Menu
Categories
Ҳамроқул Асқар: ИБОДАТ (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
03/09/2019 Адабиёт

Ҳамроқул Асқар

ИБОДАТ

“… Одил Ёқубов кўзи тирик чоғидаёқ, миллий қаҳрамон деган қутлуғ шарафга муяссар бўлди. Чинакам ёзувчи учун бундан ўзга мукофот йўқ.., “

Чингиз Айтматов

 

Одил Ёқубов ҳақида жуда кўп ёзишган. Одил ака ёшлигида қайси ёзувчининг асарларидан илҳомланганлиги бизга қоронғу. Одил ака “Литературная газета”сининг Ўзбекистон бўйича мухбири бўлгани, дунё адабиётидан бохабар, рус тилида ҳам мукаммал ёзганлиги туфайли мақолалари ўша давр марказий матбуотида таҳрирсиз босилган…

Одил Ёқубов ҳикояларини ўқиганлар унинг қиссалари, романларини ахтарадиган бўлди. Янги наср нафаси ифорини туйган китобхон учун чинакам мутоала даври бошланди. Тилимизда ёш ёзувчи, оқсоқол адиб., деган гаплар бор. Ҳақийқий адибнинг ёши бўлмайди. У ҳамиша ёш, ҳамиша кекса. Тақдири азал туғма истеъдод соҳибини руҳан адаштириб қалбига абадий ёшлик муҳрини босади. Тарихий асар муаллифлари ўз замонасининг бадиий солномачилари. Зеро, олимлик, алломалик илоҳий илмлар қалбига нур сочган инсонлар иши.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига Одил Ёқубов бош муҳаррир. Доғули адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров ўринбосар, Маматқул Ҳазратқулов маъсул котиб, Маҳмуд Саъдий, Аҳмад Отабоев каби алломалар бўлим мудирлари, Карим Баҳриев, Амирқул Карим., каби толмас журналистлар газетанинг ҳар сони “даҳшатли” чиқиши учун уйқуни унутиб ёзади, чизади., мақолам шу сонда чиқиши керак деб тўполон қилади…

Таҳририят ичидаги олатасир издиҳом бамисоли кўпкарини эслатади. Маъмуд Саъдий деган туғма академик ҳар қандай жанжалкаш муаллифни синдириб, қайта қўлига қалам олмайдиган даражада амру маъруф қилади… Одил Ёқубов деган тахаллуси “қозоқ” бош муҳаррир қайси мақолани хуш кўрса босилади,ундан ўтмаса, муаллифнинг овози ўчади. У ўжар, у ҳақ! Марказий комитетдан Ўлмас Акрамова деган ҳушёр опахон саҳардан қўнғироқ қилиб, бирор ортиқча гап кетиб қолмасин., дея ёлборади., махсус мухбир Ражаббой Раупов (ўша пайтлари у ҳали Ота Турк эмасди) мени Бухорога командировкага юборинглар., дея ҳайқиради. Шу тариқа газетанинг адади 300 000 нусхага етганида., бу ҳатто ҳукумат нашрларининг белини синдирадиган катта кўрсатгич эди.

Мен бу пайтлар Марказқўм нашри бўлмиш “Қишлоқ ҳаёти – Сельская правда” газетасининг ахборот бўлимида ишлар, маошим ҳам яхшигина. Худди севганига етаолмасдан, бегона аёл билан яшаётган ошиқдек., бўш қолдим дегунча “Адабиёт газетаси”да ишлайдиган дўстларим ёнига шошардим. “Қишлоқ ҳаёти.,” даги расмий муҳитдан фарқли бу ердаги эркин ижодий жараён оҳанграбодай ўзига тортгани боис иш сўраб қабулига кирганимда Одил ака: – сен бола ҳали ҳукумат газетасидан бизга ўтмоқчимисан., деб устимдан кулгандай бўлдиларда: – бизда маош оз, бунинг устига бўш штат йўқ., десада ўжарлик билан қайта – қайта қабулига кираверганимдан сўнг: – бўпти сени бош муҳаррирнинг махсус мухбири қилиб ишга оламан, лекин маоши йўқ, гонарарни мўлроқ ёзамиз., деб ишга олдилар. Шу тариқа “Қишлоқ ҳаёти – Сельская правда” билан хайрлашиб, “Адабиёт газетаси”да иш бошладим. Одил ака келган хатларни эринмай ўқир, уларнинг қай бирини маъқул кўрса мени сафарга юборарди. “Оналик ҳуқуқи” деган мақолам босилгач, Одил ака жиндай мақтаганидан шу қадар таъсирландимки, ҳатто ҳозир эсласам беихтиёр қалбим қувончга тўлади…

Тирик чоғларидаёқ асарларига мангулук муҳри босилган муаллиф ҳақида жўяли фикр айтиш мушкул. Зеро, ўлмайдиган асарларнинг муаллифи ҳам ўлмайди! Чинакам ёзувчи на мақтов, на мукофотгга муҳтож эмас. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганларидаек: – ичиндаги ичиндадир!

Ёзувчининг шахсига доир қусур ва фазилатларни таржимаи ҳолидан эмас, асарларидан ахтарган маъқул. Бу ташбеҳни нафақат Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Мирмуҳсин, Шукур Холмирзаев, Эврил Турон, Тоғай Мурод., каби адабиёт “томорқасида” шунқорона тер тўккан романнавислар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Роман рубоий эмас, уни нафақат ёзиш, 600, 900 бет асарни қайта, қайта кўчиришнинг ўзи машаққат. Яна, асарни чоп этиш муаммолари ҳали олдинда…

Мутоала жараёнида муаллифнинг қиёфаси рўёланиб ўқувчи хотирасига муҳрлана бошлайди. Бу суратнинг рангу рўъйи китобхоннинг савиясига боғлиқ. Ёш китобхон ўзи кашф этган идеал адиб образини хаёлида муқаддас сақлаб юрган маҳали, уни учратиш шарафига муяссар бўлса, бироз довдираб, тахминан: – наҳотки, шу одам наҳотки Рауф Парфи, наҳотки Абдулла Ориф., дея ҳайратланиши табиий. Бу гўё, мойбўёқда ишланган портретни узоқдан томоша қилгану, сўнг унга даъфатан яқиндан тикилгандек ҳолат. Шунда зийрак китобхон, номлар рамзийлиги, аслида асар прототипи ёзувчининг ўзи эканлигини англайди.

Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилган пайтларим Саид Аҳмад, Асқад Мухтор, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Мамадали Маҳмудов, Шукур Холмирзаев., каби устозлар билан мулоқотлар чоғида шундай туйғуларни бошдан кечирганман. Яъни, яқину олисдан олинган тасвирлар умумлашиб, бамисоли тиниқ сувлари остида жавоҳирлар товланиб турган уммонга тикилган каби…

Фуқоролари ўлмайдиган давлат йўқ. Қайси мамлакатда аёллар, болалар ўлмайди?! Муаммо шундаки, улар нимадан ўлмоқда?! Муаммо, улар тирик қолиши мумкин бўлган ҳолда ўлганликларида. Аёлларнинг ўзига ўт қўйиш муаммоси бошқачароқ. Мусулмон мамлакати аёллари жиҳод йўлида камикадзеларга айланди. Ўзбек аёллари ўзларини ёқа бошлади. Камикадзе аёл ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлса, ўзбек аёллари ҳеч кимга зиён етказмай, самимий ёндилар…

Ҳарбий қудрати ила Америка билан рақобатлашишга қодир СССР империяси ҳукамолари Ўзбекистон ССР аталмиш мустамлакаси пешонасига “оқ олтинни олтин қўллар яратади.,” шиорини муҳрлаб, содиқ маддоҳлари кўксига орден таққан., мукофотдан умидвор ёш маддоҳлар Ленин ота шарафига достонлар ижод қилиб турган маҳалда Одил Ёқубов: – алдамчилик ва кўзбўямачиликкка барҳам бериш вақти етди.,  (“Литературная газета” 1987 йил, 19 август) дея ҳайқирди… Ҳукумат ошхонасида газакга қизил икра яхшими, ё қорасими., дея гурунглашиб турган боқи беғам оғолар ёзувчини туҳматчи., деб қоралай бошладилар: – қўллари олтин ўзбекнинг хотини нега ўзини ёқади., керосин арзон бўлгани учунми?! Улар ўзларини ёқаберса пахтани ким теради., ўзини ёқиш., ғирт маданиятсизлик ва ҳакозо…

Литературная газета”сида чоп этилган  “Қишлоқдаги фожеа” мақоласи дунёни ларзага солди! Ушбу мақолани кўчириб босган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг сўнгги саҳифасида “Хатарли ўйин” сарлавҳали мақолам босилган 1987 йил 28 август сонини шахсий архивимда тарихий воқеа солномаси сифатида сақлайман.

Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов, Мухтор Шаханов, Расул Гамзатов., каби дунё таниган адиблар, Андрей Сахаров каби олимлар ўзбек аёли қисматига ҳамдардлик билдириб, хабарлаша бошладилар. Туркий халқларнинг улкан оқини Давид Кугультинов: “Аёллар ёнмоқда Ўзбекистонда” деган шеър ёзиб ҳаммани йиғлатди. Нечоғлик таъзийқларга қарамасдан Одил Ёқубов депутат сифатида Кремль минбаридан туриб бу ҳақиқатни баралла такрорлади! Ўша пайтлар устоз жасоратидан илҳомланиб шеър қоралагандим:

Хаёлинг ёнмоқда де,

Аёлинг ёнмоқда де,

Бор-йўғинг ёнмоқда де,

Эрк шамоли ёрдам бер –

Ғофил элимни уйғот! 

Чоп этилмасада, “Эрк шамоли” деган шеър ўша суронли даврдан хотира бўлиб қолган. Устознинг ижтимоий фаоллиги кўпларга туртки бўлди. Лекин, Одил Ёқубов жасорати нафақат Москов, ўзимизнинг раҳбарларга ҳам хуш келмади…

Таъзийқларга қарамасдан пахта монополияси, болалар ва аёллар меҳнати муаммолари билан боғлиқ мунозаралар Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганидан сўнг ҳам давом этди. Устоз  уюшмага раис бўлгач: – сен Сарвар Азимов билан бирга ишлаб анча тажриба орттиргансан, энди менга ёрдамчи бўлиб ишлайсан., дедилар. Шу тариқа Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёрдамчиси лавозимида иш бошладим.

Устоз билан маслаҳатлашиб Москвадан журналист дўстим Александр Минкинни ёш драматурглар анжуманига таклиф қилдик. Александр билан Жиззах, Самарқанд вилояти далаларини айландик. У Самарқанд вилоятининг ўша пайтдаги раҳбари Назир Ражабов билан узоқ суҳбатлашди. Назир ака пахта монополиясининг ҳақийқий башарасини иттифоқ миқёсида фош этиш долзарблигини таъкидлаб, ҳатто қайтиб кетишимизда ўз хизмат машинасини берди…

Александр пахта далаларидаги таасуротларини ифодалаб “Огонёк” журналида “Хлопкараб” деган мақола эълон қилди. Яна, ўша ларза… Мақола чиққан кун эртаси куни Одил ака тонгдан қўнғироқ қиляпти: – сени ақлли бола десам, ғирт аҳмоқ экансан., “Огонёк”ни топиб мақолани охиридан бошлаб ўқи., дедилар. Топиб ўқисам мақола: – хизмат сафарим чоғида менга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёрдамчиси, шоир дўстим Хамроқул Асқар ҳамроҳлик қилди., деган жумлалар билан якунланган…

Ишга борсам Одил ака жилмайиб: –  эй бола, буни ўрислар “медвежий услуга” дейдилар. Аризангни ёз., дедилар. Вазиятни юмшатиш учун: – Сиз бир нарса десангиз йўқ деган жойим борми., десам, устоз: – иш сен ўйлагандек енгил эмас, Темур Пўлатов бу мақолани Одил Ёқубов уюштирган мана исботи., деб сени халқ душмани даражасига чиқариб бўлган., бу шахсан Рафиқ Нишоновнинг талаби. Сен ариза ёзмасанг мен истеъфо беришимга тўғри келади., дегач ҳушёр тортдим. Хуллас, устоз Марказқўмдан кимгадир қўнғироқ қилдиларда: – соғлиғим ёмонлашгани туфайли ишдан бўшатишни сўрайман., деган мазмундаги аризам асосида чиқарилган буйруқни олиб  ЦКга кетди… Александр Минкинга қўнғироқ қилсам у: – сени машҳур бўлсин., деб номингни қўшгандим, бунинг нимаси ёмон., дегач устознинг гапи билан жавоб бердим: – “…за медвежий услуга спасибо.”

Одил аканинг хонасида ўтириб, турли хаёлларга бордим: – отлар тепишганда ўртада турма… Ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Тўрақул Йўлдошевга қўнғироқ қилсам, у: – ҳа, “қашқирим”, Ўзбекистон қолиб, союзда машҳур бўлиб кетдингку., “Огонёк” журнали, “Комсомольская правда” газетасини Москвадаям ёқтиришмайди., сенга бир гап айтай ҳозир менга бир неча обком секретарлари ва бир неча таниқли олимлар қўнғироқ қилишди, муҳими кўпчилик хайрихоҳ, сиқилма ҳали кўп яхши ишлар бўлади., дегач дилим ёришди… Бу хотираларни эслашдан мурод устознинг нафақат адабиёт, балки миллат фожиасига дохил жасоратларини таъкидлаш холос.

Қуръони Каримда Озод қул деган атама бор. Инсон нечоғлик гўзал, эмин кўринишга эга бўлмасин, моҳиятан тобеълигича қолиши мумкин. Сийрат ва сувратдаги ана шу номутаносиблик унинг фикри, ҳаёт тарзида аксланиши табиий. «Озод бўлсанг озод бўл, обод бўлсанг обод бўл» Президент Ислом Каримовнинг ушбу даъватини ичингдаги кишанларни уз қабилида англаш мумкин. Онги сиртмоқланган кимсани кишанлаш шартмас. Ички қулликдан халос бўлиш, ички кишанларни узиш машаққатли жараён. Буни теранроқ англаш, бу жараённи тезлатиш  учун ўтган кунларни эслаш жоиз. Зеро, ўтмишни хотирлаш ҳам ўзига хос ибодат. Устознинг ана шу жасоратларини эсларканман айни кунлардаа уруш маҳали ўзини ўликка солиб жон сақлаган аскар, ёхуд ибодати чала руҳонийдек виждон қийналади…

Улуғларимиз ҳақида гапирганда забардаст сўзини ишлатиш удумга айланган.  Қарийб, 24 йил Ўзбекистон давлат “ҳукмдори” бўлган Шароф Рашидов умрининг сўнгги йиллари “Инсон қалби тошдан қаттиқ, гулдан нозик” сарлавҳали мақола ёзган эдилар. Чунки, у на нафақат  йирик давлат арбоби, инсон қалбини теран англайдиган шоир, улуғ ва адиб эди. Шароф Рашидов раҳбарлиги мобайнида бирор инсонни ранжитган. Дилига озор бермаган. Унга қарши кўргазма олиш учун минглаб инсонларни қийнаган Кремль изтопари Гдлян ҳам бирор айб топаолмай, армон билан кетди. Биз билмабмизки,  биз билган улуғларимиз қалби бизнинг санг юрагимиздан минг чандон ҳалимроқ экан…

Шароф ота Карловари сиҳатгоҳида даволаниш учун ўзига берилган ҳукумат йўлланмасини бериб: – Сиз даволанинг, Сиз ўзбек халқига ҳали кўп керак бўласиз., дея, хайрлашиш олдидан: – Абдуллажон даволаниш жараёнида улуғ Ибн Сино ҳақида ўйланг., деган самимий сўзлари даволанишидан ташқари “Ибн Сино” ҳақидаги достон ёзишига туртки бўлганлиги ҳақидаги ибратли воқеаларни ҳар гал эслаганида Абдулла аканинг кўзлари ёшланар эди… Улуғлар саховати, иббратли ишларга ундайди.

Ўша пайтлари, жамоатчилик асосида бўлсада энг жанжалли соҳа бўлмиш касаба уюшмаси раиси вазифасини вақтинча бажариб юрган пайтларим, устоз чақирдилар. Ўша пайтда Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими ходимаси бўлган Севара Вафо устоз қабулида экан. Устоз: – сен Севарахонни квартира олувчилар рўйхатига кирит., дедилар. Мен: – Севарахон яқинда ишга келган, ҳужжатларида камчилик борлигини унга тушунтирганман., дедим.  Шунда устоз Сиз бораверинг синглим., дея Севарахонга илтифот қилдиларда: – сен унинг мана бу ҳикояларини ўқи! Ўқиб чиққанингдан сўнг, унга нафақат икки хонали квартира бутун бошли сарой қуриб бериш керак., деб ҳолу жонимга қўймайдиган бўласан., деб  чинакамига ҳайқириб., сени амалдор қилиш учун эмас ҳақийқий талантларга ёрдам беради деб бу ишни топширдик.,  бу хайрли ишларинг бирор қонунга хилоф бўлса маоши йўқ амалдан қутилиб, ўз ишингда ишлайверасан., тушундингми., дедилар….

Устознинг ёш истеъдодларга меҳри туфайли Йўлдош Эшбек, Баҳром Ғойиб, Муҳаммад Юсуф, Аҳмад Отабоев, Орзиқул Эргаш., каби бошпанасиз ижодкорлар, квартирасини кенгайтиришга муҳтож Отаёр Наҳанов., каби рўйхат охиридаги муҳтожлар янги уйни “ишғол” қилгани., қонуний рўйхатдаги катта адибларларнинг шикояти боис устоз башорат этганларидек “профсоюз лидерлиги”дан ҳайдалдим…

Ҳар тулпор ўз овулида шамолдай елади, лекин илиги мойга тўлмаган тулпорчалар катта кўпкарида ҳаймиқиб қолади. Хуллас, Республика Касаба уюшмасининг нафақадаги ашаддий коммунистлардан иборат коммисияси “дўли”дан бу “тулпорлар”дан бирортаси мени ҳимоя қилаолмади! Фақатгина, устоз:  – бу шўрликнинг ҳам бола чақаси борку., деб орага тушиб зўрға олдинги ишимда сақлаб қолдирдилар… Менинг айни кунлардаги “жароҳат”ларим, аслида ўша савоб мевалари. Лекин, мен бу “жароҳатлар” билан фахрланаман. Чунки, улар устознинг эъзгу ниятларига дохил…. Демоқчиманки, кимки устоз Одил Ёқубов ҳақида бирор холис фикр айтмоқчи бўлса, унинг каби самимий, жасоратли бўлсин. Офтоб нурларини электр қувватига айлантиришга урунган шиша парчаларининг мулоҳазалари кимга керак…

Устоз ҳақида хотиралар ҳам қизил империя ҳалокати боис ўтмишга айланди., энди улар хотирадан кўра кўпроқ ривоятга ўхшайди. Лекин, ҳақийқий тарих зўраки таҳрир этилса чеҳраси башарага айланган сиймонинг портретига ўхшаб қолади.

Одил аканинг 70 йиллик юбилейи арафасида Аҳмад Отабоев бирор нарса ёзмайсизми., деб қолди. Бир одамни яхши билсанг ҳам зарур пайтда у ҳақда бирор жўяли нарса ёзиш мушкул экан. Шу боис хотиранависларга ҳам қойил қолиш керак. Шу асно устоз билан мулоқат қилиб юрган адибларимизнинг муносабатларини мулоҳаза қилиб “Одил Ёқубов ҳақида ким қандай ёзади” деган ҳазиломуз шеърларни қоралаб Азим Суюнга кўрсатсам, у дарҳол саҳифага қўйиб чиқарган ва ҳатто “Ўзбекистон овози” газетасида чиққан шу шеърларни юбилей оқшомида сўзлаган нутқи охирида ўқиб берган. Азим ака шуларни ўқиётганида Саид Аҳмад домла тилидан ёзилган тўртликнинг:

Исроил қизи кетиб, Исмоил ўғли келди –

Дўрмонга юборма оққушларингни.,

деган жойига келганида сал тутилиб ҳижжалаб ўқиган…

Юбилейдан кейинги базмда Саид Аҳмад домла: – Азим менинг номимдан нималар деб алжиради., деб қолдилар. Азим ака ўзимам унча тушунмадим, ана автордан сўранг деб мени чақирди. Мен, домла: –  Сизлар Ҳамроқул Литфондга директор бўлгач, 20 йилдан буён ҳеч ким бўшатаолмаган Савицскаяни ишдан ҳайдади., деб мақтайсизлар. Лекин, яхшилаб ўйлаб қарасам унча катта ўзгариш бўлмапти, Савицкаянинг ўрнига қариндоши Амир Тўрани қўйибмиз., дедим. Бу ҳангомага Одил ака қизиқиб: – Савицкая жуҳуд,  Амир Тўра қаршилик араблардан улар қанақасига булар қариндош бўлсин., деб луқма ташлади. Табиатан зийрак Саид Аҳмад домла: Одил ўзинг айтиб турибсанку.,  жуҳудлар бани Исроил, араблар бани Исмоил, уларнинг бобоси Иброҳим Халиллулоҳ бўлгач булар қариндош бўлмай ким қариндош, бу бола ишни расво қипти буни литфонддан ҳайдаш керак., деганида Одил ака ва қолганлар роса кулишган…

Ушбу хотираларимни ёзаётган маҳалим, ўз вақтида устозга “тош” отганларнинг ҳатто номларини эслай олмасдан., қуввайи ҳофизам заифлашганидан руҳим тозарди. Улуғларимизни эслаганда, уларнинг ғанимлари эмас, уларга хос мардонавор туйғулар қалбимизда жонланганининг ўзи катта мукофот! Зеро, мард инсонлар тақдир зарбаларини ҳис этмайдилар. Милоддан аввалги олтинчи асрда яшаган файласуф Антисфен: – яхши ва ёмон одамларни ажратиш лаёқатидан мосуво ҳукумат ҳалокатга маҳкумдир., деган. Устоз содиқ фуқоро сифатида шўро давлатини ҳалокатли хатоларидан бохабар этиб.,  жуда кўп бонг урди. Шу “бонг”ларга беэътибор салтанат охир – оқибат ўзи яратган зулм қурбонига айланди. Чунки, ўзгалардан қўрқаётганлигини яширувчилар ўз қўрқувининг қулларидир.  Чунки, қалби қўрқувдан холи туғма истеъдод соҳиблари нафақат асар, бетакрор афсоналар яратади…

Ўзга улуғлардан фарқли ўлароқ устоз чинор эмас. Чунки, меваси бисёр! Баҳайбат вужуди билан ёш кўчатларни офтоб нуридан бебаҳра қилмаслик учун чинорликдан воз кечиб, одилона табассум ила жилмайиб сувга айланди. Бу сув бағоят улкан, барокатли бўлганлиги боис биз уни деҳқончасига “Дарё” деб атай қолдик. Манглайига мангулик шамоли тегмаган сояси қуюқ чинорлар бизни кечирсин.

Устоз жамоат ишлари ила нечоғлик банд бўлмасин кўплаб асарлар яратишга улгурдики,  айни замонда бу асарлар жаҳон адабиёти дурдонасига айланганлигини эътироф этишга маъсулмиз.

Қартайган чоғида ҳам тақдир зарбаларини хотиржам қабул этмоқ авлиёлар муолажаси. Бу тахлит инсонлар нафақат ҳаётлик чоғлари, ўлимидан сўнг ҳам завол топмайдилар.

Адабиётни даврнинг инъкоси дейишади. Аслида, ҳақиқий адабиёт ўз давридан анча олдин юради. У ҳатто, ўтган замонларни акс эттирганида ҳам ана шу мезонга амал қилади.

12.01.2013

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*