат лақайнинг эмас,
балки бутун бир мусулмон миллатининг
мужоҳид фарзанди. Шунинг учун тор
қобиқларни ёриб чиқиб, у ҳақида улкан,
унинг бутун қирраларини, айниқса,
маҳорабаларини, бошқа мужоҳид
саркардалар билан мураккаб
муносабатларини ўз ичига олган катта
асар яратиш лозим”, деб ёзган экан
Асқар Маҳкам.
Шоир тўғри таъкидлаганидек, “Қуюн”
кичик бир қисса. Муаллиф ўзининг
Иброҳим Бек бобомизга бўлган поёнсиз
муҳаббатини изҳор қилиш мақсадида,
элнинг қалбида ҳам Бек бобомизга
нисбатан муҳаббат пайдо қилиш,
қолаверса, тарихидан узилган ёшларга
Бек бобомизни танитиш мақсадида қўлга
қалам олган.
Асар Афғонистондан ўз қавмини
кофирлар чангалидан озод қилиш
мақсадида уларга таслим бўлиш ниятида
юртига келаётган Иброҳим Бек
бобомизнинг хотиралари асосига
қурилган ва ана шу хотараларда Бек
бобомизнинг портрети чизилган, жангу-
жадаллари ривоят қилинган.
Асарга ном танлашда муаллиф жуда
топқирлик қилган. Қуюн сўзида жуда кўп
маънолар мужассам. Асарга ном ўлароқ
танланган “Қуюн”дан кофирларга қарши
ориятли, диёнатли, юраги иймонга ва
ватанга бўлган муҳаббат билан тўла эр
йигитлар қуюндек кўтарилгани ҳам, ўтган
асрнинг 20-йиллари қуюнга ўхшаган,
ҳамма нарсани вайрон қилиб кетадиган,
ичида нима борлигини билиб
бўлмайдиган замон бўлгани ҳам,
юртимизга босқинчилик билан келган
қизил кофирлар ҳам қуюн сингари
балодек ёпирилиб келганлари ҳам,
қуюндан кейин аянчли асоратлар
қолганидек, кофирлар истилосидан кейин
Ўрта Осиё ҳудудида бартараф этиб
бўлмайдиган асоратлар қолгани ҳам
англашилади. Руслар истилосидан қолган
асоратлар заҳми на совет замонида
малҳам топди, на мустақиллик
замонида. Зеро, 130 йиллик истибдод
халқимизни узоқ ва қаттиқ асоратга
солдики, халқ ўзининг ўзбеклигини, ўзига
беклигини унутди, қўй оғзидан чўп
олмайдиган қўймижоз, мулойим
супургиларга айланди. Одамларимизга
жасорат, мардонаворлик, жанговарлик,
полвонлик сифатлари бегона бўлиб
қолди. 150 йилда халқимиз бир-бирини
сотадиган, бир-бирининг кетини
кавлайдиган, қадриятларини унутган,
муқаддас тушунчалардан маҳрум бўлган
манқуртнусха одамларга айланди.
Майли, ҳамма қуюнлар бир куни
тугаганидек, миллатимиз бошига келган
бу бало қуюни ҳам бир куни тугар, чанг-
тўзони тарқар, эл рўшнолик кўрар,
ёруғликка чиқар.
Асарнинг менга ёққан жиҳатларидан
бири шу бўлдики, муаллифнинг ўзи шоир
бўлса керак, айнан лақайларнинг
шоирона фотиҳа қилишлари, ёр-ёр
айтишлари, ҳатто йиғи-йўқловларини
батафсил ёритган. Лақай шевасида бир
неча бет қилиб берилган бу айтимлар,
ўланлар ўқувчини зериктирмайди.
Шеваларда мен ўз қишлоқдошларим
ишлатадиган сўзларни ўқиб, рости,
қувондим. Ўзимиз ҳам
лақайларданмизмикан, деган гумонга
ҳам бориб қолдим:
Мен патеҳа айтайин,
Қулақ солсин катта кичи,
Парча бўсин кийгани,
Бачча бўсин суйгани.
Қўчқар бўсин баққани,
Тилла бўсин таққани.
Сўқматилла жугени,
Ат башиға илинсин,
Сайлаб аған суйгени,
Қучағида қарисин.
Минган ати тўри бўсин,
Аған яри пэри бўсин.
Яхшиларға жанаштирсин,
Жаманнардан адаштирсин…
Муаллиф асарда лақайларнинг
тўйларини, урф-одатларини меҳр билан
таърифлайди. Бир лақай сифатида (мен
муаллифнинг лақайлигига шубҳа
қилмайман!) Лақайистоннинг
қишлоқларини, тоғларини, боғларини,
булоқларини, дарёларини муҳаббат билан
тасвирлайди, болалар ўйнайдиган
лақайларгагина хос бўлган ўйинларни
соғинч билан санайди: жашинбавуқ,
ақсуек, жалт этти, чилик ўйин, тақия
теппе, чекменташ, кўр тулки, чарпўчак,
қадама таяқ, бўхча тайламавуқ, ҳакке-
дукке, житиб кетти, ашиқ ўйини, …
“Қуюнда” лақай миллатининг ориятли
бўлгани, ор-номус масаласи ўлимдан ҳам
қаттиқ саналгани бир қанча лавҳаларда
алоҳида таъкидланади. Бош қаҳрамон
бўлмаган, китобда Иброҳимбек шунчаки
бир эслаб ўтган оддий бир чол, ўлим
тўшагида ётган бир кекса ва касалманд
киши – Абдуназар чолнинг ўз ўғлини
отиб ташлашида фожеавий бир
мардоналик, улуғлик бор. Лақайларда
тўн ёпишиб дўст тутиниш одати бор. Тўн
ёпиб дўстлашган йигитлар Қиёматгача
туғишгандан яқин ҳисобланади. Ота-
оналар ўғлининг дўстини ҳам ўғлим
дейишса, йигитлар ҳам дўстининг ота-
онасини отам, онам дейди. Бу ўлмас бир
инжа қадрият. Замон талотўпларида
икки дўст икки томонда бўлиб қолади.
Абдуназар чолнинг ўғли Қамбар
қўрбошининг йигитларига қўшилади,
дўсти Ботирали қизил аскар бўлади.
Бир-бирини ўз йўлларига даъват
қилишади. “Қизиллар томонга ўтмасанг,
сендек дўстим йўқ, йўқол!” деган
Ботиралини Қамбар шартта отиб
ташлайди. Кампири бу ишларни ўлаётган
чолига айтганида чол уйга келган
ўғлидан “Ботиралини сен отдингми?” деб
сўрайди. Тасдиқ жавобини олгач, Худони
ўртага қўйиб дўстлашган дўстингга
отилган ўқ, Худога отилган ўқ!” дея
ўғлини отиб ташлайди. Унинг биргина
мана шу ишга, тепкини босишга етадиган
жони қолган бўлади, ўзининг ҳам жони
узилади. Бугунги ўқувчи бу нарсани
қабул қилиши, Абдуназар чолнинг ишини
оқлаши гумон, аммо ўша замондаги
лақайлар ана шундай ориятли бўлишган.
“Чолни иймони бутун одам деб юрардим,
адашмаган эканман”, дейди Иброҳим Бек
унга бу воқеани хабар қилишганда.
Ваҳоланки, Қамбар унинг йигити эди…
“Қуюн” Иброҳим Бек бобомизнинг
ҳаётини, жангларини, фожеавий
тақдирини тўла очиб берадиган китоб
эмас. Ўқувчи китобга “тўймай қолади”.
Тез тугаб қолганидан афсусланади.
Начора, Эшмуҳаммад Донохоновнинг
Иброҳим Бек бобомиз ҳақида ҳозирча
ёзгани шу…
Китобни ўқиб чиқишни
миллатдошларимга тавсия қилар
эканман, бу китоб юртимиз улуғларини
танитишда бир восита бўлади, деган
умиддаман. Ана шундай китоблар, мард
ва жасур Бек боболаримиз ҳақидаги
асарлар кўпроқ ёзилишини, ёшларимиз
шундай мард, довюрак, ватан озодлиги
йўлида жонини зиғирча кўрмайдиган
фидойи қаҳрамонлари бўлганини билиши,
уларни севиши, ўзлари ҳам улардек
бўлишга интилишлари шарт. Ота-
боболаримиз кимлар бўлишини
унутмаслигимиз, уларга муносиб
бўлишимиз лозим.
“Қуюн” ана шу мақсадга хизмат
қиладиган китоблардан биридир.

Каримберди Тўрамурод,
публисист.

Суратда: Тожикистонлик машҳур ёзувчи, устоз Эшмуҳаммад Донохонов

Leave a Reply
*